Сойим Исҳоқов

buriКўклам адоғида куз

(Роман)

Тўққизинчи боб
Бухороликларнинг одатлари шундайми ё беклар шундай қилишадими, тўй оши тарқалгач кечга яқин узоқ-яқиндан келган полвонларни кенг бир меҳмонхонага жамлашди. Мулла Ислом етакчилигида Саримсоқ полвон ҳам шу хонага кирди. Жой етишмаганлигидан, пойгакда қисилиброқ ўтириб қолишди. Тўрда Бухоронинг полвон талабида келган йирик амалдорлари ва номдор кишилар ўтиришарди.
Меҳмонларга қайтадан дастурхонлар ёзилиб, устига турли-туман ноз-неъматлар уйиб ташланди. Ҳар бир меҳмонга бир косадан гулоб тортиб, ортидан чой берилди. Ошдан кейин озроқ гурунглашиб ўтиришди: тўрдагилар одоб сақлаб пастроқ овозда. қуйироқдагилар бетартиб ва баландроқ овозда. Полвонларнинг гурунги гурунгдан кўра бир-бирларини чандишга ўхшаб кетарди.
Бир маҳал юқорироқда ўтирган қоп-қора, давангир бир полвон Саримсоқ полвонга ишора қилиб:
– Ин писар аз кужо (Бу бола қаердан келди)?-деди шеригига мазаҳлаш оҳангида.
-Намедонам,-шоп мўйловли шериги бепарво елка қисди.-Мумкин сахрои аст (Билмайман, балки саҳроидир).
– Биз Ёзкечувданмиз, полвон ака,-Мулла Ислом тилларига тушунди шекилли, босиқ жавоб берди.
– Ёзкечу… -қора давангир энди ўзбекчалаб сўради.-Бу шаар қаерга?
Тўрдаги оққувадан келган, қора соқолли, зарбоф тўнли киши негадир Саримсоқ полвонга тикилиб қолди. У анчадан буён полвонлар орасидаги ҳар хил олди-қочди гап-сўзларни эътибордан қочирмай ўтирарди.
– Ёзкечув шаҳар эмас, -деди Мулла Ислом.-Жиззах ва Самарқанд оралиғидаги кенг бир даштнинг номи.
– Даштдан келлизми? Бухўрўга бекор бўрмўй деб бир қўп сўмўн кетирибсиз-да.
Мулла Ислом жавоб қайтаргунича бўлмай шоп мўйловли пайров қилди:
– қўний сўмўн, акун, қўп бўшку.
– қўп бўш дедизми.-ўзбекча билан тожикчани аралаштириб илиб кетди қора давангир.-Уннўй бўлса ичига чист? Елме (Ундай бўлса ичидаги нима? Елми?)
Атрофдагилар хиринглашиб кулган бўлишди. қора давангирнинг гапи мазмунини Саримсоқ полвон ҳам тушунди. Бу камситишлар айилдай ботса-да, тишини тишига босиб, чидаб ўтирди. Тўйларда бунақа бетамизликлар бўлиб туради. Жўжани эса кузда санайдилар.
Зоминда бўлган бир воқеани эслади.
Ўшанда эски ошначиликлари сабаб, тўй қилувчи Коризқудуқдан Жўра жебачини ҳам алоҳида айттирган эди: «Юртидаги кўпкаридўз полвонларни ҳам олиб келаверсин»-дебди у. Жўра жебачи ўзига фақат Саримсоқ полвон билан Назар полвонларни ҳамроҳ қилди. Бир ярим кун йўл юриб, не орзуларда тўйхонага етиб келишди.
Тўй эгаси думбулроқ одам эканми ё кўзига жуда ночор кўриниб кетганми, ҳали дастурхон ёзилиб, чой-пой берилмай туриб-оқ, Жўра жебачига писандали гап отди:
-Коризда полвон зоти қуриганми, калласини тўрғайникидай қилиб, манавуни олиб келибсан?!-деди Назар полвонга қўлини бигиз қилиб.
Назар полвонни-ку, қўяверинг, унга қўшилиб Жўра жебачи ҳам, Саримсоқ полвон ҳам ўсол бўлиб қолишди. Лекин биронталари чурқ этиб оғиз очишмади. Тантиликка Назар полвон ҳам без бўлиб ўтираверди. Шунда кексароқ бир киши, балки тўй эгасининг яқин қариндошларидандир, уни жеркиб ташлади:
– Ўлишига чидасанг қўй қил, ейишига чидасанг тўй қил, ҳў-ўв бойбачча! Тўйингга келган одамдинг калласи билан нима ишинг бор, аҳмоқ!! Ҳе ўл-э, буйтиб тўй қилмай!!!-Тўй эгаси ҳол қўйганини фаҳмлаб ташқарига чиқиб кетгач, у Назар полвон ва шерикларига узрҳоҳлик қилди. –Бой ўзи оқкўнгил одам. Баъзан ҳозиргидай асов гапларини эшитиб, ҳазилми-чинлигини ўзимизам ажратолмай қоламиз. Унинг ўрнига сизлардан биз узр тиладик-бир қошиқ қонимиздан кечинглар, меҳмонлар…
Мезбонларнинг ялиниб-ёлворишларига биронталари жавоб бермади. Нима ҳам дейишарди? Гурунгдан файз кетди. Тунда эса Назар полвонга уйқу ҳаром бўлди. Тун бўйи отига қараб чиқди: ем берди, таради, қашиди, совутди-билганини қилди. Эртасига кўпкари бошланарда Саримсоқ полвонга секингина шипшиди:
– Мен олган улоқди тортманг, Полвон, илтимос…
Бусиз ҳам Саримсоқ полвон унинг улоғини тортмасди. Четдаги кўпкариларда уруғи ёки миллатидан қатъий назар. Ёзкечув полвонлари олган улоққа даф қилмасди. Аксинча, маррагача уларни иложи борича қўриқлашга интиларда. Буни Назар полвоннинг ўзи ҳам биларди. Ҳар эҳтимолга қарши тайинлади, шекилли. Лекин мадад сўрамади: бунга ғурури йўл қўймаганини Саримсоқ полвон тушунди.
Шу кўпкарида тўй эгаси юзта улоқ берди. Шундан ўттиз улоқни Назар полвон, йиригма тўртттасини Саримсоқ полвон, ўн олтитасини Жўра жебачи олиб қўйди. Улар бундан кўпроғини ҳам олишлари мумкин эди: уч полвон уч томондан йўлбарсдай ташланиб турганида, майдондагиларнинг бирортаси туриш беролмай қолишганди. Кечаги гапнинг иситмаси ҳануз тарқалмаганига қарамай, Саримсоқ полвон билан Жўра жебачининг инсоф чегарасидан чиққилари келмади.
Кўпкари тарқагач бировнинг турткиси биланми ё ўз ақли биланми, ҳар қалай, тўй эгаси жамоат олдида қуллқ қилиб, Назар полвондан узр сўради. Ҳаммаларини уйига қайтариб кетиб, қайтадан меҳмон қилди. Эртасига Назар полвоннинг олдига «узр моли»-бир даста сарпо қўйиб, иззат-ҳурмат билан йўлга кузатди…
Қора давангир билан шоп мўйловли полвонлар ҳазилимиз тўрда ўтирган зоти шарифларга малоллик келтирмас, деб ўйлашганди. Бироқ кейинги гапидан зарбоф тўнли қора соқолнинг энсаси қотиб, сезилар сезилмас афтини буриштирди. Давра баковули сергак эди. Буни дарҳол пайқади ва ҳангома жиловини қўлга олишга шошилди:
– Бухоромизнинг соябони бўлмиш зоти олийлар!-деди ўрнидан тураркан қўлларини кўксига босганича тўрдагиларга эгилиб.-Муҳтарам тақсирлар! Ижозатлари бўлса, тўй дастурхонига фотиҳа ўқисак. Бадаз полвон танлашни ихтиёри олийларига ҳавола қилсак. Мана, тўйга ташриф буюрган полвонларимиз қаршингизда ўтиришибдилар, барчалари хизматларинингизга мунтазирлар…
Баковулнинг таклифи билан давра оқсоқоли дастурхонга фотиҳа ўқиди. Кейин зарбоф тўн кийган қора соқолли киши майин кулимсираб гап бошлади:
– Бизда ҳам уч-тўртта кўпкарибоп чўбирлар борлигини бундаги муҳтарам зотларнинг аксарияти биладилар. Агар тақсирларнинг ижозатлари бўлса, олдиндан биров билан келишиб қўйилмаган бўлса, бизга пойгакда ўтирган даштлик полвонни марҳамат қилсалар. Тўғри, бу полвон тақсиримизнинг озроқ ёшликлари бор экан. Чопаверсалар, ўрганиб ҳам қоларлар…
Қачондан бери ёнидагиларга гап бермай кариллаб ўтирган машҳур полвонларнинг дами ичларига тушиб кетди. Шунча полвонлар ичида келиб-келиб ўзини танлаган бу одамнинг кимлигини Саримсоқ полвон билмасди. Ўзини тутиши ва кийинишидангина унча-мунчалардан эмаслигини пайқаса бўларди. Шунинг учун: «Бу ерда, балки, биздан бошқа ҳам даштликлар бордир, қора соқолли ўшалардан бирини айтгандир», деган фикрда индамай ўтираверди. Мулла Исломнинг бошқаларга сездирмаслик учун секингина туртиб қўйганига ҳам эътибор бермади.
Қора соқолли полвонни ўзи танлагач, ҳеч ким «Буниси бўлмайди, буни олинг», деб айтолмади. У иддоага ўрин қолдирмаган эди.
– Шериги бизни одам, бурун ҳам чўбирларимизди миниб чопганлар,-деди ёнидаги банорас тўнли киши гапини қисқа қилиб.
Қора давангир билан шоп мўловли полвонга улардан кейингина талабгор чиқди. Бошқа полвонлар ҳам шу тариқа «эгали» бўлиб кетишди. Зарбоф тўнли киши ҳали ташқаридаликларидаёқ банорас тўнли шериги билан маслаҳатлашиб, Саримсоқ полвонга талабгор бўлиб қолганини ҳеч ким билмасди. Унисига керакли ахборотни Мулла Ислом етказганди. Зарбоф тўнли киши ичкарига анчайин, тўй эгаси бўлган бекка ҳурмат юзасидангина кирганди…
Бухоронинг аллақайси жин кўчасидан ўтаётганларида Мулла Ислом Саримсоқ полвонга секингина шивирлади:
– Хомийингиз кимлигини биласизми, Полвон?
– Йўғ-а, ким ўзи у?
– Жўрабек деганлари шу киши бўлади. Амирдинг мовуни. Бухоронинг ўзида ўн битта меҳмонхонаси бор.
– Шундан катта одам келиб-келиб мени танлаганига тушунмайроқ турибман. Нима гап ўзи?
– Ҳеч гап йўқ. Мен Абдуллабекка шунчаки баъзи нарсаларди шипшитиб қўйувдим. У айтган бўлса керак-да…
Уларни бир-бирларидан ажратмаслик мақсадида Жўрабекнинг уйига яқинроқ меҳмонхоналаридан бирида қолдириб, ўзлари хайрлашишди. Эртасига тонгдаёқ иккала бек яна бирга келишди. Бомдод намозини жамоат бўлиб ўқишгач, шу ерда енгил-елпи тамадди қилишди ва тўйхонага йўл олишди.

* * *
Кўпкари ўтказиладиган жой теп-теккис майдон. Одам туманот. Отлар одамлардан ҳам кўпроққа ўхшарди. Бир четда баланд қилиб чортоқ қурилган. Чортоқнинг ортига юзлаб аравалар ярим доира қилиб тизиб қўйилган. Уларнинг устида ҳам ғиж-ғиж одам. Ортларида арава шотиларига қаторлаштириб боғланган отлар. Боя тўйхонанинг бир четида хофизлар хониш қилишаётганди. Бу ерда ҳам яллачи-қизиқчилар ҳунар кўрсатишяпти. Ёнида турли буюмлар, егуликларнинг чакана савдоси- чинаккам бозор.
Чортоққа яқин боришгач ҳаммалари отдан тушишди. Жўрабек имлаганми, Саримсоқ полвоннинг отини совутиб туриш учун тобгирлари олиб кетишди. Ўзини эса бир четга ўтқазиб тайинлади: «Бухорога биринчи келишингиз экан. Ҳозирча майдонга тушмай уни четдан кузатиб туринг. Бизнинг полвонларнинг чопиш адисларини* синчиклар ўрганинг. Мен қайтиб келгунимча шу атрофда бўлиб туринг».
Абдуллабек Мулла Исломнинг отини ўзида қолдирди. «Сиз тушаверинг», деган маънода майдонга имлаб кулимсиради. Жўрабек иккаласи аркони давлат** учун қурилган чорпоя томонга йўл олишди…
Кўпкари бошланди. Саримсоқ полвон нафасини ичига ютиб кузата бошлади: одатдаги кўпкари. Фарқи- чавандозлар ҳам, томошабинлар ҳам у кўрган кўпкарилардан чандон кўп эди. Биринчи улоқни қора давангир олганини кўриб, эти қизий бошлади. Иккинчисини қандайдир нотаниш полвон олди. У полвон танлаш маросимида кўринмовди. Шунда англадики, бу маросимга узоқдан келган ва оти йўқ полвонлар қатнашаркан. Талабгорлар ҳам шунга яраша доимий полвони йўқ беклар экан. Узоқдан келган ёки беклар танлайдиган полвонларни кўриб қўйиш учун анчайин қизиқиб кирганлар нисбатан жуда озчиликни ташкил қилса керак.
Учинчи улоқни Мулла Ислом олди. Буни кўриб Саримсоқ полвон қувониб кетди. Чунки Ёзкечувдаги кўпкариларда бир-икки марта унинг улоғини ҳеч бир қийинчиликларсиз ўзи олиб қўйган эди. Демак, бухоролик полвонлар билан ҳам тайсалламай тортишаверса бўларкан…
Мулла Ислом улоқни анча машаққат билан олди-ю, четга чиққач бор овози билан гуркираб:
– Пў-ў-ўшт!!-деб бақириб кетди.
Жавобан аркони давлат ўтирган чорпоядан Абдуллабекнинг шодон қийқириғи эшитилди:
– Ҳа-а довшингдан аканг!! Шуйтиб довушингди чиғориб тур-да, чироғим!
От эгаси билан чавандоз бир-бирларини шундай қутлашди. Чавандоз билан от эгаси бир-бирларини шундай суяшди. От эгаси билан чавандоз бир-бирларини руҳлантиришди! Чавандоз билан от эгаси…
Кимдир Саримсоқ полвоннинг елкасидан секингина ушлади. У ўгирилиб қараб, жилмайиб турган Жўрабекни кўрди ва сакраб ўрнидан турди. Бекнинг орқасида гижинглаган саманнинг жиловидан ушлаб тобгири турарди, миниб келганидан бошқа от.
– қалай, Полвон, тушаверасизми?-сўради у майдонни кўрсатиб.
– Албатта, бек ака.
– Отнинг айил-пуштонини қайта кўрасизми ё тобгирларнинг тортганидан қаноатланасизми?
– Ўзим тортганим тузук, бек ака.
Унинг хушомадсиз, ортиқча тавозе ва такаллумсиз, оддийгина «Бек ака» дейиши Жўрабекка хуш келди. У асли Бухоролик эмасди. Шу туфайли Саримсоқ полвон сиймосида даштларда от суриб юрган ўз эллатдошларини кўргандай бўлди. Атрофдаги талатўп олағовурга қарамай, юрагида ширингина бир соғинч туйди. «қизиқ, -ўйлади у. –Тавозе ва ортиқча такаллум ҳам кишининг жонига тегаркан-а? Буни ўзинг пайқамай ҳам юравераркансан…»
Саримсоқ полвон от абзалларини қайта жойлаштириб, айилини кўтариб-кўтариб тортганида отнинг олдинги оёқлари ҳам кўтарилиб-кўтарилиб туша бошлади. Буни кўриб Жўрабекнинг отга ичи ачидими:
– Бас, бас, Полвон,-деди кулиб.
У узангига оёқ қўйиб, эгарга енгилгина ўтирди ва Жўрабекдан фотиҳа тилади:
-Отингизди миндим, Бек ака, фотиҳангизди аямасангиз…
Жўрабекка Саримсоқ полвоннинг бу одати ҳам маъқул бўлди. Одатда аксарият полвонлар эгарга ўтиришади-ю, от эгасига юзингда кўзинг борми демай, тасира-тусур майдонга уриб кетишади. Шунинг учун айни ҳолатида мавқеига унчалик мос тушмаса-да, бажонидил кафтларини ёзиб, унга сидқидилдан оқ йўл тилади. Бекнинг қўл очиб турганини кўрганлар ҳам юзларига фотиҳа тортдилар…
У майдонга тушган пайтда тўдадан улоқни қора давангир олиб чиққанди. Унчалик узоқлатмаёқ Саримсоқ полвон етиб олиб, улоқнинг олдинги оёқларидан ушлади. Синаш учун бир-икки марта бўштоброқ тортқилади.
Қора давангир уни майна қилиб кула бошлади:
– Тўрт, сахройи, тўрт улўғний!
– Маҳкамроқ бўлинг, Полвон ака!
– Тўртавер сахройи…
Саримсоқ полвон яна озгина ёнма-ён боргач, ҳарифи ўзини умуман менсимаётганини пайқади. Вақтни бекорга ўтказмай, унинг шу қусуридан фойдаланмоқчи бўлди: бутун кучини билагига йиғиб, улоқни зарб билан тортди ва «шип» этказиб суғуриб олиб қўйди. Шўрлик ҳарифи улоғининг тақимидан қандай чиқиб кетганини даъфатан сезмай ҳам қолди. Бундай бўлишини асло кутмовди. Маррага учиб кетаётган рақиби ортидан жон ҳолатда отини қамчилади. Аммо фойдаси бўлмади. У дум тутқазмай улоқни элтиб сомонга ташлади.
Қайтиш маррасида ҳам Саримсоқ полвон тўдага кирмади. Улоқни олдириб қўйгани ҳарифига қанчалик алам қилганини билиб турарди. Демак, у ўлиб қутулиб бўлса ҳам улоқни тўдадан олиб чиқади. Шунда келин кўпкарида Мавлон полвоннинг митанликларга қўллаган усулидан фойдаланмоқчи бўлди. Ҳам ўзини, ҳам отини қийнаб сурдакка кирганидан кўра, ҳарифининг нақдинасини қўлидан юлиб олиб, «сахройи»ларнинг кимлигини унга кўрсатиб қўйиши маъқулроқдай туюлди. Тўданинг чиқиш тарафига ўтиб, қулай фурсатни пойлаб турди.
Ҳаммаси у ўйлагандай бўлиб чиқди: қора давангир тўдадан узилди-ю, тақимидаги улоқ томони билан Саримсоқ полвонга рўпара келиб қолди. Гўёки улоқни ўзи олиб келиб «торт» дегандай бўлди.
Қора давангир олдинги олдирганини бари бир тасодифга йўйган шекилли, Саримсоқ полвонга ҳануз менсимайроқ қарарди. Аммо бу гал улоғини етарлича маҳкам тутиб келаётгани кўриниб турарди. Саримсоқ полвон унинг димоғи баландлигига парво қилмай, улоқнинг олдинги оёқларидан сиқиб ушлаб, баравар от чоптириб кетаверди. Йўл-йўлакай амаллаб, улоқни тақимига яхшилаб босиб олди-да, иркилмай отнинг бошини шартта ён томонга бурди. Ҳарифининг оти ўз залвори билан олдинга суриб ўтиб кетди. Саман ҳам қаттиқ силкиниб бир чайқалди-ю, дош бериб, ўзини тутиб қололди. Улоқ эса Саримсоқ полвоннинг тақимига ўтди. қора давангир аламидан ўкириб юборди. Саримсоқ полвон у ёқ-бу ёғидан ўраб келаётганларга чап бериб кетатуриб, улоқни ўнглаб олди ва маррага етказиб келди…
Кейинги улоқни тўдадан Мулла Ислом олиб чиқди. Шоп мўйловли полвон билан қора давангир ундан олиб қўядиган бўлгач, Саримсоқ полвон ёнига киришга мажбур бўлди. Мулла Ислом у эшитадиган овозда:
– Улоқди сиз олинг, мендан бари бир олиб қўйишади,-деди астойдил .-Улар пайимизга қаттиқ тушишди.
– Оралиққа ҳеч кимди киритмай, маррагача ёнма-ён борамиз,-далда берди у. –Улоқди сомонга ўзингиз ташлайсиз.
– Бунинг иложи йўқ, сурдакларда отим толиқиброқ қолди. Улоқди қўлдан чиқармасликди ўйласак, олинг!
Мулла Ислом вазиятни тўғри баҳолаганди. Саримсоқ полвоннинг таклифига кўнмаслиги ва яна озроқ тайсалланишса ўровга тушиб қолиб, аҳволлари бадтар ночорлашиши мумкинлигини сезганидан, улоқни қўйиб юборди. Энди Саримсоқ полвоннинг уни маррага элтиб ташлашдан бошқа иложи қолмади.
Чавандозларнинг авжи тобора баландлашиб борарди. Икки полвон тортишиб бир жойда озроқ туриб қолишса, лаҳзадаёқ атрофини тумонат одам ўрарди. Фақат кучли полвонлар билан кучли отларгина орани ёриб чиқолишарди. Уч марта кетма-кет улоқ чиқаргач Саримсоқ полвон отини аяб тўдага урмай қўйди. қора давангир билан шоп мўйловли полвонни кўздан қочирмай, гала атрофида шунчаки томошабиндай айланиб юраверди.
Яна икки-уч марта улоқ чиқарилди. Рақиблари бўлмагач, Саримсоқ полвон уларга даҳл қилмади. Бу орада самани анча тобига келиб, гала томонга уриниб қолди. Охирги улоқни Мулла Ислом олиб, отини алмаштириш мақсадидами майдондан чиқиб кетди. Ҳудди шу пайтда у қора давангир билан шоп мўйловли полвоннинг улоқни ўртага олиб кетишаётганини кўриб қолди. Ҳаялламай ортларидан от қўйди.
Афтидан улар «сахройи»нинг ўзларига чалкашмай қўймаслигини билиб олган эдилар. Шунинг учун маррага талашиш-тортишишсиз кетишаётганди. Бунда қандайдир тил бириктирув борлигини ҳар қандай гўл чавандоз ҳам сезиши мумкин эди. Тортишишса ҳам маррага яқинлашиб тортишишини Саримсоқ полвон пайқади. Балки совринга тенг шериклик шарти билан сомонга баравар ташлашар ёки биттаси улоқни шундай қўйиб юбора қолар. Кўпкарида бунақа ўйинлар ҳам бўлиб туради. Бироқ йўлини қилиб маррагача чинакам тортишиб борганлигига кўпкари ҳакамларини ишонтириш керак. қолаверса минглаб томошабинлар бор. Улар учун ғалабадан кўра ҳалоллик муҳимроқ.
Бухоролик полвонларга, энди, совриннинг кераги бўлмай қолганди. Полвоннинг қахрамонига йўлиқишганини, ниҳоят, англаб етган эдилар. Энди уларга совриндан кўра, нима қилиб бўлса ҳам, қандайдир келгинди болакайдан улоқни олиб қолиш сув билан ҳаводай зарур эди. Аксинча, от эгалари олдида ҳам томошабинлар олдида ҳам обрўлари бир пул бўлиб қоларди…
Саримсоқ полвоннинг назарида шоп мўйловли полвонга нисбатан давангири бақувватроқдай туюлди. Шу туфайли саманини у тарафдан тақаб бориб, тенглашгач, отининг бўйнига ётиб олди. Бунақа ўлармонликни кўрмаганми, бир муддат уни нима қилишини давангир ҳам билмай қолди. Саримсоқ полвон учун бу муддат катта иш берди: бир-икки уринишдаёқ улоқни шоп мўйловлининг қўлидан чиқариб, тезда пастга ташлади ва қора давангир ушлаб келаётган орқа оёқларидан бирини бор кучи билан ўзига тортди. Улоқнинг асосий қисми ҳарифининг тақимидан суғурилиб озроқ тепага кўтарилди-ю, бутунлай тортиб олишнинг имкони бўлмади.
қора давангир саросимада вақтдан ютдирганнини, аммо имконияти ҳали бой берилмаганини англади. Эпини топиб Саримсоқ полвон жингиртоб қилиб тортганида қапишиб қолган отларни озроқ сурди-ю, амаллаб чап оёғини ҳам узанги-пузангиси билан улоқнинг устидан босиб олди. Буни у қандай эплаганини Саримсоқ полвон даъфатан англаёлмай қолди. Энди у, амалда, улоқни қарийб миниб ўтирарди. Бу ҳолатда уни анчайин чавандоздан тортиб олиш ҳам осон эмасди. Оти кучли бўлса, рақиби Саримсоқ полвонни судраб ағдариб кетиши ҳам мумкин. Боя саманини ён томонга буриб, улоқни олиб қолганида унинг оти не чоғли қудратга эгалигини бехато билиб олганди. Шунинг учун бу тарафидан кўнгли хотиржам эди.
Улар тортиша-тортиша маррадан ўтиб ҳам кетишди. Чортоққа тақалиб борибгна отларини зўрға орқага қайтариб олишди. Отларнинг чопиш тезлиги ҳам сусайиброқ қолганди- икки зўр полвон орасида талаш бўлаётган улоқ бирортасининг илгарилаб кетишига имкон бермасди.
Энди бошқа чавандозлар ҳам уларга етишиб икки ёни ва ортларини ўраб олишди. Аввалги тортишувлардан улар орасида нимадир борлигини кўпчилик пайқаган шекилли, ҳеч ким улоққа даҳл қилмади. Натижада қизиқишиб, шунчаки томошабиндек эргашиб келишарди…
Бир маҳал Саримсоқ полвон қора давангирнинг оёғини секингина ўз саманининг биқинига тираётганини сезиб қолди. Гавдасини ҳам нариги тарафга қиялатиб олди. Демак ўнг томонига бурилмоқчи. Бундан ҳеч нарса йўқотмасди. қайтага ҳарифи тортқилаётган улоқ узанги ипига қаттиқроқ жойлашиб, чиқиб кетиш хавфини камайтирарди. Буни пайқаган Саримсоқ полвон ҳам ўша заҳотиёқ ўнг оёғини унинг айили ёнига қўйиб, гавдасини ён томонига ташлаброқ, олдида, бир-икки марта куч билан узиб-узиб тортди. Ҳарифининг оёғи биринчи тортганидаёқ юқорига кўтарилиб кетди ва шалоп этиб ўз отининг буюрига урилди-да, узангидан чиқиб кетиб яна кўтарилди.
Саримсоқ полвон ўз оёғининг рақибиникидан узунроқ эканлигини сезиб қувониб кетди. «Энди бу давангир тамом бўлди», ўйлади у. Узангига оёғини қайта солиб олишига имкон бермаслик мақсадида, улоқни йўлига яна бир-икки марта узиб-узиб тортди. Оёғини унинг отининг биқинидан олмаган ҳолда сал нафас ростлагач, гавдасини яна ён томонга ташлаб, улоқни куч билан тортди. Ҳарифи ҳам гавдасини нариги тарафига ташлаброқ кетарди. Оғирлигининг асосий қисмини ўнг узангига туширганидан, узангидан чиқиб кетган оёғи гўё Саримсоқ полвонни тепмоқчидек бир ҳолатда ҳавода ликиллаб борарди.
Энди ўйинни охирига етказиш фурсати етганди. Яна бир марта куч билан тортганида улоқ ҳам ҳарифининг гавдаси ҳам Саримсоқ полвонга анча яқин келиб олди. Бўшаштирмай яна тортганди, давангирнинг бир оёғи отнинг эгаридан орқароққа, иккинчи оёғи узангига қаттиқ тиралиб, қўймичи эгардан кўтарилиб кетди. Билди-ки, эгари оғди. Шунинг учун оёғини дарҳол унинг отининг биқинидан олиб, саманининг бошини ён томонига бурди ва бор овози билан:
– Чу-у-увв, жонвор!-деди.
Саман ён томонига силтаниб ташланганида рақиби чалқанчасига ерга қулади. Эгари қорнига туриб қолган от бир четга қочди. Улоқ бутунлай Саримсоқ полвоннинг қўлига ўтди. Томошабинлар издиҳоми ҳайқириқ-қийқириқлари остида саманнинг бошини марра томонга буриб, учиб келаётганида ортидан ҳарифининг бўралаб сўкинаётганини эшитди. У атрофдаги оломонни ҳам унутиб, ўзини ўзи сўкмоқда эди:
– Ман ахмўқ! Ман жинни! Ман савдойи ҳастам. Ва-а-аҳ, модаржон, шарманде шудам!!!
Саримсоқ полвон рақибининг ҳали бери майдонга тушолмаслигини англади. Нафасини ростлаш ва отини алмаштириш учун ўзи ҳам майдондан чиқди. Тобгири кутиб турган экан, дарҳол отининг жиловидан ушлади.
– Бошқа от кетирайму?-сўради у.
– Кейинроқ.
Бу орада Жўрабек келиб қолди. Афтидан у ҳурсанд эди. Ҳурсанд бўлмай-чи! Ташланган улоқ ҳали ўнтанинг нари-берисида-ю, тўрттасини унинг бир саманини минган полвон олиб ўтирибди. Ҳазилакам гапми бу!
– Бизнинг Сангин полвонни хор қилиб юбордингиз-ку, Полвон,-деди у беозор ўпкаланиб.-Бошқалар билан ишингиз йўқ, уни пойлайсиз.
– Кеча кўрдингиз-ку, Бек ака, қайтма дунёда бу. У ҳам мени хўрламоқчи бўлувди.
– Ўша гаплар менга маъқул бўлган деб ўйлайсизми?
– …
– У тавбасига таянди. Гапимга кирсангиз, энди бундай қилманг, Полвон. Ҳар ҳолда у ҳам таниқли полвонлардан. Озроқ ҳавоси бор эди, дамини босдингиз. Бугун тўпчибошимизнинг* отларини минганди. У олиши муқаррар бўлган тўрт улоқдан бенасиб қилдингиз. Шунинг ўзи етарли жазо унга…
-«Демак кечаги даврада тўпчибошиям ўтирган экан-да», ўйлади Саримсоқ полвон. Лекин бекнинг асл мақсадини тушунолмади. Нима демоқчи у? Сангин полвонга ачиняптими ё тўпчибошининг оти ҳам улоқ олишини истаяптими? Бунча пардага ўраб гапирмаса. Бунақа кўнгли бўш бек амирга қандай қилиб муовин бўлиб юрибди? У одамларни зиндонбанд қилиши, айбли-айбсиз кимларнидир тап тортмай жаллод қўлига топшириши керак. қандай бажаради бу вазифасини? Балки давлат ишларидан бўшаган пайтларида кўнгли шунақа юмшаб қолар? Одамзод қўй сингари бир терида неча семириб, неча озади, ахир!
Унинг дилидан ўтаётганларни Жўрабек сезди шекилли, англашилмовчилик юз бермаслиги учун:
– Сангин полвонга ачиниб ёки тарафкашлик қилиб айтмадим бу гапларни,-деди бояги-боягидай ёқимли жилмайиб.-Шунингдек, тўпчибошимизнинг оти улоқ олсин, дея лаганбардорлик қилишниям ўйламадим. қолганини ўзингиз фаҳмлаб оларсиз.
«Ичимдагини беҳато топди-я,-ҳайратланди Саримсоқ полвон.-шунинг учун бекда у! Шунинг учун амирга муовин бўлиб юрибди. Озроқ ошириб қўйдим чоғи. Сангин полвонни отдан ағдармасам бўларкан асти. Улоқни эса олмай қўймасдим… Худонинг бир хом сут эмган бандасига шунчалик қасоскорлик қилишим инсофданмикан? Бек эътиборимни шунга тортмаяптимикан?..»
Жўрабек гапга чечан эди. Ҳазил-ҳузул, латифагўйликни ҳам ўрнига қўяркан. Ундан-бундан гурунг қилиб, Саримсоқ полвоннинг кўнглидаги хижолатни тездаёқ тарқатиб юборди. Шундан кейингина оқ йўл тилаб жойига кетди. У эса тобгир келтирган бошқа отни миниб майдонга тушди.___________
* Адис-усул, услуб.
* Аркони давлат-давлат арбоблари, амалдорлар.
* Тўпчибоши-сарой қўриқчиларининг бошлиғи.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek and tagged . Bookmark the permalink.