Мулоҳаза сонияси

jahangir_mamatovЗеҳният машқлари

Пахта плани тўлган кун кимдир “ток шоу бошланди” деб ёзибди. Ток сўнишини назарда тутмоқдами ёки ток кўмишними?

ХХХ

“Фалончи ҳақида бир мақола ёзиш керак. Унинг қилмишлари яхшигина фелъетон бўлади” деди у.
“Ҳмм…”
Эртасига у ўша фалончига “Биласизми ана у фалончи сизни қоралаб китоб ёзаётган экан” дебди.
Хўш бу фалончи қандай қарор олди деб ўйлайсиз?

ХХХ

Бир мавзу муҳокамаси жараёнида ғойибдан таниганим илмли-билимли, халқимиз манфаатини ўйлайдиган икки кишидан хат олдим. Уларнинг бири иккинчисини “Орқаваротдан гап қилиб юрибди” деб ёмонлаб, мени ҳам наригисидан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Иккаласига ҳам ”Сиз ҳақингизда гапирмагандир? Ҳатто гапирганда ҳам бағри кенг бўлинг, кечириб юборинг, биз шунақа гапларга ишониб кўп хато қилдик”, мазмунида жавоб йўлладим.
Жавобим уларга ёқмади. Кейинги хатларида улар бир-бирини МХХ жосуслигида айблаб ёзишди. “Бундай бўлмаса керак” деб жавоб бердим. Шундан кейин хатларда асабийлик, совуқлик сезила бошлади. Тутган позициям иккаласига ҳам ёқмади. Хат ёзишни тўхтатиб, узоқ-узоқдан тош ота бошлашди.
Нима қилишим керак эди? Қаерда хато қилдим?

ХХХ

Ҳатто Худога ишонмайман деб очиқ айтадиганларнинг орасида ҳам Худодан мадад сўрамаган одамни тополмайсиз. Нега?

ХХХ

Америкада шоир ва ёзувчилар дейрали ҳукумат ишларига сайланмайдилар. Ҳукуматдан узоқ турадилар. Бошқарув сиёсатига кирмайдилар. Аммо ҳукуматда ишлаб кетган сиёсатчиларнинг кўпчилиги китоблар ёзиб, ёзувчига айланадилар. Бимз учун Ўзбекистонда тескариси?

ХХХ

Баъзи кўнгилларнинг иши қизиқ… ўзига ёқадиган гап ғирт ёлғонлигини билса ҳам ишонади қўяди. Ёқмайдиган гапнинг ростлигига қарамай ишонмай кетаверади. Ҳар ким ўзига ёққан овқатни ейди дейдиларку! Сиз нима деб ўйлайсиз?

ХХХ

Подшо золим. Унинг ўрнини олиши мумкин бўлган боласи ундан ҳам золим. Нима қиласиз, икки золимдан бирини танлайсизми?

ХХХ
Ташқарига қараб жуда қийинчилик билан очиладиган бир табақали эшик.
Сиз ташқарига чиқаяпсиз. Бир аёл эса ичкарига кирмоқчи. Эшик орасига икки киши сиғмайди. Орқага қайтсангиз эшик аёлга урилади. Олдинга юрсангиз сиз аёлга уриласиз. Жуда тез қарор олишингиз керак. Нима қиласиз?

ХХХ

Бугунги дунёда Ўзбекистон каби режимлардан ташқарида шоир, ёзувчи сиёсий фигура эмас. Илгари шоирликни фалон одамга Худо берган деб алдашган. Авом арлашмай турган. Ёзган шеърини ҳам ёстиғининг остига яширган. Бу ҳам сарой шоирининг обрўсини ошириш учун қилинган. Совет даврида ҳам саройга хизмат қилганлар кўкка кўтарилган. Халқ ўшаларга ишонсин деб қилинганми бу иш?.

ХХХ

Ўқимасликка даъват жамият эҳромининг қулаши, салтанат арконининг таназзулидир. Нега ўқимасликка даъват қилган бойваччани кўпчилик қўллайди?

ХХХ

Худога ишонаман, У қалбимга солган ишонч қадар. Шу гапни айтган одам нега балога қолади?

ХХХ

“Сайтингизни очиб қолсам қўрқиб кетаман ва дарров бекитиб, бошқа сайтлрга ўтиб кетаман, бунча қўрқинчли нарсалар қўясиз?” Бу сизнинг ҳам кўнглингиздан ўтганми?
ХХХ

“Фейсбук саҳифангизга блок қўйдим? Аслида сиз учун эмас, ИАК учун қилдим бу ишни. Унинг номини кўп ёзасиз. Ўлиб кетсин, кейин саҳифангизни очиб қўяман. Ўшанда истаганча ёзаверасиз. Ҳатто мен ҳам қўшиламан сизга”. Бу хатга қандай жавоб қилган бўлардингиз.

ХХХ

“Узр, сиздан олган қарзимни қайтаролмаяпман” деган одамдан “Узр, қарз беролмайман” деган зот кўпроқ ҳурматга моликдир. Чунки қарз илондир, ҳушингизда ҳам, тушингизда ҳам безовта қиладиган ва алал-оқибат чақиб заҳарлайдиган, ҳатто қарз берган дўстни душманга айлантирадиган илондир. Менга илонни раво кўрмаган одамни қандай қилиб ҳурмат қилмайин!
Сиздан қарз сўраган дўстингизнинг ҳоли ўлим-қолим чегарасида бўлса, қарзни ебкетарга беринг, енгил тортасиз, дўстлигингиз бузилмайди, душман яратмаган бўласиз.
Хўш, сиздан қарз сўрашаса ёки қайтиб беришмаса, нима қиласиз?

ХХХ

Саройга садоқат билан хизмат қилган шоирларнинг номлари золим подшоликлар, босқинчи чоризм ва муртад совет даврида қандай барҳаёт бўлган ва жамиятга хизмат қилган бўлса, мустақиллик даврида ҳам бу кенгайиб уларнинг буюклиги янада буюклашди. Бундан кейин ҳам анъана давом этадиган кўринади. Буюкликнинг сири саройга садоқатдами ёки саройнинг абадийлиги буюкларнинг сиридами?

ХХХ

Унга телефон қилиб турсам, ”Гаплашадиган бошқа одами йўқ, ҳар кун миямни қоқиб, қўлимга беради” дер экан.

Орада вақт ташласам, “Ўзини катта олади, бурни урунбурунда, телефон қилгиси келмайди” дебди.

Номерини рўйхатдан ўчирдим. У ҳам шу услуни қўллади, шекилли, сувга чўккандек, жимиб кетди.

Орқаварот гапларга ишонса, шунақа бўлади! Сиз ҳали ҳам орқваротдан айтилган гапларга ишонасизми?

ХХХ

Икки зеҳният׃ Америкада одамлар ҳукуматдагиларга “Сизни биз боқаяпмиз, солиқларимизни еб юриб, бизга хиёнат қилаяпсизлар” деса, Ўзбекистонда ҳукуматдагилар “Сизлар бу юртнинг сувини ичиб, нонини еб улғайгансизлар, унга хоинлик қилаяпсизлар, нонкўрлик қилаяпсизлар” деб мухолифларини сўкади. Қайси бирини танлайсиз?

ХХХ

20 йилдан бери филмларда унинг юзини кўрардим. Жуда самимий одам, меҳрибон ота, кулгувчи юз, кулдиргувчи кўз, раҳмни соғинган бола, намунавий муаллим, ибрат қалъаси, беқиёс ақл-идрок молики, комедия қироли… эҳеее… унга берилмаган сифатлар қолмаганди. Ҳақ этди, деб ишонардим. Буюк истеъдод, Худо унга ҳамма нарсани берган, деб ўйлардим.
“У ўзини ўлдирибди” дейишгандан кейин таржимаи ҳолини ўқиб чиқдим. Кошки ўқимасайдим. Бояги сифатлар бир-бир нураб, йиқила бошлади, ўрнига иллатлар чиқа бошлади׃ хотинбоз, фоҳиший касал тарқатувчи, пиёниста, нашаванд… булар фақат суд қорорларидан. Бошқаларини ўқишга ҳожат ҳам қолмади. Бир одамда ики одам яшайди.
Сиз ҳам шундай адашиб турасизми?

ХХХ

Бир танишим беш йилдирки, аразлаб юрганди. Ҳайрон эдим. Охири нима гаплигини сўрадим. Унинг машинасини хунук деган эканман. Тилим қурсин!

Энди хунук машинани ҳам чиройли десамми?

ХХХ

Кейинги пайтларда Каримовни Худо ўзбек халқини жазолаш учун юборган деган гапларни эшитадиган бўлиб қолдик. Бу золим Каримовни оқлаб, Худони айблаш эмасми?

XXX

Тангрининг бағри шунчалар кенг-ки, одамлар бундан фойдаланиб, ўз айбларини ҳам ўша томонга отадилар. Бу гапим хатоми?

ХХХ

Maълум бўлишича, Aplle баъзи маҳсулотларида ўзбек олтинини ишлатаётган экан. “Оқсарой”чиларга кўра, бу маҳсулотларни сотиб олиш ватанпарварлик эмиш.

Ҳа, агар ватан дегани ИАКдан иборат бўлса, бу албатта ватанпарварликдир!

Aplle маҳсулотларини ишлатар экан, миллатни хонавайрон этган золим ва унинг оиласи кўз олдимда туришини истамайман!

Шунинг учун Aplle маҳсулотларини ишлатмасликка қарор қилдим. Тўғри қилдимми?

ХХХ

“Эквилибристика” деган сўз бор. Буни дорбозлар ипнинг устида мувозанатни сақлашлари каби ҳолга айтилади, цирк соҳасида бу алоҳида жанр саналади.

Ҳамма вақт, ҳар қандай шароитда мувозанатни сақлай оладиган одамни эквилибрист дейиш мумкин.

Лекин сиёсатда бу нарса қийин. Чунки сиёсатчи юрадиган дор ипининг остида мансаб ва манфаат атламиш жаҳаннам қаъри ётади. Бунинг устига сиёсатчининг белидан боғлаб қўйилмайди. Шунинг учун йиқилса туролмайди.

Лекин сиёсатчилар жаҳаннамнинг ўзи борлигига ишонадиларми?

ХХХ

Масофа муҳим. Жуда яқинлик яқинларни ҳам узоқлаштиради.

Хазонлар остида қолган тезакни дайди шамол очиққа уриб, ялтиратиб қўйибди. Тезак орзуимга бир қадам қолди деб севинибди. Унинг орзуси ёниб, халққа иссиқлик бериш экан. Орзуга айб йўқ, дейсизми?

XXX

”Қул” ва “Қўл”… Бу икки сўз кўринишда бир-бирига жуда яқин. Уларни фақат “у”нинг забари ажратиб турибди. Аммо бу сўзлар мазмунан жуда узоқ – дунёлар қадар.

Масалан׃ Оллоҳнинг бандаси Унга қул эканлигини унутиб, ўзини Унга қўл деб ҳисобласа, нима бўлишини тасаввур қилишингиз қийин эмас. Тасаввур қилиб кўринч-?

ХХХ

Бир миллат ёки мамлакатнинг шарафи ўз-ўзини мақташ, бошқаларни назарга олмаслик, мадҳ-мақолалар ёзиш, шеърлар битиш, қўшиқлар айтиш ва ноталар юбориш билан кўз-кўз қилинмайди.
Бир миллат ёки мамлакатнинг шарафи унинг жаҳоншумул маданият-маърифати, зукко олимлари, истеъдодли зиёлилари, қудратли илми ва одил раҳбарлари билан кўзга ташланади. Гап қайси миллат ҳақида кетмоқда?

ХХХ

Инсон ўз олдига эришиши мумкин бўлган мақсадларни қўйиши керак. Ҳаёт – норвон. Мақсаднинг муродидан кейинги мақсаднинг муродига қараб чиқиб бораверган ютади.
Бу дунёда энг даҳшатли нарса мақсадга етолмай ўлиб кетишдир. Буни кўзи очиқ кетиш ҳам дейилади.
Ғоя эса бошқа масала. У дилдан дилга кўчади. Бир авлод умрида амалга ошмаса, кейинги авлод даврида рўёбга чиқиши мумкин. Яъни ғояни мерос қолдириш мумкин, мақсадни эса муродига етказилади.
Ғоянгиз борми?

ХХХ

Бир киши фалон дорини ичма, деди. Индамдим.
Кейин касалхонага бор, деди. Индамадим.
Сиз нима қилардингиз?

ХХХ

Бугун илгари бирга ишлаган дўстим билан гаплашиб қолдим׃

-Қалайсиз?-десам,

-Қирқ тўрт йилдан бери кўп нарсалар ўзгариб кетди,-деди.

-Нега қирқ тўрт йил?-дея ажабландим.

-Охирги кўришганимиз нуқтадан сиз олдинга қараб 22 йил, биз орқага қараб 22 йил юриб қўйдик. Орада 44 йиллик жар, бўшлиқ пайдо бўлди,-деди у.

Даҳшат! Орқага қайтиб, у томонга бораман, десам ўртада жарлик, у ҳам орқасига бурилиб мен томонга юраман деса жарликка

Наҳотки, ўз йўлимизда юраверишга маҳкуммиз?

ХХХ

“Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор,
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор,
Эл дардида ҳаловатсиз ўғлонинг бор,
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин”

Шу сатрларни қайси эркин шоир ёзган?

ХХХ

Ақлли султон Сулаймондек тахт ҳирсида дўстлари, ўғли ва неварасини бўғдирган аҳмоқ ҳамдир. Бу ақллиликдан униб чиққан аҳмоқлик. Тарих шунақа аҳмоқликнинг гўзал саҳнаси. Ўзбекистонда ҳам шу томошами?
XXX

“Адабиёт инсон тафаккурини шакллантиради ва уни ҳурликка етаклайди” дейишади. Ундай бўлса, адабиётимиз ўз вазифасини бажара олмади.
Шунинг учун ҳам адабиётимиз ундай, адабиётимиз бундай деган мақотовлардан тийилмоқ керак эмасми?

ХХХ

Kатта ҳўкизнинг йиқилиши қассобнинг белини синдириши, атрофдагиларнинг ўтакасини ёриши мумкин. Ҳўкизни бунча боқиб нима қиласиз?

XXX

Ўзини топган одам ўзини йўқотиб қўйишдан қўрқади. Ўзи бўлмасачи?

ХХХ

Мендан қўрққанлардан мен ҳам қўрқаман. Қўрқувсиз яшаш мумкинми?

ХХХ

Мен сўзини камроқ ёзинг дейсиз, лекин ҳар қанча “сиз” битта “мен” бўлолмайди, десам хафа бўлдилар. Нима қилай, “мен”ни “сиз”га аламаштириб қўями?

ХХХ

Тарих доим тахтдагиларнинг ёнида бўлган. Шу зайл тарих энг катта маддоҳга айланган. Сиз кимнинг ёнидасиз, тахтнингми, тарихнингми?

XXX

Инсон қамоқ ва назорат учун яратилгандай.
Тўққиз ой она қорнида – қамоқ…
Туғилгандан кейин бешикда – қамоқнинг бир тури…
Тета-поя қилгунча ва ундан кейин ҳам ихтиёр ўзгада.
Болалар боғчаси, мактаб, олийгоҳ…ўзига хос назорат.
Оила…бу энди эрин қамоқ. “Волний”.
Ишга кирдингиз, кунига камида саккиз соат қамоқдасиз.
Машина…
Автобус..
Поезд…
Учқич… вақтинчалик қамоқлар.
Касалхонани Худо кўрсатмасин!
Бугун интернет ҳам қамоқнинг бор формаси. Боғлаб олдими, қўйиб юбормайди ўйнашга ўхшаб. Айниқса ижтимоий тармоқлар ҳам “башанг”, ҳам тажанг!
Умр бир жойга етганда эса тобут деган қисқа муддатли қамоқ пайдо бўлади. Бу елкада кўтариладиган қамоқ.
Кейин эса доимий қамоқ. На эшиги, на туйнуги бор. Бунисидан чиқиш йўқ. Ҳалигача чиққан ҳам, бу қамоқда кўрганларини айтган зотни одам боласи кўрмади.
Шунақа, қамоқдан келиб, қамоқда яшаб, қамоққа кетаркан одам.
“Жаслиқ”, “Тоштурма” ларчи?
Булар энди қамоқ ичидаги жазо камералари…
“Бечора одам!” деб юбордингизми?

ХХХ

Чегарада қурол турган бўлса, барибир бир кун отилади. Қурол чегарада турадими?

ХХХ
Американинг энг бойларидан бири қора танли аёл. Америкада туғилган. Лекин ёрдамини бобо юрти Африкага жўнатади. Мактаблар очади. Қишлоқларни обод қилади. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлайди. Олийгоҳларда ўқиш учун ёшларга грантлар ажратади… Уни ”Мард, ҳомий аёл” дейишади.
Дарвоқе, Россиянинг энг бой, “қора танли”лари ҳисобланган ўзбекларичи?

ХХХ

Америкада сайловда испанлар қора номзодга овоз беришди. Дунё ағдар-тўнтар….испанлар “қора” бўлди.
Сайловдан кейин битта испан битта қорани отиб қўйди. Дунё ағдар-тўнтар… испанлар “оқ” бўлди.
Ўзбекчи, оқми, қорами?

ХХХ

Компютер курсорини юрғизадиган “сичқон”(mouse, мышь, мышка)ни ихтиро қилган одам оламдан ўтибди. Ҳали яқиндагина уни буюк ихтирочи дейишарди. Қисқа вақтда инқилоб юз берди. ”Сичқон”нинг ўрнини бармоқ эгаллади. Бармоқни ким яратган?

Жаҳонгир Маматов

2014.

jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, jahonnoma, JM and tagged . Bookmark the permalink.