Жаҳонгир Маматов

jahangir_mamatovЎзгармаган мавзулар

Қисқа саволга қисқа жавоб

Дунёга, атрофдаги воқеаларга ўз муносабати бўлмаган одамнинг ўзлиги бўлмайди.  Муаллиф.

-1-
САВОЛ: Агар сайловда Каримов сайланмай қолса, нима бўлади? (Насим).
ЖАВОБ: У ўз жойида қолади.

-2-

САВОЛ: Орага халқаро жамоатчилик тушса, Каримов режими ярашга рози бўладими? (Исмоил).
ЖАВОБ: Америка билан ҳа, мухолифат билан йўқ!

-3-
САВОЛ: Агар рўйхатларда бўлмаган номзодлардaн биттаси  сайланиб қолса, нима бўлади? (Рустам).
ЖАВОБ: “Жаслиқ”да маҳбуслар сони яна биттага кўпаяди.

-4-
САВОЛ: Сиз янги кўрсатилган номзодлардан қайси бирига овоз берган бўлардингиз? (Наврўз).
ЖАВОБ: Қайси бири Каримовнинг юзига қараб, “Бу мамлакат онангизни маҳрига тушган эмас, кетинг-да энди!” деб айта олса, ўшанга!

-5-
САВОЛ: Нега бизнинг одамлар фақат мансабни яхши кўрадилар? (Умида).
ЖАВОБ: Бир юракка икки муҳаббат сиғмайди.

-6-
САВОЛ: Савол берсам, кимлигимни билиб қолишлари мумкинми?(Исмсиз).
ЖАВОБ: Улар учун савол эмас, жавоб муҳим!

-7-
САВОЛ: Каримовни ҳам Рашидовга ўхшаб гўридан чиқаришлари мумкинми?(Зоҳиджон).
ЖАВОБ: Йўқ, унинг ўлигидан ҳам қўрқадилар!

-8-

САВОЛ: Каримов ўлган кун нима бўлади?(Шуҳрат).
ЖАВОБ: Мотам байрами!

-9-
САВОЛ: Путин, Шанхай Ҳaмкорлиги ташкилоти мухолифатга нажот манбаи бўлиши мумкинми?(Равшан).
ЖАВОБ: Агар мухолифат ҳокимиятга келса ва намойишга чиққан демократларни ўққа тутса, уни дунё жамоатчилиги ғазабидан ҳимоя қилишга Путин ва ШҲТ келиши табиий!

-10-
САВОЛ: Бир жойда “Мулланинг айтганини ҳам қилма, қилганини ҳам қилма” деб ёзибсиз. Бу билан гуноҳ қилганингизни биласизми?(Азиз).
ЖАВОБ: Бугун Ўзбекистонда минглаб муллалар золимни мақтамоқдалар, дуо қилмоқдалар ва бошқалардан ҳам буни талаб этмоқдалар. Шундай пайтда кимдир “гуноҳ” ҳам қилиши керак!

-11-
САВОЛ: Мухолифат сайловда кимга овоз бериши керак?(Мурод).
ЖАВОБ: Бу савол ҳақида бугун эмас, бир-икки йил олдин ўйлаш кераклигини ўша пайтда айтгандик. Қулоқ солишмади. Бугун энди кимга овоз бериш ҳақида эмас, ҳинони қаерга қўйиш ҳақида ўйлаш керак. Чунки ҳайит ўтиб бўлди.

-12-
САВОЛ: Каримов мухолифат билан мулоқот қилиши мумкинми?(Шокир).
ЖАВОБ: Агар у назарга илса, мумкин. Афсуски, назарга илмайди.

-13-
САВОЛ: Бир кун келиб Мирзиёев ҳам президент бўлиши мумкинми?(Фахриддин).
ЖАВОБ: Бу юртда Каримов шунча йил президент бўлгандан кейин Мирзиёвгина эмас, ҳатто Виктор Чжен ҳам президент бўлиши оддий ҳол.

-14-
САВОЛ: Каримов ўлса, қаерга кўмилади?(Ойниса).
ЖАВОБ: Аввал ўлсин-чи!

-15-
САВОЛ: Туркияда ҳокимият теппасига диндорлар келишди. Шуни ҳисобга олиб, бизнинг мухолифат ҳам динни маҳкам ушласа, тезроқ ҳокимият теппасига келмайдими?(Ботир).
ЖАВОБ: Туркияда шундай бўлишини армия истади. Бизда унақа армия ҳам, ҳокимият тепасига кела оладиган мухолиф сиёсий куч ҳам йўқ. Каримов бундай муқобил куч пайдо бўлиши учун замин қолдирмади, мухолифат эса бундай заминни ярата олмади.

-16-
САВОЛ: Агар менда имконият бор десам, Каримовни ўлдиришга буйруқ берармидингиз?(Йўлдош).
ЖАВОБ: Йўқ!
Биринчидан, мен ҳокимият даъвосидан йироқда бўлган оддий демократ ва бу менинг ғоямга зид.
Иккинчидан, бировнинг жонини олиш ваколати бизга берилмаган.
Учинчидан, мен бир ижодкорман ва ҳатто қўли қон қотилни ўлдиришни ҳам тасаввур қила олмайман.

-17-
САВОЛ: Мамлакатдан чиқиб кетиб, тўғри қилганмисиз ёки хатоми?(Қаҳрамон).
ЖАВОБ: Хато!

-18-
САВОЛ: Четда туриб бирор иш қилишингизга кўзингиз етадими?(Фаррух).
ЖАВОБ: Ҳа…

-19-

САВОЛ: Назарбоев билан Каримовнинг фарқи нимада? (Алишер).

ЖАВОБ: Назарбоев ўз халқининг, Каримов эса бошқа халқнинг раҳбари, фарқ шунда

-20-
САВОЛ: Диктатурани қуруқ гап билан ағдариб бўладими?(Самир).
ЖАВОБ: Сўз қуролдан кучлироқ!

-21-
САВОЛ: Бу кетишда биз демократияга қандай етишамиз?(Комрон).
ЖАВОБ: Демократия тоғ эмаски, унга етишсангиз. Демократия қонда, жонда, тарбияда, шуурда бўлиши керак.

-22-
САВОЛ: Ўзбекистоннинг келажаги мавҳум деган экансиз, наҳотки сиз ҳам унинг келажагини кўра олмаяпсиз?(Саъдуллла).
ЖАВОБ: Кўра олмасам ҳам тахмин қила олганим учун айтаман, Каримовнинг “хосияти” туфайли Ўзбекистоннинг “буюк” келажаги қамоқхоналарда етишмоқда.

-23-
САВОЛ: Халқни сўкаверган билан бир нарса ўзгарадими? (Нозим).
ЖАВОБ: Сўкиб ҳатто болангизни одам қилолмайсиз!

-24-
САВОЛ: Нега ташқарига чиққандан кейингина қаҳрамон бўламиз?(Аслам).
ЖАВОБ: Ўрмондан узоқлашса, қуён ҳам ўзини арслон санайди. Бу табиат қонуни.

-25-
САВОЛ: Ватанга ёрдам қилмоқчиман, нима қилишим керак?( Ўткир).
ЖАВОБ: Ватаннинг ҳавосидан нафас олинг!

-26-

САВОЛ: Ҳамма халқлар уйғонмоқда. Ўзбеклар қачон уйғониб, кўчаларга чиқадилар? (Ориф).

ЖАВОБ: Илгари ҳам бу ҳақда ёзгандим, ўқимаганмидингиз, ўзбеклар бутун дунёдаги барча халқлардан олдин уйғонадилар ва ҳаммадан олдин кўчаларга чиқиб кетадилар.

-27-
САВОЛ: Ўзбек пахтасини бойкот қилиш масаласига қандай қарайсиз?(Аҳмад).
ЖАВОБ: Агар дунё иқтисодий мафия манфаатига зид одим ота билганда, Африканинг ажалига айланган, ҳатто ҳақида ўнлаб филмлар яратилган олмосни бойкот қиларди!

-28-
САВОЛ: Ўзбек пахтасини бойкот қилиш масаласида сизлар ҳам нега жар солмаяпсизлар?(Исмсиз).
ЖАВОБ: Бундай ҳарaкатларни шов-шувларсиз қилиш керак! Чунки натижа чиқиши мушкул. Аммо диктатура матбуоти “Хоинларимиз оқ-олтинимизни бойкот қилишга чақирмоқда” деб ёза бошлади. Бу эса деҳқоннинг сўнги тийинини ҳам бермасликка баҳона!

-29-
САВОЛ: Мухолифат битдими?(Абдураҳмон).
ЖАВОБ: Агар ота-онаси топилса, янги мухолифат туғилади.

-30-
САВОЛ: Балки сайловдан кейин Каримов юмшаб қолар ва четдаги мухолифларга мамлакатга қайтиб, сиёсий фаолият қилишга йўл берар? (Шавкат).
ЖАВОБ: Каримовдан нажот кутиш, ҳўкиздан сут кутишдир! Кимдир бунга ҳам ишонади!

-31-
САВОЛ: Келажакда Каримовни ҳам қаҳрамон дейдиганлар чиқиши мумкинми? (Нурилла).
ЖАВОБ: Ҳа, агар Худонинг номини икки пулга сотадиган мунофиқлар ҳокимият тепасига келиб қолсалар Каримов эртаклардаги афсонавий қаҳрамонга айланиши ҳеч гап эмас. Унинг ўзи буни билади ва Ўзбекистон йўналишини ана шу изга солишга тиришмоқда.

-32-
САВОЛ: Андоза олса бўладиган мукаммал жамият борми!(Нурилла).
ЖАВОБ: Йўқ. Чунки инсоннинг ўзи мукаммал эмас. Шундай экан у қурган жамият қандай мукаммал бўлсин. Бугунга қадар қурилганларининг ичида тузукроғи демократик жамиятдир.

-33-
САВОЛ: Озгина қийинчиликдан қочадиган бирор одам “Ватаним учун жонимни беришга тайёрман!” деса кулгим келса нима қилай? (Ҳаким).
ЖАВОБ: Кулгингиз келса, мазза қилиб кулинг, кулги ҳам фойдали!

2006 йил.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.