Бухоро шаҳрини нечук тасарруф қилдим?
Бешинчи фасл
Аллоҳ таоло инсонларни яратганда бирмунча хусусиятларни ҳам лаёқатини қўшуб яратадур. Жумладан, илм таҳсили, ҳунар ўрганиш, жисмоний куч-қувватдан истифода қилиш, шунингдек, уруш буюмларини мухталиф (ҳар хил) услублар билан қўлланиш истеъдодларини бергани учун қўлумдаги йигитларни тарбиялашда ўзум таълиф олган равишни қўлладим.
Ҳар инсон фитрий истеъдодга моликдур. Бу инсонни нотавон ва нодон қолишлиги бир мураббий ва муршидга йўлуқмаганлиги, агар дучор бўлса ҳам, ҳаёт қийинчилигига дуч келган ва ёки яқин кишилар томонидан илм ва ҳунар фазилатига тарғиб ва ташвиқ бўлмай, муҳмал бир ҳаёт кечиришга ўралашиб қолганлар кўпдур. Маълумки, билгин илм ўрганиш билан, тавонолик эса ишга бадан ўргатиш билан ҳосил бўлур.
Мен қўл остимдаги сарбозларни қабул қилган кунимдан бошлаб шариат қонунларига эҳтиром ва урф-одатларга риоят қилишлари учун кўп диққат қилдим. Мен бу кунларда етмиш ёшдан тажовуз этмакдадурман (ошмоқдадурман), шариат қонунлари, боболаримизнинг урф-одатлари назаримда буюк аҳамият олган ва диққатга сазовордир. Бу ҳақда уларга ҳурмат билан қараш, аҳамият беришга қоилдурман. Шуни ҳам ёдлар эдимки, бир инсон ўзининг иқлимидан бошқа бир тарафларда юрар экан ва бир нуқтада истиқомат қилолмас экан, унинг бўлундуғи узоқ кенг мамлакатлардаги умаро ва раоёларнинг итоат ва фармонбардор ҳолда бўлишига ишончи бўлиши керакдур. Бу эса ҳамма жойда бирдек қонунни – шариат урфни риоят қилиб, ўз мавқеъида ижро қилмоқ билан ҳосил бўлур. Вақтики, узоқ жойлардаги кенг мамолик мафтуҳаларида бу қонун ижро этилур экан, худди мен ўша ерда шахсан ҳозир турганим каби туюлар эди. Қудратга етган кунимдан бошлаб бу кунгача ҳар иш қилган бўлсам, қонун бўйинча қилдим.
Чингиз ўз ишини муштумзўрлик ва хушунат (қаттиққўл) билан илгари олиб борган бўлса, мен ўз ижроотларимда халқни мутеъ ва фармонбардор сақлаб қолиш учун шариат ва урфни дастуруламал қилиб, қарорларимнинг ижроси умум ўртасида муноқашасиз амалга оширилишига очиқ йўл қўйдим. Шу билан бирга сарбозларнинг тарбиятида асосан қонунга итоатли бўлмоғлиғни, фароизни (фарзларни) амалга оширишда тахаллуф (хилоф) қилғувчиларга эса жазони тайинладим. Сарбозларни умумий емак билан таъминладим. Аскарий таълим-тарбияни давом эттирар эканман, ўзум аскарлар билан бирга бир саҳрода бўлуб турушимни таълим учун таъсирлик ҳисобладим. Кунлик тартиб бўйинча сарбозлар тушгача таълим билан (тўрт соатча) машғул буўлгандан кейин тушлик истироҳат ичида емакларини еб, намози пешинни ҳам ўқуб олади. Кечки таълим кун ботишга қадар давом этади. Ҳаво иссиғ бўлғон фаслларда фақат асрдан кейин кун боткунғача таълим олишади. Шу тартибни ҳозиргача ҳар жойда бўлсам тадбиқ этмоқдаман.
Сарбозларнинг ўз катталарига итоат қилиши учун аввалги васила – қоидаларнинг баҳодир бўлишигина эмас, удар ҳарбий қонунларни яхши билган моҳир бўлмоғи учун лозимдур. Бу ҳақда ўрнак бўлмоқ учун таълим ўрунлариға бориб ўзум ҳам ўқ отар эдим. Найза санчиб кўрсатар, қилич силтар эдим. Сарбозлар мен каби салоҳ ишлатмоққа жиддий киришганларини кўрар эдим.
758 ҳижрий йилда йигирма икки ёшда эдим. Шу вақтларда чўлда кузатувчилик билан юрган йигитларимдан олти нафарини Бухоро амирининг йигитлари ўлдуриб кетибдур. Мен бу ҳақда шариат қонунларига муожаат қилиб: “Бир киши сахван ўлдурилса, бир юз туя хун баҳоси тўламоғи буюрилса, қасддан ўлдурилган одамнинг хун баҳоси ворисларнинг талабига боғлиқдур”, деган мазмунга таяниб, Бухоро амирига хат ёздим. Мактуб ўз номимдан бўлиб, тубандагилар ёзилган эди: “Воқеани ўз кўзлари билан кўрган шоҳидларнинг шаҳодатига қараганда, сизга қарашли йигитларингиздан эллик нафари иштироки билан менга қарашли йигитлардан олти нафарни ўлдуриб, кетилгандур. Ўлган йигитларимнинг ҳар бир нафари учун уч минг тиллодан ҳисоблаб, хун баҳосини юборишингиз керак. Бунинг имкони бўлмаганда ўша эллик кишини менга юборурсиз. Уларни шариат амрига мувофиқ ўлдуруб, қасос олмоғим лозимдур”, дедим.
Бухоро амири менга юборган номасида: “Гуноҳ сизнинг йигитларингиздадур. Бу мунозаъни қўзғамасалар ўлдурулмас эдилар”, деб жавоб берди. “Бухоро амири ўз сўзида ҳақлимикан?” деган фикр билан воқеани қайтадан текширдим. Аввалда гумон қилинган эдики, сарбозлари ўз амирига ёлғон маълумот еткарганмикин, деб. Натижада гумоним тўғри бўлиб чиқди.
Мен ўз эътиқодимда ноҳақ бўхтонни улуғ гуноҳ деб биламан. Мен каби Ислом динига чин эътиқод билан бўйин эгиб тургувчи бир киши бировларга бўҳтон қилмоқдан чекинмоғим лозим келур эди. Бухоро амири ўз сарбозларидан ўтган гуноҳ масъулиятини тан олмай, ёлғон сўзлар билан уларни мудофаа қилмоқчи бўлди. Ҳақиқатга шариат назари билан қаралгудек бўлса, шариат ўғри, қотилни Худонинг душмани демасдан, ёлғончини Худонинг душмани деб таъбир қилгандур.
Ислом динида ёлғончиликдан улуғ гуноҳ йўқ. Шундай бўла туриб, иккинчи мактубимга жавоб ҳам бермади. Шунинг учун мен Бухорога ҳамла қилмоққа қарор бердим.
Шаввол (барот) ойининг учинчи куни 758 ҳижрийда Самарқанддан Бухорога қўшун сурдум. Аскарларнинг минган отидан бошқа ҳар бирига яна бир донадан етак от бердимки, аскарий юришда эҳтиёт шундай бўлмоғи лозим эди. Балки бир отга бир мунча йўлни бир кунда босдуруш оғир келади, шундай вақтларда етакни алмаштириш мумкиндур. Ўз тажрибаларимга асосан тез юрдум. Ҳеч ким хабар тополмасиданоқ Бухорога етиб боришни қасд қилдим. Бухоронинг мустаҳкам қалъаси бизнинг боришимиздан хабар топса, шаҳар дарвозасини беркитишини, йўлларда ҳам хабар олғувчи қоровуллари бўлишини билар эдим. Бинобарин, сарбозларимга кечаси Бухорога ҳужум қилиш амрини берган эдим. Кечада отларни кишнатмаслик учун “сунбул ўт тоййб” деган гиёҳдан аскарларга тарқатган эдимки, лозим вақтда отларнинг бурнига шул гиёҳдан ҳидлатиб қўйулса, от кишнамас эди. Аскар тарбиясидаги от беҳуда кишнамаса ҳам, узоғ йўлдан ободликка кирган ҳайвоннинг кишнаб юбориши Бухоро қалъасидаги посбонларнинг диққат билан ташқарига мулоҳаза қилишларига сабаб бўлур эди. Мабодо дарвозани беркитиб олсалар ҳам, қўчқорбош (“қўчқорбош” деб қаттиқ ёғочдан ҳозирланган хариларни айтилади. 40-50 киши харини шиддат билан дарвозага урса, дарвоза ағдарилиб тушади) билан уруб, дарвозани синдириб, ичкарига кириш учун аскарларда истеъдод комил эди.
Бухоро шаҳрига яқин борганимиздан ҳеч ким хабар топмади. Отлар ҳам кишнамадилар. кечаликда шаҳар дарвозаси банд бўлгани учун дарвозани қўчқорбош билан уруб синдиришга буюрдим. Аскарларнинг бир қисми дарвозани синдиришди, яна бир қисми шотилар билан ҳисор устига чиқа бошладилар. Бизнинг Бухоро шаҳрига киришимиз шундай кутилмаган воқеа бўлдики, қаршимизда ҳеч қандай муқовамат кўрмадик. Аммо дарвозадан кирган, қалъа устида юрган сарбозларнинг ғавғоси аркда тинчгина ётган Бухоро амирини безовта қилди. У арк дарвозаларини маҳкамлашга амр берган бўлса ҳам, мен эрта кундаёқ аркни муҳосара қилиш, атрофни жиддий муроқаба қилишни (кузатишни) сарбозларимга амр қилган эдим. Уруш ва муҳосара тўғрисида илмим етарли бўлгани учун ҳар бир ҳукумат истиқоматгоҳи аркларнинг ер остидан ташқарига очган яширин йўли ҳам бўлишини эҳтимодан узоқда тутмаган эдим. Бу ер ости йўллари орқали ташқаридан ёрдам олиб кириш, емак-ичмак ташиш ва ёки ичкаридан ташқарига қочиб кетиш чоралари кўрилмаган қалъалар ҳарбий нуқтаи назарда аҳамиятсиз ҳисобланади. Бухоро қалъаи аҳамиятли қалъаларнинг бири бўлиб танилгани учун шаҳар ташқарисидан ер ости йўлининг чиқиш учини топишга, ундан чиқувчини отишга буйруқ берган бўлсам ҳам, Бухоро амирини ўша кечадаёқ қочиб кетмаса керак, деб ҳисоблар эдим. Чунки вақт кечаси бўлгани учун бирор соатлик муддат ичида қўшунимнинг ҳисобини олиб бўлмас, буни таъкидламоқ учун ҳеч бўлмаганда тонгғача сабр қилмоғи лозим тутилар. Агар ўз қувватини ожиз кўрса, ундан кейин қочиш ҳаракатини кўрса керак, деб тахмин қилар эдим.
Эртаси кун ёришганда Бухоро амири аркнинг буржида туриб менга хитоб қилди: “Бу ерга нимага келдинг? Мендан нима тилайсан?!” Мен унга жавобан: “Сенга мактуб йўллаб, сарбозларимнинг хун баҳосини сўрадим. Сен эса унинг адосига ҳозирлигингни билдирмай, инкор қилдинг ва мени бу ерга қўшун тортиб келишга мажбур этдинг. Эмди қайтиб чиқиб кетмоғимни истасанг, беш юз минг мисқол тилло таъвиз беришинг керак ёки шу маблағ муқобилинда амлок-амволларингни ҳисоблаб бермоғинг керак”, дедим.
Бухоро амири: “Сўраган молларингни бермасам, нима қиласан?” деб сўради. Мен дарҳол жавоб бердим: “Агар шу нарсаларни топшурмасанг, сарбозларимни ўлдурган қотил деб ўзингни қасос учун ўлдураман”. У эса: “Сарбозларингни мен ўлдурмадим”, деди.
“Сен ўз қўлинг билан сарбозларимни ўлдурмаган бўлсанг ҳам, сенинг амринг билан юрадургон аскарларинг ўлдургондур. Сен эса у қотилларга паноҳ бериш билан уларнинг жарималарига шерик бўлганинг учун ўлдурулишинг керак. Сени ўлдургандан кейин Бухоронинг ҳокими сифатим билан бутун амволларингни тасарруф қилишга комил ҳақлиқ бўламан”, дедим. Бухоро амири “Агар мени ўлдурушга қудратинг етса, ўлдуриб амволимни тасарруф қил”, деб бурждан ғойиб бўлди.
Икки соатдан кейин бир тарафдан ғавғо овози эшитилди. Сарбозларим шаҳар ташқарисидан бир мунча кишини тутуб олиб келдилар. Асирлар ичидан Бухоро амирини танидим. Қалъа ташқарисидаги ер ости йўлини пойлаб турган аскарларимдан хабарсиз ҳолда ўз атрофидаги мансабдорлари билан ушбу нақбдан (ер ости йўлидан) қочиб қутулмоқчи экан, сарбозларимнинг қўлига тушибди. Бухоро амири ўзини асир сифатида билмай, эски ҳукмронлиги эътибори билан мен талаб қилган беш юз минг мисқол тиллонинг муқобилида ўз амвол ва амлокларидан бериш билан ўзини озод этмоғимни ва Бухоро шаҳрини бўшатиб чиқиб кетмоғимни талаб қилди. Мен унга айтдим: “Бугун эрта билан хун баҳоси ва аскарий чиқимларим эвазига биш юз минг мисқол тилло талаб қилганимда, сен Бухоронинг озод амири эдинг, ҳозир эса менга асирдурсан. Жонинг, молинг, ҳукмингнинг ҳаммаси менга тааллуқлидур. Бу ҳақда мен ўз қароримни бермакда озоддурман. Вақт ўтгандан кейинги сўзларинг ўринсиздур”. Сарбозларимга амр бердим, Бухоро амири бошлиқ мансабдорларни, ўзимга қарашли мансабдорлар мажмуаси назарида ерга ўтқиздилар. Дастлаб Бухоро амирининг ўлдурилди. Амирларига берилган жазодан интибоҳ олган бухоролиларнинг менга итоат қилишдан бош тортмасликларини тушунар эдим. Амир жазолангач, тамом амволлари тасарруф қилинди. Нақлга (кўчиришга) қобилиятли молларни Самарқандга жўнатдим ва Бухоро шаҳри қалъасини бузуб юборишга буйруқ бердим, токи бундан кейин менинг муқобилимда ҳеч киши тараддуд қилиб қалъа банд бўла олмасун. Бу усулни сўнгги футуҳотларимда ҳам ишлатиб, қайси бир қалъани олсам, бузуб юборишни қўлладим.
Бухоро ҳукуматига мансабдорларимдан бирини тайинлаб, Ислом қонунига мувофиқ идора қилишни тавсия этдим. Мабодо бирор мушкула рўй бериб, нима қилишни билмаган тақдирда мендан сўраб ҳал қилишни таъкидладим.
Бухородан Самарқандга қайтганимдан бир оз кейин ажойиб бир туш кўрдим. Тушимда менинг муқобилимда бир шоту (нарвон) турганмиш. Шотунинг икки оёғи ерда турган бўлса ҳам, юқориси ҳеч нарсага суялмаган, ҳавода эмиш. Менга тахаййур таъсир қилиб: “Ажабо, бу шотунинг юқориси бир нарсага суялмаса ҳам, йиқилмай турубдур” деб ўзимга савол бермоқда эдим. Бир тарафдан: “Эй Темур, юқориға чиқғил”, деб овоз келди. Мен жавобан: “Бу шотунинг юқориси бир нарсага суялмаганини кўрмайсанми? Бу ҳолда юқорига чиқиб бўлмайди, йиқилиб кетади”, дедим. Ҳалиги овоз: “Эй Темур, қўрқасанми?” деди. “Кимки ақл изидан юрар экан, уни қўрқоқ дейилмайди, шунингдек, ботирман деб киши ўзини ўтга ҳам ташламайди”, деб жавоб бердим. Товуш эгаси такроран: “Мен сенга юқори чиқ, деб айтаман, шоту йиқилмайди”, деди. Мен эҳтиётлик билан оёғимни шотуга қўйиб кўрдум. Маҳкам эканига эътимод этгач, юқорига ўрлаб кетдим. Юқорироғда чап оёғимнинг қутулгон каби (эркин) иш кўрмаётганини сезсам ҳам, оғриқи борлиги маълум бўлмас эди. Аммо чап оёғимдан истифода қилмоқ мумкин эмас эди. “Ҳа, нимага тўхтадинг? Юқорига чиқмайсанми?” деб овоз келди. “Чап оёғим иш бермай қолди”, дедим. Товуш эгаси: “Чап оёғинг юқори чиқмоғингга монеъ бўлмайди, чиқавер”, деди. Мен унинг сўзи билан юқори чиқишга тиришдим. Чап оёғимни судраб бўлса ҳам, юқори чиқмоқ имкони бор экан. Бирдан ўнг қўлум иш бермай қолди. Тиришиб юриб, панжаларим иш бермаса ҳам, юқори чиқдим. Поялар тугади. Ҳалиги товуш: “Қанча поя чиққанингни биласанми?-деб сўради ва яна:-Билмаганинг яхши,- деб, илова қилди:-Шунинг ҳар пояси бир йиллик умрингга далолат қилади. То ҳаёт борсан, қадр-манзилатинг ошади, паст бўлмайди. Ҳамиша уламо ва аҳли фан ва шуаронинг кўнглини кўтариб, уларга эҳтиром билан муомала қилғил. Агар сенга душманлик қилсалар ҳам, хотирларини сақла, озор берма, ҳатто кофир бўлсалар ҳам риоят қил”.
Бу насиҳатларни товуш соҳибидан эшитгандан кейин уйғондим. Бугун шул кўрган тушумдан қирқ саккиз йил ўтгандур. Эмди у тушни яхши таъбир қилиб бераман.
Мен ушбу қирқ саккиз йил ичида тараққий қилдим. Кун сайин қудратим, давлатим ошиб борди. Дунёнинг зўравонлари менинг муқобилимда бошларини ерга қўйдилар. Бу қирқ саккиз йилда бир лаҳза ҳам қудратимдан, сарватимдан шикоятчи бўлмадим. Ишларим ўзум чоғлаганим каби илгарилади. Мана эмди Чин туфроғини фатҳ этмак учун азм қилдим. Худо хоҳласа, Чин мамлакатини бошдан оёғ тасарруф қилурман.
Чап оёғимнинг шоту устида ишдан қолишининг таъбири шундай чиқдики, бир майдонда қизиқ урушиб турганимда чап оёғим қаттиқ мажруҳ бўлди. Ҳозиргача оқсаб юраман. Ўнг қўлумнинг ишдан қолиши эса, Тўхтамишнинг урушида оғир яраланган эди. Ўша кундан буён панжаларим майли-хотиримга мувофиқ иш бермайди. Ҳозир ушбу саргузаштларимни ҳам чап қўлум билан ёзиб турубман. Ўнг қўлум билан қалам тутолмасам ҳам, қилич қабзасини яхши тутуб ишлатиб биламан. Чунки елкам, тирсагим, билагимда ноқислик йўқ. Ўшал тушни кўрганимдан қирқ саккиз йил ўтди. Бир юз етмиш икки бор захмландим. Аммо ҳаргиз оғриғидан инграмадим. Оғриқ сезилса ҳам, ноламни киши эшитмасун, деб тишимни тишимга қўюб турар эдим. Тушумдаги берилган башоратга кўра, уламоларнинг хотирларини сақлаб, шуаро ва аҳли фанни мусулмон ё кофир демай иноят қилур эдим. Шамсиддин Муҳаммад Шерозийдек мусулмон бўлатуриб муртад бўлган бўлсалар ҳам, иноятимдан маҳрум қолмас эдилар. (Ушбу таржимаи ҳолда бир неча жойда “муртад” ҳукми учрайди. Аммо бирон-бир шаръий далил келтирилмайди. Бу ҳақда махсус фатво мавжудми ё йўқми экани ҳам аниқ эмас. Шунинг учун, булар Амир Темурнинг шахсий муносабати бўлса керак, деган тахминдамиз. Т.М.)
Мен Шерозга дохил бўлганимдан кейин уламолар билан мажлис барпо қилмасдан бурун “Шамсиддин Муҳаммадни олиб келинглар, бир кўрай”, деб буюрдим. Бир оз фурсатдан кейин бир қария, бели букилган, бир кўзидан сув оқиб турган кишини ҳузуримга олиб келдилар. “Шамсиддин Муҳаммад Шерозий сен бўласанми?” деб сўрадим. “Бале, мен бўламан”, деб жавоб берди узоқ умр кўрган кекса киши. Мен унга: “Сен ғазалларингдан бирида айтибсанки:
“Худоро, мухтасиб, моро бо овози дафу най бахш,
Ки сози шаръ з-ин афсона беқонун нахоҳад шуд”.
(Кечургил, мухтасиб, Тангри чун овози дафу найким,
Шариат созини қонунсиз этмас бўйла афсона.)
Шоир Шерозий: “Бале, эй амири фотиҳ, мен ушбу шеърни айтган эдим”, деди. “Сен бу шеърингнинг динга иҳонат келтуришини биласанми?” дедим. Жавоб бердики: “Менинг қасдим динни иҳонат қилиш эмас, бу шеърдаги афсонадан муродим – даф ва найнинг овози эди. Даф ва найнинг овози аҳамиятсиз бир нарсадурки, диннинг арконларига ҳеч қандай тазалзул (зилзила) келтиролмайди, демоқчи эдим”. Мен унга: “Ундоғ эмас, бу шеърингда очиқдан-очиқ динга иҳонат қилгансан,-дедим-да, ундан сўрадим:- Ўз ашъорларингда ёдлаган Самарқанд, Бухорони кўрушга майлинг борми?” У менга қараб: “Эй амири фотиҳ, йигитлик чоғимда Самарқанд ва Бухорони кўриш орзуида бўлур эдим. Эмди қаридим, сафарга чиқсам, мақсадга етолмай ўлуб қолишим мумкин. Мабодо етиб борганимда ҳам, қайтиб гўзал юртим Шерозни кўролмай қолмоғим эҳтимоли бор”, деди. Мен: “Эй Шамсиддин Муҳаммад, сен Шероздан (француз таржимонининг изоҳига кўра Амир Темур “Шероз”ни “Сароз” тарзида ёзган.) бошқа жойни кўрмаганинг учун тасаввур қиласанки, Шероздан гўзал жой дунёда йўқ деб. Сенинг Шерозинг менинг Самарқандимга қараганда кичик, аҳамиятсиз бир нарсадир,-деди. Унга Самарқандни таништириш учун яна дедим-ки:-Самарқанд илгаридан тортиб дунёнинг гўзал шаҳарларидан эди. Мен уни яна ҳам гўзаллаштирдим ва дунёнинг обод шаҳарларидан қилдим. Масалан, сизларнинг Шерозингизда бир дона каттароқ Жомеъ ва олти дона масжидингиз бўлса, Самарқандда икки юздан зиёда катта Жомеъ масжиди бор. Ҳар қайси Жомеънинг ўртаси уч ёки тўрт гулхана билан безатилган, гумбазларининг устига тилло билан ой шакли қўндурилган. Шаҳар ёнидаги тепаликка чиқиб шаҳарни кўрсангиз, шаҳар жомеъларидан ташқари боғу бўстонларнинг яшнаб туриши билан жаннатни тамошо қилгандек бўласиз”. Аммо Шамсиддин Муҳаммад қарилигини пеш қилиб, ўз шаҳрини қўйиб, қолган умрини Самарқандда ўтқазишга рози бўлмади. Бу одам қолган умрини ўз шаҳрида кечуришни лойиқ топдим. Бу одам менинг назаримда муртад бўлса ҳам, унинг аҳволини фақирликдан чиқариб, фаровон ҳаёт кечирмоғи учун бир минг динор тилло бердим.
Илгари ёзиб ўтганим туш воқеасидан кейин то ҳозиргача донишманд уламо, шуаро, аҳли санъат, яъни, ҳунар одамларига мен тарафдан озор етмади. Ҳар вақт бир мустаҳкам шаҳарни қаҳр ва ғалаба билан тасарруф этсам, аҳли илм аҳли ҳунарни ўлумдан сақлашга амр берар эдим. Бирор ғалат билан бу одамларга азият етиб қолмаслиги учун шахсан ўзум муроқабада бўлур эдим. Баъзан бундай одамларни бир ерга тўплаб, уруш ҳаракатлари битгунча яхши сақлаб, кейин қўйуб юборар эдим. Ҳунармандларни эса, ҳар маконга борса бориб, яхши ҳаёт кечирмаклари учун ҳожатлари ижросида керакли бўлган моддий, маънавий ёрдамларимни аямас эдим. Уларга таъкидлаб, ҳар жойда бўлсалар ҳам бемалол рафоҳият билан (бахтли) ҳаёт кечирмоқларининг орзуинда эканлигимни билдирар эдим. Ҳунармандларнигина эмас, кофир бўлсун, мусулмон бўлсун – уламоларни ўзимга яқин тутар, ҳурматларини бажо келтурур эдим. Масалан, Султониядаги масиҳийларнинг усқуфи менга кўп носазо гапларни ҳам қилди. Бу одам илгари Наҳчивондаги арманилар пешвоси бўлуб турар эди. Кейинроқ Султонияга келиб қолган экан. Шу жойда ҳузуримга келди, кўрушдим. Муҳаббат билан кутуб, ўз ёнимга ўлтурғиздум. Уруш таъсири билан Султонияда емак ашъёлари камёблиги менга маълум эди. Бинобарин, унга ғазо (овқат) қўйдурдум. Емакни еб, қорнини тўйғузуб бўлгандан кейин миннатдорликнинг ўрнига носазо этиб бошлади: “Эй Амир Темур, сен, мусулмонман, Худога ақидам бор, деб иддао қиласан. Нима учун мунчалар қон тўкасан, Худонинг бандаларини ўлдурасан?” деди.
“Ҳар ким мусулмон бўлуб туруб диндан қайтган бўлса, Ислом динида буларни вожибул қатл (қатл этилиши шарт) деб биладур. Шунинг учун ўлдурдум ва ўлдураман”, деб жавоб бердим.
Усқуф яна сўради: “Сен Арманистонда бир мунча кишиларни ўлдуруб юбординг. Улар ҳам диндан қайтган ҳисобланадими?” Унинг саволига шундай жавоб бердим: “Улар мусулмон эмас, ҳарбий кофир эдилар. Улар мусулмонларга ҳийла-найранг қилиб, уруш очгани учун ҳарбий кофир деб аталадур. Қайси бир нарсаларни баҳона қилиб, мусулмонларга уруш очган кофирларни ўлдурмоқ лозимдур,- илова қилиб айтдимки:-Сен масиҳий бўлсанг ҳам, уламолар табақасидан бўлганинг учун сени эҳтиром қиламан. Агар уламо бўлмасанг эди, амрим билан кўзумнинг олдида терингни сўйиб олаб эдилар. Мендан бошқа жойда бир подшоҳни иҳонат қилган кишилар нима жазога учраганини ўзинг яхши биласан. Уламоликни ҳурмат қилганим учун сени кечирдим”. Усқуф ўзининг номуносиб равиясига менга узр баён қилди. Мувофақатим билан Самарқандга борди. Бир неча замон Самарқандда турганидан кейин қўлига нома бериб, Мағриб (Ғарбий Оврупо) ўлкаларидаги фаранг подшоҳларидан бирининг қошига элчи унвонида йўлладим.
Мен Бухородан қайтиб келиб бир муддат ўтуб эди, эшитдимки, Бухоро амири дўстларидан, Мовароуннаҳр амирларидан беш нафари муттаҳид (бирлашиб) бўлуб, юз минг қўшун тузуб, Самарқандга ҳамла қилиб, мени ўлдурмоқчи бўлубдурлар. Мен давлат ишларида, аскарий идора усулида, ўзумнинг шахсий ботирлигим, қўрқмаслигимда эътимодим бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳар бир куч-қувватдан қавийроғ (кучлироқ), ҳар бир мудаббирдан тадбирлироқ эканлигига иймоним комил эди. Ҳар бир оқил, гарчи аскарий қуввати зиёда бўлса ҳам, Аллоҳ таолодан имдод талаб қилмоғи ҳам эътиқодимдан эди. Олдимдан ўтган урушларда ҳам Аллоҳнинг менга берган ёрдамини билар эдим. Худодан бехабар, ўзига эътимод қилган мағрур авбошлар Аллоҳ таолонинг марҳаматидан баҳраманд бўлишга сазовор эмас эдилар. Аллоҳ таолога ҳар ишни тафвиз қилиш билан бир вақтда, муқобилдаги душманга лойиқ тадбир кўрмакни ёдимдан чиқармадим. Душманга душманча ҳаракатда бўлиш учун фикрлар қилдим.
Ақлу фикримча, ул беш нафар амирнинг юз минг қўшунни ҳозирлаб Самарқандга ҳужум қилишидан илгари ёлғуз ҳолинда фойдаланиб, айрим-айрим нобуд қилмоғим керак эди. Шунга тездан қарор бердим ва Самарқанд ҳукуматини Шер Баҳодир деган мўътамад (ишончли) афсаримга топшуруб, ўзум қўшунга бош бўлуб, Жайхун канорида Термизга етиб келдим. Жайхун дарёсининг тошқин ватқи эди. Туғён қилиб турган дарёдан от билан эмас, фил билан ҳам ўтиш мутааззур эди. Канорда кема, қайиқ кўрунмади. Қўшунда эҳтиёт учун кема-қайиқлар ҳам бошқа лавозимотлар қаторида ҳозир турмоғи лозим эканлигини ўша ҳолда пайқадим. Хусусан, Мовароуннаҳрда бу каби дарёлар кўп бўлгани учун қўшунга муҳим зарурат эканлиги аниқланди. Турган жойимдан Шер Баҳодирга хат ёздим. Тезлик билан қўшунни от ва лавозимотлари билан дарёдан ўткузадурғон салоҳияти бор қайиқлар ясатиб юборишни таъкидлаб амр қилдим вақўшумча қилиб, қайиқлар парча ҳолинда дарё бўйига аробаларда келтурулуб, сўнгра қурулуб дарёга солиш назарда тутулсун, деб таъкидладим. Дарё бўйида узоқ туруб қолишни маслаҳат деб билмаганим учун сарбозларни дарё бўйлаб шимол ва жанубга юбордим ва қайси жойда қайиқ, кема кўрунса, Термизга юборилишини буюрдим. Тез кунда аскарларни дарёдан ўтказишга лойиқ қайиқлар жамланди. Вақтни қочирмасдан бир куннинг ичида бутун аскарни дарёдан ўтказдим. Ундан суръат билан ҳаракат қилиб, менга қарши Самарқандга ҳамла қилмоқчи бўлганларнинг бири бўлмиш Амир Ғазонфар устига қараб йўл олдим. Ҳануз мен унинг ерига қадам қўймасданоқ вақтни ғанимат билиб қочган экан. Унинг ташлаб қочган мол-амволлари – от, мол, қўйлари, хайма-хиргоҳларини забт қилдим. Унга тобеъ бўлганлар менга қарши салоҳ кўтармаганлиги учун қон тўкмадим.
Иккинчи мархаларда (давр) амир Лиик Тутун ғукм сурган минтақага бордим. Бу ҳам ўша беш кишилик иттифоқнинг бири эди. Аммо мусулмон эмас эди. Амир Лиик Тутуннинг аскари тўрт минг нафар эди. Менинг ҳам аскарим тўрт минг нафар бўлса ҳам, Чингизнинг усулича, ҳар бир аскарга бир донадан етак от берган эдимки, суръат билан аскар юргузишда бу усулнинг фойдаси маълумдур. Баъзи урушларда муқобилимдаги душман менинг узоқда эканимни назарда тутуб, ҳисобда ҳам озғошиб қолади. Мен от алмаштириб юргузиш билан ғофил турган душманнинг устига бориб қоламан. Душман афродлари маънавиятларини йўқотиб мағлубиятга учрайди. Шу ҳақда ўтган бир мисолни арз этаман:
Бир вақт Хуросон пойтахти бўлмиш Сабзавор ўлкасини тасарруф қилмоқ қасдида Бухородан йигирма кунда Сабзаворга етиб бордим. Чунки бу узун йўлни кеча-кундузлаб от алмаштириб босганим учун ғайри мунтазира (кутулмаган) воқеа бўлди. Сабзавор қалъасидан ташқари қишлоқлардаги ўтроқлар шаҳарга ўзини ололмай ҳам қолди. Бухородаги усулим бўйича, Сабзавор шаҳар қалъасини буздурдим.
759 ҳижрий йили 22 зул-ҳижжада амир Лиик Тутуннинг аскарлари билан менинг аскарларим орасида уруш бошланди. Тўрт минг кишилк қўшунимдан етак отларни орқада сақлаб туришга икки юзини чиқарган эдим. Ўзим қолган уч минг саккиз юз кишилк қўшун билан амир Лиик Тутунга ҳамла қилмоқчи эдим.
Жангчилик усулида аскарнинг турган жойи тўрт томондан қўққус келиб қоладурғон душманнинг ҳужумидан чиқа оладургон жойда бўлиши лозимдур. Аскарим билан ҳиёлатнинг ўрни бир жилға орасида бўлуб, аскарни истаган жиҳатларимга йўллаш имкони бор эди. Сўнгра бўладурғон уруш режасини тузуб, язнам (поччам) Ҳусайнга беш юз аскар бериб, ҳарбий тадбир нуқтаи назариндан тубандагича топшириқ қўйдим: “Сен уруш қизиган вақтда аскарларинг билан бир тарафга қараб қочасан. Сени қувлаб чиққанлар ўз тўдасидан айрилгандан кейин қийғоч уруб (қайрилиб) душманни ўққа тутасан. Ундан кейин ўзингни душманнинг орқа сафига урасан”.
Қолган зобитларимга буюрдим: “Аскарларимиз душман отлиқларини пиёда қилиш учун найза билан уларнинг отларини ўлдуришга киришсун. Душман пиёда урушмоққа мажбур бўлсун”. Чунки уруш майдонида отлиқлардан кўра пиёдаларни тезроқ мағлуб қилиш мумкин бўлур эди. Биз бу урушда душмандан ғанимат оладургон отлардан маҳрум бўлсак ҳам, душманни тамом мағлуб қилиб, ғалаба қозонмоқ ундан муҳим эди. Таълимотимга мувофиқ, аскарларим душман отлиқларига найза билан ҳамла қилиб, кўп отларини нобуд қилиб турган пайтда язнам Ҳусайн бир тарафга қараб қочиб берди. Мен уни қувлаш учун амир Лиик Тутун икки юз аскар юборар, деб тахмин қилган эдим. Қарасам, Ҳусайннинг орқасидан қарийб бир минг отлиқ қувлаб кетди. Биз эса жиддият билан душман отлиқларига қилган ҳамламизни бўшатмадик.
Эй ўқиғувчи, агар сен марди майдон бўлиб, уруш кишиси бўлсанг, биласанки, урушда душманнинг отига ҳамла қилиб, нобуд қилмоғлик қўрқоқлик, номардлик эмас. Уруш қайси тариқа билан бўлса, душманнинг бир томонини ожизлатмоқ билан ғалаба қозонмоқдур. Пиёда аскарни забун қилмоқ отлиқ хасмни йиқитмоқдан осонроғдур. Пиёда қолган аскар қочиб ҳам қутула олмайдур.
Душман пиёдаларини маъдум қилиш учун мансабдорларимдан Нусратли исмли бирини юз киши билан юбордим. Ярим соатдан кейин кўрсам, Нусратли сарбозлари билан амир Лиик Тутуннинг пиёдаларини пода сургандек қувлаб юриб ўлдурар эдилар. Ўзларини қандай мудофаа қилишни билмай қолган пиёдалар ваҳшатли дод-фарёд билан қочар эдилар.
Менинг отлиқларим кўзига чумолича кўринмай қолган душманга омон бермай, етган жойида қилич ёки найза билан ҳалок қилур эдилар. Мен шу майдонда ҳарби ишни бажариш лаёқатимни синовдан ўтказур эканман, ёлғизгина ўз лаёқатим туфайлидан нусрат қозонган бўлмай, муқобилимдаги душманнинг лаёқатсизлиги ҳам менинг зафар топмоғимга ёрдамчи бўлганини билдим. Бундан ташқари, душманнинг ўрунсиз шуҳратига, ваҳимали ва донгдор исмлари билан чиқарган овозаларига ҳам алданмаслик керак эканлигига тушундим.
Амир Лиик Тутун ҳам Мовароуннаҳрнинг донгдор амирларидан бири эди. У ҳар вақт отга минган чоғида, унинг эҳтироми учун тўққуз қўтоснинг думи боғланган аламни (байроқни) эҳтизозга келтурур эдилар. Амир Лиик Тутун ўзини турк салотинларининг аслзодаларидан деб иддао қилиб, ўзидан бошқа эл-улусга аҳамият бермас эди. Бу киши шунча гердайиб: “Ана ва ла ғойрий” (Мен, мендан бошқа эмас!”, дегани билан, қўшунларига уруш фанларини таълим беролмаган лаёқатсиз, шуҳратпараст бир амир эканлиги равшан бўлиб чиқди.
Масалан, менинг отлиқ аскарларим унинг пиёдалари устига ҳамла қилиб борганда, улар қандай қилиб ўзларини мудофаа қилиш усулини билмай, отлиқларнинг олдига тушуб, сайёдга учраган товушқон галасидек қочар эди. Улар отлиқларнинг ҳужумидан сақланиш учун бир ерга йиғилиб, найзаларини қўлларига тутган ҳолда мудофаа шаклини кўрушлари керак эди. Амир Лиик Тутуннинг пиёдаларини кўруб, бу урушда ғааба қозонмоғимга кўнглим гувоҳлик берди. Нимага деганда, муқобилимда урушиб турган кишилар нотавон, қўрқоқ, хотун киши сифатли эди.
Эй менинг саргузаштимни ўқуғувчилар, бу ҳақиқатга тушуниб олингларки, ҳар қачон сарбозлар майдондан қочганини кўрсангиз, бошлиғининг нолойиқ, қўрқоқ эканининг аломатидур. Сарбоз деган қўмондоннинг намунасидур. Қўмондоннинг нақадар лаёқатга эга эканлигини кўрсатгувчи бир кўзгудир. Лаёқатли, ботир қўшун бошлиғининг қўл остида қўрқоқ, лаёқатсиз сарбоз бўлмас ва бўлмоғи амри маҳолдур. Амир Лиик Тутун умрини еб-ичиб, айш-нўш билан ўтказмай, қўшунни яхши тарбия қилганида, қўшуни бу шаклда тор-мор бўлмас эди. Мен бу майдондан яхши ибрат олдим. Билдимки, аскар тарбиясида бепарво бўлмай, имкон борича жиддийлик кўрсатмоғим керак экан. Амир Лиик Тутун қўшунидаги нотавонлик у амирнинг танбаллиги натижасидур деб тушундим. Уруш тугагандан кейин Нусратлига буюрдим, ҳар куни намози бомдодни ўқуб бўлгандан кейин ушбу байтни баланд овоз билан ўқуғой:
“Набинад ду чашмам бажуз гарди разм
Харом аст бар жон ман жоми базм”.
(Агар кўрмас икки кўзум гарди разм,
Ҳаром ўлғуси жонима жоми базм.)
Язнам Ҳусайн лашкарлари ҳам ўз вазифасини яхши тугатиб, бизга келиб қўшулди. Мен агар амир Лиик Тутун сарбозларининг бу қадар нотавонликларини билганимда, уни овора қилиб, бу вазифага буюрмас эдим. Ҳусайн қайтиб келиб, амир Лиик Тутун қўшунининг орқасидан ҳамла қилгандан кейин, душман қўшунига майдон тор бўлуб қолган эди. Аммо Ҳусайн шу жангда ўлди. Унинг жасадини майдондан чиқариш билан Самарқандга элтиб дафн қилишга буюрдим. Ҳусайннинг унумли хизматидан бири шу бўлдики, душманнинг орқасидан ўраб, қочишга изн бермади. Агар тўсулуб қолмаганида, душман аллақачон қочиб жон қутқазмоқ кўйига тушар эди. Амир Лиик Тутун қорачгина келган, қирқ ёшларда, зирҳ (темир кўйлак) кийиб, бошига мағфар қўйиб олган бир киши эди. Менинг ҳам мағфарим бор эди, аммо зирҳ киймаган эдим. Унинг ўрнига хафтон (совут ости тўни) кийиб олган эдим. Мен зирҳдан кўра хафтонни муносиб тутаман, чунки бир неча урушда зирҳни тешиб юборган бўлсам ҳам, хафтонни тешолмаганман. Тажрибадан маълум бўлдики, хафтон баданни қилич ва найза зарбидан сақланишига қобилиятли эди.
Урушнинг давом этмоғига боис – ҳали амир Лиик Тутун ёнидаги сарбозлари билан уруш бошида бор эди. Ёнимдаги мансабдорларим ва сарбозларим билан амир Лиик Тутунга яқин борганимда туркий тил билан: “Ў йигит, ким бўласан, отинг нима?” деб баланд овоз билан сўради. Мен форсий тил билан “Маро мо мимон номи марги кард”, дедим. Амир Лиик Тутун туркий тил билан: “Нима деганингни билмайман”, деди. Мен туркий тил билан юқоридаги мисраъни: “Онам қўймиш исмимнинг маъноси сенга ажалдир”, деб таржимасини билдирдим-да, отнинг юганини тишлаб, иккала қўлимга қилич олиб ҳамла қилдим. Амир Лиик Тутун атрофидаги сарбозлардан бир қанчаси шу биринчи ҳамладаёқ нобуд бўлди. Мен ўзумни унга яқинроқ еткузуб бордим, унинг атрофидагилар менгабир неча қайта каманд ташлаган бўлсалар ҳам,камандларини қиличлаб, кесиб ташладим. Амир Лиик Тутун бўлса, ўша нотавон сарбозларидек бир қўллаб қилич чопар эди. Мен амир Лиик Тутуннинг зарбасини чап қўлум билан қайтариб, ўнг қўлумдаги қилич билан ўзини чопиб юбормоқчи бўлдум. Лекин у кийган зирҳ билан мағфари зўр монелик бериб турар эди. Бироқ уни чап қўлумдаги қиличга машғул қилиб туруб, ўнг қўлумдаги қилични бир силтаганимда бир оёғи кесилиб тушди-ю, ўзи отига энкайиб қолди. Иккинчи зарбим унинг чап қўлини кесиб тушди. Амир Лиик Тутун ўзини от устида тутолмай, ерга йиқилиб тушди. Ёнимдагиларга буюрдим: “Атрофга эълон қилинглар, амирнинг ўлганини билсалар, уруш тезроқ тугайди”. Амирлари ўлганидан хабар топишгач, сарбозларда ваҳшат пайдо бўлуб, майдонни ташлаб қоча бошладилар. Қочганларни тутушга аскар йўлладим. Ҳануз пешин намозининг вақти бўлмай туруб, уруш ҳам тугади.
Уруш кийимларимни ечиб, пешин намозига таҳорат олдим. Ўша вақтда кўчма масжидимни қурдиргоним йўқ эди. Намозни ўқуб, бу фатҳни осонлик билан муяссар этган Аллоҳ таолога шукрлар қилдим. Бу урушда менга қарашли мансабдор ва сарбозлардан беш юз йигирма киши ўлди. Бунинг натижаси ўлароқ, Мовароуннаҳр умароларининг менга қарши тузган иттиҳодларини ўз жойида барбод қилиб юбордим ва бундан кейин ҳам менинг зиддимга иттиҳод тузишга ботина олмайдигон қилиб қўйдим.
Урушдан қайтиб, Самарқандга борганимда, икки муҳтарам киши Самарқандга келди, деб хабар беришдилар. Уларнинг не ерлик эканликларини сўрадим. “Чап қўл ўлкаларидан эмиш” деб жавоб бердилар (Форсий мутаржим изоҳи: Ўша замонларда “Чап қўл” деб Сурияни, “Ўнг қўл” деб Яманни киноя қилур эдилар). Шунингдек, уларнинг бири Шом (Дамашқ) шаҳрида, яна бири Халабда сукунат қилур эканлар. Буларнинг бири Камолиддин деб аталган ва яна бири Арабшоҳ деб танилган кишилар эди. Буларнинг фарзандлари менинг ҳақимда китоб ёзар, деб хаёлимга ҳам келмас эди. Камолиддиннинг ўғли Низомиддин менинг воқеаларимга тааллуқ “Зафарнома” деб китоб ёзган бўлса, Арабшоҳнинг ўғли “Ибни Арабшоҳ” деб шуҳратланган киши “Ажойибул мақдур фи навоиб Темур” деб бир китоб ёзган эмиш. Ҳануз тугатмабдур. Шахсан ул китобни кўрганим йўқ, фақат номини эшитдим. (Мазкур китоб ўтган асрнинг охирги чорагида ўзбек тилида нашр этилган. Айрим тарихчи олимлар бу асарда нохолис баёнлар борлигини қайд этганлар. Т.М.) Бугун ёшим етмишга борганда тамом воқеаларни кўз олдимда кўраман. Бу икки мусофир донишмандлар 765 ҳижрий йили жумадус-сонийда Самарқандга келган эдилар. Фарзандлари ҳам йўқ эди. Фақатгина чап вилоят уламоларига мансуб эдилар. Уларни айрим-айрим ўз наздимда таом емакка даъват қилдим.
Аввал халаблик Камолиддинни таклиф қилдим. Ҳузуримга кирганда эҳтироми учун ўрнимдан туруб бориб кўрушдим. Қўлидан тутуб, мажлиснинг тўрига ўтқуздум. Таомдан сўнг унинг илмий савияси на қадар эканлигини билмак учун: “Нуҳ тўфони қайси вақт бошланиб, қачонғача давом этди?” деб сўрадим. Камолиддин жавоб берди: “Нуҳ тўфонининг бошланиши билан тугаши тарихи маълум эмас. Аммо бир курур (ўн миллион) сана давом қилган эмиш”. “Бу узоқ йиллар ичида Нуҳ алайҳиссалом билан бирга ҳайвонлар ҳам баробар яшадиларми?” дедим. Камолиддин жавоб берди: “Нуҳ ва унинг кемаси ва зикр этилган жониворлар бир урфоний масъаладур. Нуҳ бу узун саналар узлуксиз ёмғир ёғиши билан ҳаёт кечиролмас эди. Нуҳ ва ҳайвонлар ҳаёт кечирар эди, демакдан мурод – Аллоҳ таоло инсон ва ҳайвонларни сув билан туфроғдан халқ қилди, демакдур”.
Камолиддиннинг фаҳмига офарин дедим. Чунки мен бу масъалани Абдуллоҳ Қутбдан эшитиб билган эдим. Камолиддин хулосасида Нуҳ тўфони узоқ муддат ёққан ёмғурдан иборатдур, ҳозирги кўруб турганимиз денгиз, муҳитлардан ҳам кўпроқ ер юзи сув бўлуб қолди. Яна узоқ йиллар ичида ўша сувларнинг туфроқ билан босилиб кетиши натижасида ер юзига қуруқлик, жазира ва ярим жазиралар пайдо бўлди, деган маъно чиқар эди.
Бундан кейин Арабшоҳни таомга чақирдим. Емакдан кейинги суҳбатда “рижолул ғайб” устида баҳс олиб бормоқ учун: “Рижолул ғайб кимлар, улар уч юз эллик уч ададдан ошмас, кам ҳам бўлмас, дунё аларнинг вужуди билан қоим эмиш. Улар йўқ бўлсалар, дунё ҳам ўртадан йўқ бўлар эмиш. Шу гаплар ростми, тўғрими?” деб сўрадим. Арабшоҳ бундай сўз бошлади: “Эй Амири Самарқанд ва Бухоро, рижолул ғайб истилоҳи (атамаси) авомун-носнинг (авом халқнинг) фаҳмига яраша тушунтирмоқ учун вазъ этилган калимадур. Мурод эса, кўзга кўрунмаган моддаларнинг ишоратидур. Бу моддаларни авомга тушунтирмоқ учун авомнинг илмий савияси бўлмоғи лозим келадур. Шунинг учун “рижолул-ғайб” деб қисқа жумлалар билан иқтифо этилгандур. Аслан бу уч юз эллик уч адад инсон кўзига кўринмаган Аллоҳнинг махлуқотларидур (Изоҳ: бу кунда аносирлар “атом”, “молекула” деб таъбир этаётган моддаларни “қувват”, “рижолул ғайб” деб тушунганлар).
(Давоми бор)
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari |