Жаҳонгир Маматов

jm_20014_febrЎзгармаган мавзулар

Қисқа саволга қисқа жавоб (Иккинчи қисм)

-35-
САВОЛ: Баъзи жавоблар такрорга ўхшаб қолмоқда, бунга эътибор қилмайсизми?
ЖАВОБ: Бу менга эмас, савол йўлловчига боғлиқ. (Қосим).

-36-
САВОЛ: Сиз ёқтирган сиёсатчи ким? (Нозима).
ЖАВОБ: У ёшдан ўтганман.

-37-
САВОЛ: Ўзбек журналистлари орасида ҳаммага бирдек қарайдиган мустақили йўқлигининг сабаби нимада?(Шодиёр).
ЖАВОБ: Шуурида, руҳида мустақиллик бўлмаган одамнинг ўз фикри, ўз сўзи бўлмайди, у кимнингдир ёки ниманингдир қулига айланади. Лекин мустақиллари ҳам бор.

-38-
САВОЛ: Сиз ҳукуматдан ижтимоий ёрдам олиб яшайсизми? (Гул).
ЖАВОБ: Йўқ мустақилман.

-39-
САВОЛ: Сиз бундан бир неча йил олдин ёзган сиёсий латифаларни бугун бир қанча жойларда бошқа муаллифлар номи остида ўқиб қолаяман. Бунга қандай қарайсиз?(Олим).
ЖАВОБ: Бундан хурсандман. Демак, ёзганларим бекорга кетмабди.

-40-
САВОЛ: Россиядаги сайловлар бу мамлакатда демократия тамом бўлганини кўрсатадими? (Алишер).
ЖАВОБ: Нима, Россияда демократия бормиди?

-41-
САВОЛ: Ислом Каримовнинг ўзи Ўзбекистон Конституциясини ўқирмикан? (Озодбек).
ЖАВОБ: Конституция сўзидаги “К” ҳарфини у баъзан “Х” билан, баъзан эса, “Қ” билан алмаштириб ўқиса керак.

-42-
САВОЛ: Ўзбекистон Конституциясига нега биров назар ташламайди? (Искандар).
ЖАВОБ: Бу брошюра ертўлада чанг босиб ётгани учун. Уй тозаланганда у ҳам тозаланса, кейин унга биров назар ташлаши мумкин.

-43-
САВОЛ: “Каримов сайловдан кейин даволаниш учун Олмонияга кетади” деган гапларни айтишмоқда, бунга нима дейсиз? (Саид).
ЖАВОБ: Уни ва унинг планларини яхши билмаганлар кўп гапларни айтаверадилар. Ҳаммасига ишонсак, Каримов қачонлардир ўлиб кетиши керак эди.

-44-
САВОЛ: ОБСЕ раислиги Назарбоевга насиб этгани Каримовни ёндираётган бўлса керак? (Ёш сиёсатчи).
ЖАВОБ: Югурганники эмас, буюрганники!

-45-
САВОЛ: Наҳотки Ўзбекистондаги зулм абадий бўлса? (Хуршид).
ЖАВОБ: Зулм вақтинча, аммо “меъроси” абадий.

-46-
САВОЛ: Нега биз ҳақ сўзни айтишдан қўрқамиз? (Насиба).
ЖАВОБ: Ҳақ сўз дор тагида бўйинга илинган арқонга ўхшайди. Айтмасангиз бўғиласиз, айтсангиз ҳам бўғиласиз. Танлов ўзингизда. Айтиб қолинг!

-47-
САВОЛ: Андижонда Бобур ҳайкалини Бобур майдонидан бошқа жойга кўчиришди. Бунга нима дейсиз? (Абдураззоқ).
ЖАВОБ: Бу майдон қонга бўялди…

-48-
САВОЛ: Сайловдан кейин нима бўлади? (Ўзбек).
ЖАВОБ: Газ камайиб, нархлар ошса керак…

-49-
САВОЛ: Каримовнинг ёши 70 га етиб ҳам нега бу қадар тахтга ёпишиб қолди? (Адҳам).
ЖАВОБ: Унга кимдир “Агар президент сифатида ўлсангиз шаҳид бўласиз, жаннатга кирасиз” деб айтган бўлса керак.

-50-
САВОЛ: Бизнинг халқимиз қачон кўчаларга чиқади? (Ориф).
ЖАВОБ: Бизнинг халқимиз зотан кўчаларда. Қачон уйига қайтади десангиз-чи?!

-51-
САВОЛ: Нега энг яқин дўстларимиз сал нарсага сотиб кетадилар? (Азиз).
ЖАВОБ: Чунки дўст танлашни билмайсиз. Хафа бўлманг, бошқалар ҳам билмайдилар, мен ҳам.

-52-
САВОЛ: Сайловлар натижаси олдиндан маълум бўлса, Каримов нима қилади сайлов ўтказиб? (Фахриддин).

ЖАВОБ: Каримов ҳам одам, унинг ҳам ўйин қилгиси келади.

-53-
САВОЛ: Нега матбуотимиз эркин бўлишига йўл беришмайди? (Мухлис).
ЖАВОБ: Матбуоти эркин бўлмаган элнинг одамлари қулоғи яхши эшитмайдиган, кўзи хира кишининг аҳволига тушадилар. Улар турли воситалар билан ўзларига эшиттирилгани ва кўрсатилганидан бошқа нарсани билмайдилар. Агар билсалар… ўша кун уларнинг уйғониш куни бўлади. Шунинг учун ҳам эркин матбуотга йўл беришмайди.

-54-
САВОЛ: Нега имзосиз “постинглар” ёзишга қаршисиз? (Бахтиёр).

ЖАВОБ: Бир сўз бузган дунёни минг сўз туза олмаслиги мумкин-да.

-55-
САВОЛ: 19 декабр-Қурбон байрами. 23 декабр-Президент сайлови. Бу кунлар орасида бирор боғлиқлик кўрасизми? (Укангиз).

ЖАВОБ: Иккаласида ҳам қўйларни қурбон қиладилар.

-56-
САВОЛ: Агар ўзбекнинг бошига арабнинг ўлигини раҳбар қилиб қўйсангиз нима бўлади? (Зафар).
ЖАВОБ: Ўзбек уни ҳам доҳий деб сиғинади.

-57-
САВОЛ: Яхшилик ва ёмонликни ўлчайдиган мезон борми? (Ўткир).
ЖАВОБ: Бор׃ яхшилик ва ёмонлик.

-58-
САВОЛ: Нега бизнинг одамлар Ўзбекистон ҳақидаги муаммоларни гапирмасдан фақат АҚШни танқид қиладилар? (Алишер).
ЖАВОБ: Чунки уларнинг бола-чақаси бор…

-59-
САВОЛ: Бутун Ўзбекистон Каримовнинг суратларига тўлган. Суратларни ретуш қилиб, уни чиройли кўрсатишга уринишган. Наҳотки ҳамма нарсани бўяш билан ҳаётни ўзгартирамиз деб ишонсак? (Ёш журналист).
ЖАВОБ: – Суратни ҳар қанча бўясангиз ҳам сиймога айланмайди.

2006 йил.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.