“Туронзамин” почтасидан

soyimishoqСойим Исҳоқ׃ Сиртдан тинч дарё ёхуд ёғсиз чироқ қиссаси (давоми)

Иссиқ кунлардан бири. Октябрда ҳавонинг бу қадар исиб кетиши камдан-кам кузатилади. Тепамдан уриб турган офтоб кўзларимни тиндиради. Ўн чақиримча наридаги Қўйтош тоғларининг виқорли чўққилари олмосдай ярқираб кўринади. Ундан беридаги Қатормоя тизмалари ва атрофимиздаги баланд-паст қирлар сувга ғарқ бўлаётгандай жимирлашади. Ҳавода жизғанак бўлиб қуриган сомон ҳиди анқийди. Аллақандай қўнғизлар тинимсиз хазиллашиб уйқимни келтиради Пешонамдан тер қуйилади. Онда-сонда кўзларим илиниб, хўкиздан қулаш даражасига етганимда ўзимга келаман.
Хайриятки иссиқда мумдай эриётганимни Ҳожар янгам пайқади. Тўхтатиб ҳўкизларни четга чиқаришни буюрди. Мени оққуврайдан ўзимиз ясаган чоғроққина чайлага киритиб юбориб, матовдаги ҳўкизларни бир-биридан ажратди ва буғдойи ўриб олинган далага қўйиб юборди. Бирпасдан кейин қайнаган чойгумни кўтариб, ўзи ҳам чайлага кирди. Чайламиз кичкина бўлганидан сиқилишиброқ ўтирдик.
-Чарчадингиз-а, мулла бола,-деди янгам чайланинг тўридаги шол дастурхонни ўртага тортаркан.-Лекин чидамли экансиз. Чидам урушда жуда иш берса керак.
Чети арранинг тишига ўхшаб қолган пиёлага чойгумдан қайноқ сув қуйиб менга узатди. Қуруқ чой отлиққа ҳам топилмаганидан, одамлар қайнаган сув-обжўш ичишади. Баъзан чой ўрнига аллақандай ўсимликларнинг япроғини майдалаб солишади.
Ўнбошимиз тушга яқин ташлаб кетган иккита сўлқиллаб турган буғдой нон билан “чой”ни ичиб бўлдик. Иссиқ овқат бўлмаса-да, у ишлаётганларни янги тандир нони билан таъминлаб туришни йўлга қўйган эди. Иссиқ овқат кечга яқин-бир маҳал берилади. Хирмонлар бир-биридан ҳам, ўроқчилардан ҳам узоқ бўлганидан, бизларнинг тегишимизни иш жойларимизга келтиришади.
Ёқимли ҳид таратиб турган юмшоқ буғдой нонни еб нафсим ором олгач бўшашдим шекилли, озроқ нафас ростлаш учун чўзилдим. Одатда тушликдан кейин дарҳол ишга тутинардик. Бу гал Ҳожар янгам ҳам толиққанми, мени алдаб-сулдаб турғизиш ўрнига, ўзи ҳам бир ёнбош бўлиб ёнимга чўзилди. Мудроқ босаётган қовоқларимни йириб очгандай, шу куни унинг кўзларига биринчи марта тикилиб қарадим. Ғамгин милтиллаб турган қорачиқларининг туб-тубида қандайдир ҳасрат чўкиб ётганини илк дафъа пайқагандай бўлдим. Аммо уйқисираб турганимданми, бунга жиддий эътибор бермадим. Балки аксар аёлларнинг кўзларида мудом шунга ўхшаш ифодани кўравериб, ўрганиб кетганимдан шундай бўлгандир.
Урушнинг жабрини урушда қон кечиб юрганлардан кўра, фронт ортидаги аёллар кўпроқ тортганлигини энди пайқаяпман. Урушдагилар, ҳар қалай, эркак вазифаси қийин ва хафвли бўлса ҳам аниқ: душманни қир, вассалом. Фронт ортида эса ундай эмас, эрта тонгдан қоронғи хуфтонгача далада ишлашади. Уйига келиб ҳам ором тополмайди: бола-чақа, рўзғор ташвишлари, етар-етмаслик, энг ёмони-қаҳатчилик…
Мизғий бошлаганман шекилли, Ҳожар янгам қадоқ босган қўлини секингина елкамга қўйганини сездим. Она кўксидагина бўладиган аллақандай қадрдон ҳид гупуриб димоғимга урди. Шошилиб кўзимни очдим. Ҳожар янгам жилмайиб, юзларимга қараб турарди.
-Чарчабсиз-а,-деди ҳамдард товушда.-Майли, ҳозир чарчасак, ҳиссасини урушдан кейин чиқариб оламиз.
-Уруш қачон тугуйди, чеча?-сўрадим гўё у ҳамма нарсани биладиган фолбиндай.
-Тугайди, тезда тугайди. Урушни бошлаган бадбахт Гитлерниям аҳмоқ подшодай дорга осишади. Бу кунларга узоқ қолмади.
-назир чўлоқни-чи?
-Ҳожар янгам бир зумгина юзимга ҳайратланиб тикилди. Кейин кутмаганимда қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Кулгиси Каттабулоқ сувларининг чулдирашидек жарангдор чиққанини эшитиб, мен ҳам илжайдим.
-Нималар деяпсиз, мулла бола?-деди у ўзини аранг кулгидан тўхтатиб.-Назир аканинг додини бериш жудаям қийин иш деб ўйлайсиз шекилли.
-Осон бўлса, нега ҳеч ким унга индолмайди?
-Ҳозир ҳамманинг фикри-зикри фронтда! Назир акага ўхшаган битта-яримта пасткашлар кўзга чалинмай турипти. Ҳали уруш тугасин…
-Уруш тугача нима бўлади, чеча?
-Уруш тугасами? Уруш тугаса энг аввало яқин кишиларимиз келишади… Умуман, кўп нарсалар ўзгаради!
-Назир чўлоқниям ростдан дорга осишадими? Бовам менга: “Ҳали шерларимиз келса оёғидан осишади”-деганди. Шу тўғрими?
-Ҳар қалай жазосини беришади…
-Назир чўлоқнинг бизга узоқроқ қариндошлиги ҳам бор: гавдали, муштбурун, биткўз одам эди. Ўттизлар атрофида бўлишига қарамай, тарвақайлатиб соқол-мўйлов қўйиб олган. Ёшига нисбатан каттароқ кўрингиси келса керак-да.
Қишлоғимизда бир қўли ё бир оёғи йўқлар яна бор. Лекин ҳеч ким уларни “чўлоқ” дейишмас, фақат Назир чўлоқнигина шундай аташарди. Айтишларича уруш бошланганидан ҳеч қанча ўтмай, унинг ўнг оёғидан илон чаққан. У пайтларда қишлоқларда дўхтир зоти анқонинг уруғи эди. Шу сабабли чорбоғлик жаррох-табиб Уста Қулманни олиб келиб кўрсатишган. Табиб заҳарнинг танага ёйилиб кетишидан чўчиб, ноилож оёғини тиззасидан кесиб ташлаган. Яна, урушга боришдан қочиб, оёғини ўзи атайлаб кестирган, деган гаплар ҳам юради. Нима бўлганида ҳам унинг куни қўпол ёғоч оёққа қолганди. Юрганида ортида эчкиникига ўхшаш из қоларди…
Июнь ойининг охири. Буғдой ўрими эндигина бошланган пайтлар. Уйимизда бир кафт ҳам дон қолмаган. Биз-ку мева-чева дегандай амаллаштириб, қорнимиз “алдаб” юрардик. Бобомга қийин бўлди. У кунига бирор коса аталами, гўжами ичиб турмаса бўлмасди. Шунинг учун бобом мени эртароқ уйғотиб, озроқ бошоқ териб келишга юборарди.
Одатда буғдой ўрими қишлоқларга яқин жойлардан бошланади. Ким билади, уйларида ҳеч вақоси қолмаган одамлар кечаси ўғирлаб кетмасликлари учун шундай қилишармиди ё бошқа ҳам сабаби бормиди. Буниси бизга қоронғи эди. Буғдойдан тозаланган анғиздаги бошоқ ҳам терилиб, хирмонга тўкилади. Шундан кейингина қолган битта-яримта бошоқни биз териб олишимиз мумкин. Ўша йили раисимиз бунга ҳам рухсат бермади. На чора: ҳамма нарса фронт учун! Бу-куннинг долзарб шиори. Дала қоровуллари бошоққа борган болаларни изиллатиб қувлашади, баъзан уриб-сўкиб уйларигача боришади. Уларга биров бир нарса деёлмайди.
Кун қиёмга етган. Қуёш ўтлари қовжираб сарғайган адирларга олов пуркай бошлади. Эгнимдаги серямоқ чит кўйлагимнинг этагини тугиб ушлаб, бошоқ қидириб юрибман. Ўрилган буғдойнинг чўкиртак поялари оёқларимга сим-сим ботади. Икки-уч соатча изғиб, анчагина бошоқ тердим. Ҳожар янгам яқиндагина тикиб берган бўз иштонимнинг липпасигача читир ва туяқоринларнинг тиканаги билан қопланди. Шунда ҳам атайлаб читир ва туяқоринлар кўп жойларни қидираман. Ўроқчилар уларнинг орасидаги буғдойни ўриб кетишса-да, бошоқчилар бошоғини теришмасди. Кийимларига ҳар хил тиканаклар илашишидан чўчишади. Бошоқларим кўпайиб уйга қайтаман деб турганимда, аллақаёқдан дала қоровули назир чўлоқ келиб қолди. Ҳа йўқ-бе йўқ, йўрғасининг олдига солиб қувлай бошлади. Не машаққатлар билан терган бошоқларим сочилиб кетди.
Одам отдан тез югуролармиди. Назир чўлоқ отининг тизгинини атайлаб тортиб, силласини қуритмоқчи бўлди. Ҳар замонда оғизга олиб бўлмайдиган сўзларни айтиб сўкинади. Мен эса қўрққанимдан бадтар югураман. Ўпкам шишиб кетди. Чопиб бораётиб нимагадир суриндим ва ўмбалоқ ошиб йиқилдим. Амаллаб ўрнимдан турдиму яна қочмоққа мадорим етмади. Тинкам қуриб, жойимда туравердим. У бамайлихотир яқинлашиб, қўлидаги ўрма қамчи билан елкамга урди. Қамчининг чилвори узун эди. Белимга бир ўралиб, учи бўйним аралаш жағимга тегди. Зарби шунчалик қаттиқ эди-ки, войвойлаб ётиб қолдим. Анчадан кейин ўзимни ростлаб атрофимга қарасам, у йўқ.
Ўрнимдан зўрға турдим. Қамчининг чилвири теккан жой шишиб кетибди. Қўл теккизсам, зирқираб оғрийди. Бир-бир босиб, уйга етдим. Бобом аҳволимни кўриб, қаттиқ ғазабланди.
-Она сути оғзидан кетмаган гўдакни майиб қилишдан ҳам қўрқмайди бу ифлос!-деди титраб.-Худодан қўрқмаган ноинсоф! Одамлар қон кечиб фашистни қувлаяпти, бу ифлос уларни болаларини… Ҳолим етса экан, бориб бир онасини кўзига кўрсатиб келсам. Кади синиб айрони тўкилганича йўқ ҳали! Шошмай тур, иблис!!
Назаримда бошим хумдай шишиб, оғирлашиб қолганга ўхшарди. Кечқурун Ҳожар янгам ишдан келганида ҳам ухлаёлмай, оҳ-воҳ қилиб ётгандим. У рўмолининг бурчига бир ховучгина буғдойни тугиб келган экан. Шуни ёрғучоқда майдалаб, бобом иккаламизга атала қилиб берди. Аммо бобом ичмади. Бир ҳафтача касал бўлиб ётди. Кейин аста-секин тузала бошлади.
Бобом “майда” гапларни айтавермасди. Одатини билганимдан, ҳар нарсани ботиниб сўролмасдим. Катта уйда кун бўйи иккаламиз ёнма-ён ётамиз. Шипга жимгина тикилиб ётавериш бобомни эзиб юборарди шекилли, баъзан эртак айтиб беради. Уни ўзи тўқирмиди, ҳартугул “советский соллот”лар доим душманни енгиб, соғ-омон уйларига қайтишади. “Қаланғи-қасанғи фашис” бу “соллот”лар олдида ер тишлаб қолади. Эртакларнинг мазмуни менга ёқарди. Мириқиб эшитаман.
Баъзан у ўзи истамаган ҳолда “майда” гаплардан ҳам айтиб қолади.
-Болам,-деб қолди касал ётган кунларимиздан бирида.-Биласанми, Назир чўлоқ-ифлос одам.
-Шунақага ўхшайди,-дегандим, бобомга ёқмади.
-“Шунақага ўхшайди”мас, ифлослиги аниқ. Кечалари колхознинг хирмонидан қоплаб буғдой ўғирлармиш, кундузи урушда юрганларнинг аёллари ҳақида иғво юритармиш: ифлос ниятига етиш учун тирик йигитларни “ўлипти”га чиқарармиш…
-Йўғ-э…
-Ишонмайсан-да… Мен ҳам ишонмасдим. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.
-Буни кимдан эшитдингиз, бова?
-Бўлди, бундай майда гапларди ковлаштирма!..
Ҳожар янгамнинг “жазосини беришади” деганини эшитганимда беихтиёр шулар ёдимга тушди. Ўша воқеадан кейин Назир чўлоққа рўпара келмагандим. Қорасини узоқдан кўрибоқ жуфтакни ростлардим. Ундан қанчалик қўрқишимни билмайману жуда ёмон кўриб қолгандим.
Хаёлга чўмиб кетганимга ажабланибми, Ҳожар янгам юзларимга тикилиб турган экан. Кўзларида чуқур бир ўйчанлик акс этиб турганига қарамай, юзлари фариштаникидек нурли эди. Бу номутаносибликдан ҳайрон бўлиб, беихтиёр илжайдим. У ҳам жилмайиб, мени боласидек бағрига тортди. Шу лаҳзада кўзларидаги ўйчанлик ғойиб бўлиб, бутун вужудини хаёлий бир гўзаллик қамради. Қучоғи аллақандай иссиқ. Димоғимга тер ва сутникига ўхшаброқ кетадиган ғалати ҳид урилди. Энтикиб кетдим. Бола онгимдан нималиги ўзимга ҳам қоронғи қандайдир латиф орзулар баҳор осмонида арқон солган турналардек тизилиб ўта бошлади.
У кўзларимга тикилиб:
-Бир ашула айтиб берайми?-деди.
Ҳеч қачон овозини эшитмаганимдан, унинг ашула айта олишига ишонмадим. Шунга қарамай розилик билдирдим:
-Айтинг.
-Эшитинг бўлмаса, бироқ овозим ёқмаса кулмайсиз…
У ҳорғин, ҳаста товуш билан қўшиқ бошлади.
Қайлардасан севар ёрим?
Мен соғиндим жамолингни.
Келгил кулиб ифтихорим,
Орзуладим висолингни.
“Ҳайқирганда тошқин сойлар-
Деган эдинг-ёргинам кут”.
Ўтиб борар йилу ойлар,
Ҳижронингдан бағримда ўт.
Узоқлардан келди хабар,
Ишонолмай дил хастадур.
Минг шукрким ишқинг мудом,
Юрагимга вобастадур.
Қайлардасан севар ёрим?
Соғиндим мен жамолингни
Келгил кулиб ифтихорим,
Армон қилма висолингни…
У шундай ҳазин, шундай тиниқ куйлардики, эсимни таниб, ҳеч қачон бундай дилбар қўшиқ тингламагандим. Ўз-ўзидан онамни эсладим. Ёнимда ёнбошлаб нола қилаётган Ҳожар янгам эмас, онамга ўхшарди. Гўё онам ҳам мен сингари соғинч ўтида ўртангану ерни қоқ ёриб чиққан, отамни урушга кузатганимиздан кейинги ойлардаги каби тепамда дилгир аллалар айтиб турганга ўхшади. Балки юрагини улкан дард кемираётган, уни ҳаммадан сир тутишга интилаётган она ва ёш келинчак ноласи бир-бирига пайванду пайвастадир. Чунки ўша суронли кунларда аёлларимиз куйлайдиган қўшиқларнинг аксариятида соғинч ва ҳижрон азоблари, умид ва ёруғ орзулар мазмуни қоришиб кетган бўларди. Эътибор бериб тингланса, уларнинг замиридан бир нарса-ҳар қандай умидсизликка бўй бермайдиган ишонч уфуриб турарди. Аёлларимиз шундан куч оларди шекилли.
Ўшанда Ҳожар янгам куйлаган қўшиқнинг маъносидан кўра, оҳангларидаги жозиба ва сеҳр мени лол қилиб қўйганди. Овозидаги мусиқийлик, орзумандлик ва мунг қалбимнинг энг нозик пардаларини чертиб ўтганди. Назаримда бу қўшиқлар ўзининг сирли қанотида серташвиш болалигимни ҳам олиб кетган эди: ўзим унчалик эътибор беравермайдиган ҳақиқатларни-отамнинг уруш майдонларида ажал билан олишиб юргани, онамнинг бу ёруғ оламдан мангуга кўз юмганини чуқур ҳис этдим. Анчадан буён юрагимнинг қайсидир бурчаклари бўм-бўш бўлиб, ҳувиллаб юрганини ҳам биринчи марта англадим…
Шу куни у кечгача қўшиқ айтиб ишлади. Овозини борича қўйиб дард-алам, изтироб билан куйлади. Юрагида жўш ураётган барча орзулари, армонларини қўшиқда ифодалади. Мен ҳўкизларни буғдой дасталари устида тинимсиз айлантирсам-да, қулоқларимни кечгача унинг оғзига тутиб юрдим. Мунгли бўлса-да, тиниқ ва жарангдор овоз, булоқ сувидек мусаффо туйғулар оғушида гоҳо-гоҳо ўзимни унутиб қўярдим. Ҳўкизларни ҳўпда айлантираётганим эсимдан чиқиб, қандайдир сирли истаклар етагида сирли бир дунёларга кетиб қолардим.
Ҳушимни йиғиб, Ҳожар янгамга қарамоқчи бўламану ботинолмайман. Назаримда йиғлаб куйлаётганга ўхшади. Уни нима ларзага солиб, оҳидан дуд чиқаётганини, тахминан бўлса-да, пайқаган эдим. Унинг ноласи ёр васлига тўймаган чин ошиқнинг ноласи эди. Буни мен анча олдин, кўз олдимда бўлган баъзи ҳодисаларни таҳлил қилиб кўргачгина англадим…
Ўша кундан бошлаб яқин-атрофимизда одам бўлмаса, Ҳожар янгам бот-бот қўшиқ айтадиган бўлиб қолди. Мени қувонтиргани шу эди-ки, овозидаги олдинги ҳазинлик ва мунг тобора камайиб бораётганди. Ўрнини соғинч, орзу, умид ва ишонч каби кишини руҳлантирувчи, далда берувчи, юпатувчи оҳанглар эгалламоқда эди.
Қишлоқда янгамнинг дил розидан фақат менгина хабардор эдим. У менга шунчалик суяниб қолган эдики, ўқишлар бошлангунича ўзи билан ҳар куни хирмонга олиб кетадиган бўлди. Кўпдан ҳўпда юрганидан, бора-бора ҳўкизларнинг ўзи ҳам одатланилган доира бўйлаб айланаверадиган бўлиб қолди. Шу сабабли аввалгидек қийналмасдим. Аммо Ҳожар янгам тиним билмасди. Гўё бутун дарду аламини ишдан оларди: четга ёйилиб чиқаётган бошоқ аралаш сомон ва похолни паншаха билан ўртага ирғитар, ҳўкизларнинг туёғи остига янги дасталарни ташлар ва қумоқ бўлиб янчилган буғдойни курак билан бир четга тортар эди. Кечқурун янчилган буғдойни бошқалар келиб совуришар, тозаланган донни қоплаб, пунктга жўнатишарди.
* * *
Октябрнинг ўрталарида туман маорифидагилар қайсидир қишлоққа урушдан яраланиб қайтган иккита ўқитувчини топиб, бизнинг қишлоғимизга кўчириб келишди. Шундан кейин юқори синфларимизда дарс бошланиб кетди. Янги келган ўқитувчилар бешинчи-олтинчи синфларни қўшиб, еттинчи синфни эса алоҳида ўқитишарди. Она тили ва математикадан тортиб, жисмоний тарбиягача шу иккаласи “амаллаштириб” туришарди.
Мактабда ўқишлар бошлангач, хирмонга боролмай қолдим. Янгамни яна кам кўрадиган бўлдим. Бобомнинг ҳам ташвишлари кўпайди. Пишиқчилик даврида янаги ёзгача етадиган дон жамғариб қўйиши керак. Вақтида олмаса, кейин топилиши гумон. Топилганидаям нархи осмонда бўлади. Шунинг учун “тишимизнинг ковагида” асраб юрган эчкиларимиздан бирини боласи билан сотиб, қаердандир бир қоп арпа ва озроқ оқ жўхори топиб келди. Эндиликда ўтинхона вазифасини бажараётган молхонамизнинг бурчагидаги эски ўрани тозалаб, арпани кўмдик ва юзини билинмайдиган қилиб шиббаладик. Жўхорини сандиққа жойладик…
Бир куни Ҳожар янгам ишдан эрта қайтди. Кўзлари ич-ичига ботган, ранг-рўйи бир ҳолатда. Бобом уни кўрибоқ тоби қочганлигини пайқади.
-Ўзингни уринтириб қўйибсан-да, болам,-деди юпатиш оҳангида.-Жонинга бунча жабр қилмасанг. Майли, бир-икки кун дам олсанг, ўзинга келиб қоласан.
Янгам хонасига кириб, ўраниб ётди. Бобом унинг уйдалигидан фойдаланиб, “эрталаб келаман” деди-да, Еттисойдаги қариндошларимизникига кетди. Янгамнинг бемалол дам олишига ҳалал бермаслик учун ташқарига чиқиб кетдим. Бир ўзим ҳовлида зерикиб, Бадалларникига йўл олдим…
Кучли шамоллар тингач, даштларда ажиб бир сокинлик бошланади. Ўша муштлашувдан кейин Бадал иккаламизнинг орамизда шунга ўхшаш ҳолат вужудга келганди. У бошқалар билан ҳалиям жанжаллашиб турса-да, мен билан урушишдан қочарди. Ноҳақ ранжитилган пайтларда ёнини олиб турардим.
Ўшанда яна бир нарсани пайқаганман: яккалаб қўйилган одам жиззаки бўлиб қоларкан. Назаримда Бадалнинг уришқоқлиги шундан эди. Ўзига тарафкаш пайдо бўлгач, секин-аста феъл-атвори ўзгара бошлади-баъзиларнинг ҳазил-мазах гапларини ҳам “ютиб” кетарди. Шунданми, болалар уни майна қилишни камайтириб боришди. Августнинг ўрталарида отасидан қорахат келди-ю, у тамом ўзгарди.Болалар билан уришиб-сўкишиб, ёқавайрон бўлиб юришни бутунлай ташлади. Вазмин тортиб, бирданига улғайди. Мактабга ҳам бормади. Қишлоқ кексаларининг маслаҳати билан одамларнинг молини боқа бошлади. Ҳар куни кечқурун йиғиладиган “оши ҳалол” ёлғизқўл онасига катта ёрдам эди…
Елкасида бўз халта, қўлида сопол кўза, Бадал “оши ҳалол” йиғишга чиқаётган экан. “Бормайман” деганимга қўймай қўлимга кўзасини ушлатиб, мени ҳам эргаштириб кетди. Кимнинг молини боқса, эшагига бориб “ошолол!”1 деб овоз беради. Нон чиқаришса ўзи бўз халтасига, гўжами, аталами ё бошқа бирор овқат чиқаришса, мен кўзага қуйиб оламан. Навбат Назир чўлоқникига етганида боришни истамай, тихирлик қила бошладим.
-Ўзинг олиб кела қол,-дедим ортга тисарилиб.
-Нега, жўда, бидга бодамиз,-деди у “р”ни айтолмай.
-Уни кўргали кўзим йўқ. Сабабини кейин айтаман…
Бадал ҳеч нима тушунмаганлигини билдириб елка қисди. Бир ўзи боргиси келмадими, қўл силтаб ортига қайтди. У бизнинг ҳам эчкиларимизни боқарди. Уйда Ҳожар янгам ўтган тунда пиширган қотирмадан қолган яримта нондан бошқа ҳеч вақо йўқ. Шуни бериб юбормоқчи бўлиб ҳовлига тортгандим унамади. Қайтага ўзимни уйи томонга сургай бошлади.
-Уйда чечам касал ётипти, бир ўзи узоқ қолса яхши бўлмайди,-десам ҳам қўймади.
-Ноилож унга эргашдим.
-Манавунинг чечаси касал экан, эна,-деди Бадал онаси кўзадаги овқатни катта ёғоч товоққа ағдармоқчи бўлаётганида маъноли тикилиб.
У индамади. Кўзада анчагина овқат қолдириб, лимиллаб тўлган товоқни дастурхонга қўйди. Чети новга ўхшатиб йўнилган ёғоч қошиқни навбати билан айлантириб, учаламиз бирга овқатландик. Ростини айтсам, умримда бундай тотли овқатни ичмаган эдим. Турли-туман овқатлар қоришмасидан янги бир ғалати мазали таом пайдо бўлган эди. Уни ичган сари ичгинг келарди.
Овқатдан сўнг бадал иккаламиз ўрнимиздан турдик. Онаси кўзани Бадалнинг қўлига ушлатиб, менга иккита илиққина тандир нон берди ва тайинлади:
-Келинга айт, хижолат бўлмай, овқатни илиғида ичиб олсин. Чўпоннинг ошололи-ҳалол, шифобахш бўлади…
Биз келганимизда Ҳожар янгам ўрнидан турган экан. Бетоблигига қарамай жинчироқнинг ёруғида ниманидир ямаб ўтирарди. Иштаҳаси йўқлиги сезилиб турарди. Қистовимиз билан кўзадаги овқатдан бир коса қуйиб, мақтаб-мақтаб ичди. Бадалнинг кўнгли учун шундай қилди чоғи.
У овқатланаётганида Бадал Назир чўлоқникига нима сабабдан бормаганимни сўради. Бошоқ воқеасини қисқача айтиб бердим.
1. Ошолол-оши ҳалол.
-Ўзи шу…шшунақа у!-деди бадал дудуқланиб. Одатда “р”ни “д”га ўхшатиб талаффуз қилса-да, жаҳли чиққанида чинакамига дудуқланиб қолади.-Ошололниям миннат билан бедади, номад… Моли ҳам… ҳамманикидан кўп. Энди бб… боқмайман номадди молини!
-Ундай қилманг, чўпон бола,-янгам уни жаҳлдан туширишга уринди.-Молини боқингу, ҳақингизни сонига қараб олинг. Қанча моли бор ўзи?
-Бешта эчки улоғи билан, тўдтқўй қўзиси билан, бид сигид танаси билан…
-Ундай бўлса, эчкиларига кунлик ошололингизни олинг. Тўрт қўй-қўзисига олти кило, сигири билан танасига тўрт кило-ойига жами ўн килодан талаб қилинг. “Бермайман” деса боқманг-қўйинг.
Таклиф Бадалга маъқул бўлгач, Ҳожар янгам бўшаган косасини ювиб келди. Кўзада қолган овқатни косага бўшатиб, уни ҳам ювди ва жойига қайта ўтиргач ҳазиллашди:
-Ошололингиз жуда тотли экан, чўпон бола, бироқ мол эгаларидан бирортасиям гўштли овқат қилмагани чакки бўпти-да.
Уйимизда кўпдан гўштли овқат бўлмаганди. Қорним тўқ бўлса-да гўшт егим келиб, тишларим қичишганга ўзшади. Зимдан Бадалга қарасам, ўзи билиб-билмай у ҳам тишининг кирини сўряпти. Ҳолатимизни Ҳожар янгам пайқади шекилли, ўринсиз ҳазилидан ўнғайсизланди.
Дафъатан Бадал менга тикилиб қолди. Нимадир демоқчи бўляпти-ю, янгамнинг олдида айтишдан тортинаётганини сездим. “Айтавер” маъносида имо қилдим.
-Чўлоқдан ошолол олмадик. Илгадиям беш-олти мадта қудуқ қайтадган. Шуни йиғиб, ола қолсак нима дейсан?
-Энди беради, деб ўйлайсанми?
-Билдидмай товуқладидан бидини олиб келамиз, шу билан ода очиқ бўлади…
Гапларимиздан ўғирлик ҳиди келаётганини пайқаб, Ҳожар янгам беозор койиди. Бадалнинг ён бергиси йўқ. Мен ҳам уни қувватладим.
-Бошқа иложи қолмагач, ҳақини ўғирлаб бўлсаям олса нима қилипти. Бадалнинг бу иши ўғирликка ётмайди-ку!
Ҳожар янгамнинг ўй суриб турганидан фойдаланиб, жуфтакни ростлаб қолдик.
Назир чўлоқнинг ҳовлиси харсанг парчалари билан бўй баравар ўраб олинганди. Деворга биринчи бўлиб ҳеч биримизнинг чиққимиз келмасди. Ўғирлик қилиб кўрмаганликдан, юракларимиз дук-дук урарди. Бирмунча тортишувдан кейин юқорига баравар тирмашдик. Пастга тушиш деворга кўтарилишдан кўра ваҳималироқ туюлди. Девор устида ҳам узоқ туриб бўлмасди. Шунга қарамай сал туриб қолдик-паст овозда озроқ тортишдик ҳам. Охири муросага келиб, пастга баравар сакрадик.
Қоронғида катак яқинига боғланган итнинг ёнидан сакрабмиз. Аввалига бизни таниб индамаганми ё ўзи ювош бўлганми, садо чиқармаганди. Устидан босиб тушай деганимиз учун вовуллаб, ташланиб қолди. Жон ҳолатда катакнинг ортига ўтиб ётиб олдик. Зум ўтмай уйнинг эшиги очилиб, Майрам чўтирнинг овози эшитилди:
-Нима бўлди, Сиртлон, тулки келдими?
Майрам чўтир Назир чўлоқнинг хотини. Чечакданми ё бошқа бирор тошма касалликларининг асоратими, юзида чакич урилган ноннинг юзидагидек чуқурча-чуқурча доғлар қолган. Озроқ мақтанчоқлиги бор, лекин содда ва оққўнгил аёл. Шитоб билан келиб, атрофга наридан-бери назар ташлади. Энгашиб катакнинг оғзини очди. Товуқларининг жимгина ётганини кўргач хотиржамланиб, итини койиди.
-Ўл аҳмоқ, бўғилиб ҳурганингга бир бало бўптими дебман!
Майрам чўтир катакнинг ёнига келганида қўрқувдан жоним чиқиб кетаёзди. Боз устига чучкургим келади. Ўлар-тириларимизга қарамай қуруқ ўтлар орасига ташланганимизда бурнимга нимадир кирган бўлса керак. Амаллаб ўзимни тутдим. Аммо бўладиганим бўлди. Майрам чўтир уйига қайтиб кирганида ҳам қимирлашдан қўрқиб, бўғриқиб ётардим. Қимирласам чучкуриб юборишим тайин эди.
Бадал секингина биқинимга туртгач, хатарнинг ўтганини англадим. Қўлимни оғзимга қаттиқ босиб, акса уриб юбордим. Биқинимга қаттиққина мушт тушди. Ёнбошимга ағдарилиб, аламдан Бадални тепиб юбордим. У ўзини устимга ташлаб, қулоғимга ғазабли шивирлади:
-Нима қиляпсан, аҳмоқ, қаеддалигингни унутиб қўйдингми?!
Жаҳлим чиққанидан қаердалигимни дарҳақиқат унутган эканман. Секин атрофга мўраладим. Майрам чўтир кириб кетган эшикнинг тирқишларидан жинчироқнинг заиф шуъласи милтираб кўринади. Яқингинамиздаги тош девор қорайиб турибди. Юқорида юлдузлар чарақлайди. Ит овозини ўчирган бўлса-да, яқингинамизда сергак тикилиб турибди. Ҳаммаёқ жимжит. Шу сукунат туфайлими, дарҳол ўзимга келдим. Бадалнинг ишораси билан унга эргашдим.
Эгасининг ноҳақ койиганидан хафа бўлгандай, ит ҳамон жим. Бадал эҳтиёткорлик билан катакнинг олдига чўнқайиб, эшикчасини очди.
-Кўрдингми?-деди ичкарида оқариб-қорайиб кўринаётган товуқларга ишора қилиб.-Сен манави оқини ушла, мен ёнидагини. Қани! Бид…икки…уч!..
Баравар қўл узатиб, ичкаридан иккита товуқни чиқардик. Қоронғида бири оқариб, иккинчиси қорайиб кўринди. Бадал чиқарган товуқ қанотларини бир-икки типиллатиб силкитди-ю, овоз чиқармади. Мен чиқарган оқи қаққилаб, дунёни бошига кўтарди. Ана шунда, назаримда, қиёмат қойим бўлиб кетди: қўлимдагиники камлик қилгандай, катакдагилар ҳам қақақлаб қолишди. Ит яна бўғилиб ҳура бошлади. Нега шундай қилганимизни билмайман, қўлимиздагиларни катагига қайта тиқиб, эшикчасини шошилинч бекитдик. Югурганимизча тош деворга тирмашиб, эсон-омон ошиб ўтганимизда Майрам чўтирнинг овозини эшитдик:
-Яна нима бўлди, Сиртлон!..
Товуқлар ҳалиям қақоғлашар, ит тинмай ҳурарди. Биз эса аллақандай қичитқи ўтлар орасида юзтубан ётардик.
-Товуқни оёғидан ушлаб ўғирлайдими, аҳмоқ!-овозлар тингач Бадал норози оҳангда тўнғиллади.-Бўйнидан сиқиб ушламайсанми?!
-Шуни илгарироқ айтсанг ўлармидинг!-мен ҳам уни “тишлаб” олдим.-Бўйнидан ушлаш кераклигини қаёқдан билибман!
У яна нимадир деб тўнғиллади-ю, эшитмадим. Анчагача сўзсиз ётдик. Ҳаммаёқ тинчигач Бадалда янги фикр туғилди шекилли, ўтириб олди.
-Ҳовлига яна кидамиз,-деди бир оздан сўнг.-Бу сафар эҳтиёт бўл!
-Кирсанг киравер, мен бормайман!-ўжарлигим тутди.
-Нима-нима, уйинга мидзақудуқ бўлиб бодмоқчимисан? Билсанг, чечанг кўнгли тусаган овқатни ейиши кедак, шунда тез тузалади.
Бу гап менга таъсир қилди. Бироқ Назир чўлоқнинг ҳовлисига қайта тушишга юрагим бетламасди. Тутиб олишларидан қўрқардим. Тутиб олиб таъзиримизни беришса-ку майли. Ҳожар янгамнинг шифо топиши учун калтакнинг зўрига ҳам чидардим. Бу гап бобомнинг қулоғига етса борми, ундан осон қутулолмаслигимни билардим.
Бадалнинг кейинги луқмаси мени ўйлантириб қўйди. Ўзимча товуқ топишнинг бошқа йўлларини излаб кўрдим. Бундай йўл йўқ эди: ё кимнингдир ҳовлисига тушасан, ё Бадал айтганидай, уйга “мирза қуруқ” бўлиб борасан. Шунда хаёлимга ажойиб бир фикр келди. Аслида уни амалга ошириш ҳам ўғирлик. Аммо бу ўғирлик ўзингникини ўзинг ўғирлаш эди. Тун ичида бировларнинг ҳовлисига девор ошиб тушиб юргандан кўра шуниси маъқул кўринди. Вақти келганида айбимни айтиб, Ҳожар янгамдан кечирим сўрасам кифоя. Ҳаммаси ювилиб кетади. Ўша пайтда эса янгамнинг тезроқ тузалиши учун озроқ гўшт керак, деган фикр миямга ўрнашиб олган эди.
Илгари уйимиздан ўн-ўн бешта товуқ узилмасди. Гўштсираганимизда бирортасини сўйиб еб турардик. Қишда дон топиб беришдан қочиб, камайтиргандик уларни. Урушнинг учинчи йилларида бола-чақасидан орттириб, товуқларига бир ҳовуч дон, итига битта куюк кулча ташлаш ҳам оғир бўлиб қолганди одамларда. Ҳожар янгам биттагина чипор товуғимизни асраб қолганди. Ёзнинг бошларида жўжа очиб, товуқларимиз сони етти-саккизтага етди-ю, кузнинг охирларигача атиги иккитасигина қолганди. Шунинг биттасини ўғринча сўйиб, четроқда патини тозалагач, Ҳожар янгамга “Назир чўлоқники” деб оборишни дилимга туккандим.
Бу масалада ҳам Бадал билан келишолмай тортишдик. Бари бир фикримни ўтказдим. Товуқни ўзим ўғирлаб чиқадиган, у сўядиган, Каттабулоқнинг бошида патини биргалашиб тозалайдиган бўлдик.

* * *
Товуғимизни ўғирлашдан олдин пичоқ олиб чиқиш учун уйга кирдим. Ҳожар янгам тиззаларини қучоқлаганича, жуда хавотирланиб ўтирган экан. Мени кўриб, ғалати қараш қилди. Кўзларидан “Нима бўлди?” деган савол маъносини уққач, қилмоқчи бўлаётган ишимизни рўй-рост айтсаммикан, деган фикрга бордим.Бир зумгина тараддудланиб қолдим. Шунда Бадалнинг “кўнгли тусаган овқатни еса, чечанг тез тузалади”, деганини эсладим. Фикримдан қайтиб, “олиб чиқдик” деган маънода бош қимирлатдим. У шолғомдай қизариб кетди ва биров эшитиб қолишидан қўрққандай:
-Шу ишни бекор қилдиларингиз-ов, мулла бола!-дея пичирлади.
-Нимаси бекор бўларкан, чеча,-тутун қайтардим мен.-Бадални ҳақини олдик-да. Кўп марта ошолол бермаганини ўзингиз эшитдингиз.
-Бари бир, бундай қилмаслик керак эди.
-Энди нима бўлса бўлди, бошқа бундай қилмаймиз…
Ҳожар янгам индамагач, токчада ётган ўткир пичоқни қинидан суғуриб олиб ташқарига чиқдим. Янгамнинг ҳали-бери ўрнидан турмаслигини билиб, бемалол катагимизнинг ёнига бориб чўққайдим. Ичкарига мўралаб, товуқларимизнинг ёнма-ён ётганига кўзим тушди. Кичикроғини, Бадал ўргатгандай бўйнидан хиппа бўғиб, тортиб олдим. У бир мартагина “ғийқ” этганга ўхшаша заиф овоз чиқариб қанотларини силкитди-ю, жим бўлди. Бўйнини қўйиб юбормай қўлтиғимга маҳкам қисганимча Бадалнинг ёнига югурдим. У ҳовлидан ташқарида кутиб турганди. Қўлимдаги товуқни авайлаб олди-да, Каттабулоққа бошлади. Кейин қанотларини жуфтлаб ўнг оёғи билан ерга босди ва пичирлаб ичида ниманидир ўқиди. Юзига фотиха тортгач, бир қўли билан тумшуғидан маҳкам ушлаб, бўғзига пичоқ тортди. Қўли “енгил” эканми, бошини узиб ташлаганидан кейин ҳам товуқ бирмунча вақт типирчилаб ётди. Қоронғида ичак-чавақларини териси билан патларига ўраб, пастга улоқтирдик. Эрталабгача итлар титиб, йўқ қилиб юборса керак, деб ўйладик…
Уйга қайтиб келганимизда ҳам, ўйлаганимдай Ҳожар янгам ўша ўтиришда ўтирарди. Бизларни кўриб негадир бир сесканди-ю, индамай ўрнидан туриб, жинчироқни кўтарганича ошхонага йўналди. Ошхонада Бадал гўштни нимталашга тушди. Мен ўтин-чўп тайёрлашга киришдим. Янгам қозоннинг тагига олов ёқди. Кейин чучутилган зиғир ёғида гўштни қовура бошлади. Бир оздан сўнг шўрвага айлантириш учун устидан сув қуйди. Ҳамма иш юришиб турган маҳалда ошхона эшигидан Назир чўлоқ мўралади.
Биз Азройилни кутсак ҳам уни кутмаган бўлардик. Кўриб Ҳожар янгам тахтадек қотиб қолди. Товуғини излаб келди деб ўйлади шекилли ранглари ўчиб кетди. Тўғрисини айтганда биз ҳам чўчидик. Ҳовлисига тушганимизни сезганмикан, деб ўйладик. Назир чўлоқ бизнинг ҳолатимизга эътибор қилмай, дағал товушда бобомни сўради:
-Бир ишминан келувдим,-деди.
-Еттисойга кетган,-иложи борича ўзимни қайд тутиб жавоб бердим.-Анча бўлди…
-Кепқолармикан?
-Билмадим.
-Ҳай, бир айланиб кеоарман…
У қандай келган бўлса, шундай жўнаб кетди. Ҳожар янгам ҳалиям карахтланиб турарди.
-Ўчоққа ўтин ташламай қўйдингиз,-уни ўзига келтириш учун баландроқ товушда гапирдим.-Ҳозир ўти ўчиб қолади.
-Ҳа-я,-янгам шошиб ўтинга ёпишди. Бир тутам ўтинни қозоннинг тагига ташлаб олов олдиргач, бошини кўтарди.-Нима дейсизлар, Назир аканинг отамда ростдан иши бормикан ё товуғининг изини олиб келдимикан?-деди хавотирланиб.
-Товуғи ўғирланганини билмайди у,-хотиржам жавоб бердим.-Буни учаламиздан бошқа биров билгани ҳам, сезгани ҳам йўқ.
-Унда нега келдийкин?
-Унинг товуқ ўғрисини қидириб келмагани аниқ эди. Бобомда иши бўлиши ҳам мумкин эмас. Ундан қандайдир ҳайиқиб, нарироқ юришга интиларди. Бирор нарса керак бўлганидаям ўзи келмасди, хотинини юборарди. Буни Бадал биларди. Шунинг учун ўз тахминини айтди:
-Товуғини изини олиб келмаган, чечам пишидаётган мазали шўдванинг исини олиб келган. Ҳали қадаб тудинглад, овқатни пишишига яна келади у…
Бобомнинг қизиқ бир одати бор: суҳбати ёқмаган одамнинг олдида бир дақиқаям ўтирмасди. Гапларини тингламасди ҳам. Назир чўлоқни азалдан ёқтирмасди. Буни у биларди. Шунга кўра бобомда қандайдир иши бўлишига ақлимиз бовар қилмасди.
Ҳожар янгамни ёлғиз қолдиргимиз келмай бобом ётадиган уйдаги олача-ю пўстаклардан ташиб, ошхонага жой қилдик. Овқат пишгунича ундан-бундан гурунглашдик. Сал ҳовридан тушириш мақсадида кўпроқ янгамни гапга солдик. Ҳар ҳолда мақсадимизга эришдик чоғи, кўп ўтмай унинг рангига қон югурди.
Ниҳоят шўрва пишди. Ҳожар янгам энг аввало бир косадайни Бадалнинг кўзасига қуйди. Устидан бир бўлак гўшт солди. Бизга ёғоч товоққа, ўзига сопол косага қуйди. Бобомга ҳам қолдирган шекилли, қозоннинг устини мушуклар очолмайдиган қилиб, яхшилаб бекитди. Бадал бир авлиёлик қилган экан: янгам ишларини саранжомлаб, ёнимизга ўтирмоқчи бўлаётганида ҳассасини судраб, ошхонамизга Назир чўлоқ кириб келди.
Ҳожар янгамнинг яна мазаси қоча бошлади. Назир чўлоқ буни сезмадими ё бошқачароқ тушундими:
-Ҳалиям келмадими?-деди товоққа суқ билан тикилиб.
-Келмади,-деди янгам паст овозда.
Назир чўлоқ жавобни олганига қарамай жойидан қимирлайвермагач Бадал йўлига:
-Овқатга ўтинг, Назид ака,-деди хушламай.
Шуни кутиб турган шекилли, у ҳассасини эшик ёнидаги бурчакка суяб қўйди. Оқсоқланиб келиб Бадалнинг рўпарасига қийшиқ ўтирди: соғ оёғини буклаб, ёғоч оёғини ўчоқ томонга узатиб юборди. Янгам ноилож косасини кўтариб, ўз хонасига чиқиб кетди.
Озиқ-овқат тахчил замонлар бўлишига қарамай, табиатимда қизғончилик одати йўқ эди. Лекин Назир чўлоқнинг чақирилмаган қўноқ, йўнилмаган таёқ бўлиб ўтиришини чинакамига ёқтирмадим. Не умидларда пиширган ҳалол луқмамизга итпашша бўлиб тушгани учунгина эмас, ўзини тутишидан, кўз қарашларидан, гап оҳангидан, косасини кўтариб эшикдан чиқиб кетаётган янгамнинг ортидан суқ билан қарашидан ниманидир пайқаб қолганимдан шундай бўлди шекилли. Ҳар ҳолда унинг яхши ниятда юрмаганини ҳис қилдим.
Назир чўлоқ билан сира ҳамтовоқ бўлмагандим. Уни Бадал биларди чоғи, элбурутдан шўрвадаги гўштларни чиқариб, тенг уч бўлакка бўлди. Ўз улушини қўлига оларкан:
-Хизмат кичикдан-да а, Назид ака,-деди қувлик билан ва жавобини кутиб ўтирмай гўшт чайнашга тушди.
-Сен, соқов, бу уйни биймайдиган ишбошисан шекилли!
Бадалнинг гўштни тақсимлагани Назир чўлоққа ёқмай, бўғриқиб кетди. Бадал унинг камситишини эламай, бемалол гўшт чайнаверди. У ҳам ноилож улушини чайнашга тушди. Чайнадими, чайнамай ютавердими, ҳар қалай, ҳаммадан олдин еб бўлди. Ўз дастурхонида ўтиргандай қошиқни бетакаллуф ушлади. Шўрвани бир-икки қўзғаб шопирди. Назаримда товоқдан гўшт қидираётгандай туюлди. “Оббо очофат-эй,-ўйладим ғижиниб.-Ҳўкиздай одам бунча суғаноқ1 бўлмаса”. Аммо чидашдан бошқа иложим йўқ эди. Ҳарҳолда у уйимиздаги меҳмон мақомидаги одам.
Шўрванинг ҳоври кўтарилиб қолганди. Назир чўлоқ “тузини татиб” кўргач, қошиқни айлантириб навбати билан ича бошладик. Биз одатга кўра қошиқни икки марта олиб, навбатдаги кишига ташлардик. Чақирилмаган меҳмонимиз таомилга амал қилмасди: шўрвага камида уч марта қошиқ соларди. Бизни бола кўрдими ё очкўзликдан шундай қиляптими, ажратолмадим. Бу қилиғи Бадалнинг тоқатини тоқ қилди. Шўрва тугай бошлаганида товоқни кўтариб менга узатди.
-Товуғингда жид деган надса йўқ,-деди кўзларимга тикилиб.-Бид-икки симидгин ишонмасанг.
Фикрини фаҳмладим: “Чўлоққа тенглашай десанг, оғзингни тўлдириб-тўлдириб симир”-демоқчи эди у. Шундай қилдим-шўрвадан оғзимни тўлдириб икки марта ҳўпладим. Йўлига тамшаниб, “қайдам” дегандай елка қисдим ва товоқни ўзига узатдим. У ҳам яхшилаб икки марта симирди. Таги кўриниб қолган товоқни дастурхонга қўйиб қошиқ солмоқчи бўлаётганди, Назир чўлоқ қўл чўзди:
-Қани, мен ҳам бир кўрай-чи, э-э-э… шўрва тугаб қопти-ку.
У бизга яна панд берди: товоқни биратўласи бўшатиб, чет-ёқасини ялаб қўйди. Узун кекирди. Ўзича фотиҳа ўқиб, қўлини юзига сийпалади ва ўрнидан турди. Ўтиришига бировнинг кўзи учиб тургандай:
-Мен борай бўлмасам,-деди.-Бованг келмади…
Ҳеч биримиз индамадик. Ёғоч оёғини силтаброқ босиб бориб бурчакдан ҳассасини олгач, эшикдан чиқиб кетди.
-Кетмасанг ўтиб кет, худди биз чақидиб келгандай қилади-я,-ёғоч оёқдан чиқаётган дўқиллаш тингач Бадал ўзича дўнғиллади.-Шу овқатниям ҳалоллик билан ичидмади, суғаноқ!
Назир чўлоқ кетгач, кўп ўтмай ошхонага Ҳожар янгам кирди. Шўрва қуйилган кўзасини Бадалнинг қўлига ушлатиб:
-Энангизга олиб боринг, чўпон бола, совимасдан ичиб олсин,-деди одатдаги майин товушида.-Мулла боланиям ётар вақти бўлди энди.
Бадални жўнатгач, Ҳожар янгамнинг хонасига ўтиб ётдик. Ҳар доимгидай тўрга менга, қуйироққа ўзига тўшак солиб қўйган экан. Бошим ёстиққа тегиши билан ухлаб қолибман. Эрталаб кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир овозларидан уйғониб кетдим. Эшикнинг ёнгинасида янгам билан Майрам чўтир гаплашаётган экан.
1. Суғаноқ-суқатой, юҳо, очкўз.
-Чиқиб қараса-а-мм, овсинжон, итимиз ҳуряпти, товуқларим қоқоқлашяпти,-дерди Майрам чўтир ўпкасини босолмай.-Катакни оғзи очиқ, товуқ жонворларим дир-дир титрашади…
-Тулки теккандир,-Ҳожар янгам гапини бўлди.-Оқшом мениям битта товуғимни олиб кетипти. Сувга чиққонимда тўзғиб ётган патларини Каттабулоқнинг пастида кўрдим…
Товуғимизни тулки олиб кетганига янгамнинг заррачаям шубҳаси йўқ эди. Кечаси ўзимиз еган товуқни Майрам чўтирники, деб ўйларди. Биздан гумонсирамасин дебми, уни ҳам товуғини тулки олганлигига ишонтирмоқчи бўларди-ю, сира уддалай олмасди. Тунда уйимиздан товуқ шўрва ичиб кетганини эри айтгандир, деб ўйламасди. Хайриятки Майрам чўтир гапини охиригача айтишига имкон бермади.
-Ҳа йўўқ, овсинжон,-деди у шошқалоқлик билан.-тулки итдан қўрқиб келолмасди. Келганида ҳеч бўлмаса биттасини олиб кетарди. Катагимни оғзи очиқ, товуқ жонворларим дир-дир титрашади…
-Биттасини олиб кетган, сиз пайқамагандирсиз…
-Ҳа йўўқ, овсинжон, ҳаммаси бут. Чироқни олиб чиқиб, оқшомни ўзидаёқ бирма-бир қўлдан ўтказиб санадим. Жониворларим дир-дир титрашади…
-Биттасини олиб кетган бўлиши керак,-деб юборди Ҳожар янгам қозининг ҳукмини ўқиётгандай.-Қайтадан санасангиз биласиз. Қоронғида тўғри санаб бўладими?
-Овсинжо-о-нн, қоронғидаям билдим, эрталаб дон сепиб санадим. Ҳаммаси бут. Ўз товуқларимни ўзим билмай, кўзимга “гул” тушиптими!
Улар шу йўсинда бир оз “тортишиб” туришди. Яхшиям Назир чўлоқнинг товуғини ўғирламаганимиз, деб ўйладим. Ҳожар янгам ўзи билмай, бизни фош қилиб қўяркан. Ҳалиям бўлса Майрам чўтир гапларига унчалик эътибор бермади: эс-дарди тундаги ҳодисани бутун тафсилоти билан айтиб беришда эди. Озгина ёлғон, озгина лоф ҳам қўшди қизишиб. Катагининг оғзини бекитганимиз аниқ эсимда. У эса “очиқ” деди. Товуқлари биздан калтак ептими-ки “дир-дир” титрашса. Тунда безовта қилинган товуқ ҳурпачди, хўрозлари қақоқлайди. Лекин у ҳовлига тулки эмас, ўғри кирганини тўғри фаҳмлаган эди.
Ниҳоят айтадиганини айтиб, Майрам чўтир кетди. Ҳожар янгам қандайдир иш билан ичкарига кирди. Уйғоқ ётганимни кўриб, билинар-билинмас жилмайди.
-Эшитдингизми?-деди кўзларимга тикилиб.-Товуқларининг биттаси йўқлигини санаб ҳам билмапти бу эсарсўқ1…
Воқеанинг ростини айтиб берсамми, деган хаёлга бордиму ўзимни тийдим. Уни хафа қилиб қўйишдан чўчидим. Кейинроқ билсам, шу ишим хато бўлган экан. Ўшанда бор гапни айтганимда, уни кўп руҳий қийноқлардан асраб қолган бўларканман.
Кузнинг серёмғир, рутубатли кунлари тобора яқинлашмоқда эди. Ҳавога тез-тез қатлам-қатлам, кумушсимон булутлар чиқади. Кунлар илий бошлагач секин-секин эриётгандай йўқолиб боради. Ёғингарчиликлар бошланмай даладаги ҳосилни йиғиб олиш керак. Колхозчиларнинг далага кўчиб чиққанига анча бўлган. Об-ҳавонинг авзои ҳаммани шоширади. Баъзи тунлари одамлар икки-уч соатгина ухлашади. Кам уйқулик ва чарчоқдан кўзлари қизариб, шишиброқ кетса-да, ҳеч ким ишнинг оғирлигидан нолимайди. Ҳамма билади-ки, фронтга дон керак!
Мактабда ўқишлар бошлангач, Ҳожар янгамни яна кам кўрадиган бўлиб қолдим. Бир куни дарсдан келдиму аҳволидан хабар олиш учун хирмонга югурдим. Борганимда янгамлар ўроқдан чиқиб, ҳўпда айланириш учун ҳўкизларни бир-бирига матаётганди.

1. Эсарсўқ-дали-ғули, думбул.

Колхоз раҳбарлари ўримни жадаллаштириш мақсадида баъзи хирмонлардаги иш вақтини чўзиб, айримларини ярим кунга тўхтатган, хирмончиларини, ярим кунга бўлсаям, ўроққа солишибди. Ҳожар янгам ҳам ярим ўроқчи, ярим хирмончига айланганлардан экан. У мени кўриб жуда қувонди. Шериги қандайдир иш юзасидан уйига боришнинг иложини тополмай турган шекилли, ялиниб-ёлвориб ўрнига мени қолдирди-да жўнаб кетди. Хирмонда аввалгидай янгам иккаламизгина қолгач, ишни одатдагидай бошлаб юбордик. Бирор соатлардан кейин эркалигим тутиб:
-Битта қўшиқ айтиб беринг, жо-он чеча,-дедим.
-Ҳозир уят бўлади, бировлар эшитиб қолади,-эътироз билдирди у.-Кейинроқ айтиб бераман.
Қуёш ботай деганида Ҳожар янгам сал нарироқда уйилиб турган буғдой дасталаридан бирваракай тўрт дастасини келтириб, хирмоннинг ўртароғига ташлади. Ортига қайтиб, озроқ нафас ростлаш мақсадида ғарамга суяниб ўтирди. Тонг саҳардан ўроқда юриб обдан силласи қуриган эканми, сал қийшайиб, бошини буғдой дастасига қўйган куйи ухлаб қолди.
Хирмондаги сомон тобора ёйила бошлади. Янгамни уйғотишга кўнглим бўлмади. Хурсанд қилиш учун ҳўкизларнинг ўзини ҳўпга солиб, курак билан хирмон четига ёйилиб чиқаётган дон ва сомонларни ўртага сурдим. Хирмонга янги дасталарни келтириб ташладим. Гоҳ курак, гоҳ паншаха, гоҳ гавронни олиб бир ўзим ишлайвердим. Ҳўкизларни шиғаб ҳайдайман. Тушгача анғизда ўтлаб юрганидан улар ҳам кўнглимдагидай айланаётганидан фойдаланиб, янгам уйғонгунича ҳамма дасталарни янчиб қўйишни ўйлайман. Ишимни кўриб севинармиди дейман.
Қуёш қизариб ботди. Уфқларнинг алвон ранги адирлардаги ўрилмаган буғдойзорларга тушиб, ҳаммаёқ қизғиш тус олди. Осмоннинг ҳар-ҳар ерида осилиб турган кўкиш булутлар буклаб ташланган қонли кўйлакларга ўхшаб қолди. Гуё кимдир бу эгасиз кўйлакларни секин-аста ағдариб, кечки салқинда қуритаётганга ўхшарди.
Яқин ерда чўлбақа қуриллади. Кузнинг бу пайти учун ҳос бўлмаган ҳол. Ҳавога нон ҳиди ёйилади. Уфқларнинг ранги ўзгариб, уришқоқ хотиннинг юзидек гезара бошлади. Осмонга милтирабгина бирин-кетин нуқра юлдузлар сузиб чиқа бошлади. Бир оздан кейин Қўйтош тоғлари ортидан заифгина нур таратиб, ой кўтарилди. У ҳам, назаримда, одатдагидан ғуборлироқ кўринди. Узоқлардан араваларнинг шалдираши, аравакашларнинг “ҳа-ҳуувв!”, “Чу, жонвор!” деган ҳайқириқлари эшитилди. Ҳожар янгам шундаям уйғонмади.
Ой тобора юқорилашар, яқинидаги юлдузлар хиралашар ёки бутунлай кўринмай кетарди. Ҳўкизларнинг юришини яна ҳам тезлаштирдим. Буғдой дасталарининг ғарами камайиб кетди. Ўзимнинг ҳам бўладиганим бўлди: пешонамдан дув-дув тер қуйилади. Тордан жиққа ҳўл бўлган кўйлагим елкамга чип-чип ёпишиб қолади. Ташналикдан томоғим қуриб кетди. Вақтни қизғаниб, янгамнинг ёнида турган кўзадан сув ичиб келишга боролмайман.
Кеча аста-секин ойдинлаша бошлади. Қўйтош тоғларининг юксак чўққилари ой нурида нимдошгина оқариб кўринади. Улар шу кўринишларида уйимизнинг бўсағасида ўтириб, узоқларга маҳзун назар ташлаётган бобомга ўхшаб кетишади. Кишининг кўнглида дилгир ҳислар уйғотиб, бемоврид сайраётган чўл бақасининг овози ўчди. Пунктдан қайтаётган араваларнинг тарақа-туруғи анча яқинроқдан эшитилади. Елиб келаётган отларнинг юганларидаги тўқалар бир-бирига урилиб, бир маромда шилдирайди. Аравалар кетидан кўтарилган чанг ҳавода садаф рангидаги девордек қимирламай туриб қолади. Кейин ётоғига қайтган ҳорғин туядай аста жойига чўкади.
Аравалар яқингинамиздан ўтиб кетди. Салдан кейин тун сукунатини бузиб, қўнғироқларнинг босиқ, салобатли овози жаранглай бошлади. Тонгда пунктга буғдой ортиб кетган туялар карвони қайтаётганини сездим. Ёшгина туябоқар туяларига турли катталикдаги қўнғироқлардан тақиб юргани учунми, одамлар уни ўз оти билан атамай Қўнғироқчи дейишади. Аслида отини айтолмаганидан, бу лақабни унга янгалари берган бўлса керак. Қўнғироқларининг овози уч-тўрт чақирим наридан ҳам бемалол эшитилади. Айниқса оқшомлари қишлоққа кирса, бешикдаги чақалоқларгача уйғотиб юборади. Бунга ҳамма кўникиб кетган, ҳеч ким унга дашном бермасди.
Қўнғироқчининг туялари яқинимиздан ўтаётганида қўнғироқлар жарангидан Ҳожар янгам чўчиб уйғонди. Атрофга олазарак қараб, тезлик билан ўрнидан турди. Ёнимга келиб, мени сўзсизгина бағрига тортди. Бошимни кўтариб юзига қарагандим, пешонамга бир томчи иссиқ кўзёши томди. Янгам қаттиқ ҳаяжонда эди. Нима бўлганига ақлим етмай, қучоғида лол бўлиб турардим. У эса мени бағрига босганича, ўпкаси тўлиб силкинарди. Мўъжаз гавдаси елда қолган бошоқдек титрарди. Ой ёруғида юзи гезариб, лаблари қовжираб қолгандай кўринди. Нафаси ўтдек иссиқ эди. Аҳён-аҳёнда изтиробли товушда:
-Хайриятки тушим экан… Тушим бўлсин-да илоҳим! Акангиз…-дерди узуқ-юлуқ қилиб.
Унинг вужудини ларзага келтираётган ҳаяжон ва кўз ёшларини кўриб чидаёлмадим. Кўнглим бузилиб, мен ҳам йиғлаб юбордим. Агар Назир чўлоқ келиб қолмаганида, бу ҳолатимиз қанча вақт давом этишини билмадим.
-Эрсираб қопсан-ку, тилло!-деди у яқингинамизга тўхтагач, истеҳзо билан тиржайиб.
Ҳожар янгам мени қўйиб юборди. Назир чўлоққа қўрқув ва хижолат орасидаги назар билан бир қараб, юзини четга ўгирди. У эса чиройли кўк йўрғада бизни жиноят устида қўлга туширгандай гердайиб ўтирарди. Афти ой ёруғида қандайдир кўпчиган ва заҳил, бадбашара бўлиб кўринди. Кўзлари бақанигидек совуқ йилтирайди. Ҳатто илжайиши ҳам ўта совуқ.
-Қийин, қийин… Сенгаям қийин!-деди у янгамга ачинаётгандай бошини эгиб ва отини буриб кета бошлади.
Назир чўлоқнинг гаплари менга қамчисидан ҳам қаттиқроқ ботди. У бизнинг энг азиз туйғуларимизни ҳақорат қилганлигини пайқадим. Кучим етса соғлом оёғини ҳам уриб синдирар даражада тишимга босдим. Ҳожар янгам ҳам карахтлангандай турарди. Ўз ҳиссиётларини менга сездирмасликка уринаётган бўлса-да, қаттиқ ранжиганлиги, ўксинганлиги юзидан шундоққина билинарди…
Шу воқеадан кейин ҳар куни дарсдан чиқибоқ хирмонга қатнайдиган бўлдим. Бу ишим бобомга ҳам маъқул эди.
-Чечангни ёнида бўл, болам,-дерди у.-Ёнида юрсанг унга “кўз-қулоқ” бўласан, далда бўласан. Уйда ўралашганингда менга тилинг билан қуш овлаб берармидинг.
Орадан бир ҳафталар ўтди чамаси. Ўрилмаган буғдойзорлар камайиб, дала ишлари бирмунча енгиллашиб қолди. Лекин ҳали ҳам эркаклару бўй қизлар далада ётишади. Аравакашлар билан Қўнғироқчи тинимсиз пунктга қатнайди. Хирмондаги ишлар олдинги маромда давом этади.
Ҳожар янгам ҳўкизларни матаб, ҳўпга тайёрлаб турган экан. Боришим билан ишни бошлаб юбордик. Негадир у одатдагидан вазминроқ, хафароқ кўринди. Дардини кучайтирмай, деган ҳадикда сабабини сўрамадим. У ҳам ўзича ёрилмади. Аксинча, қоронғи тушгунича ўша дил ўртовчи қўшиқларини айтиб ишлади.
Қайлардасан севар ёрим,
Зор бўлибман жамолингга.
Келгил кулиб ифтиҳорим,
Интизорман висолингга…
Осмон булутли эди. Ой мушукдан қочиб ўзини увадалар орасига ураётган сичқондек қўрғошинсимон оғир қорамтир булутлар орасида ўралашарди. Ҳавода моғорникига ўхшаш ёқимсиз бир ҳид сузиб юрарди. Қўнғироқчининг туялари бўйнидаги қўнғироқларнинг саси мотам куйидек руҳсиз жарангларди. Биз охирги дасталарни янчардик. Бирор соатлардан кейин ишимиз тугаши керак эди. Аммо ўша куни биринчи марта ишни чала қолдирдик…
Олачалпоқ ойдинда елиб келаётган кун йўрғага кўзим тушди. Юрагим шувиллаб Ҳожар янгамга қарадим. У одатдагидек хотиржам эди. Назир чўлоқни кўрса ҳам кўрмаганликка олиб, ўз ишини бир маромда давом эттирарди.
-Назир чўлоқ келяпти!-дедии овозим титраб.
-Келса келар,-деди у бепарво товушда.-Ўшандан буён ҳар замонда қорасини кўрсатиб кетади. Бугун ҳам келса керак деб турувдим.
-Нега?
-Ким билади, балки буғдой ўрими тугашига оз қолганлиги сабабли бирор бемаза гапни айтишга шошилаётгандир. Ўрим тугаса, далада ҳеч ким қолмайди-ю, уни дами ичида қолади. Олдимда доим одам бўлади. Ўлганнинг куни, деб индаёлмай кетади.
Шунақа денг, бовам мени хирмонга бекорга юбормас экан-да.
Ўрим бошланган кезларда Муллақизга айланишувди. Энди бизди хирмонга ўралашиб қолди. Отам буни сезган бўлса керак-да. Парво қилманг, мулла бола, эковлашсак бу шўртумшуқни биз ҳам товбасига таянтирамиз.
Ҳожар янгамнинг “Муллақиз” дегани-Муяссар аммам. У бобомнинг укасининг қизи. Оқ-сариқдан келган, қошлари пиликдай чиройли жувон. Умуман, тоғ қизларининг кўпчилиги сулув бўлади: ҳавоси тозалигиданми, сулувданми ё менга шундай туюладими-бунисини билмайман. У янгам билан еттинчи синфни бирга битирган. Иккаласи ҳам синфидаги аълочилардан экан. Шунга ишора қилибми, янгам уни ҳам “мулла…” дерди. Балки янгам билан Тугал акамнинг яширин алоқаларини тиклашда шу аммам воситачи бўлгандир. Ҳар ҳолда кўнгилсоз, яқин дугона бўлишган.
Муяссар аммамнинг Еттисой қишлоғидаги қариндошимиздан бирининг ўғлига узатишганди. Эри урушга кетиб, бир йилдан кейин ундан қорахат олишди. Йили ўтказилгач қайнотасининг рухсати билан Қоратошга-отасининг уйига қайтиб келганди.
Муяссар аммамнинг феъл-атвори янгамнинг тамом акси. Бундай икки хил руҳий холатдаги кишиларнинг бир-бирига шунчалик яқин бўлиб кетиши мени ҳайрон қолдирарди.Аммам давраларда тортиниб, ўзини четга олиб ўтирмасди. Бировнинг даккисини ютмасди. Бобомга ўхшаб “кашталаб” гапиради. Шу хусусиятлари Назир чўлоқнинг диққатини тортган бўлса керак. Хотини билан ажрашиб, Муяссар аммамга совчи юборди. Бобом бундан хабар топиб, тутақиб кетди. Мени эргаштириб бориб, совчини укасининг уйидан ҳайдаб чиқарди.
-Ўша чўлоғингга бориб айт, тополса номаъқул бузоқнинг гўштини бошқа жойлардан қидирсин!-деди.
Укасини ҳам роса койиди.
-Совчисини уйингга киритиб, ўша иблисдан нима ҳурмат кўрмоқчийдинг! Сассиқ алаф гул бўлмас, номард куёв ул бўлмас…
Совчиси Назир чўлоққа ҳамма гапни оқизмай-томизмай етказган бўлса керак-ки, у қандай бўлмасин бизнинг авлод шаънига қора чаплаш пайига тушиб қолди. Бироқ аммам унинг домига илинадиган анойилардан эмасди. Бир шилқимлик қилганида:
-Оғзингизга сиққанидан каттароғини чайнамоқчи бўласиз-а, Назир ака,- дебди кулиб-кулиб.-Ютарда томоғингизга тиқилиб, дорул фанодан бемавруд кетиб қолманг яна. Эҳтиёт бўлиброқ юринг.
Шу-шу, у Муяссар аммамдан нарироқда юрадиган бўлиб қолганди. Тасодифан бақамти келиб қолсалар йўлини чаппа олиб кетарди. Лекин бир марта аламини мендан олди.
Муяссар аммамдан умидини узгач, Назир чўлоқ Майрам чўтирни уйига қайтариб келди. Кейинроқ эшитсак хотинини ҳийла-найранг билан отасиникига жўнатган экан: гўё устидан маълумот тушгану яқинда уйида тинтув ўтказилармиш. Хотини билан ажрашса, уйдаги ҳамма нарса уники, деб қутилиб кетармиш. Иш босди-босди қилингач, қайта ярашган бўлиб, аввалгидай бирга яшайверишади. Балки аммамга қўйган тузоғига унинг илиниши қийинлигини бошданоқ билиб, шу бўлмағур найрангни тўқигандир. Нима бўлганида ҳам у энди бизнинг хирмонимизга танда қўя бошлаган экан…
Назир чўлоқ янгам билан қуюқ сўрашди. Кўриниши бошқача: тарвақайлаб кетган соқолини олдириб, башанг кийинган. Гўё ўн беш-йигирма ёшга яшариб кетгандай. Соқол уни қаримсиқ кўрсатишини англадим. Ёғоч оёғи ҳам олдингидай беўхшов кўринмади.
У мендан ҳам аҳвол сўради:
-Қалай, йигит, ҳалиги воқеа эсингдан чиқдими?-деди ўрма қамчиси билан урганини эслатиб.-Бу шунчаки сиёсат эди, хафа бўлмайсан.
-Ёш болани уриш сиёсати қандай сиёсат экан, негадир буни шу пайтгача билмаган эканмиз!-деди Ҳожар янгам ошкора кесатиб.
Янгамнинг эркак кишига бундай тик қараб, ачитиб сўзлаётганини биринчи марта эшитишим. У қишлоғимиздаги итларга ҳам қаттиқ гапирмасди. Шунданми, ўктам кўринишига қарамай, Назир чўлоқ бир фурсат гангиди. Кейин:
-Энди бундай қилмаймиз…-деди бўшашиб.
-Яна уриниб кўрмайсизми, қийшиқ кийилган тоқиянгизни қаерга тушишини томоша қилардингиз!
Назир чўлоқ янгамга беписанд қаради. Мийиғида кулгандай ҳам бўлди.
-Қамчи билан бир урганда нима бўпти? Бола йиғлайди, овунади, тилло.
-Йиғлашни нималигини билмайсиз-да!
-Ўргатарсан билмасак. Эринг ўлиб…
-Ним-ма?!
-Кел, жанжаллашмайлик, тилло,-Назир чўлоқ бефаросат гапириб қўйганини пайқаб, муросага кўчмоқчи бўлди.-Аслида мен бу ерга бошқа мақсадда келганман…
-Биламан мақсадингизни.
-Жуда яхши “хўп” де, тилло. Еганинг олдингда, емаганинг кетингда, кийганинг ипак, таққанинг тилло зирак бўлади.
-Ҳаммани ўзингизга ўхшатасиз-да олдин уйингиздагини эплаб олинг, менинг ўз одамим бор.
-Уйимдагини битта ишоранг биланоқ даф қиламан. “Одаминг”га келсак… ўлганлар тирилмайди. Ундан умидвор бўлмаёқ қўй…
-Нима?!
-У ўлган, деяпман, буни ҳамма билади. Фақат сен негадир…
-Бу гапни ҳозирнинг ўзида уч марта эшитдим! Яна бир қайтаринг!! Нима дедингиз?!!
Ҳожар янгамда аввалги уятчанлик, тортинчоқликдан асар қолмади. Назаримда ваража тутгандай қалтираб, турган жойидан коптокдай сакраб кетди. Назир чўлоқни йўрғанинг устидан юлиб олиб, ерга урганини кўрдим. Бу куч, бу қудратни қаердан олганлигига лол бўлиб қолдим. Унинг бундай қилолишини Назир чўлоқ хаёлигаям келтирмаган бўлса керак. Зарб билан ерга урилганида нимадир партиллади. Кейин билсам, ёғоч оёқдаги тасма узилган экан.
Янгам бу билан ҳам кифояланмай телбалардай гандираклаб, ҳўкизлар ёнида ётган гавронни қўлига олди. Бор кучи билан боши узра кўтариб, ўрнидан туролмай ётган Назир чўлоқнинг елкасига қарсиллатиб туширди. Пишиқ тут ёғочидан бўлган гаврон синиб кетди. У оғриққа чидолмай бўридек увлаб юборди. Ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, тасмаси узилгач юмалаб кетган ёғоч оёғини тополмади ва узала тушиб, илондай тулғанди. Янгамнинг бу ишидан ҳайратга тушдим. Чунки у ҳўпда саркашлик қилган ҳўкизни ҳам бунақа урмасди. Овоз бериб, сонига сийпалатиб тушириб қўя қоларди. Ҳалиям одам чидар экан, Назир чўлоқ ерга урилиш ва калтак зарбидан ўлиб қолмади.
Янгам иккаламиз ҳўкизларни матовдан бўшатмасдан, анғизга ҳайдаб юбордик. У хирмончилар янчилмай қолган донлар бўлса, ҳўкизларни яна ҳўпга солар, деб ўйлаган бўлса керак. Ёнма-ён йўлга тушдик. Назир чўлоқ инграганича жойида қолди. Йўлнинг совуқ тупроғи тиззамизга уради. Кўр ойдинда буғдойи ўриб олинган далалар бўзариб кўринади. Узоқдан бойқушнинг хунук сайроғи эшитилади. “Ҳақ сўйла, жонивор”-дейман ичимда бобомга тақлидан ирим қилиб. Жимгина келар эканмиз, ғам ва изтиробдан юракларим титрарди. Кўз олдимга дам урушда юрган отам, дам ўша пайтгача ўлик-тиригининг аниғини билмасам-да, шубҳа ва гумонлар орасида эслаб юрганим-Тугал акам келарди. Унинг ўлими ҳақидаги хабарни ҳар қанча яширишмасин, ниҳоят менга ҳам маълум бўлганди. Баъзан интизор бўлиб кутаётганим шу икки сиймо орасидан Назир чўлоқнинг тароватсиз башарасини кўргандай бўламан-у, кўзларимни катта очиб янгамга қарайман. Энди қўлимдан маҳкам ушлаганича, у ҳам жимгина келарди. Ой булутлар орасидан отилиб чиққан пайтларда оловланиб ёнаётган кўзларида ададсиз бир ғазаб кўрардим…
Қишлоққа кирганимни сезмай қолибман. Ўзим билан ўзим бўлиб келаётганим учун шундай бўлгандир. Тун ичида Иброҳим аканинг уйи ёнидан ўтаётганимизда пайқадим буни. У кишининг ёши қирқлардан ошган, касалликдан боши чиқмасди. Шу сабабли фронтга олишмаган. Колхозда ҳисобчи бўлиб ишларди. Бир ёққа кетаётган эканми, кўча эшиги ёнида бизга дуч келди. Индамай ўтавермоқчи эдик бўлмади. Оёқ олишимиздан аҳволимизни пайқаганми, тўхтатиб ҳол сўради. Уйига таклиф қилди. Аёли иккаласи янгамга таскин беришни ўйлади чамаси.
Ҳожар янгам уйига кирмади. Шу ернинг ўзидаёқ тоқатсизлик билан:
-Бизникидаги укнгиз…-деди-ю, давомини айтолмади.
Унинг томоғини алам бўғиб қўйди. Куч билан ютинди. Кўзларига ёш қалқдими, юзини четга ўгирди.
-Эшитмаганмидинг?-сўради Иброҳим ака.
-Эшитувдим… бир ойдан ошдиёв.
-Унда… бугун нима бўлди?
-…
Ҳожар янгам индамади. Воқеани ўзим эплаганимча қисқа қилиб мен айтдим. Иброҳим аканинг қўллари мушт бўлиб тугила бошлади.
-У тини вақтида боғлаб олмаганимизди оқибати бу!-деди ғижиниб.-Фикримиз бошқа нарсаларга чалғиб, ақалли “Нима қиляпсан?”-демабмиз…
Янгам аста қўзғалди. Мен ортидан эргашдим. Иброҳим ака бизни тўхтатмади. Фақат:
-Ҳозир ҳар биримизга филникича тоқат керак, Бувҳожар, балки янглиш хабардир анави…-деди “қорахат” дейишга тили бормай.-Урушда нималар бўлмайди!
Ҳожар янгам на ҳа на йўқ деди. Ортига бурилиб, қарамади ҳам. Мен унинг юзларини юлиб йиғлашини, бел боғлаб садр тепишини кутгандим. Бўлажак даҳшатни олдиндан ҳис қилиб кўзларимдан милтиллаб ёш оқар, унсиз йиғлаб келардим. Аъзои-баданим ушоқ гавдамга оғирлик қилаётган бу аламдан титрарди. Лекин мен кутган ҳодиса рўй бермади…
Алламаҳалда Ҳожар янгамнинг хонасига кирдик. Бу пайтда осмонни бутунлай қора булутлар қоплаб, бояги кўр ойдин ҳам зулмат қўйнига сингиб кетди. Ҳаво челаклаб ёмғир ёғадигандек намхуш. Доим озода ва шинам кўринадиган уй кўзларимга жуда ғариб ва файзсиздек туюлади. Ҳувиллаб турган хоналарнинг аллақайси бурчакларида ғам бекиниб ётгандек.
Калишнусха чироқнинг нимдош ёруғида тўшак солиб мени ётқизгач, Ҳожар янгам қуйироқдан ўзига жой солиб, ҳолсизгина чўзилди ва чироқни ўчирди. Шундан кейингина кўзларига тиқилиб турган шўр томчилар баҳор ёмғиридек дувиллаб тўкилиб, ёстиғига синга бошлади шекилли. Зимистон хонада унинг овозсиз, лекин ўксиб-ўксиб йиғлаётганини сезиб ётардим. На чора, уни юпатадиган, азобланаётган дилига таскин берадиган бирор сўз топиб айтолмасдим. Қолаверса, ўзим ҳам таскин-тасаллига мухтож эдим.
Юрагимни дард-алам кемираётган бўлса-да, ўй суриб ётиб ухлаб қолибман. Туш кўрибман. Тушимда дўппидайгина қишлоғимизни фашистлар босиб олишганмиш. Каттабулоқ томонда душманлар тоғ томонга ўқ ёғдираётганмишлар. Шу пайт харсанглар орасида отам кўринди. У катта-катта тошларни душман устига юмалата бошлади. Салдаёқ отамнинг ёнида Тугал акам пайдо бўлди. У автоматдан шиғаб ўқ уза бошлади. Фашистларнинг отам юмалатган тошлардан ўлмаганлари Тугал акам отган ўққа учиб қулаётганмиш.Тугал акамнинг ёнида Ҳожар янгамни кўриб ҳайрон бўлармишман. Эгнидагиларнинг ҳаммаси солдатча-ю, бошида мен олиб берган ўша қизил ипак рўмолмиш. У ҳам душманга қарата ўқ уза бошлади. Негадир ўқ овози эшитилмасмиш. Ҳожар янгам фашистларнинг тутдай тўкилаётганини кўриб, қиқирлаб кулармиш. Кулгиси эса Каттабулоқнинг оқишидек чулдираб эшитилармиш…
Чўчиб уйғондим. Тонг отиб, атроф ёришган. Ҳаво очилиб кетибди. Ҳожар янгам ҳовлини супурмоқчи бўлиб сув сепяпти. Ўчоқдаги қумғон биқирлаб қайнамоқда. Қўлидаги челакни ерга қўйиб супурги томон келаётганида, янгамнинг менга кўзи тушди. Одатдагидек ширингина жилмайди. У яна аввалгидек нозик, беозор келинчакка айланганди: гўё кеча қайнаб-тошиб, қирғоқларини емираётган дарё бугун тинчиб, ювош тортиб қолгандай.
У йўлини ўзгартириб, ичкарига кирди. Рўпарамда тўхтаб шивирлади:
-Кечаги воқеани отамга айтмай қўя қолинг, мулла бола. Хафа бўлиб, эзилиб юрмасин яна.
-Майли,-дедим жойимдан туришга эриниб.
Ҳожар янгам ишга кечикса-да, шу гапни айтиб кетиш учун уйғонишимни кутиб турганлигини англадим. Ҳовлини апил-тапил супуриб бизга чой дамлаб берди-да, ўзи нонушта ҳам қилмай далага кетди.
Кечаси нимадандир хафа бўлиб келганимизни бобом бари бир билибди. Иккаламиз нонуштага ўтирганимизда сўроққа тутиб қолди. Пойинтар-сойинтар жавобларимдан қониқмади-ю, ҳадеб тиқилинч қилаверишни у ҳам ўзига эп кўрмади.
Эртасига Иброҳим ака Назир чўлоқни қаердандир топиб, роса таъзирини берганлигини эшитдик. “Нега совуқ хабарни айтиб суюнчихўрлик қиласан, одамлардаги умид-ишончни сўндиришга уринасан?!”-деганмиш. Оғизма-оғиз бу гап бобомга ҳам етди. Аммо сир бой бермай юрди. Назир чўлоқ эса ўн беш кунча ҳеч кимга кўриниш беролмади. Ҳамма-аёлу эркаклар Ҳожар янгамнинг ишига қойил бўлишар, алқашарди: “Барака топсин, ёш бўлсаям бу келин бошқаларга ўрнак бўляпти, одамларди кўнглида умид чироғини ёқяпти”-дейишарди.
(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.