Тарих сабоқлари

temurТошканд уруши

Олтинчи фасл

Мен ўз ҳаётим воқеаларини кунлик ҳолинда муфассал ёзаман, десам, ип каби жуда узундирки, умрим ҳм кифоя қилмаса керак. Натижада, мақсад ёзилиб бўлмай, чала қолиши эҳтимоли ҳам бордир. Шунинг учун деярли кўзга кўринурли катта ҳаводисларга тезроқ етмак қасди ила шарҳи ҳолимни қисқароқ қилиб ўтаман.
760 ҳижрий йилдан 771 гача Мовароуннаҳрни ўз тасарруфимга олдим. Қўл остимдаги ерларнинг бир томони ваҳшийлар (форсий мутаржим изоҳига кўра – Сибириё) ери бўлса, бир томони дарёйи Оби Сукунга (Форсий мутаржим “дарёйи Мозандарон” деб изоҳ беради. Жуғрофияларимизда мутаржим атаган ном йўқ бўлгани учун муҳаррир “Халиж араб”ни “Мозандарон дарёси” дейдиларми, деган тахминни билдиради) бориб етар эди.
Катта урушлардан бири Тошканд уруши эди. Чап оёғим ҳам ўша урушда мажруҳ бўлди. Ўшандан бери оқсоқланиб юраман. Илгари Тошкандни қўл остимга олганимдан кейин Ўлжайтув Муҳаммад Қуллуқни ҳоким қилган эдим. У вақтда яна қайта келиб урушмоғимни тасаввур қилмаган эдим. Ўлжайтув Муҳаммад Қуллуқ Тошкандда икки йил ҳоким бўлиш билан кўпгина мол, пулга эга бўлуб, менга қарши қўшун тузуб, исён қилгани учун қайтиб Тошкандга қўшун тортиб келмоққа мажбур бўлдум.
768 йили шаввол ойида етмиш минг сарбоз билан бориб Тошканд қалъасини мухосара қилиб тушдум. Шаҳар халқини Ўлжайтувга қарши қўзғалмоққа даъват қилган бўлсам ҳам, унга қарши чиқмаганларидан кейин шаҳарнинг шимол ва жануб томонларидан икки нақб кавлаб, қўрғоннинг остидан чиқармоққа амр бердим. Бизнинг нақб кавлаб турганимизни бел, кетмолар зарбасидан ҳам билиб олишлари мумкин эди. Оддий инсон ҳам кечаси қулоғини ерга қўйуб энгашса, асбобларнинг ишлаб турганини билиб турар эди. Шунинг учун Ўлжайтув Муҳаммад Қуллуқ сарбозларига буйруқ тушуриб: “Нақблар тешигини очиш билан аскарларини ўлдуруб, тешилган жойини тўсуб юборинглар”, деди.
18-шаввол куни нақбчиларимиз икки ришта нақбни шимол ва жанубдан қалъа девори остига еткуздилар. Шу замондаёқ қўмондонларимга, эртаси кун туғуши билан шаҳарга ҳамла қилмоқ учун аскарлар ҳозир бўлсун”, деб буюрдим. Тонг отиб қоронғулик кўтарилиши билан нақбларнинг интиҳосига икки қопдан борут (портловчи модда) тўктурдум. Бир филикка ўзум, яна бирига Шербаҳодур – қўлимиз билан ўт бердик. Дунёни бўзғудек даҳшатли овоз кўтарилиб, хисорнинг икки чети ағдарилиб тушди. Бузулган ерлардан отлиқлар ўтолмаслигини билиб, пиёдаларни йўлладим, уларнинг бир қисмига тездан дарвозани очиб юборишни буюрдим. Буйруғимни амалга ошуриштилар. Отлиқлар шаҳарга кирдилар. Ўлжайтувни қочирмаслик учун шаҳар ташқарисига кузатиб тургувчиларни тарқатдим. Ўзум ҳам шаҳар ичкарисига кирдим. Ўлжайтув бор кучи билан шаҳарнинг мудофаасига киришди. Мен ҳам икки қўл билан қилич урушни бошлаган эдим. Душманнинг заработлари таъсир қилмасун учун мағфар ва тўрт ойна кийими билан маҳфуз эдим (Тўрт ойна кийими: темир ва пўлат аралаштирилган қаттиқ моддадан тўрт чок асосинда ясалиб, кийим шаклига киргизиладур. Кўрунуш тарафи ялтироқ модда билан сайқал берилгани учун қуёш шуъласи билан айна каби жило берадур. Шу боис “Чор ойнак” аталур. Форсий мутаржим).
Икки ёнимдаги сарбозларим ҳам мени сақлаш учун атрофимдан келадурғонларини ўлдуруб, яхши урушуб турганда чап тарафимдаги ўлдурулди. Унинг ўрнини яна бир сарбоз келиб тутгунча, чап оёғимнинг устига қаттиқ бир болта тушганини эҳсос қилдим. Зарбанинг қаттиқлигидан, чап оёғим узулуб ерга тушди, деб гумон қилдим. Шу пайтда сарбозларимдан бири чап ёнимни ишғол қилди. Оёғимга етган шиддатли болта зарбига ҳеч қандоғ, ақалли инграниш қилмадим. Чидам билан тураверганим учун мажруҳ бўганимни ёнимдагилар ҳам сезмади. “Урушқоқ Баҳодир” деган ном урушда қўрқоқлик қилиб эмас, баҳодирлик билан урушиб, сарбозларини ўлумга тутуб бериб, маъракани кечиб юргувчига берилади, деб билар эдим. Шиддатли зарбаларга чидаб туруш ҳам лозим экан. Масалан, бир одамни ўлдурган кампирнинг ҳам гердайишга ҳақи бор, аммо баҳодир деганимиз ҳам шу кампир каби одам ўлдуруб гердайиб ном олиши эмас, балки ўлум шиддати мақомидаги зарбага таҳаммул қилиб, майдоннинг бузулишига сабаб бўлмаслигини кўзда тутуши ҳам лозимдур. Шунинг учун, ёнимдагилар оёғимдан оқиб турган қонни кўруб қолмагунча, мажруҳлигимни сезмадилар. Орадан сарбозлардан бири: “Чап оёғингиздан қон оқмоқда, мажруҳ бўлганга ўхшайди”, деб интибоҳ берса ҳам, бепарволикка солиндим. Чунки менинг майдонда турушим аскарларга катта маънавий қувват бағишлайди. Менинг уларга кўруниб турушим шиддат ва шижоат билан вазифаларини адо қилмоқларининг боиси бўлур эди. Аскарларимга тирик тутушга амр берганимни сезган Ўлжайтув ўзининг тирик қўлга тушмоғини мудофаа қилди, натижада ўлди. Унинг ёнида мустаҳкам турган, собиқда менинг эътимодлик кишиларимдан бўлган уч киши тирик қўлга тушди. Улар ҳам ўз жазоларини олдилар.
Уруш ўша 19-шавволнинг аср вақтларида тамом бўлди. Отдан тушмоқчи бўлганимда оёғимдаги иллат сабабли тушолмадим. Шаҳардан ташқаридаги ўрдугоҳимга боргач, сарбозлар ёрдами билан отдан тушурдилар. Уруш кийимларимни ечиб фахс (текширган) қилган табиблар: “Тиззангизнинг бошидаги сўнгак қаттиқ зарба ебдур, сўнгак битиб тузалгунча бир ерда қимирламай ётишингиз керак”, дедилар. “Ётмасдан юраверсам нима бўлади?” деб сўраганимда: “Йўл юрсангиз, касал шақоқлусга айланада, оёғингиз бир умр оқсоқ бўлуб қолади”, дедилар. У кеча хаймада қолдим. Эртаси шаҳарни ўз кўзум билан кўриш учун тахтиравон билан шаҳарга кирдим.
Маълумки, ҳар бир ҳукуматнинг қонунлари бор. Бу қонун ёлғиз менда эмас, бутун дунё бўйинча тасдиқ этилиб юргузулгандир. Масалан, ҳар бир давлат аҳолиси ўз ҳукуматига эҳтироман унинг амру фармонларини ҳам тутушлари, халқнинг мол, пуллари, тинчлигини ҳам ҳурмат қилишлари лозимдурки, мабодо баъзи бир ашрорлар (ёмонлар) исён қилиб, халқнинг пул-моли, ирзи-номусларига таарруз еткузмасун. Агар шундай бўлган ҳолда исённи бостириш ҳукуматнинг вазифасидур. Буни адо қила олмаган ҳукумат халқнинг хизматига барпо бўлмай, ўша ашрорларга йўл бергувчи жонсиз бир давлат эътибор қилинадур.
Бу кунда маош дафтарларимда исмлари ёзилган, иш қилсун-қилмасун, маошлари узулмай юруб турган уч минг нафар жаллодим бор. Менинг ёки ҳокимларнинг амри билан мужримларга (жиноятчиларга) шулар жазо беради. Бундан чиққан натижа шулдурки, бир киши Анқарадан Самарқандга қимматбаҳо моллари билан жўнаса, улар ясовулсиз, оддий юруш билан тинч омон юра олар эди. Йўллардаги қароқчи, бўланггилардан омонлиғини таъмин этиб қўйганман. Ҳеч бир одам у карвонларнинг молига ёмон кўз билан қараёлмайди. Яна бир мисол: бир табоқ олтунни бир кичкина боланинг бошига қўйуб, Шарқдан Ғарбга, Шимолдан Жанубга йўлланса, орадан йиллар ўтади, кичкина бола болиғ ҳам бўлади (балоғатга етади), аммо бошидаги олтуннинг бир донасига ҳам нуқсон етмайди. У болани алдаб ёки зўрлик ишлатиб олтунини олғувчи одам менинг қўл остимда бўлмайди. Ҳеч ким эшитдими, менинг қўл остимдаги ерлардаги бир шаҳарда бир дўконнинг ўғирланганини? Ёки қайси бир кишининг уйига ўғри босиб кирганини? Бу каби жарималар эшитилмаганининг сабаби ҳам мен тутган усулнинг (қаттиққўлликнинг) тўғри эканини исботлайди. Мен фотиҳликка эришишимдан илгари ҳам ўғри-қароқчиларга қарши чора кўруш, доруғаларнинг очиқ кўзли бўлишлари учун зўр ташаббус қилганман. Чунончи, бир доруға шаҳар амниятини ўз устига қабул қилиб олдими, у қуруқ номга вазифахўр эмас, балки масъулиятли бир ўрунда турганини билмоғи, кеча-кундуз ўз вазифасининг ижросида огоҳ бўлмоғи лозимдур. Агар бир ўғирлик ҳодисаси зоҳир бўлса, ҳаммадан аввал доруғанинг ўзи масъул тутулади. Ўғри топилмаса, доруғанинг қўли кесилиб, ўғрининг ўрнига ўзи жазоланади. Кўп тажрибалар билан исботи кўрулган эдики, доруға ўғри билан бирикмаса ё ўз вазифасига эҳмол қилмаса, ўғрилик воқеъ бўлмайди. Шунинг учун доруғага ҳам жиддий масъулият қўйулиши билан кенг вилоятларимнинг ҳеч бир жойида ўғри, қароқчи қолмади.
Сўнгра мамлакатни хунук кўрсатувчи омилнинг яна бири гадоликдур. Гадоларни йўқ қилмоқ учун унинг иқтисодий аҳволини таъминлаш лозимдур. Бу нуқтани назарга олиб, мустаҳиқ гадоларни етарли ҳолда маош билан таъмин этдим. Бу жумла орасига кирган ожизлар, кўр, чўлоқ, қарилик сабаби билан ишдан қолганлар, иқтисодий аҳволи ночорлардир. Яна бир турли гадолар бордурки, пул-моли бўла туруб гадоликни ҳунар қиладур. Буларга ҳам жиддий амр билан огоҳлик бериб, гадоликни касб қилувчиларга ёки мендан маош олиб туруб яна гадолик қиладурғонларга раҳмсиз ҳолда жазо беришимни билдириб қўйдим. Ишлашга қудрати етган гадоларни иш ва ҳунар билан таъминлаш чорасини кўрдум.
Яна бир табақа пайғамбарзодалар ҳам бор, уларнинг ҳам нубуват оиласига етишадурғонларини маош билан таъминладим. Мендан илгари ўтган мусулмон ҳокимлари бунга кўз солмагандур. Баъзи иқлимларда ўн минглаб одам қувти ло ямут (куни ўтиб туриши) учун гадолик қилгандур. Мен эса, шариат амрига мувофиқ, пайғамбаримизга насаб билан эришганлар учун хазина молининг бешдан бирини айириб қўйиб, шу маблағ билан уларни гадоликдан қутқардим. Ва байти Расулуллоҳга қилинадурғон эҳтиромимни ўз ерига еткуздум.
Илгари вақтларда ҳукуматларга қарашли қора сурон ва гизма (ясавулбоши, бўлус бошлиғи)лар халқнинг устига юк бўлуб яшар эди. Ҳатто емакларини халқдан олур эди. Мен бундай ишларнинг йўлини қатъиййан тўсуб, етарли маош бердим. Мабодо бирортаси эски феълини қилғудек бўлса, унинг рутубатига эътибор бермасдан ўлум жазосини бердим.
Сўнгра аскар ва зобитларим дўконлардан олган ашёларининг пулини бермаса ёки белгиланган нархдан кам берган, сотувчини норози қилган бўлса, шикоят келиши ҳамон ўлумга буюрдим. Шу йўсинда тартиб ўрнатиш билан юртлар ободон, халқ тинчлик ва ором билан ҳаёт кечирди.
Эй ўғулларим! Мен сизларга васият қиламанки, мендан кейин қайси бирларингиз салтанатга эришсангиз, қароқчиларга, доруғаларга, гизмаларга ҳушёр бўлинглар. Булар ҳукумат маъмури бўлсалар ҳам, ўғри-қароқчилар билан тил бириктиришлари кўп кўрулган тоифалардандурлар. Агар буларга ўлум жазоси берилмаса, бутун давлатни барбод қилишлари мумкиндир.
Сўнгра гадоликни касб қилиб олганлар бордур. Буларга ҳам раҳм қилманглар. Уларнинг ўрнига пайғамбар авлодларини, уламоларни, шуароларни ва ҳунар арбобларини эҳтиром қилинглар ва ҳимоя қилинглар. Шароб ичмоқдан парҳез қилинглар. Чунқи шароб уммул-хабоисдур (ёмонликларнинг онасидир). Агар шаробхўрликка ўрганиб қолсангизлар, вилоятларимиз қўлдан кетадур.
Тошканд шаҳри урушидан кейин Мовароуннаҳрда менга тобеъ бўлмаган жой қолмади. Ундан кейин етти йилғача бу ерларнинг ободонлиғига киришдим. Шу жумладан, Самарқандда олий даражали масжидлар бино қилдим. Шаҳарни гўзал бир тусга киргиздим. Бухоро, Тошканд шаҳарларини ҳам кенгайтириб, янги тарзда ясадим. Сайхун ва Жайхун сувларидан деҳқонларни таъминладим. Кўпгина очилмаган ерларни очиб, зироат майдонларини кенгайтирдим. Зироатчиликка кўп эътибор бердимки, ҳар қандай ерни экинсиз қолдирмаслик чорасига киришдим. Деҳқонлар ҳам мамнунлик билан бундан истифода этишга, маҳсулотларни кўпайтиришга кўнгул қўйди, натижада бир дона буғдой уруғидан икки юздан тўрт юз донагача ҳосил олмоқларига эришилди. Бунинг соясида Мовароуннаҳр халқи фаровон ҳаётга улашиб, бой бўлиб кетди. 775 йилнинг маҳсулотини қиёс қилсам, шундай бўлдики, маҳсулга омборлар тўлуб кетгандан, ўлтурадурғон уйларига ҳам буғдой тўлдурмоққа мажбур бўлдилар. Кўп маҳсулни йиғиштиришга одам етишмай, қиш кунлари қор остида қолиб кетганлари ҳам кўп бўлди.
770 йилдан то 777 йилғача ўтган етти йил ичида вазият кўп ўзгарди. Халқнинг бахт-саодатда, бой-бадавлат яшаши менга ҳам асар қилиб, менинг рағбатим хотунларга нисбатан кўпроқ бўлуб қолди. Илгари икки хотуним бор эди, шу етти йил ичида тўртта бўлди. Лекин яна ҳам рағбатимнинг зиёдалиги мени ҳайратда қолдирар эди. Бироқ мусулмон бўлганимдан тўрт хотундан зиёда хотун олмоққа шариатим йўл бермагани учун фикҳан тўғри кўрсатилмиш канизаклардан бир нечасини ҳам сақладим. Мен бу ўйун, айшу ишратга мағлуб бўлганимча, иккинчи томондан танбаллик ҳам зўрайиб кетди. Гарчи бу етти йил ичида улуғ уруш бўлмаган бўлса ҳам, бекор турмай юртни обод қилишга уриндим. Оби Сукун дарёси билан ваҳшийлар ери ўртасидаги бепоён чўлларга сув чиқариб, боғу бўстонга айлантирдим эса-да, бугун етмиш ёшнинг остонасида туруб қарасам, ўша етти йил орасида айш-ишрат билан хотунлар орасида зоеъ қилган умримга хижолатдадурман. Ўша етти йил ўттиз тўртдан қирқ бир ёшлик вақтим бўлур эди.
Ўша вақтдаги тан соғлиги, аскарий ишлардаги иқтидоримга яхши фурсат эди. Зоеъ бўлгани учун ўқуғувчиларимга бир интибоҳ (огоҳлантириш) бериб айтаман: етти йил ичида яхши таомларни еб, юмшоқ тўшаклар устида ўлтуруб, гўзал хотунлар билан ишратда бўлишим шу қадар танбал қилиб қўйган эдики, қиличбозлик, ўқ отиш, гурзи уриш, каманд ташлашни тарк этиб қўйган эдим. Худога шукрки, шунча танпарварлигим билан диний вожиботларимни тарк этмай, беш вақт намозни ўз вақтида ўқуб, рамазонда рўза тутар эдим. Ҳеч бир кун бўлмадики, офтоб чиққунча ювуғсиз ётган бўлсам. Шундай бўлатуриб, ўша етти йилни беҳуда ўтказганимга ўз виждоним олдида шарм этиб, пушаймонлик эҳсос қиламан. Ўшандоғ беҳтарин (энг яхши) давримни, қийматли вақтимни айш-ишрат билан табоҳ қилдим (беҳуда ўтказдим). Худо сақладики, ўша вақтда бир тарафдан кучли хасм (душман) чиқиб, Мовароуннаҳрга ҳамла қилмади, агар бостуруб келса, ўзумни ўлдуруб, мамлакатни тор-мор қилар эдим.
Мен китоб ўқишни яхши кўрган донишмандлар сўзларига эътибор берган одамдурман. Ўқуғонларимдан маълум бўлур эдики, ўтган салотинлар (подшоҳлар) душмат қўлида нобуд бўлган бўлсалар, унинг сабаби – айш-ишратга мағлуб бўлиш билан танбаллик таъсирида қолғонларидур. Агар танбалликка йўл бермай, ўзларини заҳматга ўргатиб, бекор вақтларини от устида, қилич, ўқ-найза ишлатиб ўтказган бўлганларида, қўшунларидан огоҳлик билан хабардор бўлуб турганларида, ҳеч вақт душманга мағлуб бўлмас эдилар.
Сиз фарзандларим ва набираларим, огоҳ бўлингизларки, султонларнинг офати айш, нўш ва гўзал хотунлардир. Ҳаргиз ўзларингизни бу асоратга ташламанглар. Бир эркак учун ҳафтада бир марта хотунга яқин бўлмоқлик кифоя қилади. Ундан ортуғи инсонни маишатпараст қилади, қудратини табиий ҳолда сақлай олмайди.
Етти йилни юқоридаги тариқа билан кечурганимдан кейин, бир куни бир минг икки юз мисқоллик (тақрибан 4 кГ, 900 гр.) қиличимни ғилофидан суғуруб, бир озгина у ён-бу ёнга силтаб кўрсам, қилич менга оғирлик қиладур. Чап қўлумни тажриба қилсам, ҳалиги оғирлик яна ҳам зиёдароқ сезилади. Етти йил аввал шу қилич менинг қўлумда қуруқ чўпдек билинар эди. Оғир қиличларни ўнг қўлум, чап қўлум билан эртадан-кечгача чопсам ҳам, чарчамас эдим. Жисмимда оғирлик ҳис этмас эдим. Бу ҳолимни кўруб вужудимдан тутун чиқиб кетди. Билдимки, мени бу аҳволга солган, нотавон қилган ўша роҳатпарастликдур. Гўзал, хушбўй, ихчам кўрунган хотунлардир. Бу нарсаларнинг офат эканлигини идрок этдим.
Қўшумчасини ҳам айтиб ўтай: чап оёғимнинг оқсоқ бўлиб қолиши ҳам юқоридаги ноқислигимга қўшулган баҳоналарнинг бири эди. Тошкандда ҳосил бўлган жароҳатдан шаққоқлусга учрамай шифо топган бўлсам ҳам, оқсоқ бўлуб қолдим. Илгаригидек тез ҳаракат билан бир сапчиб юролмай қолганим ҳам бир оз бўшаштириб, ҳалиги баҳоналарга қўшумча бўлуб қолган эди. Бу ҳолда ўзумни ҳақли ҳам кўрмадим, дедимки: “Эй Темур, ҳақ сўзлашдан қочма, бир оёғинг оқсоқ бўлса, чопиб юролмасанг, қўлларинг соғ-ку? нима учун қиличбозлик, ўқ отишлик, найза ташлашликни ва бошқа уруш тамринларини (машқларини) тарк қилдинг? Ўйламайсанмуки, қўлингда мағлуб бўлган салтанати, молу мулидан ажраган, ширин жонларидан айрилганларнинг ҳаммаси уларнинг танбалликлари, қўшунларидан бехабарлиги натижаси эмасмиди? Сенинг ҳимматинг ҳайвонлардек еб ётмоқмиди? Чингизнинг ақалли ўндан бир футуҳотини қилолмасанг, йигитликдаги орзулар, ўзингга қилган аҳд ва паймонлар, дунёни шарқдан ғарбга, шимолдан жанубга қадар юргузмоқчи бўлган пуллар, биргина байроқ остига йиғиладургон иқлимлар, дунёни Темур ясаси (қонуни) билан идора қилиш ҳақидаги чизиқларингнинг бари шумиди?” Ўзумга шундай деб танбеҳ бердим ва ўтмишимга кўп пушаймон бўлуб, ўзумга ўзум бундан буён айш-ишрат билан ҳаёт кечуришдан воз кечиш қарорини бердим. Бунинг амалий ҳолда бўлмоғи учун шаҳардан ташқари чўлларда ҳаёт кечурмоғим лозим эди.
Ўша соатдаёқ “Отимни келтуринглар!” деб амр бердим ва ўрдугоҳни Самарқанддан олти тош (тақрибан 30км.) узоқликка тикилмоғини буюрдим. Мен етиб борганимда, қўшун кишилари ўрдугоҳни тикиб бўлгунларича йўқ эди. Кенг чўлнинг ўртасида туруб, икки қўлумни кўтариб, Аллоҳ таолога ёлбордим: “Эй Худо, Ўзингни шоҳид қиламан, то урушдан қайтиб келмагунимча, хотунлар билан муошират қилмайман, урушдан келганимдан кейин ҳафтада бир мартадан зиёда хотунлар билан вақт кечурмайман. Қолғон умрумда танбаллик қилмайман, ҳеч бир кун уруш тамринотларини қазо қилмайман. Икки уруш ўртасида бир оз истироҳат қилмайман. Бундан буён доимий турган жойим ўрдгоҳ бўлсун, агар бир зарурат воқеъ бўлмаса, шаҳарга бормайман!” деб аҳд қилдим.
Ўша кундан бу кунгача ўттуз йил ўтди. Бутун умрумни чўлу саҳрода кечурдим. Зарурат бўлмаган чоғда шаҳарга қаадм қўймадим. Ҳатто қиш ойларини ҳам саҳрода ўтказдим. Бир куни бомдод намози ўқуб турганимда қор ёғиб юборди, саҳро юзи оппоқ оқарди. Одатан бомдод намозидан кейин мансабдорларим менинг чодиримга келиб кўрушар эди. Мен ўша қор ёққан куни мансабдорларим ўртасида бир мусобақа эълон қилдум. Мусобақанинг шарти ўлароқ, “Ҳар ким Қуъон оятларидан қорга оид бўлган оятни опиб келса, шу олтунни олади”, деб чўнтагимдан бир муштдек олтун чиқариб кўрсатдим. Бунинг биринчи сабаби – қор муносабати эса, иккинчи мақсад – ҳар кимни Қуръон билан машғул қилиш эди. Мен Қуръонни тамоман ёд билганим учун билар эдимки, Қуръонда қор ҳақинда оят йўқ эди. Шундоқ бўлса ҳам, мансабдорларимнинг Қуръон блан алоқаси на даражада эканлигини тасбит этмоқчи (синамоқчи) эдим. Улар чодиримдан чиққанларидан кейин тинмай Қуръон билан машғул бўлишди. Ярим кун миқдори ўтгандан кейин мансабдорларни чақиртирдим. Улар тамом йиғилганларидан кейин айтдим: “Сизлар ҳар доим Қуръон ўқуб, маъноларин билган бўлсангиз эди, биринчи дафъадаёқ жавоб бера олур эдингизлар. Сизлар Қуръондан узоқда қолганингиз учун ярим кун Қуръон ўқишга урундингизлар. Аллоҳ Таоло Қуръонни араб юртида нозил қилди. У ерда қор ёғмайди. Ёғмаган қордан баҳс этиш ҳам ўрунсиз каби бўлур эдим. Бунга ўхшаган бир қанча нарсалар Қуръонда очиқ баён қилинмаган, балки киноя ва ишоратлар билан иқтифо этилган нарсалар кўпдур. Қор ҳам шу жумласидандур”. Гапимни эшитган катта ўғлум менга қараб: “Эй Амир, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Ла ротбин ва ла йабисим илла фи китабин мубийн”, яъни “Қуръонда баҳс этилмаган ҳўл қуруқ йўқдур”, деб хабар берган эди-ку?” деб сўради. Унга жавобан: “Эй ўғлум, Қуръон Карим Аллоҳ таолонинг китобидур. Унда баён этилишича, баъзи оятларни фаҳм этмак ҳар кимга муяссар бўлмайди. Магар илм таҳсил қилиб, Қуръон маъносини тушуниш тариқасини билган бўлиши лозим. “Китабун мубийн” Қуръони Каримнинг мажмуиъ маъносидур. Хоҳ ошкоро, хоҳ ишорат бўлсун – буларни илм қуввати билан идрок эта олғай. Агар бир киши Қуръони Каримнинг тамом маъносига тушунар экан, Қуръони Карим баҳс этмаган ҳеч нарса йўқдур. Сен ўқуган оятда “фи китабин мубийн” дейди, илло “фил Қуръон – фил фурқон” дегани йўқ. Буларни англамоқ учун Қуръон илмини диққат билан ўрганиб таҳлил қилмоққа илм керак бўлади”, дедим.
Кейинчароқ Ибн Холдун Дамашқдан ҳузуримга келганда, юқоридаги сўзларни арз этдим. У киши камоли хурсанд бўлганидан туруб келиб қўлумни ўпди ва: “Эй Амир, мен бу кунгача каломи Раббонийни сиздек аниқ англаган, тўғри маъно берган кишини кўрмаганман”, деди.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.