“Туронзамин” почтасидан

abarotovАбулфайз Баротов: Кўклам адоғида

…Кўпкари қадимдан Туркистон халқларининг энг севимли ўйинларидан бири бўлиб келган. Қолаверса, у ҳам оммавий спорт туридир. Спортнинг ҳар қандай турида ўз чемпионлари бўлганидек, кўпкарида ҳам кучи, уқуви ва чапдастлиги билан донг таратиб, халқимизнинг олқишига сазовор бўлган, меҳрини қозонган полвонлар кўп ўтган. Шундай кишилар ҳақида ҳам яхши бир китоб ўқишни кўпдан орзу қилардик ва ниҳоят…

Мен ёзувчи Сойим Исҳоқовни илгаридан танийман. Республика матбуотида чиққан қисса ва ҳикояларини ўқиганман. Сойим Исҳоқов 1941 йил 20 сентябрда Ғаллаорол туманининг Ўгат қишлоғига қарашли Қоратош бўлимида туғилган. Тоғлик қишлоқлар аҳолисининг пахтачиликка жалб этиш дастури бўйича уларнинг оиласи Чинозга кўчиб келадилар. Ўша кезларда ўн ёшга тўлган Сойим Учқунда ўсиб вояга етди. Меҳнат фаолиятини ота-оналари каби пахта далаларида ишлашдан бошлади. Лекин отасининг Қоратош ҳақидаги соғинчларга тўла ҳикоялари, меҳнаткаш ва танти одамлари ҳақидаги хотиралари унинг ёш қалбини вулқон сингари чўғлантириб борарди. Фикримча инсон ижодга ана шундай эҳтиёж туфайли кириб келади.

Сойим Исҳоқов 1962 йил Тошкентга кетиб, трактор заводида токар бўлиб ишлади. Шундай қилиб асли деҳқон ўғли кўпминг сонли ишчилар ҳаёти билан ҳам ошно бўлди. Кейинги йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг филология факультетига ўқишга кирди. Илк ҳикоялари республика матбуотида шу даврларда эълон қилина бошлади. Ёш ижодкорни “Бир сафда” журналига ишга таклиф қилишди. Ижодкорлар даврасида унинг қалами яна ҳам чархлана бошлади. Университетни битиргач, қадрдон қишлоғига қайтиб, 48-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлади. Шу билан бирга ижодни ҳам тўхтатмади. Йиллар давомида унинг ўнлаб ҳикоялари, “Сиртдан тинч дарё” (“Янга”), “Юлдуз кўкда сўнади”, “Осмон устуни” қиссалари, “Қабрдан чиққан қул” (биринчи китоби) романи эълон қилинди.

Сойим ҳозир 73 ёшга тўлди. Уч ўғил ва уч қизни тарбиялаб вояга етказган. Қишлоғида мўжазгина боғ яратиб, мевали дарахтларни парваришлайдилар. Тунлари эса ижодхонасидаги чироқ баъзан тонгггача ўчмайди. Шу меҳнатлари самараси ўлароқ, қўлингиздаги “Кўклам адоғида куз” романи дунёга келган. Зеро, ижодкорнинг ҳар бир асари гўдакнинг дунёга келиши билан баробар, дейишади.

Асар қаҳрамонлари юксак инсонийлик тамойиллари асосида яшашга даъват этувчи содда, самимий меҳнаткаш ва ҳалол одамлар бўлса яна-да яхши. Ана шундай инсонларни китобхон юрагига олиб кириш ва шу асосда тарбиялаш ҳар бир ёзувчининг бурчи деб ўйлайман.

“Кўклам адоғида куз” романининг бош қаҳрамони Саримсоқ полвон тарихий шахс. Қисса воқеалари шу одамнинг ҳаёт йўли, ўй-кечинмалари воситасида ривожлантирилиб, ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистоннинг турли жойларида яшаган, ижтимоий мавқеи ва феъл-атворилари бир-бирларига асло ўхшамаган ўнлаб одамларнинг тақдирлари билан чатиштириб юборилган. Бундан ташқари, асарда ўқувчилар спортнинг қадимий ва ажойиб тури кўпкарига отларни тайёрлаш ва чавандозликнинг ўзига хос сир-асрорлари билан таништирилади (ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, муаллиф китоб ҳажмининг катталашиб кетишидан қочибми, кўпкарининг энг қийин тури-улоқни тўдадан чиқариб, паккага етказиш тури ҳақидагина ёзган, қоқма кўпкарилар ёки от билан бажариладиган бошқа мусобақалар ҳақида тўхталиб ўтирмаган). Одамларни ҳамжиҳатликка, ҳалқларни ўзаро дўстликка ундайди, давр фожеасига ҳамоҳанг якун топган тиниқ муҳаббат ҳақида ҳикоя қилинади.

XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида Самарқанд тарафларда қаробдоллик Эгамберди полвонга тенглаша оладиган мухолиф йўқ эди. У кексая бошлаганида кўпкари майдонларида юлдуздай чақнаб Саримсоқ полвон кўринди ва тездаёқ ҳалқнинг меҳр-муҳаббатига, олқишига сазовор бўлди. Чорак аср давомида кўпкариларда унинг олдига тушадиган полвон бўлмади. Романни ўқир экансиз, кўпкариларда унинг фақат соврин учун от сурмаганни тушунасиз: майдонларда у халқнинг орияти, адолат ва ҳақиқатни байроқ қилиб кўтарган.

Саримсоқ полвон кўпкари майдонини эртароқ, лекин мағлубиятсиз тарк этди-қизил империянинг маҳаллий малайлари уни ҳаётининг энг гуллаган пайтида қатағон қилдилар. Романда унинг қийинчиликларга тўла, ғуссали ҳаёт йўли давр воқеаларига боғлаб ҳикоя қилинди. Демак, “Кўклам адоғида куз” романи тарихимизнинг муҳим даврлари баёни ҳамдир.

Биз асарнинг бадиий қимматига баҳо бермоқчи эмасмиз. Лекин у жуда самимий ва қизиқарли ёзилган. Баъзан персонажларнинг жўнгина луқмаси уларнинг қиёфаси ва феъл-атворини ўқувчи кўз олдига яққол келтириб қўяди. Бу китоб шуниси билан ҳам ўз ўқувчиларини топа олишига ишонамиз.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.