Дилмурод Саййид: Толеимдек айла тийра етти осмонинг бу кун
Найлайин дарду ситам айлаб дилим қон йиғлатур,
Гоҳ алам, гоҳи хаёл, гоҳида армон йиғлатур.
Мен уни жоним дея кўксимга жо этган эдим,
Оқибат қийнаб таним, қалбимни ул жон йиғлатур
Кўзларимда ёш эмаским, бевафонинг заҳми бу,
Ваъда деб берган эди, ул лафзи ёлғон йиғлатур.
Бу жунун саҳросида кўнглим адашган йўлчидек,
Ноумидлик бир томон, бир ёнда ҳижрон йиғлатур.
Етмагай нолишларим қаттиқ эрур ер кўкси ҳам,
Ҳам баландлик кўргазиб бошимға осмон йиғлатур.
Йиғламоқдин хийра бўлди кўзларим гавҳарлари,
Ҳолим маломат этиб ул чашми фаттон йиғлатур.
Бемуродлик ёзмиш экан гарчи номим Дилмурод,
Ойнинг ўн беши — алам, ўн беши — армон йиғлатур! IV. 2003 .
-2-
Эй дил, мотам айлагил тарк этди жононинг бу кун,
Эй вужуд, сен ҳам қўшил, ки кетди руҳ-жонинг бу кун.
Эй игна, бир дўстлик қилу кўзга чиз ёр расмини,
Эй қилич, кўксим тилиб ёз исмини онинг бу кун.
Эй фалак, синдир ўшал чархи кажрафторингни сен,
Толеимдек айла тийра етти осмонинг бу кун.
Эй замин, бас юрганинг ул қуёшнинг теграсинда,
Икки сарсон бирлашайлик — оч бағри урёнинг бу кун.
Бир жаҳона икки фотиҳ сиғмагай, эй Дилмурод,
Ё ажал, ё тарки ишқ-танламоқ имконинг бу кун! XII. 1991.
-3-
Дилим гардини ювмакка кўзимда қатра нам йўқдир,
На бир ғамкаш, на бир ошно, на бир осуда дам йўқдир.
Нигорим йўлида сарсон нигоҳим, дийда зор ўлди,
Вале ондин дарак бир сўз, хабар-мактуби ҳам йўқдир.
Ва ё юз бурди ул мандин, унутди ваъда-ю аҳдин,
Билолмай беҳуду ҳайрон, дилимда ўзга ғам йўқдир.
Ўтар кунлар, кечар тунлар, юрак дарди борар ортиб,
Рақам этмакка на менда, на қаламда чидам йўқдир.
Куну кундин умид шаъми сўниб бормоқда, эвоҳким,
Дилмуродо, магар сўнса, бўлак ўрниға шаъм йўқдир… 24.07.1995.
-4-
Камол Хўжандийга татаббуъ
Юзинг гул деб, ки чун булбул наво қилдим, наво қилдим,
Юракка сиғмаган арзим нидо қилдим, нидо қилдим.
Неча ойким, фироқингда чекиб андуҳ, тўкиб кўз ёш
Кўзимни – кўр, жигарни- хун, адо қилдим, адо қилдим.
Сояи ғам тушуб дилға умидлар ғунчаси сўлмиш,
Жамолинг мулкида чашмим гадо қилдим, гадо қилдим.
Кўзингтек қорадур толеъ, қошингтек ёй эса қаддим,
Сочинг ялдоситек рўзим қаро қилдим, қаро қилдим.
Деманг сўз менга Мажнундин, умри бўйи кўрган ғамин
Қисматим бир кунида мен бажо қилдим, бажо қилдим.
Қилурса Ул манга жабру жавоу бевафолиқ ҳам
Русуми ишқу ошиқлиғ: Дуо қилдим, дуо қилдим.
Маломат айлама, эй дўст, Дилмуродни давосиз, деб,
Муҳаббат дардини дардға даво қилдим, даво қилдим! 15.03.1997.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |