Яхши одамлар

Sunhonqul_OripovДид ва қобилият соҳиби эдилар

Қўлимга қалам олиб, юракдаги оғриқли дардларимни оқ қоғозга туширишга аҳд қилдим. Гўё шамолдек елиб ўтган қимматли умрингизнинг ёрқин хотиралари битилган дафтарингизни ўқиб, хаёллар уммонига чўмдим. Сиз ҳақингизда ёзаяпману, қуйилиб келаётган кўзларимдаги ёшлар тўхтамайди. Тириклигингизда сиз билан самимий суҳбатлар қура олмаганим бир умрлик армон бўлиб қолди. Агар бугун ҳаёт бўлганингизда 80 ёшни қарши олар эдингиз… Ушбу номаларимни ёрқин хотирангизга бағишлайман.

Вақтни оқар сувга, ҳаётни эса синов майдонига қиёс қиламиз. Инсон эса бу фоний дунёга синов учун келади ва умри давомида кўплаб тўсиқларга учрайди. Албатта, бу машаққатларни енгиб ўтиш осон эмас. Одамийлик даражасидан комил инсон бўлгунча, хайрли ишлар қолдириш мақсадида бутун умрини меҳнатга бағишлайди. Ана шундай инсонлардан бири марҳум Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Субҳонқул Орипович Орипов эдилар.

Бугунги кунда фахр-ифтихор билан айтишим мумкинки, юртдошларимиз яқиндан танийдиган, тан олиб, ҳурмат-эҳтиром ила тилга оладиган, истеъдодли, қўли енгил шифокорларимиз кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай шифокорларимизнинг эл назарига тушишида Субҳонқул Ориповдек устозимизнинг ҳиссаси каттадир.

Истеъдод – аввало дид ва қобилият. Бу фазилат ҳар кимда ҳар хил. Лекин шундай инсонлар борки, ушбу тушунчанинг ноёб эгалари бўладилар. Истеъдод инсон қалби ва онгининг жуда ноёб бойлиги бўлгани учун унинг таърифига сўз топмоқ қийин.

Шоирона истеъдод – бу бир қараганда оламга ҳайрат кўзи билан боқиш, бир қараганда эл дардига ошно бўлиш. Устозим Субҳонқул Орипов ана шундай истеъдод эгаси, шеърият ва адабиёт у кишининг жону дили эди. Таҳририятимизга ишга келганларидан бир неча кун ўтгач, газетамиз хусусида гаплашганимизда у инсонда нафақат тиббиёт, балки журналистик қобилият ва адабиётга бўлган иштиёқ нақадар юксак эканлигига амин бўлдим. Шу тариқа 2 соат давом этган суҳбат чоғида устозимдаги ажойиб фазилатлар у кишининг камтарин инсон эканликларини намоён эта олди. Улар истеъдод ҳақида гап кетганда шундай деган эдилар: “Қизим, ҳар бир нарсага нур берадиган бу – истеъдод шами”.

Айниқса, Навоий, Рудакий, Ҳофиз, Фузулий, Саъдий Шерозий каби буюк мутафаккир, маърифатпарвар шоирларимизнинг ижодларини ҳурмат билан тилга олардилар. Бу ўринда буюк бобокалонимиз Ҳазрат Навоийнинг ўзига замондош бўлган шоирларнинг байтларини йиғиб, “Мажолис-ун нафоис” тузганлигини ва унутилишга маҳкум бўлган девонларнинг ҳам дурдоналарини олиб авлодлар мулкига айлантирганлигини, таърифига сўз ожиз бўлган “Хамса” достони нечоғлик қимматга эга эканлигини гапириб, “Фарҳод ва Ширин” достонидан ушбу образлар монологини ёддан ўқиб берганларида устозим халқ донишмандлигининг номдор намуналарига бўлган ҳурматлари улардаги истеъдоднинг ёрқин шуъласи эканлигини кўрсатиб турарди. Дарҳақиқат, бундай истеъдод устозда қандай шаклланди? Субҳонқул Орипов таваллуд топган гўзал Қўқон шаҳрида адабиётимизнинг буюк вакиллари Муқимий, Фурқат, Гулханий, Амин Умарали, Чархий, Собир Абдулла, Жавдодийлар ҳам худди шу заминда туғилиб, ижод қилганлар. Яна бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб биламанки, улар ўқиган даврларида, яъни тиббиёт институтларида кўплаб фанлар рус тилида олиб борилар эди. Лекин устоз рус тилини ҳам, ўзбек тилини ҳам шундай ўрнига қўйиб, равон гапирардиларки, икки тилни бир-бирига чатиштирмас эдилар.

Устозим Субҳонқул Орипов билан уч йил давомида бирга ишлаб, улардан кўп нарсаларни ўргандим. Тўғри, менинг асосий касбим журналист, устозим эса тиббиёт ходими эдилар. Гар тиббиёт ходими бўлсалар-да, юқорида айтиб ўтилган фикрларга ҳар биримиз амин бўлдик. Вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида хизмат сафарида, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигига иш юзасидан борганимда, ҳар бир тиббиёт ходимининг Субҳонқул Орипович ҳақида мамнуният билан гапирганликлари ва тўла ишонч ила устозим бўлган эдилар, деган сўзларига гувоҳ эдим. Эндиликда, фикрларимни жамлаб, обдон ўйлаб кўрсам Субҳонқул Ориповичнинг охирги шогирдлари эканман. Бу билан ҳақли равишда фахрланаман. Халқимизда шундай бир ажойиб гап бор: “Отанинг, устознинг муқаддас вазифаси фарзанд, шогирд қалбига ҳақиқат уруғини экмоқдир. Зеро, домла ана шундай ота ва устоз эдилар. Оилада аёлнинг ўрни бўлакча деганларидек, Субҳонқул Ориповичнинг эл назарига тушишларида рафиқалари Тамара Орипованинг ҳиссалари катта бўлган. Доимо халқ саломатлиги ташвишида бўлган раҳбар, ташкилотчи билан тил топишиб яшашнинг ўзи бўлмайди. Бу орада фарзандларни тарбиялаб вояга етказишчи? Фаолиятлар, илмий изланишларчи? Буларнинг барча-барчаси Тамара опадаги сабр-тоқат, эътиқод, оилага бўлган вафодорлик нақадар кучли эканлигини кўрсата олган.

Субҳонқул Орипов бутун ҳаётларини шарафли, аммо масъулиятли бўлган шифокорлик касбини улуғлашга бағишладилар. Бутун умрлари давомида халқнинг саломатлиги йўлида фидойи меҳнат қилиб, ҳалол хизматлари билан элнинг назарига тушдилар.

73 ёш. Ҳа, ана шундан 47 йили тиббиётга бахшида этилган умр бўлди. Бу йиллар давомида тиббиёт тизимида устозимиз кўплаб нуфузли ва савобли ишларга қўл урдилар. Шунингдек, 200 дан ортиқ илмий-тадқиқот ишларини яратиб, долзарб мавзулардаги назарий ва амалий масалаларни ёритиб бердилар. Субҳонқул Орипов умрларининг сўнгги дақиқаларигача Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш – Здравоохранение Узбекистана” газетаси бош муҳаррири лавозимини изчиллик билан бажариб келдилар. Устозда журналистик иқтидорнинг ўзига хос қирралари бор эди. Айниқса, газетанинг билим савияси ва мавзу доирасини кенгайтириш, ғоявий-сиёсий таъсирчанлигини ошириш, полиграфик безатилишини янада яхшилаш борасида тинимсиз изланишлар олиб бордилар. Бозор иқтисодиёти шароитида газетани молиявий таъминлаш, жамоа ходимларини ижтимоий ҳимоялашда ҳам жонкуярлик билан фаолият юритдилар. Ғоят оқкўнгил, жонкуяр, меҳрибон, камтар, олижаноб фазилатлар соҳиби Субҳонқул Орипов жамоадаги ходимларга фақат тўғриликни, ҳалолликни, меҳнатсеварликни ўргатдилар. Ажойиб инсон, устозимиз Субҳонқул Орипович ташкилотчи раҳбар сифатида ўзларидан эзгу ном қолдирдилар.

Куни кеча орамизда бўлган ўзларининг дилкаш суҳбатларию, салобатлари билан даврага файз бериб турган инсон бир лаҳзада тарихга айланиб қолди. Ақлга сиғмайди, кўнгил кўника олмайди. Қалблар унсизгина йиғлайди. Самимият ила берган панду насиҳатлари хотирамиздан кетмайди. Меҳрибон устозимизнинг йўқлигига ишонгимиз келмайди. Бу буюк заминда улуғ инсонларнинг кўпчилиги яшаб ўтди. Субҳонқул Орипов ҳам ана шундай инсонлар сирасидан бўлиб, бетакрор бир сиймо, чуқур иқтидор эгаси эдилар.

Устозимнинг менга охирги маротаба айтган байтлари бир умр ёндош бўладиган қурол бўлиб қолди:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ.

Мен ўз сўзларимга якун ясар эканман, шоир Мақсуд Шайхзоданинг қуйидаги шеърий мисрларини хулоса сифатида келтирмоқчиман:

Дўстлар яхшиларни авайлаб асранг,

Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,

Уни тиригида бир соат йўқланг.

Ҳа, азизлар, шеърнинг мазмун-моҳиятига эътибор бердингизми? Демак, биз яхшиларни авайлаб-асраяпмизми, улардан меҳримизни дариғ тутмаяпмизми? Шу ҳақда ҳам чуқур ўйлаб, бир-биримизнинг қадримизга ҳаётлик вақтимизда етиб юрганга нима етсин.

Ибодат СОАТОВА.

Таржима ҳол

1930 йил – Орипов Субҳонқул Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилди.

1950 йил – Самарқанд Давлат тиббиёт институти талабаси.

1956 йил – Саратов академиясининг ҳарбий тиббиёт факультети битирувчиси.

1956-1958 йиллар – Эстониянинг Таллин шаҳрида ҳарбий хизматчи ва ҳарбий врач.

1958-1963 йиллар – Самарқанддаги госпиталь-терапия клиникасида ички касалликлар ординатори, аспиранти ва ассистенти. 1963 йил – Самарқанд шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори.

1965 йил – Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлим мудири.

1971-1972 йиллар – Самарқанд вилоят ижроия қўмитаси раиси муовини.

1972 йил апрель ойидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 4-Бош бошқарма бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазири муовини.

1979-1981 йиллар – Соғлиқни сақлаш вазири.

1981-1986 йиллар – Самарқанд тиббиёт институти ректори.

1986 йил – СамДавТИ врачлар малака ошириш факультетида ижтимоий-гигиена кафедраси мудири.

2000-2003 йиллар – “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш – Здравоохранение Узбекистана” газетаси Бош муҳаррири.

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek and tagged . Bookmark the permalink.