Малоҳат Эшонқулова

malohat«ЭЪТИРОФ»ГА ЭЪТИРОЗ…

Бизда нима бисёр, элни андармон қилиб қўйиш учун аврайдиган тадбирлар бисёр.

Бизда нима сероб, унвону нишонлар сероб.

Бизда нима мўл, ўша унвону нишонларни топшириш “тўй”лари мўл.

“Орден”ларни олуш учун обру талашган иқтидорлар унданам кўп….

Кишининг иқтидори, меҳнатини тан олиш, олқишлаш яхши албатта. Бу жамият юксалишининг калити.

Фақат… фақат ўша тақиладиган нишон ўзининг ҳақиқий кўксига қадалса, ростакам салоҳият соҳибини сийласа, савоб бўларди, жамият ривож топарди….

Мени нуқул “тирноқ ичидан кир кидараркан-да”, деманг.

Очиғи, яқингинада Ўзбекистондаги телеканалларни зир титратган “Эътироф-2014”ни кузатарканман, менинг ҳам энсаларим эстрада бўлиб кетди!

Кўп узоққа бориб, бир талай мисоллар келтириб, бошингизни оғритмайман.

Эътиборингизни “Эътироф”нинг биргина жабҳасига қаратаман:

Ҳар галгидек, бу “тўй”да ҳам хонандаларнинг йўли бўлиб қолди.

Эплаб ҳиргойи қиладигани ҳам саҳнада, эчкидек маърайдигани ҳам ўртада!

Йўқ, мен бугунги ёшларнинг савиясига ҳечам тушунмайман.

Айниқса қўшиқларини эшитса, (агарда, эшакдек ҳанграшни ҳиргойи деб аташ мумкин бўлса), қизлар сунбул сочларига ўзларини “осиб” қўядиган “Болалар”, “Божалар” деган бемаъни гуруҳ “хонанда”ларининг “чинқириқлари”ни ҳечам ҳазм қилолмайман!

Ҳойнаҳой “замонавий қўшиқчилик санъати”дан минг масофа олисларда қолиб кетган бўлсам керак-да!

Одатда, илгариги хонандилар қўшиғида ҳис-туйғу, дард деган нарсалар бўларди. Овозларида шира бор эди.

Ҳамма хонандалар ашула деганини оғзи, қалб қўри билан айтса, Тоҳир, Жаҳонгир деган “артист”ларимиз кети билан айтадими-ей, нуқул бақир-чақир қилиб, ичи қотиб қолган болакайдек зўўўўўр бериб кучангани кучанган.

Лол бўлган жойим, кучаниб қўшиқ айтиш Ўзбекистонда урф бўлганми дейман, нима бало, аксига олиб, айнан шу болакайлар “тадбир” деб аталмиш “тўда”нинг қироли!

Энсани қотирганлар иккита эди, учтага кўпайибди: бир қўшшиқчи қиз ҳисобига.

Шунақанги додлайдики, қўшиқ айтаяптими, садр тушаяптими, англаш қийин!

Ҳойнаҳой, ўзи тушунмайдиган тилда – ўзбекчада айтган сўзларининг мазмунини ўзгалар тугул,ҳатто ўзи ҳам мағзини чақа олмаса керак. Гоҳида бўғзига пичоқ тортилган хўроздек хириллаб ҳам қолади… Билмасам, ҳозир қўшиқни шунақа, тушунарсиз, “секретный” қилиб айтиш “мода” бўлса керак-да!

Номлари нима эди-я!

Ҳа, эсладим: Мунисахон!

Очиғи, қўшиқчи қизимиз кўркам. Мимикаларига, жон олар кўз қарашлари, қадду қомати, оҳангга монанд эшилишларига гап йўқ. Ўзим ҳам яхши кўраман уни… Ҳавас қилса арзигулик қиз! Гоҳида “Қанийди менам қизча бўлиб қолиб, “қийпанглаб” юрсам” дея кўнглим ҳам кетиб қўяди гоҳида… Актрисалик қобилиятига ҳам тан бераману… Шу… қўшиқчилигидан кўнглим тўлмайди-да!

Аксига олиб, айнан шу қиз “Йилнинг энг яхши аёл қўшиқчиси” совринига соҳиба бўлса бўладими? Ана эътирофу, мана эътироф!

Йўқ, йўқ, менингдек қўшиқчилик санъатдан узоқ бир қишлоқ аёли ҳеч нарсани тушунмади, ўзингиз менгинага уқтириб қўйингиз, илтимос, Президентимиз томонидан жорий этилган “Эътироф”га эришиш учун қўшиқчида кўпқаватли меҳмонхона, сармоя бўлиши муҳумми, ё салоҳият муҳимроқми?

Шубҳалар исканжасида эзилиб кетдим-ку:

Нима, “Эътироф” дегани мамлакат раҳбари Ҳакам аталмиш ҲОҚОНларга инъом этган кунда қаймоғу-қатиқ берадиган соғин сигирми сизга, а?!…

 

%d bloggers like this: