Жаҳонгир Маматов:

1990_sessiyaСир билганнинг такдири сирли бўлади

Ривоят қилишларича бир зулмкор шоҳ қазога етганда ҳеч жон беролмасмиш. Табибу – уламолар ҳайрон. Кун кечиб кеч кирганда шоҳ кўзларини очибди.

– Шаҳаншоҳим, яна қандай армонингиз бор? Амр этинг, бажо келтирайлик, -дебди табиби калон.

– Вазиримнинг бошини танидан жудо қилинглар!

Ҳамма сукунатга чўмибди. Уч кун давомида шоҳ жаллодлару- зиндонбонлар, девонбегию мушовирларини ўлимга буюрди. Энди эса…

– Шаҳаншоҳим, ул зот сизнинг энг ишонган муридингиз, сояи – обрўйингизларку, ахир, биз қандай қилиб…

-Амримни муҳокама учун эмас, ижро учун буюрдим!

Вазирнинг бошини келтириб кўрсатганларидан сўнг:

– Худога шукур, – дебди шоҳ, – Энди жон берсам бўлур. Лекин сен табиб ненидир сўрамоқчисан, саволингни бер, жавобингни оладурсан!

– Шаҳаншоҳим, нечун ишонган одамларингизни қатлиом қилдингиз?

-Сиёсат бу, улар ишонган одамларим эмас, улар қулларим эдилар. Ҳатто сендек савол беришга журъат этолмасдилар. Бироқ кўп сиримни билардилар. Мен эса сиримни Тангридан бошқага ишонмайман! Улар яхши қул эдилар, қул каби жон бердилар, мен эса шоҳ каби,-дебди у табибга.

Бу албатта, ривоят. Лекин илдизи ҳаётдадир.

1993 йил 29 декабрда Мустақил Ўзбекистон Олий Кенгашининг иккинчи раиси ҳам «соғлиги ёмонлашгани учун» вазифасидан кетди. Нега иккинчи деяпмиз, чунки Советлар бирлиги даврида, яъни 1990 йилда Олий Кенгаш Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини қабул қилди. Ўша кездаги Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов жиловни депутатларга бериб қўйгани учун ва улар Мустақиллик декларацияси қабул қилганлари боис коммунистлар пленумида қаттиқ танқид остига олинди. Таъқибларга дош беролмаган Мирзаолим Иброҳимов ўзи ариза ёзди ва етмиш йил давомида кадрларга чиқариладиган ҳукм: «Соғлиги ёмонлашгани учун» ишдан кетди.

У киши оқсоқол эди, майли. Лекин ҳали элликнинг ёш нари-берисидаги иккинчи раис ҳам шу ҳукм билан ишдан олинди. Бировнинг мансабга миниши бахт, ишдан кетиши фожеа эмас. Қолаверса, йиқилганни тепмайдилар. Бизнинг тепадиган фикримиз ҳам йўқ. Аммо мамлакат такдири учун мураккаб бўлган бир даврда Ўзбекистон қонунчилик идорасини бошқарган киши сиёсий майдондан қувиларкан, унинг фаолиятини таҳлил этмоқ бурчимиздир. Истаймизми, истамаймизми у тарихда қоладиган вазифада ишлади. Тарих эса бор гапни билмоғи керак.

“Иккинчи”

Хўш, Шавкат Йўлдошев Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида қандай пайдо бўлди ва Ватанга, миллатга қандай наф келтирди?

Москвада, собиқ КПСС Марказий Комитетида ишлаб юрган Шавкат Йўлдошевни Ўзбекистонга, ўз юртига жўнатишди. Михаил Горбачёвнинг демократик мактабида таҳсил олган бу одамдан кўп нарса кутилганди. У жасорат билан ишга киришиши ва Ўзбекистоннинг демократия сари бурилишига сабабкор шахс сифатида тарихга кириши мумкин эди. Бундай имконият ҳар кимга насиб этавермайди.

Москва КГБси Фарғонада воҳид миллатни иккига бўлиб, уриштирганда Шавкат Йўлдошев СССР халқ депутатлари съездида пинак бузмай ўтирди. Сўнг раҳбариятдан Фарғонага қўшин киритишни илтимос қилди. Фарғона вилоят коммунистлар идорасининг иккинчиси, амалда «биринчи»си бўлган бу одам партия комитети биноси ёнида, Тошлоқ, Қўқонда халқ ўққа тутилганда қуролли жаллодлар панасида турди.

Фарғона воқеалари кўп гап-сўзларга сабаб бўлди. Аммо воқеани уюштирганлар, гарчи СССР аллақачон парчаланиб кетган бўлса-да, халққа айтилган эмас. Тўғри, партия шу баҳонада айримлардан қутилиб олди. Лекин Шавкат Йўлдошев такдирланди.

Уни Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети ҳузуридаги партия назорати идорасига раис қилиб олиб келишди. Бу идорага ўша кезларда ҳатто Марказий Комитетдан ҳам сўроқ сўраш ҳуқуқлари берилганди. Унинг раиси коммунистик тузум шароитида жумҳуриятда иккинчи шахс бўлиши керак эди. Партиянинг ички ислоҳотлари асосан шу идорага ишонилганди. Шундай пайтда Шавкат Йўлдошев гуноҳ ботқоғидан чиқиб кетиши, Фарғона воқеалари бирданига унга бегона бўлиши таажжубли ҳол эди.

У янги ишни бошлар экан, Ўзбекистон ойнаижаҳони орқали ўзининг катта вазифага кўтарилгани хусусида кўрсатувлар уюштирди. «Гдлян ва Иванов деган босқинчилар қўшиб ёзиш баҳонасида кўп коммунистларимизни айбсиз қамадилар, – деди у ойнаижаҳонда. – Мен бу коммунистлар такдири билан жиддий шуғулланаман.Уларнинг оилалари, бола-чақалари чинқириб юришибди».

«Ҳали кечагина миллат қонга бўялганда бефарқ бўлиш мумкин эдими?» – деган савол ўртади кўнгилларни ўшанда.

Москвада СССР халқ депутати ўларок Гдлянларга қарши бир оғиз сўз айтолмаган одам энди бу масала билан ёппасига шуғулланишига ишониш қийин эди.

Раис

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон халқ депутатларидан бирининг ўрнига уни депутат қилишди

Бу қайси хизматлари учун туҳфа эканлигини унинг миллат вакили бўлганини сезмай қолгандек билолмай қолишди. Зеро, сиёсатчини давр ва дунё етиштирмоғи керак. Уни кимдир етиштирар экан, у кимнингдир мулкига айланади.

Ўзидан баланд турган сиёсатчига қарши фикр айтган кундан бошлаб киши сиёсат майдонига киради.

Шавкат Йўлдошев эса сиёсатчиликни туҳфа сифатида олди… У Ўзбекистон Олий Кенгашининг 12 чақириқ 3 сессияга оддий депутат сифатида эмас, Кенгаш раиси сифатида ҳам келди.

Олий Кенгаш мажлисига қадар бир неча босқичли тасдиқлардан ўтганди. Сессияда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби Ислом Каримов “Йўлдошевни партия шу ишга лойиқ» деб топганини айтди. Фарғоналик депутатлардан айримлари ғазабга миндилар. Президент Ислом Каримов уларнинг ҳовурини босди.

– Шавкат Йўлдошев Олий Кенгаш раиси сифатида Фарғона воқеаларини ким уюштирганини аниқлайди. Бу вазифа унга имкон беради. У қонли воқеаларга гувоҳ бўлгани учун ҳам партия унга бу маъсулиятли вазифани юклаяпти, – деди у.

Олдиндан тайёрлаб қўйилган «навбатчи» депутатлар уни қўллашди.

Жумҳурраис курсига ўтириши ҳамоноқ, Шавкат Йўлдошев ғайриқонуний, ғайриинсоний ҳатти-ҳаракатларга берилди. Шу даражага бориб етдики, депутатларни яккама-якка суҳбатга чақириб, Президент хатоларини айтиб, «Буни сиз гапиринг, мен сессияда сўз бераман» деди ва дарҳол Президентга бу депутатлар уни танқид қилишмоқчи эканликларини етказиб катта бир ўйин бошлади.

Сессияда танқидий фикр айтган депутатни фитначи деб айблади. Мутлоқ бўҳтон, туҳмат билан 12 депутатнинг такдирига болта урилди. На қонун ва на инсоф тарозисида турадиган қабиҳликлар очиқ-ойдин амалга оширилаверарди.

Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий бўҳрон қўйнида қолишида Шавкат Йўлдошевнинг катта айблари бор. У иқтисодий ва сиёсий таназзулга олиб борадиган ўнлаб қарорларга имзо чекди.

Унинг Фарғонадаги айбларини очишга уринган Ўзбекистон халқ депутати Иномжон Турсуновнинг ҳибс этилиши, халқ депутати Самандар Қўқонов қамоққа солиниши, бир қатор депутатларнинг ваколатлари тўхталиши, Олий Кенгашдан ўттизга яқин халқ депутати ишдан ҳайдалиб, уй-жойи тортиб олиниши Шавкат Йўлдошевниг сиёсий мақсадлар йўлида ҳар нарсадан қайтмаслигини кўрсатса,Ўзбекистон йўлини белгилайдиган қонунлар четлаб ўтилиб, халқни оғир аҳволга соладиган қарорлар пайдо бўлиши унинг миллатга хиёнат қилганини очиқлайди.

Мақсади

Шавкат Йўлдошев Олий Кенгаш раиси ўлароқ, битта мақсад билан яшайди. Мансабни сақлаб қолиш ва ўз ҳузурини кўриш мақсади эди бу. 1991 йил собиқ СССР тарқалиб кетгач, унга Москвадан «Жигули» машинаси мукофотга беришди. Уни савдо вазирлиги қимматбаҳо нархдагисига алмаштирди.Машинани савдо марказидаёқ Бухорога сотиб юборди. Сўнг бу иш давом этаверди. Машиналар келиб кетаверди.Бу орада Тошкент шаҳрининг Ҳамид Олимжон майдонидаги 18 қаватли уйдан қизига ва жиянларига, ҳукумат уйидан ўзига, Туркистон ҳарбий округи генераллари кўчиб кетган уйлардан қолган болалари ва югурдакларига ҳашаматли уйларни олиб берди

Шавкат Йўлдошевнинг ҳатти-ҳаракатларига қарши 1992 йилда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари жамоаси иш ташлади. Шу куниёқ Шавкат Йўлдошев қарор чиқариб, уч юз киши ишлаётган газеталарни ёпиб ташлади. Қаламкашлар иш ташлаш пикетларни давом эттиравергач, газета тикланди-ю, жамоа фаоллари қувғинга учради. «Халқ сўзи» жасоратли, демократик газетадан мадҳиягўй ҳукумат газетига айлантирилди.

Шавкат Йўлдошев нохосдан қарорга имзо чекиб, Олий Кенгаш Ошкоралик қўмитасини қисқартириб юборди. Депутатларнинг норозилиги кучайганини сезгач, қарорини бекор қилди. Қисқа даврда ўн олти марта ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

У билиб туриб ғайриқонуний ва ғайриинсоний қарорларга келарди. Чунки топшириқ олган маҳали ўз фикрини айта олмас ва «хўп-хўп» дея дарров ижрога киришарди.

У имзолаган қарорлардан куйганлар Президентга учрашиб, орадаги мушукни қувиш йўлини топишса, Йўлдошев қайта топшириқ олар ва «хўп» дея яна қарорни ўзгартирарди.

Олий Кенгаш раиси ўйинчоққа айланганини халқ ҳам сезиб қолди. Раис ўзи ўйинчоққа айланганида эмас гап. Гап Олий Кенгаш ҳам Президентнинг оёғи остига ташланганидадир.

Зеро, Президент учун айни шу керак эди. Шавкат Йўлдошев вазифасини бажариб бўлди. Шу боис уни улоқтирди. Янгисини топди. Унинг ҳам вазифалари бор. У ҳам керак. Вазифаси битиши ҳамоноқ ундан ҳам воз кечилади. Президентимизнинг кадрлар билан ишлашдаги бу «оламшумул» тажрибаларини ҳамма билади. Фақат тузоққа тушганлар ўзлари илиниб турганларини билдирмасликка уринишгани ачинарли.

Мустақил Ўзбекистоннинг мустақил Олий Кенгашининг мустақил раиси Шавкат Йўлдошев тарихимизда алданган ёки биров томонидан бошқарилган, деб эмас, мустақил коммунист сифатида қолади. Зеро, коммунист топшириқ бажаришда қул, жавоб беришда мустақилдир!

Халқ ҳам Шавкат Йўлдошевга ўз ҳукмини чиқарди. “Қон тутди” дея хулоса қилди.

Ҳа, қон тўкканни албатта қон тутади!

Бу эса ҳали Шавкат Йўлдошев Президентдан қутулиб кетди дегани эмас.

Ривоятда келтирилганидек, сир билганларнинг такдири сирли равишда сирга айланажак!

1 январь 1994 йил

“Ўзлигим” китобидан

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM and tagged . Bookmark the permalink.