(Роман)
Тўртинчи боб
Саттор қози собит имон-эътиқоди ва адолат пешалиги билан эл ичида ном чиқарганди. Ҳукмини кўпда чор маъмурлари ҳам ўзгартиролмасди. Буни яхши балганидан, Такабой ноилож паст тушиб, Исмойилбойга ер даъвосидан воз кечишга мажбур бўлди. Яна ковлаштираверса, Саттор қозининг бирор маъракадами ё жамоат йиғилган жойдами иззат-обрўсини бир пул қилиб юборишдан чўчиди. У ўзига етганича ўжар ва тиксўз эди. Ноҳақлигига кўзи етса амалдорми, амалсизми, бойми, камбағалми-аяб ўтирмасди. Унинг учун худонинг барча бандалари тенг ва бирдай даҳлсиз эди.
Ўғлининг меҳнати ва Саттор қозининг адолати туфайли Исмойилбойнинг ўша йилги даромади чакки бўлмади: оқ жўхорисининг ўзи ўн беш ботмондан* ортиқроқ чиқди. Яна даштдаги посираларидан** қанча нўхат, кунжут, зиғир ва арпа-буғдой йиғиштириб олди. Ўзидан ортганини чиқариб сотса, пулига манаман деган отлардан йигирма-ўттизтасини сотиб олса бўларди. Бироқ ўғлига кўпкарибоп от олиб беришга шошилмади. Албатта бойликка ружу қўйиб, пулини кўзи қиймаганидан шундай қилмаётганди. Айримлар қатори у ҳам кўпкарини «шайтон ўйини», «палакат ўйин» деб биларди. Бинобарин, ўғлини бу фалокатдан нарироқ тутишга интиларди. Такабойнинг жанжали, дала ва уй ишларининг кўпайиб кетганлиги сабабли, Саримсоқнинг ўзи ҳам бу илтимосини унутиб қўйганди…
Ўша куз ва қиш ўтиб, янаги баҳорнинг бошларидагина у отга кучли эҳтиёж сезди. Ўшанда Саримсоқ ўзларининг кекса байталини миниб Ингичкага-Жўрабойнинг тўйига борганди.
Жўрабой асли туёқлилардан бўлиб, ота-боболари қачонлардир Ингичкага келиб ўрнашиб қолишганди. Шу ерлик қирқларга* қуда-анда дегандай аралашиб эл бўлиб кетганди. Уруғ-аймоқлари эса қаердадир-Гумсой, Гулбулоқ томонларда яшашарди. Унинг тўйига ер ёрилиб одам йиғилди. Ўзбекларнинг деярли барча уруғларидан вакиллар бор эди. Бундан ташқари Жетисой ва Бетпақдала томонлардан қозоқлар, Зомину Ўратепа томонлардан қирғизлар, Можириму Синтопдан тожиклар келишди.
Кўпкари ўтказишга қўйтош тоғлари ва қатормоя тизмалари туташган жойдаги кенг бир сойхонлик танланди. Уч кун илгари Ингичканинг бўз йигитлари отлар суриниб кетмаслиги ва йиқилган
чавандозлар қаттиқ лат емаслиги учун майдонни катта-кичик тошалрдан батамом тозалашди. қўйтош тарафига баланд чортоқ қуришди. Улоқ ташланадиган марраларга қалин қилиб самон тўшашди.
Тўйнинг биринчи кунида қоқма кўпкари беришди. Бу кўпкари асосан улоқ чопиш орзусида юрган ёш-ялангларга мўлжалланган. Бир-икки улоқни у ёқдан-бу ёққа тортқилашиб, бир кун обдон хумордан чиқишади. Бунда ҳам чавандозларни қизиқтириш учун кичик-кичик совринлар берилиши мумкин. Лекин тўдадаги отлар олақуроқ – ёш-ёш биялардан тортиб, қариб кенови кетган қирчанғиларгача бўлади. Ора-сира чопағонроқ ва бақувват эшакларни миниб кирган болакайларни ҳам кўриш мумкин.
Саримсоқ ўз байталида шунақа кўпкариларда аралашиб юрарди. Бу албатта зое кетмади: улоқни ердан олиш, тўдадан чиқиш, бошқалар билан тортишиш усулларини бир оз ўрганди. қўли улоққа илашса тортиб олмай қўймасди. Лекин бу галги қоқма кўпкариларнинг биронтасига кирмади. Бунинг бир қатор жиддий сабаблари бор эди: аввало, у ўзини болалар сонига қўшмай қўйди. Энди у уйланган бўз йигит. қолаверса, дурустроқ оти бўлмаганидан, қари байтални кўз-кўз қилиб, жуссаси ўзидан кичик болалар билан тортишиш ўкинтирарди. Илгари улоқ олиб салгина ўзини кўрсатмаган йигитчага ким ҳам ишониб отини берарди…
Ўкинч ва орзуларини алангалантирган ўша кун ўтди. Саримсоқ уйига синиқиброқ қайтди. Отаси ундаги ўзгаришни пайқади-ю, сабабини сўрамади. Эртасига Ингичкага катта кўпкарига ўғли билан бирга борди. У Саримсоқни ғулғулага солган «шайтон ўйини»ни ўз кўзлари билан кўрмоқчи эди.
Кўпкари чопиладиган майдон атрофидаги қирларнинг ёнбағирлари эрталабданоқ одамлар билан тўла бошлади. Чавандозлар тўда-тўда бўлишиб сойхонликка тушиб келишар, кимдир отини миниб, кимдир етаклаб совутиб юришарди. Ҳаял ўтмай чортоқ ёнига иккита арава келиб тўхтади. Биринчи аравада сўйилиб, ичак-чавақлари олиб ташланган ва ўрнига вазнини оғирлаштириш учун туз тиқиб қайта тикилган ўн беш-йигирма чоқли такани юклаб, кўпкари баковуллари келишди. Орқадаги аравага эса улоқ олган полвонларга бериладиган совринлар юкланган. Баковуллардан тўрттаси такалардан кичикроқларини аравадан тушириб, томошабинлар ёрдамида чортоққа чиқаришди. Яна иккитаси жанжал ва ғирромликнинг олдини олиб юриш учун чавандозларга аралашиб кетишди. қолган биттаси кимдир пешкаш қилган отни миниб чоптирганича, майдоннинг нариги тарафига- марра томонга кетди.
Саримсоқ билан отаси уловларини қирга тушовлар қўйиб, чортоққа яқинроқ жойга ёнма-ён ўрнашишди. Бу ердан майдондаги ҳар бир ҳаракатни кафтдагидек кўриш мумкин эди.
Бирдан чавандозлар ҳам, томошабинлар ҳам ҳаракатга тушиб қолишди. Исмойилбой нима бўлдийкин, деган хаёлда чортоққа қараганди, бош баковулнинг иккала қўлини баланд кўтарганича олдинроққа чиқаётганини кўрди.
Бош баковул каризқудуқлик Мулла Мистоқ эди. У Янгиқўрғон* темир йўлидан терскай бекатдаги ўнлаб қишлоқларда яшаётган шарткесар қирқларнинг таниқли эл оғаларидан бири эди. Улар орасида бирор жанжалли иш бўлса, албатта у ҳам аралашиб, тинчитиб юришар эди. Жўрабой, гарчи туёқлилардан бўлса-да, шу сифатларини ҳисобга олиб, бош баковулликни унга топширган эди. қолаверса, ўзи ҳам қирқлар орасида яшаяпти.
Зарур пайтда узоқдаги қариндошдан яқиндаги таъсири кучли ёт яхши.
– Узоқ-яқиндан Жўрабойдинг тўйига келган оғайин-қариндошлар, азиз меҳмонлар!-деди Мулла Мистоқ қўлларини тушира туриб.-Рухсатингизминан сизларди бугун ва эртан бўладиган кўпкарининг солимлари* билан таништириб ўтсам. Шу икки кун ичида солимга уч юз чоқли қўй, уч юздан ортиқ эчки, ўндан ортиқ йилқи, йигирмага яқин уч-тўрт яшарли хўкиз, йигирмадан ортиқ тана-тўлпи берилади. Жўрабойдинг айрим солимларга қўшиб бериладиган қирқ-эллик кийимлик матолари, қанча тўн, чакмон ва бошқа буюмлари бор. Олача, кигиз, тарсиллоқ ва патли гиламлардинг умумий сониям қирқдан ошади. Жонлиқларди тўй тарқагач, бойдинг қўрасидан олиб кетилади. Сизлардан қаттиқ сўранадиганимиз: кўпкаримиз тартибли ўтса, полвонларимиз ҳар хил жанжал ва ғирромликлардан орлансалар. Барака-ҳалолликда. Чавандоз полвонлар ҳам, баковуллар ҳам ҳисобдан адашишмаса. Тўй тарқагач, кўнгил қорачилик қилмай, ҳар ким ўз тегишини олиб, элларига ўйнаб-кулиб кетишса…
Мулла Мистоқ гапга етук ва чечан эди. Ҳар қанча узоқ гапирмасин, одамлар сукут сақлаб, жон қулоғи билан эшитишарди. Бироқ бу гал узоқ гапирмади: кўпкари ишқибозлари-ю чавандозларни мустар қилишни ўзига эп кўрмади. Бунинг ўрнига чавандозларга омад тилаб, жамоатнинг дуосини олиб берди. Шундан кейингина дастлабки совринларни эълон қилди.
– Боришига иккита эчки билан бир қўй, қайтишига икки қўй билан бир эчки… Олҳо-ов, чавандозлар!
Баковуллар такалардан бирини силтаб-силтаб, чортоқ пойида ғужғон ўйнаётган отлиқларнинг устига отиб юборди. Тахминан қирқ килоча келадиган таканинг лоши чортоқдан ўн қадамлар нарига гурсиллаб тушди. Учинчи баковул котибликни зиммасига олиб, эълон қилинган совринларни дафтарга қайд этди. Ёзувларнинг тагидан улоқни маррага элтган полвонларнинг номини битиш учун жой қолдирди.
Чавандозлар бирдан ҳаракатга келишди. Кўпкари ҳавасида юрганлар ҳам, бир-икки улоқ олиб кўзга кўрина бошлаганлар ҳам улоққа баравар ташланишди. Катта полвонлар бу гал тўдага киришмади. Одатда улар йирик совринлар эълон қилингандагина отга минишарди. Кўпкари эса ҳар доим кичик совринлардан бошланади.
* * *
Саримсоқ майдондаги талашув-тортишувларни анчагача тинч кузатиб ўтирди. Бир маҳал ўзи ҳам пайқамай турли ҳаракатлар қила бошлади: жойида ўтиролмай силжиб кетар, қўлларини бўшлиққа чўзиб кучанар-гўё улоқни қайсидир полвондан тортиб олмоқчи бўлар, хаяжони зўрайган пайтларда ўрнидан туриб кетар ва сал ўзига келгач жойига қайта ўтирар, ҳаял ўтмай ҳаммаси қайтадан такрорланарди. Исмойилбой ўғлининг телба-тескари ҳаракатларини кузатиб ўтирарди.
Унинг тентакона ҳаракатларини яна бир киши-қаробдоллик Эгамберди полвон ҳам ҳайратланиб кузатиб ўтирганди. Ниҳоят сабри чидамай овоз берди:
– Кимнинг улисан, ҳов полвон жигит?!
Фикри-зикри бир-бирлари билан улоқ талашаётган чавандозларда бўлганидан, Саримсоқ бу товушни эшитмади. Ўрнига отаси жавоб берди:
– Биздинг бола, полвон ака.
Саримсоқ ялт этиб отасига қаради. Кейин у овоз берган киши томонга ўгрилиб, кулиб турган Эгамберди полвонни кўрди.
– Балангизди берман* жўнатинг, Исмойилбой.
– Ҳозир боради полвон ака, – у ҳали ҳам жойида анқайиб турган Саримсоқни туртди. – Бор, сени полвон бованг чақиряпти!
Гап нимадалигини шундагина тушунди у. Уялганидан ўрнидан сапчиб турди ва Эгамберди полвоннинг ёнига тезлаб бориб салом берди.
– Майдонга тушгинг келяпти-я, улим, – деди у саломига алик олгач. – Кучингни бир синаб кўрасанми?
– Отим йўқ – да, бова.
-Ана от, биздинг отти мин, – у отини совутиб юрган шеригини чақирди. – Отти опкелинг, Хонкелдибой.
Хонкелди деб номланган қотма, чаққонгина йигит тагида ўйноқлаб турган қорабайирни келтириб, Саримсоққа тўғрилади…
Кўпкари тобора қизиб борарди. Энди майдонга турк қишлоғидан Абдуғани полвон, молтоблик Файзулла полвон, аламлилик қурбоной полвон, Коризқудуқдан Назар полвон, Мамасобир полвон, Эгамберди ва Худойберди полвонлар, қаробдолдан қўлдош полвон билан Бўта полвонлар, қорақудуқлик Алибой полвон, Соғишмондан Хўжамқул полвон, савриклик Наҳалбой полвон, Митандан Шодиёр полвон каби номдор полвонлар ҳам туша бошлаган эдилар.
Саримсоқ Эгамберди (қаробдолдан) полвоннинг оқ фотиҳасини олиб майдонга тушганида, Мулла Мистоқ навбатдаги совринларни эълон қилди:
– Боришга беш қўй, беш сарка, келишга беш қўй, беш сарка ва битта жун олача…
Таниқли полвонларнинг суси босдими, Саримсоқ аввалига тўдага уролмай турди. Бир маҳал туёқли Саттор полвоннинг улоқни тақимига босганича марра томонга йўналганини кўрди. Ҳаялламай унинг ортидан қувлаётган оломонга аралашиб от солди. Майдонга кирганидан буён шиқирлатиб сувлиқ чайнаб тўдага уринаётган қорабайир устидаги суворийнинг мақсадини тушунгандай, ҳали нами қочиб улгурмаган бўз тупроқни туёқлари билан кафтдай-кафтдай қилиб осмонга ирғитганича, олдинда чопаётган отларни бирин-кетин ортда қолдира бошлади. Тездаёқ Саттор полвоннинг отига етиб олди. Улоққа энди қўл чўза бошлаган пайтида у усталик қилди: улоқни чаққонлик билан иккинчи тақимига ўтказиб олди. Доғда қолган Саримсоқ отнинг жиловини салгина тортган эди, кўпкаридўз бедов унинг мақсадини яна тушунди: озгина ортда қолиб, улоққа иккинчи томондан яқинлашди. Саттор полвон бу гал у қўл узатгунича бўлмай улоқни бошқа тақимига оширди.
Бунақа қувлашмачоқдан натижа чиқмаслигини англаганида, Саримсоқнинг фурсати жуда оз қолган эди: самон тўкилган маррага қарийб етиб келишган эдилар. Шунинг учун отни қистаб Саттор полвонга тенглашди-да, бутун гавдасини отнинг бўйнига ташлаб, шундоққина эгарқошнинг олдига ётиб олди ва улоқни ўзи тарафга торта бошлади.
Саримсоқ улоқни ўзи томонга ошириб олганида маррадан ўтишиб, қирга чиқиб кета бошлаган эдилар. Ёнбағирларда ўтирган қирқлар: «Саримсоқ, беркит!!» – дея томоқ йиртишарди. Туёқлилар эса ўз полвонларига далда беришиб: «Саттор, беркит! Маҳкам бўл, Саттор!!» – дейишарди бор овозда. Оломоннинг ҳаяжони тобора ортиб борарди. Бу бир-бирлари билан улоқ талашаётган полвонларга ҳам таъсир қилаётганди. Улар ҳансирашар, терлаб-пишишарди.
Ҳеч ким танимайдиган аллақандай бир бола билан тортишиб улоғини қайтариб ололмаётгани Саттор полвонга алам қилиб кетди. Шу сабабдан кутилмаганда ўкириб юборди: – Улоқди қўйиб юбор!-деди тишларини ғижирлатиб. – Маррага етганимда ёпишасанми, номард!! – Қўймайман! – жавобан Саримсоқ ҳам ҳайқирди. – Маррага етиш эмас, улоқди унга ташлаш ҳисоб! – Солимга тенг шерикликка кўнарсан, бўлмасам?
– Кўнмайман, бу ғирромлик бўлади.
– Нима деяпсан, сўтак?
– Улоқ ё сиздики, ё меники бўлиши керак. Ҳалоли – шу!
– Эҳтиёт бўл, бола!!
Саттор полвон отни ён томонга кескин бурган пайтда иккинчи томонга бурилган Саримсоқ улоқни юлиб олди. Саттор полвон уни эҳтиёткорликка чақирди-ю, ғазаб ичида ақлини йўқотиб, ўзи ҳам катта хатога йўл қўйди. Агар Саримсоқ вақтида улоқни юлиб олмаганида, улоқ сиртларидан тушиб, иккаласи ҳам эгардан учиб кетишлари муқаррар эди. Буни Саттор полвон кейин англади.
Натижанинг бундай бўлишини ҳеч ким кутмовди. Кўпкари ишқибозларининг деярли ҳаммаси улоқни албатта Саттор полвон олиб кетади деб ўйлашганди. Ҳар ҳолда у тажрибали чавандоз. Суяги кўпкариларда қотган полвон. Саримсоқ ким бўлибди? Уни ўз қишлоғидагилар танишса ҳам катта гап…
Томошабинлар дувиллаб ўрниларидан туриб кетишди. Кўпкарининг ашаддий ишқибозлари туяётган завқ-шавқнинг чеки-чегараси йўқ эди: бўкириб олқишлашар, сакраб чапак чалишарди. Сойхонлик осмони ҳар тарафдан бақириб айтилаётган мақтов ва олқишлардан гувилларди.
– Ўзиям бу қисталоқ зўр чўчқами дейман – да! – деди туёқлилардан бири аламини босолмай жириллаб.
– Зўрга тан беришди билмайсан-да, буниям ўрганиб қўй!-деди иккинчиси танбеҳ оҳангида.
Олдидан ўраб келаётган суворийлардан зўрға чап бериб ўтаётган Саримсоқ хаёлан отига хунибийрон бўлиб ялинарди: «Мени доғда қолдирма, туркманнинг оти!* Бир галгина муродимни ҳосил қил, туркманнинг оти! Отлардинг зўри ўзингсан, меҳнату машаққатларга пишиқсан, туркманнинг оти! Сени минган полвон доғда қолмаган, мениям доғда қолдирма, дутор бўйин қорабайирим!».
Сайхонлик осмони минг-минглаб томошабинларнинг олқишу хитобларидан ҳамон гувиллар, қулоқлари том битгандай, Саримсоқ ҳеч нарсани эшитмас, яқингина жойда бўлишига қарамай элас-элас кўринаётган самон тўшалган маррадан бошқа деярли ҳеч нарсани кўрмас ҳам эди. Ҳали маррага етмаган эса-да, ғалаба завқидан боши айланиб, тобора сархуш бўлиб бораётганди. Завқланмай бўладими: у катта издиҳомда улоқ айирди! Яна, кимсан-Саттор полвоннинг улоғини тортиб олди-я! Бундай қила олишига аввалига ўзи ҳам ишонмовди.
Саримсоқ маррага ҳар томондан ўраб келаётган полвонлардан узилиброқ етди. Тақимидаги улоқни ўнг қўли билан даст кўтариб, бир мунча ёйилиброқ кетган самоннинг қоқ ўртасига олиб уриб ўтди. Оломон яна гувиллаб чуввос солди:
– Ҳалол!
– Ҳало-о-л!!
– Ҳало-о-олл!!!
Маррадаги баковул Саримсоқнинг ёнига етиб келиб кимлиги-ю, қаерданлигини аниқлагунича озгина фурсат ўтди. Кейин у бақириб совринни ким олганлигини эълон қилди:
-Солим ўгатлик ёш полвон-Саримсоқ полвон Исмойилбой улида кетди-и-и! Полвондики ҳало-о-ол!
– Ҳало-ол!
– Баракалла, ота ули, ҳало-о-ол!!
– Ҳало-о-о-олл!!!
Сойхонлик осмони яна гувиллади. Гулдурос олқишлар Саримсоққа элас-элас эшитиларди. У ҳануз ўзига келолмай, бир четда жимгина ҳансираб турарди. Баковул чавандозларга сомондаги улоқни олишга руҳсат берди. Марра атрофидаги отлару чавандозлар яна жунбушга келди. Саримсоқнинг қорабайири ҳам ўйноқлаб, уни бир оз ҳушига келтирди. қулоқларини чимириб пишқираётган,асабийлашаётган тулпор уни доғда қолдирмади. Ким билади, шу бедовнинг уқуви иш бермаганида Саримсоқ, балки, Саттор полвондан улоқни ололмасмиди? Тортиб олганида ҳам тажрибасизлик қилиб бошқа полвонга олдириб қўярмиди? қорабайир унинг ҳар бир ҳаракатини тушунди, ҳар бир ҳаракатига монанд ҳаракат қилди: ҳар тарафидан йўлбарсдек бостириб келаётган полвонларга чап берди, чавандознинг айрим хатоларини тилсиз-забонсиз жонивор тўғирлаб кетди. Буни Саримсоқнинг ўзи яққол сезиб турди. Шунинг учун отнинг бўйнини, ёлларини силаб, кафти билан енгилгина шапатилаб, дилида миннатдорчилик билдирди: «мени доғда қолдирмадинг, балли, туркманнинг оти! Ора йўлда шарманда қилиб ташлаб кетмаганинг учун раҳмат, дутор бўйин қорабайирим!»
У кейинги сурдакка кирмоқчи эмасди. Отни озроқ совутиб, эсон-омон эгасига топширмоқчи эди. Лекин қорабайир жиловга бўйин бермай, яна гала томонга уринаверди. Саримсоқ унинг раъйига қараб, ноилож юганини бўшатди.
Тўда ортида қолган полвонлар отларини ниқташар, бетоқатроқлари қамчи туширишар, нима қилиб бўлса ҳам ўртадаги улоққа етиб олишга интилишарди ва бу билан тўда марказини яна-да зичлаштириб, вазиятни яна ҳам оғирлаштираётганлик- ларини пайқашмасди. Олдиндагилар отларнинг туёқлари тагида эзилаётган улоқни эплаб олишолмасди. Энгашганларида кимнингдир боши отлардан бирининг бошига урилиб қонга беланар, кимдир тортиб олаётган пайтда бошқа биров иккинчи тарафга тортиб кетар ва улоқ яна туёқлар тагига тушар эди.
Чавандозлар шу зайлда чорак соатча уринишди. Нимжонроқ отлар-у бундайроқ суворийлардан анчаси сиқувларга бардош беролмай сурилиб, четга чиқиб кетишди. Тўдадаги зичлик озроқ бўшашгач қорабайир отларнинг ортидан суқилиб, қийинчилик билан ўзига тирқиш очиб, улоққача етиб борди ва оёқларини салгина букиб пасайди. қулай вазиятдан фойдаланиб Саримсоқ пастга энгашди ва улоққа қўл чўзганди, қандайдир от уни олдинги икки оёғи билан босиб олди. У бир зум, атиги бир зум нима қилишини билолмай қолди. Шунда хаёлига тўсатдан бир фикр келди: сиқувларга бардош бериб ҳануз пасайиб турган отнинг бўйнига енгилгина шапалатиб, рисоладагидай туриб олишга ундади. қорабайир буни англаб, дарҳол қаддини ростлади. Саримсоқ отига оғирлик туширмаслик учун уни ёнидаги отга, елкасини эса ўзидан орқадаги отга суёв қилиб, улоқни куч билан силтаб тортди. Уни қўш оёқлаб босиб турган от шўрлик оёқларининг олдинга сирғалиб кетганидан чўчиб бир силкинди-ю, чўккалаб қолди. Саримсоқ отнинг бўйнидан қучоқлаб тезгина эгарга тикланиб олди-да, улоқни тақимига маҳкамлаб босди. қорабайир ҳам шуни кутиб тургандек зудлик билан тисарилиб, тўдадан чиқиб кетди.
Саримсоқ неча-неча чайир қўлларнинг қаршилигини синдириб, тўдадан-ку чиқди. Аммо бу билан қутулолмади: чиққан жойида Абдуғани полвон билан қурбоной полвон илашиб қолди. Абдуғани полвондан қутулиши унчалик қийинмаслигини сезди. Чунки у ўнг ёнида улоқнинг оёқларидан ушлаб келарди. Бир-икки тортиб кўрди-ю, ололмади. Энди қулайроқ пайтни мўлжаллаб келаётганди чоғи. Бинобарин, шундай вазият туғдириб берилмаса, улоқни бундан кейин ҳам ололмайди. Бироқ қурбоной полвонни нима қилишини билмасди. У чап ёнига келиб, отнинг бўйнига ётиб олган, гўё Абдуғани полвон билан Саримсоқ эмас, ўзи улоқ тортишаётгандай эди.
Аслида қурбоной полвоннинг ҳам унчалик хавфли жойи йўқ эди. қайтага бу иккиси маълум жойгача Саримсоқни бошқа полвонлардан муҳофаза қилиб борарди. Лекин унинг оғирлиги ҳам қорабайирга тушаётганди. Бу отни толиқтириб қўйиши мумкин эди. қурбоной полвонни елкасидан кўтариб, ўз отига тўғирлаб ўтқизиб қўйиш Саримсоқ учун қийин эмасди. Бу усул кўпкари қоидаларига қанчалик тўғри келаркин? Майдонларда бирон марта бунақа ҳодисани кўрмовди. Боз устига бу полвон билан андармон бўлиб, Абдуғани полвонга улоқни юлиб кетиши учун қулайлик тўғдириб қўймасмикан? Абдуғани полвон билан улоқни тортишаётгандай энгашиб, қурбоной полвоннинг бошига бир-икки калла уришни ҳам ўйлади. Ўйлади-ю, ўғирлик устида қўлга тушгандай уялиб кетди. Шундай қизиқ ва ажойиб ўйинга қасддан ғирромлик аралаштирсинми?!
Икки кишидан улоқни тортиб олиши душворлигини ўйладими ё энди қандай тадбир қўлласа дуруст бўлишини ўйлабми, қурбоной полвон озроқ бўшади. Буни пайқаган Саримсоқ таваккал қилиб отнинг бошини Абдуғани полвон томонга кескин бурди ва уни ҳам ўз йўналишидан четга буриб юборди. қурбоной полвоннинг қўллари улоқдан чиқиб кетиб, ўз отини бўйнидан қучоқлаб олишга зўрға улгурди. Энди қорабайирга чопиш осон бўлиб қолди. Шунинг учун Саримсоқ тездаёқ отнинг бошини чапга кескин буриб, Абдуғани полвондан ҳам қутулиб олди.
Қирларда яна қийриқ кўтарилди. Ўгатнинг ёшу қариси тантана қиларди: уларнинг ҳали ҳеч ким танимайдиган ёшгина ҳамқишлоғи бирваракай номдор икки полвонни доғда қолдирди-да!
Қорақўйли қирқларнинг ҳам, шарткесар қирқларнинг ҳам улоқчи ва курашчи полвонлари кўп эди. Лекин яқин-ўртада Ўгат теграсидан кучли полвон чиқмовди. Тўғри, қачонлардир шу атрофда яшайдиган чўрқиндилардан* қултой тумоқ деган бир полвон чиққанди. У қайси бир сайилда чўрошлик зўр полвон билан бахслашиб, яйдоқ отда улоқ чопганди. Яйдоқ отда бўлса-да, эгардаги рақибидан улоқни тортиб олиб маррага етказганди. Ана шундай гуркираган полвон эди қултой тумоқ! Аммо унинг ўтиб кетганига аллазамонлар бўлди. Гуриллаган полвонлари, донишманд муллалари, қилдан қийиқ чиқариб жанжал қўзғаб турадиган ақалли биттагина тентаги йўқ эл ҳам эл бўптими! Бундай элни элатлар тўпланадиган жойда атоқлаб ким ҳам сўрарди?! Ким ҳам бундай қишлоқнинг номини тилга оларди? Бироқ бир марта сув оққан ариқлардан яна сув оқаркан. Мана, қултой тумоқнинг номи унутилмай турибоқ Ўгатдан ярқираб Саримсоқ чиқди. Дастлабки чиқишидаёқ уч полвоннинг улоғини тортиб олиши (биттасида бир варақай икки полвондан) чакана гап эмас.
Маррага кўп масофа қолмаганди. Олдини ўраб келаётган полвонлардан қутулиб кетиши унчалик қийин эмас. Саримсоқнинг салгина ишораси биланоқ қорабайирнинг ўзи бажаради бу ишни. Лекин ортидан тўда-тўда бўлиб қувиб келаётган полвонлар хавфли эди. Улар ўртага олиб қолишса, қутулиши жуда қийин бўлади. Умид отининг қанчалик тез чопишида қолганди. Бунинг учун қорабайирнинг орқа оёқларига оғирлик туширмаслик чорасини топиши керак эди.
Шу пайт қаердадир тажрибали бир тобгирдан* эшитганлари эсига тушиб қолди. Саримсоқ тақимидагини шартта эгарқошга олди. Оёқларини узангидан чиқариб, унинг қайишидан ўтказди. Бу ишларни чопиб бора туриб чаққонлик билан бажаргач, улоқни эгарқошнинг олдига жипс қилиб жойлаштирди. Ўзи қўнишиб, отининг ёлига энгашганича бор овози билан ҳайқирди:
88 Ҳайт, жониворим, ҳа-айт!!!
Чавандознинг ёввойи ҳайқириғи мадад бердими ё орқа оёқларига деярли юк тушмаётганини ҳис қилдими, қорабайир олдинга милтиқнинг ўқидай учиб кетди. Кўпкари ишқибозларининг момоқалдироқдай гулдираётган ҳайқириқ-қийқириқлари остида маррага етиб келиб, қўлидаги улоқни самонга ташлади.
89 Ҳало-о-ол!!
90 Ҳаппа-ҳало-о-ол!!!
91 Яш-ша во-ор, жонингди полвони-ии!!
Ўзини тўхтатолмай маррадан бир оз ўтиб кетган қорабайирни Саримсоқ авайлаб қайтариб эгардан сакраб тушди ва олдига ўтиб бўйнидан қучоқлади. Ҳаяжони ғолиб келдими ё қувонганиданми, кўзларидан тирқираб ёш оқди. Ниятини қабул қилгани учун тангрига шивирлабгина шукроналик, муродини ҳосил қилгани учун қорабайирга миннатдорчилик билдирарди…
Айтишга қорабайир-битта ҳайвон, амма ақлли ҳайвон эди. У Саримсоқнинг дили сариёғдай эриётганини одамдек ҳис қилди. Дуторсимон бўйнини чўзиб бир марта кишнади. Кейин улоқни сурдаклардан эплаб олиб чиққанига миннатдорчилик билдиргандай курак тишларини унинг елкасига авайлаб босиб, майин-майин қаший бошлади. Гўё чавандозига у ҳам дил изҳорини айтар эди: «Ғам ема, полвон, қуёшинг энди балқийди! Йиғлама, полвон, юлдузинг ҳали юксакларда чарақлайди!» Саримсоқ ҳам беихтиёр унинг бўйнини қаший бошлади:
92 Сенинг аждодларинг-ота-бовалар бизга қолдирган сўм бойлик, қорабайир дулдулим!-деди овоз чиқариб.-Сен ўтмишнинггинамас, келгусининг ҳам баҳосиз бойлигисан, туркманнинг оти!
Чортоқдан Мулла Мистоқнинг товуши эшитилди:
93 Солим яна ўгатлик ёш полвон-Саримсоқ полвон Исмойилбой улида кетди-и-и. Полвондики ҳало-ол.
94 Ҳалолинг бўлси-и-ин!!
95 Ҳало-о-о-лл!!!
Мулла Мистоқ навбатдаги совринни эълон қилгач, чортоқдан бошқа улоқ ташлаттирди. Аввалги улоқни Саримсоқнинг оши ҳалоли сифатида аллақачон ўгатликлар эгаллаб олган эдилар. Кўпкарининг шунақа урфлари ҳам бор. Совринни майдонга биринчи марта тушган полвон олса ёки уст-устига иккита улоқ чиқарса совринга қўшиб ўзи чиқарган улоқ ҳам унга берилади.
Унинг улоғу соврин билан иши йўқ эди. Айрича бир ихлос билан, меҳр билан қорабайирнинг бўйнини сийпалаб-эркалаётган пайтда от ҳам эриб, бўйнини гажак қилганича қулоқларини чимириб, йирик-йирик тишлари билан унинг кенг елкаларини қаширди: авайлаб, майин-майин… майин-майин, авайлаб…
Мулла Мистоқ кўпкари бошланганидан буён чавандозларни ҳам, томошабинларни ҳам назаридан қочирмай ўтирганди. Гарданидаги вазифа уни шунга ундарди. Шу туфайли Саримсоқнинг жойида телбавор ўтирганини ҳам кўрганди. «Ёш-да, ғайрати тошяпти»,-деб қўяқолганди унинг ҳаракатларидан кулиб. Кейин Эгамберди полвон чақириб, отга миндирганини кўрди. Одатдаги ҳолат: чавандозлар назарига тушиб қолган бирортасини чақириб ўз отига миндиради. От у ёқ-бу ёққа чопиб бир оз қизигач, ўзи миниб майдонга тушади.
Шу гал Мулла Мистоқ хато қилди: Саримсоқнинг юрагида қайнаб-тошаётган ададсиз истакни, чиқиб кетишига йўл тополмай вужудини пружинадай силкитаётган ёввойи кучни, бир сўз билан айтганда, унинг вужудида димиқиб ётган истеъдодни пайқаёлмай қолди. Натижада Саримсоқ ўз уруғдоши Мулла Мистоқнинг эмас, бошқа уруғ полвони-Эгамберди полвоннинг топилмасига айланди. У туркман уруғидан эди.
Саримсоқнинг қанчалик ноёб истеъдод эканлигини шу қисқа тортишувларнинг ўзиданоқ Мулла Мистоққина эмас, майдондагиларнинг деярли ҳаммаси сезди. Шунинг учун у ўз хатосини тан олди. Айни маҳалда Эгамберди полвоннинг жўмардлигига қойил бўлганича чортоқдан тушиб, Саримсоқнинг ёнига борди. Унга қучоғини ёзиб:
96 Беточар салимлар қутли бўлсин, полвон,-деди кулиб.-Энди бундай турманг. Отти эгасига топширинг-да, Эгамберди полвоннинг олдига бориб дуосини олинг. Ҳадемай уям майдонга тушиб қолади. Сиз бир оз нафас ростланг. Кўпкарининг минг тусли адислари* бор, синчиклаб қараб ўрганаверинг.
У Саримсоқни қўлтиқлаб келиб Эгамберди полвон ўтирган томонга ўтказиб юборди-да, совринга олган олачасини югурдаклардан бирига кўтартириб ортидан жўнатди ва ўзи чортоққа қайта чиқиб кетди. Мулла Мистоқнинг чортоқдан тушиб ёнига бориши ҳам, эл наздида, Саримсоқ учун катта шараф эди. У унча-мунчаларга қилавермасди бу иззатни.
Саримсоқ йўл-йўлакай Хонкелдига отини топшириб, миннатдорчилик билдирди. У бундан ҳам ошиб тушди: қўлини қаттиқ қисиб ютуғи билан табриклабгина қўймай, отининг донғини яна баландроққа кўтаргани учун раҳмат айтди. Айримлар унга: «Эгамберди полвон мингани учунгина отинг тўдадан қуруқ чиқмайди»,-дея маломат қилишарди. Мана, уни миниб тўдага илк даъфа тушган чавандоз ҳам қуруқ чиқмади. Яхши от чавандозига қанчалик қўлқанот бўлса, эгасига ҳам шунчалик шуҳрат келтиради…
Саримсоқ шитоб билан юриб, Эгамберди полвоннинг ёнига борди. Яқинлашаётганидаёқ ўрнидан туриб олган полвон унинг оғиз очишига йўл қўймай, бағрига босиб олди.
97 Сен Ёзкечувнинг сорлочини бўласан, улим! Ёзкечувда ёйилиб ётган элларимиздинг ор-номуси бўласан ҳали. Довуринг* баланд бўлади. Беточар салимлар қутли бўлсин, улим!
98 Қуллуқ, боважон, қуллуқ!
Атрофдаги танишу нотанишлар ҳам чувиллашиб табриклаша бошлади. Бу пайтда ўтирган жойидан ҳаллослаб тушиб келган Исмойилбой каттагина жун олачани югурдакнинг қўлидан олиб, тўрт буклаб Эгамберди полвоннинг тагига тушади.
99 Ўтиринг, полвон ака, ўтириб бу улингизга оқ фотиҳа беринг, буям сиздай полвон бўлсин!-деди.
100 Улингиз мендан ўтсин илойим, Исмойилбой. Лекин бу олача Саримсоқ полвоннинг беточари. Беточар бировга берилмайди…
Эгамберди полвон олачага ўтиришдан бўйин товлай бошлаганди, орага Саримсоқнинг ўзи тушди:
101 Сиз қўллаб-қувватлаб, от топиб бериб майдонга туширмаганингизда бу олача қайдайди? Уни сизга бағишладим, ўтиринг, боважон!
102 Ҳа, ҳай, ўтирганим бўлсин унда,-рози бўлди Эгамберди полвон.-Салимингди кимга берсанг беру, бироқ улоғингди отангаям берма… Бундан кейин сен от изламайсан, яхши отлардинг ўзи излайди сени. Лекин ҳамма солимга ураверма, танлаб-танлаб, оралатиб чоп. Ўзаро талашиб-тортишаверамиз, четда уҳувватди* унутма. Уруғларимиздаги икки аҳмоқдинг ғарази халқ аҳиллигига соя солмасин. Сенга доим тангри ёр, пирлар мададкор бўлсин. Овми-и-нн, аллоҳу акбар!
Эгамберди полвоннинг тилакларини эшитганларнинг ҳаммаси дуога сидқидилдан қўл очдилар. Аммо чет-четларда битта-иккита ғижинганлар ҳам бўлди: «Келиб-келиб туркманнинг бир қари туллагидан фотиҳа тилайдими бу ножинслар,-дейишди ғаразгўйлик билан-Фотиҳа тиласа қирқияда полвоннинг уруғи қуриб кетгани йўқ эди. Уларнинг таги туркманга чатиш деганларича бор-ов…»
Ачинарлиси-бу ғаразгўйлар ўгатликларнинг ўзларидан эдилар. Улар ҳам ўзбек эдилар. Ўрни келса ўзбеклигидан фахрланиб, кўкракларига гурсиллатиб уришни ҳам қойиллатардилар…
Эгамберди полвон билиб айтган экан: Саримсоқлар жойларига бориб ўтиришгач, ҳаял ўтмай ёнларига бир шериги билан Жумачнинг Шўра қишлоғида турувчи Махсум келди. У ота-болани соврин билан табриклаб ҳол-аҳвол сўрашгач, мақсадга кўчди:
103 Биздаям кўпкарибоп тойлардан бир-иккитаси бор эди, полвон иним, шуларди оёғини кўриб берармикансиз деб келувдик.
104 Маъқул, Махсум ака, бироқ сал гидирасиз-да**…
105 Майли-майли, бугун кечга, эртан куниман навбат тегсаям майли. Биз кутамиз.
Файзулла Махсумдан кейин молтоблик Жуманбойнинг вакиллари келишди. Саримсоқ уларнинг илтимосларини ҳам қабул қилиди.
Файзулла Махсум шўрчалик қўнғиротлардан*, Жуманбой эса қорақўйли қирқлардан эди. Ҳар иккаласи юртнинг таниқли одамлари. Уларни Исмойилбой ҳам яхши билади. Отларини ўзлари ишонган полвонларгагина миндиришарди. Шу важдан катта бошини кичик қилиб, Саримсоқнинг олдига келишлари ёки одам юборишлари чакана гап эмасди. Бу Исмойилбойни қувонтирди, ҳам ғулғулага солди. Кўпкари-мазмунан мардлар ўйини. Аммо унда минг битта найранг ишлатадиганлар ҳам бўлади. Шуниси билан у раҳмонийликдан чиқиб, шайтон ўйинига айланади. Эсида, Исмойилбой қайси бир тўйдаям Саттор полвон билан Соат полвоннинг тортишганини кўрганди. Ўшанда аламига чидолмаган Саттор полвон айил-пуштонидан қисиб ушлаб, учиб кетаётган Соат полвонни от-поти билан бир четга ирғитиб ўтиб кетганди. Соат полвон йиқилиш сабабини дарҳол тушунди:
106 Ҳай-ҳай, энағар Саттор!!!-ҳайқирди рақибининг ортидан.-Полвонлигингга бораман-у, шайтонлигингга доғман!..
Саримсоқ бугун Саттор полвоннинг улоғини олиб қўйди, боз устига Абдуғани полвон билан қурбонбойдек полвонларни ҳам доғда қолдирди. Нима бу, тасодифми ёки?.. Кўраётганлари агар тасодиф бўлмаса, ўғлида ростдан ҳам кўпкаридўзлик салоҳияти бўлса, бир кун келиб доғда қолган полвонлар унинг оёғига чилвир ташлашмасмикин? Ўшанда Саримсоқ ёлғизланиб, абгор бўлиб қолмасмикан?!
Исмойилбой ёлғиз ўғлининг бирданига шунчалик шуҳрат топиб кетганлигини сира ҳазм қилолмасди. «Ашшуҳрату офатун»* -деганлар шоҳ Машраб. Бу ёғи қандоқ бўлади? Яхшиликка буюрсин-да, ишқилиб уни ёмон кўзлардан, кир кўнгиллардан сақласин илоҳим! Ёмон кўзлардан ва кир кўнгиллардан! Яратган умрини узун, толеини баланд қилган бўлса, қолгани ҳеч…
Исмойилбой учун кўпкари бари бир «Шайтон ўйини»лигича қолди. Бу масалада у фикрини ўзгартиролмасди. Аммо у яна бир ҳақиқатни тан олишга мажбур эди: Саримсоқни кишанлаб ҳам бу ўйиндан қайтариб бўлмаслигини тушунди. Бу шайтон ўзининг барча жозибаси ва жилвалари билан аллақачон ўғлининг юрагига ин қуриб олганлигини тўла-тўкис пайқаб етди…
Кўпкари роса қизиди. Андоқлик қодир полвон Коризқудуқдан Назар полвон билан Жўра жебачи, нураклик Арслон полвон, тўполослик Худойқул полвон, қорадарахтлик Хуббим мўлтони, қаробдолдан Эгамберди полвон каби энг кучли полвонлар ҳам тўдага кирди. Шу пайтгача оралиқни тўлдириб юрган анчайин чавандозлар сепилиб четга чиқиб кета бошлашди.
Кўпкари-зўрлар зўрлигини кўрсатадиган майдон. Эгамберди полвон уст-устига тўртта улоқ олгач четга чиқди. Кейинги совринлар учун кураш яна ҳам кескин тус олди. Саримсоқнинг танаси яна қизий бошлади. Яна ғайриихтиёрий ҳаракатлар қила туриб, негадир атрофга аланглаб қаради. Шунда пастроқда ўзини кузатиб ўтирган Файзулла Махсумга кўзи тушди. У полвоннинг кўнглидаги кечинмаларни сезиб турарди шекилли, сайиси ушлаб турган қора-қашқа от томонга имлаб, майингина кулимсиради. Саримсоқ ўрнидан беихтиёр сакраб туриб, ўша томонга йўналди. Отасининг овозини эшитгачгина ортига бурилиб қаради:
107 Йўл бўлсин?
108 Тўдага…
Исмойилбой уни ёнига имлаб чақириб олди-ю, кўнглидагини секингина қулоғига айтди:
109 Эгамберди полвоннинг улоғини тортиб юрма. Бошқа полвонлардан ҳам эҳтиёт бўл!
Саримсоқ отасининг фикрини тушунди. Секингина бош ирғаб маъқуллади…
Қоқма кўпкарилар-ҳақиқий кўпкарилар учун анчайин тайёргарлик. Келажак полвонлари ўзлари пайқамаган ҳолда шу кўпкариларда қайралиб, пишиб, чиниқиб боради. Шунинг учун кўпгина қишлоқларнинг бойлари ёки аҳолининг ўзи йиғма қилиб, ҳафта-ўн кунда ёшларига қоқма кўпкари уюштириб туришади. Бу одат, негадир, Ўгатда йўқ эди. Бу қишлоқнинг кўпкарига ишқибоз ёшлари бундай имкониятга тўй-маъракалардагина эга бўлишарди. Шунга қарамай сийрак-сийрак, ҳар замонда бўлса-да, Ўгатдан ҳам зўр полвонлар чиқиб турарди.
Саримсоқ қоқма кўпкариларда ҳам улоқ олиб юрарди. Бироқ бу кўпкариларда уқуви-ю, кучи қай даражадалигини бошқалар нари турсин, ўзи ҳам билмасди. Кекса байтали улоққа етолса, уни олмасдан қўймасди, бўлмаса нари бориб-бери келиб юрарди чопиб, бу кўпкариларда ўнлаб улоқ олганлар ҳақиқий кўпкарида улоқнинг яқинига ҳам боролмай қолиши мумкин эди…
Ўша куни Саримсоқ Файзулла Махсумнинг қора қашқаси билан иккита, Жуманбойнинг бурул оти билан иккита-жами олтита улоқ олди. Хонкелдининг қорабайири эса ўнта улоқ чиқарди. Бунинг саккизтасини Эгамберди полвон чиқарди. Бошқа полвонларнинг совринлари ҳам биттадан олтитагача етди. Шундай қилиб, бу куннинг қаҳрамони Эгамберди полвон эмас, ундан иккита кам улоқ чиқарганига қарамай, Саримсоқ бўлиб қолди. Бир йўла исмига полвон унвонини ҳам қўшиб олди. Муҳими-шуниси эди.
Исмойилбойнинг ҳадиксирашлари асоссиз бўлиб чиқди: ўғли чакана чавандозлардан эмас экан. Шу туфайли кўпкари тарқагач, у Эгамберди полвонни қўймай, шериклари билан уйига олиб кетди. Бир молни сўйиб, олдига қўни-қўшни, қариндош-уруғларни чақирди. Эртасига полвонга иззатига яраша сарполар тортиқ қилиб, Ингичкадаги кўпкари майдонига биргалашиб келишди.
_________________
* Ботмон-16 пуд (256 кг)га тенг оғирлик ўлчови.
* Посира-томорқа маъносида.
* Туёқли, қирқ-ўзбек уруғларининг номлари.
* Ўша кезларда донг чиқарган отларни қайси уруғ ёки қишлоқ вакилига тегишли бўлса, ўша уруғ ёки қишлоқ номи билан аташ расм эди. қорабайир гарчи Хонкелдиники бўлса-да, Хонкелди ўзбекларнинг туркман уруғидан эди.
* Берман-берига, бу томонга
* Солим-соврин
* Янгиқўрғон-ҳозирги Ғаллаорол шаҳри
* қўнғирот-ўзбек уруғларидан бирининг номи
* Ашшуҳрату офатун-шуҳрат офатдир
* Уҳувват- ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат маъносида
* Гидирмоқ-кутмоқ
* Довуринг-довруғинг демоқчи
* Адис-усул
* Тобгир – боқилган отларни совутиб, чопишга тайёрловчи
* Чўрқинди-қирқларнинг бир аймоғи
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |