“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (давоми)

Қишлоқдан узоқлаганимизда ой шом еб чиқа бошлаган эди. Бадалнинг қўнида иккита чумчуқ, уйларининг буғотидаги инларидан тутиб олганди. Қўлида керосинга ботириб ўраб-эшилган бир қулочдай пахта пилик. Менда икки савақ ғалак ип билан гугурт. Шошилинчда чақмоқтошга ишониш қийин бўлганидан, янгам уйимиздаги энг сўнгги ярим қоп гугуртни ноилож менга берганди.
Қишлоқ четидаги тепаликка чиққач, ўгирилиб ортимизга қарадик. Ҳожар янгам келяптимикан, деган ўйда эдик. Аммо у кўринмади. Ойнинг роса кўтарилиб олишини кутаётган бўлса керак. Бадалнинг гапидан атроф ёришмаса, Назир чўлоқнинг йўлга тушмаслигини пайқаганди. Қолаверса, ўғри-муттаҳамлар ўз ишини иложи борича кечроқ бажаришади. Қишлоқдагиларнинг олди уйқига кетган. Қолганлар ҳам иссиқ тўшагига кирганига шубҳа йўқ. Шунинг учун бизни ҳеч ким пайқамаганига амин бўлиб, секингина йўлдан чиқдик ва келишилган жой томонга тушиб бордик.
Оқшом қоронғилиги ой чиққач нимтатир ёришган эса-да, нимадандир чўчиб, юрагим увишарди. Назаримда Бадал ҳам чўчиётганга ўхшади: тез-тез мен томонга олазарак қарарди. Ҳар ҳолда биз икки киши эдик-чўчиётган бўлсак ҳам бир-биримизни паноҳ тортиб олдинга босардик.
Кўп ўтмай яримлашиб қолган пастда ой Қўйтош тоғлари чўққиларини ҳам хийлагина пастда қолдириб, бизнинг тепамизга яқинлаша бошлади. Нур югуриб заррин тус олган осмоннинг ҳар-ҳар жойида уйиб ташланган бир қучоқ-икки қучоқ пахтадай парқу булутлар кўринди. Бундай оқшомда оқибати номаълум “ўйин”га чоғланиб, совуқ кўкатлар орасида дийдираб ўтиргандан кўра иссиқ тўшакда узала тушиб, уй дарчасидан ёруғ осмоннитилла ойни, ёқут юлдузлар ва зарҳал гардишли оқ булутларни жимгина томоша қилиб ётишга нима етсин! Continue reading