Ризо Обид

RizopodpisЁввойи олма
Ҳозир ҳам балки бирор кишининг боғида ё ҳовлисида сақланиб қолганми ёки йўқ билмадиму бизнинг болалик давримизда ёввойи олма бўлар эди. Унинг кўриниши чиройли аммо таъми ачқимтир-тахир бўларди. Барибир аччиқни тотмай туриб, ширин таъмни туюб бўлмайди, деганларидек уни чиройига учиб, тишлаб сўнг ташлаганимиз бор гап.

Ёввойи олмани ўша кезларда кераксиз, фойдасиз дарахт, деб одамлар қўпориб ташлаб, ўрнига маданийлашган, уруғи бошқа бир мамлакатлардан келтирилган мева кўчатлари ўтқазиша бошлашди.

Энди ўйлаб, ўша ёввойи олмаларни қўпориб ташлаб чакки қилишган эканми, дейман. Чунки улар табиатнинг мўъжизаси эди. Соя-салқин берарди, атрофга чирой улашиб, кўрк қўшиб турарди. Балки табиатнинг мувозанатини қайсидир бир жиҳатдан сақлаб ҳам тургандир.

Ёввойи олмани эсладиму ёввойи тавсифларимиз ҳам ёдга тушди. Атроф-муҳит, табиат тоза, беғубор эди. Одамлар ҳам шу табиатга монанд содда, самимий, беғубор эди. Тўғри, яхши бўлмаган тавсифлилар ҳамма замон бўлган, лекин нисбатан яхшилар кўп эди чамаси. Ёввойи одатларимизни айримларини эслайман.

Токдаги узумнинг ғужуми билан шартта юлиб, ёки дарахтдаги олма ёки нокни узиб олиб сувда чаймай еб кетилаверарди. Ҳозир шифокорлар айтаётган микроблар ўшанда ҳам бормиди ё йўқ билмадим, аммо ўша давр кишилари узоқ умр кўрганлар. Ошқозоним оғриди, томоғим оғриди, деган шикоятларни деярли эшитмаганман.

Бундан ташқари ҳозирги ёш болаларни шаҳар айлантиргани олиб чиқсангиз, зум ўтмай чарчадим, дея хархаша қила бошлайди. Ўшандаги болалар бир қарасангиз сакраб улкан дарахтнинг устида юрган, бир қарасангиз катта даланинг ўртасида елиб бораётган…

Тўққиз-ўн ёшимизда отнинг ёлини қучиб, эгар-жабдуқсиз чоптирардик. Энди невараларимиз отни кўрса ҳайиқиб ортга тисарилади. Ёввойи довюраклик йўқ. Жасорат ҳам сўнаётгандай. Ҳозир боланинг қўлига олма бериб кўрингчи, аксарияти ширинми, деб сўрайди. Ёввойи олма эмас, умуман мевани тупидан узиб оғзига солмайди. Бу балки яхшидир.

Нима бўлганда ҳам биз каби ёввойи олмани ўзи татиб кўрганлар, ҳаётнинг аччиғига ҳам, ширинига ҳам шукур қиладиганлармиз шекилли. Лекин ҳамма вақт, ҳамма нарсага шукур қилавериш ҳам яхши эмас, дейишади. Масалан, бошингизда зулм тегирмон тошини юргазиб турса унга ҳам шукур қилиб туравериш керакми?

Менимча киши бошига ёғилажак офат, зиён ва зулмдан сақланиш имконияти борлигига шукур қилиб курашиши керак. Демак, ўз ҳаётини яхшиликка буриш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.

Дарвоқе, ёввойи олма дарахтлари ҳам яна қайта илдиз отиб қолар. Ўшанда балки яна ўз асл ҳолимизга қайтармиз…

Zamondosh.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.