Одил ИКРОМ

odilikromСУЖУД МУҲРИ

САЙЙИД НЕЪМАТУЛЛОҲ ИБРОҲИМ ТАВАЛЛУДИНИНГ 60 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

Яқинда тожикистонлик иқтидорли ўзбек шоири Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг “ТАҲАЙЮР” (Душанбе, “Ирфон” нашриёти) номли китоби нашр этилди. Қуйида шу китоб ҳақидаги таассуротларимни эътиборингизга тақдим этишни лозим топдим.

“Таҳайюр” – икки юзу ўн тўрт туртликни қамраган. Бу тўртликлар одатдаги, на ютишга, на тупуришга лойиқ, азбаройи чайналмоқдан ранги, таъми, аслини йўқотган дунёвий икир-чикир мавзуларда эмас, балки, илоҳий ишқни жон-дилдан куйлаганлар, жумладан, Умар Хайём, Жалолиддин Румий, Мирзо Абдулқодир Бедир, Муҳаммад Иқбол каби алломалар яратган табаррук анъаналар умрининг давоми эканлиги билан ҳам азиздир.
Китобнинг “Таҳайюр” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, Ҳақ ҳаққига салавот мазмуни билан йўғрилиб, бир жом ичра жо бўлган икки юз ўн тўрт қатра ишқ бодасининг маъно ва рамзларини бир сўз билан ифодалайдиган бўлсак, бу – Ишқ. Ишқ эса – Оллоҳнинг сир-синоатидан, қудратидан ҳайратланишнинг шиддати… Мен тўртликларда яширинган маъно ва рамзларни тўлалилигича изоҳлаб бериш иддаосидан йироқман. Аммо, “Таҳайюр”ни ўқиб, ҳайратимни яширолмаганим сабабларини, илк таассуротларимни Сизлар билан баҳам кўрмоқчиман. Шулардан бири – тўртликлардаги Ишқ меъёри.
Ошиқлик, марифат мақомидаги ишқ меъёри ҳақида қачондир “Хайёмни тушуниш” номли бир лавҳамда келтирганимдай, “ишқ йўлига кирган одамнинг бошида уч нарса туради: Ишқ уни ё ўлдиради, ё телба қилади, ё ҳаким. Биринчисига Мансур мисол, иккинчисига Шиблий, учинчисига Жунайд мисолдир…” (Абу Ҳафс Ҳаддод Нишопурий). Бу хусусда Абдулла Ансорий янада аниқроқ қилиб дейди: “Сўфийнинг ё жони ишқни кўтаролмайди – ишқ уни ўлдиради, ё илми ишқни кўтаролмайди – телба қилади, ё ўта билимдонлиги намоён бўлади – донога айланади. Тўртинчиси йўқдир”. Ана шу маънода олиб қараганда, “Таҳайюр”даги тўртликлар таъбига лойиқ, меъёрдаги ишқ бодасидан баҳраманд, “ўз нафси ҳолидан хабардор” (Имом Ғаззолий) ошиқ қалбидан тўкилган ҳайрат қатраларидир…
Илоҳий ишқдан қаттиқ мастлик, телбалик ёхуд улуғлар ўриндиғини эгаллашдан ташқари яна бир мақом борки, бу – камтарлик, оддийлик, кўз илғамаслик мақомидир. Бу мақомдаги соликни на дўстнинг кўзи кўра олади, на душманнинг. Уларга на шон-шавкат ёр, улар на душман ўқига дучор… “Таҳайюр”даги ҳар бир тўртликда шу ноёб ҳодисага ишора, шунингдек, ёрларга Ёрдан, осмонларга Осмондан, одамларга Одамдан хабардорликка ҳаққоний даъватлар, муслиҳий ўгитлар бор.
Маънавиятимиз, маърифатимиз сарчашмаларидан кенгроқ баҳраманд бўлгунимизга қадар кўп “даъват”ларни, “ишора”ларни бошдан кечирганимиз, кимлардир шаҳодат бармоғини нуқиб ёки қўлини пахса қилиб “ёрқин келажак”ка элтувчи йўлларга судрагани, “доҳиёна”, мавҳум имою ишораларга кўр-кўрона ишониб, эргашиб, хийла фурсат маънавиятсизлик балчиғи билан тиш-тирноғимизгача чапланганимиз – сир эмас. Аммо, аросатдаги бир неча авлод учун чинакам маърифат нури, иймон жавҳари, ақлу кўнглимизнинг қурум ва зангларини қиргувчи илму ирфон сирлилигича, пинҳонлигича қолиб кетганига унча узоқ бўлмаган ўтмишимиз – ҳануз тирик гувоҳ.
Юқорида таъкидлаганимдай, китобдаги ҳар бир тўртлик илдизи муқаддас манбаларга, хусусан, китоблар Китоби Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Ҳадисларига бориб тақалади, десам хато бўлмайди. Фикримнинг далили сифатида улардан айримларини эслатиб ўтмоқчиман:

Шеъримдан сўз эмас, асрор, нур қидир,
Неки ёзган бўлсам – кўнгил мулкидир.
Қаламни тутган дам яшадим, фақат,
Қолган умрим – ҳавас, ўйин-кулгидир.

Ўткинчи дунёдаги умргузаронлигимиз, қанчалик асъасаю дабдабаларга чулғанган, нечоғлик ҳашаматли бўлмасин, у – атиги, Охират диёрида мангу ҳаёт кечириш учун тадорик, холос. Бу тадорик муҳлати – ёлғиз Худога аён. Қазо ҳукми билан урён жонимиз сўнгги, абадий манзилга шоён топилгунга қадар ўйин-кулги билан кечадиган бир нафаслик умримиз Ҳақ яратган неъматларга шукроналик асосига қурилгандир. Ҳақ зикри, Ҳақ сирини англаш йўлидаги огоҳлик – “қаламни тутган дам”да, яшаш учун яшашда намоён бўлади, яъни, “бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, Охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир). (Қуръони карим, “Анкабут” сураси, 64-оят).

Бир лаҳза тавҳидга бўла олгин жўр,
Бир лаҳза гўзаллик асбобларин сўр.
Минглаб сабабларга ғарқ бу Дунёда
Буюк Мусаббибнинг ишларини кўр.

Ушбу тўртликни ўқигач, “Маснавий” (Ж.Румий)даги бир ибратли ҳикоят ёдимга тушди: Битта файласуф мадраса ёнидан ўтиб кетаётиб, қорининг “Ер юзидаги ҳамма сувлар ер тагига сингиб кетса, қақраган барча булоқларга ким қайтадан сув келтира олади?” мазмунидаги бир оятни қироат қилаётганини эшитиб қолади. Қалби куфрга тўлган файласуф: “Сувни биз келтирамиз, фақат, кетмон, ўткир курак ва болтамиз бўлса, бас, пастдан баландга сувни тортиб чиқарамиз” дебди нописандлик билан ва уйига кетибди. Тунда ухлаб туш кўрибди. Тушида қандайдир барзанги бир уриб, файласуфнинг кўзини кўр қилибди ва дебди: “Эй, кўрназар, қўлингдан келса, кетмон, ўткир курак, болта билан кўзинг чашмасидан нур чиқаргин…” Юқоридаги тўртликда Худонинг Ягоналигига эътиқод ичра У яратган мукаммал жуфтликларнинг, гўзалликнинг сабабларини ахтариб топишга, қалбдаги кибр, ношукурлик туфайли кўр файласуф ҳолига тушиб қолмасликка, куфронликдан пушаймонликка жалб, чорлов бор. Зеро, “пушаймонлик ҳам тавба ҳисобланур”. (Ҳадис).
Дарҳақиқат, Оллоҳнинг қудрати билан инсон, табиат, наботот, ҳайвонот оламининг яратилиши – бесабаб эмас. Ахир, гиёҳларнинг ерни ёриб чиқишига Оллоҳ кўкдан ёғдирган ёмғирлар сабаб эмасми? Одамзод ва ҳайвонотнинг тириклигига Оллоҳ ерда яратиб қўйган ноз-неъматлар, ўстириб қўйган ўт-ўланлар сабаб эмасми? (Қуръони каримнинг “Абаса” сурасидаги 25-32-оятларига ҳам шу мазмун сингдирилган). Ҳатто, мавлавиёна самоъ рақси (бир қўл ерга, бири осмонга қаратилган ҳолда, айланиб рақсга тушиш)да ҳам ер билан осмонларнинг бир-бирига боғлиқлиги, сабабкорлигига нозик ишора бор. Демак, бу фикрдан чиқарадиган оддий ва буюк хулосамиз шу: “(Оллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк Яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни (ўша жуфтлик воситасида) кўпайтирур. Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир”. (Қуръони карим, “Шўро” сураси, 11-оят).
“Таҳайюр”даги:

Тийнатимда нурни кўрмасам бўлмас,
Бу ишқнинг измида турмасам бўлмас.
Бир умр безовта қилган кўнглимнинг
Сўнгги иқлимига бормасам, бўлмас!

хитоби ичра “албатта охирги чегара Ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир”. (Қуръони карим, “Ва-н-нажм” сураси, 42-оят)га,

Дилимни меҳр ила билган ҳам Ўзинг,
Ҳар лаҳзада ҳамроҳ бўлган ҳам Ўзинг.
Маърифатинг ила умримни узун,
Кўнглимни кенг олам қилган ҳам Ўзинг

иқроридаги биринчи сатрда “агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна гапирсангиз ҳам У Зотга баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. (Қуръони карим, “Тоҳа” сураси, 7-оят)га, иккинчи сатрда “сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир, Оллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. (Қуръони карим, “Ҳадид” сураси, 4-оят)га, тўртинчи сатрда эса “Биз Сизнинг қалбингизни (иймон ва Қуръон нури билан) кенг-мунаввар қилиб қўймадикми? (Қуръони карим, “Шарҳ” сураси, 1-оят)га қаратилган орифона ишоралар – китобдаги тўртликлар, шунчаки, қофияланган, ақл чархлангандаги сачраган кукунларнинг ўзигина бўлиб қолмай, балки, огоҳликдан, оҳдан яралган кўнгил мулки эканлигига далолатдир.
“Таҳайюр”даги ҳар бир тўртлик – Ислом табиатида туғилиб, аммо, бора-бора залолатга юз тутган, ўткинчи дунёнинг ғами билан ўралашганлар билан, нафақат, жиҳодга киришади, балки, ўз фожиаси ўзини ҳалок қилгувчи зотларга ачиниш кераклигини ҳам уқдиради:

Дунёнинг номарду марди етарли,
Очилмаган кўзнинг гарди етарли.
Ёмонлик истаманг кин аҳли учун,
Ҳасадгўйга ҳасад дарди етарли…

Офарин! Биз юрак-бағримизни қон қилиб, ўз ич-этини каламушдай кемираётган кин аҳлининг нобаркорлигидан беҳуда азият чекиб, бошимиз қотган лаҳзадаги не-не саволларимизга жўяли жавоб, таскин бу. Зеро, “ғашлик ва ҳасад яхши ҳасанотларни, худди, ўт ўтинни егандаек ейди”. (Ҳадис). Яъни, бу фикр ёрдамида ҳар бир ҳодисотга ҳикмат бахш этгувчи Парвардигор бу тахлит мўриваш зотларни аллақачон “ўз Хусравларига” топширганини англаб етамиз.
“Таҳайюр”даги яна бир тўртликка диққатингизни қаратмоқчиман:

Иззат ичра мағрур бошимни кўрдим,
Маломатда таъна тошимни кўрдим.
Уқбога Кўнглимни кўтардим, ё Раб!
Дунё ичра, фақат, лошимни кўрдим…

Дунёвий шеърлар қийматини тарозининг икки палласидаги ақл ва ҳис-туйғуларнинг “тароқ тишларидай тенг”лиги, мувозанати белгилайди. Аммо, бу хусусиятни орифона шеърларга, хусусан, “Таҳайюр”даги тўртликларга татбиқ этиш нораводир. Чунки, бу тўртликларнинг икки палласида ақл ва туйғулар мувозанати эмас, вужуд ва кўнгил мақоми ўлчанади. Жасад, тан қуйига нечоғлик пастлашган, риёзат чекиб, нафснинг хоҳишидан тийилган сайин кўнгил Уқбога, яъни, Охиратга шунчалик юксалаверади…

Мен мудом кўнглимнинг ортидан кетдим,
Ҳар лаҳза ҳикматнинг нурин ҳис этдим.
Тавҳид асрорига интилдим, фақат,
Ақлим етмаганга… Ишқ ила етдим!

Бу – Ҳаққа кўнгил берган, “Оллоҳ нури билан қарагувчи” мўминнинг Кенгликка, Ягоналикка, Ҳақиқатга даъвати, Ҳаққа етгандагина ўзининг ноҳақлигини англаган банданинг зору таваллоси… Ноҳақлик нима? Ақл иддаоси. Ҳолбуки, қанчалик чиранмасин, темир тирноқлари, ўт чақнатгувчи туёқлари нечоғлик чирмашмасин, “ғариблиги ҳам, ғаройиблиги ҳам ноаён бешафқат тафаккур асри”(А.Орипов)да Кўнгилу Ишқ қарор топган чўққига Ақлнинг етиб бормоғи – амри маҳол.
“Таҳайюр”даги барча тўртликларни мукаммал деб аташ – Сўз билан бундан-да қадрдон, Кўнгилга бундан-да яқин, олтмишинчи ёруғ тийрамоҳи билан юзлашиш тараддудидаги устоз Неъматулло Иброҳимнинг мен шахсан воқиф бўлган руҳий дунёсини, Худо берган истеъдод, имкониятларини чеклаш билан баробар. Яратгувчи Оллоҳнинг ижодидан ўзга мукаммал ижод бўлмагани каби, “Таҳайюр” ҳам айрим жузъий норасоликлардан, яъни, баъзи тўртликларда шакл, қофияларнинг билинар-билинмас тазйиқи, айрим ўринларда мавҳумлик, такрордан холи эмас. Агар китобдаги тўртликларни чироқ шуъласи деб тасаввур қилсак, ўша чироқ пилигининг сал юқорироқ кўтарилган ёхуд пастланган ҳолати аҳён-аҳён учрайди…
Хуллас, устоз Неъматулло Иброҳим орифона шеърият саждагоҳида фарз этилган Кўнгил ибодатини юксак имконияти даражасида адо этаётир. “Таҳайюр”даги ҳар бир тўртлик, таъбир жоиз бўлса, Ҳақ салобати босгандаги шоир Ҳайратидан, кўнгил сажжодаси узра бош қўйган лаҳзадаги манглайидан қолган сужуд муҳридир.

Одил ИКРОМ

%d bloggers like this: