Тарих сабоқлари

temurИККИНЧИ ФАСЛ

Йигитлик даври, уруш фанларини ўрганиш

Бир оздан сўнг отамни воқеадан хабардор қилдим. Отам шошиб: “Ёмон иш бўлибди. Отаси биздан ўғлининг қонини тилаб, нима муомалада бўлғай экан?” деди. Мен отамга хитобан: Ўғлингизнинг шунингдек мунҳариф йигитларнинг номуносиб сўзларига таҳаммул қилиб туришига рози бўласизми?” дедим. Отам мағрурона тус олиб: “ Ўғлим, албатта рози бўлмасман, аммо мени хабадор қилганингда, отасига айтиб, уни танбеҳ қилур эдим. Эмди Йўлошнинг отасининг интиқом олишига ҳозирлик кўришдан бўлак чорамиз йўқ”, деди.
Йўлошнинг ёмонлигидан мадраса шогирдларининг хабари бор, ҳатто улар бу бетамизнинг жазосини беришга мени даъват этар эдилар. Бу нуқта ҳам отамга маълум бўлганидан кейин: “Хайр, муллаваччалар шаҳодат берсалар, Йўлошнинг отаси биздан интиқом ололмас”, деб хулоса чиқарди. Устозимиз Абдуллоҳ Қутб мени бир хилватга чақириб, Йўлошнинг ўлуми хусусида таҳқиқ қилди. Мен Йўлошнинг бузуқ нияти билан ўтган муомалаларини бир-бир сўзлаб бердим. Устозимиз шогирдларини бир-бир тилатиб, бу ҳақдаги сўзларини суруштириб, сўзининг тўғрилиги шоҳидлар билан исбот бўлганидан кейин: “Шариат ва Чингизхон ясоси бўйинча, ул бадкирдорни ўлдириш лозим”деб фатво берди. Йўлошнинг отаси қилган даъвога биноан шаҳар доруғаси ҳам келиб, шоҳидлардан баёнот олгандан кейин Йўлошнинг отасига: “Сен ўғлунгнинг қонини талаб қилишдан воз кеч, ўғлунг ўз гуноҳига яраша жазо топибдур”, деди. Йўлошнинг отаси зоҳиран хун талаб қилолмаса ҳам, то трик бор, мени ўлдириш учун фурсат кутди, аммо муяссар бўлолмади. Мен улғайган сарим ўзимда бошқача бир манзиййат ҳис қилар эдимки, бошқаларда ул нарса йўқ эди. Continue reading