Ишоратлар

adabiyot“Дурак”

Кеча Фейсбукдаги “дўст”лардан биридан хат олдим׃
“Мени танимайсиз. Сизга адамлани адресларидан хат ёзвомман. Адамми қамаб қўйишди. Олдинига машинаси ўғирланган машина дейишди. Кегин у машинанинг ичида қанақадир одам ўлдирилган дейишибди. Ҳозир адамми ГК(Гулнора Каримова-ЖМ) делосига боғлавотган экан. Унга пул чўзганла руйхатига туширишибди. Адам ҳамма гапни сизга ёзишимни, аммо интернетга чиқармасдан, отларини ёзмасдан ёрдам беришингизни сўрадилар”.

Ким экан бу одам деб ўйладим. Чунки исми-шарифи танишдек туюлди. Фейсбукнинг архивини қарасам, икки ой олдин ўша одам ИАК ҳақида ёзганимга изоҳ қўйган экан. Изоҳини яшириб, мессаж почтаси орқали жўнатган.

“Ҳали ҳам ақлингиз кирмабди. Одам ҳам шунча аҳмоқ бўладими? Агар фаҳм-фаросат бўлса, Ўзбекистонда жуда яхши яшаш мумкин. Топганингизни баҳам кўрсангиз, котталарнинг ишига бурун суқмасангиз бўлди. Мана манда машинанинг энг хўрозидан иккитаси бор. Ҳар биттаси 70 минг бозорда. Сизларни пулда. Буни тушларингизда ҳам кўролмайсизлар. Биттасини студент ўғлим минади. Уй-жойим Тошканнинг энг олди. Миллионга ҳам бермайман. Қошиғим олтиндан. Ҳамма ҳавас қилади. ГК (Гулнора Каримова-ЖМ) олса олибди. Сизга нима? Отаси ҳам олса олибди. Сиздан олдими? У бизни вақтида қўллаган. Бировни бекордан бекорга қўллаш бўладими? Хизматини қилдими, ҳақини олиши керак. Чин дилдан бериб турганмиз. Берамиз ҳам. Унинг бир мунут вақти олтинга тенг. Сизлар галварс бўлмасдан шу ерда тинчгина юрсангизлар бизага ўхшаб ҳамма нарсага эришар эдингизлар. Мана нима бўлди, ҳам ватангадосилар, ҳам нонга зор бўлиб хор-зор бўлиб юрибсила. Отаси бугун бор. Эртага йўқ бўлиб кетади. Уни бунча гапирасиз. Ошқовоқни ишга солиб ўйлаб кўринг”.

Хатни ўқиб у ҳаётининг хатосини қилганини тушундим ва жавоб қилдим׃

“Тезда халта-хўржинни йиғиштиринг. Бугун билмасдан ўзингизни қармоққа илинтирдингиз. Чунки бизга келадиган мессажларни СНБнинг майда-чуйдалари эмас энг тепадаги одамнинг энг ишонган одамлари назорат қилиб, ўқиб боради. Улар сизга ўхшаган ўлжаларга кўз юмишмайди. ГКнинг думи бўлиб кетманг тағин? Дарвоқе, биз нонга ҳам зор эмас, ватангадо ҳам эмас. Худога шукур ризқимиз бутун! Аслида сизлар ватанда гадосизлар. Биз ўзимизни ўйласак, кайф сафо қилиб юрадиган имконларимиз чекланмаган. Фақат тарихий ватанимиздаги миллатдошларимизнинг кўзини очиб қўяайлик, бир умр ИАКларнинг қули бўлиб ётишмасин, деган ниятда бир нималар ёзиб юрибмиз. Буни сиз тушунмайсиз, тушунолмайсиз. Майли, хатни чўзиб юбордим. Аллақачон эшигингиз тақиллаётган бўлса керак…”

Ундан тезда бир сўзли жавоб келди. “ДУРАК” деб ёзибди.

Мана энди унинг ўғлидан хат келди. Тушундимки, у “ДУРАК” деганда ўз имзосини қўйган экан.

Ж. Муҳаммад.

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM and tagged . Bookmark the permalink.