Сойим Исҳоқов

kitobКўклам адоғида куз

(Роман)

Саккизинчи боб
Ўзларининг таъбирлари билан айтганда, Исмойилбой билан Турон бойвуччага худо қўш қўллаб бериб қолган эди. Гарчи бир-бирларига ҳали-ҳануз тиш ёриб айтмай келишаётган эсалар-да, буни ёлғиз фарзандларининг ёшлигида Хўжайи Хизрга йўлиққанлиги шарофатидан деб билишарди. Саримсоққа Оллоҳ таоло фарзанд ва давлатни қўшиб берди: йилдан-йилга қўтонлари сони ортиб, хандақлари донга, чўнтаклари пулга тўлди. Уйларидан одам узилмасди. Кечасию кундузи ўчоқларидан олов ўчмайди. Меҳмонлари бойми-камбағалми, иш билан юрибдими ё шунчаки кечиккан йўловчими фарқи йўқ, худога шукур қилиб, хизматларида ҳозиру нозир туришарди.
Юрт оқсоқолларининг маслаҳати билан Исмойилбой ҳовлисини ичкили-ташқили қилиб қайтадан қурдирди. Ташқи ҳовлидан бири тўққиз, бири ўн уч боларли иккита меҳмонхона қуришди. Молхона ва соботларни* кенгайтиришди. Энди қўлобали қўшин келса ҳам жой топиб қўндириша оларди. Уларникидан қўноқларга жой, очларга ош доимо топиларди. Муҳтожлар ёрдам сўраб шуларга келишарди. Келганлар ноумид қайтишмасди.
Айни ер ҳайдаш, экиш-тикиш пайтларида Саримсоқ полвон кўпкариларда юрарди. Уй ишларига қарашишга сира вақти
бўлмасди. Шунинг учун Исмойилбой тоғ ва даштлардаги посираларини экаман деганларга бериб юборарди. Уруғлик, ҳўкизу омочни ҳам ўзи берарди. Кузда фалон нарса берасан деб тиқилинч қилмасди. Деҳқон инсоф қилиб бир нарса ташлаб кетса кам демасди. Боқиб юрган молининг болаларидан тўртдан бири чўпонники эди. Яна емоқ-ичмоқдан тортиб, бир сидра кийим-кечагигача Исмойилбойнинг ўзи қилиб берарди. Шунданми, унга ёлланганларнинг бирортаси эшигидан норози бўлиб кетмаган…
Кўпкари мавсуми тугаган қаҳратон қиш ва қайноқ ёз ойларида Саримсоқ полвон уйда бўларди. Шу кезларда бир четга тахлаб қўйган асбобларини қўлига олиб, дурадгорлик қиларди. Ёғоч ишларига анча моҳир эди: ҳар хил жавонлар, хонтахта, сандал, кели-келисоп, жувоз анжомлари каби ёғочдан ясаладиган буюмлари манаман деган усталарникидан қолишмас эди. Бировга сотмасди ҳам. Одамлар шундай олиб кетаверарди. Берганлар ёғочини берарди. Шундай кезларда иморат қурганларнинг куни туғарди: ёғоч ишларини тўғирлатиб олиш учун уни албатта ҳашарга чақиришарди. қанча бўлмасин, бир уйнинг ёғочини бир-икки кундаёқ тобига келтириб чиқиб кетарди у.
Бундай кезларда ҳеч ким билмайдиган яна бир машғулоти ҳам бор эди: кечалари бир-икки соат тош юмалатишни канда қилмасди. Кундуз бунга одамлардан истиҳола қиларди. Узоқ муддат бекор юриб, мушакларини бўшаштириб қўймаслик чораси шу деб биларди. Баъзан юмалатиб юрган тошини даст кўтариб, бу тепадан унисига ўтказиб қўярди. Эртасига жойига қайтарарди. Тошнинг ўрни ўзгариб қолаётганини қишлоқдагилар сезиб қўйишгач, машғулотининг бу қисмидан воз кечишга тўғри келади. Кўтарса ҳам уни аввалги жойига келтириб қўядиган бўлди…
Чол-кампир хуш ўтаётган кунларидан рози эдилар. Фақат бир нарсадан, кўклам ва куз фаслларида боласининг ҳафталаб, баъзан эса ойлаб уй бетини кўрмай кетишидан диллари озурда эдилар. Онда-сонда кимдир эллик-олтмиш ушоқ жонлигу йирик молларни ҳайдаб, гиламу шолчага ўхшаш зотларни уловга юклаб келиб, Саримсоқ полвоннинг қаерда ва қандай юрганлигидан хабар бериб кетарди. Бу жонли-ю жонсиз зотлар Саримсоқ полвоннинг совринлари эканлигини ҳамма биларди. «Тангрим бераверса, теваракдан келаверади»-деганлари шу бўлса керак. Энди уларнинг бойлиги сарфлаганга тугамайдиган даражага етгандек эди. Бироқ қарияларни бойлик деярли қизиқтирмасди. Уларга дилбандларининг дийдори ғанимат бўлиб қолган эди. Шу ғаниматни бир лаҳзага бўлсин, кўздан қочиришни қизғанишарди.
Бир куни, Саримсоқ полвон уйдалигида, буни ўзига айтишди.
– Юришларинг ўзингга бежо кўринмаяптими, болам,-ўпкаланди Исмойилбой.-Бир кетсанг ортингга қарамайсан, «уйим-жойим, бола-чақам, ота-энам бор-ку» демайсан…
-Сизларга ишониб юраман-да, ота,-босиқ жавоб қайтарди у.
– Биздинг нимамизга ишонасан?-узиб олди Турон бойвучча.-Тери дейиладиган манови иркит қопда шиқирлаб турган суякларимизгами?!
– Шу пайтгача уйимизди уй-жойимизди жой қилиб ўтирган сизлар эдингиз-ку, бирдагина нима бўлди ўзи?
Исмойилбой Турон бойвуччага «ҳаволанаверма» дегандай бир қараб олиб, шошилмай гапирди:
– Бўлгани шуки, биз қаридик. Икковимиз ҳам пишиб келаётганимизди сезмаяпсанми?
Ота-онасига синчиклаб тикилган Саримсоқ полвоннинг юраги шувиллаб кетди. Уларни қарийди, вақти келиб бандаликни ҳам бажо келтиради деб сира ўйламовди. Назарида унга абадулабад соябон бўлиб юраверишадигандек эди. Отаси бир тутамгина бўлиб қолибди. Онаси ҳам ҳийлагина тоб ташлаган. Демак, ўлим барҳақ деб бекорга айтишмас эканлар-да. Дунёга келган жон зоти борки, вақти келиб дорулбақога юз тутади. Унинг валинеъматлари ҳам бани башарга ато қилинган бу бешафқат қисматдан мустасно бўлолмайди.
Саримсоқ полвоннинг томоғига нимадир тиқилгандай, анчагача индолмай ўтирди. Кейин ўзини босиб паст, жуда паст товушда деди:
– Бир ўтинчим бор эди, ота, айтсам қалай бўларкан?
-Айтабер.
-Ислом акаминан Бухорони зиёрат қилиб келмоқчийдик, шунгаям рухсат берсангиз…
-Самарқанд сайқали рўйи аст, Бухоро қуввати исломи дин аст… –у бир муддат кўзларини юмиб жим тургач, давом этди.-Бухорога бўлса бор, болам, азиз жойларди зиёрат қилиб кел. Уни кўриш менга армон бўлиб қолди… қайси Исломминан бормоқчисан?
-Коризқудуқлик Мулла Ислом ака билан.
-Ҳмм… Кўпкаригамасми ишқилиб?
Мулла Ислом яхшигина мулла бўлгани билан, кўпкариларни канда қилмайдиган зўр полвон ҳам эди. Буни Исмойилбой ҳам биларди. Шунинг учун Саримсоқ полвон отасини алдай олмади.
-Тўғри келиб қолса…
-Биламан, кўпкари деса ўзингди тўхтатолмайсан, майли, сўз берибсан, бор. Лекин Баҳовуддин Нақшбанд пиримди зиёрат қилиб келишди унутма. Ақчадан дурстроқ олиб кет-да, ўша атрофдаги йўқ-юқаларга, толиби илмларга садақа бер…
Мулла Ислом зўр полвонлардан бўлса-да, ўзини Саримсоқ полвонга муҳибу мухлис ҳисобларди. Уни Бухорога, қайсидир бекнинг тўйига, таклиф қилишдан кўзлаган мақсадлари бор эди: аввало, дунё кўради, Бухоро полвонлари билан куч синашиб, ўз қусурларини билиб олади. Устун келса, нур устига нур, бўлмаса тажрибаси ошиб қайтади. Ёзкечув полвонларининг келажаги кўп жиҳатдан Саримсоқ полвоннинг келажагига боғлиқ эканлигини у биринчилардан бўлиб пайқаганди. Уни авайлайдиган, иззат-ҳурматини ўрнига қўйишга уринадиган, камолотига қўлидан келганича ёрдам беришга интиладиган таниқли кишилар Ёзкечувда кўп эди. Мулла Ислом шуларнинг бири эди…
Булунғур томондаги бир кўпкарида Саримсоқ полвон негадир йўқ эди. унда қатнашган ёзкечувлик полвонлар қанчалик терлаб-пишишмасин, биринчи куни битта ҳам улоқ олишолмади. Бу молтоплик Жуманбойга жуда-жуда алам қилди. Ойқордан Ҳаётбошигача, қўйтошдан қорачатоғу Ғўбдингача ёйилган кенг даштдаги юзлаб қишлоқлардан ақалли битта тиррақи улоқ оладиган полвон чиқмаса-я! Бу қандай шармандалик!
У: «Эрталабки кўпкарига қандай бўлмасин етказиб келасан»-дея Саримсоқ полвонга кечқурун одам жўнатди. Юборган кишиси тутган жойини кесадиганлардан экан шекилли, тун бўйи йўл юриб, эртасига кўпкари бошланар маҳали Саримсоқ полвонни ўн тошлик йўлдан майдонга етказиб келди. Шунда Жуманбой севинганидан қийқириб, ўринидан туриб кетди:
-Ана, менинг қоплоним келди!! Менинг аждаҳарим, арслоним келди!!
Жуманбойга маҳаллий боёнлар нари турсин, уезд ва волостлардаги ўрис тўралари ҳам эътиборсиз қарашмасди. Шундай одамнинг ҳали йигирмага тўлиб-тўлмаган ёш бир полвон истиқболига ўрнидан туриши ва югургилаб бориб, қучоқ очиб сўрашиши чакана гап эмас…
Бундай гаплар оғиздан-оғизга ўтиб, жонсизланиб-кўпириб Исмойилбойгача етиб келарди. Ўғлининг кундан-кун обрўси ошиб бораётгани, гарчи кўпкарини «шайтон ўйини» деб билса-да, унга ҳам ёқарди. Шу туфайлигина унинг кўпкари чопишига кескин қаршилик қилмасди. Пешанага ёзилгани бўлар экан. Тақдири азалда ўғлининг манглайига шу ўйин битилган бўлса на чора! Лавҳи маҳфузни ўчириб ҳам, тузатиб ҳам бўлмайди.

——————————————-

* Собот-усти уй олдига тўғри келадиган бостирма

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.