Муносабат

jm_2012yilКаллакесарлар

Каллакесар-ўзбек тилидаги салбий маъно ташийдиган кучли сўзлардан биридир. Бошқа тилларда ҳам бу калима айни шаклда ашаддий жиноятчи, Тангрига қарши исён қилган, дин душманларига нисбатан ишлатилиши аниқ.

Маълумки, Иброҳим алайҳисалом тушида қурбонлик келтираётгани, ўз ўғлини сўяётганини кўради. Буни Исмоилга айтганда, фарзанди Тангри таоллонинг буйруғи дея қабул қилади. Лекин Оллоҳ бундай қурбонликни рад этади ва ўрнига бир жонлиқ( қўй, қўчқор ва ҳоказо) сўйишни буюради. Худо Иброҳим алайҳисаломнинг мана шу иши эзгулик бўлишини айтиб, уни саломлайди. Бу воқеа тафсилотига оид алоҳида оятлар нозил бўлган ва Қуръони Каримни ўқиган ҳам бир мусулмон бундан хабардор.

Афсуски бугун ўзини мусулмон атаб, динга душманлик қилаётан ва Ироқу Шомда Исломий давлат қурдик, халифат (ISIL, ISIS, ИШИД) барпо этдик деб жар солаётган каллакесарлар Тангри таоллога ҳам исён қилмоқдалар. Улар бегуноҳ бандаларнинг калласини кесиб, дунёнинг кўз олдида намойиш қилишдан ҳам тортинмас эканлар, бу мудҳиш жиноятга эргашаётганларнинг ҳам етти пушти куяётган бўлса, не ажаб?!

Агар мақсадингиз Оллоҳга хизмат қилиш бўлса, мана Қурбон байрами эшикда. Бир қўйни олингда қурбонликка ётқизинг! Тангрининг саломини, оч бечораларнинг дуосини оласиз.

Афсус бундай эзгу ишдан йироқсиз, жиноят йўлини танладингиз, жиноят бўлганда ҳам борса-келмасдир. Минг-минглаб одамлар сизнинг касофатингизга қолишмоқда, бешавқат урушнинг қурбонига айланишмоқда. Шу боис эл-улус сизни қарғамоқда.

Тангрига исён қилдингизми, у ҳам сизни кечирмаслигини ва бошингизга офатлар ёғдиришини биласизу билмасликка оласиз. Аслида унга ишонмайсизки, унинг номини сотиб, унинг эзгулик динига доғ туширишга уриниб юрибсиз.

Тангри таоллонинг қаҳрига учраганларнинг ўрни жаннат эмас, дўззах эканлигини такрорлайдиган тилингиз дилингизга қулоқ солсин, деган бўлардим.

Пичоқни инсонлар бўйнига эмас, қўй-қўчқорнинг бўйнига тортишгина Худонинг йўлидир.

Лекин жиноятчиларга гап кор қиладими? Ҳамма гап мана шунда.

Гап кор қилмаган кимса жазосини тортиши муқаррар. Бундай дин душманлари нафақат Тангри таоллонинг, балки бутун инсониятнинг ҳам душманларига айланадилар. Кўриб турибмиз, айланиб бўлдилар ҳам…

Шундай экан, ёзганимдан мурод не?

Бугунгача дунёмиздаги ҳар бир муҳим воқеага ўз шахсий муносабатимни очиқ билдириб келганимдек, бу сафар ҳам пусиб ўтирмасдан, бу хусусда ўз фикримни айтиш зарурати шунга ундади. Манимча, бу хусусда ҳар бир киши кўнглидаги гапини очиқ айтиши лозим. Ўшандагина тинчлик ва эзгулик йўлида адашмаймиз.

Жаҳонгир Муҳаммад

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.