Абулфайз БАРОТОВ

barotov“28-группа”

Ёхуд Самижон Салимов ҳақида

У ғоят истеъдодли, гапларида сеҳр бор эди. Олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярми. Мен Самарқанд вилоят “Ленин йўли” (Ҳозирги “Зарафшон”) газетасининг маданият бўлимида эндигина иш бошлаган кезларим эди. Бир куни хонамизга мўйлов қўйган, гавдали бир йигит кириб келиб, мен билан худди эски танишлардек самимий сўрашди-да, бўлим мудиримиз Суръат Ориповни сўради. Мен Суръат акани муҳаррир чақирганлигини, ҳозир келиб қолиши кераклигини айтдим. Ўзини Самижон деб таништирган бу йигит дилкаш, сўзамол, шу билан бирга суҳбатлари ғоят ёқимли эди. Бироздан кейин хонага кириб келган Суръат ака Самижонни кўриб яшнаб кетди.
-Бу йигит бўлажак шоир Самижон Салимов бўлади,- деди Суръат ака менга.
-Биз Абулфайз билан танишиб олдик,- деди Самижон мулойим жилмайиб.
Ўшанда Суръат ака Самижон олиб келган бир даста шеърларидан 5-6 тасини танлаб олди. Газетанинг шанба кунги сонларидан бирида эълон қилинган Самижоннинг шеърлари лирик кечинмаларга, нозик туйғуларга бойлигидан ташқари, ўта фалсафий ҳам эди. Биз дўстлашиб кетдик. Ўша йиллари Самарқанд Давлат университетининг филология факультетида таълим олаётган шоир Абдумурод Исматов, вилоят халқ ижодий уйида директорлик қилаётган шоир Машраб Бобоев, ҳамда бўлим мудиримиз Суръат Орипов ва мен довруғи оламга достон бўлиб кетган Абдулла Ориповни Самижон Салимовнинг ижарада турган уйида меҳмон қилганимиз эсимда. Самижоннинг қўшнисидан 10 литрча қўлбола вино сотиб олдик. Овқатнинг эса тайини йўқ. Ўшанда Самижон ишсиз эди. Бизлар ишласак ҳам негадир ортиқча пулимиз бўлавермасди. Суръат ака умуман пулга ялчимасди. Унинг маошини ичиб қўйишини билган сапсариқ хотини уйга борганидан чўнтагини қоқлаб қўярди. Мен, Машраб, Абдумурод сингари бўйдоқлар эса, уйда нон-ош деб ўтирган болаларимиз, чўнтакларимизни қоқлаб қўядиган хотинимиз бўлмаганлиги учун ҳам ҳар хил баҳона-ю, сабабларни рўкач қилиб, пулимизни кўпроқ ичкиликка, ўйин кулгига сарф қилганлигимиз учун ҳам “бечора, ўрта ҳол деҳқон” сифатида яшардик.
Ўшанда Абдулла Орипов ҳали матбуотда эълон қилинмаган “Ўзбекистон ватаним маним” шеърини ўқиб берган эди. Шеър чинакам даҳшат эди. У яна шеърлар ўқиди. Кейин Самижон Салимов, Суръат Орипов, Машраб Бобоевлар ҳам ўз машқларидан намуналар ўқишди. Айниқса Самижоннинг дард билан ўқиган шърларини орадан йиллар ўтса ҳамки унутута олмайман. У ноёб истеъдод эгаси эди. Ўша пайтдаги муҳит унинг зўр шоир бўлиб етишишига имкон бермади. Боя айтганимдек, у ишсиз эди. Яқинда фарзандли бўлганди. Бир гал менга, “ йигирма тийин бериб турсангиз, қизимга сут олишим керак,”-деганида ғалати бўлиб кетгандим. Бундай одамларнинг жойи ижодий масканларда бўлиши лозим эди. “Лекин йўли”да ҳам бўш вакант жойлар ҳаммавақт топиларди. Лекин шоир халқини ҳаммавақт ҳам таҳририятга йўлатаверишмасди. Уларни ортиқча “юк” деб ҳисоблашарди.
Машраб Бобоев қонуний ишлайман, адолат деганини юзага чиқараман деб, вилоят маданият бошқармасининг бошлиғи билан келиша олмай ишдан кетди. Анча вақт ишсиз юрди. Маданият бўлими мудири Суръат Орипов муҳаррирга кириб, Машрабни бир амаллаб котибиятга котиб ўринбосарлигига ишга жойлаштирди. Машраб тушгача газета оттискаларини кўтариб, босмохонага кириб- чиқиб юрди. Тушдан сўнг эса қорасини кўрсатмади. Бир ҳафтадан кейин мен уни Регистонда кўриб қолдим.
-Э, жўра, бу иш менга тўғри келмас экан,- деди у бошини чайқаб.- Мени ёш боладай бир чақага қиммат ишларга югуртиради. Яна миннат қилганликлари ортиқча.
Бир ойдан сўнг унинг Жомбой туманида радиоташкилотчилик вазифасида ишлаётганлигини эшитдик. Бир гал учрашганимизда, “жўра бу иш ҳам расво экан. Энг ёмони маоши жуда кам -50 сўм. Бир ой маошни кутиб, қўлга олганимдан кейин уни нимага, қаёққа сарф қилганимни ҳам билмай қоламан. Бирданига йўқ бўлиб кетади-я,”- деганди.
Кейин Абдулла Орипов Самарқанда келганида, “хор қилибсизлар шундай шоирни,”- деб, Машрабни Тошкентга олиб кетди. Абдулла Орипов Самарқандга тез-тез келиб турарди. Чунки унинг акаси Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида доцент, синглиси эса Самарқанд тиббиёт институтининг талабаси эди. Тошкент рассомчилик ва актёрлик институтини тугатган Машраб республика радиоқўмитасида ўсмирлар билан ишлаш бўлимида фаолият кўрсата бошлади.
Самижон эса ҳамон бекорчи эди. Кейин унинг ҳақида ҳар хил гаплар эшита бошладик. Ўша пайтларда кажавали мотоцикл энг ноёб матоҳ ҳисобланарди. Унинг харидори кўп эди. Мотоциклни ўз нархида топиш қийин эди. Кейин билсак, Самижон мотоциклни топиб бериш менга чўт эмас, базада, облисполкомда танишларим кўп дея, кўп одамларни чув тушираётган экан. Буни мен кейинчалик қўшнимиз, шаҳар прокуратурасининг катта терговчиси Пўлат Раҳимовнинг тергов материалларидан ўқидим. Хуллас, Самижон шоирдан тортиб, олий даргоҳнинг домласигача, дўкон мудиридан тортиб, ОБХСС ходимигача – барини ўзининг чўпчагига ишонтириб, қулоқларига лағмон илган экан. Бир гал унинг қармоғига муҳарриримиз Ахмаджон Мухторовнинг укаси ҳам илинишига сал қолганди. Аҳмаджон аканинг укаси ҳовлиқиб келиб акасидан мотоцикл учун пул сўрайди. Мотоцикл дарагини эшитган Ахмаджон ака у ёқ-бу ёққа чопиб пул излаганинидан хабардормиз. Аммо вақтида пул топиб беролмаганлиги учун Самижон йўқ мотоциклни бошқа бировга “бериб юборгани” учун Ахмаджон ака ундан роса хафа ҳам бўлганди.
Унинг энг шов-шувли иши Самарқанд тиббий инситутига боғлиқ, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган товламачилиги бўлди. Самижон Самарқанд тиббиёт институтининг ректори Муса Назарович Ҳайитов менинг жондек қадрдоним бўлади деб, бутун бошли бир группа абитуриентларни талабага айлантиради. Ўзларини институт талабалари деб билган группа аъзолари декабрга қадар пахта йиғим-теримида ҳам иштирок этадилар. Пахтадан кейин стипендия масаласида жанжал кўтарилиб, рўйхатда йўқ группа сири фош бўлади. Хуллас, 28-группа талабалари институтдан ҳайдалади. Бу ҳақда “Совет Ўзбекистони” газетасида эълон қилинган “28-группа” сарлавҳали фельетон вақтида чинакамига шов-шувга айланганди.
Самижоннинг иши терговга тушди. Юқорида айтганимдек, қўшнимиз, прокуратура терговчиси Пўлат Раҳимов ҳафтада бир -икки марта Самижон Салимовни тергов қилиш учун Каттақўрғон қамоқхонасига бориб келарди. Бир гал таҳририятга, менинг номимга Самижон Салимовдан хат келди. Хат Дилором исмли шоира қизга ёзилган бўлиб, мактубни унга албатта бериб қўйишимни Самижон қаттиқ илтимос қилганди. Хатни ўқиб чиқишим мумкинлиги айтилганлиги сабабли, уни ўқидим. Мактуб охиридаги, “…Дилором, ҳозир мен фожеавий қисматимнинг энг юксак чўққисида турибман, буни фақат сен тушунасан,”- деган гаплари ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглагандай бўлади. Хатни Дилоромга етказдим. У менинг олдимда мактубни ўқиб чиқди ва оҳ уриб, бошини чангаллаганича, йиғлаб югуриб кетди.
Менинг назаримда Самижоннинг хатида яширинча ёки ортиқча бирон гап йўқ эди. Фирибгарлик йўлига кириб кетганлиги ҳақида ҳам ҳеч нима дейилмаганди. Дилором нега бунчалик жўнбўшга келганини ҳалигача тушуна олганим йўқ. Бир гал терговчига Самижоннинг хати ҳақида гапириб, унга ёрдам қилишнинг иложи йўқмикин деб сўрадим. Хат ҳақида эшитган терговчининг сочлари типпа-тик бўлиб кетди.
-Каттақўрғон қамоқхонасидан сизга хат келдими? -деди терговчи қалтираб.- Бу мумкин эмас. Ёлғон гапираяпсиз.
-Нега ёлғон гапираман,- дедим аччиғим чиқиб.- Хатда прокуратура сирларини фош қиладиган ҳеч гап йўқ. Мактуб бир қизга атаб ёзилган эди. Мен Самижоннинг илтимосини бажардим.
Терговчи биданига хомуш бўлиб қолди.
-Ишонасизми, дўстим,- деди у ҳаёжонланиб.- Самижонга мен ҳам ачинаман. Унинг билан ҳар гал гаплашганимда биласизми, нимадир қалбимни жўнбўшга келтиргандай бўлади. Унда одамни ўзига жалб қиладиган қандайдир сеҳр бор. Унинг қилган валламатликларини (товламачиликларини демади) оддий одам сираям қила олмайди. Самижонни тергов қиламан деб бораман-у, ўзим ҳам у билан беихтиёр қизғин суҳбатга киришиб кетаман. Терговни чўзиб юбординг деб кеча прокурор огоҳлантириш ҳам берди.
Самижон бу қилмишлари учун қонун олдида жавоб берди. Бир гал Самарқандга келган Абдулла Орипов, “наҳотки шундай шоирни ёмон йўлдан қайтариб, сақлаб қола олмадинглар,”- деб, Суръат акадан гина қилган экан. Довруқли шоир ҳақ гапни айтганди. Биз инсонлар нақадар бефарқмиз. Ўлдинг, азиз бўлдинг, дегандек, одам дунёдан ўтиб кетганидан кейин уни эслаймиз, қайғурамиз, оҳлар чекамиз. Имконияти борлар, агар вақтида Самижонга ёрдам қўлини чўзганларида, унинг ҳаёти фожега айланмай, бутунлай бошқа йўлдан кетган, ҳозиргача тирик юрган бўлармиди.
Худо лойдан Одам Атони яратиб, унга жон бахшида этганидан кейин унинг чап қовурғасидан аёл зотини яратган экан. Ана шундан бери эр-хотин бир тан-бир жон бўлиб, сув келса симириб, тош келса кемириб, бир-бирларига ҳамдам, ҳамфикр бўлиб яшаб келади. Фақат бузғунчи шайтон ўртага суқилиб, хотинни эрдан, эрни хотинидан ажратиб юбораётгани ёмон бўлаяпти. Агар эр ҳам, хотин ҳам шайтонга ҳай бериб, бир-бирларини тушуниб, қўлласалар олам гулистон бўларди-я. Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин,-дегандай, кўп нарсалар хотинга боғлиқ бўлмаганида, баъзи эркаклар кўпроқ яшарди. Кўпинча эрнинг бошига хотин етади, бизлар эса фожеанинг илдизини сиёсатдан излаймиз. Шайтон бола-чақаси билан беткайда ўтириб олиб, фарзандларига гап ўқтирмоқда экан.
-Ҳов анову тўрт оёқли ҳайвон сигир бўлади. У сут беради. Сутдан қатиқ, мой, айрон олинади. Уни сўйиб гўштини ейиш, суягини ғажиш мумкин. Ҳов анови ҳайвон эса от бўлади. Сутидан қимиз таёрлашади. Илгарилар унга миниб олишиб, одамлар бир-бирларини қилич билан чопишган. Ановуси эса ит, одамларни қўриқлайди.
-Ҳов анову югуриб келаётган икки оёқли ҳайвон нима деб аталади?- сўрабди шайтонбаччалар.
Она шайтоннинг туклари хипчиндек типпа-тик бўлиб кетибди.
-Одам дегани шу бўлади, болам. Улардан худонинг ўзи асрасин. Кўнглининг кўчасига келган қилғиликларни, ёвузликларни, тубанликларни тап тортмай қилишади-да, бизни шайтон йўлдан урди деб, қилмишларини бизга тўнкашади. Тез бўлинглар, палакати одамзод тўғри биз томонга келаяпти, шекилли. Яна бир кори-ҳол юз бермасдан, қочайлик бу ердан.
Шайтон болаларини етаклаганича, беткайдан ошиб, қаро ер қаърига ғойиб бўлибди.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.