Жаҳонгир Муҳаммад

Дўстим феномени

dustim101 октября 2014, 19:47
CA-NEWS

Туроннинг илдизи

 Мулки Туроннинг тарихини бағри хун Афғонистондан қидирмоқ керак. Ҳиротга боринг, сўз мулкининг жаҳонгирлари Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ётишибди. Шарқ шеъриятининг лутфи Лутфийдан буюк мусаввир Беҳзодга қадар, султон Ҳусайн Бойқародан пирлар пири Абдулла Ансорийгача Ҳиротда.

Шоҳрух Мирзонинг севимли рафиқаси, олиму шоҳ, саркардаи давр Улуғбек Мирзонинг волидаси Гавҳаршодбегим ҳам ўша ерда.

Ғазнага ўтинг, Абу Райҳон Беруний, Кобулга боринг, бобомиз Бобур шоҳ, Балхга қайтинг Бобораҳим Машраб…

Хулласки, Турон чинорининг ўқ илдизи Афғонистон заминида. Шунинг учун ҳам биз бот-бот бу замин ҳақида гапирамиз, ёзамиз, у ердаги тақдиримизнинг суратини чизамиз.

Буюклик

Кимдир истайди, кимдир истамайди, лекин Афғонистондаги туркий қавмларнинг XX ва XXI асрдаги тарихи ҳақида гап очиларкан, биринчи бўлиб Абду Рашид Дўстимнинг номи тилга олинади. Кимдир уни турончи дейди, кимдир коммунист деб билар, бошқалар кучли саркарда, яна биров феномен – ҳодиса дейди…

Буюклар зиддиятли бўладилар. Балки буюк бўлиш учун зиддиятли бўлиш керакдир?

Икки марта Абду Рашид Дўстим билан юзма-юз учрашиш насиб этди. Биринчи гал1988 йилда “Совет Ўзбекистони” (“Ўзбекистон овози”) газетасининг йўлланмаси билан Афғонистонга борганимда учрашгандик. Бу ҳақда кўп ёзганман. “Шаҳидлар хиёбони” китобимда ҳам бор.

Иккинчи марта 1997 йил май ойида Анқарада кўришдик. У ўз қавмидан чиққан Абду Маликнинг орқадан урган ханжари билан енгилиб, Тошкентга қочган ва у ердан Анқарага келганди.

Сиёсатчининг қудрати унинг ҳар қандай шароитда ҳам ўз майдонида қола билишидир. У майдондан вақтинча чиқишга мажбур бўлиши ёки буни манёвр учун қилиши мумкин. Натижа эса унинг майдонга қайтиши ва у ерда сўз соҳиби бўлиб туриши билан ўлчанади. Худди мана шу нарса жуда кўп сиёсатчиларга имконсиз. Гап ана шу имконсизликнинг имконини топишда.  Буюклик ҳам мана шунда.

Ўзбекнинг ўғлони

 Дўстим биздан бир ёшлар чамаси улуғ. Асли оддий деҳқон оиласидан чиқиб, ишчи бўлди. У пайтларда деҳқонга нисбатан ишчи бўлиш ҳам мансаб эди. Кейин ҳарбиятга ўтди. Тезда қўмондон сифатида танилди. Унинг даврида Афғонистон образли қилиб айтганда, кун ора ўзгарди. Тепасига келмади кимлар? Ҳали Москванинг, ҳали Покистоннинг, ҳали Эроннинг, ҳали Американинг тарафдорлари… Нур Муҳаммад Тараккий, Ҳафизуллоҳ Амин, Бабрак Кармал, Нажибулло, Бурҳониддин Раббоний, Мулла Умар, Ҳамид Карзай… Орада яна икки-учтаси бор… Улардан ташқари Ҳикматиёр, Шоҳ Масъуд, генерал Фаҳм каби минтақавий лидерлар… Ҳар бири ўжар…

Бунинг устига бари бир-бирига душман, қарама қарши мафкурадан, кин, адоват, қасос руҳи, муҳитида улғайган ва яшаган одамлар.

Бири кетиб унга мутлоқ зид бўлгани майдонга чиқар экан, Дўстим ҳар бирини ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила олди. Бу мўъжиза.

Бир қиличдан чекинса, бош устида иккинчиси. Қамоқдан қамоққа, сургундан сургунга ўтди. Лекин бош эгмади. Оловдан оловга сакради-ёнмади, сувдан сувга шўнғиди-чўкмади, шамолдан шамолга отилди-йиқилмади! Ўзбекнинг номини кўтариб, олға кетаверди.

Ўзбеклар дивизиясини тузди, туркийлар минтақасини қад ростлатди, мактаблар очди, ўзбек тилида радио-телевидениелар ишга туширди, газета-журналлар чиқарди.

У нафақат Кобулни, балки шимолда инжиқ Тошкенту айёр Анқараю пихини ёрган Теҳронни, туллак Исломободу манфаатпараст Москвани ҳам ўз йўлига юрита олди.

Толиблар даврида Афғонистондан Тошкентга чекинар экан, унинг сиёсий умри тугаганини башорат қилишганди. Аммо у Тошкентнинг қафасида қолмади. Тезда Анқарага ўтди. Туркия ҳукуматини от қилиб миниб, ўз элига қайтди.

Америка кириб келар экан, унинг куни тугади, дедилар. Уни саноқсиз толибларни қатл этишда айбладилар. Сургунга маъруз қолди. Халқаро терговларга тутилди. Судларга берилди. Баридан оқ юз билан чиқди ва  Мозори Шарифдан Кобулга ҳам от устида келди. Мудофаа қўшинларининг саркори бўлди.Dustum_xalqoarsidajpg

Халқнинг дўсти

Дўстимнинг феноменини кўрсатадиган  бир мисол.  1997 йил у Анқарада  Туркия ҳукумати ажратган меҳмонхонада турганди. Биз у билан учрашишга бордик. Уни қўриқлаётган турк зобитлари Афғонистон ағдар-тўнтар бўлаётгани, у Туркия ва бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан тинимсиз музокараларда экани, у билан учрашиш имконсизлигини айтдилар. Биз унга исм-шарифларимизни (Абдураҳим Пўлат билан бирга боргандик – Ж.М.) Дўстимга етказишни сўрадик.

Бир зумда у бизни меҳмонхонага таклиф қилди. Эски қадрдонларини, дўстларини кўргандек бағрига босди. Толиблардан эмас, балки толибларга сотилган баъзи қавмдошларидан нолиди. Толибларга қўшилиб унга найза урганлардан шикоят қилди.

Дўстим билан суҳбатим “Туркия” газетасининг 1997 йил 30 май сонида чоп этилди. Унга Дўстимнинг ”Афғонистонга қайтаман” деган сўзларини сарлавҳа қилиб қўйгандим.

Биз ҳам “Ватанга қайтамиз” деб кўп айтдик. Аммо қайтолмадик, қайтмадик. Дўстим эса урушлар, оловлар ичига, ўлим увиллаб турган жойга қайтди. Фарқимиз мана шунда.

“Туркия” газетасида чиққан суҳбатимиздан парча келтирмоқчиман.

– Абдумаликнинг қардоши Расул Паҳлавон суюкли дўстларимдан бири эди. Ўтган йили ўз қўримаси томонидан отилди. Бу ишнинг ортида Толибон ва Покистон разведкаси турганини билардик. Шу орада яна бир неча саркарда отилди. Шимолда гўё уларни мен отганим ҳақида миш-мишлар тарқатишди. Фарёбда Абдумалик билан душманларимиз тил топишдилар. Шу зайл Абдумалик ҳаётининг хатосини қилди.

 – Сиз нега Мозори Шарифни тарк этдингиз?

– Афғонистон ҳам катта ўйинлар ичида. Биз толиблар ортида Покистон ва Саудия Арабистони турганини айтсак, бизни коммунист деб айбладилар… Мен Анқарага қай тарзда келган бўлсам, Мозори Шарифга шу тарзда қайтаман. Халқимга “икки дўстинг бор бўлса, биттаси менман, битта дўстинг бор бўлса, ўша ҳам менман”, деганман. Ҳаётим ва ўлимим ҳалқим билан биргадир…

dustim_suhbatДўстим Абдумаликнинг хатоси ва хиёнатига қарамай у билан ярашишга ҳам тайёрлигини айтганди. Лекин у қулоқ солмади. Енгилди. Айни шаклда воқеалар шимолий қўмондонлардан бири Муҳаммад Ато билан ҳам бўлганди. Ундан ҳам Дўстим ғолиб чиқди.

Дўстимнинг ёдда қоладиган гаплари кўп׃

“Дунё жуфтлик билан боқий. Мен халқимни севдим, халқим ҳам мени севди. Икки севги бир бўлиб, катта кучга айландик. Абдумалик исён қилганда беш минг одам мен учун жон берди. Бу айтишга осон! Беш минг инсон, беш минг тақдир. Юрагим ув-ув йиғлайди. Шундай экан, жоним бу халққа фидо бўлсин!”

Унга бир неча марта суиқасд қилдилар, уни яраладилар, хиёнатларга учради. Лекин оёқда қолди. Бу ҳам аслида бир мўъжиза.

“Халқнинг севгиси мени оёқда сақлади!” дейди у.

Ўша кезда мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, у Каримов билан ҳам музокара жараёнида эди ва Афғонистонга қайтиш йўли Тошкентдан ўтишини биларди. Оиласи Тошкентда. Каримов бизнинг Туркияда қолаётганимиздан норозилигини очиқ билдириб, таъқиб қилиб юрган, устимиздан катта иш очган кезлар.

Аммо Дўстим  биз билан учрашишдан чекинмади. Камина билан суҳбати “Туркия” газтасида чоп этилишидан чўчимади. Бу ҳам унинг ҳақиқий генералларга хос қўрқмас, жасоратли эканини кўрсатадиган кичкина бир воқеа. Кўринишдан кичкина, аммо жуда оз инсонларгина ҳоким бўладиган қудрат.

Мустақил саркарда

“Америка Овози”да ишлаганимда у билан бир неча марта телефонда суҳбатлашдим. Бир куни у׃

– “Шаҳидлар хиёбони” деган китобингизни ўзбек ва туркия лаҳжаларида Истанбулда мингта-мингта чоп қилдириб келдик, ўқидим, зўр ёзилган, – деди.

Хаёлимдан ўқимаган бўлса керак, кўнглим учун айтди-қўйди, деган бир гап кечди. Ортидан “Унинг гапини  Ислом Каримов эшитиб қолмасин” деган хавотир ҳам айланди. Чунки у китоб СССР йиқилиб, ўрнида бош кўтарган диктатор ва диктаторчаларни, аждарҳонинг боши кесилиб, ўрнидан ўсиб чиққан бошларни фош этишга йўналган эди.

– Тошкентга борганда бу гапларни айтиб юрманг, тағин, – дедим унга.

– Биз Тошканга ҳисоб бермаймиз, Ислом акам ҳам буни биладилар, – деди у бамайлихотирлик билан.

Шундан тушундимки, у китобни варақлаб чиққан.

Бу воқеа айни пайтда Дўстим “Каримовнинг кукласи” дейдиганларга ҳам жавоб. У бировга “кукла” бўладиган характерга соҳиб эмас. У биров билан ҳисоблашадиган эмас, балки бошқаларни ўзи билан ҳисоблаштирадиган кучга молик. Бу феномендир. Феноменни эса ҳар ким ҳам тушуна олмайди.

Ўзбек генерали

Бугунга келиб, бутун дунё ўзбек генерали деганда Абдурашид Дўстимни ўйлайди.  Чунки “Абдурашид Дўстим” дегани “Ўзбек генерали” деган иборанинг синонимига айланди. Ҳали яқиндагина олтмишни олқишлаган Дўстим жаҳон сиёсат саҳнасининг шахсиятларидан бири бўлди.

Кечагина Афғонистонда териси шилинган ўзбекнинг…

Мактаби ёндирилган ўзбекнинг…

Тили кесилган ўзбекнинг…

Камситилган, одам ўрнида кўрилмаган ўзбекнинг…

Қўлидан иши, нони олиб қўйилган ўзбекнинг…

Бошқа тилда гапиришга мажбурланган ўзбекнинг…

Машрабнинг шеърларидан бошқа ўқийдиган нарсаси қолмаган ўзбекнинг…

Боласи зўрланган ёки аёли таҳқирланган ўзбекнинг… номини, кўксини, шарафини баланд кўтара олган Ўзбек генерали!

Катта минбарда

Афғонистонда 2014 йил президентлик сайловлари бошланар экан, у бир неча номзод ичидан бирини танлади. Ҳа, уни эмас у бирини танлади. Дўстимни истаганлар кўп эди. Аммо у “қартасини” чиройли ўйнади ва ғолиб бўлди. Афғонистоннинг кейинги 200-300 йиллик тарихида илк бор бир ўзбек мамлакатнинг иккинчи одами даражасига кўтарилди.  Уни халқ сайлади,  халқ бу даражага кўтарди.  У бугун Афғонистон вице-президенти!

У  бир неча кишилик гуруҳ тузган илк пайтларидаёқ сафдошлари унга “Дўстим” деб ном беришганди. Мана қирқ йилдир уни шу ном билан чақиришади. Чунки у Афғонистонда ўзбеклар, умуман туркий қавмларнинг дўсти эканлигини исботлай олди.

Дўстимнинг феномени ҳар қандай шароитда ҳар қандай одам билан кураша олиш, тиллаша билиш ва ғалаба қилишдир. Ҳамма нарса инкор этилса ҳам бу инкор этилмас ҳақиқат.

Камчиликсиз инсоннинг ўзи йўқ бу дунёда. Дўстимда ҳам бордур. Аммо у бугун “Ҳамма бир-бирини кечирадиган замон” дея қўлини кўксига қўйиб, минбарга чиқди, баланд минбарга. Бу минбарда Дўстимнинг омадини берсин!

Жаҳонгир Муҳаммад

http://uz.ca-news.org/news:30012/

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM and tagged . Bookmark the permalink.