Парижда журналистлар қатлиомидан кейин баҳслар кучайиб кетди. Ҳатто нима эмиш-бу цивилизациялар тўқнашуви эмиш.
Тарихни ўқиб уқиганлар, динларнинг моҳиятини тушунганлар, маданиятларни идрок қилганлар бундай демайдилар. Лекин бу гапни айтаётганлар бор.
Чунки минг йиллардир маданиятлар ва динлар ҳамоҳанг яшамоқда ва бир-бирига мослашиб бормоқда. Дунё глобаллашиб бориши бу ҳаракатни янада кучайтирмоқда. Ҳозир кўраётганларимиз ана шунга қаршилик, холос. Лекин бу қаршилик уммонга тош отишдек гап. Кўриниш беради, диққат тортади. Бу қадар.
Маданиятлар ва динлар бир-бирини йўқота олмай бирга яшашга мажбур бўлганини тарих исботлади. Бунга мисоллар тиқилиб ётибди, яҳудийларнинг исломий давлатларда эмин-эркин яшаганларидан тортиб, мусулмонларнинг насроний юртларда ўз элларидагидан ҳам эркинроқ ибодат қилишларига қадар…
Мусулмонлар Шарқда, мусулмончилик эса Ғарбда деган гапни насронийлар ёки яҳудийлар эмас, ўзимиз айтиб келамиз.
Бугун Авропада миллион-миллион мусулмонлар яшайдилар ва ибодатларини эркин қиладилар. Америкада ҳам олти миллион мусулмон бор ва аксари бошқа маданият билан тўқнаш келаётгани йўқ. Қаршилик қилаётганларни яхшилаб ўргансангиз мусулмончиликдан ё хабари бўлмаган, ёки провокацияларга алданганлар бўлиб чиқмоқда. Демак, муаммони четдан эмас, ўздан қидирмоқ керак.
Бугун Францияда маданиятлар тўқнашди дейиш бу Авропани қабул қилмаймиз деганидир. Ваҳоланки, Авропага куч билан ўз айтганингизни қабул қилдиролмайсиз. Демократик йўллар билан таъсир қилиш имкони эса мавжуд. Буни истамасак, у ҳолда битта йўл қолади-бу заминни тарк этиш. Бу ҳам мумкин бўлмаган гап. Демак, шу маданият билан ҳамоҳанг яшашдан бошқа йўл йўқ.
Париждаги каби қатлиомларни бирорта ақлли, илмли-билимли мусулмон оқламайди. Аксинча қоралайди. Чунки унинг муқаддас китобида ҳатто Худосига, пайғамбарига озор етказганни лаънатлаш буюрилган, ўлдириш эмас. Демократия эса тинч намойишлар ва фикрлар орқали бунга изн беради. Бу ҳам маданиятлар ёнма-ён яшаши учун бир имконият.
Излаган имконият, изламаган баҳона топади. Биттасининг баҳонасини қаранг. Демократия шароитида хотини бошқасига кетиб қолармиш. Ҳей биродар, хотин масаласининг демократияга боғлиқ жойи йўқ. Бу эркакнинг ўзига боғлиқ. Хотининг сени севмаса, сен ўзингни хотинингга севдиролмасанг паранжининг тагида сақла, беҳуда.
Бунақа гапларни цивилизациялар тўқнашуви дейиш эса содда қилиб айтганда тулдан туя тўратишдек гап.
Жаҳонгир Муҳаммад
jahonnoma.com
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, JM |