“Туронзамин”га ёзадилар

barotovВЕЛОСЕПЕД ЁХУД ТУШ ТАЪБИРИ

“Кўнглимнинг кўчасидаги гаплар” туркумидан

Оммавий ахборот воситаларининг бир сонида олти миллион йил муқаддам яшаб ўтган аждодларимизнинг суяклари топилди, деган хабарни ўқиб қолдим. Олимларимизнинг илми-амалларига тасанно, нақ олти миллион йил илгари яшаб ўтган аждодимизнинг ёшини калла суягига қараб аниқлашибди-я.
Икки йил муқаддам битта замонавий башоратчи, 2011 йилнинг май ойида қиёмат қойим бўлади деб барчанинг кўнглига ғулғула солди. Кейин қиёматни 2011 йил октябрига кўчирди. Мен бунга ишонгандай бўлдим. Чунки коинотдан улкан учар жисм учиб келаётганлигини, у октябрь ойида ерга урилишини газетада ўқиган эдим. Лекин ерни остин-устин қилиб юборадиган учар жисмдан дарак бўлмади. Қиёматни октябрь ойига кўчирган башоратчи тилдан қолди. Ҳозир у гўрга кирдими, осмонга учдими, бу ёғидан хабарим йўқ.
Фаранглик Мишель Нострадамус башоратига кўра 3797 – Охирги Замон. Вангада эса бошқачароқ: 5079 йилдан бошлаб қиёмат бошланади деган. Мен эса тушга, башоратга ишониб, ҳаром ўлишимга сал қолаяпти. Газета дўконидан “999 та туш таъбири” деган китоб сотиб олдим-у, тинчим йўқолди.
Ўзини ойнада қора соқолли ҳолатда кўриши, ликопчада балчиқ ағдараётгани, бўрдоқи қўчқорни етаклаб юриши сингари манзаралар тушга кириши катта бойликдан дарак эканлигини ўқиб, хурсанд бўлганимдан ҳай-ҳайлаб юбордим. Чунки бундай тушларни кейинги пайтларда тез-тез кўраётган эдим-да. Катта бойликка эга бўлишимга эса асосим бор эди.
Бундан роппа-роса 48 йил муқаддам кўнгилли халқ дружиначилари сафида навбатчиликка чиқиб, безорилар ўқига учраб,бир умрга ногирон бўлиб қолгандим. Вақти келиб мени отганлар устидан бўлиб ўтган суд ҳукмини архивдан топдим ва бошқа ҳужжатларни тахт қилиб, дарҳол фолбинга югурдим. Чунки шу ҳужжатлар ёрдамида товон пули ундиришим мумкинми ёки йўқлигини билмоқчи эдим.
“Кўзимга катта бойлик кўринаяпти,- деди фолбин. –Сиз бой-бадавлат бўлиб кетасиз”.
Фолбин бойликнинг қаердан, ниманинг эвазига келиши ҳақида лом-мим демаган бўлсада, унинг шу гапига ҳам шукур қилдим. Чунки мен бойлик бор эканини билдим, товон пулини ундирадиган идора ҳам тайёр. Аввал ўша идорага.ариза ёздим. У ердагилар Ватан осойишталиги учун фуқоролик бурчини бажаришда ногирон бўлиб қолганимга жуда-жуда афсусланганликларини билдиришиб. Кейин меъёрий қонунларда фуқоролик бурчини адо этиш пайтида, фалокатга йўлиққанларга товон пули тўлаш кўзда тутилмаганлигини мулойимлик билан билдиришди. Уларнинг жавобидан кўнглим тўлмаганлиги учун юқори идораларга ёза бошладим. Ёзганларимнинг бари мен товон пули талаб қилган ташкилотга келиб тушарди. Улар эса алимсоқдан қолган қонунларни рўкач қилиб, бир қолипда ёзилган рад жавобини қайтара бошлашди.
Охири тоқатим тоқ бўлиб, миршабларни сеҳр-жоду қилиб, товон пулимни ундириб олмоқчи бўлдим. “Форсий” лақабли машҳур фолбин ҳузурига бориб, ҳужжатларимга дам солдирдим. Фолбин, ҳув-ҳувлаб, катта пичоғини ҳужжатларим устига тап-тап босиб, кўриниши даҳшатли бўлган қўл шаклидаги косадан сув ичдирди.
Ишни пухта қилиш мақсадида, яна бир довруқли фолбинга мурожаат қилдим. Буниси ҳам пичоқ билан фол очаркан. У узун сопли пичоғини полга шиддат билан ишқалаганича, олдидаги дафтарини варақлаб, нимадир ўқий бошлади. Ўқигани арабчага ҳам, на форсчага ҳам, ўзбекчага ҳам ўхшамайди. Кейин 150 минг сўм пул чиқаринг, –деди. Сумма миқдори фолида аён бўлибди. Мен ҳозир бунча пулим йўқлигини, агар ишим ҳал бўлса миллион сўм бераман деб, ваъда бериб юбордим. У рози бўлди. Сеҳр ва дуоларини ҳужжатларимга яхшилаб жо қилдида, ҳозирроқ бориб, товон пулимни олишлигим мумкинлигини айтди. Ишим судсиз ҳал бўлганига шукроналар айтиб, чўнтагимдаги бор пулимни фолбинга бердим-да, даъво аризамдаги 90 миллионни ундириш учун товон пули берадиган ташкилотга чопдим.
Сеҳр-жоду қилинган ҳужжатлар папкаси қўлтиғимда, темир панжара билан ўралган қарроргоҳнинг навбатчиси ойнасини тақиллатдим. Ойна сурилиб, навбатчининг калласи кўринди.
-Сизга нима керак?
-Менга бошлиқ керак.
-Сизни чақирганми, исми-фамилиянгиз, -дея, телефонга юзланди.
– Чақиртиргани йўқ, ўзим келдим.
-Ҳозир мумкин эмас, қабул куни келасиз,- деди навбатчи ва ойнасини ёпиб олди.
Аччиғим чиқди. Навбатчи мени ким деб ўйлаяпти. Ойнасини яна тақиллатдим.
Навбатчининг калласи яна намоён бўлди.
-Яна нима бўлди?
-Ҳеч нима бўлгани йўқ, эшикни очинг, бошлиғингиздан пул олиб кетишим керак.
-Пул? Қанақа пул?
-Пулга ўхшаган пул-да. 90 миллион.
Шундай деб қўлимдаги сеҳрланган ҳужжат тўла папкани навбатчининг нақ тумшуғи тагида ҳаволатдим.
90 миллионни бошлиқ хонасидан олиб кетадиган шоввозни шу чоққача кўрмаган навбатчининг юзида ғазаб пайда бўлди. Воқеанинг бу ёғини айтиб ўтирмайман. Дуо амаллари товон тўлайдиган идорага таъсир қилмагани учун фолбинларни аферист деб сўкиб, қуённинг расмини чиздим.
Туш таъбири китоби эса ҳамон бошимга битган бало бўлаётганди. Кимки тушида велосепед миниб юрган бўлса, ҳаракати самарасиз кетади деган таъбирни ўқиб қолиб, узоғимни яқин қилиб турган “Шайтон аравам”ни укамнинг ўғлига ҳадя қилиб юбордим. Хотин қаршилик кўрсатди: “велоспедингиз сизга оёқ ўрнида эди, энди у ёқ-бу ёққа қандай чиқасиз…” Ишинг бўлмасин дедим тўнғиллаб, энди авлиёлардек чилла тутаман. Фақат ертўла қурғур йўқда. Ишларим эса ҳамон бажо бўлмаётган эди. Чунки кун ора лаънати велосепед тушимга кириб, ишларимни барбод қилаётган эди.
Товон тўлайдиган идора билан ёзишмаларим 18 йил давом этди. Устларидан ёзавериб, уларни жонидан тўйдириб юбордим шекилли, охири биттаси, “судга мурожаат қилиб, товон пулингизни ундириб олишингиз мумкин” деб, жавоб қайтарди. Фуқоролик судининг судьяси эса ишимни беш ой судраб, кейин ҳеч бир сабабсиз рад қилиб юборди. Велосепед тинимсиз тушимга кириб турганидан кейин шўрлик судьяда нима айб деб, ўзимни юпатдим-да, унинг устидан Президент ҳузуридаги судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш комиссиясига ёзиб юбордим.
Шикоятларим вилоят фуқоролик судига келиб тушибди. У ердан қўнғироқ қилиб, бир келиб кетишимни илтимос қилишди. Борсам, менинг ишимни рад этган туманлараро судининг судьяси мен кирган хонада компютер ўйнаб ўтирибди. Ишим билан шуғулланаётган судья эринмай бор воқеани сўради. Чидай олмай, анови бу ерда нима қилиб ўтирибди, устидан яна ёзаман деб, судьяни кўрсатдим. У тура сола хонадан чиқиб кетди.
Қайтаётганимда ишимни асоссиз рад этган судьяга чора кўрасизларми, деган саволимга, “чора кўрамиз,” деб жавоб қайтарди судья. Ўн беш кундан сўнг вилоят судининг раиси имзоси билан аризамга жавоб олдим. Жавобда шикоятимдаги Важлар ўз исботини топмаганлиги баён қилинган эди.
Анча-мунча пулимни олиб қўйган адвокатим, “асабингизни бузманг, ҳали Тошкент бор, у ерда ҳақиқат бор, ёзишда давом этинг, деб жоврарди. “Тушимга велоспед канда қилмай кириб турган бўлса, Тошкентинг қўлидан нима келади,”- деб, шикоят ёзишни бас қилдим. Энди ёзсам, бу галварс судья нақ пойтахтга ишга кўтарилиб кетиши мумкин. Шикоятимга сарлавҳа ҳам топиб қўйгандим: “Урса қўпар!”
Ҳамма айбни велосепедга тўнкаб ўтирган кунларимнинг бирида, ўзининг ҳақ сўзини айтадиган одам топилди. Ишим ғириллаб олдинга кета бошлади. Юқори истанция суди ишимни кўрар, суд хизматчиларидан биттаси, “акажон, судга келмай қолманг-да, тағин,”- деб, ҳар гал битта қоғозга қўл қўйдириб оларди.
Зўрнинг орқаси тегирмон тоши юргизаётган эди. Ишим Тошкентдаги нуфузли идораларга бирма-бир бош суқиб, уч ой деганида, “товон пули тўланиши керак,”- деган хулосани елкасига ортмоқлаб қайтиб келди.
48 йил чеккан ногиронлик азоб-уқубатларим эвазига олган товон пулим ўғлимни уйлантириш тўйига аранг етди. Шунисига ҳам шукур қилдим. Лаънати велосепед эса тушимига киришни бас қилиб, аллақаёқларга гум бўлганди.

Абулфайз БАРОТОВ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.