Сойим Исҳоқов

adabiyotКўклам адоғида куз

(Роман)

Иккинчи боб

Ҳавонинг мулойимлигиданми ё болалиги эсига тушиб таъсирландими, Саримсоқ полвоннинг айвонда ўтиргиси келмай қолди. Оғир қўзғалиб пойгакка ўтди-да, калишини ўнглаб кийди. Девор тагига ётқизиб қўйилган гулдор ҳассасини қўлига олиб, ташқарига чиқди. Сабзи-пиёз ва бошқа турли кўкатлар экиб қўйилган пушталар орасидаги ёлғизоёқ йўлдан бир-бир босиб, сой томонга туша бошлади.

Дарахтзорга етгач, азим туп ўрик дарахти соясида бир нафас тўхтаб, атрофига назар ташлади. Куз охирлаб келаётганига қарамай дарахтларнинг таги кўрпадай қалин ва кўм-кўк ўтлар билан қопланган. «Сувнинг шарофати бу,-ўйлади у. –Сув бор жойда ҳаёт бор». Шу ерда бир нафас ўтирсаммикан, деган хаёлда қулайроқ жой излади-ю, фикридан қайтди. Яна бир-бир босиб, дарахтзорлар оралаб кетган сўқмоқдан Суюндиксойнинг бўйига тушиб борди.

Сойга тушгач энгашиб, ҳассасидаги қўллари устига иягини қўйганича, бир зум сувга тикилиб турди. Ойнадай ярқириб оқаётган тиниқ сувнинг баҳордаги шиддати йўқ. Анча-мунча юввош тортиб, полвоннинг назарида, маъюсгина оқади. Халқоброқ жойларида аллақандай қўнғизнусха майда жониворлар доира ясаб ғужғон ўйнашарди. Ўргимчаксимон бир турли жониворлар сув узра тинимсиз йўрғалашар, тўхтаганларида анча-мунча жойга сирпаниб боришарди. Уни ўгатликлар «Сув йўрғаси» дейишарди.

Бир тўда майда балиқлар тоғ бағридаги қўй сурувидай ёйилиб, сойнинг юқори томонига сузиб кетишди-ю, бир зум қўнғизнусха жониворлар ҳам, йўрғалар ҳам кўздан ғойиб бўлишди. Бироздан сўнг яна кўпайишиб, ўйинлари ҳам тезлаша бошлади. Саримсоқ полвон уларга қараб туриб, негадир кўп йиллар бурун Жетисойда бўлган бир тўй кечасини эслади. Вужудини ширингина, айни маҳалда маъюс бир ҳис тирнаб ўтди: юрагида ҳануз яшаб келаётган азиз кимсанинг дилгир ўлани қулоқларига эшитилиб кетгандай бўлди:

Жанайин деппем жаҳанда

Жалининг келип туспесе.

Қарайин деппем қадалип

Жайинг журекти теспесе…

Бу ўланни эслаш унга кони азоб эди. Азоб-ки, сўз билан ифодалаш қийин. Шу сабабли фикрини чалғитишга уринди. Ясси бир тош устига жойлашиб ўтирди. Ҳассасини ёнгинасига ётқизиб қўйиб, сувга қўл тиқди. Ҳозиргина сув юзасида ғужғон ўйнаётган ва у ёқдан-бу ёққа «йўрғалаб» сирпанаётган жониворларнинг ҳаммаси бир лаҳзадаёқ қаёққадир ғойиб бўлишди. Полвон мийиғида кулиб, қўлини сувдан тортиб олди. Тездаёқ сув юзасида бояги жониворлар пайдо бўлиб, ўзларининг азалий ва одатий ўйинларини бошлаб юбордилар.

Полвон анчайин қизиқсиниб, сувга чаққонлик билан қўл урди-да, қўнғизга ўхшаш жониворлардан бирини тутиб олди. У сиқимида бир муддат типирчилаган бўлиб, тинчиб қолди. Ўлдириб қўйдимми деган ҳавотирда сиқимини ёзганди, жонвор чигирткадай бир сакраб тиззасига, ундан сувга тушиб ғойиб бўлди. Энди ўргимчакка ўхшаброқ кетадиганларидан ҳам бирини тутиб кўрмоқчи бўлди. қани, буниси нима қиларкин?

Бир-икки уринишда уни тутолмади. Охири тутди-ю, бармоқлари ораси ачишиб кетди. Беихтиёр сиқимини ёзганди, у ҳам сувга тушиб кўздан йўқолди.

-Ваҳ! – деб юборди полвон. –Уста худо шу жондорларгаям ҳимояланиш, ўзини қутқариш салоҳиятини ато этган-а!…

Кўп йиллар илгари, баргихазон куз пайтида, Қорақушда юз берган бир ҳодиса ёдига тушди. Ўшанда Қийқимлик Ўташ иккаласи тошлоқда гурунглашиб ўтиришганди. Ногоҳ яқинларидаги тошнинг ковагидан кичкина бир қора илон судралиб чиқиб, силлиққина бир харсанг устига кулча бўлиб ётди-да, ўзини офтобга тоблай бошлади. Яқинида одамлар ўтирганига парво қилмади. Ўташ ёнида ётган паншаханинг сихлари билан суриб, уни ҳайдамоқчи бўлди. Негадир илоннинг кетгиси келмади. Ўташ ҳар гал паншаханинг учини теккизиб, нарироққа сурмоқчи бўлганида «мен билан нима ишинг бор» дегандай ғазабланиб, темир сихларга сапчир, уларни тишлаб заҳар солмоқчи бўларди.

Саримсоқ полвон бу ҳодисага бефарқ қараб ўтиролмай, чойнакдай тошни илоннинг устига ташлаб юборди. Тош уни эзиб ўтиб, пастга юмалаб кетди. қонга беланаётганига қарамай илон барибир таслим бўлмасди.

Ўташ Полвонга қараб:

-Бекор қилдинг-да,-деди.-Буям тангрининг бир махлуқи эди, юрарди-да судралиб… Энди биратўласи ўлдириб, ёқиб юбориш керак.

-Ёқиб ўтирасанми, пастга отиб юбор, ўзи ириб-чириб йўқ бўлиб кетади.

-Қизиқмисан! Ўрдали илонлардан бўлса-чи! Сендан ё мендан, жуда бўлмаса, бирор одам боласидан ўчини олмай қўймайди ўрдасидагилар.

Ринди табиатроқ бўлгани билан валломат одам эди Ўташ. Ўзларининг ёзиғи учун беёзиқ бировнинг хун тўлашини истамасди у. Хуллас, иккаласи хас-хашак тўплаб, илонни куйдиришди…

Отларда қасос туйғуси борлигини Саримсоқ полвон биларди. Судралувчиларда ҳам шундай савқи табиий борлигини ўшанда эшитди. Энди билса, энг майда ҳашоратларда ҳам шунга ўхшаш хусусиятлар бор экан. Одам-чи? Инсон ўз устуворлигига махлиё бўлиб, шу неъматдан бенасиб қолганмикин? Хусусан, ўзи бошига тушган кўргуликларни даф қилишга, бирор йўл билан ўзини ҳимоя қилишга интилганми? Йўқ, у ҳеч қачон ҳимоя изламапти, жабрловчиларга нисбатан бирон-бир қаршилик кўрсатмапти. қаршилик қилиб қутулармиди, ҳимоя излаб топармиди, бунисини худо билади. Кўпкари майдонларидаги аёвсиз ва шиддатли курашларни ҳисобга олмаса, у жуда суст яшапти-да… Ҳар ҳолда, у пайтларда замон бошқачароқ эди. Одамлар ҳам…

* * *

Йиллар сарин елдек бир-бирини қувиб ўтаверади. Вақт одам боласини ҳам шошилтиради, ўзи билан баравар чопишга мажбур қилади. Йўл-йўлакай умри йиллар шамолида совурилиб кетаётганини сезгандай бўлади-ю, ортига ўгирилиб қаерлардан, қандай ўтаётганига разм солмайди. Вақт бунга имкон бермайди. Унинг қудрати шунчалик-ки, одамнинг борлиғини хамирдай қориб, эзиб, бураб, чўзиб, фасллар шамолида қуритиб-зуволасини пишитиб бораётганини ўзига сездирмайди ҳам. қачонки ҳаётида бирор муҳим ўзгариш рўй бериши муқаррарлигини англагандагина ўзи аввалги ўзи эмаслигини, ортида ҳам қаерлардадир, нималардир қолиб кетганлигини англагандай бўлади…

Вақт ўтгани сари Саримсоқ ҳам ўсиб, куч қувватга тўлиб боради. У туфайли энди қишлоқда энг гуркираган экин-текин кимники-Исмойилбойники, энг баланд пичан ғарами кимники-Исмойилбойники, қишга энг кўп ўтин ғамлаган ким-Исмойилбой бўлиб қолди. Турон бойвучча ўғлининг бундай тилга тушиб кетганидан ҳавотирланиб, кийимининг астарига кўзтуморлар тикди, бош кийимининг бурчак-бурчакларига бўтакўз мунчоқлар қадади. Саримсоқ бундан куларди-ю, онасининг дилини оғритгиси келмаганидан индамасди. Нафсиламрини айтганда, тақинчоқларнинг унга оғирлиги тушаётгани йўқ эди. Кўзга кўринадиган жойга қадалмаса бўлди-да. Кетмон, болта, ўроққа ўхшаган иш асбоблари қўлида ўйнарди. Гўё Саримсоқ эмас, шу асбобларнинг ўзи ишларди. Ҳар куни олам-жаҳон ишларни битирса-да, чарчаш-толиқиш нималигини билмасди…

Куз кунларидан бирида бекорчиликдан зерикиб, шувоқ ўриб келмоқчи бўлди. Қозон-ўчоққа ундан яхши ўтин йўқ, қолаверса, қиш совуқларида қўй-эчкилари иштаҳа билан кемиришади уни. қўшниларидан иккита туяни сўраб олиб, тушлик озуқасини белбоғига ўради ва белига боғлаб, даштга чиқиб кетди.

Назарида ўроқда иши унавермади. Боз устига шувоқни юқоридан олиб бебарака қиларкан. Шу сабабдан ўроғини арқонлари ёнига ташлади. Шувоқ буталарини тутамлаб, партиллатиб юлиб кетаверди.

Кеч пешинларгача терлаб-тепчиб ишлади. Ниҳоят қад ростлаб, ортига ўгирилди. Сойнинг икки юзи ҳам даста-даста шувоқ. Ишни бошлаган жойидан анча узоқлаб кетибди. Чамалаб кўриб, икки туяга юк бўладиган шувоқ юлганига қаноат ҳосил қилди. Шундан кейингина белбоғини ёзиб енгил-елпи тамадди қилгач, шувоқларини йиғиб боғлаш тараддудига тушди. Арқон-ўроқларини қолдирган жойига келиб ажабланди: бош томондаги дасталардан анчагинасини кимдир олиб кетибди. Бир қараганида узоқдан иккитасини гурваслаб юрганини кўргандай бўлувди. Эътибор бермаган экан. Ҳалиям инсоф қилишиб, арқон-ўроғини қолдиришибди…

Кейинроқ бир тўйда ҳамқишлоқ тенгқурлари-Эрдош ўтирикчи* билан мансур чапани ўша ўғрилар ўзлари эканлигини кула-кула айтиб беришувди: аслида ҳазиллашишган экан-у, шувоқни эшакларига юклаб, йўлга тушгач ҳам Саримсоқ пайқамагач, чинга айлантириб юборишган экан…

Исмойилбойга ўтиннинг кераги йўқ эди ўшанда. Мол-ҳолига керагидан ортиқроқ пичани ҳам бор эди. Ўғли қишлигини бадастир тайёрлаб қўйганди. Шунга қарамай туяларда яна бир ғарам шувоқ ортиб келгани ўйлантириб қўйди уни. Саримсоққа ҳеч нарса демади-ю, маслаҳатни Турон бойвучча билан қилди:

 – Улинг кундан-кунга қайнаб – тошяпти, бойбичча, – деди унга. – Охири бахайр бўлсин – у, бунақада ўзини уринтириб қўядими дейман.

– Айни қувватга тўлаётган пайти, – Турон бойвучча парвосизгина жавоб берди. – Бу ёшда ҳамма болаям шундай бўлади-да.

– Ҳамма болаям улингдақа эмас-да. Тунов куни бир ишминан тангининг сиртига ўтсам, боланг тош юмалатиб юрибди. Сандиқдай тошни тепага юмалатади, олтмиш-етмиш қадам кўтарилгач пастга қўйиб юборади. Тош тўхтаган жойдан тепага қайта юмалатади.

– Кучи бор-да… «Исорида ўн тўрт дурумсари* унди отга бир ўзи ортди» деб ўзингиз айтувдингиз-ку.

– Сандиқдай тош ўн тўрт дурумсари ундан енгилроқ деб ўйлайсан чоғи… кучим бор деб ўзини ўтга-чўққа уравериш дуруст эмас! Бунақада ўзини майиб қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.

– Нафасингизни иссиқ қилинг-э!

– Уйлантириб қўйсакмикан, шунда босилиб қолармиди?

– Ўн тўрт яшар бўбакди-я?!

– «Ўрозлининг** боласи ўн иккида бош бўлур, чийирлининг*** боласи йигирма бешдаям ёш бўлур», деганлар. Ўн тўртга кирган йигитти бўбак деб бўладими?

Турон бойвучча ўйланиб қолди. Эрининг гапида жон бордай эди. Эртаги экиннинг ҳосили-эртаги. Ўғлини эртароқ уйлаб қўйишса, эртароқ неварали бўлиб қолишармиди. Худо бериб бош фарзанди ўғил бўлса яна яхши. Тездаёқ Саримсоқнинг ёнига кириб, унинг ёлғизлиги билинмай кетарди.

_________________________

*Ўтирикчи-ёлғончи.

* Дурумсари-8 килога тенг оғирлик ўлчови.

** Ўрозли-омадли маъносида.

*** Чийирли-омадсиз маъносида.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.