“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (давоми)

Номсиз ҳайкалчани қандай хаёл билан яратганимни ўзим аниқ билмайман. Фаҳмимча янгамнинг ўша пайтдаги қиёфасини шунчаки акс эттиришнигина ўйлаганман. Шунинг учун ҳам тайёр бўлганида бирор муносиб ном топиб қўёлмаган бўлсам керак. Кутганимдек баҳони ололмаган бўлса-да, шу ҳайкалчада ҳам Ҳожар янгамнинг ўша тундаги руҳий ҳолатини аниқ акс эттиролганман, деб ўйлайман. Кимгадир чуқур нафрат билан қараш, ғазаб қилиш унинг феъл-атворига тамом зид нарса эди. Қорайиб ўттиз йил у билан бир хонадонда туриб, бунақасини сира кўрмаганман. Бинобарин, маълум шахс руҳиятида сийрак учрайдиган ё тасодифан юзага қалқийдиган ҳар қандай ўткинчи сифатни санъат асарига кўчиравериш тўғри эмас. Шу томонларини билгани учун ҳам бу ҳайкалча Илҳом акада қизиқиш уйғотолмагандир.
Ғазаб билан нафрат-моҳиятига кўра, ҳунук нарса. Бироқ ижтимоий асосга эга бўлган адолатли ғазаб ва нафратдан гўзаллик топса бўлади. Афтидан мен шундай асосни тополмаганман шекилли. Ҳайкалчамни кўрган фикрчил одамларда савол туғилиши табиий: бу ушоққина аёл гаврон кўтариб нимаг ёки кимга ғазаб қиляпти? Ўз қарамоғидаги ҳайвонгами ёки душманига? Юзидаги нафрат ифодаси урушга қарши бўлса, атом асрида ибтидоий одамлар каби калтак кўтариб пўписа қилинмаслиги маълум. Бу нафратни гаврон билан эмас, бир вараққина даъватнома кўтариб ифодаласа табиийроқ чиқарди…
Ҳамма иллат шу пайтгача олдимга дурустроқ мақсад қўймай ишлаганимда бўлса керак. Ҳожар янгамга ўхшайдиган нимадир яратсам бўлди, деб ўйлаганман. Уни танийдиганлар-ку майли, танимайдиган одамларнинг фикри мени қизиқтирмаган. Ҳайкалтарош шунчаки бир кичик ҳайкалча яратадими ё йирик монументал асар яратадими, гарчи у энди иш бошлаётган ҳаваскор бўлса-да, олдига йирик мақсад қўйиб ишламоғи керак экан. Яратилажак ижодий меҳнат махсули кимга мўлжалланса, ўшаларнинг диди, фикри ҳам олдиндан ҳисобга олинмоғи лозим. Шунда ижодкорда маъсулият ҳисси пайдо бўлади. Бу яратилаётган ҳайкалнинг чинакам санъат асари даражасига кўтарилишига туртки беради. Аксинча шинавандаларнинг энсасини қотирадиган бир нарсага айланади.
Беш метрлик ҳайкални ясаш қийн иш эмас. Қийини-характер яратиш. Шу сабабдан Ҳожар янгамнинг ўзим билган феъл-атворини қайтадан синчиклаб ўрганишим, изланишим керакка ўхшайди. Барча яхши хислатларини анализдан ўтказиб, кераклисини танлаб олишим ва синтез қилишим зарур. Ҳосилини ҳайкал сиймосида акс эттиролсамгина мақсадга эришишим мумкин. Аксинча барча уринишларим бефойда кетади…
Шундай ўйлар гирдобида хаёлим ўтмишга-Ҳожар янгам билан бирга яшаган кунларимизга кетиб қолганини сезмабман.
Ёғингарчиликлар бошланганида ўрим-йиғим ишлари батамом тугаб, далага қўш чиқарилган ва қирқ-эллик гектар ер ҳайдалиб, кузги буғдой экиб ҳам қўйилганди. Ҳафта-ўн кундаёқ кунботардан совуқ шамоллар эсиб, ҳаммаёқни қор босди. Қишнинг ярмига бориб, қочиб-пусиб терилган бошоқлардан тушган донлар тугади. Пишиқчилик даврида биров мол, биров рўзғордаги қимматроқ буюмларидан сотиб тўплаган донларига навбат етди. Бирин-кетин ўралар очила бошлади.
Дала ишлари тугагач, Ҳожар янгам иккаламиз бошоқ териб, анча-мунча дон тўплаган эдик. Янгам уни сандиқдаги жўхори билан қишнинг охирларигача етказди.Бугун-эрта ўрани очамиз, деб турганимизда Қоратошга қишлоқ шўросидан икки киши келди. Бирини Қурман тентак дейишарди. Қишлоқ шўросида котибми, молиячими бўлиб ишларди. Қишлоғимизда ҳар йили бир-икки келиб, кўпларни қақшатиб кетарди. Бобомнинг таъбири билан айтганда пир урган одам эди. Иккинчисини танимадик. Афтидан туман марказидан келган бўлса керак.
Қурман тентак Қоратошда тузукроқ одам қуригандай, ўзига Назир чўлоқни йўл бошловчи қилиб олди. Ҳоли ночорлигини айтиб, дон беролмайман деганларни қўрқитишади. Навбат бизникига келганида Назир чўлоқ Қурман тентакка ниманидир уқдириб, уйга жўнаб қолди. Бобомнинг кўзича ҳовлимизга бош суқишга журъат қилолмади, деб ўйлагандик. Кейинроқ билсак, бунинг бошқа ҳам сабаби бор экан.
Қурман тентак бобомга бақамти келгач, қўлидаги учи ўткир мисрангни ўйнатиб:
-Сизга икки пуд дон тушган, бобой,-деди топишга мажбурсиз дегандай оҳангда.-Шуни ўз ихтиёрингиз билан берасизми ё…
-Йўқ десам нима қилмоқчисан?-бобомнинг қўрслиги тутди.
-Уйингизни обус1 қилиб топиб оламиз ва ҳаммасини мусодара қиламиз! Уруш кетаётган жойларда одамлар очликдан қирилишяпти, сизлар бор донни ерга кўмиб чиритяпсизлар!
Бу гап бобомга таъсир қилди. Ростдан ҳам одамларнинг очликдан қирилаётганига ишонган бўлса керак. Уйга бурилиб кетаётиб:
-Ўша чириётган донни топиб, айтганингни олиб кетавер,-деди.
Улар тўғри молхонага киришди. Қизиқиб ортларидан бордим. Қурман тентак шундоққина эшикнинг ёнидан бурилиб, бурчак томон йўл олди. Яқинлашгач мисрангнинг учини ерга уриб илгарилайверди. Аввалига у ерга бир энлидан ортиқ кирмади. Ўранинг устига борганида бир қарич кириб кетди.
-Топдим!-деди шеригига ва мисрангни суғуриб ҳам ўтирмай,-мен ҳозир…-деди-ю, ташқарига чиқиб кетди.
У кўчадан аравакашни эргаштириб кирди ва ўрани очишни буюрди. Унда дон кўп деб ўйлаганми, қўлида беш-олтита қопи ҳам бор. Мени “айтиб кел” деб бобомга юборишди. Истар-истамас топшириқларини бажардим. Бобом келганида ўра очилиб, ичидаги арпа ярим-ярим қилиб икки қопга жойланганди. Қурман тентак чўк тушиб, бир варақ қоғозга ниманидир ёзмоқда. У ишини тугатиб, қоғозни бобомга узатди.
-Мана бунга қўл қўйинг.
-Бу нима ўзи?
-Яшириб қўйилган донларингиздан бир ўрасини топиб олиб, мусодара қилаётганимиз ҳақидаги акт. Икки пуд деб ёздим, шунча чиқадими ўзи?
-Қопингдагилар салгина кам тўрт пуд чиқади. Олтмиш килони тарозида тортиб, келтириб кўмганман.
-Яхши-яхши… Қўл қўяверинг.
-“Солиқ икки пуд” дегандинг-ку, ҳаммасини олиб кетасанми? Пишиқчиликкача биз бармоғимизни сўриб ўтирамизми?!
-Сизга бошқа ўрадагилариям етади. Биз фақат биттасини топдик ва мусодара қилдик. Қўл қўйинг.
-Мусулмонмисан ўзинг, инсофинг борми?! Бор доним-шу. Униям бир улоқли эчкимни сотиб, аллақайлардан топиб келганман.
-Рабўчи баталёнга2 боргингиз келяпти, дейман!
Бобом тутақиб кетди. “Қўлингдан келганини қил!”-деб юборадими деб турувдим. Аксинча:
-“Давринг келди сур бегим” деган,-деди тагдор қилиб.-Сен билан гап талашишга биз қарияларга йўл бўлсин. Ҳозирча давринг келган, девниям уриб қулатасан! Қаламни буёққа ол!
1. Обус-тинтув демоқчи.
2. Рабўчи баталён-ишчи батальон демоқчи.
У Қурмон тентакнинг қўлидаги қаламни юлқиб олди. Бош бармоғига туфлаб, қаламнинг учини обдан суркади. Кейин қоғозни деворнинг текис жойига қўйиб, пастки томонига бўялган бармоғини ниқтаброқ босди. Кана эзгандай бир-икки айлантириб, қоғозни қайтариб узатди ва ортига қарамай молхонадан чиқиб кетди.
Қурман тентаклар кетишгач, бобомнинг ортидан уйга кирдим. У тўрда ёнбошлаб ўтирар, қаттиқ ўйга толганди. Аввалига менинг кирганимни пайқамади. Секин оёқ томонига ўтираётганимдагина сезди. Кўзимга тикилиб сўради:
-Арпанинг молхонага кўмилганини биронтага гуллаганмидинг?
-Йўқ, бова.
-Айтгандирсан балки.
-Ҳеч кимга айтмаганман.
-Қизиқ… Кўмилган арпамиз борлигини бу энағар қаердан билдийкин. Излаб ҳам ўтирмапти-я. Мисрангни изига қараганда, кўриб қўйгандай ўранинг устидан борипти.
-Билмадим, бова….
Биз ўтирган хонага Ҳожар янгам кирди. У Қурман тентаклар келганидаям, бор донимиз-арпамизни олиб кетишаётганидаям ўз хонасидан чиқмаганди. Менимча арпани олдириш ё қолдириш масаласини эркаклар иши деб билган. Уйимизнинг бош одами-бобом туриб, у ҳам енг шимариб чиқишга ибо қилган. Янгам пойгакка омонатгина ўтириб, бобомга тикилди. Тирикчилигимиз бундан кейин қандай ўтишини ўйлаб, ғам чекаётганини ҳис қилди шекилли, мунғайиб ерга қаради.
-Ҳаммасини олиб кетишдими, ота?-сўради бир маҳал секингина.
-Олиб кетишди…-бобом руҳсиз жавоб берди.
-Ярим-ёртисини қолдир, деб кўрмабсизда.
-Қутурган итга тенглашаман деган одам аввал қутуриб олиши керак. Мен эса қўлидан қурт ўлдириш ҳам келмайдиган битта чолман. Лекин “бой” чол эканман. Ким билади, балки арпамизни олиб кетишгани яхши бўлгандир: уруш кетаётган жойларда одамлар очликдан ўлаётганмиш, болам. Ростдан шундай бўлса, бизни бир қоп арпани босиб ўтиришимиз одамгарчиликданмас. Шукр, ҳали ўлар даражада эмасмиз: озроқ бўлсаям қўр-қутимиз бор.
-Қурман ака-ҳамқишлоғим, уни яхши биламан, ота. У сизни алдапти. Дунёда одам зоти қолмай қирилиб кетганида парвойига келмайди унинг. Ўзи тирик қолса бўлди.
Алдаса Худога солдим. Худо топмас жой бўлмас. Эл очликдан қирилиб, бир ўзи сўппайиб қолганида шохи чиқмайди, уям ҳор-зор бўлиб ўлиб кетади, болам. Одамни қадрламаганлар одамсираб ўлади… Шунча донни ўзи еб кетолмас, озроқ мутасаям қолганини муҳтожларга жўнатар. Қишлоқ бўйича озгина дон тушдими!…
Янгам билинар-билинмас бошини чайқади-ю, индамади. Бобомдаги ишончга путур етказгиси келмади шекилли.
Анчадан буён бобомнинг тоби келишмайроқ юради. Шунга қарамай чумолидай ғимирлаб, рўзғорнинг керак-яроғини тўғрилаб юради. Келтирган нарсаларини оз бўлса-да эплаштириб туриш Ҳожар янгамнинг зиммасида. Иккаласи баравар жон койитиб, путурдан кетаёзган рўзғоримизни эл қатори тебратиб туришади. Ўрадаги арпа пишиқчиликкача етармиди-йўқми-ҳар ҳолда кўнгил тўқи эди. Эндиликда кўнглимизни тўқ қилиб турадиган ўша дон ҳам қўлдан кетди.
Бобомда мурувват ҳисси кучли эди. Қурман тентак гапни таҳдиддан бошламай муомала қилганида-келишидан мақсадини тушунтириброқ айтганида, эҳтимол, ўрани ўзиёқ очиб берган бўлармиди. Унда кайфияти ҳам бутунлай бошқача бўларди. Бари бир у: “Донимни тортиб олишмади, қийналаётганларга ўзим бердим”-деган фикрга ўзини ишонтирмоқчи ва шундан тасалли топмоқчи бўлади. Уни бошқа нарса ҳайратлантирарди: арпанинг молхонага кўмилганини Қурман тентак қаёқдан билган? Ўйлаб-ўйлаб, унга Назир чўлоқ айтган бўлса керак, деган хулосага борди. Буни яширмай бизга ҳам айтди:
-Ҳовлимизга яқинлашаверганида қийпанглаб, қочиб қолганидан шубҳаланувдим ўзи.
Уруш бошланган йили Тугал акам ковлаган ўша ўрамизни Назир чўлоқ кўрганди. У пайтларда ўзини бизга яқин олиб юрарди: бобомнинг унчалик хуш кўрмаслигини билса-да, баъзан ҳовлимизга келиб турарди. Оёқлари ҳам бутун эди. Ўзини анча ҳоксор тутарди. Уруш бошланиб, чўзилгани сари “қилиқлари” кўпайиб борди. Куздаги воқеадан кейин оиламизнинг киши билмас душманига айланди. Иложини топса бирор зарар етказиш пайида юрарди. Қашқирсиз даштда тулки кўпаяди, деганларидек, уйимизда бобомни ҳисобга олмаганда у ҳайиқадиган одам қолмаганди. Хирмондаги воқеадан кейин янгамдан ҳам қўрқиб қолса-да, ҳар ҳолда, уни аёл биларди. Тугал акамнинг қайтмаслигига ишонарди. Ҳафта-ўн кунда хонадонлардан йўқлов овози эшитилиб турган бу замонда отамнинг қайтишига ҳам кафолат йўқ эди.
Анча жимликдан сўнг бобом Ҳожар янгамга маслаҳат солди:
-Эчкиними, тувчасиними1 сотиб, пулига озроқ дон олсакмикан, болам, сен нима дейсан?
Янгам бу фикрга қарши чиқди.
-Эковини қўшиб сотганингиздаям, пулига бир пуд буғдой бермайди, ота,-деди у.-Тез кунда эковиям туғиб беради. Эмиб турган молимиз. Болалариям бир кемтигимизга яраб қолар…
-Унда нима қил дейсан, оғзимизни шамолга очиб ўтиролмаймиз-ку, ахир!
-Бизникидаги катта гиламни сотинг.
-Йўқ! Уни яхши кунларингда, яхшиликларингга ярар, деб олганман, болам. Ўзингни сот, десанг де-ку, бироқ гиламди сот дема!..
Бобом ўпкаси тўлиб гапиролмай қолди. Оппоқ соқоли совуқда қолгандай қалтираб, энтикиб нафас олди. Янгам ҳам терс қараб, рўмоли билан бет-олдини яширди. Анчадан сўнг паст овозда:
Яхши кунлар келади ҳали, ўшанда яхши гиламлардан ҳам оламиз,-деди ва ташқарига чиқиб кетди.
Бобом шу куни жойидан қимирламай узоқ ўтирди. Эзилиб-эзилиб, энтикиб-энтикиб, сассиз-садосиз йиғлади. Менинг олдимда ошкора кўз ёши тўкди. Кўз тикиб ўтирган ғалласини тортиб олганлари учун эмас, оиламизнинг танг аҳволда қолгани учун ҳам эмас, ёлғиз ўғлининг яхши кунларга атаб олган гиламини сотишга мажбур бўлаётгани учун йиғлади. Бу унга жуда-жуда ёмон аломат бўлиб туюлди шекилли. Балки шу аломат орқали Тугал акамнинг энди сира ҳам қайтиб келмаслигини бор даҳшати билан ҳис қилгандир. Қурман тентак билан Назир чўлоқ жўнгина найранг билан уни ана шу нохуш ҳақиқатни тан олишга мажбур қилишди. Бобом учун Тугал акам ўша куни-қорахат келганидан кейин яна бир марта ўлди!
Бобомнинг фарёдсиз гирясига чидаб ўтиролмай ташқарига чиқиб кетдим. Ҳожар янгамнинг ёнига киришга ҳам юрагим бетламади. Бобомнинг бошини ўраган туман унинг ҳам бошини ўраб олганига гумоним йўқ эди. Кейинги пайтларда кўз ёшларга тоқат қилолмай қолгандим. Ҳовлимизга сиғмай қолдим. Ўзимни сал босиб олиш, тўғрироғи, ғамбода уйдан озроқ фурсатга қочиш мақсадида Бадалларникига йўл олдим.
Жуда тўлиқиб кетган эканман. Бадалларнинг иссиқ сандалига оёқ суқиб ўтирганимдан кейин ҳам анчагача ўзимга келолмадим. Уй эгаларининг саволларига ҳам жавоб беролмадим. Бундан на Бадал, на онаси ажабланишди. Улар донимизни олиб кетишганини билишган экан. Ўша кезларда донсиз қолган оилаларнинг мусибатидан ул-
1. Тувча-бир яшар эчки.
канроқ мусибат бўлмасди. Латтадай ивиб ўтиришим сабабини шундан деб билишган чоғи, бир оз ўзимга келиб олганимдан кейин Бадалнинг онаси насиҳат қилишга тушди:
-Мунчалик эзилаверма, болам, йигит кишига ярашмайди. Ўнга кирдинг-сонга кирдинг. Нечадасан… ўн экими? Ана! Қадимгилар ўн экисида уйланиб, бир рўзғорга бош бўлган. Сен боламан, деб юрибсан, бўтам. Шукр қил, тепангда бованг-соябонинг бор, қариндош-уруғ, эл-юрт бор, оч қолмассизлар! Ошололдан ортган нондан қилинган бир қоп толқону, мошоқдан тушган озгина донга қаноат қилиб, биз ҳам ўтирибмиз-ку! Яхшиям Бувҳожар йўл ўргатиб, Чўлоқдан бир пуд арпаям олдик…
Янгамнинг товуқ шўрва ичган кунимиздаги гаплари эсимга тушди. Бадал уни сирға қилиб қулоғига таққан экан. Эртасига Назир чўлоқнинг молларини айириб, уйига ҳайдаб юборди. Майрам чўтирга:
-Сизладни молингизни боқмайман, ошололдиям бид бедиб-бид бедмайсизлад!-деди жаҳл билан.
У ялиниб ҳам эпини қилолмагач, Назир чўлоқнинг ўзи чиқди. Аввалига пўписа қилиб кўрди. Фойдаси бўлмагач паст тушишга мажбур бўлди.
-Бундан буёққа ошололингни қолдирмай оласан, бўлдими!
-Бўлмайди. Молингиз кўп. Эчкиладингизга, майли, ошолол бедавединг. Аммо қўйладингизга ойига олти кило, сигид-танангизга тўд килодан-жами ўн килодан буғдой бедсангиз боқаман. Бўлмаса йиғиштидиб кетинг молингизди!
Назир чўлоқнинг жони чиқиб кетаёзди.
-Буни сенга қайси арвоҳ урган ўргатди, ҳой-соқов!-бўкирди у.-Эл берган ошололингни берсам камми?!
-Кам, молингизга қадаб-да!-қайтмади Бадал.
-Ол бўлмаса!
Назир чўлоқ молини ўзи боқмоқчи бўлиб, жаҳл билан ҳайдаб кетди. Аммо подадан ажралган молни боқиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Қорамол-ку узоқлаб кетмас. Эчки деганлари қип-қизил шайтоннинг ўзи. Подада таканинг ортида юради. Ўзлари қолса, дуч келган томонга ураверади. Шамолли кунларда сал кўздан қочирсанг тамом, шамолни юзига олиб кетаверади. Бир тош наридан топасан. Қўйлар уларга эргашади. Хуллас, шу куни Назир чўлоқнинг бўлари бўлган шекилли, ёғоч оёқ билан эчки боқолармиди у. Эртасигаёқ ҳаммадан олдин Бадалнинг олдига чиқди. Мен борганимда иккаласи пачакилашиб турган экан. Мендан кейин келган бир қария уларни муросага келтирди.
-Чўпонди талаби туври,-деди у.-Тўланадиган ҳақ мол бошиға қараб бўлиши керак. Майли, ойиға ўн килодан бувдоймас, арпа беринг, Назирбой. Муннан ками-кам-да…
Назир чўлоқ шуниям мўтаб, икки ойга бир пудгина арпа берибди…
Бадалларникидан кечроқ чиқдим. Шунга қарамай Ҳожар янгам кутиб ўтирган экан. Икковлашиб бозорга чиқариладиган катта, оғир гиламни амаллаб ташқарига олиб чиқдик. Қорнинг устига ёйиб гоҳ калтак, гоҳ супурги билан чанг-ғуборини обдан тозаладик. Гилам дастгоҳдан янги чиққандай бўлгач яхшилаб ўраб, бобом ётган уйнинг айвонига-эшик ёнига келтириб қўйдик.
Эртасига бозор куни эди. Лекин бобом гиламни бозорга олиб чиқмади. Уни сотиш лозимлигини янгам бир-икки эслатса ҳам қулоққа олмади. Афтидан гиламни сираям сотгиси келмасди. Зарурият юзасидан бўлмаса, шу куни хонасидан ташқарига чиқмади. Кун бўйи уйда бир ўзи ўтирди.
Эрталаб Ҳожар янгам сандиғимиздаги охирги жўхорини келида оқлаб гўжа қилди. Кечгача шуни тамадди қилдик. Кечқурун: “Энам бериб юборди”-деб Бадал бир товоқ талқон келтирди. Шуни кутиб тургандай бошқа куни қўшниларимиз –биров бир коса дон, бошқалари битта нон, озроқ қурут, бир пиёлагина ёғ дегандай-баҳоли қудрат нимадир олиб чиқиб, янгам билан бобомга тасалли бериб кетишди.
Қариндош-уруғ ва ҳамқишлоқларимизнинг кўмаги билан бир ҳафта “шоҳона” яшадик. Бобом ҳам ўзини анча тутиб олди шекилли:
-Одамларнинг садағаси кетсанг!-деди ёрдам қўлини чўзганларни алқаб.-Хўп жўмард-да улар!
Одамнинг умиди сўнмасин. Ёшдир-қаридир, эркакдир-аёлдир эртанги кунларга ишониб, ёруғ умидлар билан яшасин экан. Умидсиз одам-ўлган одам. Ўша воқеадан кейин бобомнинг умид чироқлари сўнар даражага етиб қолди. Бироқ атрофимиздагилар батамом сўнишига йўл қўйишмади. У навбатдаги бозор кунларининг бирида гиламни олти пуд буғдой, икки пуд арпага “пуллаб” келди. Яна рўзғорга у-бу нарсалар ҳам олиб келди. Харидор уч пуд буғдойни нақд бериб, “қолганини пишиқчиликда оласиз”, депти. Бу-бизнинг янаги йилиги дон ташвишидан ҳам деярли қутилганимизни билдирарди.

* * *
Яна баҳор келди. Тирикчилик аввалгидан яхшироқ бўлиб қолмаса-да, одамларнинг кайфиятлари яхши эди. Узоқлардан-фронтлардан кичик тафсилотларигача етиб келаётган хушхабарлар катталарнигина эмас, болаларнинг ҳам руҳини кўтариб юборган эди. Ўз уяси томон тўхтовсиз қувиб борилаётган душман ёзгача тор-мор қилиниб, мамлакатда тинчлик ўрнатиладигандек эди. Олдинда бутун бир йиллик ҳаёт-мамот жанглари турганлигини ҳали ҳеч ким билмасди.
Қорлар эриб, ер селгир-селгимас далаларга қўш чиқарилди. Аёлларнинг ҳам ишлари кўпайди: ерни хас-ҳашаклардан тозалашади, дон сепаётганларга челакларда, қоп-халталарда уруғлик етказиб беришади. Қўшдан қолиб кетган қийтиқ ерларни чопишади. Баҳорги экинлар сепиб бўлингачгина ҳафта-ўн кун уйларида дам олишди. Ўтоққача озроқ фурсат бор эди. Бироқ ўша кезларда бобом қаттиқ бетобланиб, янгамнинг ҳаловати бузилди. Амаким Чорбоғ қишлоғидан Уста Қулман деган табибни олиб келди.
У бобомни муолажа қила туриб ҳазиллашди:
-Уйдагиларга сал эркалик қипсиз-да, ака, дам олгингиз келиб қолдими? Пичи толиқибсиз, бу-ҳеч нарса эмас.
Уста Қулман жўнаб кетаётганида амакимни четга тортиб тайинлади:
-Ўрол ака нимадандир қаттиқ койинган. Парвариш дуруст бўлса, тез тузалади. Иложи борича сут, қатиқ, гўштли овқатлардан бериб туринглар.
Уста Қулман бериб кетган гиёҳлардан бобомга турли дамлама-ю, капламалар тайёрлаб бериб турдик. Аммо у тайинлагандек овқатларни етказиб туриш осон эмасди. Ҳар қалай иложини қилиб, амаким қаердандир икки кило гўшт топиб келди. Уни оз-оздан шўрва-ю хамирли овқатлар қилиб бериб, анчагача еткиздик. Бобом шўрвадан ярим косаларни ичиб қўярди, “тишим ўтмайди” деб гўштини емасди. Ростдан тишлари гўшт чайнашга ярамасмиди ё бизга илинармиди, билолмасдик. Бадал келтирган толқон билан бир-икки пиёла эчки сути ичарди. Энди дармонга кира бошлаганида гўшт тугади. Унинг килоси фалон пул бўлганидан, амакимга яна “гўшт топиб келинг” деб бўлмасди. Аксига якка-ю ягона товуғимиз ҳам ўша кезда курк бўлиб қолди. Курк товуқни сўйдириш янгамга уволдай кўринарди. Айирбош қилиб олишга қишлоғимизда Назир чўлоқдан бошқада товуқ йўқ.
Ҳожар янгамни бобомнинг соғлиғи қаттиқ ташвишлантирди. Яна орқага кетиб қолмаса, деб жони ҳалак. Шунга қарамай товуқ сўраб Назир чўлоқникига боргиси келмасди. Буни яхши билганимдан:
-Товуқни мен топаман,-дедим.
Янгам “ялт” этиб менга қаради. Гапимни ҳазилга бурмоқчи бўлиб:
-Қайнар хуми бордай гапирасиз-а, мулла бола,-деди.
-Бадални ишга соламан…
Гапимдаги маънони англаб, янгамнинг юзи ўзгариб кетди.
-Сезиб қолишса нима бўлишини биласизми?!-деди ваҳимага тушиб.-Қош қўяман деб кўз чиқарманг тағин! Отам билса, тузалиш ўрнига кейин кетади.
-Э, билмайди! Майрам чечангиз-эсарсўқ, ўтган гал товуғи йўқолганини санаб ҳам билмади-ку.
-Ундан кўра, Майрам чечага тўғри бориб, курк товуғимизни бошқасига алмаштириб келавермайсизми? Унга шуниси фойдалироқ-ку.
-Ўша чўтир шунга кўнади деб ўйлайсизми? Товуғинг кетиб қолади, деб сираям кўнмас.
Баъзи одамлар ўз уйини ҳеч ўйламай ташлаб кетаверади. Аммо товуқ бундай эмас: ўз қишлоғида ҳеч қачон бегона катакда ётмайди. Қамаб, боғлаб ойлаб ушлаб турганингизда ҳам бўшалган куни ўз катагига кетиб қолади. Буни билганидан, янгам сукутга толди. Пайтдан фойдаланиб, жуфтакни ростлаб қолдим.
Аслида ўғирлик қилиш ниятим йўқ, янгам уволсиниб сўйдиролмаётган товуқни “ўғирлаб” сўйишни дилимга туккандим. Товуқ сўйилиб, гўшти ошхонага киритилгач, у иложсиз қолади. Шуни ўйлаб, Ҳожар янгамдан амаллаб қутулиб кетдим-да, бироқ Бадални бу ишга кўндиришим қийин бўлди. Ўзим эса товуқ сўёлмасдим.
-Товуқ кедак бўлса Назид чўлоқникидан оламиз, вассалом!-деб туриб олди у.
Бобомга ўғирланган товуқнинг гўштини пиширтириб едиришга ўзимнинг кўнглим бўлмаётганди. Ўғирлик мол-ҳаром, деган фикрни янгам миямга сингдириб қўйганди чоғи. Сир очилиб қолишидан қўрқмаганимдаям, бобомга-ёши бир жойга борган одамга ҳаром луқма едиргим келмасди. Буни Бадалга тушунтиргунимча терлаб кетдим. Ҳар қалай уни айтганимга кўндирдим.
Биз келтирган товуқ гўштини нима қилишини билмай Ҳожар янгамнинг анчагача боши қотиб ўтирди. Ўғирлик бўлсаям, ҳалол молнинг гўшти. Уни “ҳаром” деб, итга ташлаш-гуноҳ. Бировга бериб юборай деса, олдин махражини тушунтириши ёки нимадир деб ёлғон гапириши керак. Охири нима бўлса бўлди деб ўйлади шекилли, гўштнинг бир қисмини ажратиб қозонга солди.
Шўрва пишгач, янгам бир косадай қуйиб, бобомга чиқартирди. У қошиқ билан шўрвани бир айлантириб, мендан сўради:
-Гўшни қаёқдан топдиларинг?
-Товуғимизни сўйдик,-унга ростини айтишга мажбур бўлдим.
-Курк дегандай бўлувди-ку.
Курклигини қаёқдан билипмиз. Чечам “гўш керак” деганди, Бадал эковимиз сўйиб юбордик.
-Ҳмм… Чечангдан бир оғиз сўрамайсанми?
-Сўрадим, у кишиям аниғини билмади.
-Жуда балосанда… маҳмадона…
Шўрвани ичиб бўлгунимизча алламаҳал бўлди. Янгам икковимизнинг қистовимиз билан шу куни Бадал бизникида ётиб қолди. Эрталаб кимнингдир биқинимга туртганидан уйғондим. Уйқусираб кўзимни очсам, Бадал бармоғини лабига босиб турибди. Қулоқ солсам, унинг онаси билан Ҳожар янгам ғўнғир-ғўнғир гаплашяпти.
-Илгариям менинг айбим билан бир товуғини ўғирлашганди,-дерди янгам хижолатли товушда.-Бу гал мулла бола тушмагур “қўйинг” дегунимча бўлмай, югуриб чиқиб кетди… Қайтаролмай қолдим…
-Ҳар нарсани ўзингизга олаверманг, келин,-Бадалнинг онаси таскин берувчи оҳангда гапирди.-Керакка терак йиқилади. Қайнингиз бовасининг тезроқ тузалиши учун қилган-да бу ишди… Ўша чўлоқди топган-тутганиям аслида элди моли: одамлардек йиғилган ғаллани ярмини яшириб қолиб, чет-четларда сотиб юрганмиш. Пулини анов тентакминан бўлишса керак. Бир жўмард чиқиб айбларини очса-ю, бор молини тортиб олсами… Ақалли ярим-ёртисини…
Улар жим бўлишди. Товушидан уйга Майрам чўтир кирганини пайқадим. Сўрашиб бўлар-бўлмас:
-Қоп сўраб чиқувдим, овсинжон,-деди янгамга.-иложи бўлса қўшқулоқларингиздан1 бирини беринг. Кечқурун акангиз бир сентрдай2 дон опкеладиган.
-Қаердан опкеларкан, бугун бозор куни эмас-ку,-қизиқиб сўради Ҳожар янгам.
-Билмадим, Қурман аканикидан дегандай бўлдими…
Ўзимизни ухлаётганга солиб ётсак ҳам кўряпмиз. Ҳожар янгам билан Бадалнинг онаси бир-бирларига маънодор қараб қўйишди.
Элакка чиққан аёлнинг эллик оғиз гапи бор. Шошиб тургандай кўринса-да, Майрам чўтир ундан-бундан гап сотиб, анча туриб қолди. Оғзи “қизиб” эрининг Қурман тентак билан ҳамкорлигидан ҳам бир “қарта” олиб юборди. Гап айланиб, товуққа келиб тақалди: янгам дафъатан курк товуғини тулки олиб кетганини айтди. Бунга ўзи чиппа-чин ишонарди.
-Менинг товуқларим бут, овсинжон,-деди Майрам чўтир мамнун қиёфада.-Дон сепаётиб бир-бир санадим.
-Адашгандирсиз, бирортаси йўқдир…-деб юборди Ҳожар янгам.
-Ҳа йўқ, овсинжон, ҳаммаси бор…
Бадалнинг онаси терс ўгирилиб, мийиғида кулиб қўйди. Бунақа телба-тескари гапларга чидаб ўтиролмадими, ўғлининг мол ҳайдайдиган вақти яқинлашганини айтиб, уни эргаштириб чиқиб кетди. Майрам чўтир билан Ҳожар янгам аввалги йўсинда яна бир оз гап “талашиб” ўтиргач, у ҳам ўрнидан турди:
-Мен ҳам борай, овсинжон, акангиз бетоқатланиб кутаётгандир. Тез қайтаман, деб чиқувдим…
Майрам чўтир эшикдан чиқиб кетгач, устимдаги кўрпани сидириб ташлаб янгамга қарадим. У хаёлга толиб ўтирарди. Нималарни ўйлаётганини билиб бўлмасди. Менга кўзи тушиб андак қизарди ва маъюсгина жилмайди. Нигоҳидан “ҳаммасини эшитдингизми?” деган саволни уқиб, бошимни лиқиллатдим.
Ҳожар янгам шу куни кечгача тундлашиб юрди. Нималарни ўйлаётганини юзидан билолмадим. Лекин жудаям билгим келарди. Балки Назир чўлоқнинг товуғини ўғирлади, деб биздан хафа бўлиб юргандир, балки бошқа бирор нарсадан ранжигандир. Кечқурун одатдагидай кўзасини кўтариб Бадал келди. Кўкламдан бери одамларда мол кўпайиб қолган шекилли, унинг ҳам оши ҳалоли кўпайган эди. Икки одам қанчаям овқат ерди. Ортиқчасини ночорроқ оилаларга, баъзан бизникига беришади. Ҳожар янгам онасининг дилини оғритмаслик учун Бадалнинг қўлини қайтаролмасди. Чунки, энди биз ночор оила бўлмай қолган эдик. У кезларда уйида бир қоп-икки қоп дони бор одамлар ўзларига тўқ одамлар ҳисобланишарди.
Янгам қандайдир иш билан хонадан чиққанида, унинг кун бўйи нимадандир хафа бўлгандай юрганини Бадалга айтиб бердим. У ўйланиб туриб сўради:
-Курк товуғини йўқолганидан хафамикан?
-Ундай бўлмаса керак. Назаримда, бизни яна ўғирлик қилди, деб ўйлаяпти. Бунга ўзи айбдордай сиқиляпти. Буни кўнглидан қандай чиқарсак бўларкан?
1. Қўшқулоқ-қўлда тўқилган, 8 пуд дон бемалол сиғадиган жун қоп.
2. Сентр-центнер демоқчи.
-Достини айт-да қўй.
-Бовамга ростини айтишга мажбур бўлдим. Лекин чечамга бундай қилиб бўлмайди. У товуқни бостириб, сонини кўпайтиришни ўйлаб юрувди. Чинини билса, бадтар хафа бўлиб қолади…
Хонага Ҳожар янгам қайтиб кирди. Биз мавзуни кескин ўзгартириб, олди-қочди гапларга ўтдик. У гапларимизга қулоқ солаётгандай эди-ю, хаёли бошқа ёқдалиги билиниб турарди.
Бир маҳал Бадал:
-Эдталаб Майдам чўтид нима деди?-деб қолди.-Назид чўлоқ Қудман тентакникидан бид сентид дон опкеладимишми?
-Ҳа,-тасдиқладим унинг гапини.-Мактабда болалардан бир гап эшитувдим. Ростга ўхшайди-да…
-Қандай гап экан у?
Ҳожар янгам менга қизиқсиниб тикилди.
-Айтишларича, кимдир чўлоқнинг чет-четларда буғдой сотиб юрганини кўрганмиш. Пулини Қурман тентак билан бўлишса керак.
-Тўғри, Қурман аканинг ўзи дон сотолмайди. Қўлга тушиб қолишдан қўрқади. Назир ака эплайди бу ишни. Қўлга тушса уялмай оёғини рўкач қилади. Ушлаганлар оёғини фронтда йўқотган деб ўйлашади. Уруш ногиронларини ҳамма ҳурмат қилиб, унча-бунчага индайверишмайди…
-Бугун оқшом уйига келтидадигани қишлоғимиздан йиғилган донладдандид,-деди Бадал-Балки сизладникидид.
Ҳожар янгам Бадалга ўзгача бир синчковлик билан қаради.
-Ўша дон эҳтимол бизникидир,-дедим ўзимни тўхталолмай.-Қайтариб олишимизни иложи йўқмикан?
-Қайдам…-ўйланиб жавоб берди у.-Балки…
Бадалга жон кириб қолди.
-Чўлоқни ўладдай қўдқоқ дейишади. Айниқса қодонғида жин-ажиналаддан қудқадимиш.
-Мен ажина бўлиб берайми?
Бу гап Бадални суюнтириб юборди. Лекин Назир чўлоқни янгам айтган усулнинг ўзи билгангина қўрқитиш гумонлигини ҳаммамиз сезиб турардик. Боз устига у ажиналикни қанчалик эплайди. Озгина хато ҳамма ишни чипакка чиқариши мумкин. Шуниси билан бу усул анча қалтис ва хавфли эди. Унинг ўтакасини чинакамга ёриш учун яна қандайдир қўшимча воситаларни топиш керак. Учаламиз ўйлашиб-кенгашиб, бунинг ҳам йўлини топдик…

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.