Сойим Исҳоқов

soyimishoqКўклам адоғида куз

(Роман)

Еттинчи боб
Саримсоқ полвоннинг Эгамберди полвон билан ҳам бир мартагина улоқ тортишгиси бор эди. Бу ҳасаддан эмасди албатта. Шунчаки кучини ва уқувини бир чамалаб кўрмоқчи эди. қани, ўзида ҳам шу полвоннинг иқтидори борми? Лекин ҳар гал бунга қасд қилганида отасининг гапи эсига тушиб, ўзини зўрға тийиб қолади. Бир гал ўзини тутолмай ҳам қолди. Анойидами, Жарбулоқдами юз берганди бу ҳодиса.
Ўшанда Эгамберди полвон гуриллатиб улоқни олаверди. Одатда бошқаларга гал бериб, тўдага ҳар замонда бир тушиб турадиган полвоннинг бу қилиғи кўпларга эриш туюлди. Негадир ўз одатларига хилоф иш тутаётганди у. Улоқни бошқа тарафлардан келган полвонлар олиб кетаётган бўлса бошқа гап. Унинг ҳатти-ҳаракатларидан ҳатто Саримсоқ полвон ҳам ажабланди-ю, ноилож кузатиб тураверди.
Бир марта у тўдадан узилиб чиқди ва улоғини тақимига маҳкам бекитганича, унчалик узоқлаб кетмаёқ отини шартта тўхтатди. Ёнларини пайпаслаб, носқовоғини қидириб қолди. Кўпкари тарихида ҳали ҳеч ким улоқни тўдадан чиқаргач, бунақа носқовоқ қидириб ўтирмаган. Улоқни сомонга ташлаб туриб чекса бошқа гап. Шунгами чавандозлару томошабинлар унга қараб қотиб-қотиб кула бошлашди. Лекин бирор кимса улоғига дахл қилмади. Ундан барибир улоқ ололмасликларини билганликдан шундай қилишса керак.
Эгамберди полвон кафтидаги носни тилининг тагига ташлаган пайтда Саримсоқ полвон ёнига бориб, тақимига босиб турган улоқнинг олдинги оёғидан секингина ушлади.
-Тортаверайми, бова?-сўради ҳазилнамо кулиб.
-Кўпкайи кўпдики-да, улим,-носқовоғини ёнига солатуриб жавоб берди у.-Тойтади-да,буни.
У суяброқ бир тортганди, Эгамберди полвон қилт этмади. Носқовоғини чўнтагига жойлаб отини ҳайдаркан, Саримсоқ полвонга дашном берди:
-Бундай ҳиллакайи тойтма, кўпкайида отангди аяма! Ҳалоллаб тойт! Дуйушлаб то-о-ойт!!
Унинг ўдағайлаши Саримсоқ полвонга нашъа қилди. Чопишиб кета туриб улоқнинг олдинги оёғидан икки қўллаб қаттиқ тортди. Ерни ноғора қилиб елаётган отлар бир-бирларига қапишиб қолди.
Эгамберди полвон яна момақалдироқдай гулдираб бақирди:
-Жонинг бойми, улим, тойтшанг-чи! Ҳо то-о-ойт!!
Саримсоқ полвон энди андишани унутди. Бирданига «лов» этиб, ёниб кетди. Икки қўллаб чираниб, бор кучи билан тортганди, қўлидаги оёқ партиллаб узилиб чиқди. Улоқни маррага Эгамберди полвон элтиб ташлади. Шунда у Эгамберди полвоннинг кучига тан берди. Аммо ўша куни у ўзини нега ҳадеб тўдага уравергани сабабини кейинроқ-кўпкаридан кейин билди.
-Беш мучалди* уриб қўйганимга анча бўлди,-деди у ўксик товушда.-Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёшларидан ҳам анча ўтдим. қариганим сайин феълимдаям бар хил қусурлар дункиб қоляпти. Шунданми, қишлоғимдагиларгаям унчалик ёқмай қоляпман. қария қариядай бўлиб юргани жўн экан. қирчанғи отдай ўзини ҳар мақомга солгани бўлмай қоларкан! Шуйтиб, кўпкаридан қўл силтаб чиқмоқчиман, улим! Бугунги қилиғимди кетар жафоси деб бил. Ҳайриятки охирги мартасидаям амаллаб, улоғимди сендан ажратиб олдим. Бу кунларди унутма, улим!…
Давраларда гуркираб, пишқириб от суриб юрган полвоннинг кўпкаридан бирданига қўл тортиши осон иш эмас экан. Эгамберди полвон ўша кундан бошлаб кўпкариларда кам кўриниб қолди. Келса ҳам бир беткайда ёнбошлаб, сурдакларни жимгина томоша қиларди. Кейин жимгина уйига кетарди. Ичидан нима ўтаётгани худога аён-кўрар кўзларга унинг ҳаёти жимгинага айланиб қолганди гўё.
Бари бир Қаробдолдаги бир кўпкарида Саримсоқ полвон билан яна бир марта тортишди. Бу гал ҳаммани саросимага солиб, ўзи талабгор бўлиб майдонга чиқди.
Эгамберди полвон етмишдан ошиб кетганди ўшанда. Яқин-яқинларда ҳам девдай кўринадиган алп қомати бир оз чўкиб, соч-соқоли қордай оқарган, росмана фариштали чолга айланганди. Саримсоқ полвон эса роса кучга тўлган. Эгамберди полвоннинг аввалги мавқеини тўла-тўкис эгаллабгина қолмай, ундан ҳам ўтиб кетган пайтлар эди. Энди давраларда Эгамберди полвоннинг номи камроқ тилга олинарди. Энди одамлар Саримсоқ полвонни кўкларга кўтаришарди. Энди…
Одамники шу экан-да-олдидан чиққанини кўриб кетавераркан. Ортида қолганларга бурилиб қарашавермас экан!
Э-э алдамчи дунё, беқарор дунё! Одам боласини шунчалик ҳам васвасага солиб қўясанми?! У вақтинчалик шон-шуҳратга шунчалик ўчми? Оллоҳ мукаррам қилиб яратдим деган каслар шунчалик гўл ва лақмами? Майда эҳтирослар наҳот инсонни шунчалик гангитиб қўёлса? Бани башарни умри қисқа мақтовлар наҳотки шунчалик осонлик билан домига тортиб кетолса? Вақтида Эгамберди полвон Ёзкечувнинг ёлдор бўриси эди! Одамлар унинг ишларини афсона қилиб, латифа қилиб айтишарди. Энди жуда тез унутишди: у ҳақдаги афсоналар тугади, латифалар ҳеч кимни завқлантирмай қўйди!…
Саримсоқ полвон ҳам куннинг қаёқдан чиқиб қаёққа ботишини фаҳмламай майдонларда йигирма беш йилдан мўлроқ от сурди. Бугун хотиралар сандиғини бундай титкилаб кўрса-ки, қўлга илингудек анча-мунча жавоҳирлар бор экан. Аммо, э-воҳ, ҳаммаси ўтмишга айланибди! Бир ўтмиш-ки, келажаги йўқ! Илгари Саримсоқ полвоннинг номи тилга олинган жойда, ҳар ҳолда, Эгамберди полвонни ҳам эслаб қўйишарди. Энди бурунгидай жўшқин кўпкарилар патрат топиб кетган бир пайтда, одамлар қайси полвоннинг номини тилга олсин-ки, қаватида уни ҳам эслашсин! Сиддиқ полвонними? Сиддиқ полвон Эгамберди полвондай ҳам, Саримсоқ полвондай ҳам бўлолмади. Улардай бўлиши мумкин эди. Бироқ шароит ўзгариб қолди. Шу сабабдан у юлдуздай чарақлаб бир кўринди-ю, кўпкарига қирон келтиришгач, шундай тез сўнди.
Эгамберди полвоннинг бошқалардан ажралиб турадиган фазилатлари бормиди? Полвонлигини демаса, йўқ. У ҳам кўп қатори оддий инсон эди. Умрининг қолган қисмини бошқалардек оддий, чет бир гўшада яшаб ўтказди. қариндош-уруғлари таянч бўлишди шекилли, Саримсоқ полвондай қулоқ ҳам қилинмади. Жамоаларининг раислари Милтиқбой Суюнов билан Мусоқул Оролов доно одамлар чиқишди-нима қилиб бўлса-да, бировнинг бурнини қонаттиришмади. Ўгатликлар эса бир-бирларини қулоқ қилдириб, бир-бирларини қаматтиришиб… Эҳ, улар азали шундай эдилар. Бундан кейин иттифоқлари бузилмасин. Бирлик йўқ жойда тириклик бўлмайди…
Ҳа, Эгамберди полвон оддий одам эди. Ҳар қандай оддий одамда озгина донишмандлик, озгина риндилик бўлади. Унинг риндилиги шунда эди-ки, елка томири бир тортишса қаттиқ тортишадиган ўжарлардан эди. Аммо эртанинг қандай келишини ўшандаёқ пайқаганмикан? Саримсоқ полвонга бекорга: «Бу кунларни унутма, улим!»-демагандир ўксиб. Саримсоқ полвон ўша кезларда «бу кунлар»ни ўйламасди. Чопиш завқидан, ғолиблик шавқидан маст эди у.

* * *
Ўша кўпкарига Эгамберди полвон ҳам келди. Уловини қирга тушовлаб, одатдагидай беткайга ёнбошлади. Тилининг тагига бир чеким носни ташлаб, одатдагидай кўпкарини жимгина томоша қилаверди.
Шу куни Саримсоқ полвонга бир бало бўлди: чўрқинди Бўтабойнинг бўз оти билан улоқни қаторасига гуриллатиб олаверди. Улоғини олдирган не-не полвонлар ҳайрат бармоғини тишлаб, орқада қолаверди. Ишқибозларнинг жунуни қўзиб, шовқин-сурон солаверди.
Ажаб бир қизиқ майдон бўлганди ўшанда!
Ҳамма ўз полвонини сўкарди-ю, лекин бу сўкиш-койишлар бефойда эди. Сурдакда ўралашиб юрган полвонларнинг қулоғига кирмасди улар. Полвонларнинг фикри-зикри улоқда эди: қандай қилиб бўлса ҳам олдиларида кетаётган қарчиғайга бас келса-ю, қўлидаги нақдинани суғуриб олса. Шу майдонда нима бўлса ҳам Саримсоқ полвонга бўлаверди.
Тўққизинчими, ўнинчи улоққача Эгамберди полвон бу тортишувларни хотиржам кузатиб ётди. Кейин аста-секин бадани қизий бошлади. Томирлари сиқилиб-бўртиб, оёқ-қўлларининг пайлари чангакдай тортишиб келарди. Нима бало бўляпти, қаробдолдай азим юртда полвон зотига қирон келибдими? қўлдош полвон билан Бўта полвон нима қилиб юришибди у ерда?! Соғишманинг гуркираган Полвонларига нима жин тегди? Наҳотки шунча полвон ичида Ўгатнинг бир полвонига бас келадигани чиқмаса? Учта, бешта улоқни бир одам қаторасига олиши мумкин. Лекин, қўйиб беришса, ҳамма улоқни битта Саримсоқ полвон олади, шекилли. Номус қани? Орият қани?!
У энди ёнбошлаб ётолмай қолди. Аста ўринидан туриб, ҳайбат билан силкинди. Уч-тўрт марта қаттиқ-қаттиқ томоқ қиргач, бир замонлардагидек гулдираб Хонкелдини чақирди:
166 Чиндолининг Муштипарини олиб келинг, Хонкелдибой!!
Чиндоли-соғишмонлик. Хонкелдига яқинлиги бор. Эгамберди полвон билан ҳам ёр-жўра бўлиб юрарди. Атоқли полвон номини олмаса-да ғўлабур, анча бақувват киши эди. Онда-сонда қизил бияси билан сурдакларга ҳам тушаверарди. Ўнқови келиб қолса, битта-иккита соврин ҳам олиб қоларди. қизил бияси зўр бия эди. Хонкелдининг қариб, кўпкаридан чиқиброқ қолган қорабайирининг бешинчими, олтинчи зурриёди эди. Байтал бўлгани билан анов-манов айғирларга бергулик эмасди. Шунинг учун Чиндоли уни анчайин байтал демас, Муштипар дея эъзозларди. Болаларидан айримлари кўпкарига яраб қолганди.
Хонкелди Эгамберди полвоннинг кўнгли учун Муштипарни тўғирлади-ю, безовталигини яширмади:
-Саримсоқ полвон билан олишаман деб, ўсол бўлиб қолмасангиз-да, ака! У бориб турган сиртлон-ку…
-Аканг шу байталминан ё улоқди олади, ё шу майдонда ўлади. Бурунгилар орият учун шундай талашишган. Мабодо ўлсам, майитимди Ҳасанотага ўзинг олиб борасан. Ҳозир шаштимдан қайтарма, йўлдан нари тур!
Муштипар минг чопқир ва зўр бўлганида ҳам чўрқинди Бўтабойнинг бўз отига тенглашолмасди. Тошент, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ҳудудлари ва Бухоро амирлигида унга тенглашоладиган биттагина от бор эди. Бу-Бухоро амири Саид Олимхоннинг Чавкари эди. Буни кўплар билмаса ҳам, Эгамберди полвон яхши биларди. Билиб туриб ўзини чўққа урарди.
Кўпкари бошланганидан буён қийқириб, осмонга ларза солаётган оломон сув сепгандай бирданига тинчиб қолди. Томошабинларнинг кўплари «манови алжираб, мияси суюлган чолнинг куни битиб, паймонаси тўлди-ёв»-дея юрак ҳовучлаб қолишди. Ораларида негадир «Эгамберди полвон улоқни албатта олади»-дея умидвор бўлиб турганлари ҳам йўқ эмасди. Кўп-да, кўпдан кўп фикр чиқади…
Саримсоқ полвон Эгамберди полвонни қайтиш маррасида тасодифан кўриб қолди. «Менга айтадиган зарур гапи бормикан,-деб ўйлади.-Сал ҳаддидан ошириброқ қўйдим-ов». Аммо унинг гапи борга ўхшамасди. Муштипарнинг устида човут солишга шайланган бургут важоҳатида учиб келарди.
Саримсоқ полвон устозининг ниятини фаҳмлаб кулимсиради. Келишининг бежолигидан бобоси шўрликнинг ҳамияти лат еганини сезди. Улоқни сидирғасига олиб қўяётгани уни ўз қишлоғида камситгандай туюлган чоғи. унинг тўдага тушиши, аслида, қаробдоллик полвонларга берилаётган ҳайфсан эканлигини майдондагиларнинг кўплари англаб етишди-ю, Саримсоқ полвон пайқамади. Шунинг учун уни отдан ағдариб-нетиб қўймаслик мақсадида, тортишишса шундай бўлиши кундай равшан, чап бериб қочишни ўйлади. қочса Муштипар бўз отнинг чангига ҳам етолмай қоларди. Бироқ қизиқиши устун келиб, отини анчагина секинлатди: қани, нима қиларкан бу бобоси тушмагур?!
У келиши билан улоқдан олиб қолди. Икки полвон сўзсиз силкиллашиб, озроқ тортишишган бўлишди. Саримсоқ полвон нимадир деб Эгамберди полвонга ҳазиллашмоқчи бўлди-ю, ҳолатини кўриб индамади. Ранглари ўчиброқ қолганидан, нафаси сиқаётганини билди. Анчадан буён от чопмаганидан нафас олиш меъёрини бузиб қўйганди у. Шу туфайли ўпкаси бўғзига тиқилиб, ҳаллослаб қолганди. Уни гапга солиш тамом қилиш бўларди. Негадир ачинди. Улоқни қандай бериб юборса экан? Шундай қўйиб юборса, бу ўжар чолнинг яна нафсонияти оғрийди. Томошабинлар ҳам сезишади. Кейин баланд-паст маломатли гаплар ўрмалаб қолади.
У отнинг оёғини Муштипарнинг чопишига мослаб, пойлаб турди. Эгамберди полвон яна бир силкиб тортганида дош беролмагандай, улоқни қўлидан чиқариб юборди. Томошабинлар дувиллаб ўрниларидан туриб кетишди. Саримсоқ полвон отнинг жиловини куч билан тортиб, бироз қувлаган бўлди. Эгамберди полвон Муштипарнинг жонини олиб қочгани сари томошабинларнинг завқи тошиб, бақир-чақирни авжига чиқаришарди. Ҳарифи ўнгидан борса Эгамберди полвон улоқни чапига олади, чапидан борса ўнгига, Саримсоқ полвон улоқни сира «ушлолмади».
Ниҳоят марра!
Шу гал бўз тулпор устидаги суворийни тушунолмай қолди: улоққа юлқинади, темир панжалар тизгинини жингиртоб қилиб орқага тортади. Шу гал бўз тулпор устидаги чавандозни англолмай қолди: улоқ Муштипарнинг ўнгига ўтса ўнгига интилади, у чапга тортади. Шу гал бўз тулпор полвонидан ҳам, ўзидан ҳам хафа бўлиб кетди: ўзлари маррага элитиши нақд бўлиб турган улоқни аллақандай сассиқ байтални минган қилтириқ чол элтди. Шу гал бўз тулпорнинг аламидан кўзларида ўт чақнаб, тишлари ғижирлаб кетди, устидаги телба суворийни ирғитиб юбориб шаталоқ отганича майдонни тарк этгиси келди. Шу гал бўз тулпор…
Ишқибозлар оламни бошларига кўтариб ҳайқиришарди. Кимдир, ҳайнаҳой ўгатликлардан бўлса керак, баланд товушда болахонадор қилиб ёмон сўкинди. Буни Саримсоқ полвон ҳам аниқ эшитди, лекин парво қилмади. Ит ҳуради, карвон ўтаверади. Ёввойи оламон унинг ниятини қаердан билсин! Бу телба издиҳом Эгамберди полвоннинг дардини қаердан тушинсин! Бу гал уни ҳар томонга асабий шох ташлаб, бетиним сувлиқ чайнаётган оти ҳам тушунмади. Ҳар бутоққа ўт тушса, ўзи куйиб ўзи ўчади, деганлари шу бўлса керак.
Улоқни кекса устозига бериб, тўғри йўл тутганига унинг имони комил эди. Шунинг учун ҳақорат эшитганига қарамай, қилмишидан кўнгли тўлиб четга чиқди. Отини совутиб туриш учун
Бўтабойга топшириб, озроқ гурунглашиш мақсадида Эгамберди полвоннинг ёнига йўл олди.
Ҳануз ҳансираб турса-да, кўзларидан унинг нимадандир мамнун ҳолда ўтирганини сезса бўларди.
-Кел, улим-жилмайиб Саримсоқ полвонга ёнидан жой кўрсатди.-Ўтир. Бовангни бир қувонтирай дединг-да бугун, а?
-Ҳалиям филдай кучингиз бор экан,-Устозини кўтармалади у.-Кўпкарини ваҳлироқ қўйибсиз-да, чопаверсангиз бўларкан.
-Андава тортма, улим, барини билиб туриппан. Лекин сен нега бундай қилдинг-ҳеч кимга навбат бермай қўйдинг. Ё…-у «нафсинг ҳаккалак отиб кетдими» демоқчи эди-ю, гапни бурди.-Кўпкарини қўймоқчимисан?
-Қўяйми?
-Сенга ҳали бор… Ҳали анча бор. қўяр вақтинг келганида ўзи белги беради: улоқди оттинг тўпиғигача, жа борса тўшигача кўтарасан-у, ўз бошингди кўтаришинг душвор бўлиб қолади. Ана унда қўйсанг бўлади. Унгача чопавер, улим. Лекин…
– Бўз оттинг чопишига маҳлиё бўлиб, чопавериппан-да бова, узр…
-Бўз отларинг асл бедов, сен-номдор полвонсан, ишинг чопиш. Бироқ буйтма, инсоф билан чоп. Инсоф-саъйи барака. Солимга чопма, улоқ олиш учун чоп. Кўпкарининг лаззати улоқ олишда, солимда эмас. Солимга талашадиган полвонлар ҳам бор, албатта. Уларди қўявер. Гапимга қулоқ сол-да, бизнинг Жонзоқ кайпангга ўхшаб қолма. Биларсан уни?
Саримсоқ полвон кулиб қўйди. Жонзоқ кайпанг ҳақида кўп ғаройиб ҳангомаларни эшитганди. Ҳаммага лақаб тиркашни бопларди у. Ғалати ишларни кўп қилганидан, ўзига ҳам боплаб лақаб қўйишди: Кайпанг*. Бунга ҳам анча замонлар ўтди…
Иссиқ ёз кунларидан бирида ҳамма ўз посирасида буғдой ўрарди. Жонзоқ тарвақайлаб ўсган қари садақайрағочнинг тагида сизоқи булоқнинг балчиғини боши-ю, афт-ангорига суркаб, * сояда мудраб ўтирарди. Кўрганлар: «Ҳов, Жонзоқ, буйтиб ўтиргунча тирикчилигингди қимайсанми вақт ғаниматда»-дейишди. У олайиб қараб: «Тошингди тер, мен билан ишинг нима? Хоҳласам мана бундай ётаман!»-дея балчиққа ағанади. Шу-шу одамлар уни Жонзоқ кайпанг деб кетишди.
Саримсоқ полвон унинг ҳангомаларидан яна бирини биларди. Жиззах қўзғолони бошланган кезлар. қўзғолон ҳақидаги хабар қорабдолга кечроқ келди. Ҳамма ҳайрон, нима қилиш кераклигини ҳеч ким билмасди. қишлоқ оқсоқоллари дув кўтарилган қизиққонларни босолмай оввора. Ҳайтовур подшонинг яхши тайёрланган, тиш-тирноғигача қуролланган аскарларига қарши калтак кўтариб бориб бўлмаслигини бир амаллаб тушунтиришди. Аммо Жонзоқ кайпангни қайтариб бўлмади. «Бораман дедим-бораман»-дея йўлга тушди. Бошида тер ва кирдан ранги билинмай кетган дўппи, эгнида елкаси ўйиб тикилган аҳорсиз кўйлак, бутида эски бўз иштон, оёғида қиш маҳали кийиладиган қирқ ямоқ тош- товон ва қўлида кетмон дастасидан узунроқ заранг калтак. Олдидан чиққан йўловчининг «Йўл бўлсин?» деган саволига, «Жиззахга, ўрисларди шу ердан бошлаб бутун Туркистондан ҳайдагани» дерди-да, ўтиб кетаверарди. қайт деганни қулоққа олмасди.
У тахаюл ичида Савур довонидан ошиб, қили даштларигача борди. Узоқдан милтиқларнинг босма-бос отилаётганини эшитиб шу ерда тўхтади. Изиллаб қочаётган ўзига ўхшаш кишиларни кўрди. милтиқнинг овози тобора яқинлашаётганидан юрагига ваҳима тушган пайтда ёнидан ўтаётган бир қочоқ:
-Жонингиз сабилми дейман, биродар,-деди.-Бекорга ўққа учмай қочсангиз-чи!
Шу пайт қулоғининг тагидан визиллиб ўтган дайди ўқ. нарироқда нимагадир урилиб, чарсиллаб овоз берди.

-И-и-йе, -деди даъфатан калавасини йўқотиб қўйган Жонзоқ кайпанг. –Бу энаси байталлар чиндакасига отиб қўядими дейман! Милтиқминан уришиш ҳам уришиш бўптими, саллот деганлари калтаклашишга жўқ экан-ов…
Ўшанда у саросималикда бир зумгина каловланиб турди. Кейин йўлини терс олиб, қочишга тушди. Ҳар ҳолда ўқ емайгина қаробдолга етиб олди.

______________
* Бир мучал-ўн икки йилга тенг вақт ўлчови.
* Кайпанг-чучмал маъносида

%d bloggers like this: