Моҳира Ортиқова

mohiraЎЗБЕК ТИЛИ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИМ

Ўзбек тилининг кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтказилиши сиёсий мақсадларда амалга оширилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари ўзбек тилининг қайси алифбо асосида ёзилиши Ҳукумат тепасида турганлар учун мутлақо аҳамиятсиз. Чунки уларнинг ўзлари ўзбек тилини билмасликлари етмаганидек, Ўзбек халқининг ўзлиги – ўзбек тилини ҳурмат қилмасликларини намойиш этишдан уялишмайди ҳам (одатдагидек) . Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлиги, лотин алифбосига ўтказилганлигига қарамасдан Ҳукумат вакиллари фақат рус тилида мулоқат қилишади ва табиийки, фақат кирилл алифбосида ёзишади. Барча расмий ҳужжатлар олдин рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинади, матбуотда эълон қилиш учун эса лотин алифбосида қайта ёзилади. Бу жараёнда саводсизларча қилинган таржималар, лотин алифбосида нотўғри ифодалаш туфайли ўзбек тилида «ахборотлаштириш» сингари тушунарсиз сўзлар пайдо бўлади.(«Ахборотлаштириш» сўзи рус тилидаги «информатизация» сўзининг таржимаси. ЎзРнинг «Ахборотлаштириш» ҳақидаги қонунидан) Энг ачинарлиси шундаки, бундай сўзлар эътиборсиз равишда истеъмолда қўлланила бошлайди.
Кейинги пайтларда кундалик сўзлашув нутқимизда одамларга нисбатан кенг қўлланилаётган «ғингшиш» сўзи ҳам қайсидир «ақлли» таржимон томонидан нотўғри таржима қилинганлигига ишонаман. Бу сўз ўзбек тилида итларга нисбатан ишлатилади. Яъни итлар нимадандир безовта бўлганида ёки касалланганида ғингшийди. Одамларга нисбатан «ингради», ёқимсиз ҳолатларда эса «шинғиллади» сўзлари ишлатилиши мумкин. Рус тилидаги «дашь мне поспать или нет?» иборасини ўзбек тилига «ухлашга берасанми, йўқми?» кўринишида таржима қилинган ва бу ибора жуда кўпчилик томонидан ишлатилади. Аслида ўзбек тилида «ухлагани қўясанми, йўқми?» бўлиши керак.
Айрим журналистлар томонидан мавзудан чиққанида қўлланилаётган «ўтлаб кетдим» иборасини мен асло ҳазм қила олмайман. Чунки бу ибора ўтхўр ҳайвонларга нисбатан ишлатилади. Одамларга нисбатан ишлатишни ҳақорат деб ҳисоблайман.
Ўзбек тилидаги мақолаларда учраб турадиган яна бир ҳолат, барча «х» ва «ҳ», «қ» ва «к» ҳарфларини бир хил, яъни «дум» билан, «у» ва «ў» ҳарфларини устида нуқта билан ёзиш одатий ҳол бўлиб қолган. Ҳарф – бу товушнинг ёзувдаги белгиси, демак ҳар бир ҳарфнинг сўздаги ўз ўрни бор. Масалан: халқ ёки ҳалқа, қадр ёки касб, хўш ёки ҳуш, туҳмат ёки тўплам. Оддийгина тегишли белгини ўз ўрнида ишлатмаслик сўзнинг маъноси бузилишига ёки умуман бемаъни сўз ҳосил бўлишига олиб келади.
Сарлавҳадаги «ҳақида» сўзи сўнгги пайтларда деярли барча сайтларда «ҳақда» кўринишида қўлланилаяпти. Мен эса талаффуз қилишга ҳам қийналаяпман. Ўзбек адабий тилида бу сўзнинг бошқа кўринишларини учратмаганман: «Ҳаёт ҳақида», «гўзаллик ҳақида», «адолат ҳақида»…
Оддий хатоларга эътиборсизлик катта муаммоларга олиб келади. Мен тилимизнинг қўполлашиб, саводлилик даражаси тушиб кетишига сабаб бўлаётган энг оддий омилларнинг баъзилари ҳақидагина ёздим холос. Агар бу масалага қизиқиб кўрсангиз, тилимизнинг қанчалик даражада касалланиб, хунуклашиб бораётганлигига гувоҳ бўласиз. Ахир тилимизнинг саводлилигини, шунингдек гўзаллиги ва жозибадорлигини сақлаб қолиш учун ҳар биримиз масъулмиз.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.