“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (давоми)

Қишлоқдан узоқлаганимизда ой шом еб чиқа бошлаган эди. Бадалнинг қўнида иккита чумчуқ, уйларининг буғотидаги инларидан тутиб олганди. Қўлида керосинга ботириб ўраб-эшилган бир қулочдай пахта пилик. Менда икки савақ ғалак ип билан гугурт. Шошилинчда чақмоқтошга ишониш қийин бўлганидан, янгам уйимиздаги энг сўнгги ярим қоп гугуртни ноилож менга берганди.
Қишлоқ четидаги тепаликка чиққач, ўгирилиб ортимизга қарадик. Ҳожар янгам келяптимикан, деган ўйда эдик. Аммо у кўринмади. Ойнинг роса кўтарилиб олишини кутаётган бўлса керак. Бадалнинг гапидан атроф ёришмаса, Назир чўлоқнинг йўлга тушмаслигини пайқаганди. Қолаверса, ўғри-муттаҳамлар ўз ишини иложи борича кечроқ бажаришади. Қишлоқдагиларнинг олди уйқига кетган. Қолганлар ҳам иссиқ тўшагига кирганига шубҳа йўқ. Шунинг учун бизни ҳеч ким пайқамаганига амин бўлиб, секингина йўлдан чиқдик ва келишилган жой томонга тушиб бордик.
Оқшом қоронғилиги ой чиққач нимтатир ёришган эса-да, нимадандир чўчиб, юрагим увишарди. Назаримда Бадал ҳам чўчиётганга ўхшади: тез-тез мен томонга олазарак қарарди. Ҳар ҳолда биз икки киши эдик-чўчиётган бўлсак ҳам бир-биримизни паноҳ тортиб олдинга босардик.
Кўп ўтмай яримлашиб қолган пастда ой Қўйтош тоғлари чўққиларини ҳам хийлагина пастда қолдириб, бизнинг тепамизга яқинлаша бошлади. Нур югуриб заррин тус олган осмоннинг ҳар-ҳар жойида уйиб ташланган бир қучоқ-икки қучоқ пахтадай парқу булутлар кўринди. Бундай оқшомда оқибати номаълум “ўйин”га чоғланиб, совуқ кўкатлар орасида дийдираб ўтиргандан кўра иссиқ тўшакда узала тушиб, уй дарчасидан ёруғ осмоннитилла ойни, ёқут юлдузлар ва зарҳал гардишли оқ булутларни жимгина томоша қилиб ётишга нима етсин!
Бизни бу “ўйин”га ундайдиган сабаб бор эди. Назир чўлоққа кучимиз етмаслигини билсак-да, баъзи ҳамқишлоқларимиздек, уни қудратли одам деб ўйламасдик. Шунчаки қаллоб ва мутаҳҳам, деб билардик. У келтириши лозим бўлган дон ҳамқишлоқларимиз ва биздан олинган дон эканлигига ишонардик. Лекин мақсадимиз уни тортиб олишгина эмасди. Биз болаларча соддалик билан қаллоблик ва муттаҳамликдан ўч олишни истардик. Зора шу йўл билан битта муттаҳамликка чек қўйсак, деб ўйлардик.
Кутишимиз лозим бўлган жой Қоратошни Ўгатга боғлайдиган йўлнинг яқингинасида-чоғроққина жарлик ёқасидаги улкан харсанг тошлар панасида эди. Ўгатдан келаётган йўловчи ёнимиздан сезмай ўтиб кетиши мумкин бўлгани ҳолда, биз уни тошларнинг тирқишларидан аниқ кўриб турардик. Ҳожар янгам келишувимизга кўра жарликнинг биз тарафдаги қирғоғида-йўлнинг устида туриши ёки ўтириб олиши керак эди. Лекин ундан ҳануз дарак йўқ.
Анча кутдик. Ортга қайтишни ўйлаб турганимизда тепаликда Назир чўлоқ кўринди. Оғир юк ортилган эшакнинг устига қўнқайиб ўтириб олган, бепарво келарди. Қишлоқ тарафга яна олазарак қарадим. Ҳожар янгам ҳалиям кўринмасди. Усиз ҳаракатларимиз фойда бермаслигидан қўрқа бошладик.
Ой қарийб тиккага келиб қолди. Янгамнинг келиш фурсати ўтиб кетаётганди. Шу туфайли нима қилишни билмай бошим қотиб турганида Бадал биқинимга қаттиқроқ нуқиди ва орқага эмас, сал ўнгроққа ишора қилди. У кўрсатган томонга қарадиму вужудим игна санчилгандай зирқираб кетди. Тепаликнинг қир учидан бошига оқ рўмол ташлаган, қордай оппоқ либосли бир аёл қўлларини қанотдек бир маромда силкитиб, аста тушиб келарди. Шу кўринишида юриб эмас, бамисоли сузиб келаётганга ўхшади-ки, унинг Ҳожар янгам эканлигини дафъатан таниёлмадик. Бир муддат Назир чўлоқни унутиб, у тарафга бақрайиб қолдик.
Бизга белги бериш маъносидами ё атрофда яна биров бор-йўқлигини аниқлаш учунми, аёл тезгина ўнгу сўлига қараб олди. Қўлларини тушириб, белига ўралган фўтасимон нарсанинг орасидан ниманидир олгандай бўлди. Сўнгра иккала қўлини баравар олдинга узатиб, йўл томон сал қиялаганича пастлаб келаверди. Назир чўлоқни ажина билан қўрқитамиз, деб ўзимиз ажинага рўпара бўлдикми, деган ҳадикда юрагим гупиллаб урарди. Менимча Бадал ҳам шу куйга тушганди: қимирлашгаям қўрқиб, қотиб ўтирардик.
Аёл бир меъёрда юриб келарди. Гўё оёқлари орга тегиб-тегмаётгандай, ер ва осмон орасида муаллақ сузиб келаётгандай кўринди.
Назир чўлоқ тепаликнинг ярмидан пастроққа ўтганди. Биз кўрган нарсани у ҳам кўрган шекилли, аёлдан кўз узмай ниманидир пичирлаб келаётганга ўхшади. Овозини чиқариб, калима ўгираётган ёки ўзи билган бирор дуони ўқиётган бўлса, бизга пичирлаётгандай эшитилгандир балки. Ҳар ҳолда у билан бизнинг орамизда анчагина масофа бор. Шу юришида жарлик ёқасида фариштага бақамти келиши аниқ. Шуни ўйлаб турганимда Бадал шошилинч нуқиб қолди.
-Қада, бу ёққа қада!!-деди ҳаяжонли шивирлаб,-чечанг… Қойил-э!
Биримизнинг диққатимиз Назир чўлоққа, иккинчимизники янгамга бўлиниб, ўзимиз қилишимиз лозим бўлган ишни унутаёзган эканмиз. Бадал кўрсатган тарафга қарадим-у янгамни танидим. Келинлигида бир-икки мартагина кийган эгнидаги оқ шоҳи кўйлак ой шуъласини қайтариб майин ялтирарди. Ўшанда айнан шу кўйлагини кийиб чиқиши мумкинлигини ўйламаган эканман. Шу сабабли аввалига уни таниёлмай қолибмиз.
Шу пайт ғалати ҳодиса рўй берди: Ҳожар янгам тўхтади ва олдинга узатилган қўлларининг орасидан бир тутам узун нур отилиб чиқиб, Назир чўлоқ келаётган йўлнинг нариги четига тушди. Кейин биз томонга силжиди. Йўлни кесиб ўтиб ортига қайтди ва яна йўлни кесиб ўтиб бирдан йўқолди. Назир чўлоқ қўрқиб кетди шекилли, овозини кўтариб калима ўгира бошлади:
-Ло илоҳо иллоллоҳ… Ишш…иш!!
Шоша-пиша эшагини тўхтатди.
Бадал ўзига келиб шивирлади:
-Ғалтак ипингди бидовини тайёдла!
У керосинга ботирилган увада пиликни чуватиб, ўртасидан бўлди. Бирининг учига мен тутган ғалтак ипни боғлади. Қўйнида питирлаётган чумчуқлардан бирини чиқариб, оёғини менга тутди. Пиликка уланган ғалтак ипнинг иккинчи учини қушнинг бир оёғига боғлаб бўлганимдан кейин: “Ёқ!”-деди пиликнинг нариги учини пастроққа тутиб. Ёнаётган пиликни ўтларга ўралиб қолмайдиган баландликка кўтариб, олов ўчмайдиган даражага етгач, чумчуқни юқорига отиб юборди.
Эркинликни ҳис қилган қушча баландга пириллаб кўтарилди-да, яна пастга шунғиди. Ҳожар янгамнинг тепасига яқинлашганида уни пайқаб қолди. Одамдан зада бўлган чумчуқ олдинда қандайдир ялтироқ либосли кимса турганидан чўчиб, бирдан баландга кўтарилди. Кейин ортига кескин бурилиб, Назир чўлоқ тарафга уча бошлади. Оёғига осилиб турган пилик гуриллаб ёнар, бундан ўтакаси ёрилаёзган қушча шунғиб кўтарилганида сирли билтанглар, унга сари юқорироққа учишга интиларди. Тахминан Назир чўлоқнинг тепасидан ўтиб, яна кескин ортга бурилди. Олов ингичка ғалтак ипни куйдириб узди. Ҳануз гуриллаб ёнаётган пилик “сирли нур кесган” жойнинг нақ ўзига қуйилиб тушди. Хавфли “юк”дан халос бўлган чумчуқ пириллаганича Қоратош томонга учди ва тездаёқ кўздан йўқолди. Тасодифан сирли нур кесган жойга илонсимон оловнинг келиб тушгани бечиз эмасдай, Назир чўлоқнинг эсхонасини чиқариб юборди. “Во-о-оғғ!” деганга ўхшаш овоз чиқариб, эшакдан ёнбош бўлиб қулади.
У ёмон йиқилганига қарамай дарҳол ўнгланиб, эшагининг оёқлари орасидан сўниб бораётган оловга қаради. Худди шу пайтда биз ўзаро келишиб олгандай ясси тошларни бир-бирига уриб, шаққилата бошладик. Назир чўлоқ гоҳ биз томонга, гоҳ сўниб борётган олов томонга, гоҳ энди жарликка яқин жойга келиб, йўлнинг ўртасига туриб олган. Ҳожар янгам томонга олазарак қарай бошлади. Осмондагига нисбатан суст ёнаётганига қарамай, ҳалиям пилик унга оғзидан ўт чиқараётган илон бўлиб кўринарди шекилли. Бунинг устига тошлардан чиқаётган шовқин-сўрон, йўлнинг қоқ ўртасига туриб олган алланима. У ўзи кўраётган ва эшитаётган ғаройиботларга тоб беролмади: ҳассасини ҳам унутиб чаққон ўгирилди-ю, тўрт оёқлаб эмаклаганича Ўгат томонга қочди. Бир-икки марта ўрнидан туриб чопишга уриниб кўрди, эпини қилолмагач яна ер тирмалаб қочаверди. Ҳаракатлари сустлашиб тўхтаган ва боз ортига ўгирилишга журъат қилган пайтда биз ёнаётган пилик билан иккинчи чумчуқни учириб юбордик.
Бу гал “учар ўт” Назир чўлоққа ўлим ваҳмини солди: охирги кучларини тўплаб эмаклаганича қирдан ошиб кетди. Бирор марта бўлсин ортига қарашга ботинолмади. Эҳтимол урушга боришдан қочиб оёғини қирқтиргани учун ўшанда биринчи марта ўзини лаънатлагандир. Эҳтимол жон қайғусида бу нарсани ўйламагандир ҳам. Аммо оёқлари бут эмаслиги азобини илк дафъа чинакамига татиб кўрди!..
Ўзимизга келиб атрофга қараганимизда Ҳожар янгам юк ортилган уловни ушлаб, жарликка тушадиган йўл ёқасида турарди. Эс-дардимиз Назир чўлоқнинг минг азобда қочаётганида бўлиб, унинг жарликдан қачон ўтгани ва қачон эшакни ушлаб бу ерга етаклаб келганини пайқамабмиз. Дарҳол бекинган жойимиздан чиқиб, янгамнинг ёнига югурдик.
-Сизни аввалига таниёлмай қўрқиб кетдик!-дедим ҳаллослаб.
-Қўлингиздан чиққан ёруғлик нимайди, чеча?-сўради Бадал.
-Манови қайтарган шуъла-да,-янгам кулимсираб, Тугал акам олиб берган тўгарак кузгуни кўрсатди.-Шуям иш берди. Сизлар ҳам ишни қотириб бажардиларингиз. Бу-Назир аканинг эсидан бир умрга чиқмаса керак.
Ҳожар янгамнинг қизиқ одати бор эди-одамларга ҳеч қачон камситувчи лақаб қўшиб айтмасди. Катта бўлса ака, кичикларни ука деб кетаверарди. Бу одати баъзида ғашимни келтирарди. “Нега бундай қиласиз, ҳамма айтгандай атайвермайсизми уни?”-десам кулибгина қўя қоларди…
Қўшқулоқни оғдириб қўймаслик учун эшакка бир киши миниши зарур эди. Айниқса жардан қиялаб пастга тушиш ва тепага чиқишда қоп ағдарилса чатоқ бўларди. Юз килодан ортиқ донни бундай ноқулай жойда эплаб эшакка қайта ортишимиз қийин. Бадал унамагач, қўшқулоқнинг устига мен ўтириб олдим. Қуйига тушгач нариги бетга кўтарилиб ўтирмай, жарлик тубидаги ёлғизоёқ йўлдан пастга қараб юрдик. Юз қадамлар йўл босгач жарлик тугади. Икки томони ҳам текис кўтарилган оддий сойхонликка айланди. Ундан осонгина юқорига чиқиб, қишлоққа йўлсиз кетдик. Йўлдан юрганимизда Назир чўлоқ кўрмаганидаям, ҳамқишлоқларимиздан бирортаси кўриб қолиши мумкин эди. Бу кутилмаган гап-сўзлар чиқишига сабаб бўларди.
Жарлик тугамасиданоқ Ҳожар янгам белига фўтадек ўралган мурсагини ечиб, унинг енгидан Тугал акам совға қилган қизил ипак рўмолни суғуриб олди. Мурсакни оппоқ шоҳи кўйлаги устидан кийиб, қизил рўмолни оқ рўмол устидан танғиди. Энди бу кийими билан унчалик кўзга ташланмайдиган бўлиб қолди. Менимча қишлоқдан чиқишида ҳам худди шу кўринишда бўлган. Каттабулоқ сувларининг шилдирашидек майин кулги билан:
-Қалай, мулла бола, бопладикми?-деди.-Бу кишимга берилган биринчи жазо, чўпон бола.
Мен ҳам “чўпон бола” ҳам миқ этмадик. Фақат қиялаб тушган тепаликни айланиб ўтиб, қишлоқ тарафга юрганимизда Бадал:
-Кимникига бодамиз, чеча?-деди.
-Сизларникига…-янгам қисқа жавоб берди.
-Нега?!
-Ўйлаб қарасам, уят иш қипмиз. Донни бизникига олиб борсак отам қилмишларимизни билиб қолади ва биздан қаттиқ хафа бўлади…
Ҳожар янгам оқибатини ўйламасдан бир иш қилмасди. Бирдан фикри ўзгариб қолганидан ажаблансам-да, сабабини сўрамадим. Бир нарсани ўйлагандир-ки, шундай қарорга келган, деган хаёлга бордим.
Бадалларнинг уйи қишлоқ четида. Қоратошни қўйи томондан айланиб, киши билмас кириб бордик. Юкни туширгач, эшакни кўчага ҳайдаб юбордик. Уйини ўзи топиб боришини билардик. Нима гаплигини билолмай ҳайрон бўлиб турган Бадалнинг онасига янгам воқеани қисқагина тушунтирди.
-Дон ҳозирча сизларникида турсин, кейин бир иложини қилармиз,-деди.
…Ўша буғдойдан ўзимиз бир сиқим ҳам олмадик. Эртаси куни кечқурун Ҳожар янгам билан Бадалнинг онаси ҳаммасини ўн-ўн беш қилодан қилиб, қийналиб қолган ҳамқишлоқларимизга яширинча тарқатиб юборишди.

* * *
Майрам чўтир тонг-саҳарданоқ эрининг қайтмаганини айтиб, қўни-қўшниларга ёлвориб ёрдам сўраган бўлса керак, эрталаб уни Ўгатнинг йўлидан топиб келишди. Қоронғида бир ўзи судралиб қаёққаям борарди. Оғзи-бурнига учуқ тошиб, ўлар ҳолатга етганди. Нима бўлганини сўраганларга: “Кечаси эшак йиқитиб кетди”-деганмиш. Хотинига нима бўлганини батафсил айтган бўлса керак, унинг “ажина”га йўлиққанини қоратошликлар бари бир эшитишди-Майрам чўтир бир-икки уйга кириб маъни бергандир-ки, улар қўшиб-чатиб бошқаларга етказишган. Баъзи соддадиллар шундай ғайритабиий ҳодисанинг рўй берганига чиппа-чин ишонди. Кўп ўтмай уйимизга келган бир қариядан бу “янгилик”ни бобом ҳам эшитди.
-Назир чўлоқ уйида кўрпа-тўшак қилиб ётганмишми, Ўрол?-сўради у.-Узунқулоқ гапларга қараганда оқшом Ўгатдан қайтаётиб, бир балога йўлиққанмиш-йўлини оппоқ аёл тўсганмишми-ей… Кўйлаги ойнадай ярқираб, қўлларидан кун шуъласидан ҳам ўткирроқ шуъла таратармиш. Йўлни у бетидан-бу бетига учиб ўтармиш. Чўлоқ тушмагур калима ўгириб келаверган экан, йўлини ўт билан тўсипти. Олов чумчуққа ўхшаб кўтарилармиш-да, йўлига илон бўлиб тушаверармиш. Лов-лов ёниб турсаям илондай судралармиш. Шундаям у қўрқмай келаверган экан, эшагидан отиб юборипти… Хуллас, ақл ишонмайдиган гаплар.
Бобомнинг ёнида жимгина ўтириб, меҳмоннинг лофларини тоқат билан эшитдим. Бироқ кейинги тўқималарини ҳазм қилолмадим. Ўзимни тутолмай:
-Ўтирик1,-деб юборганимни сезмай қолдим.-Гапларининг қарийб ҳаммаси ўтирик!
Чол юзимга ажабланиб қаради. Бобомнинг нигоҳидан “ҳап сеними!” деган маънони уқиб, юрагим така-пука бўлиб кетди. У Назир чўлоқни қандай “жин” чалганини фаҳмлаб қолди. Шунга қарамай:
-Бемаҳалда Ўгатда нима бор экан унга?-деди чолнинг диққатини чалғитиш мақсадида.
-Бирор ишминан боргандирда…
Иккаласи анчагача гурунглашишди. Меҳмонни кузатгач бобом мени ичкарига киритиб юбориб, ортимдан пишиққина бир ҳўл чивиқни кўтариб кирди. Мақсади маълум бўлгач сакраб туриб, хонанинг тўрига қочдим.
-Тўхта!-деди у таҳдидли товушда.-Қочиб қаёққаям борардинг! Қани, нима қилганларингни бир бошидан айтиб бер-чи!
-Биз ҳеч нима қилганимиз йўқ, бова!-чивиқдан қутулиб қолиш умидида йиғламсирадим.-Нимани сўраяпсиз ўзи?!
-Лўлилик қилма, бари бир лақиллатолмайсан! Айт, нега қўрқиттиларинг уни…
Бобом кек сақлашни ёқтирмасди. Мени бошоқ териб юрганида еган қамчисининг кекига Назир чўлоқни қўрқитган, деган фикрдалигини сездим. Бу ишни Бадал иккаламиз қилганимизга унда шубҳа йўқ эди. Орага Ҳожар янгам ҳам бош қўшганлигини хаёлига ҳам келтирмасди. Аммо қилган ишимиздан тониб туравердим.

1. Ўтирик-ёлғон.

-Назир чўлоқни қўрқитган биз эмасмиз. Балки ростдан ажинага йўлиққандир у!
-Мана қўрқитмаган бўлсанг! Кейинги пайтларда қилиқларинг кўпайиб қолди, бола! Мени билмайди деб ўйлайсанми?! Мана!!
Чивиқ орқамни уст-устига икки марта жизиллатиб ўтганига қарамай, бобом қаттиқ урмаганди. Жаҳл устида авжига чиқиб кетмасин, деган ҳадикда олдини олиб додлай бошладим.
-Азонлама, бола!-деди у дағдаға қилиб.-Ростини айтмасанг сендай бебош болани ҳозир ерга қоқаман. Шайтонлик билан қутиламан, деб ўйлама, бола!
Овозимни эшитиб, ўз хонасидан Ҳожар янгам чопиб чиқди. Бобомнинг дағдағаларини тўлиқ эшитсада, нима қилишини билмай пойгакда туриб қолди.
-Гапир,-деди бобом чивиқ билан нуқиб.-Назирнинг йўлини нега тўсдиларинг? Ким-ким эдиларинг?!
Шунда на бобом ва на мен кутган ҳодиса рўй берди: гўё чарақлаб турган офтобли кунда чақмоқ чақиб, бобомнинг тепасидан сел қуйилгандай бўлди.
-Мулла бола билан чўпон болани мен бошлаб борувдим, ота!-деди Ҳожар янгам ерга қараб.
Янгам ўшанда ўта фидойилик қилди! Нега? Мени бобомнинг калтагидан қутқариш учунми? У ҳар қанча ғазабланганида ҳам мени майиб қилиб ёки ўлдириб қўймаслигини биларди-ку! Пўписа қилиб, бақириб-бақириб қўярди. Ёки бу воқеани келинлик шаънига иснод деб билиб, азобда қолган ўз виждонини қутқазиш учун шундай қилганмикан? Эҳтимол ёлғонга ўрганиб қолишдан сақлаш учун менга ростгўйликдан сабоқ бермоқчи бўлгандир. Шунинг учун ўзини фидо қилгандир. Афсус, ўшанда масаланинг бу қирраларини ўйлашга ақлим қисқалик қилган!..
Бобом калавасининг учини йўқотиб қўйди. Кўзлари қинидан чиққудай олайиб, ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Келинининг шундай ишга қўл уролиши етти ухлаб тушигаям кирмаган бўлса керак. На ишонишини ва на ишонмаслигини билолмай қотиб қолди. Кейин ўзини ростлаб, бақириб юборди:
-Ним…ним-ма-а!!
Бобом бақириш нари турсин, овозини кўтариброқ ҳам гапирмасди унга. “Болам”, “чироғим”-деб пўпаклаб юрарди. Бир оздан сўнг оғир юк кўтараётгандай инқиллаб:
-Нега?! Нима учун?-деди.
Янгам бобомга ҳеч қачон ёлғон гапирмаган. Умуман у ёлғонни эплолмасди. Ёлғон аралаштириб сўзловчиларни хушламасди ҳам. Ўзи ростгўй бўлгани учунми, бошқаларнинг унча-мунча ёлғонини пайқамай, гапига ишониб кетаверарди. Бадал иккаламиз янгамнинг шу “қусур”идан фойдаланганмиз.
Ўшанда у ор-номусни гаровга қўйиб, бобомга ростини айтди:
-Қурман аканикидан оқшом ғалла опкемоқчилигини эшитувдик…Бизнинг арпамизмизмикан, деб ўйловдик..
-Опкелаётгани арпамикан? Нима қилдиларинг уни?
-Буғдой экан. Чўпон боланинг онаси билан маслаҳатлашиб, дони тугаганларга бўлиб бердик.
-Буларинг маъқул, лекин бемаҳалда…
Бобом: “Аёл бошинг билан қароқчиларни ишини қилишга уялмадингми?”-деганга ўхшаш гап қилмоқчи бўлди-ю, чайналиб қолди. Бу гап янгамни тириклай ерга киргизиши мумкин эди. Ҳожар янгам у айтмоқчи бўлган фикрни бари бир тушунди.
-Бошқа иложимиз йўқ эди, ота!-деди изза тортиб ва бош эгиб.-Буям ёмонликни йўқотишнинг бир йўли деб ўйлапман, энди билсам, хато қилибман…
-“Яхши киши ёмонлик кўрмагай ҳаргиз, кимки ёмон бўлса жазо топғусидир”-деганлар Бобир мирзо. Туллак чумчуқди тузоққа тушиши қийин, деб ўйлагансан-да. Бекор шундай ўйлабсан. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тарозининг палласига тушадиган пайтлар келади ҳали…
Бобом қўлидаги чивиқни хона дарчасидан ҳовлига жаҳл билан ирғитиб юборди ва менга ўқрайиб қаради.
-Жўна!!-деди эшикни кўрсатиб.
Шу куни эл ётаргача уйимизга киришга юрагим бетламай, Бадалларникида ўтирдим. Ётар маҳали бобомнинг сезиб қолишидан қўрқиб, Ҳожар янгамнинг хонасига пусиб кирдим. У ҳалиям ухламаган экан. Жинчироқ ёруғида нима биландир андармон бўлиб ўтирарди. Эшикдан кирганимни пайқаб, ўгирилиб қаради-ю индамади. Мен ҳам сўз қотолмай мум тишлаб, тўшагимга ўтиб ётдим. Шундан кейин ҳам у анчагача нима биландир машғул бўлиб ўтирди. Юзларининг сўлғинлигидан қаттиқ хафалиги сезилиб турарди. “Бобомдан хафа бўлса керак”-деб ўйладим ва ухлаб қолибман.
Қаттиқ ухлаётган эканман. Кимнингдир безовта силкилашидан уйғондим. Кейин бобомнинг овозини эшитдим. Кўзимни зўрға очиб, жинчироқнинг нимдош ёруғида ўзини ҳам кўрдим. Юзлари ташвишли, кундузги қаҳр-ғазабидан асар қолмаган.
-Тур болам, тезроқ тур!-деди қўлимдан тортиб.
У ҳеч қачон бемаҳалда мени уйғотмасди. Янгам уйда пайтларида бу хонага умуман кирмасди. Жуда зарур иши бўлса, шундоққина эшикнинг ёнидан айтиб кетарди. Шундан ҳам қандайдир фавқулодда ҳодиса рўй берганини англадим. Уйқим ўчиб, ўрнимдан сакраб турдим. Нима гаплигини сўрагунимча бўлмай бобом ҳовлига етаклади.
-Чечанг нимадандир безовта,-деди ташқарига чиққанимизда шивирлаб.-Балки менинг гапларим кўнглига оғир ботгандир. Шу пайтгача ухламади. Ҳозиргина ҳовлидан чиқиб кетди. Қара-чи, нима гап?! Бақириб-чақирмай, шовқин солмай, секингина қайтариб кел…
Ҳовлидан чопиб чиқиб у ёқ-бу ёққа қарадиму Ҳожар янгамни Еттисойнинг йўлида кўрдим. Салдаёқ тепаликнинг ёнига ўтиб кўздан йўқолди. Отасиникига кетяптимикан, деган хаёлда бобомнинг ёнига қайтмоқчи ҳам бўлдим. Аммо ўйланиб қолдим. Тўғри, у довюрак-тунда йўл юришдан қўрқмайди. Бироқ бемаҳалда отасиникида нима қилади? Шу пайтда уйларига кириб борса, улар қандай хаёлларга боришини, қолаверса ота-онасини қанчалик қўрқитиб юборишини ўзи яхши билади. Шундай экан, бу ерда бошқа бир мақсад бўлиши керак.
Атроф сутдай ёруғ ва кишини ҳайратлантирарли даражада жимжит. Қишлоқдаги дарахтлар ва уйлардан тортиб атрофдаги қирлар, Қатормоя тизмалари ҳамда Қўйтош тоғларининг ярқираб турган қорли чўққиларигача шу сукунат гирдобида тош қотган. Кўк тоқида зарҳал шуълаларга чулғанган тўлин ой ҳам бир ерга парчинлангандай, ҳаракатсиз туриб қолгандай. Назаримда гунг сукунат бағрида қандайдир сир бордай, қандайдир кўзга кўринмас хатар кезиб юргандай бўлаверди. Беихтиёр олдинга бир-икки қадам ташладим. Кейин бемаҳал бундай юришидан шубҳаланиб, янгамнинг изидан чопиб кетдим. Тепаликни айланиб ўтгач унга кўзим тушиб, қўрқувдан қичқириб юбордим:
-Чеча-а-а!!!
Тепаликдан тахминан эллик қадамча нарида баландлиги қарийб икки қаватли уйдан улкан, яхлит харсангтош бор. Усти супадек текис, очиқ томони зов бўлиб, ичкарига қиялаб тушган. Орти қирга кириб, туташиб кетган. Бир пайтлари колхозга раис бўлиб юрганида Карим деган киши тўй қилиб, кўпкарисининг улоғини алоҳида чортоқ тиклатиб ўтирмай шу харсангтош устидан ташлатган экан. Шу-шу атроф қишлоқдагилар уни Чортоқтош деб кетишган.
Ҳожар янгам ақлини йўқотиб узоқ-узоқларга кўз тикканича, Чортоқтош устидан секин-аста зов томон юриб борарди. Мен қичқирган пайтда унга жудаям яқин бориб-ҳаёт билан мамот орасида атиги бир қадамгина масофа қолганди. Шу қисқа оралиқ босиб ўтилса боши билан пастга шунғир, харсанг пойидаги заранг ерга урилиб, ҳаёт билан видолашиши тайин эди. Овозимни эшитгач, чўчиб пастга қаради. Зовга кўзи тушгач бир қадам, атиги бир қадамгина ортига чекинди. Энди ҳаёт билан мамот орасидаги масофа икки қадамга узайган эди.
Янгам шу туришида етиб боришимни кутди.
-Бу ерда нима қилиб юрибсиз, чеча?!-сўрадим ҳаллослаб.-Жонингизда қасдингиз бормиди! У ёқда бовам сиздан хавотир олиб ўтирипти.
-Ҳовлидан чиққанимни отам билиптими?
-Билипти…
-Унда уят бўпти-ку, мулла бола!
-Нега бундай қилдингиз?
-Билмайман, мулла бола, негадир уйқим қочиб, миям ҳам унчалик ишламай қолдими-ей… Сал нафас ростланг, кейин уйга қайтамиз.
Чортоқтошнинг устида-зовдан узоқроққа сурилиб, иккаламиз ёнма-ён ўтирдик. Янгам ҳануз Еттисойнинг йўлидан кўз усмасди. Хаёллари паришон. Шундагина унинг нега бундай ҳолатдалигини англаб қолдим: Тугал акам урушга худди шу йўлдан кетган эди. Ўшандаям иккаламиз Чортоқтош устида кузатиб қолгандик. Ҳожар янгам эрига алангаи оташ ичида қўл тулғарди. Кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Мен ҳам қўл тулғардим. Мен ҳам эзилиб-эзилиб, энтикиб-энтикиб йиғлардим. Ёнгинангда юрган севимли кишиларингни хатарли йўлларга кузатиш нақадар оғир!
Қандайдир умидворлик билан мен ҳам тепаликлар орасидан чўзилиб ўтиб, Қатормоя тизмалари орасига сингиб кетган йўлга тикилдим. Майда гил тошлар билан қопланиб, тасмадек чўзилиб кетган йўл кимсасиз эди. Гўё бу кимсасизликдан зерикиб, йўл ҳам мудраётгандай. Жуда ҳам яқинимизга келиб қолгандек туюлаётган қорли чўққилар ой нурида жимирлаб тургандай кўринишади. Энди атрофимиздаги бояги гунг сукунат йўқолгандай, осмонга парчинлаб қўйилгандек кўринган сутдай ёруғ ой ҳам ҳаракатга тушгандай, қирлар бағрида сокин бир куй сузиб юргандай эди. Кўз илғаган нарсаларнинг ҳаммасида ҳаёлий бир гўзаллик жилва қиларди. Яқинлашиб келаётган ёруғ тонг, соф ҳаво, етилган баҳорнинг турфа бўйлари дилимдаги маҳзун ҳисларни эритиб, ўрнини муқим хотиржамлик эгаллай бошлади.
-Нега ухламадингиз, чеча?-сўрадим ҳалиям ҳаёллар гирдобида ғарқ бўлиб ўтирган янгамдан.
-Уйқим келмади,-қисқа жавоб берди у йўлдан кўз узмай.
-Сабаби бордир, ахир.
-Бор, мулла бола, бор…
-Бир нимадан хафасиз.
У бошини хам қилиб:
-Ўзимдан хафаман, мулла бола,-деди.-Кейинги пайтларда кўп бемаъни ишлар қилдим.
-Нима қилдингиз кейинги пайтларда? Сир бўлмаса айтинг менгаям.
-Нимасини айтай, буни ўзингиз ҳам биласиз.
-Нимани биламан мен, очиқроқ айтинг.
-Сизларни ўғирликка ўргатдим, йўлтўсарликка ўргатдим. Отамга-ёши қайтган одамга ҳаром луқма едирдим… Гўштимиз бўлмасаям сиқимга илинар донимиз бор эди, қаноатни унутиб қўйдим! Акангиз келганида юзига қандай қарайман энди, мулла бола, юзи қора бўлдим-ку!
У шундай эзилиб гапирди-ки, юрагимга ларза тушиб, ўсал бўлиб қолдим. Қандайдир хаёлда:
-Назир чўлоқдан ўғирланган донни тортиб олиб, эгаларига топширдик,-дедим ишонч билан.-Шу ишимиз ёмон бўптими?
-Айбимиз шугина бўлса кошкийди!
-Товуқларни сиз ўғирламадингиз, “ўғирла” деб айтмагансиз ҳам… Қайтага, бу ишимиздан норози бўлгандингиз.
-Мен сукут қилдим. Сукут-розилик белгиси. Нима қилиб бўлса-да, сизларни бу йўлдан қайтаришим керак эди. Ўғирликка индамаслик-шериклик.
-Товуқлар ўзимизники эди. Сизни хафа қилмаслик учун айтмовдик буни!
-Нима?!
-Бадал эковимиз ўзимизни товуқларни ўғирлагандик. Сиз пиширган гўштлар ўзимизни товуқларники эди. Тулки олмаган уларни!
Ҳожар янгам менга ҳайратланиб, аммо ишонқирамай тикилди.
-Қўйинг-а, ўтирик гапиришга уялмайсизми?
-Рост, чеча, Худо урсин агар чинини айтяпман.
-Аввалигисиям ўзимизникимиди?!
-Иккаласиям ўзимизники эди. Тўғри, аввалги товуқни Назир чўлоқникидан олмоқчи бўлувдим. Лекин ити ҳуриб, Майрам чўтир хабардор бўлиб қолди. Кейин ўзимизникини ўғирладик.
У рост гапираётганимни ҳис қилиб, бирдан бўшашди. Оғир “уф” тортди-ю, кўзларида мулойим учқун порлагандай бўлди. Қўлини секингина елкамга қўйиб, кўзларимга тикилиб қаради. Одатдагидек паст товушда:
-Шуни ўшандаёқ айта қолмабсиз-да, мулла бола,-деди энтикиб.-Мени жуда қийнаб қўйдингиз-ку. Ҳалигача еган-ичганларим ичимга тушмайди. Ҳалигача гўшт эмас, аста таъсир қиладиган заҳар ютгандай азоб тортиб юрибман…
-Айтсам хафа бўласизми дебманда, чеча, бунчаликка боришингизни билмапман. Мени кечиринг…
-Майли, бўлар иш бўлди, энди кетайлик. Отам ҳам кутиб ўтиргандир, ҳаяллаганимиздан ташвиш тортаётгандир…
Йўлга тушганимизда тўлин ой кўк тоқида кулиб турар, саҳархез қушлар тонг навосини куйлай бошлаган эдилар. Табиатда ажиб бир жонланиш пайдо бўлган эди. Олдинда мен, орқада Ҳожар янгам олдинма-кетин ҳовлимизга кирдик. Бобом ҳалиям уй бўсағасига яқин жойда кутиб ўтирарди. Янгамни ноқулай аҳволга солиб қўймаслик учун бўлса керак, бизни кўргач енгилгина йўталди-ю, сўзсизгина ётоғига кириб кетди. Ҳар қалай, дилларни хира қилиб турган асабий бўронлар босилганини ҳис қилдим.
Ҳожар янгамни авлиё эди, демоқчи эмасман: кўпинча биз салбий деб баҳолайдиган инсоний феъл-атворлардан у ҳам бенасиб қолмаганди. Керакли пайтларда ўз шаъни, қадр-қимматини туйқус, аммо кескин ҳимоя қилган пайтларини кўрганман. Бироқ ўша ҳатти-ҳаракат ва қилмишларини нуқсон деб ҳисобламайман. Булар зарурият эди. Ўша пайтларда қандайдир бошқачароқ-“юмшоқроқ” йўл танлаши мумкин эмасди. Ўз қадрини биладиган одам-уни муносиб тарзда ҳимоя қилишни ҳам билиши керак. Қўй оғзидан чўпни ҳам ололмайдигандай кўринса-да, ўзи муқаддас билган туйғуларни оёқ ости қилишларига индамай кетаверадиганлар сирасидан эмасди у.
Аслида Ҳожар янгам ўта тамкин яшади. Ростгўйлик, камтарлигу камсуқумлик туғма хислати эди. Назаримда, унинг наздида, инсон Оллоҳ яратган муқаддас ҳилқат эди. Бу ҳилқатни ҳақоратли сўзлар, камситувчи лақаблар билан тилга олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ эди. Ўзи шу эътиқодига оғишмай амал қиларди. Сўзи ва қилмишларидан озор топса-да, ҳатто Назир чўлоқ билан Қурман тентакларнинг номига ҳам бирор марта “чўлоқ”, “тентак” лақабларини қўшиб айтганини эшитмаганман. Уларни одатдагидек “ака” дейиши менга эриш туюларди. Бироқ эътирозимни очиқ айтолмасдим. Шундай қилган тақдиримдаям буни болалигимга, тезоблигимга йўярди. Мийиғида кулиб қўя қолар ёки шу ҳолатида менга ўзим бари бир қабул қилолмайдиган насихатларини айтарди. Энди-энди ўйласам, янгамнинг билгани билган экан. Шуниси билан ҳам у атрофидагиларга ибрат кўрсатган экан. Биз бу ҳақиқатни бор бўйича тушуниб етишга ҳар доим кечикиб юрамиз.
Ҳожар янгам ҳақидаги ширин ва маъюс хотираларни хаёл элагидан бир-бир ўтказар эканман, фикрим унинг ҳайкалини қандай ҳолатда яратиш устида тўхталди. Илҳом ака бўлғуси ишимга “Йўл қараётган келинчак”ни андоза қилишим лозимлигини маслаҳат берганди. Шунингдек, ишга даҳлдор айрим фикрларини ҳам қўшимча қилганди. Шу фикрлар асосида ишласам, ҳайкал бутунлай бошқача бўлиб чиқади. Номи ҳам “Йўл қараётган аёл” бўлади. Қирқ ёшларга борган аёлни келинчак деб бўлмайди ахир.
Бир ҳафтача ватман қоғози устига мук тушиб эскиз чиздим. Қирқ ёшлардаги аёлнинг-Ҳожар янгамнинг йўлга кўз тикиб оёқда турган, ўтирган ҳолатларини чизиб кўрдим. Қайсидир чизгилар кўнглимга ёқмай ўчирдим ва яна чиздим. Қоғоз тешилар даражага етгач уни янгисига алмаштириб, қайтадан чиздим. Бироқ, назаримда, нимадир етишмаётгандай бўлаверди. Ўша “нимадир”ни излаб яна бош қотирдим. Шунда Ҳожар янгамнинг чап ёнида ўзимни-ўн яшар болакайни чизишим керак, деган тўхтамга бордим. Тик оёқда турибмиз. Янгам ярим қадамгина олдинда, мен чап қўлидан ушлаганимча орқароқда турибман. Нигоҳларимиз олис-олисларга, тоғлар орасига сингиб кетган йўлга қадалган. Тугал акам шу йўлдан кетган ва шу йўлдан қайтиши керак. Агар қайтса…
Бу эскиздан ҳам кўнглим тўлмади. Яна нимадир камдек. Нима етишмаётганини ўйлайвериб миям шишиб кетгач, ҳаммасини йиғиштириб кароватга чўзилдим. Билмадим, кўзим озроқ илиндими-йўқми, тўсатдан сачраб ўрнимдан турдим. Билмадим, тушда кўрдимми ё хаёлимда тикландими, Ҳожар янгамдан ўнг томонда узоқларга кўз тикиб ўтирган яна бир кайвонини-Гулмиш момомни кўргандай бўлдим. Дарҳол чала қолган эскиз ёнига югурдим. Алламаҳалгача ўчириб чизиш билан шуғулландим. Иш битгач қаламни “тап” эткизиб бир четга ташладим-у, чизганларимни синчиклаб кўздан кечирдим. Қоғозда акс этган оилавий ансамбл айни пайтда ўтмиш, ҳозирги кун ва келажакни уйғун ҳолда, яхлит кўрсатиб тургандай эди. Уларни бир нарса-соғинч, кутиш машаққатлари ва эртанги кунга ишонч туйғулари бирлаштириб турарди.
Яратилажак ҳайкалнинг эскизи Илҳом акага ҳам маъқул бўлди. Маслаҳатларидан деярли фойдаланмаганимдан хафа бўлармикан, деб ўйлагандим. Аксинча ҳайкалнинг шундай кўринишда бўлиши уни қувонтирди. Оқ йўл тилаб, тезроқ асосий ишни бошлашга ундади.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.