Сойим Исҳоқов

soyimishoqКўклам адоғида куз

(Роман)

Учинчи боб

Дурустроқ бир от олиб беринг, деб Саримсоқ отасига кўпдан буён ялиниб юрарди. Исмойилбой «хўп» дерди-ю, пайсалга соларди: ўғлининг сал суяги қотишини кутарди. Унинг уйланмайман деганини эшитиб, шундан фойдаланмоқчи бўлди.
– Улингга айт,-деди Турон бойвуччага.-Уйланса от ҳам олиб бераман, бўлмаса йўқ.
Отнинг дарагини эшитган Саримсоқ ўйлаб ҳам ўтирмай, отасининг шартига дарҳол рози бўлди. Ишнинг қолган томони силлиққина ҳал бўлди: тездаёқ қариндошларидан бирининг ўзи билан тенгдош Насибали исмли қизга уйлантириб қўйдилар. Аммо Исмойилбой ўғлига берган ваъдасини унутди. Тўғрироғи, унутганга олди. Саримсоқ буни эслатишдан истиҳола қилди. «Тўй ташвишлари билан харажатланиб қолгандир,-деб ўйлади.-Кейинроқ олиб берар отни».
Уйланганидан кейин ҳам Саримсоқ отаси ўйлаганидек босилиб қолмади. Танасига сиғмай қайнаб-тошаётган кучни нимага сарфлашини билмасди. Бунинг ҳам йўлини топди: баҳор кунларидан бирида мол қидириб юриб, тоғ унгурлари орасида кенггина тошлоқ майдончага дуч келиб қолди. Тепасида серсувгина булоғи бор. Ер тошлардан тозаланса, бир танобдан мўлроқ экин майдонига айланарди. Саримсоқ шу ерни ишга киритишга аҳд қилди. Ота-онасига билдирмай, мисранг ва чўкич кўтариб, ҳар куни азонлаб тоққа чиқиб кетадиган бўлди.
Ерни икки ҳафталарда тозалаб бўлди. Катта-кичик харсангларни майдонча четига чиқариб қалаб, девор қилиб ўради. қандайдир хаёлда битта харсангни ернинг қоқ ўртасида қолдирди. Шундан кейингина унга омоч солди. Тупроқнинг тагидан чиққан майда тошларни ҳам териб ташлаб, оқ жўхори экди. Аввалига подадан олдин чанг чиқаргиси келмади. Жўхори бош торта бошлаган кезлардагина отасини олиб келиб, тирикчилигини кўрсатди.
Ўғлини ўз билгича бошлаган илк деҳқончилиигдан Исмойилбойнинг кўнгли тўлди. Буни ўз вақтида уйлантириб қўйганлигининг шарофати деб билди. Рўзғорнинг ола хуржуни елкасига тушгач, ҳар қандай елмос* йигит ҳам мулойим тортиб қолади. Тирикчиликнинг оғир аравасини қийналиб, машаққат чекиб бўлса ҳам ўзи тортишга ҳаракат қилади-да…
Исмойилбойнинг кўнглида озгина хижиллик ҳам пайдо бўлди. Беш-олти йил муқаддам шу майдончани Ўгатнинг нонемас бойларидан бири-Такабой ўз қўйларига ётоқ қилиб юрарди. Кейинги йилларда қўйларининг ётоғини негадир бошқа жойга кўчирганди. Аммо бир куни у бу ерга яна даъвогарлик қилиб қолиши мумкин эди. Такабойнинг қўнган жойини қўлдан чиқармаслигини ҳамма биларди. Шу сабабдан ўғлининг шунча меҳнати елга учишидан ҳавотирланди у.
Исмойилбой кўнглидаги ҳадикни ўғлига сездирмади. Кунда-кун ора келиб, жўхоризордан хабар олиб турди. Ўзиям бир жўхори бўлди-ки, ҳар боши пақирдай келарди. Ҳавасга жўякларидаги сувни алмаштирар, қушларни чўчитиш учун пайкалнинг ҳар-ҳар жойига баланд қилиб варраклар ўрнатарди…
Такабой ҳосил етилиб пишиб, ота-бола ўроққа тушганида бошлади ғалвани. У «Ер меники, бинобарин, ҳосил ҳам меники,-деди.–Исмойилбой билан ўғли ҳосилни тўртдан бирини, нари борса, ярмини олишга ҳақли». Исмойилбой: «Тоғнинг худодан бошқа эгаси йўқ. Ер уни ўзлаштириб экканники»-деди. қишлоқ оқсоқолларининг боши қотди: кўнгилларида Исмойилбойнинг важини тўғри деб топишса-да, Такабойнинг юзидан ўтишолмасди.

У икки оёғини бир этикка тиқиб турарди. Борадиган идоралари-ю, ўрис тўраларидан таниш-билишлари кўп эди қурғурнинг.
Иш судралиб, волост ҳокимигача борди. Бу орада ота-бола таваккалига жўхори бошларини кесишиб, бир жойга хирмон қилиб уйишди. Бир бошидан поясини боғлашди. Лекин на дони ва на поясини уйларига олиб кетолишди. қишлоқ амини билан элликбоши жанжалларинг бир ёқли бўлгунича сабр қилиб туринглар, дея маслаҳат беришди.
Такабой жанжални волост ҳокими ёки пристав орқали ҳал қилишга уриниб кўрди. Масалани ўз фойдасига ҳал қилиш учун бу йилги ҳосилнинг ҳаммасини хамир учидан патир тарзида уларга бериб юборишга тайёр эди. Лекин ҳокимнинг негадир маҳаллий аҳолининг майда-чуйда жанжалларига рус маъмуриятини аралаштиргиси келмади. Бунга, балки, Россиянинг ўзидан келаётган кўнгилсиз хабарлар ҳам сабаб бўлгандир. Маҳаллий аҳоли орасида бирор сиёсий можаро ёки империя манфаатларига зид келувчи ҳатти-ҳаракат содир этилса бошқа гап. Шунинг учун бу ишни шариат қозисига оширишди…
Ўгатнинг юртбошилари етакчилигида Саттор қози билан Турмат мингбоши Такабойни ҳам эргаштириб, айни туш маҳали жўхоризорга етиб келишди. Исмойилбой билан Саримсоқ ҳам шу ерда эдилар. Гарчи етарлича хабардор бўлишига қарамай, қози уларнинг довини қайтадан тафтиш қила бошлади: энг аввало ҳар икки томоннинг ер даъвосини ўз оғзиларидан эшитди. Кейин Такабойга юзланиб савол берди:
– Ер меники дейишга асос бўларли бирор ҳужжатингиз, масалан васиқангиз борми, бой бова?
– Кўпдан шу текисликди қўйларимга ётоқ қилиб эгаллаб юрганимди манови юрт эгалари билади,-деди у, «шундай бўлгач, ернинг эгаси бари бир менман» дегандай писандли оҳангда.
– Ерди бу йил эгасиз қолдирдингизми?
– Бир-эки йилдан бери келмасдим.
– Бу ерди отангиз ҳам эгаллаб юрармиди?
– Йўғ-а…
– Бундан чиқди-ки, ер сизники эмас. Тоғда юрган ҳар бир чўпон, сизга ўхшаб қўйларини шу ерда ётқизиб юравериши мумкин. Бу шу ер меники дейишга асос бўлмайди-да…
Саттор қози Такабой билан савол-жавобини якунламай Исмойилбойга ўгирилди:
– Сизда-чи, сизда шундай ҳужжат борми?
– Мендаям йўқ,-Исмойилбой каловланди. –Тоғнинг худодан бошқа эгаси йўқ дебман-да. Бўш ётар ер эди…
– Тўғри, ерди ҳақ таоло яратган. қодир эгам кимларгадир, ердинг қайсидир бўлагига эгалик қилиш ҳуқуқиниям бериб қўйган. Агар шуни тасдиқловчи ҳужжатларингиз бўлганида, ҳозиргидай бош оғриқларга хожат қолмасди.
– Бундай ҳужжат менда бор, – деди Саримсоқ Саттор қози томонга пайлари таранг тортилиб турган билагини тўғирлаб. – Мана у!
Шу пайтгача у отаси ёнида жимгина турган эди. Саттор қози ҳам, Турмат мингбоши ҳам унга деярли эътибор беришмаган эди. Кутилмаганда гапга бундай дадил аралашиши турганларнинг барчасига ҳам таъсир қилди. Саттор қози синовчан назар ташлаб:
– Бу билан нима демоқчи бўляпсиз, ука, – деди. – Фикрингизди очиқ айтаверинг.
– Такабой бова бу ерда неча вақт қўй ётқизса ётқизгандир. Бироқ унга ақалли битта қийшиқ қозиқ ҳам қоқмовди. Ҳеч ким ўз мулкини бундай хароб ва ташландиқ қилиб қўймас.
– Яъни?
– Майдонча четига девор қилиб терилган манови тошлар ер ичида Такабой бовагача қандай сочилиб ётган бўлса, у кишидан кейин ҳам шундай қолаверган. Мен ерди улардан тозаладим, ҳайдадим, кўриб турганингиздек, экин-тикн қилдим…
– Бир ўзингиз-а?
– Ҳа… Такабой бова даъвосидан кечмаса, майли ерди олақолсин. Лекин битта шартим бор.
– Кандай шарт экан?
– Девордаги манови туятошлардан бирини ҳўв ердинг ичидаги тошдинг ёнига олиб бориб ташласин ё ичкаридагисини бу ёққа олиб чиқсин. Шу билан орамиз очиқ.
Саттор қозига Саримсоқнинг талабидаги мантиқ маъқул келди. Шунинг учун иккиланиб ўтирмай Такабойга юзланди.
– Бу гапга нима дейсиз, ўтағаси?
– Бўлмаган гап! – Такабой ўшшайди. – бундай туятошди камида ўн одам кўтаролсаям катта гап. Эпласа, қани, ўзи кўтариб кўрсатсин!
Саттор қози яна Саримсоққа синовчан тикилди:
– Айтганларингизга бизди ишонтиришингизга тўғри келади, йигит.
Саримсоқ индамай устки кийимларини ечди ва қозига юзланди:
– Айтганларимдинг қайси бирини қилай: девордаги тошдан олиб борайми ё наригини бу тарафга келтирайми?
Саттор қози Турмат мингбошидан сўради:
– Сиз нима дейсиз, мингбоши?
Мингбоши бир зум ўйлаб қолди: ўзича четдаги билан ўртадаги тошларни чоғиштириб кўрди. Назарида ичкаридагиси каттароқ ва қўполроқ туюлди. Гарчи Саримсоқнинг жуссаси қорувли ва бу ердагиларнинг барчасидан йирикроқ кўринса-да, афт-ангоридан ёшлиги шундайгина билиниб турарди. Гавдаси бўлиқ кўрингани билан ўртадаги харсангни кўтариб чиқиши душвордай туюлди. Шунинг учун сих ҳам куймасин, кабоб ҳам қабилида фикрини пардалаброқ гапирди:
– Четдагини қайтариб киритганидан кўра ўртадагисини чиқаргани маъқулроқми. Ер биратўласи тошдан тозаланиб қоларди.
Эшитганларидан Исмойилбойнинг нашъаси учди: «Саримсоқ тошни ер ичида бекорга қолдирмагандир,-ўйлади у.-Олиб чиқишнинг иложи бўлганида аллақачонлар чиқариб қўймасмиди у? Харсангни кўриниб турган қисми шунча, ер тагидаги қисми қанчайкин? Нима бўлганидаям меҳнатига куйди-ёв бола!»
Бошқаларнинг кўнглидан ҳам шунга ўхшаш фикрлар ўтаётганди. Такабой эса қувонарди. Буни яширмасди ҳам. Пишган ўрикка ўхшаш қизғимтил юзлари-ю, тошбақатол ўсимлигининг япроғидек кўкиштобкулранг ялтираётган кўзларидан «Ерни ўз қўлинг билан топширадиган бўлдинг-да, болакай!» деган маънони яққол уқиш мумкин эди. Лекин Саримсоқ бу кўзларга қараб ўтирмади. Ортига сўзсизгина бурилиб, шошилмай жамоатдан узоқлашди.
Тошни илгари қучоққа олмаса ҳам бир-икки марта кўтариб ташлаб, ўзича оғирлигини чамалаб кўрганди. Исталган пайтда уни даст кўтаролишига ишончи комил эди-ю, негадир шу пайтгача бунга хафсала қилмовди. Бир ҳисобда бу хафсаласизлиги яхшиликка бўлган экан. Мана, энди иш бериб турибди. Жанжалкаш Такабой иложини топиб ерни тортиб ололган тақдирда ҳам мана бу турган гувоҳлар унинг заҳматини тўғри баҳолашади-ку! қозининг ҳукми қандай бўлишидан қатъий назар, одамлар ҳақиқат ким томонидалигини билиб олишади. Ҳақ-битта, ҳақиқат ҳам битта бўлиши керак.
Саримсоқ харсанг ёнига келиб, уни қандай кўтарса қулайроқ бўлишини чамалаб кўрди. Атрофида ётган пақирдай, ундан кичикроқ уч-тўрт тошни юқорироқ томонидан устма-уст терди. Паст томонига ўтиб, харсангни бир четидан озод кўтарди-да, секин-аста терилган тошларнинг устига чиқарди. Шундан кейингина тошни тик тутганича орқа ўгириб, унинг тагига кирди ва чўккалаб харсангни авайлаб елкасига ётқизди. Исмойилбой кўраётганларига бошқалардай бамайлихотир қараб туролмай қолди.
– Қўй болам, тошди кўтарма! – деди бор овозида. – Ерининг падарига пўстак, тошди елкангдан тушир!!
Отасининг ваҳима йўғирилган товушини эшитиб, Саримсоқ кулимсираб қўйди. Ўзини майиб қилиб олмаса, дея ҳавотирланаётганини пайқади, аммо ортга қайтиш фурсати ўтганди. Салгина эгилиб харсангни ердан узди-да, «Ё пирим!» дея оёққа қалқди. Елкасидаги тош тўрт оёғи кулиб* боғланган хўкиздай юқорига кўтарилди. Саримсоқ тошни кўтариб ўрнидан турган пайтда уни кузатиб турганлар беихтиёр ихраб юборишди-ю, қайтадан нафасларини ичларига ютиб олишди. Исмойилбой кўзларини чирт юмиб, худога нола қиларди:
-Ё тангрим, ёлғизимга ўзинг мадад бер!! Илоҳо, болам жўхори ёки илдиз пояларига суриниб кетмагай! Ўзинг қўлла, ўзинг мадад бер, тангрим…
Саримсоқ сал энгашганича тош девор томонга бир-бир босиб келар, елкасида тўрт оёғи кулиб боғланган ҳўкиздай харсанг. Шу тобда тарозининг бир палласига ўн беш пудлик хўкизни, иккинчи палласига Саримсоқнинг елкасида ҳаволаниб келаётган харсангни қўйишса, қайси бири оғир келишини ҳеч ким билмасди. Эҳтимол тош оғир келар. Одамлар эса нафасларини ичларига ютиб туришар, Исмойилбой кўзларини очолмай нола қиларди: «Ўзинг қўллагайсан, худойим!…»

Ниҳоят Саримсоқ харсангни авайлаб тош девор устига ётқизди. Пешонасидан оқаётган реза-реза терни кўрсаткич бармоғи билан сидириб ташлаб, Саттор қозига қаради. Майингина жилмайди. Гўё бирор ёқимсизроқ ишни қилиб қўйиб, хижолат тортаётгандай. Беихтиёр Саттор қозининг кўзларида ҳам меҳр учқуни ялт этди-ю, дарҳол жиддият пардаси остига беркитди. қозининг ҳукм ўқилишидан олдин тарафлардан бирига ёнбостилик қилиши гуноҳи кабир! Аммо у рўпарасида жилмайиб турган йигитчанинг чайир вужудида қайнаб-тошаётган ғайрат-шижоат, куч-қувватни теран илғаб тонг қолган ва бу ерда нима сабабдан турганини ҳам бир лаҳзага унутган эди. Гўё харсангни ўз елкаларида кўтариб келиб девор устига ётқизишгандай, бошқалар ҳам бирдан енгил тортишди.
Саттор қози Такабойга жиддий тикилди:
-Бу ерда шу йигит қилган меҳнатнинг мингдан бирини қилсангиз ҳам, бирор гап қўшсангиз мумкин эди,-деди нафратини яширолмай.-Боз устига ўзингиз рози бўлган шарт бажарилди. Энди ҳеч бўлмаса Оллоҳ таолодан қўрқинг. Ора очиқдир дейман, инсоф ҳам керак-да, бой бова!
Такабой нимадир деб ғудранди-ю, уни ҳеч ким эшитмади.

_____________
* Елмос-шўх

* Кулиб-чандиб

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek and tagged . Bookmark the permalink.