Зиндондаги адиб ижодидан

dilmurodҚ А С О С К О Р

КРИМИНАЛ-САРГУЗАШТ ҚИССА

Аёл қасосини ИЛОНнинг интиқомига қиёслайдилар – ўта фаросат ва маккорлик билан ҳеч кутилмаган пайтни топиб қасд олар экан… ИЛОН!  (МУАЛЛИФ).

УМИДАНИНГ СИРИ

ФАРИДА ўчоқбоши томон бораётиб, сомонхона эшиги очиқ турганига кўзи тушди. Негадир юраги увишгандек бўлди. Ўзи сезмаган ҳолда қандайдир ҳадик билан ўша тарафга юрди. Сомонхона ичкариси ғира-шира ёруғ бўлса-да, ҳамма нарса яққол кўриниб турарди. Аёл бир қадам қўйди-ю, ҳайкалдек қотди. Бундан уч кун аввал – тўй куни сўйилган новвоснинг арқонига эри ўзини осганди.

Фарида дод солмади – овози чиқмасди, бир лаҳзагина карахтланиб турди-ю, остонага беҳол чўкди. Орадан қанча вақт ўтганини билмади. Шовқинданми ё муолажа таъсириданми, ўзига келиб, атрофга аланглай бошлади. Нигоҳлари қидирган одамини топди: куни кеча “ёр-ёр”-у сурнай наволари билан келинлик либосида ота уйидан чтқиб кетган, кун ўтмай куёв хонадонидан шармандаларча ҳайдалиб келган қизи – Умида ҳеч кимга қўшилмай, тирик мурда мисоли, пойгакда ўтирарди.

Фарида қизига тикилиб қолди, сомонхонада эрининг осиғлик жасадини кўриб йўқолган овози қайтгандек бўлди. Ички нидо куч билан бўғзига, ундан тилига кўчди:

-Эй, худо-о-о, сенга нима ёмонлик қилган эдим?

ЧОРАК АСР АВВАЛГИ ГАП

ШЕРЗОД билан тенгқур эдилар йигит ҳарбийдан қайтгач, колхоз фермасига ишга кирди.

-Мен ҳам ўқишга кетсам, подани ким боқади? Қизлар сигир соғсинми, ярим тонналик буқаларга ўт тарқатсинми? – дерди.

Аслида ўқигиси бор эди, лекин Фаридани кўзи қиймади. Қиз буни яхши биларди. Эл қатори тўй қилиб, турмуш қуришди. Аллоҳнинг синови эканми, беш йилгача фарзандлари бўлмади. Орада эшитилган маломатлар, бедор ўтган надоматли тунлар Шерзод, Фарида ва яна худога аён. Тилаб-тилаб топганлари якка-ю ёлғиз шу қизлари – Умида бўлди! Арзанда, тантиқ қилиб ўстиришмади, лекин керагидан ортиқроқ қарашди кўнглига. Қишлоқ қизлари бажарадиган юмушларнинг тенг ярмини қизи учун Фарида адо этарди. Ўн ёшида велосипед минди. Бу қишлоқдан уч нафар қиз ёзги таътилда дам олишга борарди: раиснинг, ферма мудирининг ва Шерзоднинг қизи!

Фарида шу топда қизига тикилиб туриб, эслагандек бўлди: ўтган йили қизини ўқишга киритиш учун Тошкентга олиб боришди. Шароит қилиб бердилар, репетитор ёлланди. Тирикчилик – ота қишлоққа қайтди. Икки ой ўтиб, Умида ҳам келди. У қандайдир ғамгин, камгап бўлиб қолганди. Буни ўқишга кира олмаганликка йўйдилар. Келаси йили атаганларига битта буқа билан новвосни ҳам сотиб, қўшишларини айтишди. Ўқишга киролмай, кўнгли яримта бўлган қизнинг кўнглини бутунлаш учун бир талай зеб-зийнат, кийим-кечак олиб беришди. Ҳеч қандай ишга, ҳаттоки, рўзғор юмушларига ҳам уринтиришмади. Умиданинг ўзида ҳам ҳеч нарсага хоҳиш йўқ эди. Қандайдир одамови бўлиб қолганди. Бу орада совчи устига совчи келавериб, эшикнинг кесакисини синдирар даражага етди. Ўшанда қизи Фаридага бир гапни айтди:

-Мени ўзим танлаган одамгагина узатасизлар!

Бу талаб қабул қилинди.

Қишлоқдошлар ҳайратдан ёқа ушладилар.

-Ё, тавба, шундай ойдаккина қиз ўша чалажинни, чўтирюз чойхоначини танлабди-я!

-Чойхонача бўлса ҳам бир нави эди, чой ташувчи югурдак денг, ўргилай!

-Агрономнинг Алпомишдек ўғлига Барчиндек жуфт бўларди-ю… Аҳмоқ!

Умида фақат ўша югурдакка тегишини айтиб, сўзида туриб олди. Ночор рози бўлишди. Халқ мақолини келтириб, таскин топдилар: “Ҳар ким суйган ошини ичади!” Минг афсуски, Умида «оши”ни ярим йил аввал ўзи истамаган ҳолда ” ичиб келган” эди.

Фарида мунғайиб ўтирган қизига ачиниб кетди. Турай деса, ҳоли келмади. Қизини имлаб чақирди. Умида бироз каловланиб туриб, сурилганча онасининг тепасига келди. Она беҳолгина қўллари билан қизининг заъфарон юзидан, сочларидан сийпади. Астагина ўзига тортиб, шивирлади:

-Жон қизим, йиғлагин, ўкириб-ўкириб йиғлагин, енгил тортасан!

Вақт-малҳам, дейдилар. Эрининг йили ўтгач, она-бола ўзларини ҳайҳотдек ҳовлига сиғмай қолгандек ҳис этдилар. Устига-устак, бир ҳовлида фақат иккиси, яна камдан-кам гаплашадилар. Умидага оид “сир” ҳақида сўрашга онанинг юраги дов бермас, қизи ҳам ўзидан билиб ошкор этмасди. “Ошкор қилганда нима ўзгарарди? – ўйларди она, – бегим тирилиб келармидилар? Ё…”

Ўша куни шиддатли ёмғир ёғди. Фарида ҳам ишдан барвақт қайтди. Анчадан бери қилмаган ишлари – она-бола биргаликда овқат тайёрладилар. Овқатдан сўнг Умида гап бошлади:

-Бошқа ёққа, узоқ-узоқларга кўчиб кетайлик!

Тўғриси, онанинг хаёлида бу ўй бор эди, лекин қизини авайлаб, айтмаганди.

-Майли, қизим! Лекин қаёққа кўчамиз?

Қизи елка қисди:

-Билмасам, аммо қаёққа бўлса ҳам, бу ерлардан узоқларга.

Она сукутга чўмди. Нималарнидир чамалагандек бўлди. Сўнг дадил оҳангда деди:

-Қизим, тоғангга хат ёз Олмалиққа, ўн кундан кейин борамиз, деб ёзгин!

Умиданинг чиройи очилгандек бўлди. Ўтган бир йилдан ортиқ вақтдаги ичидаги сир, алам, нохушликлар бир қадам ортга чекинди. Она қизи томонга ўтиб, уни маҳкам бағрига босди-да, йиғлаб юборди:

-Қизим, ўргилай қизим…

Умида ҳам йиғларди.

ИНТИҚОМ

ГЎЗАЛ аёлнинг, айниқса, «боши очиқ” бўлса, ошиғи кўпинча олчи келади. Олмалиққа кўчиб келганларида Умида эндигина ўн тўққизга тўлганди. Тоғасининг маслаҳати билан аввал ёзув компьютерда ишлашни, кейин машина ҳайдашни ўрганди. Тоға ягона опасини, ёлғиз жиянини ҳам жуда қадрларди.

-Қизингизни зўр ишга жойлаштираман, бообрў хонадонга узатаман. Унгача аралашмай турсангиз бўлди, опа! – дерди ҳамиша.

Она-бола уч хоналик уй олгандилар. Жиҳозлар янгиланди. Фарида болалар боғчасига хўжалик ишлари мудирлигига ўтди. Умида олти ой нари-берисида ёзув машинкасини ҳам, машина ҳайдашни ҳам ўрганиб олди. Унга аввал компьютер совға қилишди. Кўп ўтмай, янги бўлмаса-да, “ВАЗ-2109”.

Яшаш шароити яхшиланиб, танишлари кўпайган сари Умиданинг ўзига бўлган ишончи ҳам ортиб, кўксидаги алами кучая борарди. Алам кундан-кунга нафратга кўчар, нафрати эса унинг миясида бир-биридан ваҳший режаларни пайдо қилар, бу режалар эса қизни баъзида видеофильмларни хуфёна кўришга етакларди. Фильмларнинг фақат қотиллик ва қийноқлар тасвирланганини томоша қиларди. Шу орада ўзидан ўн ёш катта йигит билан танишди. Тўғрироғи, бу танишувни атайин ўзи уюштирди. Яхшигина спортчи бўлган Баҳром икки бора “ўтириб чиққан” эди. Икковида ҳам муштлашиб тушган. Биринчи марта икки йигитни уриб, бирининг қўлини , иккинчисининг қовурғасини синдирган. Қамоқдалигида хотини “юриб кетган”. Хуллас, азияти бир олам. Лекин азроилдан ҳам қўрқмайдиган важоҳатли бу йигит Умидага жуда маъқул келди. Энг эътиборлиси, жангари Баҳром заифларга зўравонлик қилувчиларни сира ёқтирмасди. Шу одати сабаб, икк марта қамалди. Бу феълини қамоқ ҳам йўқота олмади, аксинча, ҳаётиниг мазмунига айлантирди.

-Ўзинг гўзалсан, шароитинг ҳам ёмонга ўхшамайди, – деди бир куни йигит Умидага, – лекин негадир кўпинча маъюс, ўйчан юрасан?

Умида “Фанта” қуйилган бокални у ёқ-бу ёққа қийшайтириб, бироз жим қолди. Кейин:

-Баҳром ака, менинг ичимда сичқон бор, – деди дабдурустдан, – ўша сичқон жигаримни кемириб ётибди.

-Сичқон ичингга қандай кириб қолди? – қизиқди йигит.

-Уни бир қора мушук қувиб киритган!

-Сичқонни ҳайдаб чиқаришнинг иложи йўқми?

-Бор! Бунинг учун ўша қора мушукнинг қонидан бир пиёла керак!

Баҳром Умидага тикилиб қолди. Рўпарасида ўзи икки ойдан бери таниб-кўриб юрган ғамгин, камгап аёл эмас, балки бир вақтлар катта экранларда томоша қилгани – КЛЕОПАТРА ўтирар эди.

-Бир пиёла қон оёғинг остига сочилиши ҳеч гап эмас, лекин қон тилашингнинг боисини билишим керак!

-Ўн етти ёшли ҳимоясиз, ўз қишлоғидан нарини кўрмаган қизнинг ётоғига бостириб кирган, қўрқитиб зўрлаган, мақсадига етгач, уйланишга ваъдалар бериб, оқибатда эса бузуқликда айблаб, ноҳақ шапалоқ урган қора мушук нега жазосиз қолиши керак? Очиқроқ айтсам, ўнинчини битириб, ўқишга кириш учун Тошкентга бордим. Дадам раҳматли ижарага уй топдилар-да, мени жойлаштириб, анчагина пул бериб кетдилар. Уй эгаси ёлғиз аёл бўлиб, бевақт ўлган эри хотирасига унинг чироғини ўчирмай яшаб юрар экан. На қизининг, на синглисининг, на акасининг хонадонига кўчиб боришга кўнмас экан. Ўша аёл билан иккаламиз она-бола бўлиб яшай бошладик. Мен имтиҳонларга тайёрланар эдим, аёл ҳовлисида етиштирган кўкатларни боғлам-боғлам қилиб, эрмак учун бозорчага олиб чиқарди. Уй эгасининг армиядан келган жияни бўлиб, аёлга кўмаклашиш учун кунора келиб-кетиб юрарди. Иккинчи имтиҳон олдидан кун иссиқлик қилибми ё кечалари кўп ўқиганимданми, уйқу босиб, кўзим илинибди. Аёлнинг жияни – Аброр келганини ҳам пайқамабман. Фақат… Қисқаси, устимга тушган оғирликдан уйғониб кетдим. У қип-яланғоч эди. Бир қўли билан оғзимни беркитиб, иккинчи қўли билан томоғимдан бўғиб олди:

-Ғиринг десанг, ўлдираман!..

Кейин ялиниб-ёлворди

-Умида, мен сени биринчи кўришдаёқ севиб қолганман, сенсиз яшай олмайман. Имтиҳонларинг тугаши билан уйингга совчи юбориб, сенга уйланаман!

Мен шармандаликдан чўчиб, ноилож дардимни ичимга ютдим. У ҳар куни келар, турли совғалар келтирарди. Бир куни никоҳ узуги кўтариб келди. Бармоғимга тақдим, лоппа-лойиқ эди.

Имтиҳонлар охирлаб, сўнггиси қолганди. Бир кун олдин институтга боришим зарур бўлиб қолди. Аброр буни биларди, лекин келмади. Институтдан чиқиб, автобус бекати томон бораётгандим, бир оқ “Жигули” келиб тўхтади. Ҳайдовчи – ёшгина йигит:

-Умидахон бўлсангиз керак, бир дақиқага тўхтанг, – деди. Уни танимасам ҳам тўхтадим. У машинасидан тушиб, мен билан қуюқ сўрашгач:

-Умидахон, мени Аброр юборди, ўзи келолмаганлиги учун узр сўради. Мен унинг хизматдош дўстиман. Ҳозир сизни “Анҳор” кафесига олиб боришим керак. Совчи юбориш, тўй масаласида маслаҳатлашар экансизлар, – деди қўлини кўксига қўйиб. Мен иккиланиб қолдим. Шунда у яна:

-Бўла қолинг, Умидахон, менинг вақтим ўлчовли, отам касалхонадалар. Сизни қўйиб, кейин касалхонага кетишим керак,- деди.

Машинага ўтирдим. Айтилган жойга яқин ерда тўхтатиб:

-Кўчанинг нариги томонига ўтасиз, зинадан тушсангиз бўлди, – деди ҳайдовчи. – Хўп хайр, бахтли бўлинглар!

Мен кўрсатилган жойга тушиб бордим, лекин Аброр кўринмади. Ярим соат, бир соат кутдим, дарак бўлмади. Энг ёмони, ижара уйга қандай қилиб боришни билмасдим. Бундан ҳам ёмони, турар ерим жойлашган кўчанинг номинигина биламан, холос: “2-ая Набережная”. Бир-икки йўловчидан сўрасам, елка қисди. Биттаси эса, “Ўзингиз сув бўйида турибсиз-ку” деб калака қилди. Кейин ҳеч кимдан сўрамадим. Ҳозир ўзимга-ўзим айтаман: “Аҳмоқ, тўқимачилик институтини сўрасам бўлмасмиди?!” Хуллас, адашиб, ҳориб, оч қолиб, қоронғу туша бошлаганида уйни топиб келдим. Не кўз билан кўрайки, эшик олдида Аброр турарди.

-Соат тўққиз бўлаяпти, қаерларда юрибсан? – деб сўради жаҳл аралаш.

Нима дейишимни билмай, бақрайиб қолдим.

-Институтингга бориб келдим. Сени таниганлар битта оқ “Жигули”да ёшгина йигит билан кетганингни айтишди. Кимнинг тагидан чиқиб келаяпсан, қанжиқ?

Аброр шундай деб бир шапалоқ урди. Устига уй эгаси – аёл чиқиб қолди. Уч-тўртта қўшнилар ҳам.

-Хола, кимни ижарага қўйгансиз ўзи, бунингиз ғирт ҳалиги-ку! – деди Аброр қўлини бигиз қилганча овозини баландлатиб, – сиз хавотир олиб, мени қўярда-қўймай институтга жўнатдингиз. Бу ифлос бўлса, оқ жигулида ёш йигитлар билан ўйнаб, худо билади, яна нима балолар қилиб юрибди!

Мен тирик мурдага айланиб қолдим. Аввалига ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Лекин негадир қўлим бормади… Бу кўргуликлар орқасидан отамдан айрилдим, туғилган еримдан шармандаларча кўчиб кетишга мажбур бўлдим! Шунақа гаплар, Баҳром ака!

Баҳромнинг қўллари мушт бўлиб тугилган, кўзлари ғазабдан ёнарди.

-Қаерда туради у мараз?

Умида машинасининг калитини йигитга берди. Баҳром рул томонга, аёл унинг ёнига ўтирди. Машина Тошкент тарафга шамолдек елиб кетди…

-Умида, – деди Баҳром қайтишда, – икки кундан кейин “қора мушук”ни кутиб оласан, келишдикми?

Аёл мамнун эди.

Айтилган кун кечга яқин Баҳром “қора мушук”ни олиб келди. Аброр беҳуш эди.

Умида унга тикилиб турди ва ғазаб аралаш:

-Аблаҳ, мараз! – деди бўғиқ овозда.

-“Қора мушук” келтирилди, – деди Баҳром таниш ҳайдовчини жўнатиб юборгач, – энди бир иш қолди!

Умида савол назари билан унга қаради.

-Яъни буни ҳушига келтирамиз. Сен жим турасан, аввал мен гаплашаман, тушунарлими?

Новшадил спиртининг кучи-ю, бир коса сув билан Аброр ўзига келди. Рўпарасидаги барзангини кўриб, довдираб қолди.

-Бу аёлни танийсанми? – сўради Баҳром оёқларини чалиштирган кўйи.

Аброр Умидага қаради-ю, илонга дуч келган бақадек безрайиб қолди. Гарданига тушган муштдан ўзига келгандек бўлди.

-Сендан сўраяпман, танийсанми бу аёлни?

-Ҳ-ҳ-ҳ-а, таний-йман, – деди Аброр дудуқланиб, титроқ овозда.

-Қаердан танийсан?

-Бу… Бу Умида, холамнинг уйларида ижарада турган.

-Кейин-чи, кейин нима бўлган?

Аброр жавоб ўрнига бошини қуйи эгди. Навбатдаги мушт ҳам бўйнига тушди.

-Кейин нима бўлганини эслай олмаяпсанми?

-Мен… Мен унга уйланмоқчи эдим, – деди йиғламсираб Аброр.

-Демак, оқ “Жигули” эгаси ҳам танишинг бўлган, тўғрими? Сен узоқдан унга Умидани кўрсатгансан. Режа амалга ошиб, Умида машинага ўтиргач, қуённинг расмини чизгансан.

Аслида ҳам худди шундай бўлганди. Аброр ўз пасткашлигини тан олди, лекин оқибатини ўйламади.

-Умида, “қора мушук” сеники, ичингдаги сичқонни ҳайдаб чиқарадиган дорини пиёлага ўзинг тўлдириб оласанми ёки қарашиб юборайми? – сўради Баҳром аёлга тикилиб.

-Ўзим! – жавоб қилди Умида эътирозга ўрин қолдирмайдиган кескин оҳангда.

Баҳром “ҳар эҳтимолга қарши» деб Аброрнинг оёқларини ҳам боғлаб қўйгач, қўшни хонага ўтди. Лекин Умиданинг қандай жазо қўллашига қизиқиб, хона эшигини қиялатиб ёпди. Энди аёл ҳам, Аброр ҳам яққол кўриниб турарди.

Умида олдиндан тайёрлаб қўйган нарсаларини сумкасидан чиқарди. Аввал клеёнка пешбандини тақди, тиббий резина қўлқопни кийгач, йигитнинг оғзини елим тасма – скоч билан ёпди, сўнг ҳафсала билан чархланган пичоқни қўл етар даражада полга қўйди. Кейин чаққонлик билан Аброрнинг шимини, шимга қўшиб трусигини ҳам тортқилаб тушира бошлади.

Қўшни хонада ўтириб, эшик ойнаси орқали аёлнинг ҳаракатларини кузатиб турган Баҳром аввалига ҳеч нарсани тушуна олмади. Тушунганда эса…

Умида Аброрнинг эрлик аъзосини кесиб ташлади.

-Бу… сенга ҳайф! – деди аёл кесилган аъзони Аброрнинг шими чўнтагига тиқиб қўяётиб.

Баҳром бундай бўлишини сира кутмаган эди. Уч-тўрт сония карахтланиб қолди. Кейин:

-Алами жонидан ўтиб кетган экан-да, бечоранинг, – деди ўзига-ўзи овоз чиқариб.

“ЖИНОЯТ ИШИ”

ЖАРДАН топилган мурдани кўздан кечирган прокуратура ходими зудлик билан марҳумнинг шахсини аниқлаш, ваҳшиёна қотиллик юзасидан суриштирув ишларини бошлаш ҳақида кўрсатма берди. Зарур бўлса, қўшни туманлардан тажрибали изқуварларни чақиртириш алоҳида уқтирилди.

Прокурор розилигини олган тезкор ходим ўша куниёқ Тошкентга келиб, телевидениеда чиқиш қилди. Марҳумнинг сурати кўрсатилиб, кийган кийимлари тасвирлаб берилди. Орадан бир соат ўтар-ўтмас марҳумнинг шахси аниқланди. Тезкор ходим унинг яқинларидан икки киши – хотини ва холаси билан Олмалиққа қайтди.

-Ишнинг бошланиши ёмон эмас, лекин…- бироз жим қолди прокурор ёрдамчиси, – лекин яқинларининг берган маълумотига кўра, ўлдирилган шахс умрида бу тарафларга келган эмас ва бу ерларнинг отини ҳам айтган эмас. Яна Тошкентга боришга тўғри келади. Аброр кеча кундузи соат 13ларда уйидан чиқиб кетган. Хўш, шундан кейин уни яна ким кўрган? Шу саволга жавоб топсак, иш олға силжийди.

Марҳум билан боғлиқ расмиятчиликлар тугагунча унинг хотини ҳам, холаси ҳам бир кун Олмалиқда қолишди. Устига-устак, эрининг жасадини кўргач, келинчак беҳолланиб, ҳам ғамдан, ҳам қўрқувдан ҳушини йўқотганди. Яхшики, кўпни кўрган холаси бирга экан. Расмиятчиликлар тугагунча келинини касалхонага ётқизишга тўғри келди.

Айнан шу бир кун – 24 соат кўп нарсани ҳал қилди. Прокурор ёрдамчиси қотилни излашни, аввало, Олмалиқдан бошлаш режасини тузиб чиқди.

“Тошкентнинг ўзида ҳам хилват жойлар етарли, демак, марҳум бу ерга келганида ё олиб келинганида тирик бўлган. Унинг ўзи осмондан тушиб қолмаган. Тошкентдан шу йўналиш бўйича қатновчи автобусларни ҳам суриштириш бошланди. Натижани кутиб ўтирмай, ҳаракат қилиш керак!”

Прокурор ёрдамчиси қоронғу туша бошлагач, касалхонага йўл олди. Марҳумнинг холасини чақирди:

-Холажон, ҳозир сиз билан икки-учта жойга бориб келсак. Тўғриси, у жойларга яхши ҳам, ёмон ҳам йиғилади. Балки уларнинг орасида бирорта таниш одамни учратиб қоларсиз.

Хола индамайгина бош ирғаб, палатага кириб кетди. Келинининг аҳволи анча дуруст, тинчлантирувчи уколдан кейин ухлаб қолганди. Келиндан кўнгли тинчиб, ўрнига навбатчи ҳамширани қолдириб, прокурор ёрдамчисига эргашди. Ташқарида кутиб турган «Волга”га ўтиришиб, биринчи манзил – сув устида жойлашган чойхонага бордилар. Ярим соатча чой ичиб ўтирган бўлишди. Кейин кўпчиликни ўзига “боғлаб олган” видеобарга жўнадилар.

-Хола, бирор таниш одамни кўриб қолсангиз, иложи борича унга танилмай, мени хабардор қилинг, – дея яна такрорлади касалхонадан чиқишда айтган гапини.

Видеобарда одам сийрак эди.

“Қотиллик юз берганини эшитиб, кўпчилик собиқ жиноятчи-ю бекорчилар уйидан чиқмаганга ўхшайди бугун” – хаёлидан ўтказди прокурор ёрдамчиси.

Видеобарнинг кириш йўлагидан ичкарини бемалол кўриш мумкин эди. Хола залда ўтирганларни бир-бир кўздан кечирди. Кейин боши билан “йўқ” ишорасини билдирди. Ёши ўтган, яна рўмоллик аёлнинг бу ерда туриши одамлар эътиборини тортиши аниқлигини ҳисобга олган прокурор ёрдамчиси холани кўчага бошлади. Машинанинг орқа ўриндиғидан келувчиларни кузатишда давом этишди. Бир соатга яқин пойлашди. Шу вақт ичида икки киши кириб, бир киши чиқди, холос. Хола келинини эслаб, бетоқатлана бошлагач, касалхонага қайтмоқчи бўлишди. Шу орада мусиқали огоҳтовушни қисқагина чалганча бир енгил машина келиб тўхтади. Ундан икк киши – аёл ва барваста йигит тушди.

-Безориларнинг каттаси келди, – кулиб имо қилди “Волга” ҳайдовчиси.

Хаёли келинида бўлиб ўтирган хола ҳайдовчининг гапи билан беихтиёр ўша тарафга кўз ташлади. Бир аёл ва эркак видеобар эшигидан кириб кетганини кўрди. Аёлнинг ортидан қараб туриб, хаёли яна касалхонадаги келинига кетди. Касалхонага етиб келишгач, прокурор ёрдамчиси узр сўради:

-Хафа бўлмайсиз, хола, ишимиз шунақа, сизни ҳам уринтириб қўйдим. Бирор ёрдам зарур бўлса, сира тортинмасдан қўнғироқ қилаверинг, – дея телефон рақами ёзилган қоғозни узатди.

Хола индамай бош ирғаганча келини ётган палата томон юрди. Келин ҳамон укол таъсиридан ухларди. Тонгга яқин холани уйқу элитди. Шу орада келин уйғониб қолди. Қўлларига таяниб, гавдасини кўтарди ва ўтириб олди. Бироз ўтгач каравотдан тушиб, эшик томон қадам қўйди. Хола дарҳол унинг қўлтиғидан тутди.

-Қўяверинг, холажон, – деди синиқ овозда келин, – мен ўзим…

Шу вақт навбатчи ҳамшира кириб келди. Беморнинг билагидан енгилгина тутиб, бирга чиқа бошлади. Келининг ортидан тикилиб қолган хола ҳорғин хаёлга чўмди:

“Бояқиш, бир кунда чўкиб қолди-я, қандай қомати бор эди. Худди…”

Шундай хаёл билан келинни қиёслашга беихтиёр кечқурун ортидан бир зумгина кўрган аёлини эслади:

“Худди ўшандай бўйдор, адл юрарди. Ҳаммадан ҳам синглимга қийин бўлди. Абрордан айрилди, эндигина чилласи чиққан келинчакнинг аҳволи бу! Сингилгинамнинг дарди ўзига етмасмиди… Бу кўргуликлар уни тўшакка бутунлай михлаб ташламаса яхши”.

Холанинг кўзларидан ёш оқарди. Шу орада прокурор ёрдамчиси кириб келди. Салом-аликдан сўнг холани врач хонасига бошлади. Хонага киришгач, қўлидаги дипломатни стол устига қўйди.

-Холажон, яна сизни безовта қилганим учун узр, лекин ишимиз шунақа, – деди мулойим оҳангда. Кейин дипломатни очиб, альбом ва бир даста сурат олди.

-Шу суратларга ҳам бир қараб чиқсангиз.

Хола хаёлини бир жойга тўплаб, суратларни кўздан кечира бошлади. Айримларига узоқ тикилиб қолар, кейин “йўқ” ишорасини қилиб, бошини чайқаб қўяр эди. Баҳромнинг суратига ҳам шундай узоқ разм солди, кейин столга ташлади.

-Буни кеча кечқурун кўрдингиз, хола, видеобарга кириб кетаётганида, – деб изоҳ берди прокурор ёрдамчиси.

Хола чамаси эслагандек бироз сукутга толди.

-Ёнида аёл ҳам бор эди-я? – сўради ҳазин овозда.

-Тўғри, хотирангизга қойил, хола! – деди прокурор ёрдамчиси, – эслаб кўринг, балки Аброрнинг танишларидан чиқар. Исми Баҳром.

Хола суратни қўлига олиб, яна синчиклаб тикилиди.

-Йўқ, жиянимнинг катта ёшдаги ошнаси йўқ, фақат маҳалладагиларни айтмаса, – дея жавоб қилди. Кейин негадир суратдаги одам билан бирга келган аёлни эслади, – тўғри, мен икковиниям орқасидан кўрдим. Эр-хотин бўлишса керак…

Прокурор ёрдамчиси бош чайқади:

-Йўқ, хола, биздаги маълумотларга кўра йигит оиласиз, ёнидагиси кимлигини эса ўзим ҳам билмайман.

Марҳумни ПАЗ автобусига юклаб, икки нафар милиционер ҳамроҳлигида Тошкентга жўнатишди. Хола эса, бева келини билан «Волга”да кетишди. Уларни кузатгач, прокурор ёрдамчиси хонасига қайтиб келиб, бир нуқтага тикилганича ўйланиб қолди: «Автобусларни текширишдан фойда чиқмаяпти ҳозирча. Тошкентга кетган тезкор ходимнинг ҳам иши натижа бермай турибди. Хўш, нима қилиш керак? Гумондор тарзида келтирилган беш киши ҳам…Баҳром безори, муштумзўр, жанжални пулга сотиб олади. Лекин қотилликка келсак… Агар одам ўлдирса ҳам уриб ўлдирар-у, бунақа усулни қўлламас… Кейинги пайтда анча юввош бўлиб қолгандек, балки ёнидаги аёлнинг таъсиридандир. Жуда чиройли экан топгани, холанинг кўрмаганини-чи! Ким экан бу ёш гўзал?”

Прокурор ёрдамчиси ўйловни тўхтатиб, олдидаги оқ қоғозга «Бу аёлнинг кимлиги аниқлансин!!!” деб ёзди-ю, ишга киришди. Аввал ГАИга сим қоқди, тез орада Баҳром ва нотаниш аёл миниб келган машина эгасига тегишли барча маълумотларни тўплади. Аёлнинг суратини ҳам топтирди. Навбатдаги топшириқ аниқ бўлди: ”Умида Тошкентда бўлганми? Унга тегишли машина Тошкент-Олмалиқ йўналишидаги бирор постда қайд этилганми?”

Прокурор ёрдамчиси тўғри йўлдан бораётганлигини ички бир сезги билан идрок этарди. Ниҳоят, зарур маълумотлар тўпланди. Гапнинг очиғи, бундай бўлишини унинг ўзи ҳам кутмаган эди. Прокурор ҳузурида навбатдаги йиғилишда тўпланган маълумотларни баён қилди:

-Умида Р., 20 ёшда, бир йил олдин Фарғонадан кўчиб келган. Онаси билан яшайди. Водийлик ҳамкасблар берган маълумотларга кўра, мактабни тугатиб, Тошкентга борган, ўқишга киролмай қайтган… Тошкент шаҳри ва вилояти оралиғидаги ГАИ постларидан иккитасида айнан унга тегишли машина бундан беш кун аввал ҳужжат текшириш учун тўхтатилганлигини ходимлар тасдиқлашди.

-Жуда соз, – деди прокурор, – билишимча, йўналишни тўғри олаётгандекмиз. Навбатдаги режа қандай?

-Умиданинг суратини марҳумнмнг яқинларига кўрсатиш керак. Шундан кейин буёғи аниқ бўлади.

-Тўғри фикр,-қувватлади прокурор,- Тошкентга кимни юборамиз, терговчиними?

-Рухсат берсангиз, ўзим бориб келсам,- илтимос қилди ёрдамчи.

Тушликка яқин холанинг уйига келди. Аёл синглисининг уйида эди, ўша ёққа борди. Ҳассакашлар билан сўрашиб, кейин холага учради. Безовта қилгани учун узр айтиб, холироқ ерга ўтишгач, мақсадга кўчди:

-Хола, ўша кунги эркак ва аёл ёдингиздадир, уларни фақат орқа томондан кўрганлигингизни айтгандингиз. Мана бу суратга қаранг-чи!

Прокурор ёрдамчиси шундай деб, Умиданинг суратини узатди. Хола ўйлаб ҳам ўтирмади.

-Бу Умида, 2-3 йил олдин менинг уйимда ижарага туриб, ўқишга киролмай, қайтиб кетганди,-деди суратдан кўзини узмай.

-Жиянингиз ҳам танирмиди буни?

-Нега танимасин, синглисидек кўриб, “сен”сираб гапирарди.

-Айтинг-чи, улар орасида бирор нохуш воқеа, масалан, жанжалга ўхшаш ҳодиса бўлмаганми?

Хола анча ўйланиб қолди, кейин Умиданинг қандайдир оқ машинада ёш йигит билан кетгани-ю, кеч келганлиги учун Аброр уни койиганлигини сўзлаб берди.

Прокурор ёрдамчиси қайтишда йўл бўйи ўйлаб келди: “Холанинг айтиб берган воқеаси Умиданинг қотилликка қўл уришига сабаб бўла олмайди. Лекин Олмалиқда марҳумни таниган якка-ю ягона одам ҳозирча Умида! Гумондор шахс дейиш мумкин!”

Ишхонага келибоқ, тўғри прокурор ҳузурига кирди. Қисқа маълумотни эшитган прокурор қўшимча қилди:

-Умида Р. Ўқишга кира олмай, қишлоғига қайтган, кейин тўйи бўлган. Бокира чиқмагач, шармандаларча ҳайдалган, отаси ўзини-ўзи осиб қўйган. Энди бор маълумотлардан хулоса чиқаринг ва аёлни чақиртиринг. Марҳумнинг суратини кўрсатинг, бу ёғини кейин маслаҳатлашамиз. Ҳа, айтгандек, бирор сабаб топиб, Баҳромни ҳибсга олдиринг. Лекин ҳибсга олиш чоғида аёл бўлмаслиги керак. Баҳромнинг қамаб қўйилганини шу ерга келиб билсин, бироқ сабаби мавҳум қолсин, тушунарлими?

Прокурор ёрдамчиси ҳаммасини, яъни қандай йўл тутиш кераклигини нафақат тушунди, балки ҳисоблаб чиқди ҳам.

Фақат бир нарсани ҳисобга олмаган эди…

Умида шафқатсизларча қасос олди. Аммо бу ишидан заррача афсусланмади. Аксинча, енгил тортиб, юраги яйради.

* * *

ТОНГ қоронғусида мурдани жарга ташлаб қайтишди. Кейин навбати билан ювиниб чиқдилар. Умида барибир бу ишнинг ҳиди чиқиши мумкинлигини тахмин қиларди. Шу баробарида Баҳромнинг ҳам кўнгли нотинч эди.

-Баҳром ака, – деди йигитнинг кўзларига тикилиб,- русларда бир нақл бор: “Надейся худшему, лучшее само придёт!” Шунинг учун маслаҳатни бир ерга қўйиб олсак.

-Қанақа маслаҳат? – сўради йигит.

-Маслаҳат шуки, ишимизнинг ҳиди чиқиб қолса, қандай йўл тутиш кераклигини ўйлаб олишимиз керак.

-Сен гулламасанг, мен гулламасанг, иси қаердан чиқиши мумкин? Ундан кўра, яхши ният қилайлик.

-Ният тўйда қилинса ярашади, бу ғирт жиноят бўлса! Хўп денг, Баҳром ака, мени эшитинг, илтимос.

-Майли, эшитиб келяпман, яна эшитавераман, гапиравер.

Умида сумкачасидан учта юз долларлик ва икки тахлам беш юз сўмлик чиқариб, стол устига қўйди.

-Буни қулайроқ жойга яшириб қўясиз. Агар ишнинг “ҳиди” чиқиб қолса, сиз ҳеч нарса билмайсиз. Мен ҳақимда сўрашса, маъшуқангизман, холос. Ўтмишимдан эса буткул бехабарсиз. Мурда менинг бўйнимга, негаки у мараз менинг эски танишим бўлган. Мен аёлман, олдин қамалмаганман, менга оғир жазо бермайди. Яна бир ўзим бўлсам, осонроқ қутуламан. Сизни отувга ҳукм қилишлари мумкин!

Баҳром бундай маслаҳатни кутмагани учун жавоб топа олмай қолди. То бир гап айтгунча бўлмай, Умида сўз улади:

-“Аёл кишини қаматиб қўйишга ғурурим йўл бермайди!” деманг. Илтимос сиздан, Баҳром ака, кўрганларингиз етарли сиз учун, бу галгиси оғир бўлиши аниқ. Шунинг учун менинг маслаҳатимни қабул қилинг, ўтинаман сиздан, хўп денг!

Баҳром анча ўйланиб тургач, рози бўлди. Қўл ташлашдилар.

-Нима бўлганда ҳам, бўйнингизга ола кўрманг, – деди Умида илтижоли тикилиб, – мен ҳеч қачон сизни тортмайман!

Умида қасос илинжида юрган пайтида фақатгина қотиллик ва қийноқ акс эттирилган фильмларни кўриш билан чекланиб қолмай, балки жиноят кодекси, жиноят-процессуал кодекси, уларга шарҳларни ҳам қайта-қайта ўқиб чиққан, “ҳуқуқшунос бўлмоқчиман” деган баҳона билан тоғасининг юрист ошналаридан бир неча марта изоҳли маслаҳатлар ҳам олганди. Бир сўз билан айтганда,Умида назарий тарзда бўлса-да, жиноят учун жавобгарликка ҳам ўзини руҳан тайёрлаб бўлганди.

* * *

ПРОКУРОР ёрдамчиси тезкор ходимларни йиғиб, Баҳром ва Умидани ҳибсга олиш режасини ишлаб чиқди. Баҳромнинг ҳам уйи кузатув остига олинди. Янги ишга келган каратэчи лейтенант “объект” билан жанжал чиқарадиган, муштлашадиган ва олдиндан тайинланган патрул хизмати ходимлари ҳар иккисини ҳам ички ишлар бўлимига келтирадиган бўлдилар. Айни шу чоғда “иккинчи объект” – Умиданинг уйига прокурор ёрдамчиси борадиган, қисқача суҳбатлашиб, прокуратурага бошлаб келадиган бўлди. Бу ёғига ҳар икки “объект” орасида бир лаҳзалик учрашув ташкил қилиш жўн иш эди. Лекин кўп нарса айнан мана шу “жўн иш”га боғлиқлигини яхши тушунишарди. Аксига олиб, тузилган режа бошланмасданоқ барбод бўла бошлади. Тушликка қадар Баҳром уйидан чиқмади. Йўлакка кўз тикиб ўтирган пойлоқчи – фуқаро кийимидаги милиция сержанти ҳам, икки юз метрча нарида машинадан тушмай кутаётган каратэчи лейтенант ҳам, хабар кутиб, иш бошлай олмаётган прокурор ёрдамчиси ҳам асабийлаша бошлашди.

Тушликдан кейин режага ўзгариш киритилди – Умида билан суҳбатга йўл олдилар.Аксига олиб унинг онасига дуч келдилар.

-Нима ишингиз бор эди? Ўзи ким бўласиз? – сўради Фарида эшик олдида турган прукурор ёрдамчисидан.

Ташрифчи ўзини танитди.

-Тинчликми? – безовталанди она.

-Тинчлик, айрим масалалар бўйича озгина гаплашиб олишим керак.

-Ҳозир уйда йўқ. Ярим соат аввал чиқиб кетган эди. Ишонмасангиз, марҳамат, кириб кўринг, – деди Фарида.

Прокурор ёрдамчиси ичкарига кирди. Оёқ кийимини ечаётиб у ёқ-бу ёққа кўз югуртирди. Чунки пойлоқчи берган маълумотга кўра “объект” кўчага чиқмаганди. Чақирилмаган меҳмоннинг ҳар бир ҳаракатини уй бекаси синчиклаб кузатиб турарди. Аёл атайлаб хоналар эшигини очиб қўйди.

-Бу ётоқхона, бу емакхона, бу зал, балкон билан ошхона у томонда, – деб ҳаммаёқни кўрсатиб, кейин ошхонага қўйилган стол атрофидаги стуллардан бирига ишора қилди,- марҳамат, ўтиринг.

Прокурор ёрдамчиси хоналарга бир-бир кўз югуртириб, хатога йўл қўйганди.

-Нима гап ўзи? – сўради Фарида.

“Меҳмон” ёнидан Аброрнинг суратини олиб кўрсатди.

-Опа, бу йигитни танийсизми?

Аёл суратга бир-икки сония қараб тургач, бош чайқади:

-Мутлақо танимайман.

-Узр, мен фақат шуни билгани келгандим. Афсуски, қизингиз йўқ экан.

Прокурор ёрдамчиси суратни кўрсатиб, иккинчи хатога йўл қўйганди. Йўлакка чиқаётиб, сўради:

-Пастда, майдончада турган машина қизингизники эмасми?

-Ҳа, Умиданинг машинаси,- аёл саволдан кўзланган мақсадни дарҳол англади. – Калити ётоқдаги тошойна олдида турибди. Менимча, шахсий машинаси бор одам доим ҳам минавермаса керак!

Прокурор ёрдамчиси хонасига келибоқ кузатувчиликка қўйилган ходимни чақиртирди.

-“Объект” уйида йўқ-ку!-деди ходим кириши билан ўшқириб.

Пойлоқчи шошиб қолиб ғудранди.

-Нега, нега йўқ бўлар экан, ахир машинаси турибди-ку!

Прокурор ёрдамчиси учун шу жавобнинг ўзи етарли эди.

-Эй калтафаҳм, сиз органда эмас, машиналар пуллик тўхташ жойида ишласангиз бўлар экан,-деди ва бирдан ғазаб билан бақирди,-йўқол кўзимдан, умуман бу соҳадан йўқол!

Баҳром бир кун олдин кечқурун Умиданинг илтимосига кўра Тошкентга жўнаб кетганди. Ўзи билан қамоқда бирга ўтирган икки нафар тошкетлик ошнаси бўлиб, шулар кўмагида шаҳар четроғидан ижарага уй топиши керак эди. Икки кундан кейин эса, ҳаммаёқ тинч бўлса, Умидани кеч соат бешда курант олдида кутиб олишга келишилганди. Аёл келмай қолса, бир иложини қилиб, Қозоғистон томонга ўтиб кетиши лозим эди. Умида бу эҳтиёткорликни шундай изоҳлаганди:

-Баҳром ака, “эҳтиёткорни худо ҳам асрайди!” дейишган. Бекор ҳам юрибмиз-да булбулнинг калласидай шаҳарчада. Ҳаммаёқ тинчлик бўлса, уч-тўрт кун ҳаво алмаштириб, ўйнаб келамиз. Пул бўлса етарли. Худо кўрсатмасин, ишкал чиқиб қолса, бу режамиз фақат бизнинг фойдамизга ўйнайди.

Тўғриси, йигит ҳам дам олишни жуда истарди. Айниқса, Аброр воқеаси уна қаттиқ толиқтирганди. Шу боисдан ҳам аёлнинг таклифини ҳеч бир эътирозсиз қабул қилди.

-Фақат, машинасиз боргин, номер областники бўлгани учун Тошкентнинг ментлари тўхтатавериб, ҳиқилдоққа келади,-деди танишганларидан бери ўтган бир неча ой ичида илк марта Умиданинг сочларини силаб.

Баҳромни кузатгач, аёл бироз шаҳар айланган бўлди. Йўлда ҳайдовчиликки бирга ўқиган, ўзидан уч ёш катта Хосиятни учратиб қолди. Хосият машинаси капотини очганча қўлини белига тираб турарди. Машинадан тушиб келаётган аёлни таниб, Хосият чапак чалиб юборди.

-Вой Умидагинам, асалгина ўртоғим!

Қучоқлашиб, қайта-қайта ўпишдилар.

-Нима қилиб турибсиз, Хосият опа худди дўкондаги манекенчиларга ўхшаб қўлингиз белда?

-Эй, ўлсин, оти «Тико”-ю, феъли ғирт ҳакка. Бир кун қиз боладай, уч кун оғироёқ хотиндай.

Иккови кулиб юборди.

-Машина ковлаш бизнинг иш эмас, келинг, шатакка оламан,-деди Умида машина томига шапиллатиб,-ёпинг оғзини, яна пашша ўтириб кетмасин!

Хосият ҳам кулди:

-Трос борми?

-Топамиз, опажон, бизда эрдан бошқа ҳамма нарса бор.

Иккови қийқириб кулишиб, қўл ташлашди. Умида юкхонадан трос олди. Йўловчилардан икки йигит тўхтаб, уларга кўмаклашишди. Ўқиб юрганларида Умида Хосиятнинг уйига икки-уч марта борган, биргаликда “шаблон” ечишганди.

Ўн дақиқа ўтар-ўтмас манзилга етиб келдилар. Хосиятнинг қайниси чиқиб, машинани гаражга киритишга ёрдам қилди.

-Бир пиёла чой ичирмасдан кеткизмайман,-деди Хосият.

Ичкарига киришди, овқат ҳам тайёр экан, кичикроқ лаганда манти келтирилди. Хосиятнинг овсини ўз синглиси эди. Айни шу жиҳати, яна қайнонаси йўқлигидан ҳам Хосият хонадоннинг маликаси ҳисобланарди.

-Умида,-деди аёл хайрлашишдан олдин,-эртага туғилган куним, кундузи соат бирларда келинг. Эрталабдан келсангиз яна яхши.

Умида маъқул ишорасини қилди. Уйига келгач, машинасини умумий тўхташ жойига қўйиб, шошилмай хонадонига йўналди. Эрталаб кузатувчиликка келган милиция ходими “объект”нинг машинасини тўхташ жойида кўриб, хотиржам бўлганди.

Умида уйқудан тургач, юз-қўлини ювиб, пастда сут сотиб юрган хотиндан қаймоқ олиб чиқди. Кузатувда турган пойлоқчи уни кўрди ва «объект уйида” деб хабар қилди. Қаймоқ олиб чиқилиб, нонушта ҳозирланди. Она-бола нонушта қилдилар. Кейин одатига кўра хоналарни тозалаб чиқди, соат ўнларга яқин ваннага тушди. Чўмилиб чиқиб, пардозга уринди. Шанба бўлганлиги учун онаси уйда эди.

-Ҳа, тошойнага тикилиб қолибсан, қизим?-сўради Фарида.

-Ҳайдовчиликда бирга ўқиган Хосият опа бор эди-ку, танийсизми?

-Нега танимас эканман, ўзинг айтгандек, Рекхага ўхшаган чиройли опанг.

-Ўша Рекхага ўхшаган опамнинг туғилган кунига бораман.

Пардоз-андоз-у кийинишдан кўнгли тўлгач, совға масаласи ҳал этилди. Кетишга чоғланиб турганди, кўчадан шовқин-сурон эшитилиб қолди.

-Нима шовқин?-эшик олдида туриб балкондаги онасидан сўради.

-Ўлмагур, нариги подъезддаги монтёр бор-ку, яна ичиб олиб, ким биландир жанжаллашаяпти. Қўлида бир қулоч таёқ ҳам ушлаб олган.

Умида: “Мен кетдим, хавотир олмай ўтиринг”, деганча чиқиб кетди. Кўчага чиқиб қаради, ҳақиқатан икки йўлак нарида қўшни монтёр билан уч-тўрт эркак жанжаллашиб туришарди. Умида қарши томонга бурилиб, уйни айланиб ўтганча катта йўлга чиқиб олди. Айнан жанжалкаш монтёр сабаб пойлоқчиликда турган ходим аёлни кўрмай қолганди. Орадан ярим соатча ўтгач, прокурор ёрдамчиси келиб, Умидани учрата олмаганининг боиси ҳам шу эди.

* * *

ФАРИДАНИНГ кўнгли ғашланди, қандайдир нохушликни сезгандек тинчини йўқотди. Телефон рақамлари ёзилган дафтарчадан Хосиятнинг телефонини топди. Гўшакни кўтарди-ю, ўйланиб қолди. Гўшакни жойига қўйиб, телефонни узди-да, қўшнисиникига чиқди.

-Келинг, Фаридахон,-деганча очиқ чеҳра билан кутиб олди қўшни аёл.

-Узр, Маъмурахон, бизнинг телефон ишламай қолди, бир қўнғироқ қилиб олсам.

-Бемалол.

Фарида Хосиятга сим қоқиб, туғилган кун билан табриклади. Умидани сўраганди, эндигина келиб ўтирган қизи ҳайрон бўлиб гўшакни олди.

-Қизим, меҳмондорчиликдан кейин тўғри тоғангникига боргин, мен ҳозир ўша ёққа кетаяпман.

-Хўп бўлади,-деди қизи,-лекин нима гап, тинчликми?

-Ҳа, тинчлик, сен кетгач Маҳмуджон келиб қолди, ҳозир пастда кутиб турибди, тоғанг иккимизни қандайдир маслаҳатга чақиртирибди, борсак билар эканмиз. Келишдикми қизим, уйга келиб ўтирма овора бўлиб, тўғри тоғангнинг уйига боргин.

-Хўп бўлади!

Фарида қўшнисига раҳмат айтиб, уйига чиқди. Апил-тапил кийиниб, укасининг уйига жўнади, омадига укаси ҳам уйида видео кўриб ётган экан. Ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг укаси сўради:

– Умидахон қани? Ё тоғасини соғинмадими?

-Келиб қолади, ука, ҳозир меҳмонга кетганди. У келгунича маслаҳатли гап бор.

Фарида прокуратурадан одам келганини гапириб берди. Укаси ўйланиб қолди: “Унча-мунча нарсага прокуратура ходими келмайди, мелисадан бирортасини юборади!”

-Кўрсатган суратидаги одамни ҳеч кўргамисиз, опа?

-Умуман билмайман.

-Балки Умидахон танир?

Аёл елка қисди. Умидани кутишдан бошқа илож йўқ эди.

У шомга яқин келиб, ёш боладай тоғасининг бўйнига осилди. Бироз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришгач, тоғаси хотини ва болаларини бошқа хонага чиқариб юборди. Уйда учовлон – Умида, онаси ва тоғаси қолдилар.

-Жиян, ишқилиб ўзинг тинчмисан?-қайта-қайта сўради тоға.

-Худога шукур,юрибман,-жавоб қилди жияни жилмайиб.

-Тинчга ўхшамаяпсан-да,-шундай деб жиянига қаттиқ тикилди.

Орага анча жимлик чўкди.

-Нега унақа деяпсиз, тоға?-сўради ниҳоят Умида билинар-билинмас безовталаниб.

-Гап бундоқ, бугун сен ўртоғингникига кетгач, уйларингга сени излаб прокуратурадан одам келган. Қандайдир йигитнинг суратини сенга кўрсатмоқчи экан.

Умида онасига қаради.

-Мен кўрдим суратини, ёш йигит. Жингалак сочли эди назаримда, яна ўнг кўзи бўлса керак, ҳа ўнг кўзи остида нуқтадан каттароқ холи ҳам бор…

Умида бу ёғини эшитмади. Суратдаги йигит Аброр эканини билди. Лекин тан олмади:

-Билмасам, қанақа одамнинг сурати, менинг йигитлардан танишим йўқ ҳисоби. Борлари ҳам ё тепакал, ё сочи силлиқ!

Унинг қувлик қилаётганлигини тоғаси сезиб турарди.

-Опа, бизни бир пас холи қолдиринг, майлими?-деди Фаридага.

Аёл туриб чиқиб кетди.

-Жиян, мен ер тагида илон қимирласа биламан. Икки кун олдин шаҳардан бир ёш йигитнинг ўлигини олиб кетишди. Тушунишимча, сурат ўша ўлганнинг сурати бўлиши керак. Сен уни танийсанми-йўқми, бу – иккинчи масала. Фақат айт-чи, прокуратура ходими нега айнан сени сўраб келди? Чунки у ерда ишлайдиганлар аҳмоқ эмас, нима иш қилишаётганлигини яхши билишади. Тўғрисини гапир, жиян, бало газак олмасдан чорасини кўрайлик!-дея тоғаси бироз жим қолиб, кейин қўшиб қўйди,-худо кўрсатмасин, сенга бир гап бўлса, онанг кўтара олмайди.

Умида ерга қараганча анча вақт индамай ўтирди.

-Тоғажон, танийман у маразни,-деди бир қарорга келгач,-кетган ўлик ўшанинг мурдаси! У мараз мени, оиламизнинг шаънини тупроққа қориган, отамнинг ўлимига сабабчи бўлган қон душманим эди. У қилмишига яраша жазосини олди,- Умида тоғасига тик қаради-ю, гапида давом этди:

-Мен прокуратура тугул, ундан каттасидан ҳам қўрқмайман. Қилган ишим учун ҳатто худонинг олдида ҳам жавоб бера оламан!

Тоға лол қолди. Улар икки-уч дақиқа бир-бирига тикилиб қолишди. Айниқса, жиянининг кўзларидаги оловни ҳис қилиб, ўз вужудида титроқ сезди.

-Нима гап ўзи, жиян? Очиқ гапиришнинг иложи борми?-сўради деярли шивирлаб.

Умида уч йил аввалги воқеани Баҳромга гапириб бергандек, тоғасига ҳам айтди. Фақат қотиллик ҳақидаги ҳақиқатни четлаб ҳикоя қилди.

-Бир ҳафтача олдин Тошкентга, “Отчопар”га ўз машинамда боргандим, кутилмаганда Аброрни учратиб қолдим. Ёлғизлигимни кўриб илакишди. Қисқаси, ўша ерда уни алдаб-авраб, Олмалиққа келишга кўндирдим. Икки кун ўтиб келди. Кейин ухлаб ётганида сездирмай оёқ-қўлини бузоқ тушовлагандек боғладим. Ўлдириб, эрталабга яқин жарга олиб бориб ташладим.

-Шунча ишни бир ўзинг қилдингми?-ҳам ҳайрат, ҳам шубҳа билан сўради тоғаси.

-Бир ўзим қилдим,-деди Умида қатъий ва қўшиб қўйди,-ҳозир бировга ишонадиган замонми, у кўзинг бу кўзингни ўяман, деб турибди-ю…

Тоға бошини эгганча узоқ ўйланиб қолди. Бир қарорга келди, шекилли, бошини кўтарди.

-Бу гапларни онангга ҳам гапирма ҳозирча. Бугун шу ерда қоласан, Андижонда яқин дўстим бор, эртага ўша ёққа жўнайсан. Бу ёғига энди худо холиқ!

-Дўстингизни бу ишга аралаштирмаганингиз маъқул, тоға. Яхшиси, Тошкентга кетаман. Ишончли, ҳеч ким билмайдиган хонадон бор. Уч-тўрт кундан кейин қўнғироқ қиламан.

Тоға-жиян гапни бир ерга қўйиб, Фаридани чақиришди. Сўраганларга “Умиданинг қаерда эканлигини аниқ билмасликларини” айтишга келишиб олдилар. Маслаҳат тугаши биланоқ Умида тоғаси берган икки юз доллар ва юз эллик минг сўмни ёнига жойлаб, тоғасининг ўғли учун яқинда олинган, ҳеч ким яшамайдиган секция-уйига кетди. Эрта тонгда эса, Ангрендан келаётган йўловчи “Жигули”да Тошкентга йўл олди. Шаҳарга кирибоқ бошқа машинага ўтирди. Бундан уч йил аввал ўзини алдаб ташлаб кетишган “Анҳор” кафесига келди. Овқатланиб олгач, кун пешиндан ўтгунча ўша атрофда, одамлар гавжум жойларда айланиб юрди, бир-икки сидра кийим, пардоз анжомлари харид қилди. Кейин яна шу кафега келиб тушлик қилди. Кундуз соат учларда курант томонга пиёда йўл олди. У ёқ-бу ёқни томоша қилиб боргунича ҳам анча вақт ўтди. Йўл-йўлакай олган кроссвордли газетасини курантга яқин бекатда тиззасига қўйиб, бошқотирма ечиб ўтирди. Соат чораги кам бешда курант остига борди. Шу чоғ хиёбон томондан келаётган Баҳромга кўзи тушди. Қора костюм-шим, оқ кўйлак, қора туфли кийиб, сочларини чиройли тараб олган Баҳром ЗАГСга кетаётган куёвни эслатар эди. Умида қўлини кўтариб силкитганди, йигит кўриб у томонга ошиқди. Масофа ярим қадамдан ҳам кам қолди.

-Мен келдим,-деди салом бериб Умида. У Баҳромнинг елкасидан қучиб, кўксига бош қўйди. Бироз сўзсиз туриб қолишди.

-Сендан қаттиқ хавотирди эдим,-деди йигит аёлнинг сочини сийпаб.

-Мен ҳам…-деди аёл бошини кўтарганча йигитга меҳр билан тикилиб,-мен ҳам сизни жуда соғиндим, Баҳром ака!

Кейин йигитнинг қўлидан тутди:

-Хавотир олманг, ҳаммаси жойида!

Умида йўлка четига қўйган чоғроқ сумкасини олмоқчи бўлганди, Баҳром жилмайди.

-Бу ёққа бер хазинангни, малика,-деди ҳазил аралаш.

Кейин биргалашиб Сирғали томонга – Баҳром кеча ижарага олган шинамгина икки хонали уйга кетишди. Уйни ўша атрофдаги маиший гуруҳларни бошқарадиган Банзай лақабли корейс топиб берганди.

Қамоқда “семейка” деган тушунча бўлиб, бир дастурхондан овқат егувчи маҳкумлар икки ёки бир неча кишидан иборат бўларди. “Семейка” жуда муқаддас саналиб, унинг аъзолари бир-бирларини беҳад қадрлайдилар. Баҳром билан Банзай бир “семейка”да бўлишган. Аброрни Тошкентдан осонгина олиб чиқиб кетишда ҳам Банзай ёрдам қилганди.

Шинамгина ижара уйни кўриб Умида севинди. Нарсаларини жойлагач, “йўл ғубори”ни ювиб ташлаш учун ваннага кирди.

Кийимларигача янгилаб, ўзига оро бериб чиққан аёл эртакдаги маликалардек бўлиб қолди.

Безатиғлик столдаги егуликларнинг аксари уйғурча ва корейсча бўлиб, чой – Англияники, шампан билан коньяк французларники эди.

Умида ширин жилмайди.

-Меҳмон кутишда дидингиз зўр экан, Баҳром ака. Уй танлашингизга-ку, қойил қолдим,-мебеллар-у телевизор, видеомагнитофон, ҳатто қандилгача чет элники! Лекин энг ёққани – бояги кийиниб юришингиз бўлди.

-Эй, қаёқда дейсан, бу нарсаларни ошнам бериб юборибди, эрталабдан бери иккита корейс ва уйғур хотин дастурхон безашди. Уй масаласига келсак, очиғи, эгасини ҳам танимайман, ошнамнинг божаси бошлаб келиб кўрсатди, кейин калитини бериб кетди. Кийимни ҳам ўшаларнинг маслаҳати билан кийдим, қўни-қўшнига интеллигент одам бўлиб кўриниш учун. Лекин сенга ёққан бўлса, доимо шундай юраман.

-Менинг келишимни ошнангиз биладими?

-Ҳа, хабари бор, айтганман. “Ошна, сен менга қанчалик қадрдон бўлсанг, шунчалик яқин одам келадиган, фақат аёл киши”, дедим.

Бу таъбир Умидага, айниқса, хуш келди. Икки сирдош, икки шерик анча вақтгача овқатланиб, гаплашиб ўтиришди. Бироқ Умида прокуратура ҳақида умуман гапирмади.

-Энди иккаламиз битта ипга боғланиб қолдик,-деди Баҳром гап орасида,-худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Лекин сенга икки марталаб қойилман, ишонавер, бу ақлинг-у дадиллигинг билан ҳар қанақа эркакка ибрат бўла оласан.

“Фанта”-ю чойдан бошқа нарсани ичмайдиган Умида бу сафар бир шиша шампан виносини деярли бир ўзи ичди. Баҳром ҳам унда-бунда кўпи билан 100-150 грамм коньяк ичарди. Лекин бу ўтиришда иштаҳаси очилиб, “Napoleon”ни охиригача ичди.

-Коньяк жуда зўр экан,-деди ширакайф йигит,-аммо яна бор очилмагани.

-Баҳром ака, очилмагани тураверсин, шундоғам яхши ўтирибмиз,-деди эркаланган оҳангда.

Йигитнинг вужудида эҳтирос жўш уриб, қони кўпира бошлади…

Баҳром уйқудан уйғонганда тонг ёришиб, соат саккиздан ўтганди. Умида аллақачон уйғониб, ювиниб, меҳмонхонани йиғиштириб, тартибнга келтириб улгурган, энди нонушта тайёрлаётганди.

Йигит ваннага кириб кетди. Чўмилиб чиққанида ётоқхона йиғиштирилиб, нонушта тайёр бўлганди.

“Яхши хотиннинг бори яхши!” хаёлидан ўтказди Баҳром.

Спорт кийимини кийиб чиққанида, Умида ювиниш хонасини тартибга келтириб бўлиб, қўлларини сочиққа артаётганди, дарҳол салом бериб:

-Яхши ётиб турдингизми?-деди ердан кўзини узмай.

Баҳром аёлни авайлаб қучди. Умида ҳам йигитнинг бўйнига осилди. Узоқ ўпишдилар. Шу билан гўё тунги “шўхликлар” учун ийманиш туйғуси барҳам топди.

-Бугун ошнамнинг қароргоҳига борамиз,-деди Баҳром нонушта чоғида,-ё бошқа режа борми?

-Энди сиз нима десангиз шу, қаерга десангиз, эргашиб кетавераман. Фақат… Олдин бирорта домла топиб, никоҳ ўқиттириб олсак, Баҳром ака.

Умиданинг таклифи йигитга маъқул келди. Нонуштадан кейин кийимларини алмаштиришди – йигит кечаги куёвсифат кийимда, аёл кулранг фин костюм-юбкасини ва итальянча туфлини кийгач, йўлга отланишди. Бу жуфтликни кўрган кишининг кўзи қувнарди…

* * *

ИККАЛА “объект”нинг бирдан йўқолиб қолиши изқуварларни шошириб қўйди. Баҳромнинг собиқ хотинини ҳисобга олмаганда, ҳеч кими йўқ, Умиданинг онаси ҳам, тоғаси ҳам аниқ гап айтишмади.

-Суратларини телевизордан кўрсатиб, қидирув эълон қилсак-чи?-таклиф киритди қидирув бўлими бошлиғи.

-Нима деб эълон қиламиз, қотил дебми? Қани исбот?-жаҳл аралаш сўради прокурор.

-Бедарак йўқолган дейиш мумкин-ку,-фикр билдирди прокурор ёрдамчиси.

-Қани яқинларидан ариза?-унга ҳам савол қайтарди прокурор,-Баҳромнинг тириги тугул, ўлигига куядиган одам йўқ, фақат аёлнинг онасидан олиш мумкин, агар ёзиб берса!..

Орадан уч кун ўтиб, Умиданинг ўзи қўшнисига телефон қилиб, онасини чақиртирди. Фарида қизига вазиятни қисқача гапириб, бедарак йўқолганлиги ҳақида қидирув бериш учун ариза талаб қилишаётганини қайта-қайта такрорлади.

Умида телефонда гаплашиб бўлгач, ташқарида кутиб ўтирган Баҳромнинг ёнига келди.

-Кетдик ижарамизга,-деди жилмайиб. Никоҳланган эр-хотин қўлтиқлашганча йўлга тушдилар. Уйга келгач, Умида овқатга уннади. Эрининг таъбига қараб манти тайёрлади. Ҳали аср вақти бўлмасдан кечки овқат сузилди. Кейин бир соатча телевизор кўрдилар. Умида телевизорни ўчириб, пардани тортди. Хонага ним қоронғулик чўкди. Баҳромнинг тиззасига ўтириб, бўйнидан қучоқлади. Лаблар лабларга жуфтлашди…

Барвақт ётганлари учун тонг ёришар-ёришмас туриб олдилар. Ювиниб чиққач, нонуштага ўтиришди.

-Бугун бир “Телеминора”га бормаймизми?-сўради Баҳром.

Умида жилмайди. Бошини йигитнинг кўксига қўйди. Кўзларидан сизган ёшини билинтирмай артиб ташлади.

-Бугун… Бугун мен Олмалиққа қайтаман,-деди Умида оҳиста шивирлаб,-қайтмасам бўлмайди.

Баҳром изоҳ сўрамади, ҳаммаси тушунарли эди.

-Сиз ҳам бу ердан кетинг, иложи бўлса, бошқа республикага. Агар ҳозир шундай қилмасак, кейин кеч бўлади, қаттиқ афсусланамиз,-деди Умида қатъий.

Баҳром анча ўйланиб қолди, сўнг ўз қарорини айтди:

-Умида, нима бўлганда ҳам сен – меникисан, мен – сеникиман! Бизни боғлаб турган ипни ўзимиз узмасак, ҳеч ким уза олмайди. Ошналаримга тайинлайман, ҳар қандай шароитда ҳам сени қўллашади.

Умида шундан сўнг телефонда онасидан эшитган қидирув ҳақидаги гапни айтди. Тоғасининг турар жойини оғзаки тушунтирди. Уларни ҳам огоҳлантириб қўйишга сўз берди.

-Фақат сиз ўзингизни эҳтиёт қилинг, жоним! Сизга бир гап бўлса, менга яшашнинг қизиғи қолмайди,-деди Баҳромни маҳкам қучоқлаб.

Бир соатдан сўнг башанг кийиниб, фақат йўл учун етарли пул олиб йўлга чиқди. Ҳар эҳтимолга қарши Баҳром уни кузатмайдиган бўлди. Умида – автобекатга, Баҳром эса Банзайнинг уйига томон кетдилар…

Тушликка яқин прокурор ёрдамчисига хабар келди: «объект” уйида, кўрсатмангизни кутаман!” Ўн дақиқага қолмай прокурор ёрдамчиси Умиданинг уйига етиб борди. Эшикни Фарида очди. “Меҳмон” йўлакка кириб, иккиланиб қолганди, уй бекаси қўли билан ошхона томонни кўрсатди. Умида балконда овқатланиб, чой ичиб ўтирарди. Прокурор ёрдамчиси ўзини танитиб, ҳужжатини кўрсатди.

-Қаерларга йўқолиб қолдингиз?-гап саволдан бошланди,-биз қидирув эълон қилмоқчи бўлиб тургандик.

Умида масхараомуз жилмайди:

-Нима, бу шаҳарликлар бирор жойга кетишдан олдин сизга ҳисоб беришадими?

-Ҳеч бўлмаса онангизга айтсангиз бўларди-ку!

-Мен балоғат ёшига етган, мустақил шахсман, хоҳласам айтаман онамга, хоҳламасам йўқ. Гапни айлантирмай, мақсадга ўтаверинг.

Прокурор ёрдамчиси суратни кўрсатди.

-Танирдим, исми Аброр бу маразнинг!

-Нима учун мараз?

Қолган саволларга ёзма жавоб олсангиз қалай бўлар экан?

-Яхши фикр, қани кетдик бўлмаса!

Онаси ҳам бирга бормоқчи эди, Умида кўнмади. Прокурор ёрдамчиси ҳам, терговчи ҳам барча саволларга тўлиқ жавоб олдилар. Фақат Баҳромнинг бу жиноятга шериклиги ва ҳозир қаердалиги мавҳум қолаверди. Кечқурунги соат ўнгача тўрт бора сўроққа олиб чиқишди. Эрталаб прокурорга кирдилар.

-Наҳотки, шундай ўта оғир жиноятни ёлғиз ўзингиз содир этгансиз? Яна мурдани кўтариб чиқиш, машинага юклаш… Бир ўзингизга оғирлик қиларов!-деди прокурор.

-Одам ғазабга келганда кучи ошиб кетишини билсангиз керак,-жавоб қилди Умида,-қолаверса, мен қишлоқ қизиман, ёшлигимдан этак-этак пахта кўтариб, ўрни келса от миниб чиниққанман. Ундан кейин ўлик унчалик оғир эмасди. Ишонмасангиз, ўша ҳажм ва оғирликдаги буюмни беринг, қандай кўтарганимни кўрсатаман.

Прокурор қамоққа олиш ҳақидаги санкцияга имзо чекиб, муҳр босди.

Бирор бир далил ё гувоҳнинг йўқлиги, айбланувчининг кўрсатмалари ҳамда яна бошқа са-бабу хулосаларга кўра “Жиноят иши”нинг Баҳром билан боғлиқ қисми чиқариб ташланди. Бунда, айниқса, тоғанинг ҳаракатлари жуда иш берди. Ҳатто “Жиноят иши” устига “Ўз айбига иқрор бў-либ келди”, деган таъкид ҳам битилди. Мантиқан қаралса, аслида ҳам шундай! Зеро, адлия соҳаси кишилари орасида касбий бир ибора бор: “Қонунни бузиб бўлмайди, айланиб ўтиш мумкин!..”

Умида ҳибс этилмасдан олдиноқ КПЗдаги тутқунларга хабар келди: “Бу аёлни ҳурмат қилинглар ва ёрдамлашинглар!” Икки кундан кейин Тоштурмага жўнатилди. “Столипин” деб аталувчи зек-вагонда ҳам аёлнинг ҳурматини жойига қўйишди.

Турмада ҳибс этилганларни қабул қилиб олиш жойи – “Вокзалчик”даноқ Умидага яхши муносабатда бўлишди. Бошқаларга ўхшаб уни қип-яланғоч ечинтириб тинтишмади, олиб келган кийимларини четга улоқтиришмади.

“Монастир” деб юритилувчи аёллар корпусида уни икки нафар жувон худди эски қадрдонлардек кутиб олди. Қўлидан сумкаларини ҳам олишди.

-Бўлди, началник, энди бу бизники!- дедилар соқчи прапоршчикка. Кейин эшиги қия очиқ камерага бошлаб боришди.

-Киравер Умидочка, ўз уйингдасан!

Ичкарида яхши кийинган ёш аёл ўтирарди. Умида қўлини ювиб, янги рўмолчага артди, сўнгра унинг ёнига бориб ўтирди. Ўртада турли ноз-неъматлар қўйилган стол турарди.

-Сен Умидасан, бу Лайло, бу Кумуш, мен Юлдузман, сенсираб гаплашамиз, келишдикми?

-Гап йўқ,- деди Умида Лайло узатган чойни олар экан.

-Ўзинг ҳақингда гапириб ўтирма, “прогон” келган. Лекин қойил, мужиклар ҳам беш кетишди,-деди Юлдуз кулиб,-аммо жуда қотиргансан, унақа тварларнинг бошини эмас, эркаклигини кесиш керак! Бунақаси ҳали бўлмаганди. Бу ёғидан кўнглинг тинч бўлсин, билиб ишингни қил, дуч келган одам билан гаплашаверма. Кам гапир, кўпроқ эшит, қолганига мен ёрдам қиламан. Зонада ҳам ўзим кутиб оламан сени! Ҳозир йўл юриб келгансан, бироз ётиб ухлагин.

Бир ҳафта ичида Умида турмадаги паст-баландни билиб олди. Айниқса, ўзаро сўзлашув тили-жаргонни яхши ўзлаштирди. Энг муҳими “иш” бўйича “прицеп”сиз ёлғиз кетаётганидан жуда севинарди.

Баъзи сабабларга кўра суд бироз орқага сурилди. Қамалганига бир ойдан ошганда, бир куни кўнгли айниб, қайт қилди корпус врачига ҳам қаноат қилмай, тиббий бўлимга олиб чиқишди. Уни эътибор билан текширган доктор аёл:

-Табриклайман, она бўласиз,-деди жилмайиб, иложи борича тезроқ бу ҳақда адвокатингизни хабардор қилинг. Ўзингиз учун яхши!

Юлдуз кетгач, Лайло билан Умида биргаликда унинг ўрнига ўтдилар. Янги келганларни кутиб олиш, кўмаклашиш каби юмушлар икковинининг зиммасида эди. Суд арафасида адвокати яна келди.

-Тез кунда суд бўлади,-деди ўсиқ қошларини сийпаб,-энг асосийси, сира асабийлашманг, ўзин-гизни ва туғилажак фарзандингизни ўйланг. Энди мана буни ўқиб, қисқача жавоб ёзиб беринг.

Адвокат кўзойнак ғилофидан найча қилиб ўралган ва целлофан билан ёпилган қоғозни узатди. Умида шошилмай қоғозни целлофандан чиқариб олди. Негадир ҳаяжонланиб юраги тез-тез урарди. Қоғоз ўрамини ёйди. Бу -Баҳромдан хат эди.

“Салом, жонимдан ҳам азиз бўлган Умидагинам!..” Умиданинг кўзларидан ёш қуйилиб, нигоҳлари хиралашди. Кўзларини енги билан апил-тапил артганча қайтадан ўқий бошлади: “Салом, жонимдан ҳам азиз бўлган Умидагинам! Тириклигимнинг сабабчиси, суюкли умр йўлдошим! Мен умримда йиғлаган эмасман, аммо ҳозир негадир кўз ёшимни тўхтата олмаяпман. Жоним! Соғлиқларинг яхшими? Мен учун энг муҳими-сенинг соғлигинг! Умидам! Мендан сира хавотир олмагин, ўзингни ва туғилажак фарзандимизни авайла!

Сени севиб, соғиниб-соғиниб кутиб қолувчи…”

Хат нега қисқа, анча содда ёзилганлигини аёл яхши тушунар эди.

Адвокат қўшимча изоҳ берди:

-Эрингиз бир ҳафта олдин бошқа ўлкадан келибди. Тижорат ишлари билан кетганини биларкансиз. Бу воқеаларни ошналаридан эшитибди ҳозир ўз уйида, бехавотирлигини айтиб юборди,-деб адвокат айёрона жилмайиб қўйди.

Умида ҳам қисқача жавоб ёзди:

“Суянган тоғим, юрагимнинг мадори! Хатингизни ўқиб, тинч ва соғ эканлигингизни билиб, хурсандлигимдан йиғладим. Сиз ҳам мендан хавотир олманг, ўзингизни авайланг! Бу кунлар ўтиб кетади, биз яна бирга бўламиз! Сизни севиб қолувчи Умидангиз”.

Хатни буклаб адвокатга берди. Кейин оғзаки тайинлади.

-Тайинлаб айтинг, судга келмасинлар, умуман, мен қутулиб чиққунимча ошналари билан тижорат ишида бўлаверсинлар. Онамга, тоғамга мендан салом айтинг, сира хавотир олишмасин.

Суд ёпиқ ҳолда олиб бориладиган бўлди. Шу боисдан ҳам залга саноқли одамлар киритилди: Умиданинг онаси, тоғаси, марҳумнинг фақат холасигина келганди.

Ўзига қўйилган айбловни Умида тўлиқ тасдиқлади. Берган кўрсатмаларини мутлақо инкор этмади. Гаплари дадил, ишонарли эди. Даъвогар томон деярли ҳеч қандай талаб қўймади. Охирги сўз берилди.

-Мен жиноят содир этганимни тўлиқ бўйнимга оламан,-деди Умида қисқагина сўзлаб,-лекин тушунинглар, бу ишни ўзим хоҳламаган эдим. Аммо марҳумнинг ўзи “Отчопар бозори”да мени бир буюм ўрнида кўриб муомала қилиши, қабиҳ ниятда мен яшаб турган шаҳарга келиши мудҳиш йўлга бошлади мени. Агар ўлдириш қасдим бўлганида, ўша пайтлардаёқ ўлдирар эдим. Жазо тайинлашда шу жиҳатни алоҳида эътиборга олсангизлар!

Уч кун давом этган суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилди. Барча жиҳатлар эътиборга олиниб, шунингдек, жиноят-процессуал кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, ўн йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Орадан етти ой ўтиб, Мустақиллик байрами муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги Фармон эълон қилинди. Айнан шу куни колония туғруқхонасида Умиданинг кўзи ёриди – ўғил кўрди. Чақалоққа ОЗОДБЕК деб исм қўйдилар…

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.