Ярми чин, ярми химчин

mushtum2Буюк келажак сари

Бир одил подшо раиятнинг аҳволидан хабардор бўлиш учун кўпинча фуқаролик кийимида эл ичида айланиб юраркан. Бир куни у қишлоқ оралаб кетаётиб, хиргойи эшитилаётган хонадоннинг дарвозасини тақиллатипти. Хонадон соҳиби дарвозани очиб танимаса-да, меҳмонни тавозеъ билан ичкарига таклиф қипти. Подшо қараса, дастурхонда ош тайёр, шам ёқилган, косада анор шарбати, хумчада шароб. Иккаласи таомдан-еб ичишипти. Бу одам ўтинчи экан. “Бошқа қиладиган ҳунарингиз борми?” сўрапти подшо.

-Ҳунарим шу,-депти ўтинчи.-Ҳар куни бозорга бир боғ ўтин олиб бораман, пулига ошга масаллиқ оламан.

-Подшо эртага ўтин сотишни таъқиқласа нима қиласиз?

-Подшонинг мен билан нима иши бор,-ҳайрон бўлипти ўтинчи.-Ҳай, агар шундай бўлса, бир гап бўлар…

Эртасига подшо ўтин сотишни таъқиқлаш тўғрисида фармон чиқарипти. Кечқурун яна ўша хонадонга келса, ош дамланган, липиллаган шам, косада анор шарбати, кўзачада май…

-Э-э, зап келдингиз-да меҳмон, сизда Хизир нафаси бор экан. Эрталаб бозорга чиқсам, айтганингиздай ўтин сотишни таъқиқлашипти, мешкобчилик қилдим,-депти. Еб-ичишганидан кейин подшо:

-Мешкобчиларни навкарликка олишса нима қиласиз?-деб сўрапти.

-Қизиқсиз-а меҳмон, подшо мешкобчини навкарликка олиб нима қилади, хай, шунда ҳам бир иложи топилиб қолар,-депти ўтинчи.

Эртасига барча мешкобчиларни навкарликка олишипти. Подшо кечқурун ўтинчиникига келса, яна ўша оби-овқат, хумчада май…

-Эй, сиз ҳақиқий авлиё экансиз,-ҳайрат билан кутиб олипти меҳмонни ўтинчи. Сув ташишга боришим билан навкарликка судраб кетишди.

-Ундай бўлса, зиёфат қайдан?

-Энди, ўртамизда қолсин-у, навкарликда бир жойга чиқишнинг иложи йўқ, қиличнинг ярмини синдириб пичоқчиларга сотишга тўғри келди.

-Бировнинг бошини танасидан жудо қилишга тўғри келиб қолса, нима қиласиз?

-Тақсир, подшонинг жаллоди бор, навкарга кўзи учиб туриптими? Хай, жуда бўлмаса бу ёғи бир гап бўлар,-депти.

Эртаси куни подшо бировни айбдор қилиб, ўтинчи навкарга унинг бошини олишни буюрипти. Ўтинчи:

-Эй подшоҳим, бу бечоранинг бир қошиқ қонидан ўтинг,-деса ҳам кўнмапти. Шунда ўтинчи навкар:

-Э худо, агар бу одамнинг айби бўлмаса, қиличим ёғочга айланиб қолсин,-деб қиличини суғурган экан, ҳамманинг кўзи ёғочга айланиб қолган қиличга тушиб, ҳайратдан қотиб қопти…

Халқимиз ана шунақа, эртанги кунга ишонч билан қарайди, нима бўларкан, деб хавотирланиб ўтирмайди. Бир-биридан ҳайратланарли нарсаларни ўйлаб топаверади.

Булғорларда ундов белгисини ҳайрат белгиси, деб аташади. Шу ўринда булғорлар бироз адашгандиров, деб қўяман ўзимча. Аслида ҳайрат белгиси бизга тааллуқли бўлиши керак. Жаҳон аҳлининг етти ухлаб тушига кирмайдиган ишларимизни кўриб бутун дунё ҳайратга тушади, ёпирай, деб ёқасини тутиб қолаверади. Узоққа бориб ўтирмайлик, Беруний бобомиз Колумбдан 500 йил аввал океан ортида қуруқлик борлигини башорат қилган. Америго Виспуччи ўша жойга сузиб бориб, ҳақиқатдан янги қитъа борлигини аниқлагач, у жой Америка деб атала бошланган. Бўлмаса, ҳозир америкаликлар Беруний қитъасида яшаб юришган бўларди.

Умар Хайём бобомиз тузган йилнома ҳозир юритилаётган Григориан календаридан ҳам аниқроқ. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз шимолда Тўхтамишхонни, Кичик Осиёда султон Боязид қўшинларини тор-мор қилиб, русларни қипчоқлардан, Европани турклар босқинидан сақлаб қолди. У ўзи билмаган ҳолда ўша халқлар тарихига озодлик тимсоли сифатида кирди. Бўлмаса биз ҳозир Россияга эмас, Қипчоқияга бориб ишлаб юрган бўлардик, ёки Европа Туркий Европа деб аталадиган бўларди. Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг астрономик жадвалини шундай аниқлик билан тузганки, бутун дунё олимлари бундан ҳайратга тушиб, унга олимлар даврасининг тўридан жой беришган. Мирзо Бобур бир сиқим лашкари билан бутун бошли Ҳиндистонни забт этди, у ерда неча асрлар давомида бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. Лекин бугундан сўрамангки достон қилиб юбораман.

Халқимиз булоққа ўхшайди-кўзини ёпиб қўйишса индамай туради-ю, яна шарқираб, қайнаб отилиб чиқаверади. Уни тўхтатадиган куч йўқ. Биринчи тиливизирнинг ватани Тошкент бўлган, сиқилган ҳаво билан юрадиган автомобил шу ерда кашф қилинган. Халқимиз шунақа, кашфиёт қилади-ю, бор-э, деб ташлаб кетаверади. Кимга керак бўлса, топиб олар-да, дейди-ю, яна ўз тирикчилиги билан бўлиб кетаверади.

Ҳозир оилани режалаштириш деган гап пайдо бўлган. Халқимизнинг режа-пежа билан иши йўқ. Мингта реклама, мингта режа бўлсин, ҳаммасига сеники маъқул, дейди-ю, билганидан қолмайди. Бўш қолдими, севимли машғулоти билан шуғулланади.

Хотини билан тўртта гурунг қилса, кўнгилдаги ғашлиги тарқалади-эртаси куни яна хўрлик ва ҳақоратларга тайёр туради. Бундан хотини ҳайрон. “Илгари ҳар пайшанба озодалик куни бўларди, сизни нима жин урди?”-сўрайди эридан. “Ҳозир ҳар куни озодалик куни”,-дейди эр тўнғиллаб. Оилани режалаштирувчилар ҳам ҳайрон. Буларга қизил олма сурати туширилган доридан қанча кўп берсак, туғилиш шунча кўпайаяпти, деб ваҳимага тушишади.

Халқимизнинг оладиган маоши писмири, данғиллатиб уйлар қуради. Гумбурлатиб тўйлар қилади, четдан қараган одам булар амир Олимхондан қолган тиллоларни ишлатаяпти, деб хаёл қилади. Ҳозир тилло қоптими? Бизнинг халқимиз меҳнат қилади, мол боқади, иссиқхона қуради, ишқилиб пул топади, берсанг ейман, урсанг ўламан, деб қўл қовуштириб ўтирмайди. Бугунини бут қилиб, эртанги куни яхши бўлишига ишонади. Буюк келажакка ишонч билан қарайди. Шу туфайли барча ҳайратланарли, оламшумул кашфиётлар бизда қилинади!

Оч. ЖЎЛМОН.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s