Сойим Исҳоқов

kuzКўклам адоғида куз

(Роман)

Олтинчи боб
Жўрабойнинг тўйидан кейин Саримсоқ полвон ўша ҳудудлардаги бирорта кўпкаридан қолмайдиган бўлди. Ўзи от сурган галадан қуруқ чиқмайди. қўлига тушган улоқни бировга олдирмайди ҳам. Кузда туёқлидан Мулла Яхшибой деган киши тўй қилиб, уч кун кўпкари берди. Шу кўпкарилардан бирида у Саттор полвон билан яна бетма-бет бўлди. Ингичкадаги ўша тортишувдан кейин негадир сира рўпара келмовди. У тушадиган тўдага Саттор полвон тушмасди. «Тўй эгаси туёқли бўлганидан бу гал, балки, орият учун тушгандир»-ўйлади Саримсоқ полвон. Аммо у янглишганди. Ўшанда Саттор полвон иккита шериги билан анчайин тил бириктирганди. Мақсадлари бир иложини қилиб, Саримсоқнинг тақимидаги улоқни тортиб олиш эди…
Бу кўпкарида Саримсоқ полвон молтоплик Жуманбойнинг отлари билангина чопди. Одатда у Жуманбой билан Файзулла Махсумнинг отларини навбатига дам олдириб, алмаштириб чопарди. Ўша куни Файзулла Махсум ҳали кўпкари бошланмай турибоқ унга йўлиққанди:


Бу галча сиздан узр тиламоқчиман, полвон,-деди ноқулай аҳволда турганлигини сездирмаслик учун кулиб. –Шу десангиз… қўнғиротларимнинг бирданига ҳамияти қўзғалиб қолди: «Отингни ўзимиз чопамиз»-дейишяпти.
Саримсоқ ҳаммасини тушунди: уруғчилик, маҳаллий ман-манчилик баъзиларнинг қон-қонига сингиб кетганини у биларди. Шунга қарамай дили озроқ лат еди. Буни Файзулла Махсумга сездирмаслик учун осойишта оҳангда гапирди:
Бунинг нимасига узр тилайсиз, Махсум ака? Чопамиз дейишган экан, майли, чопсин. Майдон кенг, ўзбекнинг тўқсон олти уруғига ҳам етади.
Жума-ю Шўрчадаги қўнғиротларим орасида улоққа ярайдигани йўқ, Полвон,-ўксинди у. –Лекин қарчиғай бўламан деб ҳаволанган чумчуқларимиз кўп. Майли, бир кўришсин…
Саттор полвон улоқни тақимига босиб, тўдадан чиққан жойда Саримсоқ полвонга рўпара бўлди. Улоқнинг олдинги оёқларидан ушлаб бир-икки марта куч билан тортди-ю, эплолмади. Ҳарифи ақалли булк этмади. Шундан кейин баравар чопишиб боратуриб, улоқнинг олдига оёқларини эгарқошга кўтарди. Саримсоқ полвон нима қилар экан, дегандай қизиқсиниб кўз қирини ташлади. Ёнидан жипслашиб келган шеригига улоқнинг бир оёғини, ўзи иккинчи оёғини икки қўллаб ушлаб куч билан торта бошлаганидагина тушунди мақсадларини. Улоқни беркитирброқ ушлаб чап томонига қараганди, от қўйиб, қамоқлаб келаётган туёқлининг яна бир полвонига кўзи тушди. У улоққа даҳл қилмади-ю, лекин Саримсоқ полвоннинг ўзи тарафга бурилишига имкон бермасди.
Чап тарафдаги отни ҳисобга олмаганда ҳам, рақиблари улоқни икки кишилашиб тортаётганидан, уч от бир-бирига қапишиб қолишганди. Тўртала от ҳам бирдай сакрашиб, ерни гумбурлатиб чопишарди. Атрофда ҳайҳайсурон, кимнинг кимга нима деб бақираётганини англаш қийин. Кўпкари ишқибозлари, афтидан, роса жунбишга келишган. Айниқса қирқлар билан туёқлиларнинг ўпкалари ҳалқумларига тиқилар даражага етганди…
Чавандознинг майдонга ғирром мақсад билан тушганини пайқаса, Саримсоқнинг қони қайнарди. Шундай пайтларда ғазаби жўш уриб қалтис усулларга қўл урганини ўзи билмай қоларди. Ўшанда ҳам шундай бўлди: отларнинг бир-бирига қапишиб чопаётганидан фойдаланди. Бу усул ўзи учун хавфли бўлса-да, таваккал қилишдан бошқа чораси қолмаганди. Сидирим кетаётган пайтларида устунлик у томонда эди. Бироқ бу ҳол қачонгача давом этишини худо билади. Бир ўзи уч полвонга туриш беролармикан?
Оти керакли тезликда чополмаётганди. Бир улоқ, икки от, уч одамнинг залворига дош бериб олдинга интилиши осонмасди. Шунинг учун у ўз устунлигидан воз кечди: улоқни тақимидан чиқариб, гавдасини чапроққа олди-да, куч билан бир тортди. Саттор полвон ҳарифи томонга қаттиқ қалқиди-ю, улоқни қўймади. Шериги эса силтовга дош беролмай, улоқни қўлидан чиқариб юборди. қЎлидан улоқ чиққач, оти ҳам ўз-ўзидан нари сурилиб кетди. Натижада Саттор полвон билан Саримсоқ полвоннинг отлари орасида ҳам озроқ бўшлик пайдо бўлди.
Саримсоқ полвонга шуниси керак эди. Оёқлари билан отнинг биқинига қаттиқ ниқтади ва улоқни яна бир марта силтаб тортди. Бу гал Саттор полвон ҳам дош беролмади.
-Чу-у-увв, жонво-о-рр, чу-увв!!
Улоқни чавондози олганини сезган Жуманбойнинг бурул оти юлдуздай учиб кетди. Саттор полвон ўз отининг бўйнига мункиб тушди. Амаллаб гавдасини эгарга тиклагач, маъюсланиб четга чиқди…
-Нима қилдиларинг ўзи, -ёнларига борганида айрим уруғдошлари таъна қилса, айримлари Саттор полвонга тўғридан-тўғри ўдағайлади-Нега улоқди бериб қўйдиларинг? Яна уч кишилашиб-а!
-Саримсоқ анов-манов полвон эмас,-хотиржам жавоб берди у.-Йўлбарсдинг ўзи у. Йўлбарс билан йўлбарслар олишади. қолаверса, ўзи улоқ ололмайдиган одамлардинг бошқага «нега улоқ ололмайсан?» деб таадди бериши ҳам маъқул эмас!

* * *

Баъзи полвонлар энди кўзга кўриниб келаётган Полвонларнинг ўзидан устунлигини пайқашса ҳам, узоқ вақт унга тан бермай юришади. Назарида бир ёки икки улоғини тасодифан олдириб қўйгандай туюлаверади. Аммо кўпкарида тасодифлар кам бўлади ҳамда бутунлай бошқача тарзда юз берадики, унинг тасодиф эканлигини майдондаги чавандозлар ҳам, томошабинлар ҳам билиб туришади. Шу сабабли ўша полвоннинг сезги қувваси, заифгина бўлса-да, рақибига учинчи марта ҳам бой бериши аниқлигини билдириб туради. Айримлар ақл даъватига бўйсуниб, юрак тоқатсизлигини енгади. Енголмаганлар эса учинчи, хатто тўртинчи марта ҳарифига улоғини олдиргачгина тавбасига таянади ва бўш қопдай шалвираб тушади.
Саттор полвон дастлабки тортишувидаёқ Саримсоқ полвоннинг кучда тенги йўқлигини билиб олганди. тағин ҳам ўшанда тажрибасиз эди, шу сабабдан уқувсизлик қилиб маррагача тортишиб борди. Озроқ майдон кўрганида улоқни ушлагани заҳотиёқ олиб қўярди. Шу важдан ҳамқишлоқлари уни Саримсоқ полвонга қарши гижгижлашганида унамайроқ турди. Тўй қилаётган бой қариндоши бўлгани учунгина таваккал қилди. Одам хадис, кўнглининг бир четида учта бўлиб ҳужум қилсак, улоқни биздан олиб қўёлмас, деган умид ҳам милтиллаб қолди.
Кўпкариларда, баъзан, бир полвонга қарши галалашиб ҳужум қилишган пайтлар ҳам бўлади. Бироқ, Саттор полвон ўз қарорида яна бир хатога йўл қўйганини кейин тушунди: Саримсоқ полвон энди Ингичкадаги тўйда майдонга тушган уқувсизгина Саримсоқ эмасди. Ўшандан буён неча-неча кўпкариларда от суриб, анча-мунча пишиб қолганди. Одамларнинг пишанг берганига ҳаволаниб, шунисини ҳисобга олмаган экан.
Илгари қандай бўлса бўлгандир, аммо бу гал Саттор полвон мардлик қилди. Саримсоқ полвон кучда ўзидангина эмас, Ёзкечувнинг барча полвонларидан ҳам устун туришини баралла айтаверди. Шундай қилиб, у эл орасида Ёзкечувнинг иккинчи ўриндаги полвони сифатида тан олинди. Биринчи ўринда ҳамон қаробдоллик Эгамберди полвон турарди…
Мулла Яхшибойнинг тўйидан кейин Саттор полвон давраларга кам тушадиган бўлиб қолди. Тушса ҳам ололса, битта-иккита улоқ билан кифояланарди. Бор билимини ўғлига бериб, уни катта кўпкариларга тайёрлашни бошлади. У майдонга тушиб улоқ ола бошлаган куни, ўзи кўпкарини бутунлай тарк этди. Лекин…
Кўтал томондаги бир кўпкари Саримсоқ полвоннинг эсида. Саттор полвоннинг яқинларидан бўларканми, уни эъзозлашиб чортоққа чақиришди. Майдон айни қизиган пайтда ўғли ҳам тўдага кириб, қаторасига иккита улоқ олди. Учинчи улоққа от алмаштириб келиб, майдонга эндигина тушган Саримсоқ полвон билан ёнма-ён туриб қолди. Ўшанда чортоқдаги баковуллар Саттор полвоннинг ҳурматини қилишиб, улоқни ўғлининг олдига ташлаб беришди. Саримсоқ полвон шундоққина қўл узатиб улоқни терисидан чангаллади-да, бир тутам увададай унинг эгаридан озод кўтариб, ўз эгарига олди ва тақимига босиб, суриб кетди.
Бу манзара, шубҳасиз, томошабинларни жунбишга келтирди. Саттор полвонга эса айрича таъсир қилди. У биратўласи тутаб кетди.
-Ҳай, энағардинг боласи!-ғазабини босолмай ўғлига ҳайқирди.-Сен менинг улим эмассан! Ўйнаш-пўйнашдан бўғонсан-ов, баччағар!! Менинг болам буйтиб, улоғини бировга тортишувсиз олдириб ўтирмасди!
Саттор полвон бу билан ҳам кифояланмади. Куфри ортиб, чортоққа жуда яқинлашиб келган бир чавандознинг устига ўзини отиб юборди. Гўё қувласа Саримсоқ полвонга етадигандай, тортишса тақимидаги номус-орга айланган улоқни олиб қоладигандай…
Саримсоқ полвон унинг кимнидир бўралаб сўкаётганини эшитди. Ортига бурилиб қарашнинг имкони йўқ эди. Орқа ва ён томонларидан тўда-тўда суворийлар бургутдай чангал очиб келаётган бир пайтда чавандоз аҳли ҳатто ўзини сўкаётганларига ҳам эътибор бермайди. Воқеа тафсилотини кейин эшитди. Шунда «одамнинг қонига бир томчигина бўлса ҳам қандайдир бегона зардоб аралашганми дейман»-дея ўйланиб қолди. Ўша зардобнинг нималигини билмасди у: балки лат еган ғурурдир, балки бошқаларга йўл бўшатишдан озорланадиган худбинликдир. Нима бўлганида ҳам Саттор полвон майдондан кўкрак кериб, мардона чиқиб кетувди. Энди улоғини олдирган ўғлига бу тарзда зуғум ўтказиши…
Бу воқеа узоқ йилларгача Саримсоқ полвоннинг эсидан чиқмай юрди. Аммо кунларнинг бирида шундай воқеанинг гувоҳи бўлди-ки, шундан кейингина ўша номи номаълум «бегона зардоб» ҳар кимнинг ҳам қонида бўлавермаслигига ишонди.

* * *
Эллигинчи йилнинг эрта кўкламидамиди, Содиқ полвоннинг Анойи томондаги бир тўйда отдан йиқилиб, оёғи икки жойидан синиб кетганлигини эшитиб қолди. Ундан ҳол сўраб келиш учун атайлаб Коризқудуққа борди.
Офтобли, илиққина кун эди. Содиқ полвон уйининг олдидаги супага жой қилдириб, қуёшда тобланиб ўтирарди. Меҳмон боргач ичкарига кирайлик деб қисталанг қилди-ю, Саримсоқ полвон унамади.
-Кўкламнинг иссиғи ҳам ғанимат, Полвон,-деди.-Озроқ баҳра олайлик ундан.
Меҳмоннинг истаги- қонун. Супанинг ўзига қайтадан жой қилишди. Чой-пойни ҳам шу ерга келтиришди, икки ошна ундан-бундан гурунглашиб, пешингача ўтиришди. Пешин намозидан кейин Саримсоқ полвон уйига қайтиш тараддудини кўраётганида, қишлоқнинг қибла тарафидан бир қора кўринди. Содиқ полвон диққат билан тикилиб туриб кулди ва Саримсоқ полвонга қараб:
-Озроқ гидирасиз, Полвон ака,-деди.-Назаримда бизга талабгор келаётганга ўхшайди.
Мезбон нимага шама қилаётганини у аввалига тушунмади. Содиқ полвон шахдам қадамлар ташлаб келаётган йўловчини имлаб кўрсатгачгина тушунди гап нимадалигини. қизиқиб жойига қайта ўтирди. Келаётган кишини ўзи ҳам диққат билан кузата бошлади. Ҳали узоқроқ бўлишига қарамай, кўринишидан у ҳам чакана полвонлардан эмаслигини пайқаш мумкин эди: гавдаси йирик, қорувли. Ўзига ишонган одамлардек босиқ ва салобат билан қадам ташларди.
-Шу аҳволингиздаям у билан олишишди ўйлаяпсизми, Полвон?- сўради ҳавотирланаётганини яширмай.
Содиқ полвон мушаклари тирсиллаб турган қўлларини икки томонга ёйиб, «иложим қанча» дегандек елка қисди.
-Ҳақ талабда йўл босиб келаётган одамди ноумид қайтариб бўлмайди.
-Оёғингиз тузалмапти ҳали, қалай бўларкан?
-Нима бўлса бўлар, Полвон ака, кучини синаб кетсин уям.
-Йиқитсангиз-ку яхши, йиқилсангиз, бу аҳволингизда уники ҳалол бўлмайди.
-Биз майиблигизди билдирмаймиз унга, «йиқитдим» деб қувониб кетаверади.
Содиқ полвоннинг катта ўғли Мажид ҳам отасини аҳдидан қайтаришга уринди:
-Ҳозирча курашмаганингиз яхшийди, ота, йиқилиб қоласиз.
-Йиқилганди ер кўтаради, болам, сен кўтаролмайсан.
-Оёғингиз лат еб, қайтадан қийналасиз-да. қирқ беш кундан бериги тортган азобингиз кам бўлмовди.
-Мағлубият аламини кўтаролмаганлар полвон номини ҳам кўтармаслиги керак,-чўрт кесди у.-Шотини келтириб манови деворга тира. Мени суяб учинчи пиллапоясига ўтқиз. Синиқ оёғим сал баландроқда турса бўлгани.
Бошқа гап қўшишга ўрин қолмади. Мажид отасининг айтганларини бадастир бажарди. Шу пайт йўловчи паҳлавон ҳам ҳовли рўпарасидан ўтаверди.
-Йўлингиз бўлсин меҳмон?-Содиқ полвон шотига суяниб ўтирган жойида овоз берди.-Берман қайтинг, бир пиёла чойимиз бор.
-Содиқ полвон адли ақайни араштириб келем. Эвини шу этрефде дедилер,-деди у гулдираб.
-Тўғри айтишипти, унинг уйи-шу.
-Содиқ ақай сизмисингиз?
-У зарур ишминан чиқиб кетувди,-Содиқ полвон негадир ёлғон гапирди. Балки майиблигимни сезса аҳдидан қайтиб қолмасин, деб ўйлагандир.-Сўраб келувчилар бўлса кетиб қолмасин, деб тайинланган.
-Сиз кимсингиз?
-Мен Содиқ полвоннинг шогирдиман. Лозим кўрсангиз полвон келгунича курашиб ҳам тураверамиз. Эрмак-да, буям, а?
-Разийим.
У бурилиб келиб сўрашди-да, кураш тадоригини кўраверди. Тили ва афт-ангори ўзбек эмаслигини яққол кўрсатарди: юзи ва сочлари қизғиш-сариқ, кўзлари осмон рангида. «Абалимлик Сайдазим капказ деганлари шу бўлса керак,-ўйлади Содиқ полвон.-қрим татарларига ўхшайди-ю, нега капказ дейишаркин?» Орқаворотдан зўр полвон, деб таърифини эшитган, бироқ ўзини кўрмаганди. «Чиндаки полвон бўлсанг бир излаб келаринг бор»-деб юрарди. Мана, бемаврудроқ бўлса ҳам, ниҳоят келди.
Содиқ полвон кўнглидагини сўраб қўяқолди.
-Сизди нега Сайдазим капказ дейишади?
-Эшитген экенсиз-да, Абалимға Грузиянин турклеримен берабер келгенмиз. Ўнинг учун ўзбек қардашлар бизни-да Кавказдан деб билелер. Асли қримданим…насил курешежекмиз?
-Кураш усулини сиз танланг, меҳмонсиз.
-Яшингиз менден буюк экен, сиз сўйленгиз.
Содиқ полвон меҳмонга усул танлашни ҳавола қилаётган эса-да, курашнинг ҳар қанақа усулида олишолмасди. Оёқлари чаққон ҳаракат қилишга имкон бермасди. Боз устига эркин ҳаракат қилиб олишишадиган бўлса, Сайдазим капказ унинг чўлоқлигини сезиб қоларди. Яхши ҳамки у Содиқ полвоннинг ёши улуғлигини юз-ҳотир қилиб, таклифидан фойдаланмади. Ўзига қаттиқ ишонарди чоғи.
Саримсоқ полвон ҳакамликни қўлга олмаса бўлмаслигини пайқади.
-Бўлмасам бундай қилсак,-деди томонларни муросага чақириб.-Ҳалол бел олишсаларингиз. Шарти-«бўлди-бўлди»дан кейин ерга кўтариб уриш. Чил солиш, чалиш йўқ. Нима дейсизлар шунга?
Полвонларнинг розилигини олгач, Мажидга иккита белбоғ келтиришни буюрди. Белбоғларни навбати билан полвонларнинг белига ўзи боғлади. Бел олиштириб, уларнинг мустаҳкам боғланган-боғланмаганини текширди. Полвонлардан «олишишга тайёрман» деган жавобини эшитгач, курашни бошлашга рухсат берди:
-Ё бисмилло…бошланг!
Улар бир-бирларига қўйпечакдек чирмашиб, бир пас силкилашиб туришди. Бир маҳал Содиқ полвон Сайдазим капказни ердан узиб олиб, кўтарди ва фурсат ўтказмай ерга чалқанчасига гурсиллатиб урди. Атрофга йиғилиб қолган қўни-қўшни томошабинлар қийқириб юборишди.
-Ҳало-о-ол!
-Ҳало-о-ол!!
Саримсоқ полвон қўл чўзиб, ерда лоладай қизариб ётган Сайдазим капказнинг туришига ёрдам берди.
-Нима дейсиз, полвон, бўлдими ё қайтадан олишамизми?-сўради кулиб.
-Бўлди, етерли. Шагирди буйле ўлса, ўжаси Содиқ полвон насил экен. Иқрар ўлдим сизлерге…
Сайдазим капказ чойга ҳам қарамай йиқилганини тан олиб кетди. Бироқ Содиқ полвоннинг кўнглида ғубор қолди. У кураш тушганида керак бўладиган буюмлари жойланган халтасини елкасига ташлаганича тобора узоқлашиб бораётган мусофир полвоннинг ортидан анчагача жимгина, маъюс тикилиб турди-да:
-Шу йигитга йиқилиб берганимда бўларди,-деди шикаста овозда.-Кучига ортиқча баҳо бериб, катта курашларда панд еб қоладими, деб қўрқдим. Энди машққа шўнғиса, зўр полвон бўлади у.
-Унга ачинаётганингиздинг сабаби бугинамасдир-ов,-деди Саримсоқ полвон ўйга толиб.
-Уларга қийин,-бутун бир халқ беватан қилинди. Очлик, касаллик ва йўл азобида қанчаси қирилиб кетди. Тағин ҳам тиришқоқ халқ, соғ қолганлари ер тирнаб яшаб кетишди.
-Бу томондан биз омадлироқ чиқдик, Полвон.
-Биз ҳам таҳқирландик, ҳануз қувғиндамиз, лекин ўз ватанимиздамиз. Ғаниматимиз шугина ҳолос.
-Биздинг бир қисмимизгина тушдик бу аҳволга. Улар бус-бутун халқ ахир…
-Айтишларича, жаннатдай ватанлари бор экан. Соғиниб, ичикишади шўрликлар.
-Ватан тақдири бировлардинг қўлида бўлса қисмат шу эканда, сал баҳона топилса халқни эзиш, таҳқирлашни бошлашаркан…
Шу куни Саримсоқ полвон Содиқ полвонникида тунаб қолди.

_____________
* қуда сийи-тўй бошланишидан олдин қудаларни сийлаш, меҳмон қилиш.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.