ГЎДАКЛИК ДАВРИ ВА ШАЙХ ШАМСИДДИН НАЗДИДА ТАҲСИЛИ
Отамнинг оти Тарағой, Кеш шаҳрининг кам бизоат ерлик кишиларидан саналур эди. Шаҳар аҳли эҳтиром қилур эдилар. Менинг туғулишимдан илгари отам туш кўрмиш. Тушида отамнинг қаршисинда фариштасифат бир чиройли киши кўрунуб, қўлидаги қиличини отамга бермишдур. Отам у кишидан қилични олиб, тўрт томонга силта турган ҳолда уйғонадур.
Шундан бир йил ўтуб туғулубман. Отам яна шайхнинг олдига бориб, унинг илқоси билан “Темур” деб ном қўюбдилар. Отамнинг менга сўзлашича, менинг номимни қўйиш олдида шайх Қуръон тиловат қилиб турган экан ва Қуръоннинг олтмиш еттинчи сураси бўлмиш “Ал-Мулк”нинг муборак оятлари ўқулуб турганини сўзлар эдилар.
Ёшлигимда эсимда қолган энг биринчи нарса – онамнинг товушидирким, бир куни отамга қараб: “Бу ўғул чапақай бўлиб қолибдур. Сўл қўли билан иш қилмоқда”, деди. Лекин тезликда маълум бўлдики, мен на ўнақай, на чапақай, балки икков қўлим билан бир хилда иш қилур эдим.
Кейинги вақтда дарс ўқуш учун домлага борганимда, икки қўлумда ҳам хат ёзар эдим. Йигитлик чоғларимда икки қўлумда қилич чопиб, ўқни ҳам икки қўл билан отиб ўргандим. Бугун ёшим етмишга борди. Менинг учун ўнг-сўлнинг фарқи йўқдур.
Мен мадрасага борганимда шу қадар кичик эдимки, лавҳа-тахтамга мум суртуб ололмас эдим, бу ишни онам бажарар эди. Менинг аввалги домламнинг номи мулла Алибек эди. Мактабимиз маҳалла масжидида бўлгани учун, болалар шўхлик қилиб намозга ҳалал бермасун, деб намоз вақти бўлиши билан болаларни қўйиб юборар эди. Мен жуда кичик бўлганим боисидан мактабга онам билан ё қўшниларнинг каттароқ болалари ёки хизматчилардан бирортаси билан келиб-кетар эдим. Ўша замонларда от, хачир, туялар кўп эди, зич кўчалардан ва растаю бозорларнинг тўпалонидан мени ҳимоя қилиб юрган болаларни улғайиб, салтанатга етганимда яхши хизматлар билан таъминладим. Улар ҳозиргача тирикдурлар.
Домламиз Мулла Алибек оғзида тиши йўқлигидан ҳарфларни яхши талаффуз қила олмас эди. Натижада, шогирдлар ҳарфларни ғалат ўргандик. Домламиз шогирдларининг тезроқ саводхон бўлишига калтакни яхши васила (сабаб) деб билар эди. Унда ўқийдурган болалар орасидан калтакдан бенасиб қолғон биргина мен эдим, чунки нима деса, ўқуб-ёзар эдим. Бошқаларнинг қийналишига таажжуб қилар эдим. Устозимиз Мулла Алибек отамга: “Бу ўғлунгизнинг хуш ҳофизасию икки қўллаб хат ёзиши қизиқ. Ривоятларга кўра, икки қўллаб хат ёзган киши дунёга кун чиқардан кун ботаригача ҳоким ва фармонраво бўлади”, деган сўзларни айтар эди.
Талабалар учун хат машқи оғир тушар эди. Мен эса уйда ҳам машқ ёзишдан завқланар эдим. Етти ёшимда Мулла Алибек мактабхонасидан чиқиб, шайх Шамсиддин деган кишининг мактабхонасига бордим.
Шайх Шамсиддин шогирдларига Қуръон ўқитар ва баъзи ашъорлардан ҳам ўргатар эди. Дарсларни Қуръоннинг тўқсон биринчи сураси “Аш-шамс”дан бошлаш одати бор эди. Мен дастлабки куни шу сураи муборакдан ўн беш оятни ёдладим. Буни кўрган шайх отамни чақириб: “Умрумда шунча муаллимлик қилиб, ўғлунгдек истеъдодли шогирдни кўрмаган эдим. Бир кундаёқ “Аш-шамс” сурасини ёдлаб олди”, деди ва менга қараб, “ўқи” амрини бердим. Дарҳол ўқуб бердим. Отам дуога қўл кўтариб: “Худоё, ўғлум Темурни қизамиқ, чечак каби гўдакларга хос мараз-офатлардан Ўз паноҳингда сақлағил!” деб дуо қилди ва ҳамёнидан биргина секка (танга) чиқариб, шайхга: “Бу сизга бир дафъада Қуръондан бир сурани ўғлумга ўргатганингизга ҳадия”, деди.
Мактабга борганимдан бир ҳафта ўтуб, домламиз умум талабаларга қараб: “Ўлтуруш одобида энг яхши ўлтуруш қайси?” деб савол қилди. Ҳар ким ҳар хил жавоб берганида, мен: “Икки тиззалаб чўкка тушуб ўлтуруш”, дедим. “Нимага?” деб сўради. “Худога ибодат қилганда икки тиззалаб ўлтириладур, шунинг учун бу хилда ўлтуруш яхшидур”, деб жавоб бердим. Шайх Шамсиддин уч қатла баланд овоз билан: “Аҳсанта!” (балли) деди. Домлаиз гарчи маҳоратимни кўрган бўлса ҳам, оғир келтирмаслик учун Қуръон оятларини Маккаи Мукаррамада нозил бўлган кичик суралардан ўқутуб ёдлатар эди. Менинг эса устозим оғзидан бир қатор эшитганимни такрор қилмасданоқ ёдлаб олганимни кўриб, Қуръонни бутунлай ёдламоғимга қарор берди. Таҳсил учун қизиқиб туришим устозимни кўп завқлантирди. Таълимнинг турли йўллари билан мени синамоққа киришди.
Масалан: Бир куни устозим менга хитоб қилиб: “Темур, Қуръонда ўттиз олтинчи муборак сура “Ёсин”дир. Оятлари саксон учдур ва Маккаи Мукаррамада нозил бўлгандур. Мен ушбу сурани бир бор ўқуб бераман. Сўнгра ўзинг ёд қилишга урунасан”, деб ўқий бошлади: “Ёсин. Вал-Қуръони хакийм”, деб тўхтади ва мендан “Ёсин”нинг маъноси нима?” деб сўради. Мен: “Ё” араб тилида ҳарфи нидодир, аммо “син”нинг маъносини билмасман”, деб жавоб бердим.
Устозим: “Син”нинг маъноси “инсон” демакдур. Фақат бир инсонга итлоқ (нисбат) ўлинур”, деди. Ҳали у дамда “син” алифбо ҳарфлари жумласидан бўлатуриб, “инсон” маъноси берилишига тушунмоқликка менинг ёшим ғайри мусоид эди. Шайх Шамсиддин сураи “Ёсин”ни бир бор ўқуб бергандан кейин ўзум бир неча бор Қуръонга қараб ўқудум, сўнгра ёдлаб олдим.
Ўша вақтларда ўқишим пешин намозига қадар давом этар эди. Пешин намозини устоз билан ўқигандан кейин яйловга чиқиб кетар эдим. Чунки отам менга бизнинг ота-боболаримиз ғоятда ботир-зўр кишилар ўтган, сен ҳам уларнинг ўрнини тутмоқ учун салоҳ ишлатиш фанларига ошно бўлишинг керак, деб тавсия қилар эди.
Кешнинг атрофидаги ўтлуқ яйловларда от-йилқи галалари кўп бўлур эди. Бизда ҳам кичикроқ йилқи галаси бор бўлуб, мен мадрасадан чиққанимдан кейин шу йилқи галалари бор жойга келур эдим ва отларга минишни, ҳатто ўша ердаги кишиларнинг ёрдами билан ярим ёввойи йилқиларни ҳам тутуб, минмоқ йўлларини ўрганар эдим. Менга буларни ўргатган киши шундай дер эди: “Йилқиларнинг орқасидан борсанг – тепар, олдидан борсанг – тишлар. Бундай отнинг ёнбошидан бориб, чап томонидан бўлса чап қўл билан, ўнг томонидан бўлса, ўнг қўл билан отнинг ёлидан тутуб, тезлик билан ўзунгни сиртига ол. Ҳайвоннинг ҳар қанча югурганига қарама, ёлни қўлдан чиқорма. Агар ёл қўлдан чиқса, ерга қаттиқ йиқилиш ёки оёғи остида қолиш хатари бор. От устида ўринлашиб олгандан кейин икки тиззалаб отни сиқиб туриб ёли қўйиб юборилса, қанча ёввойи от бўлса ҳам, чопиб-чопиб бориб, ўзи ювошлашиб қолади”.
Мен қайси бир йилқини минмоқчи бўлсам, ҳайвоннинг қаттиқ қаршилигига учрар эдим. Миниб олганимдан кейин жонивор от жони борича чопар, охири тўхтаб, икки олдинги оёқларини кўтариб ирғишлар ёки орқа оёқлари билан жуфтак отиб, мени ағдармоқчи бўлиб урунар эди. Оқибат мен ғолиб келганимдан кейин от ҳам ювошлашиб қолар эди.
Мен яйловларда биргина от миниш эмас, ўқ отишни ҳам машқ қилар эдим. Аввал бошлаб собит нишонларга ўқ отиб юрдум. Кейинчалик ўргатувчининг ёрдами билан от чопиб туриб ўқ отишга бошладим. От чопган ҳолда ўнгда, сўлда, олдинда, орқада – қайси томонда бўлсун, мўлжалга урмоқни ўргандим. Лекин билагим кучсиз бўлгани сабабли отилган ўқлар маҳдуд фосиладан тажовуз қилмас эди. Шунинг учун ўргатувчи киши: “Ҳали сен ёшсан, улғайиб, қўлларингга қувват кирганида, ўқларингни узоқ масофадан етказа оласан”, деб тасалли берар эди.
Ўша куники Шайх Шамсиддин менга сураи “Ёсин”ни зргатд, мен пешиндан кейин яйловга чиқиб кетдим.
Эртаси устоз мендан “Ёсин”ни ўқиб бера оласанми?” деб сўради. Мен сурани бошдан-оёқ ўқуб бердим. Шайх бу кун ҳам яна аввалги каби уч марта баланд овоз билан: “Ахсанта!” деди.
Шундай қилиб, уч йилда Қуръони Каримни тамоман ёдлаб олдим. Шу муносабат билан домлам бошда ўлароқ шаҳарнинг катталари – уламолари ва маҳалла-кўйларимиз иштироки ила зиёфат берилди. Отам уламоларга мендан имтиҳон олиб кўрмоғини режа этганда, улар мени ҳар жой, ҳар сурадан ўқутуб кўргач, қаноатланиб таҳсин қилишдилар ва менинг номимға ҳофизлик унвонини қўшимча қилишдилар. Шу мажлис охирида устозим Шайх Шамсиддин отамга мурожаат қилиб, “Мен ўғлунгга ўз билганимни ўқутдим. Эмди бошқа бир устоз қўлида асрори улуми илоҳий ва ҳикмати башарийга ошно бўлмоғи лозим”, деди. Отам Шайх Шамсиддинга бир от ва бир йилқи бериб дуо олгандан кейин мени Абдуллоҳ Қутбнинг мадрасасига элтиб қўйди.
Абдуллоҳ Қутб олим, ориф ва кўп парҳезкор киши эди. Шаҳар улуғлари ва ашрофларининг ўғуллари шу зотда ўқур эдилар. Менинг кун сайин шсиб турган қадди-қоматимни, ёшлик зеболигининг чеҳрамдаги аксини кўрганлар “Мовароуннаҳр йигитлари ичида бемисолсан”, дер эдилар. Юртимизнинг шарқ томонида яшаётган туркларнинг талабаларидан биз билан ўқуб турган Йўлош исмли бир йигит ҳам бор эди. Менга ўзини яқин тутуб, бир нарсаларни дер эдики, у сўзларни такрорлашга уятаман. Ҳар ҳолда унинг ночор ахлоқи менга сезилиб қолган эди. Унинг сўзлари шариатимизга ва Чингизхон ясасига солиштириб кўрганда ўлум ҳукми берилмоғи лозим эди. Бинобарин, Йўлошни бу хаёлдан қайтариш учун кўп урундум. Лекин у ўзининг паҳлавонлигига ишониб, шариат ва яса ҳукмларини кўзга илмас эди. Мен мадраса таҳслидан кейин яйловга чиқиб, от чопиб, ўқ отиб, найза санчиб, қилич машқ қилиш учун яйловимизга яқин ерда бир омборхонага лавозимотларимни қўяр эдим. У ерга бориб, тиркашни белимга боғлаб, ўқ-ёйни кўтариб, йилқилар орасидан бир отни миниб, югуриб туриб қийғоч урмоқ (от чопиб турганда тезлик билан унинг бошини файтариб, орқага йўл олиш) ҳозирлигини кўриб турганимда Йўлош менга яқин келиб: “Темур, сен менга беэтиноълик билан боқасан, мен сени нақадар яхши кўрганимни билмайсанми? Мадрасадаги талабалар орасидан биргина сени танладим. Сен хурсанд бўлишинг керак, биласанми, менинг отам – хон!” дегандаёқ бошқа бир сўўга ўтказмай, ўқ билан кўкрагига урдим. У орқамчасига йиқилиб, бир неча дақиқадан сўнг тириклик билан хайрлашди. Йўлош менинг қўлумда ўлган биринчи киши эди. Бир муддат унинг лошига қараб турдим, вужудимда ҳеч қандай ўзгариш ҳис қилмадим. Уни ўлдиришда ўзимни ҳақлик деб билан эдим.
Форсийдан Абдураҳим Учқун таржимаси
Нашрга ҳозирлаган׃ Тоҳир Малик (tohirmalik.uz)
(Давоми бор)
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari |