Жаҳонгир Муҳаммад: Қонли сензура
(Парижда ўлдирилган журналистлар хотирасига)
Журналистман. Фикримни очиқ айтаман. Бу сўз эркинлиги. Худо берган неъматлардан бири. Бунинг учун мени ўлдиришса, нима ютишади? Битта журналистни, фикрини ҳур айтадиган одамни ўлдиришади. Лекин дунёда журналист жуда кўп ва уларнинг ҳаммасини ўлдириш мумкин эмас.
Уларни ўлдиришга уринганлар ҳар томонлама ютқазишади. Худди Сурияда, мана энди Парижда журналистларни ўлдирганлар каби…
Нега ҳар томонлама?
Биринчидан, Парижда ўққа тутилган бу журналистларни шу пайтгача кўпчилик танқид қилиб келаётганди. Ҳатто Франсия президенти, АҚШ раҳбарлари ҳам танқид қилишганди. Мана энди улар умумдунё қаҳрамонига айландилар, бизникилар тили билан айтганда шаҳид бўлдилар.
Иккинчидан, улар 20 йилдирки яҳудий, насроний, ислом ва бошқа динлар ҳамда таниқли сиёсатчиларни сатира қилиб келишади. Жуда кескин сатира қилишади. Демак, бошқалар танқидга, сатирага тоқатли, мусулмонлар эса мутлоқ тоқатсиз деган фикрни дунёнинг юрагига ўқ билан ўйиб ёзишди.
Учинчидан, мусулмонлар сўз эркинлигига ҳужум қилиб, сензура ўрнатишда ҳар қандай диктаторлардан ҳам баттар, ҳар қандай режимлардан ҳам ёмон, деган хулосани кўнгилларга солди. Ҳатто советлар ҳам сензура ўрнатишда бундай қонхўр эмас эдилар дейишмоқда энди.
Тўртинчидан, бу ишни Парижда амалга ошириш орқали сўз эркинлиги қалъасига ҳужум қилдилар, демократиянинг энг қадриятли бу жабаҳсига душман эканликларини амалда кўрсатдилар.
Бешинчидан, бу қотилллар мусулмонлар ҳақида шаклланиб бораётган салбий сиёсатнинг илдизига сув қуйдилар. Бу нарса ғарбда яшаётган мусулмонларни тобора яккалаб қўйиши ва алал оқибат уларнинг йўллари тўсиб қўйиши мумкин.
Шуларни ҳисобга олганда қотиллар ҳар қанча “Аллоҳу акбар” демасинлар, аслида Худо йўлига қарши чиқдилар, демак уларнинг мусулмонлиги ҳам шубҳа остида. Уларнинг диндан хабарлари бормикан ўзи? Чунки диндор одам ўз динига душман бўлмайди, биродарларини дунёда шарманда қилмайди.
Шундай пайтда ҳайқиргинг келади, номард, қонли сензура ўрнатишга урунгунча фикрингни айт, демократия санга минбар бериб қўйибди-ку? Тоқатли бўл, дининг шунга ўргатади-ку? Дарвоқе, кимга гапираяпман, одамлигини йўқотган қотилгами? Ундайларга Худонинг ўзи жазо бермоқда ва беради ҳам, уларни демократия қонунларига, адолат ҳузурига таслим қилади, шармандасини чиқарди, худди бугунгача бўлаётгани каби. Дарҳақиқат, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жазодан қочиб қутулиш мумкин эмас.
Журналист мужда тарқатувчи деймиз. Мужда келтирганни ўлдирган ҳеч бир динда, ҳеч бир жамиятда, ҳеч бир даврда оқланмаган, балки лаънатланган, қораланган, ундайлардан нафрат қилинган.
Бугун биз журналистлар Париждаги марҳум ҳамкасбларимизнинг баъзи ишларини ёқтирмаган бўлсакда, уларнинг эркинлиги қонли тарзда бўғилганидан изтиробдамиз.
Айни пайтда одамларнинг миллий, диний, шахсий туйғулари ҳақида ёзганда, чизганда ўз масъулиятимизни ҳам унутмаслигимиз керак, токи бундан дин душманлари, тоқатсизлар, ақли етишмаганлар, айёр “тулки”ларнинг очофат муридлари фойдаланиб қолишмасин.
Жаҳонгир Муҳаммад.
7.01.2015
jahonnoma.com
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, JM | Tagged: parij |