Сиёсий сатира

iak_raqqos.jpgОқсарой ҳангомалари

2.Бўйиннинг бурчи

”Катта”  Анвар қорини ёнига ўтқазди ва׃

-Ҳазрат, сизни отиб кетишганмиди?-деди

-Ҳа, ҳа… пичоқлаб кетишувди. Анча бўлиб кетди. Адашмасам, 2009 йилда эди, 31 июлдамиди?!

-Соати ҳам эсингиздами?

-Минг карра узр, аниқ соати эсда қолмаган, қарияпмизда…,-деди Қори ака қўлини кўксига қўйиб.

-Ҳа, мани ҳам эсимда кўп нарса турмайди. Ўшанда бир ҳафтадан кейин ишга чиққан эдингиз-а?

-“Чиқсин” деб амри-фармойиш берган экансиз, ҳукми шоҳ, ҳукми Худо деб чиққанмиз.

”Катта” бошини кўтариб, осмонга қараб, кўзи билан кулиб қўйди. Кейин яна Қори акани саволга тутди׃

-Ўшанда МВДдан ҳам биттасини пичоқлаб кетишганди-а?

-Ҳа.. ҳа… Манимча, отиб кетишгандиёв. Раҳматли бўлди.

-Ҳм… Сизга пичоқ урганлар неча киши эди?

-Манимча… бир неча киши эди…

-Юзтача бормиди?

-Пичоқни ургандан кейин кўзимнинг олди тиниб қолди… аммо кўп эди…

”Катта” яқинидаги мулозимга қаради.

-Эшитдингизми, кўп эди деяптилар?

-Ҳа… Ҳа… Биз ҳам юзтача одамни қамаб ташладик,-деди мулозим расмий оҳангда.

”Катта” Қори акага юзланди׃

-Ҳммм.. бу йигит юзтача деяти, сиз кўпроқ деяпсиз, қанча одам эди ўзи?

-Тақсир, бошим айланиб, кўзимнинг олди қоронғулашиб қолганди. Ўзимдан кетиб ўзимга келиб тургандим. Бир кўзимни очсам, минглаб юлдузчалар кўринганди.

-Ўшалар одам бўлиши мумкинми?

-Ҳа… ҳа… Қон кетавергандан кейин атроф осмон, одамлар юлдузчалардек кўриниб қолар экан…

-Ана кўрдингизми,-деди ”Катта” ҳалиги расмийга қараб,-бу ишни қайтадан очиб, қайтадан кўриш керакки, адолат қарор топсин. Биз нима учун яшаяпмиз? Адолатни ўрнатиш учун. Шундай эмасми, Қори ака!

-Ҳақ рост айтингиз, Субҳонолло, Субҳонолло! Илоё умрингизни узоқ қилсин! Омин!

-Сизни ҳам, Қори ака, борингизга шукур! Сизга ёрдам қилиш, адолатингизни тиклаб бериш бўйнимизнинг бурчи!

Жаҳонгир Муҳаммад.

jahonnnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM and tagged . Bookmark the permalink.