Сиёсий сатира

ia5.JPGОқсарой ҳангомалари

5.Гўрбагўр

Бош прокурор “Катта”нинг ҳузурига кирди.

-Тинчликми? Зарур гапингиз бор экан,-деб сўради “Катта” ундан.

-Авропадагилар қизингизни сўроқ қилмасак бўлмайди, деб қайта-қайта хат ёзишмоқда,-деди Бош прокурор.

-Хатларини карзинкага отаверинг, дегандим-ку, ука?

-Бу сафар жавоб қилмасангизлар ҳамма ҳисобларни бекитамиз, деб пўписа қилишмоқда.

-Ман қораси ўчгурни тўққиз ойдан бери кўрганим йўқ. Уларга ҳам бизда йўқ, қочиб кетган десангиз бўлмайдими?

-Бўладию… лекин тунги барларда дипломатлар кўриб қолишаяптида…

-Уни жиловлашнинг иложи йўқми?

-Бунисига илож топамиз. Лекин қизингиз сайловга кириб депутат бўламан, деб Сайлов комиссиясидагиларнинг ёқасидан олаяти.

-Устозингиз Бўритошга айтиб қўйинг, ёқасини ушлатмасин,-деди “Катта” яқинда Сайлов комиссияга ишга тайинланган Бўритош Мустафоевни назарда туриб.

-Бундан кейинги сайлов билан ҳам қўрқитибди у кишини. Отамга мухолифат бўламан, жойини оламан, депти.

-Уффе… жонга тегдику бу? Чораси йўқ-ми?

-Шунга бир чора айтсангиз, деб келгандим

“Катта” бир зум ўйлаб турдида кейин:

-Номини бирорта жиноят ишига тиркаб қўйинг, терговда турсин, хохлаган пайтда жиловини тортасиз.,-деди.- Шундай қилсангиз бир ўқ билан уч қуённи урасиз Авропаликларга жавоб бўлади, депутат ҳам бўлолмайди, менга қарши майдонга ҳам тушолмайди.

-Қандай бўларкин? Фамилияси бир хил сиз билан…

Ўзини шу пайтга қадар сипо қилиб кўрсатган “Катта” нинг бирдан жаҳли чиқди:

-Қизим бўлгандан кейин фамилияси бир хил бўладида. Бунақа фамилиядаги аҳмоқ камми дунёда? Бу мани гўрбагўр қиладиганга ўхшайди…,-“Катта” бир зuм гапидан тўхтаб қолди.

Бироз ўйланиб турдида:

-Исмини тўла ёзмай Г. деб қўйинг, олам гулистон,-деди.- Биров қизиқса “Г” ҳарфи билан бошланадиган исм озми, Гулистон, Гулбаҳор… Гўрбагўр…

У яна бир нималар деб ичкари хонага ўтади. Буни “Сизга жавоб” деб тушунган прокурор енгил нафас олиб, папкасини қўлтиқлаганча чиқиб кетди.

Жаҳонгир Муҳаммад.

%d bloggers like this: