Тарих сабоқлари

temurАмир Ёхмоқнинг вафоти, Арслон билан мунозааъ (низо)

Тўртинчи фасл

Ҳижрий 756 йили (1355 милодийда) мен йигирма ёшларда бўлсам ҳам, мендан ёши улуғроқ, эскидан паҳлавонликни ўзига хос чоғлаб юрганлар билан курашиб қолсам, йиқитар эдим. Панжалашиб қолгудек бўлсак, менга баробар чиқадурғон киши ҳам йўқ эди. Мансабдорлар, сарбозлар Амир Ёхмоқдан кўра менинг сутуватимдан қўрқар ва менга кўпроқ итоат қилишар эди.
Сарбозларга Жума намозини улуғ жомеларда ўқиш учун ижозат берган эдим, улар қолғон олти кунни ҳарбий таълим ва тамрин билан ўтказиб, ўрдугоҳда туришар эди.
Бир оз илгарида Амир Ёхмоқнинг Арслон деган жиянидан андишаси борлигини изҳор қилиб эдим. Арслон деганимиз Амир Ёхмоқнинг ўлган биродарининг ўғлидур. Арслоннинг отаси ўлганда Амир Ёхмоқ акасининг тамом амволларини мусодара қилгани учун Арслонга ҳеч бир яровлик нарса (бойлик) қолмагандур. Шу сабабдан Арслон амакисига нисбатан юрагида адоват сақлаб келар эди. Мен Амир Ёхмоқ қўшунларини янгидан ташкил қилиб, аскарий итоатни юргузуб, аскар ва давлат одамлари орасида нуфуз қозонганимдан Арслон ташвишланар, бу ташвиши изоласи учун амакисига: “Темурни қўшундан ҳайдаб юборинг. Агар шу нуфузи билан ўрнида турса, бир кун эмас бир кун аскарларни давлатга қарши ишлатиш ва хазиналарни ўзига тобеъ қилиб олишга ўтиши мумкин”, деб юрганини эшитган эдим.
Амир Ёхмоқ 756 йили рабиъул аввалда истисқо касаллиги билан вақот этди. Унинг жасади ҳануз ердан кўтарилмаган эди, мутаваффийнинг (вафот этган) ягона вориси бўлмиш Арслон улуғ мажмуъдаги мансабдорлар, аскарий кишилар орасида менга қараб: “Эй Темур Тарағой ўғли, шу соатдан бошлаб сени аскарий хизматдан бўшатдим. Амирликнинг бошқа соҳаларига қатнаштирмаслик учун доирадан ҳайдадим”, деди.
Арслоннинг умум орасида менга жазо ўрнида қўллаган сўзи ботишмади, ўзимга иҳонат деб билдим. Агар мени бир ёқага олиб, сени ишдан азл этдим, деса ҳеч гап йўқ эди. Чунки Ислом аҳкоми, варосат қонуни билан мутаваффий амакисининг ўрнига амир бўлмоғига эътирозим йўқ эди. Фақат умум олдида, давлат арбоблари кўзида мени ҳайдаганини енгилгина сўз билан эълон этишини юрагимга сиғдира олмадим. Мен ҳам унга қараб, баланд овоз билан: “Сен амирлик русумини билмайсан ва йўлида ишлатолмайсан”, деганимда, ғурурланиб: “Мен – Амир Арслонман!”деди. “Сенда лаёқат бўлса, улуғлик мақомига лойиқ иш қилмоқни ҳам билар эдинг. Оё, юқори рутбалик бир мансаб эгаси паст рутбали мансабдорлар олдида ҳайдаладими? Мабодо бирор журм содир бўлганда ҳам кичик мансабдорлар олдида жазо бермаслигини билмасмидинг?” дедим. Амир Арслон ўз ёнидагиларга қараб: “Бу болани боргоҳимдан чиқаринглар, беҳаё густоҳ!” деб ғудуранди. Йигитлигимнинг йигирма ёшдаги нашъасига мустағрақ эдим. Унинг бу дашномига ўзумни тўхтатолмай, қилич суғуриб Арслонга ҳамла қилдим.
У ердаги мансабдорлар Арслонни ҳимоя қилиш учун қилич кўтариб йўлимни тўсмоқчи бўлдилар. Улар менинг қиличбозликдаги маҳоратимни билсалар эди, ўз жонларини таҳликага ташлаб, йўлумни тўсмас эдилар.
Йўлумни тўсганлардан бирини илк ҳамладаёқ қўлини терисига осилтириб қўйдим. Ерга тушган қилични олиб, икки қўлумда икки қилич билан Арслонга қараб қичқирдим: “Агар сенда ростдан Амир Арслон бўлуб амирликка қобилиятли бўлсанг, мен етиб боргунча турган ерингни ташлаб қочмайсан!” Унинг билан мен турган жойнинг орасида бир мунча масофани қилич билан тўсуб турган мансабдорлар бўлса ҳам, уларни ёриб ўтиб кета бошладим. Арслонга яқин бордум. Рангида қон қолмабдур. Мендаги ҳайбатни кўриб, қочиб кетди. Мен ўша ердаги афсар ва сарбозларга қараб: “Агар мард бўлсаларингиз ва мардликка арзигулик қобилиятга лойиқ бўлсаларингиз, мени яна аввалги каби бош қўмондон деб танигайсизлар. Арслон каби қўрқоқ одамларга бош эгмасликларингиз лозим. Сизларнинг маошларингиз ва ёки тақоиди улушларингизни мен ўзум яхшироқ таъмин этаман”, дедим. Улар ерда ўлуб ётган тўрт киши билан саккиз нафар ярадорга қараб: “Бизларнинг маошларимиз кесилмаган ҳолда етиб турадурғон бўлса, албатта, сенга итоат қиламиз”, деб қавл (сўз) беришди.
Ўша кундан бошлаб ёлғиз қўшун бошлиғи эмас, марҳум Амир Ёхмоқдан қолган амволларнинг идорасига ҳам мен уҳдадор бўлуб қолдим. Амир Арслон бир тарафдан қўрқунч, яна бир тарафдан хижолатлигини ошкора этишга журъат қилолмаса ҳам, мен улуғлик тариқасини амалда кўрсатиб, амакисидан қолган молни икки тақсим қилдим. Бир қисмини унга (Амир Арслонга) ажратиб қўюб, қолган қисмини қўшуннинг харажатига сақладим. Амир Арслон амакисининг биргина вориси бўлса ҳам, мусулмон бўлмагани ва мен билан уруш ҳолинда бўлгани учун шаръан кофири ҳарби аталиб, унинг молларини забт қилмоғим лозим эди. Бироқ амакисининг дўстлик муносабатини назарга олиб, Арслоннинг ҳаётини таъминламоқ қасди билан ярим ҳисса молни унга ажратдим. Орадан муддатлар ўтиб, мен қудраб ва азамат авжига етишганимда, менга бир хат ёзиб: “Сенинг Худойинг бандаларининг гуноҳини ўтадур эмиш, бугун сен ҳам ер юзида Худонинг муқтадир бандаларидан бўлуб қолдинг, менинг гуноҳимни кечиб, тавбамни қабул қилғил”, дейдур. Мен унга ёзган жавобимда: “Мен сенинг тавбангни қабул қиламан. Аммо сен менга афсарлар ҳузурида берган иҳонатингни унута олмайман, чунки қилич зарбасидан етган жароҳат тузалиб битиб кетса ҳам, тилдан етган захм ҳаргиз тузалмайди”, деб тавбасини қабул қилдим.
Эй менинг бу эсдаликларимни ўқуғувчилар! Мен йигитлик ватқимдан тортиб, дин ва мазҳабга кўп алоқалик эдим. Уруш майдонларидан бўлак вақтларда намозимни қазо қилмадим. Қимор ўйнамадим, лабимни ичкулик майга теккузмадим. Ҳамиша уламоларга эҳтиром қилдим. Аксар вақтларда уламоларнинг машвара, фатволарига маржаъ (ишонарли таянчиқ) мен эдим. Шариат аҳкомларини ўз мавқеъида ижро қилар эдим. Ҳар қачон уламолар йиғилиб мажлис ташкил қилсалар, мажлисда ҳал этилмоқчи бўлунган масъалага далил учун Қуръон оятларини ўқур эдим. Чунки Қуръонни ўқуб яхши тушунар эдим. Шунинг учун мажлислардаги далилга лойиқ оятларни ўқуб, уларни муддаоларидаги оятлар билан қаноатлантирар эдим.
Ҳиндустон футуҳотида ҳинду олимларидан бири: “Сен мусулмон бўлсанг, нима учун эронийларни қатли ом қилдинг?” деганида: “Мен ҳар киши мусулмон бўла туриб, диндан қайтса, ул киши бутпараст-мушрикдан ҳам ёмон ҳисобланиши ва шариат ҳукми билан ўлдурилиши лозимдур”, деб жавоб бердим.
(Мутаржим Забиҳуллоҳ Мансурий изоҳи: Амир Темур шу ерда шиаларни муртад деб билади. Бу эса бадиҳий иштибоҳ қилингундур.)
Мен футуҳотларим асносида бир кўчма масжид ясамоқ учун усталарга амр қилдим. Бу кўчма масжид яғочдан солиниб битказилди. Йигирма беш аравага юклатиб юрар эдим. Арава юра олмайдиган жойларга эса, тўрт юз от ёки хачирга юкланар эди. Масжиднинг икки минораси бор эди. Бириси ранги кўк бўлуб, маънода Аллоҳнинг қудратнамолигига таъбир бўлса, иккинчиси қирмизи бўлуб, ер юзи ва бани башар ҳокимиятининг белгиси эди. Худди шу каби масжид ҳам икки хил ранг билан бўялган эди. Бориб тушган ерларимда муаззин минорага чиқиб азон айтар, мен эса жамоат билан масжидда намозимни ўтар эдим. Ҳозир ушбуни, ҳаётимда кечирган воқеотларни ёзиб турган вақтимда Чин юртларига бормоқ қасдидадурман. Чин бутхоналарини масжидларга айлантирарман, иншооллоҳ! Мен билан бирга урушда ўлганларнинг шаҳидлар даражасида эканлигига ишонаман. Уларнинг мартабалари садри Ислом шаҳидлари билан баробардур. Чунки мен Ислом динининг тавсиаси (кенгайиши) учун урушмоқдаман. Мен билан бирга урушганлар албатта мужоҳиди фийсаби лиллоҳдурлар (Оллоҳ йўлида холисона курашувчилар).
Мовароуннаҳрда қудратимнинг кенгайиб кетишига сабаб бир жирга (катта бир минтақа атрофини ўраб туриб, ов-шикор қилиш) тариқасидаги шикор эди. 757 йилнинг куз фасли, йигирма бир ёшда эдим. Сарбозлардан бир қанчасини ҳайвонотларни ҳайдашлик учун чўлга чиқардим. Ўзум бир қанча мансабдорлар билан Самарқанднинг шимоли-ғарб томонидаги бир минтақага бориб, жиргадан қочган ҳайвонлар йўлини тўсиб, шикор қилмоқ қасдида эдим. Биз ул ерга бориб, ов қилмоқчи бўлганимизда, ул ерда яшаб турган Гурулта исмли бир қабила бизни манъ қилиб: “Бу ерлар бизларга тааллуқли бўлгани учун бу жойда сизларнинг шикор қилиш ҳақларингиз йўқ”, деб жиддий тўсқунлик қилдилар.
Мен у ён-бу ёнга қарадим. Ҳеч ерда уларнинг мулкиётини тсбот қиладурғон аломат кўрмадум. Бинобарин, уларга айтдим: “Сўзларингизнинг исботи учун ҳужжатларингиз бўлсун, ҳеч бўлмаса бирор юрт, овул ёки зироат майдони, ҳеч бўлмаса етиштурғон бирор туп дарахтларингиз ҳам йўқ. Шунинг учун бу ер “чўл” деб аталади. Лоақал бу ерда бирорта чодир тикканингизда эди, сизларни кўчманчи демак мумкин бўлур эди. Қайси далил билан бу ерлар бизники, деб иддио қиласизлар?” Улар менинг сўзларимга аҳамият бермасдан: “Бу ер бизнинг еримиздур. Ҳар ким бу ердан истифода этмакка урунса, бу уруниш шикор қилиш усулида бўлса ҳам, ўлдурамиз. Агар тирик қолишни истаганлар бўлса, жарима тўлаш билан ўз ҳаётини қутқариши мумкин”, дедилар.
Бз фақат етти нафар бўлиб, улар эллик нафардан ортиқ киши эдилар. Бизга қарашли жиргачилар узоқроқда бўлгани учун ёрдамга етиб келишларининг ҳам имкони йўқ эди. Ҳамроҳларим эса менинг кўрган тадбиримга эътимод этар, жойи келса, эллик нафарга қарши уруш очишга ботинмоғини билар эдилар. Мен эсам улар билан урушмоқни хаёлимга келтирмас эдим. Гарчи улар даъволарини исбот қила ололмасалар ҳам, балки оталаридан қолғондур, деган хаёл билан уларга айтдим: “Ундоғ бўлса, қилғон шикоримизни сизларга ташлаб кетайлук. Шу билан сизлар бизлардан рози бўлурсизлар”. Улар қатъийлик билан: “Биз сенинг шикорингга муҳтож эмасмиз. Ушбу минтақани шикорга истеъмол қилганинг учун бир минг тилло жарима беришинг керак”, дедилар. “Биз шикор қилгани келганимиз учун сизлар билан муомала қилишга тилло олиб келмаган эдик”, дедим. Улар: “Ундай бўлса, биз сизларнинг қўл-оёқларингизни боғлаб, қабилага олиб борамиз. Минг тиллони олиб келиб топширгандан кейин жонларингизни қутқариб кетасизлар, акс ҳолда ўлдирамиз”, дедилар. Булар билан битишмоқ қийин бўлганидан кейин йўлдошларимга: “Урушга ҳозир бўлинглар!” дедим. Бизлар шикор қилмоқ қасдида пиёда бўлиб турган эдик. Ўқ-ёйларимиз бор эди. Бир неча адад ўқни оғзимга тишлаган ҳолда бир сапчиб, ўзумни от устига олдим. Рафиқларим отга минишда мен каби чаққон қўлланолмас эдилар. Буни кўрган гурултойлар уларни отга миндирмаслик чорасига тушуб қолдилар. Мен ўқларимдан бирини шиддат билан отдим. Гурултойлардан бирининг орқасига санчилди-ю, у фарёд билан ерга йиқилди. Иккинчи ўқум чинқириб фазони ёрганича бориб, қабиладан яна бирининг бўғзига қадалди, ул ҳам ерга йиқилди. Гурултойлар кўрдиларки, икки лаҳзада икки нафарлари йиқилди. Шерикларимни қўюб, менга ҳамла қилишди. Менинг маҳоратларимдан бири – ўқни оғзимда тишлаб турган бўлсам ҳам, камоннинг зидини тортиб, қорага отгунимча кўз юмуб очишлик қадар фурсат ўтар эди. Бу эса йигитлик замонининг қувватидан далил эди.
Гурултойлар ҳужумини ўзумга еткузмай туруб, тўрт нафарини ўқумга ҳадаф қилдум. Уч нафари отдан ерга йиқилди. Яна бири ўз отига тарозу бўлиб осилиб қолди. Бироқ ўқ отмоқ учун фурсат қолмаганини пайқадим. Отга осилиб қолган ҳалиги гурултойнинг оти ёнимдан ўтир экан, унинг қиличини белидан суғуриб олиб, отимнинг тизгинини тишлаб, икки қўллаб қиличбозликка кирдим. Гурултойларда ўқ-ёй йўқ бўлуб, фақат қилич билан ҳамла қилур эдилар. Улар менга ҳужум қилишдан фойдаланган шерикларим отларига миниб олиб, гурултойларни ўққа тутдилар. Минган отим Хоразм отлари наслидан бўлгани учун бошқа отларнинг икки қадамига баробар тушар эди. Бу отлардаги мумаййизотларни (фарқларни) отбоз кишилар яхши биладилар. Отимнинг баландлиги қилич чопмоқда душман устига мусаллат бўлмоғимни қулайлаштирар эди. Тизгинни тишлаб олганимча, ўнг-сўлни идора қилиш ўнғайлик бериб, қилич урмоқда нақадар қудратим борлигини ўша куни яна бир қат имтиҳондан ўтказдимки, менинг қилич чопишим билан бошқаларнинг қилич чопишини ёш болаларнинг қилич ўйнаши билан бир йигитнинг қилич уришига ўхшатиш кифоя қилар эди.
Мен қилич уриш фанининг икир-чикирларига комил бўлганим ҳолда, улар менинг усулимни билмас эдилар. Мен урган душман ерга йиқилар ёки қаттиқ мажруҳ бўлуб, иккинчи қаршимга чиқолмайдиган ҳолга келар эди.
Сизким, менинг бу ёзувларимни ўқимоқдасиз, билингки, ҳар бир истеъдод Тангри томонидан берилган атоёлардандур. Аммо сиз уни тарбия қилишингиз лозимдур. Менинг икки қўллаб қилич уришим ҳам Тангрининг атосидандур. Агар уни тарбия қилмаган бўлсам, бошқа оддий кишилардан фарқим бўлмаган бўлур эди. Эллик отлиқ кишининг устига ҳамла қилишдан қўрқмадим. Билиб, кўриб туриб ўлумни истиқбол қилиш қудратим борлигини ҳам пайқадим. Билдимки, ҳар бир инсон ўлумни кўз олдида тутуб, қўрқмасдан қадамини илгари ташлар экан, ул киши баҳодир деб таъриф қилишга арзийди. Агар бир киши қўрқувни эҳсос қилар эса, ул кишини шужоъ (ботир) деб таниб бўлмас.
Ҳамроҳларим Гурултой отлиқларини ўққа тутсалар ҳам, тўдага яқинлашсалар, улар билан тан-батан урушга аралашиб кетишларидан қўрқар эдилар. Шундай бўлса ҳам, уларнинг ўқ отиб туришлари мен учун катта ёрдам бўлдики, душман отлиқларига зарбалар етиб турар эди. Шу билан Гурултой отлиқлари ваҳшатланиб, майдондан қочмоққа турдилар. Улар ўз қабилаларига қараб қочганлари учун биз уларни таъқиб қилмадик. Агар орқаларидан қувлаб борсак, тамом қабила халқи билан масоф қилишга тўғри келар эди.
Гурултойлардан йигирма икки киши ўлган ва ярадор бўлган эди. Биз уларнинг аслаҳаларини ғанимат олиб қайтдик. Мен ўша кунга қадар ўзумни бир маҳоратли инсон деб юрган бўлсам, бу воқеадан кейин Аллоҳ таоло мени бир маъмулий (оддий) инсон эмас, балки бир ҳукмрон, фармонраво ҳайсиятида яратган экан. Агар шу илоҳий атиядан истифода қилмасам, куфрони неъмат қилган бўламан, деган ақидада бўлдум. Ўзумга ўзум хитобан: “Эй Темур, шунча журъату қудрат эгаси бўла туриб, Амир Ёхмоқдан қолғон кичкина бир қўшуннинг бошлиғи бўлуб турмоқ билан ихтифо қиласанми? Агар сен бундай бир махдуд ҳаётга ихтифо қилгудек бўлсанг, Саъдий Шерозий деганидек, ганж ва давлат бошида туруб, очликда ҳаёт кечиргандек, Худонинг неъматларини кўруб кўрмагандек бўлурсан. Чингизда сендаги мазоёларнинг ярми бўлмаса ҳам, хоқонликка етди. Сен ундан кўра юқорироқ мартабада бўлишинг керак. Бу қудрат ва ботирликки, сенда бордир. Мовароуннаҳрнинг барчасига ҳукмрон бўлишинг керак. Ундан сўнг ўз қудратинг ҳудудини Шарқ, Ғарбнинг фармонраволигига кенгайтиб, дунё бўйича муқтадир (қодир) бир киши бўлмоғинг лозим”, дер эдим.
Шикордан қайтганимдан кейин мен бошқа бир киши бўлуб қолдим. Бу кунгача деярли мартаба эгаси бўлуб, Самарқанд аҳолиси эҳтиромимга қойил бўлганликларига қувониб юрган эдим. Кейинча, худойим мени ер юзига подшоҳ бўлмоқ учун яратган, унинг машийиятида пайравлик қилмоғим керак, деган ақидага кўчдим. Шикордан қайтганимда Аллоҳ таоло менга ўғил фарзанд берди. Яхши ният билан унинг исмини Жаҳонгир деб қўйдим.
Шу вақтдаги Самарқанд қўшуни икки минг кишилик бўлгани учун, менинг юриш ниятимга кифоя қилмас эди. Самарқанд бўйича ҳашаматли кўрунган бу қўшун қудратли ўрдуларга қиёс қилинганда бетаъсир бўлуб қолар эди. Қудратли ўрду ташкил қилмоқлик кўп мол, давлатга ҳожат тушургони учун ўз амлокларимни сотмоққа тўхталдим.
Филҳол, амвол-амлокларимни сотиб, кучлик бир қўшун ижодига киришдим. Шуни ҳам ўқиғувчиларимга арз этиб ўтайки, агар мендан бошқа киши бўлса, шундай ҳолда икки минг аскарга таяниб туриб босмачилик ва ёки Самарқанд аҳолисини талон қилишга киришар эди. Аммо менинг мусулмонлиғим, шариати исломияга қаттиқ эътиқодда бўлишим ўғрилик, босмачилик ва ё шаҳар, чўлларга чиқиб халқ молини талон-тарож қилиб бойлик тўплашга йўл бермади. Сотмоқчи бўлган хусусий амлокларим жуда марғуб эди. Менинг амлокларимни сотиш қароримни англаган халқ: “Бу амлоклар меҳнатсиз қўлга теккан, бу тентак бунинг қадрини ҳам билмайди”, деб мени нодонликка ҳукм қилишар эдилар. Гарчи арзон сотган бўлсам ҳам, бу амлоклардан қирқ минг танга тилло жамладим. Мен дарҳол ижара тариқида сарбоз тўпламоққа уриндим. Йигирмадан йигирма беш ёшғача бўлган йигитларни саралаб олдим. Менинг Амир Ёхмоқ қўшунида юриб олган тажрибаларим йигирма-йигирма беш ёшдагиларга ҳарбий ишларни ўргатиб, истеъдодли кишилар ҳозирламоқда асқотди.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.