Муғанний ижодидан

muganniyТангри йўли фузундир

Замона дардларига даволар ҳам бордир-ов,
Бу кўнгил зардларига сафолар ҳам бордир-ов?

Пора – пора Туркистон, бағри ёра Туркистон,
Бир ерларда иймонли даҳолар ҳам бордир-ов?

Кўксида сим тўсиқлар, бомбали зим тўсиқлар,
Эртага бу ишларга баҳолар ҳам бордир-ов?

Қудачилик кул бўлди, хонзодалар тул бўлди,
Тўй бошида турганда хатолар ҳам бордир-ов?

Ғарбга доллар оширган, “пул ёқиб ош пиширган”,
Ватанфуруш кимсага жазолар ҳам бордир-ов?

Аждаҳолар қошида, ўлгунча сув бошида,
Бошларида занжирбанд ҳумолар ҳам бордир-ов?

Четга қиз сотганларда, май ичиб ётганларда,
Доллардан ясаб олган “худо”лар ҳам бордир-ов?

Афюнфуруш зотларга, олғир катта отларга,
“Оппоқ уй”ларда мухбир аъзолар ҳам бордир-ов?

Зиндонларни тўлдирган, диндорларни ўлдирган,
Бир тилли жаллодларга қазолар ҳам бордир-ов?

Ҳизбчини тийворган, пулин олиб қўйворган,
Миршаб тоға ишида “нето”лар ҳам бордир-ов?

Етолмасдан аслга, дин айланди ҳазилга,
Имомларнинг ичида “зато”лар ҳам бордир-ов?

Тангри йўли фузундир, арғамчиси узундир,
Зеру-забар этгувчи имолар ҳам бордир-ов?

Фаришталар қўллаган, Тангри томон йўллаган,
Муғаннийда тиланган дуолар ҳам бордир-ов?

Муғанний.

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in Zamburmasal. Bookmark the permalink.