Парижда содир этилган қотиллик (террор) оқибати карахтлигидан чиқиш учун анча вақт керак бўлди. Шу ўтган уч кун ичида нада уйқу, нада ҳаловат топдим. Бундоқ кузатсангиз, ҳамма ёқда бўлиб ўтган қаттол қотиллик турлича талқин қилинмоқда, муносабатлар билдирилиб, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабабчи бўляпти.
Мусулмон динида бўлмаганлар нималар ёзишяпти айтмай қўя қолайлик. Ўзимизнинг мусулмон биродарлар нималар, дейишяпти? Камдан-кам ҳолатда ҳайратланадиган мендайин одамнинг ақли етмай қоладиган гаплар. Ислом дини бобида камина саводсизман. Илм аҳли билан тортишишга уқувим йўқ. Лекин ота-боболаримиз, онажону момоларимиз айтишган ва муқаддас китоблардан ўқиб беришган ҳикматлар, донишмандона гаплар болалигимиздан қулоққа қуйилиб қолган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалаҳу алайҳи ва олиҳи вассалам ҳаётлик чоғларида ҳам турли тоифалар томонидан таъқибу тазйиқ, масхара-ю камситишлар билан сийланганлар. Лекин энг қаттол душманларига ҳам ёмонликни, ўлимни раво кўрмаганлар. Аниқ эсимда йўқ. Аммо мазмунан шундай гап ҳануз ёдимда: кимки бошқа бировга ноҳақ тили, дили билан зулм қилса у мусулмонмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалаҳу алайҳи ва олиҳи вассалам бирор бир кишининг хулқи учун ўлдиринг, деган сўзларини билишса айтишсин. Менимча бундай буйруқ йўқ.
Шундай экан Париждаги карикатурачиларнинг ўлимига сабаб бўлганлар чиндан ҳам мусулмонларми? Бунга анчайин шубҳа бор. Уларнинг қилмишларини сира оқлаб бўлмайди. Улар аксинча Ислом динини ва унинг Пайғамбарини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга ёлланган манқуртлар, зомбилар деб аталса тўғрироқ бўлар эди.
Шахсан камина дин ёки муқаддас китоб, пайғамбарларни масхара қилувчи сўзларни айтишдан ўзимни тия оламан. Чунки у ёки бу дин ёҳуд пайғамбарни масхаралаш икки динга сиғинувчилар ўртасида ихтилоф туғдиришига сабаб бўлиши аниқ. Шундай экан ким ким бўлишидан қатъий назар бу каби ҳаракатдан ўзини тийгани маъқул. Акс ҳолда Франция пойтахтидаги қотиллардан фарқ қилмай қолади. Чунки айтилган сўз, отилган ўқ, деган ҳикматли ибора бор. Демакки, сўз ўқи билан ўлдирган ҳам, бошқа бир қурол ўқи билан ўлдирган ҳам қотилдир. Ва уларни ҳеч қайси бир йўсинда оқлаб бўлмайди.
Айтаётган сўзимизга ва амалимизга эҳтиёт бўлсак, ўзаро динлар, миллатлар, элатлар, халқлар ўртасида иттифоқлик келиб чиқади. Акс ҳолда эса икки томонда туриб олиб олов билан ўйнашиш оқибатлари одамзотга тинчлик, осойишталик олиб келмайди.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |