Сойим Исҳоқов

soyimishoqКўклам адоғида куз

(Роман)

Бешинчи боб
Саримсоқ полвон хаёлидан кино тасмасидаги тасвирлардай шипиллаб ўтаётган хотираларни бир дамга кесди. Беихтиёр қўлининг панжаларига тикилиб қолди. Улар ҳануз бир замонлардагидек залворли кўринаётган эса-да, озроқ чўзилгандай, териси дағаллашиб, эти қочган. Бир пайтлари пайга тўлиб, тирсиллаб турадиган бу бармоқларнинг ҳар бири қозиқдай бор эди-ёв. Ушлаганини узиб оларди. Мушт қилиб тугса, росмана гурзига айланарди. Зарби ҳам кўринишига яраша эди. Шомирза чўрқинди: «Саримсоқдан мушт егандан кўра, отдан тепки еган яхши»-деб юрарди ҳазиллашиб. Бекорга айтмасди бу гапни у…
Мана, қариди. қачонлардир қариши мумкинлигини узоқ вақт ўйламади ҳам. Орадан қанча сувлар оқди. Шу сувларга монанд, қувончу изтиробларга тўлиб умри ҳам оқди. Яна қанчагина яшаркан-бунисини худо билади. Ўлимидан олдин узоқ-яқиндаги кўнгилсозларини бир изласамиди?! Ҳатто эски рақибларини излагиси, улар билан ҳам рози-ризолик тилашгиси бор эди. Ўтган гаплар ўтди. Энди уни орқага қайтариб ҳам, тузатиб ҳам бўлмайди. Ўлим-барҳақ. Аммо бу армонли дунёдан ичда алам ва афсус билан ўтиш қийин. Жон халқумга қадалганида дилда хотиржамлик бўлмагач, хотиржам ўлиш тўғрисида ўйлаб бўладими?!
Даъфатан соғишмонлик Мавлон ёдига тушди. Маъюс кулимсиради. Зўр полвон эди-да, қурмагур! Бир марта бутун Митан чавандозларга зўрлик қилганди. Э-эҳ, у кунлар! қандай зўр урф-одатларимиз бор эди. Ўзимиздан чиққан қизил сўзли зўравонлар ёрдамида ҳаммасига барҳам беришди: ажойиб урф-одатларга ҳам, кўпкариларга ҳам. Не-не учқур бедовлар аравага қўшилиб хор-зор қилинди, гўштга топширилди. Одамлар қандай қилиб шундай тошбағир бўлиб кетишаркан-а?! Айрим даврлар ҳаммани гангитиб, миясини ачитиб қўярмикан?! Ташвиқоту-тарғиботнинг кучи шунчалик қудратли ва бешафқатми?!

* * *

Қаробдоллик Улуғмурод Қодир ўғли Митандан уйланадиган бўлиб қолди. қиз тараф битта «арзимас» шарт қўйди: йигирма улоқни сўйиб, қирқ улоқни ҳайдаб келади қуда тараф. Куёв ёки унинг ишонган вакили митанликлар билан улоқ тортишади. Улоқни олиб келиннинг уйига еткизолса ҳалоли бўлсин, сўйилган ва ҳайдовдаги ҳамма улоғи ўзиники бўлади. Келинга қалин ҳам тўлашмайди. Ололмаса, улоқлар митанликларники. Яна оғзиларига сиққунча қалин ундиришади.
Қаробдолликлар шартни қабул қилди. қўлдош полвон билан Бўта полвон майдонга тушиш учун бел боғлашди. Аммо Улуғмурод уларга рўйхуш бермади. Кучларига ишонмаганидан эмас, албатта. қўлдош полвон Синтопда тожик полвонлари билан тортишиб, совринга қўйилган ўн беш улоқдан еттитасини бир ўзи олиб қўйган номдор полвон эди. Бўта полвон ҳам куч-қувватда ундан қолишмаслигини исботлаганди: Ўгатда, Карим раиснинг тўйда, қирқиянинг танилган уч полвонидан улоқни бир ўзи тортиб олиб маррага келтиргач, машҳур бўлиб кетганди. Ўгатнинг таниқли полвони-Сиддиқ полвон негадир айни шу пайтда майдонга тушмаганди. Бўта полвоннинг уч кишига зўрлик қилиб кетгани унга алам қилса-да, куч ва уқувга тан берди:
-Эй, бу қисталоқ ҳам Эгамберди полвондан нусха кўчирган чўчқалардан экан-ку!-деди ноилож кулиб…
Улуғмуроднинг шундай полвонларни майдонга туширмаган- лигининг сабаби бошқа ёқда эди. Митанликлар ҳам от минишни билади. Орият ўртада турган пайтларда бир элдан бир элга борганларга қўшқўллаб улоғини ушлатиб юбораверишмас. Шундай экан, унинг манфаатини ҳимоя қилувчи туркман бўлсин-у, ҳамқишлоқ қариндошлардан бўлмасин. Шунда улоқни ололмаган тақдирдаям алами озроқ бўлади. Олса, қуда тарафлар бундан қийиқ чиқаришолмайди: «Ҳа энди, қариндошинг сен учун ўлиб-қутулди-да, бўлмасам биздан улоқ ололармиди»-дейишолмайди. Ҳолис одам чопса-тилларига курмов тушиб қолади.
Ўзи кўпкари чополмаганидан, бу хизматга Мавлон полвонни лозим кўрди. Ҳар қалай бундай масалаларда унинг анча-мунча тажрибаси ҳам бор эди. Ўз элининг олди, беқиёс сулуви бўлган хотини Аширгул бовуччани ҳам улоқ тортишиб олганди у. Саримсоқни эса: «Кўриб келасан, жўра»-деб Мавлон полвон чақиртирганди…
Ажойиб кўклам кунларнинг бири эди. қир адирларни майсаларнинг яшил гилами қоплаган. Саримсоқлар беш-олти отлиқ бўлишиб, йўлга эрта тушишди. Сўйилган улоқларни ва тўйнинг керак яроғини араваларга босиб сўйилмаган улоқларни ҳайдаб, куёвтўра бошлиқ қуда-қудағайлар карвони аввал оқшомдаёқ йўлга тушган эдилар. Отлиқлар уларга белгиланган жойга яқинлашганларидагина етиб олишди.
Қуёш чарақлаб турса-да, ҳаво унчалик иссиқ эмасди. Осмонда паға-паға оқ булутлар сузар, гоҳо қуёш юзини тўсиб, йўловчиларга салқин эпкин ва кўклам ифорини уфурар эди. Ўт-ўланлар орасидан сўфитўрғайларнинг хазин сайроғи эшитилиб, дилларда қандайдир ёқимли, айни чоқда маҳзун ҳислар уйғотар эдилар.
Қудалар карвонини кутиб олишга чиққан митанликлар келиннинг уйидан икки чақиримдан мўлроқ берида, кенггина майдонда дуч келишди. Тўғрироғи, улар шу жойни кўпкари бошланадиган пакка тарзида белгилаб, анчадан буён кутиб ўтиришарди. Куёвдан бошқа ҳамма билан одатдагидай ҳол-аҳвол сўрашдилар, , бир-бирларига иззат-ҳурмат кўрсатдилар. Таомил шунақа; куёв куёвдай бўлиб «пусиб» ўтириши керак. Гўё бу ерда у йўқдай. Биров эътибор бермаса ҳам, назарига илмаса ҳам, бирор тентаги билса ҳазил-билмаса чин қабилида нордон гап отиб иззат-нафсига тегса ҳам, ҳатто бир мушт-ярим мушт тушириб қолса ҳам чидаши керак. Худо қувватни Мавлон полвонга берсин. У ғолиб чиқолса ҳаммаси ўтиб кетади. Тошбағир ва қўрсдай кўринаётган қайин-қайнағалар қўлига сув қуйишади ўшанда. Келинга эгалик ҳуқуқини бугун тундаёқ қўлга киритади. Борди-ю, ёзкечувликлар улоқни олишолмаса… Тўй бари бир бўлади. Лекин катта харажатлар, кесатиқ-муқатиқлар билан.
Кўпкари шартлари олдиндан маълум бўлса-да, ҳар икки томондан биттадан вакил чиқиб, яна мунозаралироқ тарзда музокара бошлашади. Хулоса ўша-ўша-Мавлон полвоннинг битта ўзи улоқни келинникига элитиши шарт. Аммо қарши томоннинг суворийлари кўплигини ҳисобга олиб (улар ўттиз кишидан ортиқ эди) озроқ ён беришди: чавандознинг шериклари ўртага олиб, қўрғалаб юришлари мумкин, дейишди. Бари бир ҳам Мавлон полвонга «кўмакчи»лар сонини учтадан оширишмади. Куёв тарафдан кексароқ иккитаси сўйилган улоқлардан бирини нарироққа элтиб, майсанинг устига ташлади. қайтиб аравага чиқишгач, ўйинни бошлашга рухсат беришди:
-То-о-рт, шов-воз-ла-а-рр!!
Улоққа митанликлар ҳам, ёзкечувликлар ҳам ҳай-ҳай сурон билан баравар ташланишди. Кўпчилик-кўпчилик-да, митанликлар ёзкечувликларни сиқиб, бир оз даврага киритишмай турди. Бироқ, ҳадеганда ўзлари ҳам улоқни ердан олишолмади. Шунда Мавлон полвон айёрлик қилди: тўданинг бир тарафидан қўлдош полвонни, иккинчи тарафидан Бўта полвонни киритиб юборди. Улар ҳай-ҳайлашиб, митанликларни чалғитиб туришган пайтда Саримсоқ иккаласи ситилиб орқага ўтишди, қуданинг уйига бориладиган тарафда бамайлихотир пайт пойлашди.
Митанликлардан бири улоқни терлаб-пишиб галадан олиб чиқди-ю тўғри Мавлон полвонга рўпара бўлди. Чап бермоқчи бўлганди, ён томондан қисиб борган Саримсоқ бунга имкон бермади. Оралиқда тақимидаги улоқни Мавлон полвон «шилт» этказиб суғуриб олганини шўрлик билмай ҳам қолди.
Мавлон полвон: «Ҳайт!»-деганича йўлга тушди.
-Ушла!-дейишди митанликлар чувиллашиб.-Олдини ўра, олдини!
Мавлон полвоннинг бир тарафини Бўта полвон, иккинчи томонидан Саримсоқ қўриқлаб кетарди. қўлдош полвон орқага ўтиб олди. Митанликлар қанчалик уринишмасин, энди на орқадан ва на ён томонлардан хавф сололмасдилар. Олдинга ўтишга отлари ожизлик қилишарди.
Бу тахлитда кетиш узоққа чўзилмади. Келиннинг уйига яқинлашганларида, чоғроққина тепачадан ошган жойда, яна ўнтача отлиқ олдиларидан ўраб чиқишди. Чап бериш ҳавфли эди-орқадагилар етишиб, ўртага олиб қолишлари мумкин. Унда қирқ одамга битта Мавлон полвоннинг бас келиши душвор, боз устига қуданинг уйи яқингина жойдалигидан, тортишиб ўтиришга фурсат йўқ.
Мавлон полвон гавдасини орқага ярим ўгириб қараб:
– Ў-ў шайтонлар!-деди жаҳл билан ва икки ёнидаги шерикларига буюрди.-Орқага ўтинглар, мен бир таваккал қиламан.
Унинг мақсадини Саримсоқ ҳам, Бўта полвон ҳам дарҳол тушунишди. Отларининг жиловини салгина тортиб, қўлдош полвон билан бараварлашиб олишди. Бу билан орқада келаётганларга дурустгина тўсиқ яратилди. Мавлон полвон эса чопишни сусайтирмай тиккасидан урди. Митанликлар буни кутмаганидан, шошиб қолишди. Оралиқдаги масофа жуда яқин эди. Шунинг учун масала бир зумдаёқ ҳал бўлди: селдай қуйилиб келаётган отнинг зарбидан ҳарифлардан иккитаси от-поти билан учиб кетди. қолганларининг қўллари улоққа ё тегди, ё тегмади. Мавлон полвон уларни такбиридан адаштириб, олдинга узилиб чиқди. Шериклари дарҳол уни аввалги тартибда ўраб олишди.
Ёзкечувлик полвонлар шу кетишларида қуданинг ҳовлисигача ҳеч кимга тутқич бермади. қувлаб келаётганларнинг асосий қисми йўлда қолиб кетишди. Мавлон полвон тақимидаги улоқни ерга олиб ургач, гулдираб бақираверди:
-Биздинг аждарҳоларга қирқта қилчайнарингди бас келади деб ўйладингми, қуда! қирқ қирчанғига минган қирқта нонемасинг қирқ чуқурда қолди, қуда! Бу улоқди ҳаром деб ғирромлик қилсанг қайтадан ҳам чопавераман, йиғиб кел шоввозларингди, қуда!
У ғолиб эди. Нима деб валдираса кесарди. қудалар лом деб оғиз очолмасдилар. Ҳар доим ғолиблар кечириладилар…
Ҳовлида йиғилишиб турган қудалар улоқни куёв томон олиб келаётганини узоқданоқ кўрган эдилар. Элатдошларининг ношудлигидан нам тортиб, меҳмонларни «яхшилаб» кутиб олишга тайёрланиб турган эдилар. Натижада бир муддат кўнгилларига туккан режалар ҳам ёдларидан кўтарилди…
Саримсоқ полвон ҳовлига кирган заҳотиёқ бир четда тиралиб турган икки қўшқулоқ* унни кўрди. устида кичкина бўз халтача ҳам турарди. Бунисига хойнаҳой носвойми, қалампирми аралаштирилганини сезди. Шерикларини огоҳлантириб, отларини дуч келган нарсага боғлашди-ю, мезбонлар хушини йиғиб олгунича бўлмай ўзларини уйга уришди. қудалар шундагина ўзларига келдилар…

Ўша кезларда Ёзкечувда ҳам, Митанда ҳам қизиқ бир одат бўларди. қарияларни ҳурматлаб индашмаса-да, куёв томондан келадиган ёшроқ қуда-қудағайларнинг оғзи-бурнига эплаганларича ун тиқишарди қиз томондагилар. Ҳазил тариқасидаги бу одат баъзан шунчаликка етарди-ки, оғзи-бурнидан ташқари энгил-бошларини ҳам унга белаб, уйга тегирмондан чиққандай қилиб олиб киришарди. Эпини қилиб эртароқ уйга кириб олганлар бу «сийлов»дан қутулиб қолишарди. Бўсағангдан хатлаб ўтган одам-меҳмон. Меҳмон эса отадан улуғ.
Мавлон полвон отни боғлаб бўлганида қудалар халтачадаги «ачитилган» унни келтиришга улгурган эдилар. Боз устига ортида қолган чавандозлар ҳам етиб келишди. қудалар сиқимларини унга тўлдириб, полвонга ҳар тарафдан ҳужум бошлашди. Лекин у ҳеч кимни ўзига яқинлаштирмас эди. Гавдаси бесўнақай бўлса-да чаққонлик билан ҳаракат қилиб, яқинлашганини елкасидан сиқиб орқароққа суриб юборарди. Елкасига полвоннинг қўли текканлар майишиб, унга қайта яқинлашишдан безиллаб қолишарди.
Мавлон полвондан сиқув еганларнинг бирига қаттиқ алам қилди чоғи, сиқимидаги унни узоқроқдан унинг башарасига отиб қочди. Аччиқ ун полвоннинг афт-башарасига тўғри келиб урилди-ю, сочилиб кетди. Полвон юзларини оқартириб, уч-тўрт марта қаттиқ-қаттиқ акса уриб юборди. Унга носвой аралаштирганлигини пайқаб, қордай оқариб қолган мўйлаби ғазабдан тикрайиб кетди. Атрофига ҳайбат билан қараганида эгнида жуссасини қисиб турган жун чакмони чок-чокидан сўкилиб кета бошлади. Куфри ғолиб келиб, сўкиниб юборди:
-«Икки муйтан-бир шайтон» деганича бор экансанлар-да, ҳей энағарлар!..
Бу гап ўзини билган қудаларни бепичоқ сўйди. Оқибат яхшилик билан тугамаслигини сезган кексалар аралашиб, ун сиқимлаб у ёқдан-бу ёққа югургилаб юрган ёшларни уришиб-койиб тинчитишди. Мавлон полвонни ювинтиришиб, иззат-ҳурмат билан ичкарига олишди. У шунга муносиб эди.
Қадимий урф-одатларга қаттиқроқ амал қилишларига қарамай, митанликлар жуда бағри кенг, меҳмондўст халқ келаркан. Ўша куниёқ «қуда сийи»* ни ўтказишди. Меҳмонлари билан тонгга қадар қимизхўрлик, ўйин-кулгу қилишди. Улуғмуродни эса келиннинг ёнига куёвлатиб юборишди. Эрталаб тўй бошланди. Кечга бориб сеплари билан келин ва янгаларини икки аравага, қарабдолликларнинг араваларига эса қуда-қудағайларни ўтказиб, йўлга чиқаришди. Куёв томоннинг «қўяверинглар» деганига қарамай, шартга биноан олтмиш улоғини ҳам ҳайдаб чиқиб олдиларига солишди. Улуғмурод тушмагур Мавлон полвоннинг кўмаги билан сўйилган улоқларини ҳам «тирилтириб» қайтди.

__________________
* қўшқулоқ-жун ёки пахта ипидан тўқиб тикилган қоп

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.