Тарих сабоқлари

temurУЧИНЧИ ФАСЛ

Амир Ёхмоқнинг хизматида

Ўшал вақтларда Самарқандда етмиш ёшлар чамасида Амир Ёхмоқ исмли бир амир бўлур эди. Унинг икки ўғли ўлдурулгани учун ўринбосарликни бошқармоққа ўз оға-иниларидан қолган бир ўғулдан бошқа киши йўқ эди. Амир ўз жиянининг суиқасд қилиб ўлдуруб қўйишидан ҳам андиша қилар эди.
Амир Ёхмоқ билан отамнинг танишлигидан фойдаланиб, унинг хизматида бўлишлик мақсадим борлигини васила билан эшиттирдим. Амир Ёхмоқ мувофақат (ҳамфикр) қилиб, мени ҳузурига чақиртирди. Амир мен билан кўришар экан, таажжуб билан боқиб: “Тарақойнинг сенингдек етишган ўғли бор экан, деб билмаган эдим,-деб маъноли кўз ташлаб:-Нималар қўлингдан келади?”-деб сўради. Мен жавобига: “Қалам ишлари ва қилич урушга яхши маҳоратим бор. Сизнинг девонингиз ва қўшунларингизни идора эта оламан”, дедим. Амир Ёхмоқ туришимга қайта кўз солгандан кейин: “Сен ёш йигитсан, девон ишларини бошқалар қилсун, қўшунни сенга топшурай, сен идора қилгил”, деди.
Ўн тўққиз ёшимда Саарқанд шаҳрида Амир Ёхмоқнинг қўшунини идора қилиш уҳдасини (мажбуриятини) устумга олдим. Ўша вақтларда Амир Ёхмоқ қўшунларига бош қўмондон Кулар Камол исмли эллик ёшлар чамасидаги семиз бир одам эди. Мен Амир Ёхмоқ фармони билан қўшун устига борганимда Кулар Камол менга бир оз истеҳзо назари билан боқиб, сарбозларга қараб: “Амир Ёхмоқ бизга яхши бир бесоқол юборибдур. Бундан буён хушҳўйлик билан кун кечирамиз”, деди. Унинг бу сўзи мен учун кўп оғир тушди. Қиличимни қинидан суғуриб: “Мен сенинг бу беҳуда ярамас сўзинг учун яхшигина жазойингни бераман. Ўзумнинг ким эканимни сенга билдириб қўяман”, деб ҳамла қилдим. Менинг бу ҳаракатимдан ўз жонини ҳавф остида кўрган Кулар Камол ҳам қилич суғуриб, мен томон юруб кела бошлади. Унинг оғир ҳаракати мен учун қулай шикор эканлигини сезиб қолдим. Биринчи ҳамладаёқ қилични чап томонидан ишлатиб, бўйнига солганимда қилич қон томири билан баробар халқумини кесиб, бўйун сўнгагига бориб тақалди. Бўйнидан қон тирқираб чиқар экан, ерга йиқилди. Бир лаҳза ўтиб, ўлди. Мен қонли қиличимни унинг либосига артиб, сарбозларга қарата: “Мен – Темур, Тарағойнинг ўғли, кеш шаҳридан бўламан. Бу соатдан тортиб, сизларга бош қўмондондурман. Менга итоат қилишларингиз керак! Кимки амримга бўйсунмас экан, ушбу қиличимдан ҳалокат топғусидир”, дедим. Сарбозлар бир-бирларига қарашиб, сукут қилишдилар. Шундан менинг сиёсатим уларга зўр таъсир берганини билдим.
Баъзилар менинг хушрўй ва зебо йигитларнинг иффат-номусларини сақлаш ва ҳимоя қилиш учун олиб бораётган қаттиқ сиёсатимни танқид қилишсалар керак. Тўғриси, ким бўлса бўлсун, чиройли йигитларнинг иззати нафсига иҳонат (таҳқир) келтиргувчи бўлса, ўлдурур эдим. Инсон учун ҳусн ва зеболик Тангри таолонинг неъматларидандур. Баъзи баджинс, бебош кишилар чиройли йигитларнинг соддалигига офатдур. Менинг бу дастурда қаттиқ турушим ёш йигитлар учун қониқарли амният (тинчлик) келтурдим.
Кулар Камолни ўлдурганимдан кейин Амир Ёхмоқ мени ўз ҳузурига чорлаб: “Мени ўзбилармон, нолойиқ кишидан қутқардинг”, деб хурсандлик билан табриклади.
Мен вақтдан фойдаланиб, арз қилдим: “Қўшунингиз низомсиз, паришон ҳолдадур. Агар ижозат берсангиз, қўшунни низом билан ташкил қилсам”. Амир Ёхмоқ комил эътимод билан: “Ўз билганингни қил”, деб амр берди.
Мен қўшун ташкили учун ўн кишилик бўлакка “ўн боши”, юз кишилик афрад учун “юз боши” ва ҳар минг аскарга “минг боши” тайинлаб, ҳар бўлакнинг аҳамиятига кўра лаёқатли кишиларни тайинладим. Илгари бу қўшунда еб-ичиб, бекор ётишдан бошқа аскарий тамрин (машқ) ҳисобидан ҳеч бир иш йўқ эди. Мен эса аскарларни ҳар куни саҳрога олиб чиқиб, бир неча соат ҳарбий машқ ва тамринда бўлишларини амр қилдим.
Беш вақт намозни тарк қилмай, ўз вақтида ўқишларига диққат қилдим. Дангасаланиб қолган аскарларга буйруқларим оғир келишини ҳам билар эдим. Бир-икки ҳафта оғир кўринса ҳам, секин-секин кўнукиб қолишларига ишонар эдим. Дарҳақиқат, қўшун ҳарбий таълим ва тамринларни ҳам, намозларни ҳам ўз вақтида адо қилишга ўрганди.
Мен хизматга шомил бўлганимдан бир ой муддат кейин Амир Ёхмоқнинг раоёларидан (риоя қилувчилари) чўлда чорвачилик қилиб кун кечирадиган одамлар қорахитойлар элатидан шикоятланиб, Амир Ёхмоққа арз қилиб келдилар. Улар Самарқанднинг шимол томонида яшаётган Қорахитой тоифаси буларнинг чорва молларига ҳамла қилиб келиб, чўпонлардан уч кишини ўлдуруб, олти минг бош қўйни ҳайдаб кетганлигини билдирар эдилар.
Амир Ёхмоқнинг атрофидаги амалдорлар орасидан мен бу босқинчи ўғриларга яхшилаб адаб бериб қўйиш ҳамда олган қўйларни қайтариб келиш учун дов талаб бўлиб чиқдим. Амир менга қараб: “Эй Темур, бу Қорахитой элати кўп хатарли тоифадур. Истаган вақтларида йигирма минг салоҳлик кишини майдонга ҳозирлай биладурлар”, деб ҳавфланиш кўрсатди. Мен амирдан рижо қилдим: “Агар қўшуннинг отлиқ кишиларидан икки юз отлиқни олиб, боришга ижозат берсангиз, қўйларни қайтариб келишим муҳаққақдур (ҳақиқатдур)”. Амир Ёхмовнинг таажжуби ошганидан: “Йигирма минг кишилик тоифага икки юз отлиқ билан уруш очасанми?”-деди. Мен: “Ўғриларга танбеҳ бериб, қўйларни қайтариб келишга икки юз киши кифоя қилади”, деб қатъий жавоб бердим.
Ўша куни икки юз отлиқ аскар билан Самарқанднинг шимолига йўл олдим. Қорахитойларнинг ўтуроқ жойи Самарқанддан йигирма тош узоқликда экан. Маълум жойга борганимдан кейин қабила улуғлари – оқсоқолларни чақиртириб келиб, ўзумни Амир Ёхмоқ қўшунининг бошлиғи эканлигимни билдириб, бўлган воқеани қуйидагича очиқладим: “Сизлардан бир неча авбош ( бебош) кишиларингиз бориб Амир Ёхмоқ раоёларидан уч нафар чўпонни ўлдуруб, олти минг бош қўйни ҳайдаб келубдур. Қўйларни саломат қайтариб бериш билан у қотилларни ҳам менга топшурасизлар”, деганимда жавоб беришдики: “Қорахитой элати ўн бир қабиладур. Сизларнинг қўйларингизни қайси бирлари олиб келганини билмаймиз”. Мен уларнинг ҳийласига йўл бермай, кескинлик билан: “Ҳар қабиланинг ўғри-тўғриси ўзига маълумдир. Ўғриларни менга топширинглар, сизлар билан ишим йўқ”, дедим. Улар: “Биз ўғриларни танимаймиз”, деб инкор қилдилар. Мен уларга юмшоқлик билан муомалада бўлишимдан натижа чиқмаслигини пайқадим. Уларга қараб қатъийлик билан: “Мен сизларга эшиттириб бир марта сураи “Фотиҳа”ни ўқуб тугатгунимча муҳлат бераман. Агар шу фурсатда ўғриларингизнинг исми-расми билан жойларини очиқ билдирмасангизлар, ҳаммаларингизни қиличнинг дамидан ўтказаман”, дедим.
Сўзумни эшитганлар ичидан узун соқолли чол, семиз юзли бир одам қаҳқаҳа билан кулиб: “Сабр қил, ҳовлиқма, бундай сўзлар ҳоло сендан узоқ, ҳар қачон соқолинг бизнинг соқолимизча бўлса, ондин кейин бу йўсинда лоф урсанг ярашади”, деди. Мен унинг сўзини эшитиб бўлуб ёнимдаги нафарларимга уни овулдан ташқари чиқаришга буюрдим. Аскарлардан бир нечаси уни ташқарига олиб чиқиб ерга ўтқузуб, ўзлари йироқ турдилар. Бошқа қорахитой кишилари менинг нима қилишимни билмас эдилар. Мен унгача оз бир ҳаракат қилишга муҳлат бермасдан, Самир Тархон таълимотига мувофиқ, тамом қувватимни билагимга келтуруб, йилдиримдек бир ҳаракат билан қиличимни унинг бўйнига солдим. Қилич зарбидан қорахитойликнинг калласи чўрт узулуб ерга тушди. Қорахитойликдан тўрт кишиси бирдан менинг устумга ҳамла қилганини пайқамай қолаёздим. Охирги лаҳзада ўзумни қайси тариқа билан мудофаа қилишга омода бўлдум. Сарбозлардан бирининг ёрдам қилишларига рози бўлмай, “Сизлар томоша кўринглар”, дедим.
Мен икки қўл билан қўш қилич бўлуб, тўрт кишига ҳамла қилдим. Икки қўлумдаги қиличларни шундай усталик ва чаққонлик билан ишлатдимки, моҳир тикувчилар ҳам қўлларидаги игналарни бу қадар тез қўллай олмасалар керак. Қиличларим бир жисми бежон эмас, балки қўлларимнинг аъзоларидан ҳисобланар, қайси тарафни ирода қилсам, бирдек айланар эди. Ҳануз орадан бир дақиқа ўтмай туриб, тўрт кишилан бирининг қўли яраланиб, қиличи ерга тушди. Қолғонларининг юзларидан қўрқунч ва даҳшат аломатлари билиниб турар эди. Булар яраланиб енгилишларини ва ё улушларини билдилар, шекилли, улардан бири турк тилида мендан омонлиғ тилади. Мен эса: “Қиличларингни ерга ташлаб, бир четга чиқинглар”, деб амр бердим. Бир лаҳзадан кейин қолган иккиси ҳам омонлиғ тилаб, қиличларини ташлаб, чеккалаб қолдилар. Менинг амрим билан сарбозларим қорахитойларнинг қиличларини йиғиб олиб, асирларни овул ичига ҳайдаб кирдилар. Мажруҳларининг қўлидан қон оқиб тургани учун қолғон учовига буюриб жароҳатли қўлни боғлаттирдим. Сўнгра уларга айтдим: “Мана энди сизлар менинг ким эканлигимни билдинглар. Энди, ўғриларнинг кимлар ва қайси қабиладан эканлигини айтиб бермасангиз, ўлим билан жазолайман”.
Улар ражо қилиб: “Биз ўғриларнинг исмларини билмаймиз, лекин Оқ марбуж қабиласидан эканлигини биламиз”, дедилар. (Изоҳ: “Оқ марбуж” деб овулларининг устида кўтарилган мўри янглиғ нарсани айтар эмишлар.) “Оқ марбуж” қабиласининг бошлиғи ким?” деб сўрадим. “Жавдат Гулту” , деб жавоб билдиришди. Мен уларга тушунтириб: “Сизларни гаров унвонидан ўзим билан бирга Оқ марбуж қабиласига олиб бораман. Менга ёлғон сўзлаб, алдамаган бўлсангизлар, озод қилишим мумкиндир”, дедим. Сарбозларга: “Бу тўрт кишини отларингизга мингаштириб, Оқ марбуж қабиласи томонга юринглар”, деб буюриб, уларни йўлга солдим. Аср намози пайтларида қабила устига етиб бордик. Дарҳақиқат, шу жой Оқ марбуж қабиласининг юрти экан. У ерда дастлаб дуч келган одамдан: “Жавдат Гулту қайси жойда туради?” деб сўрадим. У одам қўли билан бир нутага ишорат қилиб: “Ҳов ўша оқ қуббали овулни кўрасанми? Ўшал овул Жавдат Гултуннинг жойи”, деди.
Мен қабила бошлиғини ғафлатда босмоқ учун аскарларим билан от чопиб, кўз юмуб очгунча қорахитойлар ўрдусига босиб кирдим. У ерда тақрибан олтмиш ёшлардаги ола соқол бир киши билан икки ўғул, бир хотун киши ўлтурғонини кўрдум ва оқсоқол одам қабила раиси эканлигини пайқадим. Икки ўғлини тутмоқ учун аскарларга буюрдим. Чунки ўрдугоҳ кўринишидан буюкгина ўрдугоҳ эди. Агар керакли тадбирни тездан кўрмасам, қабила халқи бизни мухосарага (қамалга) олиб қўйишлари эҳтимолдан йироқ кўрунмас эди. Қабила аҳли ўрдугоҳда нималар бўлуб турганини билгунча Жавдот Гулту билан икки йигит ўғлини боғлаб, ўрдугоҳдан ташқари чиқдик. Мен бу ўрдугоҳда ҳеч бўлмаса уч минг салоҳли киши бор, деб тахмин қилган эдим. Шу ҳолда ўзумнинг ботирлигимга кўнглум тўқ бўлса ҳам, сарбозларга кўнглум тўлмас эди. Шунинг учун қабила раисини икки ўғли билан ўрдугоҳдан узоқроқ ерга элтиб, ўзимни Жавдат Гултуга танитдим. У эса мендан: “Нима талаб қиласан?” деб сўради. Мен унга: “Сенинг қабилангга қарашли кишилар Амир Ёхмоқ раоёларидан олти минг дона қўй ўғурлаб, уч нафар чўпонни ўлдуруб келгандур. Мен шу қўйлар билан уч одамнинг хун баҳосини олмоқ учун келдим”, дедим. Жавдод Гулту: “Менинг хабарим йўқ”, деб инкор қилди. Мен унга бундай дедим: “Сен қабила раисидурсан. Оқ марбуж халқи сендан ижозат олмасдан Самарқанддек жойга бориб Амир Ёхмоқнинг қўйларини олиб, чўпонларини ўлдуруб кела олмаслар. Бу ҳақда сенинг хабаринг ва мувофақатинг бўлиши лозим. Сўзнинг қисқаси, қўйларни қайтариш билан уч одамнинг хун баҳосини адо қилсанг, хўб, акс ҳолда шундай қилишга мажбур бўламанки, кўз олдингда икки ўғлингнинг бошини кесаман, ундан кейин сени ўлдираман”, деган эдим, Жавдот Гулту сукут қилди. Мен яна айтдим: “Биласанми, икки ўғлунгни кўз олдингда нима учун ўлдураман? Асли иллат шулки, икки ўғлунг бошда туруб, уларнинг фармони билан бу ўғрилик ишлангандур. Агар сен чин мусулмон бўлсанг, Қуръон ўқусанг, аҳкоми илоҳийга биноан икки ўғлунгни ўзинг ўлдирмоққа буюрмоғинг керак”. Жавдат Гулту менга қараб: “Оё, биласанми, шу қабилада урушга ярайдургон қанча одам бор?” деди. “Билмайман”, дедим. У мағрурона тус олди ва: “Бу Оқ марбуж қабиласига қарашли беш минг нафар салоҳлик одам бор, агар сен мен билан икки ўғлумни ўлдургудек бўлсанг, улар сени ва Амир Ёхмоқни ўлдуруб талон қилиб келади”, деди. Мен унга қўпол қилиб: “Қабиланг юз минг бўлса ҳам, қўйларни тамоман қўлумга киритмай ва уч нафарнинг хун баҳосини олмай қўймасман”, дедим. Менинг таҳдидларим унга таъсир қилмай турар эди. Сарбозларимга Жавдод Гултунинг катта ўғли бўйнига арғамчини сиртмоқ қилиб солиб, икки тарафдан тортмоққа буюрдим. Сарбозлар дарҳол мен буюрганни амалга оширдилар.
Жавдот Гулту ўғлининг қўл-оёқлари патирлаб қолди. Буни кўргандан кейин: “Қўйларингни қайтараман, хун баҳоларини ҳам бераман”, деб ялингани тушди. Маҳкумни бўшатишга амр бердим. Арғамчини ечиб олгунча бўғулуб ўлган экан. Жавдот Гулту ўғлининг лошини кўруб йиғлай бошлади.
Мен қиличимни чиқармай, қини билан унинг орқасига бир-икки секин-секин уруб: “Эй номард, шунчалик беғайрат экансан, нимага ўғирлик қилдинг? Агар ўзунг билан қолғон ўғлунгнинг ҳаётини истар экансан, Амир Ёҳмоқнинг қўйлари билан чўпонларнинг хун баҳосини бер”, дедим. Жавдот Гулту: “Чўпонларнинг хун баҳоси қанча бўлади?” деб сўради. Мен: “Қуръони Каримда саҳван (билмасдан, адашиб) ўлдурган бўлса, бир одам учун юз дона туя тўлайди, деб кўрсатилгандур. Сен эса чўпонларни қасддан ўлдургандурсан, бинобарин, ҳар одамга уч юз донадан туя баҳоси тўламоғинг лозимдур, шунинг учун уч нафарга тўққиз юз дона туя берасан”, дедим. Жавдот Гулту: “Менинг тўққиз юз дона туям йўқ”, деди. “Хўп, ундай бўлса, йилқи отларинг кўп, туя ўрнига от берсанг ҳам бўлади”, дедим. Жавдот Гулту яна ҳийла йўлини тумоққа уруниб: “Галадаги йилқилар қабиланикидир, менинг хусусий отларим бу миқдорни ташкил қилмайди”, деди. “Майли, бу адатни қабиладан тўпларсан”, дедим. Жавдот Гулту ноилож рози бўлди ва йўлдан ўтуб турган Оқ марбуж қабиласининг кишиларидан бирини тўхтатди-да: “Сен қабилага бориб айт, тезлик билан ўғурланиб келинган олти минг қўй билан уч нафар чўпоннинг бадалига тўққуз юз дона от ҳозирласунлар. Шу нарсалар келмаса, мен билан ўғлумни ўлдурадилар”, деб қабила оқсоқолларига жарчи юборди. Қабила аҳли қўй, отларни батамом олиб келиб топширгандан кейин ҳам эҳтиёт чораси учун ота ва ўғулни бўшатмадим. Юз нафар аскарларим билан қўй, отларни Самарқандга жўнатдим. Улардан саломат боргани хабарини олганимдан кейин Жавдот Гулту билан ўғлини бўшатдим.
Мен қолган юз нафар аскарларим билан Самарқанд томон жўнадим. Ҳануз Қорахитой элатларига қарашли ердан чиқиб кетмаган эдим. Бир овулнинг олдида гўзал бир қизга кўзум тушуб қолди. Қиз эса бизнинг аскарлар ўтушини томоша қилиб турар эди. Менинг бу вақтга қадар ҳеч нарсадан даҳшатланмаган, титрамаган юрагимга бу қизни кўриш билан бир титроқ тушди. Менинг ҳаётимда биринчи марта ўлароқ, бу қадар ўзгариш пайдо қилган ул сарв санубар қизнинг туруши ихтиёрсиз ҳолда Шамсиддин Муҳаммад Шерозийнинг бир байтини пичирлатарди.
Маро ишқи сияҳ чашмон зи дил берун наҳоҳад шуд,
Қазои осмон аст, ин дигар гун наҳоҳад шуд.
(Қаро кўзларнинг ишқи тоабад чиқмас бу кўнглумдан
Булунмас ўзга тадбири қазои осмондур бу.)
Мен овул ёнидан ўтуб бўлуб орқамга қарадим. Қиз ҳамон менга тикилганча қараб турар эди. Токи кўзумдан ғойиб бўлгунча менинг ҳам кўзум орқада эди. Қиз кўзумдан ғойиб бўлгандан кейин вужудимдаги ул қизни хотирдан чиқара олмайдирғон бир ўзгариш олдида енгилган эдим. Бу тасодифдан илгари мен ўзумнинг енгилмас куч-қувватга эга эканлигимга қувонар эдим. Бу қадар ўзгариш ҳосил бўлиши гўзалликка мағлуб бўлишимни хотирга олмаганим учун ўз нафсим олдида ғурурим синди, ҳақир ва ҳижолат бўлдум. Бу ҳижолатлик шу қадар таъсир бермоқда эдики, ўз-ўзимни қилич билан ёриб юбориш фикрига қадар ўйлаб чиқдим.
Ҳарҳолда, Самарқандга бориб, сенга буюрилган хизматни адо қилиш ҳақидаги таҳрирларимни Ёхмоққа арз этдим. Амир Ёхмоқ хизатимни тақдирлаб, бир юз дона от бермоқда экан, бундай деди: “Қабиладан олинган қўй, отлар келганда сенинг қилган ишларингга таажжубландим. Сендан бошқа ҳар қандай ишбилармон, кўҳна сол, мудаббирлар ҳам бу ишни уҳдасидан чиқа олмас эди”. Амир Ёхмоқ мени шу қадар тақдирлаб рози бўлган бўлса ҳам, мен ўзимдан норози эдим. Чунки исмини ҳам билмаганим бир қиз хаёли ҳануз қалбимда эди.
Мен Кеш шаҳридаги қариндош-уруғларимни зиёрат қилиб келиш баҳонаси билан Амирдан бир неча кунлик ижозат сўрадим. Амир ҳам хурсандлик билан жавоб берди. Кешга бориб, Абдуллоҳ Қутбга мулоқот бўлдум. У киши: “Кўз тегмасун, хўб яхши, кўркам паҳлавон йигит бўлубсан”, деб қаршилади. Суҳбат орасида Абдуллоҳ Қутбга воқеани бир-бир баён қилиб, ўзумнинг нима уқубат ва жазога сазовор бўлишимни сўрадим. Абдуллоҳ Қутб: “Нима учун ҳаётингга хотима бермакни хоҳлайсан?” деди. Мен бир қизни кўриш билан гўдаклардек ожиз-нотавон қолғоним учун ўз нафсимдан шарманда ва хижолатлигимни билдиргач, Абдуллоҳ Қутб менга бузургона мулойим кўз ташлаб, секин сўзлай бошлади: “Ўғлим, бу сенинг вужудингдаги инқилоб, бир инқилобдурким, Тангри таборак ва таоло барча ўғул-қизларнинг ниҳодида фитратан (табиатида) вужудга келтиргандур. Ушбу ғаризаи фитрий туйғусининг таҳрики (ҳаракати) билан эр-хотунлик риштаси боғланиб, инсон наслининг кўпайишига сабаб бўлудур. Агар шу инқилоб бўлмаса эди, ҳеч эркак хотун олмас, ҳеч хотун ҳам эрга тегмас эди. Бу ҳақда хижолат тортишнинг ҳожати йўқ. Эркак ва хотунлар ўз бошидан бу бир инқилоб ва ҳаяжон даврини ўтказмоғи табиийдур. Эмди сен воқеани отангга баён қилиб, ўша қизни олиб беришликни талаб қилғил”.
Мен бу ҳақда бир оз уялдим. Ҳаё ғолиб келгани учун: “Отамга сўзлашдан уяламан ва бу баҳсни очишга журъат қила олмайман”, дедим.
(Мутаржим изоҳи: У замоннинг йигитлари ҳар қанча қаҳрамон бўлуб кетганда ҳам оталари олдида ҳар нарсани сўзлашдан ибо қилар, бугунги ёшлар каби ҳар нарсани оталарига сўзламас, балки восита орқали арз этар эди.)
Абдуллоҳ Қутб сўзумни тасдиқлаб: “Рост айтасан, оталар олдида одоб билан турмоғлик керак. Андоғ бўлса, мен бугун отангнинг ҳузурига бориб айтаман, ўша қизни сенга олиб берсун”, деди.
Абдуллоҳ Қутб ва отамнинг тасдиқларидан кейин ўша қизга уйландим. Жаҳонгир, Шайх Умар, Мирон Шоҳларга она бўлди. Бу ҳодиса менга зўр истиқомат берди, изтиробларим кечди. Амир Ёхмоқ қўшунини идора қилишда истиқрор билан вазифаларимни адо қилиб бордим.

Форсийдан Абдураҳим Учқун таржимаси

Нашрга ҳозирлаган׃ Тоҳир Малик (tohirmalik.uz)

(Давоми бор)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.