“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқов

Кўклам адоғида куз

(Роман)

Уюшган элнинг тентаги
Сўйлай-сўйлай бий бўлур,
Тарқоқ элнинг тентаги
Калтак билан ий1 бўлур.
Халқ мақоли

Биринчи боб

Кузнинг охирлари.
Офтоб қиёмга келса-да, иссиқ кишини беҳаловат қилмайди. Кунботардан енгилгина, оромбахш шабада елади. Саримсоқ полвон ўтирган айвондан Суюндиксойнинг нариги бетидаги ўт-ўланлари қовжираб сарғайган тоғнинг бир қисми ва кунботардаги шишадай ярақлаб турган осмоннинг бир парчасигина кўринади. қуйида Суюндиксойнинг икки юзини тиғиз қоплаган мевали-мевасиз дарахтлар япроқлари қуёш нурлари билан ўйнашаётгандай тилла, кумуш ва ҳақиқ рангларида товланади. Айниқса ўрикларнинг қонталаш япроқлари офтоб тиғида ажиб жимирлашиб, полвоннинг хаёлини узоқларга, беғам, беташвиш болалик йилларига етаклайди.
Ўтмишини эслашни у ёқтирмасди. Нега ёқтирмаслиги ўзига аён. қанчадан-қанча ман-ман деган полвонларнинг белини букмади, қанча отларга зулм ўтказмади. Издиҳомдан сургалиб чиққан отлар ҳам тирик жон ахир! Ўтмишини эслаганида шулар кўз олдига келиб, уриши сустлашган юрагига азоб беради. Шу туфайли баъзи-баъзида, ҳатто, кўзларида ёш ҳалқаланиб қолади.
Шундай пайтларда ўзи ҳам Одам алайҳиссалом зурриётларидан эканлигини теранроқ ҳис қилади. Бу зурриётлар тавфиқни ҳар доим ҳам бирдай ёдида сақлаб туриша олмас экан.
Ўтмишда нималар бўлса бўлгандир, нима қилса қилгандир. Энди уларни эслашдан фойда йўқ, деб билса-да, эслагиси келмаса-да, ўқтин-ўқтин айнан шунга эҳтиёж сезиларкан. Шундай кезларда ақл жиловини сарҳадсиз хаёлларга ушлатиб юборганини ўзи билмай қолади…
У пайтларда Саримсоқлар пастки Ўгатда яшашарди. Оилада ёлғиз фарзанд бўлганидан отаси Исмойилбой билан онаси Турон бовучча уни кўздай авайлаб асрашарди. Исмларида «бой» ва «бойвучча» қўшимчалари бўлгани билан ота-онаси унчалик бой эмасди. Шунчаки ўзларига тўқ ва аҳил оила эди. Эр-хотин ўн фарзандни ерга бериб, охиргиси – Саримсоқнигина ушлаб қололгандилар. Оллоҳнинг уларга муяссар кўргани шу экан, шунисига ҳам шукур қилардилар.
Саримсоқни қишлоқдошлари болалигида ҳам полвон деб чақиришарди. У кезларда бу сўз ўн-ўн икки йиллардан кейин ёппасига айтила бошлаган маънода қўлланмасди. Анчайин бўлиқ ва қорувли жуссасига нисбат бериб айтишарди бу сўзни. Олти ёшларидаёқ ўн яшар боланинг келбатини берарди–да ўзиям…
У кезларда Саримсоққа ҳамма нарса ғаройиб кўринарди: тоғу тошлар, чўлу даштлар, ҳайвонлару қушлар, дов-дарахтлару ўт-ўланлар… Ҳатто тушлари ҳам ғаройиб бўларди: бирам ширин, бирам сирли, бирам…
Хусусан, бир туши хотирасида муҳрланиб қолган. Кейинги пайтларда ўқтин-ўқтин ёдига тушиб, ҳаловатини йўқотади. Дарҳол хаёлидан қувмоқчи бўлади-ю, эплолмайди. Тасбеҳ донасидай бир хотира ўрнини иккинчиси эгаллайверади. Юрагини мунг аралаш бир изтироб тимдалайди.
Ўшанда етти ёшларда эди шекилли ё ундан ҳам ёшроқмиди…

* * *
У шундоққина уйлари ортидаги бўзда кўм-кўк осмонга тикилганича, чалқанча тушиб ётарди. Унда-бунда савағичдан чиққандек оппоқ парқу булутлар сузади. Атрофдан аллақандай гулларнинг бошни айлантириб юборгудек муаттар ҳидлари анқийди, қуйироқдаги боғлардан қушларнинг басма-бас сайроғи эшитилади. Осмоннинг бир четида, ҳу уфққа туташ жойда, якка-ёлғиз тўрғай бир жойда турганича пириллатиб қанот қоқади. қани энди одамда қанот бўлса-ю, парвоз қилиб, шу тўрағайдан ҳам баландроқларда учса, осмон кенглигини ўз кўзлари билан кўрса…
Дафъатан яқингинасидан кимдир уни чақиргандай бўлди:
-Ўрнингдан тур, Саримсоқ,-деди отасиникидек майин товушда.
У эринибгина овоз келган томонга ўгирилди. Ўзи томонга яқинлашаётган оппоқ соқолли чолга кўзи тушиб, ўрнидан сакраб турди. Отаси ўргатганидай, қўлини кўксига қўйиб салом берди:
-Ассалому алайкум, бова!
-Ваалайкум ассалом, полвон йигит бўл, бўтам.
Чол шундоққина ёнига келиб тўхтади. Бир зум Саримсоқнинг юзларига тикилиб турди. У ҳам бобони диққат билан кузатарди: устки кийимларидан тортиб, печи ортига ташланган салласигача оппоқ. Аммо кўзлари бўз йигитларникидек чарақлаб турарди. Соқолига монанд оппоқ юзларида бир олам меҳр.
-Осмонди томоша қиляпсанми, бўтам?-сўради чол.
-Ҳа, бова, осмонди томоша қиляпман.
-Ерда ётиб ниманиям кўрардинг, фалак кенглигини кўрмоқчи бўлсанг, осмонга чиқ.
-Осмон узоқ, бова.
-Сабр қил, бўтам, сабр.

Чол ўнг қўлининг кафтини ёзганича, қиялатиб юқорига кўтарди. Кўзгудан қайтаётган қуёш шуъласидек бир тутам нур кафтидан узилиб чиқиб осмонга йўналди. Саримсоқ ҳайратланиб нур ортидан тикилди. Ҳаял ўтмай кўм-кўк само қаърида кичик бир оқ шарпа пайдо бўлди. Шарпа нур оқими бўйлаб тобора яқинлашиб, росмана бўз тулпорга айланди ва учиб келиб яқингиналарига қўнди. Олдинги туёқлари билан бўзни тирнаб, чўзиб кишнади. Бўйнини гажак қилиб ўйноқлади. Юган ва нўхталаридаги тилла ранг уқаларми ё оғзидаги сувлиқми майингина шиқирлади. Ҳайратдан оғзи очилиб қолганига қарамай, гижинглаб ўйноқлаётган ва чўзиб кишнаётган бўз тулпорнинг товушидаги бетоқатликни Саримсоқ ҳам сезди. От томонга беихтиёр бир-икки қадам ташлагач, тараддудланиб тўхтади.
-Нега тўхтадинг, бўтам?-сўради қария.
-Бу отти минолмайман, бова.
-Минасан, сени ўзим суяйман.
Саримсоқ отнинг юганидан маҳкам ушлаб эгарқошга қўл чўзди. «Ё пирим!» деганинигина билади, бундай қараса, ҳар тарафга шох ташлаб ўйнақлаётган от устида ўтирибди. Узангига оёғи-ю эгарқошга қўли қандай етдийкин? Чол эса пастдан жилмайиб қараб турарди, кўзларида қувонч, чеҳрасида меҳр…
-Энди бор, бўтам,-деди у фотиҳага қўл очиб. –Парвозинг бехатар бўлсин, олгин-у олдирмагин!
Қария юзига фотиҳа тортди. Саримсоқ ҳам очиқ кафтлари билан юзини сийпаб тушишга зўрға улгурди. Сувлиқ чайнаб бетоқат ўйноқлаётган арғумоқ ерни ноғора қилиб чалганича Ўгатнинг тангисига, ундан бир сакраб қоратошнинг тангисига ўтиб кетди. Саримсоқ ўгирилиб бобо турган жойга қаради. У ерда ҳеч ким йўқ эди.
Унинг юраги шавқ-завққа тўлиб борарди. Шу сабабли бобонинг кўринмай қолганига унчалик аҳамият бермади. От эса бу пайтда Канали чўққисига, ундан қорақушга учиб ўтди. «Қизиқ, -ўйлади Саримсоқ отнинг уёқ-бу ёғига кўз югуртириб.-қаноти йўғу учади». Эсига қиш кечаларида онаси айтиб берадиган эртаклар тушди. Ўша учар тулпорлар ҳам шунақамикан? Гўрўғлининг дулдули-¬Ғиркўк қандай учаркан? Улар қўлтиқларидан иккита қанот чиқаришарди шекилли. Бу отда эса қанот йўқ, қаноти йўғ-у худди ердагидек оёқларини ҳаракатлантириб, сузиб кетаётгандай учади.
Ирғайлининг чўққисида от тизгинини салгина тортиб, бошини осмонга бурди. Арғумоқ рўпарасидан сузиб келаётган бир тўп оқ булутни пардай тўзитиб, тепага кўтарилди ва узоқларда булдираб кўринаётган Ғўбдинтоғ томонга учди. Тепада, яқингина жойда, офтоб чарақлайди. Пастда, унда-бунда ёйилиб сузаётган оппоқ булутлар. Булутлардан пастда кўклам либосига бурканган Ёзкечув даштлари. Одамлари, ҳайвонлари ва ҳатто уйлари-ю дов-дарахтлари ҳам майда-майда. Тоғдан оқиб тушаётган сув тўла сойлар кўкиш ипдайгина…
Болаларга эргашиб бир куни Саримсоқ ҳам Ўгатнинг тангисига чиққанди. Шунда кўзи илғаган нарсаларнинг ҳаммаси одатдагидан кичкина кўринганидан ҳайрон бўлганди. Уйларига қайтгач отасидан сўраганида у соддагина қилиб шундай деганди: «Одам юқорилашгани сари пастдагилар майдалашиб кўринади. Сен бунга алданма. Ҳамма нарсани ўзидек кўришга интил…»
Яхши ҳамки, буни илгарироқ билиб олган экан. Шунинг учун алданмади. Яна ҳам баландроққа учмоқчи бўлди-ю, чўчиди: беҳосдан осмонга уриб олиб бошини ёриб қўядигандай, ё қуёшга яқин бориб қолиб, иссиқдан куйиб қоладигандай туюлаверди. Арғумоғини пастга қайтариб, пастлай бошлади. Дастлаб кўтарилган жойига етгач сакраб тушди-ю, отини қўйиб юборди. Бўз тулпор қаттиқ кишнаб уни бир қур айланди-да, яна осмону фалакка дувиллиб кўтарилди ва кичик оқ нуқтага айланиб кўздан йўқолгунича, Саримсоқ унинг ортидан маъюс тикилиб турди. Кейин жилмайди. Кейин эса…
-Ўрнингдан тур, Саримсоқ,-деган эркаловчи, майин товушни эшитди.-Нимага куляпсан?
Саримсоқ оқ либосли бобо қайтиб келди, деган хаёлда сачраб уйғонди. Рўпарасида кулимсираб турган отасини кўриб ҳайратланди. Салдаёқ ҳушини тўплаб, уйлари ортидаги бўзда эмас, ҳовлиларидаги чорпояда, юмшоқ тўшакда ётганини пайқаб, осмонга қаради. Унда оппоқ парқу булутлар кўринмади. Танги ортидаги найза бўйи кўтарилган кўклам қуёши чарақлаб турибди. Кишнаётган бўз тулпор эмас, бостирмага боғланган ўзларининг қулуни экан. Онасини биров миниб кетган бўлса керак…
Воқеликнинг бирданига бунақасига айланиб кетганига Саримсоқ дафъатан кўниколмади:
-Қани, оқ саллали бова қани?!-деб юборди.
-Нима деб алаҳсираяпсан, қулуним, қайси бовангди сўраяпсан?!-ажабланди отаси.
-Ҳозиргина мени оқ отга миндириб осмонга учирган бовани-да. Қани ўша бова?
Отаси ўзича ниманидир англаб, атрофига аланглади. Яқин-ўртада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, секингина ўғлининг қўлидан ушлади.
-Ичкарига кирайлик-чи, қулунтой,-деди паст товушда.–Уйда ҳаммасини бир бошдан гаплашамиз.
Саримсоқ кўрган тушини отасига эплаганича айтиб бўлганида, қандайдир юмуш билан эшикдан бош суққан Турон бойвучча эрига таънаомуз гап отди:
-Ота-бола тонг-азондан ниманинг маслаҳатини қиляпсизлар? Қўй-эчкиларди кувандан бўшатиб, қирга ҳайдасаларингиз бўлармиди.
-Қўй-эчкингди қўятур, бойбича, янги гапди эшит,-деди Исмойилбой қувониб.-Улингга худо бериб қопти-тушида Хўжайи Хизирдинг ўзига йўлиқипти у. Хизир бовам улингди оқ отга миндириб, оқ фотиҳа берипти!
Қувонганидан Турон бойвуччанинг юраги ёрилар даражага етиб, «Ваҳ!» деганича бўсағага ўтириб қолди, қўлидаги бўш челак заранг ерга тушиб, данғиллаганича юмалаб кетди.
-Худога шукур,-деди у шивирлабгина. –Шу кунларга етказганига шукур! Хизир бовамдинг садағалари кетайин…
Шу куни Исмойилбой битта чори қўйни сўйиб, ҳамқишлоқларига худойи қилиб берди. Лекин ўғли кўрган тушни биронтага валдираб қўймасликни Турон бойвуччага қаттиқ тайинлади. У ҳам ўз даврининг фарзанди сифатида айрим ирим-сиримларга қаттиқ амал қиларди…
Бу туш Саримсоқ полвоннинг эсидан ҳануз чиқмайди. Уни эслагиси келмаса-да, узун умри давомида кўп марта эслашига тўғри келди. Кейинроқ бориб, худди тушида кўрганига ўхшаш бўз отга минди ҳам. Бироқ бу анча кеч, ўн беш-йигирма йилча ўтганидан кейингина рўй берди. Ўшанда у болалигида ростдан ҳам Хизирга йўлиққанига чиппа-чин ишонди.

_________________
1 Ий-эпақага келтирмоқ, суробини тўғирламоқ маъноларида.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.