“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (охири)

Яна баҳор келди. Еру осмонни гуллар ифори қоплади. Тоғлар бағрида гулхан ёққан лолазорлару дашт юзини гиламдай қоплаган қизғалдоқлар лов-лов ёниб, кишининг баҳри дилини очади. Одамларнинг юзларида поклик, қушлар сайроғида поклик “қулоқ”ларига шабнамдан сирға таққан майсаларда поклик-қўйингчи, ҳамма нарсада поклик ҳукмрон. Кўз илғаган ҳамма нарса чиройли, ҳамма нарса гўзал кўринади. Зеро, поклик-гўзалликнинг онаси. Гўзаллик покликдан туғилади.

Майнинг бошиданоқ бошланган кўтаринкилик, байрам шодиёнаси тўққизинчида авж нуқтага кўтарилди. Уйларда, кўчаларда, қишлоқларнинг гузарларида байрам шукуҳи. Тоғларда мол боқиб юрган чўпонлар ҳам дўмбирасини сайратиб, шўх халқ қўшиқларини ҳиргойи қилади:

Дўмбирам боши ирғайди(р),

Қизлар қўлин тулғайди.

Тулғағонға бормайман,

Жувонмарг деб қарғайди…

Урушнинг ғалаба билан якунланганлиги ҳақидаги информбюро хабарлари ҳамманинг юрагида шавқ-завқ уйғотиб юборган эди. Бу жўшқинлик, қувонч ва шодлик ҳали-бери тугамайдигандек. Аммо жамоатнинг қувончи ҳаммага ҳам бирдай татимади. “Кеманинг чўкишини сезган каламушлар биринчи бўлиб уни ташлаб қочади”-деганларидек, Назир чўлоқ май ойининг бошидаёқ кўч-кўронини йиғиштириб, бир кечада аллақаёққа ғойиб бўлди. “Қўлим қисқариб қолди”-деган баҳонада йил бошидан мол-ҳоли, ортиқча қўр-қутларини сотиб юрганини билардик. Эл ичида юргулиги қолмаганини аввалдан билган шекилли-да. Қаёққа кетгани билан биров қизиқмади. Орадан тўрт-беш йил ўтгачгина қишлоқда у ҳақда ғалати гаплар тарқалди-ичкиликка берилиб, шаҳар кўчаларида тиланчилик қилиб юрганини кимдир кўрганмиш.Хотинини ҳам синглим, деб кимгадир арзимаган “қалин” эвазига бериб кетганмиш. Бу гапга ишониш мумкин: Назир чўлоқ даюсликдан ҳам қайтмайдиган одам. Майрам чўтир ўта гўл ва лақма бўлганидан уни алдаш, лақиллатиш қийин эмасди…

Талабалик йилларимнинг охирларида шаҳар четига қатнайдиган трамвайлардан бирида Назир чўлоқни тасодифан учратиб қолдим. Соқол-мўйлови ўсган, юзлари шишинқи, бурни қизарган-афт-ангори, либослари кир-чир, афтодаҳол бир аҳволда атрофдагиларга кафтини ёзиб, тиланчилик қиларди. Турқи анча ўзгарганига қарамай одамларга суқ билан тикилаётган митти кўзлари, панг овози ва ёғоч оёғидан танидим. У эса танимай, рўпарамга келиб менга ҳам қўл чўзди.

-Уруш ногиронига хайр қилинг, ука!-деди ҳаста товушда.

Гапини эшитиб, зардам қайнаб кетди. Қўлларим ёқасига қандай бориб қолганини билмайман.

-Сен уруш ногиронимисан, даюс!-ўзимни йўқотиб, уни бўға бошладим.-Урушда жон берганларнинг ёрқин хотирасини шу йўсинда калака1 қиляпсанми?! Уруш инвалидларининг обрўсидан шу йўсинда фойдаланмоқчимисан? Сени ўлдираман, қаллоб!!

Ҳар томондан безовта овозлар эшитилди:

-Бу телба анови бечорани ўлдириб қўяди, ажратинг!

-Нима қиляпсан, ҳайй!

-Сўлоқмондай йигит бир бечора ногиронни бўғишга уялмайсизми!!

Кўпинча шундай бўлади-жанжалли масалаларда одамлар билиб-билмай кўзларига ожиз ва нотавон кўринган кимсаларнинг ёнини олади. Уч йигит қўрқувдан кўзлари олайиб кетган Назир чўлоқни қўлимдан ажратиб, ўзимни эшик томон сургай бошлашди. Қарасам мени турткилаб, трамвайдан тушириб юборадиган. Куч билан юлқиниб қўлларидан чиқдим-у, овозимни қўйиб бақирдим:

-Кимнинг ёнини оляпсизлар?! Ўзини илонга чақдириб, урушга бормаслик учун оёғини атай кесдирган анови газанданингми? Ҳамқишлоғим бўлганидан уни яхши биламан. Баъзи қўли эгри амалдорлар билан келишиб, оғир йилларда халқнинг сўнгги донини ҳам турли баҳоналар билан тортиб олиб, чет-четларда пуллаб бойиган қаллоб у. Қўлга тушса, ўшандаям фронтовикман, деб қутиларди. Оёғини кўргач, биров хужжатини текширмасди. Урушда жон берган ё бедарак кетганларнинг аёлларига шилқимлик қилиб юрадиган бузуқи эди у. Даври ўтганини сезиб, ғалаба арафасида қишлоқдан қочиб кетувди. Энди эгасиз итдай хор бўлиб, сизларни товлаб юрипти!

Калака-мазахлаш, масхаралаш.

Гапларим йигитларга таъсир қилди чоғи, ҳар қалай, менга бошқа даҳл қилишмади. Ўрта ёшлардаги бошқа биров Назир чўлоқдан сўради:

-Қайси фронтда оёқдан ажралгансиз, биродар?

Кутилмаган саволга жавоб беролмай, у дудуқланиб қолди.

-Уруш қатнашчиси эканингизни тасдиқлайдиган бирор ҳужжатингиз борми?-сўради бошқа бирови.

-Унда бундай ҳужжат нима қилади!-дедим ким гапирса ўша тарафга олазарак бўлаётган Назир чўлоққа қўлимни бигиз қилиб.-Фронт ортида айшини сурган одамгаям “урушда қатнашди” деган ҳужжат беришадими!

Кўринишидан узоқроқ қишлоқдан келган бир қария гапга аралашди:

-Муна жигиттинг гапи туври-бизди қишлоқдаям шундайчоқ1 биров бориди, жақинда урлиқ қилиб қамалди. Трамбойдан2 ҳайданг бу энағарди, тушириб жеринг!3

Шу далда камлик қилиб турган эканми, уч-тўрттаси трамвайни бекатга етмасиданоқ тўхтатдириб, Назир чўлоқни судраб туширишди. Кимдир йўлакда қолган ҳассасини ойнадан чиқариб, улоқтирди. Бу ходисаларни қишлоқдагиларга айтиб берганимда: “Эшитганларимиз рост эканда-дейишди ҳайратдан ёқа ушлаб.-Одам ҳам шунчалик паст кетарканда!”

-Назид чўлоқ қилмишига ярашасини олипти, бадтад бўлсин!-деди Бадал жўрам.-Лекин Майдам чўтидга жабд қипти-да, номад. Шўдлик бўш-беаёвгина, соддагина аёл эди…

Қурман тентак бу воқеадан анча илгари-уруш тугаши арафасида қандайдир бедаво дардга йўлиқиб, айни ғалаба куни вафот этди. Жасадини, номус кучли, беш-тўрт яқин қариндошлари мозоротга элтиб кўмишди. Одатда биров вафот этса эшитганлар, қандай бўлмасин, жанозасида қатнашишни ўзлари учун қарз деб билишади. Бундай “қарздорлар” унда йўқ экан, одамлар байрам кайфиятини бузиб, уйига шунчаки кўнгил сўрашга ҳам боришмади…

Ғалабадан кейин урушда тирик қолганларнинг ҳаммаси уйларига қайтишди. Бедарак кетганларга аза очилди. Ҳожар янгамнинг кўнглига қарабми, икки бирдай азаматидан ажралганига қарамай, бизникида аза очишларига бобом рўйхуш бермади. Улар ҳануз йўл қарашар, отам билан Тугал акамнинг соғ-саломат қайтишларидан умидвор эдилар. Лекин улар қайтишмади.

Вақт ўтгани сари одамлар қалбидаги уруш жарохатлари эскира бошлади. Одамлар тўйни, хурсандчиликни қўмсаб қолган эдилар. Қишлоқларда тез-тез тўй наволари, мусиқа садолари янграй бошлади.

Ҳар қанча аччиқ бўлмасин, бориб-бориб ҳақиқатни тан олмасликнинг иложи йўқ. Бобом ҳам кутганларининг қайтмаслигига ишонди шекилли, ёз кунларининг бирида-учаламиз айвонда ўтирганимизда дафъатан оҳ уриб юборди. Унинг оҳи шунчалар аламли ва шунчалар куюнки эди-ки, Ҳожар янгам чидолмай ўрнидан туриб, хонасига кириб кетди. Мен нима қилишимни билмай ер чизиб қолдим. Кўзларимдан мунчоқ-мунчоқ ёш тўкилди. Биламан, бобомнинг алами ҳаддидан ошиб, ўзини тутолмай қолди. Бу билан бизнинг ҳам аламимизни ошириб қўйганини сезди. На илож, ҳаммамизнинг дадримиз ичимизда эди.

Бир куни уйимизга Усмон бобо келди. Бобом иккаласи меҳмонхонамизга қамалиб, ниманидир узоқ гаплашди. Кейин Ҳожар янгамни чақиришди. Унга нима дейишганини билолмадим. Янгам эшикдан чиқаётганида айтган гапларинигина эшитдим.

Шундайчоқ-шунақа, шунга ўхшаган.
Трамбой-трамвай.
Жеринг-юборинг.

-Менга бундай бўлмағур нарсаларни қайта гапирманглар!-деди ўксиб.-Уруш деган

отинг ўчкур шундай йигитни хазон қилса қилгандир, бироқ менга жин ҳам теккани йўқ-ку. Балки тирикдир, бир куни эшикдан кириб келар. Ўшанда мен отамникида юрсам ёки… қандай юзқаролик бўлишини ўйламапсизларда!

Сездим-ки, Усмон бобо қизини олиб кетишга келган. Қанчалик оғир бўлмасин, бобом ҳам бунга монелик билдирмаган. Бундай қилишга унда асос йўқ эди. Бинобарин, бировнинг бахтини боғлаб ўтиришни истамаган…

Орадан юм-юмалоқ ўн йил ўтди. Бобом ўғлининг қайтишидан бутунлай умидини узган бўлса-да, Ҳожар янгам йўл қараб юраверди. У сира тақдирига тан бермас, эрининг қайтишидан умидини узмас, тоқат билан кутарди. Ҳар куни эрта туриб ҳовлию уйларни чиннидек тозалаб, супуриб-сидирарди. Гўё кеча келолмаган азиз меҳмони бугун албатта келадигандек ҳар тонгдан мужда кутарди. Кечқурунлари хонасидан чиқмас, тунни тонгга-тонгни тунга улаб яшарди. Ниҳоят янгам кутган хайрли дамлар келгандек бўлди. Кутилмаганда урушнинг бошиданоқ бедарак кетган қўрғонжарлик Қўшмурод тоға 1955 йилнинг ёзи ўрталарида уйига келганлиги ҳақида хабар тарқалди. Ўн беш йилча ўлик-тириги номаълум бўлган одамнинг бирданига соғ-саломат қайтганлиги чиндан хушхабар эди. Демак, бошқалар ҳам қайтади! Бугун бўлмаса эртага, балки бириси кун қайтади! Одамлар негадир шундай бўлишига ишониб қолишди. Шунингдек учун атроф қишлоқлардаги кўзлари ногирон бўлиб юрганларнинг ҳаммаси эшакли-пиёда Қўрғонжарга йўл олишди. Уларнинг биринчилари қаторда бобом ҳам бор эди. Энди унинг юрагида ҳам умид-катта умид қайта уйғонган эди.

Бу пайтда институтни битириб, Ўгатдаги тўлиқсиз ўрта мактабда ишлаётган эдим. Ёзги каникул даври бўлгани учун уйда эдим. Хушхабарни эшитгач Ҳожар янгамда Қўрғонжарга учишга қанот бўлмай қолди. Бироқ мен тўхтатдим.

-Ҳозир у кишиникида одам тумонат, чеча, кечроқ борсак одам саябирсиб1 қолади. Бафуржа гаплашамиз. Нима дедингиз?

-Тўғри айтасиз, маллим…

Мактабда иш бошлаганимдан кейин янгам мени “мулла бола” демай қўйди. Тўғридан тўғри касбим билан “муаллим” дейдиган бўлди. Маслаҳатим у кишига маъқул тушиб, кечга томон Қўрғонжарга йўл олдик. Кутганимдек, Қўшмурод тоға уйида ёлғиз ўтирарди. Бу пайтда келадиганлар келиб бўлган, кечга қайта йиғиладиган қариндош-уруғлари ҳали келишмаганди. Ғира-шира эслайман, у киши урушдан олдин ўртача гавдали, қорувлигина йигит эди. Энди эти бориб устихонига ёпишган, қорайиб тарашадек қотиб кетганди. Кўзлари негадир атрофга маъюс боқади. Аммо учи қулоғи томонга кўтариб ўстирилган мўйловига қойил бўлмай илож йўқ: қалин ва мумдай қоп-қора-ташқи кўриниши худди Будённийнинг ўзи. Эгнидагилар ҳам ярим ҳарбийча кийимлар…

У кишининг саргузаштларини қисман бобомдан эшитганимизга қарамай, ўзидан яна бир марта эшитдик.

-Одамзод пешонасига ёзилганини кўраркан, жиян,-деди Қўшмурод тоға ҳикоясини нечанчи мартаям эринмай такрорлаб.-Пешонамда бор экан, немисларди юртига бориб, тўрт йил уларди молини боқдим. Биз урушга кетаётганимизда сизлар ёш бола эдиларинг. Мана, ўсиб дордай йигит бўлибсизлар. Бу келинди Тугалбой жиянди аёли дедингми? Отангизга рахмат, келин, ўн беш йилдан бери умид узмай эрингизди кутяпсиз экан. Омон бўлса бир куни у ҳам албатта қайтиб келади. Урушда нималар бўлмайди? Қизғин жангларнинг бирида палакат босиб, душманга асир тушиб қолган бўлишиям мумкин. Кўпларнинг асир тушганини билмай, қисмидагилар уйига қорахат жўнатадиган пайтлар бўлади.

Соябирсиб-камайиб, озайиб.

Бизлар ҳам палакат босиб, Ўласовди1 армиясига тушиб қолгандик. Душманга бир

мартаям ўқ отмай генералди буйруғиминан асир тушдик. Одамга шуниси алам қилади! Палакат Ўласовди сотқинлиғини ким билипти дейсиз. Пашистлар ҳаммамизди вагонларга босиб, Германиянинг ғарбига олиб кетишди. Сотқин саллотларди қайта қуроллантириб, ўз ватанига қарши лашкар тузишди. Мен бу армиягаям, кейинроқ тузилган Туркистон легионигаям қўшилмадим. Қўлимга қайтиб қурол олмайман, деб қасам ичгандим. Шу туфайли немисди бир бойига ишлатиш учун бериб юборишди.

Немислар-тартиб-интизомга қаттиқ амал қиладиган, ҳисоб-китобди севадиган халқ. Пала-партишликди ёқтирмайди. Ўғирлик, ғирромлик деган нарсаларди билишмайди-бировди нарсасига кўз олайтиришмайди, ўзиникини бировга бермайди. Ишди кўзини билиб, режаминан қилишади.

Ёппасига сафарбарлик туфайлими, урушнинг бошларидаёқ Германияда ишчи кучига танқислик сезила бошлаган эди. Шунинг учун урушга бормайман деган асирларни завод-фабрикаларга, қишлоқ бойларига ишлатиш учун бериб юборишаркан. Омадим чопиб, яхши хўжайинга учраб қолдим. У ҳам ўзбекларди ҳалол ва меҳнаткаш халқлигини биларкан шекилли, юзлаб асирлар орасидан мени танлади. Ишим енгил эди-эллик чоқли зотдор сигирларга қараб юрардим холос. Яйлов кенг ва серўт эди. Бундан ташқари, хўжайиннинг чўчқачилик ва йилқичилик фермалариям бор эди. Уларда рус асирлар ишлашарди.

Ювиниб-чайиниб покиза юрганимгами, беш вақт намозимни канда қилмаганимгами ё шунчаки ишонармиди-менга ҳам ўзлари овқатланадиган ошхонанинг бир четига алоҳида стол қўйиб беришганди. Хўжайиним диндор эди шекилли, овқат олдидан ва кейин албатта бола-чақаси билан чўқиниб олишарди. Ҳафтанинг маълум кунида черковга бориб келишарди. Мен эса овқатни “бисмилло” билан бошлаб, “овмин” билан тугатардим. У менинг эътиқодимга даҳл қилмасди. Динларимиз бошқа бўлганиминан Худойимиз бирлигини тан оларди чамаси.

Уруш қизигандан қизиб борарди. Гитлер ва унинг лаганбардорлари бугун-эрта Масковни оламиз, деб жар солишарди. Хўжайиним, назаримда, Гитлерни ёқтирмасди. Шу сабаб бўлса керак, уларнинг валдирашларига бефарқдек эди. Немисларни уришқоқ халқ, деб ўйлардим. Аслида ундай эмас экан. Уларнинг орасида ҳам урушни ёмон кўрадиганлар кўплигини билгач ҳайрон бўлганман.

Бир куни иккаламизгина ўтирганимизда ўзидан-ўзи хўжайиним менга дил ёриб қолди:

-Биласанми, Узбек яқинда урушда бурилиш юз беради. Европани зир титратган Гитлер руслардан мағлуб бўлади ва уларнинг қўлида ўлим топади. Миллион-миллион бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлган мустабиднинг тақдири бундан бошқача бўлиши мумкин эмас!

У менинг отимни айтолмасди. Шу туфайли “Узбек” деб ҳалқимиз номи билан атаб кетганди.

Хўжайиним билиб айтган экан, қишга бориб фашистлар Масков бўсағаларидан улоқтириб юборилди. Кейин Сталинград ва бошқа фронтлардаги мағлубиятлари Гитлер армиясига ўнгланолмайдиган зарба бўлди. Уруш Оврупога кўчди-аскарларимиз кундан-кун фашистлар уясига яқинлашиб келарди. Биз ичдан қувонардик, аскарларимизга яккаш ғалаба тилардик. Ватанга қайтиш фурсати яқинлашаётганлигини ҳис қилардик ва ҳеч нарсадан шубҳаланмай, ўша кунди интиқликминан кутардик.

Ўласов-сотқин генерал Власов назарда тутилмоқда.

Биз турган ҳудудларни ғарб давлатлари ишғол қилишди. Ғалабадан сўнг улар биз-совет ҳарбий асирлари орасида ташвиқот ишларини бошлаб юборишди. Гап ватанимизга қайтиш ёки қайтмаслик устида кетарди. “Русияга қайтсангиз,-дейишарди улар.-Чегарадан ўтишингиз билан қамоққа олишади. Кўпларингизни отиб юборишади. Тирик қолган тақдирингиздаям умрингиз қамоқда ўтади. Сталин сизларга раҳм-шафқат қилмайди. Ғарб давлатларидан бирини танлаб шу ерда қолсангиз, доимий иш ва яшаш жойлари билан таъминланасиз”. Бундай ташвиқотларга ишонмадик. Гуноҳимиз нима: сотқинликни биз эмас, сотқин генераллар қилишди. Ўзимизникиларга қарши қурол ҳам кўтармадик. Демак, қўрқишимизга асос йўқ, деган фикрда эдик. Ҳар қалай, мен шундай ўйловдим.

Бу орада совет ташвиқотчилари ҳам жим туришмади: радиода кечасию кундузи турли тилларда ташвиқот олиб боришди. “Ватанга қайтган ҳарбий асирларнинг гуноҳи бўлмаса кечирилади. Гуноҳи йўқлар дастлабки суриштирув ишларидан кейинроқ уйларига жўнатиб юборилади”-дейишарди улар. Биз бу ваъдаларга ишондик. Хатто қамалсак ҳам ватанимизда қамалишни, чет элларда ватангадо бўлиб юргандан кўра, ўлсак ҳам ватан тупроғида ўлишни афзал билдик.

Ғарблик ташвиқотчилар тўғри айтишган экан, чегарагача бизни тантана билан олиб келишди-ю, ичкарига ўтишимиз билан махсус бўлинмаларнинг соллотлари қуршаб олиб қамаб ташлашди. Тергов-суриштирув ишлари ҳам узоқ чўзилмади. Давлат хавфсизлиги қўмитасидагилар қандай холатда тушганлигидан қатъий назар, асирга тушишнинг ўзини жиноят деб ҳисоблашди. Кўпчиликни ўн беш йилдан йигирма беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Боз устига, қамоқдан чиққанидан кейин ҳам беш-ўн йил ҳудудларига қайтишни ман қилишди. Сотқин деган айбловминан отувга ҳукм қилинганлар ҳам кам бўлмади. Менга эса ўн беш йиллик қамоқ жазосини беришди. Сталин вафотидан кейин ҳарбий асирлар масаласи яна кўтарилди ва бизни асоссиз айблашганлари маълум бўлди. Сталин ўлмаганида яна ўн йилсиз уйга қайтолмасдим.

Шунисигаям шукур, айбсиз бўлатуриб айбдорлик азобини тортсам-да, соғ-саломат юртимга келдим. Сиз ҳеч умидсизланманг, келин, яхши ниятларминан юринг. Худо ҳоҳласа, ниятингиз йўлдош бўлиб, кутганингиз эшигингиздан кириб келади. Албатта шундай бўлади, келин, бунга ишонинг.

-Рахмат, тоға, илойим айтганингиз келсин!-деди Ҳожар янгам хурсанд бўлиб…

Шундай қилиб, Қўшмурод тоға бизнинг умидларимизга янгидан қанот бергандай бўлди. Айниқса янгамнинг кўнгли тоғдай ўсди.

* * *

Ўқишни битириб келганимдан кейин бобом билан Ҳожар янгам бош бўлиб, мени уйлантириб қўйишди. Ўзимга қолса бир-икки йил ишлаб, сарфу харажатларни ўзим тўплаб, кейин уйланмоқчи эдим. Аммо қўйишмади. Айниқса бобом шошилди. Невара юзини кўргач, у ҳам бандаликни бажо келтирди. Кейин ўйласам, бобом шунинг учун ҳам шошилган экан. Вафотидан бир кун илгари, иккаламиз ёлғиз ўтирганимизда менга сўнгги васиятини айтди:

-Акангминан отангни кўролмай армонда кетяпман, болам,-деди ўксиб.-Лекин шукур қиламан-ки, сенинг ўқиб одам бўлганингни кўрдим, невара суйдим. Шулар кўнглимга тасалли беради. Оғайин-қариндошларди кўмаги ўз йўлига, сени ўқитиш ва уйлантиришда Бувҳожарди хизмати катта бўлди. Мендан кейин у кетаман деса йўлини тўсма. Уй қиламан деса ҳам… дилини оғритма… Кетмаса, фарзандлик қарзини уз. Онангдан кейин сенга оналик қилди у. Шуни эсингдан чиқарма.

Бобом умрининг сўнгида нега бундай деганини тушундим. У кутаётганларининг қайтишидан умидини узган эди. Қўшмурод тоғанинг қайтганига икки йил бўлаётир. Асирга тушганларга авф эълон қилинганига ҳам анча бўлди. Сталиннинг шахсига сиғиниш кескин қораланиб, яхши ўзгаришлар томон юз буриш бошланди. Келадиганлар шу пайтгача келиб бўлди. Қолганлардан энди умид қилмаса ҳам бўларди. Балки у мен кейинроқ эшитган гапларни ўшандаёқ эшитгандир…

Бир куни устахонамда лой пишитиб ўтирганимда эшикдан Бадал кириб келди. Анчагача қилаётган ишимни жимгина кузатиб ўтирди. Ниманидир айтмоқчи бўлаётгани, аммо юраги дов бериб айтолмаётганини пайқадим.

-Нима гап топиб келдинг?-тўнғилладим мум тишлаб ўтириши ғашимга тегиб.-Тилингга тирсак чиқмаган бўлса гапир!

-Ниёз тоғани танийсан-а?

-Қўрғонжардагисиними?

-Ҳа.

-Нега танимай? Чўзавермай гапир!

-Шу одам удушда Тугал акангминан бидга бўлган экан…

Қилаётган ишимни тўхтатиб, кўзларига тикилдим.

-Хўўшш?!

-Аканг бомбани тагида қолиб…

-Ўлиптими?!

-Ҳа…

-Ниёз тоға буни ўз кўзи билан кўриптими?

-Ҳа.

-Унда… нега шу пайтгача ҳеч кимга айтмапти? Жуда ғалати-ку!

-Аввалига ёмон гапди айтишга тили бодмапти. Кейин сизладди умид билан кутаётганладингни эшитиб, айтмай қўя қопти.

-Сен ҳам тилингни тийиб юр, чечам эшита кўрмасин! Ўзим ҳаммасини аниқлаб келаман.

-Мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми!-жаҳли чиқди унинг.-Тайинламасанг ҳам биламан муни. Жўдам бўлганинг учун билиб қўй, деб айтдим. Эдкаксан, чидайсан деб айтдим!..

-Хафа қилган бўлсам кечир, жўра, балки бу ҳам шунчаки узунқулоқ гапдир. Нима бўлганидаям бу сирни ичингда сақла…

Ўша куниёқ Ниёз тоғани топиб гаплашдим. Айтишича, Тугал акам билан бир бўлинмада жанг қилишган экан. Шиддатли хужумлардан бирида яқинига снаряд тушиб портлаган. Аъзои бадани илма-тешик бўлиб кетган Тугал акам ёнбош бўлиб қулайди. Буни кўргач, Ниёз тоға ёрдам бериш учун у томонга шошилади. Бироқ командири тўппонча ўхталиб уни тўхтатади.

-Олға!-дейди дағдаға қилиб.-Фақат олға юр! Ярадорларни ортимиздан келаётган санчаст одамлари йиғиб олишади.

Урушда командирнинг буйруғи-қонун. Уни бузганлар шафқатсиз жазоланади. Ниёз тоға Тугал акамнинг орқадан бақирганини эшитади.

-Омон бўл, Ниёз жўра!-дейди у ҳаста товушда.-Эсон-омон юртимизга қайтсанг ҳаммага салом айт, бироқ ҳозир кўрганларингни ҳеч кимга билдирма!..

Орадан яна йиллар ўтди. Бир куни Ҳожар янгамни жуда тушкун ҳолатда кўрдим. Икки кун тўшак тортиб ётди. Энг оғир, уқубатли кунларда ҳам бундай кайфиятга тушмаганди. Нима бўлганини сўрасам синиқ жилмайди-ю, ҳеч нима демади. Ижинилаб сўраб, кўнглига озор беришдан тортиндим. Айтадиган дарди бўлса ўзи айтарди. Демак, менга айтадиган гап эмас, деб ўйладим. Учинчи куни табиатига мутлақо сингишмайдиган иш қилаётганини кўриб қолдим: янгам пахтадан пилик эшиб ёққа ботирган ва хонаси бурчагини очиб, чироқ ёқарди. “Наҳотки Тугал акам тўғрисидаги ҳақиқатни эшитган бўлса- дея юрагим шувиллаб кетди.-Агар шундай бўлса, ишлар пачава-бу мусибатни кўтариши қийин”.

-Нима қиляпсиз, чеча?-сўрадим ботинмайгина.-Бундай одатингиз йўқ эди-ку!

-Ўзим…-бўшашиб жавоб берди у.-Негадир шундай қилгим келди.-Янгам ёнаётган пиликни ўз ҳолича қолдириб, мен томонга ўгирилди.-Сизга бир гапди айтишим керак, маллим. Энди менга оқ кўнглингиз билан жавоб берсангиз, укаларимди қўлига борсам. Сиз ҳам ўқишдан қолманг…

Ногоҳ бошимга тўқмоқ билан уришгандай бўлди.

-Бирданига нега бундай деяпсиз, чеча, ё биздан бирор нодонлик ўтдими?! Кимдир билиб-билмай сизди хафа қилиб қўйдими?

-Сираям ундай бўлмади, қайним, мен келин билан сиздан мингдан-минг розиман! Ўйлаб қарасам, энди укаларимди қўлига бормасам бўлмас экан… Сиз ҳам мендан рози бўлиб, жавоб беринг!

Ҳожар янгамнинг гаплари менга негадир алвидо айтаётган одамникидай эшитилиб, юракларим зирқиради. Аммо бобомнинг васиятига кўра унга рад жавобини айтолмадим. Бари бир хом сут эмган банда эканмиз, дилим озроқ лат еди. “Дунёда ҳеч нарса муқим эмас экан,-деб ўйладим ўзимча.-Меҳр-муҳаббат ҳам, вафо ва садоқат ҳам ўткинчи экан. Одам боласи вақти билан ҳамма нарсага кўникиб ўзгараркан. Тугал акамнинг энди қайтмаслигига ишонган у. Балки, эллик ёшни қоралаб қолганига қарамай ўй-рўзғор қилишни ўйлагандир…”

Кўп ўтмай хом ўйлаганим маълум бўлди ва нотўғри фикрларга борганимдан қаттиқ пушаймон едим. Мен янглишибман. Айрилиқ ва фироқнинг зил-замбил юкини ўттиз йил елкасида матонат билан кўтариб келган аёл ҳеч қачон ўз муҳаббатига хиёнат қилмайди. Севганига шунчалар кўнгил қўйиб, унинг йўлига шунча вақт кўз тиккан аёл вафосига мункир келиб бўлмас экан. Бундай АЁЛЛАРнинг садоқати мангуликка даҳлдор.

Менга шу кезларда малака ошириш институтига бир ойлик йўлланма беришган эди. Шу мухлатда келини ёнида бўлиб туришини илтимос қилдим ҳам-ки, Ҳожар янгам унамади. Балки шу туфайли боягидек нотўғри ўйларга боргандирман.

-Бу аҳволимда сиз кетгач келинни қийнаб қўяман, маллим,-деди у қарорини изоҳлаб.-Ёш болаларини уйда қолдириб, келин мени дўхтирма-дўхтир олиб юролмайди. Бу ишни укаларим қилади. Сиз ортингизга бурилмай ўқишингизга кетаверинг…

Ўйлаб кўрсам, янгамнинг гапида ҳам жон бордек туюлди. Ноилож кўч-кўрони билан ота уйида қолдириб, шаҳарга жўнаб кетдим. Қайтганимда эса мудҳиш хабарни эшитдим. Ҳожар янгам ҳам бу ёруғ дунёни армон билан тарк этибди. Қайсидир бефаросат суюнчилаган хабар уни адои-тамом қилган бўлса керак. Юрак-бағри куйиб, кули ичига тўкилган-у, буни менга сездирмаган. Мен йўғимда келинини мушкул аҳволга солиб қўймаслик учун укалариникини танлаган. Аммо дўхтирга олиб боришларига унамапти. Айтишларича жони узилаётган пайтда ҳам мўлтираб эшикка тикилганмиш, кимнидир интиқ бўлиб кутганмиш. Кейин эскигина бир қизил рўмолни бағрига босганича жон берганмиш.

Рўмолни танидим-Тугал акам совға қилган ва мен элтиб берган ўша қизил ипак рўмол эди. Ҳожар янгам уни Тугал акам урушга кетгунича бошига ўраб юрди-ю, кейин эҳтиётлаб сандиғида сақлади. Баъзи-баъзидагина чиқариб бошига хуфёна ўрар, ҳидлар, ўпар ва яна яшириб қўярди. Энди анчагина ранги кетиб қолибди.

-Раҳматли сизга илиндиёв,-деди ёнимда ўтирган катта укаси.-Манзилингизди аниқ билолмаганимиздан, вақтида хабар беролмадик. Боз устига, опамди ўзиям сизди чақиришимизга қарши турди: “Ўзи яқинда кетди, ўқишига ҳалал берманглар”-деди.

Бу гапни эшитгач, беихтиёр инграб юбордим:

-Вой онам!! Фариштадай покиза ва бегуноҳ онажоним! Бир сиқимгина тупроғи ҳам менга насиб қилмаган онам!

“Онам”лаб йиғлаётганимга ҳайратланибми, ёнимдагилар ажабланиб тикилиб қолишди. Янгамни нега “онам” деб фарёд чекаётганимни катта укаси ўзича тушуниб, ўтирган жойимда маҳкам қучоғига босди. Бошини бошимга қўйиб, елкамга уч-тўрт марта, беозор қоқди. Бу гал у янглишди. Эҳтимол, фарзандидай бўлиб қолганим сабабли Ҳожар янгам охирги дамларида мени ҳам эслагандир. Лекин у бошқа одамга-Тугал акмга илингани аниқ. Энг сўнгги сонияларда бўлса ҳам маҳбуби дийдорини кўриб қолишдан умидини узмаган шекилли.

Дилимни ғуссага тўлдираётган сабаб бошқа: Ҳожар янгам мени боласидай пўпаклаб ўстирди-емай едирди, киймай кийдирди, ўқитди, уйлантирди-ўша оғир дамларда топганини ўзидан олдин менга ямади. Назаримда бобомдан ҳам ортиқроқ меҳр кўрсатди. Ҳамма амакининг беваси амаки қайнисига бундай мурувват қилолмайди, бунчалик меҳр беролмайди. Булар камдай, жон берарда ҳам мени ўйлаган-укаларидан чақиртириб, машғулотларимга ҳалал бермасликни талаб қилган. Мен эса, гарчи сабаби бўлса-да, бу меҳри дарё инсон олдидаги охирги қарзимни ҳам узолмадим, зиммамдаги муқаддас бурчни бажаролмадим. Уни укаларига ташлаб кетмай сўнгги йўлга ўзим кузатишим, ўзим кўмишим лозим эди. Юрагимни ўртаб, тутунини осмонларга чиқараётган сабаб-шу!

Уруш шўрини шўрвадай қайнатган шўрликкина янгам! Тириклигида ёғи бўлмаса ҳам пориллаб ёниб, атрофидагиларнинг юракларига нур индириб яшади. Сиртдан қараганда тинч оқаётган дарёдай сокин ва осуда ҳаёт кечирди. Бағридаги кучли пўртаналар, беором долғалар ва чуқур уюрмаларни бировга сездирмади. Менгина унинг қалб туғёнларидан қисман хабардор эдим. Мен билмаган қандай гуноҳи бор эди-ки, шўрлик янгам қаттол урушнинг ўттиз йилдан кейинги, эҳтимол, сўнгги қурбонларидан бирига айланди. У ҳам бошқалардек ўз маҳбуби билан серфарзанд оила бўлиб, бахтли яшаши мумкин эди. Аммо касофат уруш орзуларини саробга айлантирди. Бари бир у аёл вафоси ва садоқатига мислсиз тимсол бўлиб яшади ҳамда шундай кетди.

Ҳожар янгам бизга қилган эзгуликларнинг мингдан бириниям ўзига қайтаролмадим. Кўр тақдирнинг тақозоси шундай бўлгач на чора! Одамзод кўпинча бўлар ишлар бўлиб, бўёғи синггачгина қилолмаган ишларидан афсусланиб юради. Унгача яқинларимиз гўё минг йил яшайдигандай, уларга қиладиган хизматларимизни бемалол қилиб улгурадигандай бўлиб юраверамиз. Афсус-ки бундай эмас экан! Янгам олдидаги қарзларимни, қисман бўлса-да, енгиллатишнинг биргина йўли қолди: устахонамда ҳалигача чала ётган ҳайкални тезроқ битказиш ва жойига ўрнатиш йўли. Шу ишни тўкис уддаласамгина кўнглим озроқ таскин топиши мумкин. Қаттиқ киришсам, қўлимдан келадигани-шу.

… Шу пайтгача негадир секин, анча унумсиз ишладим. Илҳом аканинг ўз ҳисобимдан отпуска олиш таклифини ҳам орқага суриб келдим. Ҳожар янгамнинг вафотидан кейин ҳис-туйғуларим шунчалик жумбушга келди-ки, устахонамдан бутунлай чиқмай қўйдим. Яратилажак ҳайкаллар ансамблидаги ҳар бир натуранинг феъл-атвори, руҳий олами, юз-кўзларида акс этаётган ифодалар энг майда чизиқларигача кўз олдимда жонланиб, мени ишлашга, фақат ишлашга ундарди. Рафиқамга: “Сўраб келувчилар бўлса уйда йўқ деб айт”-дейишгача бордим. Вақтни қизғаниб, мактабга ҳам бориб юрмадим. Узоқ муддатли ижодий отпуска сўраб ёзган аризамнинг ёнига малакамни ошириб қайтганлигим ҳақидаги маълумотномани тиркаб, Ўгатнинг мактабига қатнаб ўқиётган болаларнинг биридан бериб юбордим. Бу ишим учун меҳнат интизомини бузувчи сифатида ишдан ҳайдашлари мумкинлигини ҳам ўйлаб ўтирмадим.

Олти ой чамаси тинимсиз ишлаб, Ҳожар янгамнинг монументал ҳайкалини яратолдим. Кейинги ишловда бир ўзгариш киритдим-ки, шу озроқ вақтимни олди. Энди янгам мен обориб берган ўша ипак рўмолни қўлида сиқимлаб ушлаганича кўксига босиб турибди. Чапи билан ўн ёшлардаги бесабр болакайнинг қўлидан ушлаб олган. Ўнг томонида қайнонаси-Гулмиш момом ўйчан қиёфада ўтирибди. Ҳаммасини ўзим ясаган қўлбола хумдонда захасиз пишириб чиқардим. Қолипини ясаб, асл нусхани бронзадан қуйишгина қолди. Кейин янгам Ўгатнинг гузарида туриб, илҳақ бўлган одамини биз билан бирга минг йиллаб кутади. Ҳаёт пайтларидагидай умид узмай кутаверади, кутаверади. Кутишдан сираям чарчамайди!

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.