Ўзгармаган мавзулар

kitobЗарпечак

САВОЛ: Диктатуранинг илдизлари нимага боғлиқ деб ўйлайсиз? (Абдуҳаким).

ЖАВОБ: Диктатура илдизлари ҳар бир халқнинг маданияти, анъаналари ва дини билан боғлиқдир.

Агар оилада болани одам деб ҳисоблашмаса, уни фикр юритиш қобилиятидан йироқ деб камситиш нормал ҳол бўлса ёки тарбиянинг муҳим қисми ҳисобланса, бу табиийки унинг ривожланишига , камол топишига эмас, балки эзилишига, нобаркамол бўлишига олиб боради.

Агар оилада отанинг айтгани айтган, дегани деган, бўлса ва бошқаларнинг фикр қарашларига қўл силташ одат бўлса, бу оилада эркинлик, ҳурлик эмас, балки қуллик, итоатгўйлик илдиз отади.

Лекин биз буни “тарбия” деб айтамиз, анъана, урф-одат деб баҳолаймиз ва қадрлаймиз.

Яширадиган жойи йўқ, бизда болаларга “Отангга қарши гапирма”, “Ўзингдан каттага қарши чиқма”, ‘Оқсоқолнинг айтгани тўғри”, “Раиснинг, раҳбарнинг дегани деган” қабилида тарбия берилади. Ваҳоланки раиснинг ақли сариқ чақага ҳам арзимаслиги ва у қайси бир қариндоши ёки пора эвазига раҳбар бўлган бўлиши мумкин. Худди шундай ота ўқимаган, боласи эса китобхонадан чиқмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин бунинг аҳамияти йўқ, деб биламиз. Кўп кўйлак йиртган кўп нарса билади деган ақидамиз бор.

Биз тарих ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Аммо бутун тарихимиз диктатурадан иборат бўлганини эса айтмаймиз.

Э, тарихга қарши гапириш мумкин-ми? Бу тарбиясизлик бўлади. Гарчи тарих худди бугунги Ўзбекистонда бўлгани каби илгари султонлар, подшолар, амирлар томонидан ёздирилган бўлса-да!

Динимиз қоидалари оддий одамларга эмас, амалдорга қараб шарҳлангани ва аксарият тафсирлар султонлар, подшолар ва амирларнинг майлига қараб ёзилганини, худди бугунги Ўзбекистонда бўлгани каби илгари ҳам уламолар султонлар, подшолар, амирларнинг оёқларини ялаганларини гапиришни тарбиясизлик деб атаймиз.

Биласизми, нега халқчилроқ бир киши раҳбар бўлса уни “латта” деймиз, қаттиққўл раҳбар истаймиз? Чунки болаликдан муштга, калтак ейишга, тўғрими нотўғрими катталарнинг айтганини қилишга ўрганганмиз.

Кўрдингизми, диктатура илдизлари жуда чуқур ва уларни суғуриб отиш осон эмас. Бу илдизлар чирмовуқдек, ажриқдек ҳаммаёқни ўраб олган. Бугунги режим эса ана шу илдизга сув қуйишгина эмас, уни вужуднинг бошқа жойларига ҳам кўчиришга, онгни ана шу илдизлар чирмовуғи билан зарпечакдек ўраб ташлашга хизмат қилмоқда.

Жаҳонгир Маматов,
“Оқсарой сирлари” (2004)китобидан

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM and tagged . Bookmark the permalink.