Тарих сабоқлари

temurИККИНЧИ ФАСЛ

Йигитлик даври, уруш фанларини ўрганиш

Бир оздан сўнг отамни воқеадан хабардор қилдим. Отам шошиб: “Ёмон иш бўлибди. Отаси биздан ўғлининг қонини тилаб, нима муомалада бўлғай экан?” деди. Мен отамга хитобан: Ўғлингизнинг шунингдек мунҳариф йигитларнинг номуносиб сўзларига таҳаммул қилиб туришига рози бўласизми?” дедим. Отам мағрурона тус олиб: “ Ўғлим, албатта рози бўлмасман, аммо мени хабадор қилганингда, отасига айтиб, уни танбеҳ қилур эдим. Эмди Йўлошнинг отасининг интиқом олишига ҳозирлик кўришдан бўлак чорамиз йўқ”, деди.
Йўлошнинг ёмонлигидан мадраса шогирдларининг хабари бор, ҳатто улар бу бетамизнинг жазосини беришга мени даъват этар эдилар. Бу нуқта ҳам отамга маълум бўлганидан кейин: “Хайр, муллаваччалар шаҳодат берсалар, Йўлошнинг отаси биздан интиқом ололмас”, деб хулоса чиқарди. Устозимиз Абдуллоҳ Қутб мени бир хилватга чақириб, Йўлошнинг ўлуми хусусида таҳқиқ қилди. Мен Йўлошнинг бузуқ нияти билан ўтган муомалаларини бир-бир сўзлаб бердим. Устозимиз шогирдларини бир-бир тилатиб, бу ҳақдаги сўзларини суруштириб, сўзининг тўғрилиги шоҳидлар билан исбот бўлганидан кейин: “Шариат ва Чингизхон ясоси бўйинча, ул бадкирдорни ўлдириш лозим”деб фатво берди. Йўлошнинг отаси қилган даъвога биноан шаҳар доруғаси ҳам келиб, шоҳидлардан баёнот олгандан кейин Йўлошнинг отасига: “Сен ўғлунгнинг қонини талаб қилишдан воз кеч, ўғлунг ўз гуноҳига яраша жазо топибдур”, деди. Йўлошнинг отаси зоҳиран хун талаб қилолмаса ҳам, то трик бор, мени ўлдириш учун фурсат кутди, аммо муяссар бўлолмади. Мен улғайган сарим ўзимда бошқача бир манзиййат ҳис қилар эдимки, бошқаларда ул нарса йўқ эди.
Мен ўн олти ёшга борганимда тенгдошларимдан ҳеч қайси бирлари менинг билан мубораза майдонида куч синаша олмас эди. Ўқ отишсак, менинг ўқимга еткузиша олмас эдилар. Камонимни кўтариб ўқ отган чоғимда ўқ кўздан ғойиб бўлуб, бир мунча вақтдан кейин ерга тушар эди. Менинг севганим – чаққонлик эди. Менинг кўнгул очиш ўйинларимдан бири – уч отни ёндоштириб чопиб, биринчидан учинчига ва учинчидан биринчисига сапчиб миниш эди. Яйловда юрган отларга тақа қоқмас эдик. Фақат миник отларни ўзум ёлғуз тақалар эдим. Бу ишнинг қанчалик оғирлигини ҳамиша от миниб юрганлар биладилар.
Ўйинларимдан яна бири – бошормон чопиб кетиб турган отда эгар устидан отнинг ёнбошиг тушуб, кўздан пинҳон бўлур эдим. Кейинги урушларда менга шу услуб асқотди. Душманнинг ўқи билан от ўлса ҳам, мен ўзимни сақлаб қолар эдим.
Биргина от минмоқда эмас, сувда сузмоқда ҳам маҳоратим ортиқ эди. Масалан, Жайҳун дарёси ҳар баҳор вақтларида тошқин бўлади. Тошқин замонларида дарёнинг у тарафидан бу тарафига сзуб ўтар эдим. Тошқиннинг ўйнаб оқишлари хатарли бўлса ҳам, оқимга қараб сузуб бориб қуруққа чиқиб олар эдим.
Яна бир турли ўйин эса, каманд ташлаш эди. Ярим ёввойи отлардан бирини қасд қилганимда, унга тўғри от солиб бормасдан, ўзимни бошқа отнинг қасдида кўрсатардим-да, фурсатни қочирмасдан, ўша мўлжалланган от бўйнига камандни отардим ва жонивор каманд халқалари бўйнига қандай тушиб қолганини сезмай қоларди.
Баъзи одамлар кун бўйи от қувлаб юриб, қасд қилганини тутолмай, вақт зое қилар эди. Менинг қўлимга тушган ярим ёввойи отлар ҳар қанча уруниб қўлумдан қочиб қутула олмас эдики, оғзига юган сўлиқ солиб, хоҳлаган жойимга олиб кетар эдим. Ўн олти ёшимда илми тиб билан илми нужумдан бошқа илмларни билишга муваффақ бўлдум. Тиб ва нужум илмларига ёшлигимдан беэтиноъ бўлганим учун, ҳоло ёшим етмишга етди, бу икки илмдан бебаҳрадурман.
Ўша вақтларда отам эскигина бир масжидга олиб борди. Масжид ёнида бизнинг боболаримиз қабри бўлур эди. Отам менга оҳиста таништирди ва йўл-йўриқ кўрсата бошлади:
-Эй ўғлим Темур, биз Чиғатой аймоқидан бўламиз. Дастлабки бобомиз эса, Ёфас ибн Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғулларидур. Бизлардан энг аввал мусулмон бўлган одам “Қарочор Нўён” деган бир кишидур. Чиғатойхонга куёв бўлгани учун Кўрагон атайдурлар. Бу лақаб бизнинг хонадонимизга хос бўлгани учун сен ҳам мендан кейин Кўрагон лақабини кўтарасан,-деди ва қабрга ишора қилиб:-Булар бизнинг аждодларимиз бўладилар. Ҳаммалари мусулмон кишилардурлар. Сен ҳам шулардек самимият билан дини мубини Исломга боғлиқ бўлишинг керак. Дунёда дини Муҳаммадийдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзга яхши дин йўқдур. Ислом дини дунё ва охиратни назарда тутган диндур. Пайғамбаримиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматликни бажо этмоқ учун суннатларини бажармоққа интилғил, уламои киромларни ҳурмат қилғил, оқил ва донишманд кишилар суҳбатида бўлғил, қўлингдан келса, масжид ва мадрасалар бино қилғил, бойликларингдан масжид ва мадрасага вақф чиқарғил, бу дунёнинг зоҳирий жилвасига алданма, гар алдансанг, зар деб қувонганинг заҳар бўлуб чиқадур. Эй ўғлум Темур, бу кунларда ўн олтинчи баҳорни ўтказуб турсанг ҳам, қад-қоматинг йигирма ёшдаги йигитлардан-да кўркамроғ кўринадур. Кўкрагингнинг кенгайиши, билакларингнинг йўғон ва кучлилиги эл-аймоғимизнинг пойдорлигидан намунадир, уйланишинг керак”, деди. Отамга жавобан: “Мен илм таҳсил қилмоқ, от минмоқ, қилич, найза, ўқ-ёй каби нарсаларга шавқим зиёда бўлгани учун хотунлар билан алоқа қилмоққа ҳозирча рағбатим йўқ”, дедим. Отам қувонган тус олди эса-да, менга хитобан: “Таажжуб,-деб бир тўхтаб олди. Сўнгра:-Йигитнинг уйланмоқ учун майли бўлмаслиги…-деб яна сукут сақлади-да, кейин ҳайрат билан:-Сен санаб ўтгна илм-фунунларга хотун олиш тўсқинлик қилмайди. Эр киши йигитликнинг аввалги вақтида уйланса, бўлган фарзандларида бошқача мазиййат бўлади”,-деди. Мен отамга мурожаат қилиб, “Мени машғул қилиб турган қилич силташ, найза ушлаш фанларида яхшироқ малака ҳосил қилиб олгунимча яна икки йил фурсат бермоғини утундим. Мен ўз тушунушимда, уйланиш жисмоний қувватнинг озайишига сабаб бўлади, деб ўйлаган эканман. Кейинги вақтларда Султониядаги масиҳий Усқуф билан музокара орасида ўз иштибоҳимни англадим. (Мутаржимнинг бу борадаги изоҳи:Султонияда махсур (тобе) бўлғонлар жумласидан бир масиҳий Усқуф амир Темур борасида қизиқарли бир хотира қолдирган эди. Морсал Брайвон Париж миллий кутубхонасидан қўлга келтуруб, ушбу китобнинг охирига улуштириб қўйгандур. Яна Забиҳуллоҳ Мансурий бу китобни франсуз тилидан форсий тилга ўгургандек, Усқуф хотирасини биринчи дафъа ўлароқ форсий тилга ўгуруб таратмоқда бўлғонлигини қайд қилгондур.)
Ўша вақтдаги воқеалардан яна бири шулки: Самарқандга бормоқчи бўлдум. Устозим Абдуллоҳ Қутб билан сўзлашиб, ижозатларини олганимда, Абдуллоҳ Қутб Самарқандда шуҳратли пирлардан Амир Кулолга нома ёзиб берди ва: “Номани берсанг, сени яхши таважжуҳ билан кутуб олади”, дедилар. Амир Кулол исмига дарж бўлган “амир”лик мансаб эмас, урафолар зумрасидандир(жамоа). Кулоллик касби билан ўтгани учун ҳунармандлар “пиримиз” деб эҳтиром қиладилар. У кишининг муҳозироларидан бир қанча муридлари ва муътакидлари (хилватнишин) мустафид (манфаатдор) бўлуб турар эдилар.
Мен Самарқандга борганимдан кейин ҳордуқ чиқардим, ҳаммомга тушдим. Сўнгра Амир Кулол ҳузурларига бориб, Абдуллоҳ Қутб ёзиб берган хатни топширдим. Амир Кулолни биринчи кўрушим эди. Саксон ёшларда бор, узун оқ соқолли, кўзлари чақнаб турган жозибадор бир киши эдилар.
Мен Амир Кулолга мулоқот учун кирдим, кўрушдим. Абдуллоҳ Қутб берган номани сунуб, этакроғда – бусоға ёнида ўлтурдум. Амир Кулол номани ўқуб бўлуб, диққат билан менга кўз ташладилар ва: “Кел, йигит, ёнимга ўлтур, сени яқиндан яхшироғ кўрай”, деб марҳамат қилдилар. Ёнларига бориб ўлтурдим. Менга хитобан: “Мен отангнинг номини эшитганман, аммо ўзини кўрганим йўқ. Абдуллоҳ Қутбнинг ёзишига қараганда, сен Қуръонни тамом ёд билар эмишсан ва яна донғи чиққан араб, ажам шуароларининг шеърини ўқур эмишсан”, дедилар. Мен тасдиқлаб жавоб берганимдан кейин “Аъшининг шеърларини ҳам биласанми?” деб сўрадилар.
(Изоҳ: Аъши – араб шоирларининг машҳурларидан. Форс шоири Манучеҳри унинг баъзи шеърларини форс тилига таржима қилиб ёки айни шеърнинг матнини арабийда ўз шеърига қўшиб ёзган.)
Мен жавобан: “Йўқ, у кишининг шеърларини ўқумадим”, деганимда у киши: “Нима учун ўқумадинг?” дедилар. Мен айтдим: “У кишининг шеърлари аксари ғазал ва ташбибдур, мен ташбиб шеърларидан нафрат қиламан”.
(Изоҳ: ташбиб –йигитлик шеърлари бўлиб, маъноларида ҳусн, қад-қомат, зеболикдан баҳс юритади, бизда “ташбиҳ” яъни “ўхшатиш” шаклида қўлланилади.)
Амир Кулол: “Сен фозил йигит бўла туруб ташбиб ғазаллардан нафрат қилишинг қизиқ, ташбиб шеър шуарога ва урфони асрорларга бир василадур. Қош, кўз, хол, май, маъшуқ каби истилоҳатларни билмак урафоларга хос бўлуб, бу сулукдан ташқаридаги кишилар бундаги рамузотларга маҳрами роз бўлолмаслар”, деб Аъши ғазалларидан бирини ўқидилар. Мен бетўхтов ўшал ўқулғон ўн байтни ўқуб бердим. Мажлис орасиндан бир киши туруб: “Аъшининг ғазаллари халқ орасида маъруфдур. Хусусан, арабийни биладургонларнинг барчаси оз-кўп биладур. Бу йигит ҳам шулар жумласидандур, лекин менинг арабийда янги бир шеърим бор, бу кунгача шеъримни ҳеч кимга ўқугоним йўқ ва ҳеч кимнинг ҳам хабари йўқтур, шу шеърни бу йигитга ўқуб бераман, бир дафъа ўқугонимда қайтиб ўқуб бера олса, воқеан хориқул одат – ёд олиш қобилиятига эга бўлган бўлур”, деб ўз шеърини ўқиди. У киши етти байтлик шеърни ўқуб тамом қилиши билан мен дарҳол такрор ўқуб бердим. Мажлис аҳли тамом сукутга кетдилар. Амир Кулол қўлларини бошимга қўйган ҳолларида юзумга диқққат билан боқуб, мажлисдагиларга хитобан: “Мен бу йигитнинг пешонасида улуғворлик кўраман, бу йигит бир мақомга етгайки, мундан илгари ҳеч кишига муяссар бўлмаган бўлгай. Мен каби яшаган одамга бу йигитнинг сутуват ва азаматини кўрушлук имкони бўлмаса ҳам, аҳли мажлисдан тирик қолғонларидан Темур исмлик йигитнинг оламгирлигини кўрган ва эшитганлари бўлгай”, дедилар-да, ходимларига буюруб, бир табоқда тўқоч (кулча) олдиртириб келдилар. Тўқочлардан етти донасини менга бера туриб: “Кешга борганингда ушбу тўқочларнинг ҳар биридан бир оз еб, қолғонини сақлаб қўйғил, келажакда дунёнинг етти иқлими ҳаммаси сеники бўлгай”, дедилар.
Амир Кулол билан мулоқотда бўлганимда тарихи ҳижрийга етти юз эллик икки эди. Мен бу киши сўзларининг ҳақиқатга улашиб кетишлигини ҳеч тасаввур қилмаган эдим. Қайтиб Кешга келганимда отам изоҳ бердилар: “Амир Кулол бир марди бузургвор ва каромат соҳиби эмиш”. Отам ҳам ул киши берган дастурларини амалга оширмоғим учун таъкидладилар. Ўшал кунларда Орифи биллоҳ аталган қари чолнинг сўзларига тушуна олмасам ҳам, бу кунларда Амир Кулол айтган сўзлари ҳақиқатга улашиб, дунёнинг етти иқлими менга мутеъ бўлди.
Отам ўша замоннинг моҳир устодларидан Самир Тархон деган бир кишини менга юқори даражали ва фанний тариқада қилич чопмоқни ўргатиш учун даъват қилди. Самир Тархон биринчи кундаёқ ўнг қўлумни арғамчи билан баданимга чапалаб боғлаб қўюб, менга қараб: “Темур, энди бир қўллик киши бўлдинг. Уруш майдонида ҳарифлар қиличлашар экан, нариги тарафнинг керакли бўлган ўнг қўлини ишдан чиқаришга чолишади. Бунга бир ўқ ёки бир найза ҳамласи кифоя қилади. Шундай вақтда ўнг қўлни ишлатиб юрганлар учун ҳар қандоқ мубориз баҳодири бўлса ҳам, ўликдан фарқи бўлмай қолади. Аммо чап қўл билан ҳам қилич чопа билган кишилар бу ҳолдан шошмайди. Иккинчи қўлни ишлатиш билан икки кишилик ўринни эгаллайди”, деди. Мен илгари хатни чап қўл билан ёзиб, баъзан қилични ҳам чап қўл билан ишлатган бўлсам ҳам, Самир Тархон чап қўл билан бутун аслаҳаларни комил тариқада ишлатишни яхши ўргатди. Кейинги уруш майдонларида чап қўлумни ишлатмоқ билан неча қатла таҳликадан жон қутқардим. Мен амирлик маснадида ўлутрганимда Самир Тархон кексайиб, тишлари тушуб қолғонидан гўшт, қаттиқ нон, хиёр (бодринг) каби нарсаларни чайнаб ея олмас эди. Мен собиқдаги хизматларини унутмадим. Умр бўйи роҳатда ҳаёт кечиришлиги учун эҳтиёжотларини доим етарли даражада таъминлаб турдим. Ундан бошқа устозларим, ёр-дўстларимни назарда тутуб, лойиқларини мансаб ва ёки кесилмас маош билан таъминладим.
Гарчи Қуръони Каримда “Ас-синну бис-синни вал узну бил узни” (тиш тиш билан, қулоқ қулоқ билан) деб буюрилган бўлса ҳам, йигитлик даврларимдаги душманларимдан қасос олмадим. Чунки улар ўз вақтида менга зўргина душман эдилар. Вақтики Шарқу Ғарбни олгонимдан кейин, улар ҳақир ва нотавон бўлуб қолдилар. Куч ва қувватимга таяниб, улардан ўч олмоқни ўзимга ор билдим.
Самир Тархон қўл остида аслаҳа ишлатишни ўрганиш замонларида ўнг қўлумни боғлаб қўюб машқ қилдирар, чап қўлумда бемалоллик билан қилич чопа олсам ҳам, ўнг қўлумда бир оз нўноқлик бор эди. Кўп машқ қилиш билан икки қўлум баробар аслаҳа ишлатишга ўрганди. Кейинроғда Анқора атрофида Боязид Йилдиримни қарама-қарши мубориза қилмоққа чақирганимда олтмиш олти ёшда эдим. Ҳар икки тараф қўшунига ортуқча талафот етказмаслик учун иккимиз мубориза қилиб, қайси биримиз ўлсак, у қўшин мағлуб саналсун, деган назарияни ўртага ташладим. Мен икки қўллаб қилич урганим учун ундан ғолиб келаман, деб ишонар эдим. У эса ғоятда кучга тўлган ва ботирлик даврида бўлса ҳам, менга муқобил бўлишга журъат қилмади.
Ҳар қалай мен йигитлик даврининг иқтизосига кўра, от чопмоқ, ўқ отмоқ, қилич ва найза урмоқ ва кураш тушмоққа харис бўлганим ила баробар илм таҳсилида ҳам ғофил турмадим. Ўша онларда форсий тилидаги икки китобнинг бири “Маснавий” (Мавлоно Жалолиддин Румийнинг таълифидур) яна бири “Гулшани роз” (Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг таълифидур) бўлиб, ҳар икки китоб ҳам шеърий усулда ёзилган эди. Мавлавийнинг “Маснавий”сини ўқушликдан қаттиғ мутанаффир (нафратланган) бўлдум. Аммо “Гулшани роз”ни ўқиш менинг учун лаззат бағишлар эди.
“Маснавий”дан нафрат қилганимнинг сабаби шул эдики, Жалолиддин Румий ўз китобида мазоҳибнинг (мазҳабларнинг) барчасини озод деб таъриф қилгандур. Ҳар қандай дин бўлса бўлсун, унга эҳтиром қилиш лозим, ҳеч қайсиларини бир-бирига мазиййати (ортиқ жойи) йўқ, деган эътиқодидур. Мен эса, таассуб юзасидан эмас, балки далил юзасидан дини Исломни барча динлардан юқори деб биламан. Исломнинг аҳком ва қонунларини мусавий (яҳудий), исавий (насроний) динларининг қонунларига солиштириб кўрилса, Исломнинг олий мартабада эканлиги яққол кўрунуб туради. Мусавий динида фақат дунёга таважжуҳ (юзланиш) бўлиб, ўлимдан сўнг ҳаёт йўқ, деб тушунадилар. Исавийлар эса, фақат охиратга таважжуҳлари боғланиб, умури дунёвийга ҳеч қандай ўрун қўйилмаган. Дунё ҳаёти ёлғиз бир ваҳм – хаёл деб эътиқод қиладурлар. Ислом қонунлари бўйича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг уммати исломияга берган таълимларида, дунё ва охиратнинг фикрида бўлмоқлик тавсия қилингандур. Маҳмуд Шабустарий агарчи етти имом шиаларидан бўлса ҳам, ўз китобида Худо, мабдаъ, маод ақидаларини баҳс вилгани учун яхшигина таъсир қолдирди.
(Форсий мутаржим изоҳи: “Шиа ҳафт имоми” деб Исмоилия мазҳабига муътақид шиаларни айтиладур. Маҳмуд Шабустарий бу тоифадан эмаслиги собитдур. Аммо исмоилиялар ҳар бир киши ориф, сўфий, машраб бўлса, чунончи, Санон Шайх Аттор, Шамс Табризий, Жалолиддин Румий, Азиз Насафий, Шайх маҳмуд Шабустарий – буларнинг ҳаммаларини исмоилиялар ўзларидан, деб эътиқод қиладурлар. Ваҳоланки,ундай эмасдур. Бинобарин, Амир Темур ҳам исмоилияларни шул каби шоиотлари таъсирида қолгон бўлса керак. Менинг мақсадим мазҳабларни яхши-ёмон деб қазоват қилиш эмас, балки бир мутаржимга тавзиҳи лозим бўлгн нуқталарни зикр қилиб ўтмоқдур. Шу билан таржима мубҳам қолмаслиги утилгандур.)
Мен Озорбойжонга мусаллат (ғолиб) бўлганимда, ббўйсунмасларни жазога тортдум, аммо Маҳмуд Шабустарийнинг китоби менга қолдирган таъсирига эҳтироман шабустар халқини риоят қилдим. Мен Шабустарга борганимда аҳоли қочиб кетган эдилар. “Шабустар халқининг мол-жонлари омондур”, деб атрофга жар солдирдим. Шаҳар халқи менинг ёлғон сўзламаслигимга эътиқодлари бор учун ҳаммалари ўз жойларига қайтиб келдилар. Мен Шабустар шаҳрида тургувчи эр, хотунларнинг ададини олмоққа буюрдим. Натижада уч минг саккиз юз тўқсон бир адаб эр-хотун борлиги маълум бўлди. Ҳар бир эр-хотунга беш мисқолдан олтин бермоққа амр бердим. Бу шаҳар аҳлига жамибўлуб ўн саккиз минг беш юз беш мисқол олтин тақсим қилиб бердим. Менинг бу тақсимоти ҳадойаларим сабабини мулозимларим ва амирларим билмадилар. Мен ҳам уларга сабабини билдирмадим ва айтмаслигим керак эди, чунки авом ун-нос билганларнинг ниятини пайқай олмаслар. Бу нуқтани Шабустар халқи ҳам бу кунгача сабабини тушунолмагандир. Вақтики, “Гулшани роз”ни ўқудум, менга ғомуз (яширин) турган ҳикматларнинг ҳал бўлишига сабаб бўлди. Мен ўша муаллиф тақдири учун қилган ишимни бу кун биринчи марта изҳор қилишимдур.
Ўн саккиз ёшга борганимда отам барча ишларини менга ҳавола қилиб, қолғон умрини гўшанишинлик билан ўтказмоққа қарор берди. Илгари арз қилиб ўтгоним каби, отам кичик ер соҳиби бўлуб, ортиқча сарватимиз (бойлигимиз) йўқ эди. Мен форс шоири Саъдийнинг: “Инсон токи дунёда тирик экан, сарват ортдириши ва илм ўрганиши лозим, чунки нодонлар кишини мол-жиҳодларини назарда тутуб эҳтиром қилади. Оқилу донолар эса, инсонни илм ва ҳунари юзидан эҳтироми вожиб деб билади”, деган сўзига биноан отамнинг бойлигига бойлик қўшмоқ учун бирор машғулотга эҳтиёжим бўлганлигидан Мовароуннаҳр умароларидан бирининг ҳузурида хизмат қилишни лозим топдим.

Форсийдан Абдураҳим Учқун таржимаси

Нашрга ҳозирлаган׃ Тоҳир Малик (tohirmalik.uz)

(Давоми бор)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.