Таҳлил

iakБобур Холиқназаров:  КИМ ЭДИК-У КИМ БЎЛДИК?
Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига танланган шиорга бағишланади

Вақт олий ҳакам, хамма нарсани ўз ўрнига қўйиб қўяди…

Бу сафар гапни узоқроқдан, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаш керак бўлади. Ўша пайтдаёши жиҳатидан сал каттароқ бўлиш билан бирга мамлакатининг харбий ва иқтисодий салоҳияти билан ўз устунлигини ҳис қилган Каримов Марказий Осиёдаги ўз ҳамкасбларини назар-писанд қилмас, уларни бевосита тахқирлаш билан завқ олар ва буни атрофдагиларга кўз-кўз қилишни ўзи учун шараф деб биларди. Бу Россиянинг Марказий Осиёдаги давлатларни «Каримовдан химоя қилиб ўз пинжига олиши» учун жуда қўл келарди ва шу сабабдан Кремл Каримовга пинҳона «Уларга кимлигингни кўрсатиб қўй!» деб турарди.

Назарбоев билан ўзаро стаканлардаги сувни бетларига сепиб юбориб жанжаллашгани, Ниязовни ўз ҳонасида муштлагани, Акаевни доим омма орасида ҳам таҳқирлаб гаплашгани ва МДҲ Москва учрашуви чоғида Салим Абдувалиев ва Ғофур Рахимовлар орқали рус қонундаги ўғриларини ишга солиб Эмомали Раҳмонга барча меҳмонҳоналар жой беришдан рад қилдириб завқлангани – бу Каримов биографиясининг тарих зарварақларига хозирча кўринмас харфлар билан ёзилган «Ким эдик?» қисмига киради. Вақти келиб мазкур рўйхат хужжат ва фактлар билан тўлдирилиб халққа ўз юртбоши хақида тўлиқроқ маълумот берилади.

Шиорнинг «Ким бўлдик?» қисмига келадиган бўлсак, орадан йигирма йил ўтди, аммо Марказий Осиё сиёсий майдонида кўп жиддий ўзгаришлар бўлмади. Қирғизистон иккита инқилобни бошдан кечирди ва бунинг натижасида икки марта мамлакатни бошқараётган сиёсий элита алмашди. Тожикистон рахбари 10 йиллик фуқаролар уришига барҳам бериб мамлакатни ривожланиш сари судрамоқда. Қозоғистон ривожланган давлатлар сафига даъвогар ва дунёнинг йирик 20та мамлакат лидерлари қаторида нуфузли «G20 саммит»ларида иштирок этмоқда. «Туркманбоши»нинг оламдан ўтиши «Арқадағ»га жиддий ислоҳатларни амалга ошириш имконини бергани дунё ҳамжамияти томонидан олқишланди.

20 йилдир «миш-мишлар» мамлакатига айлантирилган Ўзбекистонда эса хеч нарса ўзгармади: «Каримов асл ахволдан бехабармиш…», «Мамлакатни «серий кардинал» Зелимхон Ҳайдаров бошқарётганмиш…», «Ворис қилиб Рустам Азимовни танлашипти…», «Рустам Иноятовни ишдан олишипти…», «Шавкат Мирзиёевни қамашармиш…» Фақат номлар ўзгарди: Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умурзоқов, Темур Алимов, Козим Тўлаганов ва яна ўнлаб энг юқори даражали амалдорлар.

Ўзининг жисмоний хавфсизлигини сиёсий хавфсизлигиданда юқори ўринга қўйган Каримов дастлабки йиллардан катта эътирборни хавфсизлик ва кучишлатар тизимлар барқарорлигига қаратди. Кучишлатар тизимлар сафининг кенгайиб бориши билан бирга бу тизимдагиларга чекланмаган хуқуқ ва имкониятлар яратиб берилиши эса мамлакатда уруғ-аймоқчилик ва коррупсияни мисли кўрилмаган даражаларга чиқариб юборди. Бугун ҳар қандай муваффақиятли бизнесни олиб қараманг орқасида бирор юқори лавозимли кучишлатар ёки амалдор турган бизнесменга тегишли экани маълум бўлади.

Бизнес секторида имкониятлар фақат «танланган» кишиларга берилиб соғлом рақобат йўқотилар экан бунинг натижасида сусайиб бораётган иқтисодий ўсишни қўшиб ёзишга устаси фаранг «манқурт» амалдорлар ёрдами билан «ўнглаш» бошланди. Юқорининг ёки кучишлатар тизимларнинг талабларини сўзсиз бажарадиган бундай амалдорлар охирги ўн йил ичида тўлалигича ақли расо ва оқибатни ўйлаб ишлайдиган сўнгги авлод амалдорларни турли йўллар билан сиқиб чиқариб тизимни соатдек беҳато ишлайдиган «қўшиб ёзиш машинаси»га айлантирди. Қўшиб ёзиш авжига чиқар экан Каримов қўлига келаётган хисоботлар бориб текширмасада ақалли мантиқ ва фаросат нормалари билан ўлчаб кўрмади. Аксинча ўзи қўли остидагиларга «Қани бу йил қанча ўсди, қанча кўпайди» деб уларни янада дадилроқ қўшиб ёзишга ундади.

Қўшиб ёзишнинг ҳар қандай мантиқ нормаларидан чиқиб кетганига мисолларни Ўзбекистонда минглаб топиш мумкин. Каримов яқинда бўлиб ўтган озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган анжуманида мамлакатда 2013 йилда Ўзбекистонда 17 миллион тонна мева-сабзовот махсулотлари ишлаб чиқарилганини эътироф этди. Салкам 31 миллион ахолининг энг кам хисобларга кўра 5-6 миллиони доимий ташқи миграцияда. Демак мамлакатда қолган 25 миллион ахоли бир йилда 17 миллион тонна мева-сабзовот ейиши учун йилига киши бошига 700 килограмдан, кунига икки килограмдан мева-сабзавот истеъмол қилиши керак бўлади. Бу дегани беш кишилик ўртача оила йил давомида узлуксиз кунига 10 килограм мева сабзовот истеъмол қилади дегани. Бу инсон истаса ҳам жисмонан уддалай олмайдиган ишлигини билиш учун эса бор-йўғи озгина фаросат керак.

Саккиз миллион тонна деб эътироф этилган буғдой хирмонининг эса сал кам ярими- 3,5 миллион тоннаси қўшиб ёзилган бўлиб бу буғдойни қидирсангиз фақат МХХнинг папкаларидан «чиқади». Энг унумдор ерларда гектарига 40-50 центнердан хосил олиш мумкин бўлгани холда хосилдорлик республика бўйича ўртача 80 центнер қилиб кўрсатилган. Бунинг учун эса фермерлардан «Ҳар гектардан 80 центнер хосил олдим, давлат буюртмаси бўйича ҳар гектардан 40 центнер давлатга сотдим, қолгани уйимда турипти, қасам ичаман!» деб «тилхат-ҳисобот» ёздириб олиб папкаларга тикиб қўйилган. Гектарига 40 центнердан давлат буюртмасини бажаролмаган фермерларнинг мол-мулклари тортиб олинган, мол-мулки йўқларини баъзи ҳолларда ўз жонига қасд қиладиган даражагача олиб боришган.

Каримовнинг «қама-қама» сиёсати кундан-кунга жадаллашиб, тармоқ ва соҳаларни тобора кенгроқ қамраб борар экан муаммоларга ечим топилмаётганинг энг асосий сабаби Каримов бошлиқ бутун бир режимнинг мавжуд муаммолар борлигини инкор этиб кескинлашиб бораётган кўзбўямачиликни давом эттираверишдир. Тилёғламачилик ва маддохликка муккасидан кетган Каримов учун бугун муаммолар билан юзлашишдан қўрқинчли ҳол йўқ. Шунинг учун «садоқатли» амалдорлар муаммоларга кўз юмган ҳолда иккиланмасдан оқни қора, қорани оқ дейишдан тонмайдиганлар ичидангина танлаб олинади.

Чунки режим лавозимга тайинлаётган янги рахбарларнинг энг ўзига хос тамони бу: Ислом Каримов бирор муаммони кўтариб ташаббус кўрсатмагунча ҳеч қандай ташаббус билан чиқмаслик, «ақиллилик қилиб» мустақил фикри асосида бирор гап гапирмасликдир. Сўнгги пайтларда юқори поғона рахбарларнинг кучишлатар тизимлардан чиққан кишилар ичидан тайинланаётгани эса жойларда муаммоларни кўтариб, уларни ечиш ташаббуси билан чиқаётган «ўзбошимча» рахбарчаларни назорат қилиб, пайти келганда эса бартараф қилиб туришдир.

Бундай холда «яшаб қолиши» мумкин бўлган ягона гурух бу амали учун отасидан ҳам воз кечишга тайёр бўлган «замонавий манқуртлар» гурухидир. Озгина мустақил фикр, ўз соҳасида етарли билим ва энг асосийси фахм-фаросати борлар Каримовга яқин йўлатилмайди ҳам, олдиндан келиб қолганлар эса аллақачон бу гурухдан четлатилганлар.

Шу ўринда Каримов режимининг энг катта хатоси муаммоларга илмий ёндашмаслик, яни уларга ечим излаш нуқтаи-назаридан ёндашолмаслик бўлди. Биргина мисол: Қозоғистон ижтимоий-иқтисодий сиёсатида олимлар ва илмий ечимларга кенг ўрин берилган ва турли даражадаги маслаҳатчилик ўринларига хатто Ўзбекистон олимлари-ю Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блейр ҳам ёлланар экан ўзбек олимларининг Ўзбекистон халқ хўжалигига қўшган хиссаси фақат хирмонга топширилган пахта килограмлари билан ўлчаниб қолавермоқда. Илмий текшириш институтлари ахволининг парокандалигини фақат бу соҳаларга алоқаси бор кишиларгина билишади. Аммо 18 йил олдин қабул қилганимиздан бери жар солиб мақтайдиганимиз кадрлар тайёрлаш миллий дастурини хаётга жорий қилиниш босқичидаёқ тириклай кўмганимиз алоҳида тахлилга мавзу бўлади.

Бугун Каримовнинг ўзи Кремл рахбариятини қанчалик ёмон кўрмасин давлат ишларини русча юритишга мажбур. 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига қарамасдан ва ўзининг ўзбек тилида мукаммал гапириш ва иш юритиш қобилиятига қарамасдан Каримов умуман ўзбек тилида иш юритмайди. Афтидан фаолиятини мустақилликдан 23 йил кейин ҳам рус тилида юритиш билан мамлакат рахбари ва муҳим давлат органлари бу фаолиятлари хақида Кремлга «хисобот» бериб туришади. Аслида Кремл Оқсарой юргизаётган кўзбўямачилик сиёсати, мамлакатда урчиган уруғ- аймоқчилик ва коррупция борасида етарлича маълумотга эга. Акс холда Кремл МТС Ўзбекистондан чиқариб юборилгач Каримовлар ҳонадонинг молиявий махинацияларини дунёга достон қилиб Гулнора Каримовага нисбатан бир нечта давлатларда жиноий иш очтирмасди.

Юргизаётган кўзбўямачилик сиёсати ва сахна ортидаги бошбошдоқликлар оқибатида Каримов режимининг минтақа давлатлари орасидаги умумий салоҳияти кундан-кунга пасайиб борар экан, бу мамлакат ичкарисида «абадий даҳо»га айлантирилган ўзбек юртбошининг нуфузига ҳам кескин таъсир қилмоқда. Гарчи негизида йигирма йилдан бери тўпланиб ортиб бораётган шахсий адоват ётсада, Каримов – Раҳмон зиддияти бугун Роғун ГЭСининг қурилиш жараёни билан ўзининг бурилиш нуқтасига етиб келган. Сиёсий ва иқтисодий салоҳияти Каримовникидан анча паст ҳисобланган Эмомали Раҳмон йиллар ўтиб Роғун ГЭСи қурилиши масаласида Каримовнинг башарасига илм-фан қўли билан тарсаки тортди. Маҳаллий олимлар ва АҚШ лоббистлари сайъи ҳаракатлари билан Жаҳон Банки экспертлари хулосаси Каримовнинг барча иддаоларини чўпчакка чиқарди.

Остонага бориб Каримовнинг мамлакат ОАВларидан такрорлайдиган догмасини яна бир бор такрорлаб қайтган Рустам Азимов ҳам сийқаси чиққан ва илмий асосланмаган бу аргументлар уни ахмоққа ўхшатиб кўрсатаётганини, режимга хизмат қилиш асносида Каримовга қўшилиб ўзининг ҳам халқаро майдондаги нуфузи тушиб бораётганидан афсусдалигини кўзларидан англаш қийин эмас эди. Нима бўлганда ҳам «Кемага тушганнинг жони бир», Азимов ҳам режим қолаётган маломатлардан қочиб қутила олмайди.

Холбуки мамлакатнинг сўнгги 8 йил ичида ўртача 8 фоизлик иқтисодий ўсишга эришганига, мамлакат бюджетининг 30% қисми таълим ва илм-фанга ажратилаётганига қарамасдан Роғун масаласида халқаро аҳамиятни жалб эта оладиган бирорта илмий иш қилинмади. Албатта, Роғун ГЭСи ва «унинг зарарлари» борасида тадқиқот ўтказиш мактаб боғчаларидан тортиб таълим ва илм-фанга алоқаси бўлган ҳар бир муассасага топширилган ва улардан хисоботлар қабул қилиб олинган. Аммо бу хисоботлар ичидан бирорта эътиборга лойиқ топилиб халқаро миқёсда натижаларини эълон қилиш мумкин бўлгани йўқ. Чунки Каримов режимининг энг асосий мақсади бу хашарлар, пахта йиғим терими ва шунга ўхшаш жамоатчилик ишлари бўлиб, олим ёки мутахасислар ўз «илмий ишларини» бу ишлардан бўш вақтларида амалга оширишлари лозимдир…

Натижа эса кўриб турганингиздек! Яшасин ўз миллий ғоясини жаҳон миқёсида Каримовнинг сафсата аргументларидан илмий йўл билан устун қўя олган Эмомали Раҳмон! Яшасин олимларни улуғлаб улуғликка эриша олган Эмомали Раҳмон!

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги учрашуви олдидан Хитойга бориб Путиннинг ўтли қарашларидан панада ўтириш учун Си Зин Пиннинг пинжидан жой сўраб бунинг эвазига қишда ёнмайдиган қумкўмир билан уйини иситолмаётган халқининг 6 миллиард долларлик табиий газини ваъда қилиб келган Каримов энди Эмомали билан юзлашишдан ҳам ўзини олиб қочадиган бўлди. Чунки Каримов қанча додламасин Эмомали Раҳмон Роғун ГЭСини қурмоқда ва бунга халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб қувватловини олишга ҳам эришди. Каримов ўз телевидениеларидан чиқиб нима деса деяверсин, орқасида унинг гапларини асослаб бера оладиган олимлари ва илмий сиёсати йўқ экан, бу гаплар фақат соддадил, оми ва ишонувчан ўзбек деҳқонинига айтилаётган чўпчакдан бошқа гап бўлмай қолаверади. Илм-фан ва таълимни қўллаб қувватлаш у ёқда турсин, уни орқага тортиб, илм-фан ривожига шахсан тўсқинлик қилаётган Каримов бўлса ўз сиёсатларининг мана бундай «махсули»ни кўришда давом этади.

Каримовнинг 2012 йилдаги қароридан кейинги икки йил ичида мамлакатда бирорта докторлик диссертацияси ҳимоя қилингани йўқ Сабаби қарор шу қадар номутаносиб ва ноаниқ қабул қилинганки фан номзоди ва фан доктори даражаларини мужассамлаб ғарбнинг Ph.D. даражаси талаблари шакллантириш жараёнида хеч ким англаб етолмайдиган ва амалга ошира олмайдиган талаблар шакллантирилган. Қарор чиқганича ишлари тайёр бўлиб ҳимояга отланган минглаб фан номзоди ёки докторлик диссертациялари ҳимоя қилмоқчи бўлганларнинг бирортаси ҳам бугунга қадар ҳимоя қила олмаган. Уларнинг энг камида тенг ярими ҳимояга қўйилган имконсиз талаблардан безиб илмий ишларини оҳирига етқазишдан воз кечганлар.

Афтидан Каримовга бугун Роғун ГЭСининг қурилиши ҳам, илмий ишларнинг бориш жараёни ҳам қизиқ эмас. У ўзи бир неча йиллар олдин мазах қилган қўшни давлатлари рахбарлари билан учрашиб кулгига қолмаса ва энг асосийси ўзи борасида хорижий матбуотда нималар дейилаётганидан хабар топмаса бўлгани. Қолганини маддоҳлик ва тилёғламачиликда устаси фаранг бўлиб кетган атрофидаги амалдорлар боплашади: «Яшасин доноларнинг доноси, доно шохимиз», «Абадий рахнамомиз соғ бўлсинлар, уларнинг шарафларидан осмондаги қуёш ўз вақтида чиқиб ўз вақтида ботади»… Минтақавий мажороларни ўз фойдасига хал қилолмаганидан ахволи хуноб Каримов эса бу маддоҳларнинг мақтовларига ишониб ўзини овутиб яшайверади.

Ким эдик-у ким бўлдик деб собиқ совет даврининг оқ-қора суратлари билан бугунги рангли суратларни таққослайверишнинг фойдаси йўқ. Русларга қул эдик дейилган ўша йиллари уйларимизга электр, табиий газ ичимлик суви ва оқава сув тизимлари олиб келинган эди. Ишчими колхозчими ким бўлишидан қатъий назар одамлар эртанги кунидан хотиржам бола-чақаси бағрида хаёт кечирарди. Тинмасдан бозорлар ёнмас, уйлар бузилмасди.

Русларнинг мустамлакасидан қутилганимиз тинмасдан таъкидланадиган 23 йил ичида эса етти миллион ўзбек Россия ва Қозоғистонда «қулликда». Амалдорлар қачон қамалишини, қамалганлар қачон амнистия чиқишини кутиб яшайди. Каримов бўлса мамлакатда хамма муаммолар бартараф этиб бўлингандек фақат Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги муаммолардан қайғуриб гапиради.

Ана энди хулоса қилинг, ким эдик-у ким бўлдик? Вақт олий ҳакам…

Бобур Холиқназаров

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.