Оқсарой ҳангомалари (Сиёсий сатира)

paxta18. Маслаҳат

“Катта”нинг ҳузурига кирган Бош вазир:

-Рухсат берсангиз Жиззахга ўтиб келсам,-деди.

-Ҳа, Зоминга бориб айланиб келмоқчимисиз?

Шундай деб “Катта” Бош вазирга айёрона қаради.

-Йўғ-е, пахта далаларини кўриб келмоқчийдим,-деган Бош вазир кўзларини олиб қочди.

-Яхши ўйлабсиз ука, бир бориб пахтанинг ҳолидан хабар олиб келиш керак. Қашқадарёга борақолинг. Чўлни ҳам айланиб келасиз, чўлдорларни кўриб қайтасиз. Чўлнинг ҳавоси бошқача.

-Хўп бўлади. Лекин бир масала бор эди, у ерда ҳам барибир ўртага чиқиб қолади. Шунга олдингиздан ўтмоқчийдим. Бу йил ҳам мактабларни ёпайликми?-деди Бош вазир ишчанлик оҳангида.

-Пахтанинг очилиши қандай? Кўраклар ёрилиб, чаноқлар қуримоқдами?- Саволга савол билан жавоб қиларкан, “Катта” ўзини кексаларга хос вазбин тутишга уринди.

-Кўз тегмасин… Бу йил ҳам айтган гапларингиз тўғри чиқди. Пахтамиз эрта очилди. Эрта эксанг эрта терасан, дегандингиз, айни айтганингиз бўлди. Лекин тезроқ териб олмасак…

-Бу йил мактаб болаларини чиқарманг. Чиқарсангиз ҳам бу ишни енг ичида қилинг.

-Студентларни-чи?

-Сиз ҳам студент бўгансиз, ман ҳам бўганман. Ўлиб қолмадик. Ўз ихтиёримиз билан бориб пахтакорларга ёрдам берганмиз. Буни ҳашар дейдилар. Халқимизнинг энг олий фазилати.

-Тушундим отахон, олтин фикрлар. Айтганингиздек қиламиз. Лекин… бу йил пахта далаларини сунъий йўлдошдан кузатамиз, деган гаплар чиқиб қолди. “Оқ олтин” терилишини кузатишармиш..

-Олтин дейишдими? Ҳм… Соддасизда ука! Ҳар йили бир неча юз тонналаб олтин ковлаймизми, ковлаймиз. Бола ҳам ишлайди, мола ҳам. Эҳҳе… қанча олтин ковладик, 20 йилда 20 минг одам ўлиб кетдиёв бу ишда? Майиб-мажруҳ бўлгани ҳам оз эмас. Ўшани кузатолмаганлар энди “оқ олтин” далаларини кузата олармикан?

-Тўғри айтасиз… кузатолмайди…

-Осмондан чинакамига кузатса, агар керак бўлса, ҳаммага ҳижоб ўратиб, паранжи ёпиндириб ёки далаларнинг устига айвон ёпиб ҳам тердирамиз. Лекин ҳозир уларники пўписа. Бошингизни оғритманг бу билан.

-Хўп…

-Манимча, дунёни бузаётган тирриқлар ҳақида гапириб, “Бу ахталарни сунъий йўлдошдан кузатамиз”, деган бўлишса, сиз ахтани пахта деб эшитгансиз… Бунақа тарозибосмас гапларни қўйинг! Сизга маслаҳатим, пахтани теринг! Бир ойга жавоб, агар бир ойда план тўлмаса,  бошқа жавоб кутинг!

Жаҳонгир Муҳаммад

jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, jahonnoma, JM and tagged . Bookmark the permalink.