АЙТИЛМАЙДИГАН ГАПЛАР

jm_20014_febrНЕГА БУНДАЙ ?
Ўзбекнинг ишлари қизиқ. Ҳамма бир-бирига таъна қилади׃
“Нега қўзғалмайсан, ётаверасанми?”
“Қачон бош кўтарасан?”
“Шунча золимликлар бўлмоқда, нега жимсан?”
“Ҳеч бўлмаса қирғиздан ўрнак олмайсанми?”
“Нега бунча ковла-ковла қиласан?”
“Бир-бирингни егунча бирлашсанг бўлмайдими?”

Кейин “Нега қўзғалмайсан?” деган одамнинг ўзи қўзғалмайди.
“Ётаверасанми?” деган одамнинг ўзи мазза қилиб ётаверади.
“Шунча золимликлар бўлмоқда, нега жимсан?” деган одамнинг ўзи ҳатто ўз номини айтиб икки қатор нарса ёзишга қўрқади. Бола-чақа бор-да. Худди бошқаларда йўқдек!
“Нега бунча ковла-ковла қиласан?” деган одамнинг ўзи тинмай қовла-ковла билан банд бўлади.
“Бир-бирингни егунча бирлашсанг бўлмайдими?” деган одам эса мен ейишим керак дегандек қилич ялонғочлаб ”майдон”га киради. Билиб-билмай бирлашишнинг бошини кесади.
Нега бундай? Бу ёғи айтилмайдиган гап.

МАНИПУЛЯЦИЯ
Дунё дунё бўлибдики, иқтидор ўзини сақлаб қолиш учун оддий одамларни манипуляция қилади.

Агар халқнинг норозилиги ошиб, иқтидорнинг тахти озгина қимирлай бошласа, дарҳол ички душман топади. Ички душман бўлмаса, уни дарҳол ясайди ва бутун диққатни ўша томонга буради.

Агар тахт жиддийроқ қимирлай бошласа, ташқи душман топади. Ҳамма нарса учун ташқи душман айбдор қилиб кўрсатилади. Бозордан мозоргача мавжуд муаммоларнинг боиси ташқи душман.

Агар шулардан кейин ҳам иқтидор ўзини сақлаб қолишга кўзи етмаса, урушга киради. Урушадиган баҳона ва жой топилади.

Бутун дунёнинг миллион йиллик тарихи мана шу. Лекин мана шу тарихни ҳамма билгани билан ундан хулоса ясалмайди. Шунинг учун ҳам оддий одамлар доим иқтидорнинг қўғирчоғига ва қурбонига айланадилар.

Замонавий дунёда сайлов деган сабилмонда ҳам бор ва энди иқтидорга минмоқ учун ёки иқтидорни узоқроқ сурдирмоқ учун ҳам юқоридаги уч омил ишга солинмоқда. Ички душман, ташқи душман ёки уруш!

Бу жараёнда манипуляция қилинганлар орасидан ҳаётларини йўқотганлар кўп бўлади.

Дунё пайдо бўлган кундан бошлаб озчилик кўпчиликни манипуляция қилган ва бугун ҳам шундай, бу кетишда эртага ҳам шундай бўлади.

Жаҳонгир Муҳаммад

2010.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.