Дилдаги гаплар

dolimovОММАВИЙ ЧАЛАСАВОДЛИК

Атиги 66 йил ичида шўрпешана миллатимнинг имлоси 4 марта, хусусан:
– араб ёзуви лотин имлосига (1929 йили);
– лотин имлоси кирил имлосига (1940 йили);
– кирил имлоси яна лотин имлосига (1993 йили);
– лотин имлосининг бир кўриниши бошқа кўринишга (1995 йили) алмаштирилди.
Бундай ҳолатга ҳар қандай миллатда ҳам йўл қўйилавермаса керак.

Имло алмаштирилар экан, ўзбек миллатининг саводхонлик даражаси ҳар сафар кескин пасайиб бораверди. Бунда, имлони алмаштирган «бир ҳовуч» мутахассис тил ва имлонинг асл эгаси – буюк ўзбек миллатидан лоақал: «Ҳой миллат, имлонгни алмаштириб берай-ми, керакми сенга шундай муаммо?» – деб сўраб-нетиб ўтиргани ҳам йўқ.

1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунда республиканинг ҳар тарафлама камол топиши ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратиш, бошқача қилиб айтганда чет тилини ўзлаштиришни енгиллатиш кўзда тутилган эди.

Биз фарзандларимизга чет тилини ўргатиш масаласида кўп саъй-ҳаракатлар қилдик ва бу борадаги эзгу ишларни тўхтатганимиз йўқ. Шу мақсадда ҳатто имломиздан ҳам воз кечиб, уни бугунги кунда кўплаб асосли танқидларга дучор бўлаётган бошқа имлога алмаштириб ҳам юбордик. Шундай йўл тутиб, кўзланган стратегик мақсадимизга эришишимиз борасида зиғирдай бўлсин, шубҳа қилмайман, албатта. Бироқ…

Ҳаётга реал нигоҳ-ла қарайлик. Чет тилини оммавий равишда ўзлаштириш жараёни рўй берди-ми? Шахсан мен сезмадим. Эҳтимол тошкентликлар ёппасига инглизча ёки испанча гапириб юборгандир? Буни ҳам сезмадим.
Хўп: «Шошманг, халқимиз таъбири ила айтганда мусулмончилик аста-секин, қонуннинг қабул қилинганига эндигина 21 йил бўлди, гапирармиз ўшаларнинг тилида», – дерсиз менга.

Лекин ўзимиз-чи? Миллат саводи-чи? Имло алмаштирилгач, халқимизнинг саводхонлиги қай аҳволга тушиб қолди?

Идора ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилаётган ички ҳужжатларни ўз ҳолига қўйиб, уларга сиртдан эътибор қаратиш билангина чекланайлик.
Қуйида мен ижтимоий сайтлардан олинган бир нечта фотосуратни мисол тариқасида келтириб ўтдим холос. Ишончим комилки, мазкур мақолани ўқиб чиққан ҳар қандай киши, бундай мисолларнинг бир қаторини келтириб ўтиши мумкин.

На «Давлат тили ҳақида»ги Қонун, на «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунда, ушбу миллий ҳужжатларда баён этилган талабларни бузган шахсларга нисбатан бирон-бир кўринишда чора кўрилиши ҳақида сўз айтилган.
Жойларда ҳар ким билганини қилиб, ҳар ким ўзининг «гуркураган» саводини кўрсатиб ётибди. Миллат тили, шу жумладан, унинг имлоси оёқ ости қилиб юборилди. Модомики, ҳеч қандай чора кўрилмас экан, жойлардаги амалдор шахсларнинг бу борада сариқ чақалик иши йўқ.

Биз ҳақли равишда ўзбекмиз дея ғурурланамиз, фахрланамиз, гердаямиз. Бу ёғи-чи?…

Shokir Dolimov

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.